Антон Чехов. Қийшиқ ойна (ҳикоя)

(Байрам ҳикояси)

Хотиним билан иккимиз меҳмонхонага кирдик. У ердан моғор ва зах ҳиди келарди. Бутун аср давомида бир марта ҳам чироқ ёқилмаган меҳмонхона деворларига шам ёқиб қараган эдик, миллион-миллион каламуш ва сичқонлар ҳарёққа қочиб кетди. Эшикни ёпганимизда ташқаридан кирган шамол бурчак-бурчакда тахланиб ётган қоғозларни шитирлатди. Шам ёруғи шу қоғозларга тушди, қоғозлар қадим замондан қолган ёзувлар ва ўрта асрда чизилган расмлардан иборат экан. Кўм-кўк кўкариб кетган деворларда ота-боболаримизнинг расмлари осиғлиқ эди. Ота-боболаримйз бизга қовоқларини солиб, кибр билан қарар ва худди:
— Сени бир яхшилаб савалаб қўйиш керак эди-я, оғайни! — демоқчи бўлгандай эди.
Биз босган ҳар қадамимиз бутун уй ичида акс садо янгратар эди. Менинг йўталишим натижасида эшитилган акс садо ота-боболаримиз замонида ҳам худди шундай эшитилган бўлса ксрак, деб ўйлаб қўйдим…
Шамол эса увиллар, инграр эди. Тош мўрида аллаким йиғлагандай, унинг йиғисида умидсизлик оҳанглари эшитилгандай бўларди. Қатта-катта ёмғир томчилари ис босиб кетган хира дераза ойналарига келиб урар, бу эса, кишининг юрагини сиқиб юборар эди.
— Э, ота-боболарим! — дедим, маъноли узоқ уҳ тортиб. — Агар мен адиб бўлганимда, шу расмларга қараб туриб, битта катта роман ёзар эдим. Ахир, шу кексаларнинг ҳар бири бир вақтлар ёш бўлган, ҳар бирининг ўзига яраша саргузаштлари бўлган… Бўлганда ҳам қандай саргузаштлар! Ҳов анови кампирга бир қара! У менинг катта бувим бўлади. Бу бадбашара, хунук аёлнинг таърифи ниҳоятда ажойибдир. Ҳов анови бурчакдаги осиғлик ойнани кўрдингми? — деб сўрадим хотинимдан.
Мен хотинимга, бир бурчакда, катта бувим расми ёнида осиғлиқ турган гардиши қора бронзадан ишланган катта ойнани кўрсатдим.
— Ўша сеҳргар ойна, катта бувим ўша туфайли ўлиб кетган. Шу ойнани у жуда катта пулга сотиб олган ва то ўлгунича ундан ҳеч ажралмаган экан. Кечаси ҳам, кундузи ҳам, ҳатто еган ва ичган чоғларида ҳам шу ойнага қараб ўтирар экан. Ётганида ҳам ойнани ўзи билан олиб ётар экан, жон бераётганда, ойнани мен билан бирга кўминглар деган экан. Ойна тобутга сиғмаганидан, катта бувимнинг амри бажарилмай қолган.
— Катта бувинг сатангмиди? — деб сўради хотиним.
— Балки. Аммо унинг бундан бошқа ойнаси йўқ эканми? Нега энди у бошқа ойнани эмас, шу ойнани яхши кўриб қолдийкин? Унинг бундан ҳам яхшироқ ойналари йўқ эди, деб ўйлайсанми? Йўқ, азизим, бунинг тагида бирон даҳшатли сир бўлса керак. Сир бўлмасдан иложи йўқ. Ривоятларга кўра, бу ойнанинг ичида жин бормиш, катта бувим эса жинлардан қўрқар экан дейишади. Албатта, бу қуруқ ва бўлмағур гап, аммо бродаа гардишли ойнанинг қандайдир сирга эга эканлиги аниқ.
Ойна юзини қоплаган чангни артиб ташладим-да, қарадим, қарадиму, хахолаб кулиб юбордим. Бутун уй ичини кулгимнинг акс садоси босиб кетди. Ойна — қийшиқ ойна экан, бутун афти-башарам ҳар томоига қийшайиб, талтайиб кетди: бурним чап юзимга ўтиб қолган, энгаҳим эса иккига бўлиниб, икки томонга тиртайиб кетган эди.
