Кундуз соат бирдан ошган. «Париж янгиликлари» номли атторлик магазинида савдо қизиб турган пайт. Гумашталарнинг бир оҳангдаги ғовури эшитилади; бу ғовур — мактабда ўқитувчи болаларга бир хил нарсани ёдлаттираётганда кўтариладиган ғовурга ўхшайди. Бир оҳангдаги бу ғовурни на хонимларнинг жарангли кулгилари, на ойнабанд кўча эшигининг тарақ-туруқи ва на дастёр болаларнинг оёқ дўпири буза олади.
Магазин ўртасида Полинька турибди; модалар ишхонасининг эгаси Марья Андреевнанинг жуссаси кичкинадан келган бу озғин, оқрўй қизи кимнидир аланглаб қидиради. Қора қош дастёр унинг олдига югуриб келади-да, жиддий бир қиёфада сўрайди:
— Нима истайдилар, ойимпошша?
— Мен молни ҳамма вақт Николай Тимофеичдан оламан, — деб жавоб қилади Полинька.
Модага мувофиқ кийиниб, галстугига каттакон тўғноғич таққан, сочлари жингалак, қора мағиз, хушқомат гумашта Николай Тимофеич эса пештахтани артиб, бўйнини чўзиб, Полинькага кулимсираб қараб турар эди.
— Пелагея Сергеевна, салом! — деб яхши, бақувват товуш билан қичқирди у. — Марҳамат қилсинлар!
— Ҳа, салом! — дейди Полинька, унга яқин келиб. — Қаранг, яна сизнинг олдингизга келдим-а. Менга бирон хил уқа кўрсатсангиз.
— Нимага ишлатмоқчилар?
— Лифчикка, орқа томонига, қисқаси — ички кийимнинг ҳаммасига.
— Бош устига.
Николай Тимофеич Полиньканинг олдига бир неча хил уқа келтириб қўяди; Полинька хушёқмаслик билан танлаб, савдолашади.
Гумашта ёқимтойгина кулимсираб, уни кўндирмоқчи бўлади:
— Асло, бир сумга сув текин! Бу Франция уқаси, саккиз қирралик… Марҳамат, бизда оддийси ҳам бор, бунақаси тортиб сотилади… Унисининг гази қирқ беш тийиндан, лекин сифати айтарлик эмас! Марҳамат!
Полинька уқага энгашиб:
— Менга яна уқа тугмалар қадалган нозик ёнпеш ҳам керак эди, — дейди-да, негадир уҳ тортади. — Сизда мана бу рангга тўғри келадиган нозик дандондан топиладими?
— Бор.
Полинька пештахтага яна ҳам кўпроқ энгашиб секингина сўрайди:
— Пайшанба куни мунча барвақт кетиб қолдингиз бизникидан, Николай Тимофеич?
— Ҳим!.. Кетиб қолганимни сезганингиз қизиқ, — дейди гумашта, истеҳзо билан кулиб. — Студент жанобларига шунчалик маҳлиё бўлиб қолувдингизки… кетиб қолганимни сезганингиз қизиқ!
Полинька қип-қизариб, дами ичига тушиб кетади. Гумаштанинг бармоқлари асабийлик билан қалтирайди, қутичаларни ёпиб, лузуми бўлмаса ҳам, устама-уст қилиб тахлайди. Орага бир минутлик сукунат тушади.
— Менга нозик қадалган тўрдан ҳам керак, — дейди Полинька, ўсалликдан гумаштага зўрға қараб.
— Қанақасидан берай? Тюлга нозик қадаб қилинган қора, қизил тўрлар бор — ҳозирги пайтда бунақаси жуда ҳам расм бўлган.
— Неча пулдан сотяпсиз?
— Қораси саксон тийиндан тортиб бор, ранглилари бўлса икки сўм эллик тийиндан. Бундан кейин сизларникмга ҳеч оёқ босмайман, — деб Николай Тимофеич секин қўшиб қўяди.
— Нима сабабдан?
— Нима аобабдан? Сабаби жуда равшан. Ўзингиз билишингиз керак. Ўзимни қийнаб нима қиламан? Қизиқ гап қиласиз! Студент сизга ишқивозлик қилиб турса-ю, наҳотки мен бир чеккада мунғайиб ўтирсам? Мен ҳамма нарсани кўриб турибман, жуда яхши тушунаман ҳам. У куздан бери чинакам ишқивозлик қилиб келяпти сизга! Сиз ҳам ҳар кун у билан сайр қилиб юрасиз. Сизникига келди дегунча, ундан кўзингизни узолмай қоласиз; билмайман, фаришта келди деб ўйлайсизми! Сиз уни яхши кўрасиз, сиз учун ундан яхшироқ одам йўқ; жуда яхши бўпти-да, нима қиламиз энди бу тўғрида гапириб…
Полинька чурқ этмайди, шошиб қолганидан пештахтани бармоқлари билан силайди.
— Кўр эмасман, ҳамма нарсани очиқ кўриб турибман, — деб гумашта ўпкалайди. — Сизларникига нима деб бораман, бориб нима ҳам қиламан? Менда ҳам иззати нафс бор, итнинг кейинги оёғи бўлиш ҳаммага ҳам ёқавермайди. Яна ними олмоқчи эдингиз?
— Ойим анча нарса олгин девди, эсимдан чиқди. Жиға ҳам керак эди.
— Қанақасидан бўлсин?
— Яхшироғидан, шу кунларда расм бўлганидан.