— Катта бувимнинг дидига тушунолмай қолдим-ку, — дедим.
Хотиним ҳам қўрқа-пуса ойна олдига келиб қарадию, фалокат босди! Юзи оппоқ оқариб, бутун аъзойи-бадани дир-дир титрай бошлади, бирдан чинқириб юборди. Қўлидаги шамдон ерга тушиб, думалаб кетди, шам ўчиб қолди. Қоп-қоронғи зимистонликда қолдик. Шу топда бир нарса ерга гурсиллаб тушди: хотиним ҳушидан кетиб йиқилган эди.
Шамол илгаригидан баттарроқ увилларди, уй ичида каламушлар югура бошлади, сичқонлар эса қоғозларни шитирлатарди. Бир деразанинг дарпардаси узилиб, пастга тарақлаб тушган эди, тепа сочим тикка бўлиб кетди. Деразадан ой мўралаб турарди.
Хотинимни кўтардим-да, ота-боболарим уйидан олиб чиқиб кетдим. Хотиним фақат эртаси куни кечқурун ўзига келди.
— Ойна! Ойнани келтиринглар! — деди у, ҳушига келиши биланоқ. — Ойна қани?
Бир ҳафтагача емади, ичмади, кечалари. ҳам ухламай чиқди: нуқул ўша ойнани келтиринглар, деяверди. Сочларини юлар, ҳўнг-ҳўнг йиғлар, ўзини ҳар ёнга ташлаб талпинар эди, ахир доктор очидан ўлиб қолади, аҳволи оғир дегандан кейин мен, қўрқувни зўрға енгиб, пастга тушдим-да, катта бувимнинг ойнасини келтирдим. Ойнани кўриши биланоқ хотиним бахтиёрликдан кулиб юборди ва ойнани бир ўпиб, сўнгра ўзини ойнага солди.
Шундан бери ўн йилча ўтди, хотиним ҳамон ойнадан кўзини узмайди.
— Наҳот шу мен бўлсам-а? — деб шивирлайди; унинг юзига қизил югуриб, роҳат ва шодлик акс этарди. — Ҳа, мен, худди мен ўзим! Ҳамма мени алдаб юрган экан, ёлғиз шу ойна ҳақиқатни билдирди! Ҳамма мени алдаб келган, эрим ҳам шу маҳалгача ёлғон гапириб келган! Эҳ, агар мен ўзимнинг бунақалигимни билганимда сираям бу одамга тегмаган бўлардим! У менинг жимжилоғимга ҳам арзимайди! Менинг оёғимга энг чиройлик, энг олижаноб баҳодирлар тиз чўкиши керак!..
Бир куни хотинимнинг орқасида турган эдим, бирдан кўзим ойнага тушиб қолди, шу ондаёқ даҳшатли сир менга ҳам аён бўлди. Ойнада ниҳоятда гўзал бир хотинни кўрдим, бунақанги чиройлик хотинни умримда кўрмаган эдим. Бу — хотин эмас, табиат мўъжизаси, гўзаллик, нафислик ва ишқ сиймоси эди. Ажабо, не ҳол бу? Қандай ҳодиса юз берди? Нега менинг ҳунук, бесўнақай хотиним ойнада ниҳоятда кўхлик бўлиб кўринади? Нега?
Шунипг учунки, қийшиқ ойна хотинимнинг бадбуруш афтини ҳар томонга қийшайтириб, унинг бутун қиёфасини ўзгартириб, тасодифан гўзал қилиб юборганди. Минус минусга қўшилиб, плюс бўлди!
Шундан бери хотиним иккимиз ойнадан кўзимизни узмай қараганимиз қараган: менинг бурним чап юзимнинг аллақаерига ўтиб қолган, энгаҳим эса иккига ажралиб, икки томонга тиртайиб кетган; аммо хотинимнинг чеҳраси пиҳоятда гўзал бўлиб кўринади: буни кўриб, бутун вужудимни зўр эҳтирос чулғайди.
— Ҳа-ҳа-ҳа! — деб куламан, худди телба одамга ўхшаб.
Хотиним эса тинмай:
— Нақадар гўзалман! — дейди, шивирлаб.

О. Раҳимий таржимаси