Шу кунларда қуш патидан қилинган жиғани кўпроқ тақишади. Хоҳласангиз, гелиотроп ёки канак деган, яъни сариқ аралаш тўқ қизил ранглисидан бераман. Ҳозир шу расм бўлди. Қанақасини хоҳласангиз топилади. Бу гапларнинг охири нима бўларкин, билмайман. Сиз кўнгил беришга берибсиз, энди оқибати нима бўларкин?
Николай Тимофеичнинг юзида, кўзлари ёнида қизил доғлар бўртиб чиқди. У нозик, майин уқани қўлида эзиб туриб, ҳамон ғўлдирарди:
— Нима бало, ўшанга тегмоқчимисиз, дейман? Йўқ, бу шаштингиздан қайтинг. Аввало, студентларнинг уйланишларига йўл йўқ. Қолаверса, у сизларникига яхши ният билан келиб-кетиб юрган бўлмаса керак? Албатта! Ахир улар, ўша сиз кўнгил берган студентлар, бизни одам ўрнида кўришмайди-ку!.. Улар савдогарлар ва мода кийим тикувчи хотинларникига фақат уларнинг нодонлигидан кулиш ва ароқларини ичиш учун борадилар. Аммо ўзлариникида ё тузукроқ одамларнинг уйида ичишга уяладилар. Бизга ўхшаш илмсиз, аймоқи одамларникидачи: уятни бир ёққа йиғиштириб қўйишади, иложини қилишса оёқларини осмонга қилиб юришдан ҳам тап тортишмайди. Шунақа! Айтмоқчи, жиғанинг қанақасини олмоқчи эдингиз? Агар орқангиздан тушиб, ишқивозлик қилиб юрган бўлса, нега бундай қилаётганлиги маълум… Бир кун доктор ё адвокат бўлиб чиққанда: «Эҳ, бир маҳаллар оппоққина дилбарчам бор эди! Ҳозир қаерда экан?» деб эслаб юради-да. Ҳозир ҳам студент ошналари орасида: «Мода кийимлар тикувчи бир қизни кўз тагига олиб қўйибман» деб юргандир.
Полинька стулга ўтиради-да, уйиб ташланган оқ қутичаларга эси кетиб қараб қолади.
— Йўқ, жиға олмайман, — деб уҳ тортади Полинька. — Ойим ўзи ёқтирганини танлаб олар; адашиб, бошқасини олиб қўймайин тағин. Яктак учун олти газ гажим берсангиз, гази икки тангалигидан. Яна ўша кокс ёғочидан қилинган тугма ҳам беринг, тешиги ёнлама эмас, ўртадан ўтган бўлсин… қадалганда маҳкам ушлайдиганидан…
Николай Тимофеич гажим билан тугмаларни қиз олдига тўкиб қўяди. У йигитга гуноҳкордай қарайди; афтидан, гапнинг давомини кутар эди. Аммо йигит қовоғини солиб индамайди-да, жиғаларни тартибга солиш билан овора бўлади.
Полинька, пича жим ўтиргандан сўнг, қонсиз лабларини дастрўмолчаси билан артиб туриб:
— Кўйлакка тугма олиш эсимдан чиқмасин тағин… — дейди.
— Қанақасидан берай?
— Савдогар хотинга тикяпмиз, ярқироғидан бераверинг…
— Тўғри, савдогар хотинга бўлса ола-булароғидан олавериш керак. Мана бу тугмаларни кўринг-чи; кўк, қизил ва шу кунларда жуда расм бўлган заргул тугмалар. Кўзга дарров чалинади. Гажимни ёқтирмайдиган вазминроқ одамлар ярқироқ ҳошияли қора, хира тугмаларни оладилар. Фақат мен тушунолмай қолдим. Наҳотки ўзингизнинг ақлингиз етмаса? Бу ишқивозликлар… ахир нимага олиб бораркин?
— Ўзим ҳам билмайман… — дейди Полинька. Кейин тугмаларни кўрмоқчи бўлиб эгилади. — Менга нима бало бўлаётганиети ўзим ҳам билолмай қолдим, Николай Тимофеич.
Николай Тимофеичнинг орқасида, уни пештахтага сиқиб, битта йўғон гумашта пайдо бўлади. Чаккаларидагина соқол қўйган бу гумашта, ғоят нозик бир мулозамат билан қичқиради:
— Манави бўлимга марҳамат қилсинлар, хоним! Джерсе кофточкаларидан уч хили бор: селон, ғижим ва нозикбанд! Қанақасидан берай?
Айни замонда Полинька ёнидан семиз бир хоним ўтади, у йўғон, эркакларнишга ўхшаган дўнғиллаган товуш билан гапиради:
— Чок солингани бўлмасин, тўқилганидан беринг. Иннакейин, пломбаси чуқуридан бўлсин.
Николай Тимофеич Полинька томонга энгашади-да:
— Ўзингизни мол кўраётганга солинг, — деб шипшитади, зўр-зўракисига жилмайиб. — Худоё тавба, сизга нима бўлди ўзи? Рангингизда ранг қолмади, юзингиз бутунлай ўзгарди. Сизни ташлаб кетади у, Пелагея Сергевна! Ахир бир кун уйланганда ҳам, барибир, севганидан эмас, оч қолганидан, пулингизга учганидан уйланади. Сепингиз ҳисобидан яхшигина рўзғор қилиб олади-да, кейин сиздай хотини борлигидан уялиб юради. Сизни меҳмонларига ҳам, ўртоқларига ҳам кўрсатмайди, нимагаки илмингиз йўқ — ўқимаган қизсиз, шунинг учун сизни сира тап тортмасдан: «Тўқмоғим» деяверади. Тўғри-да дбкторлар билан адвокатлар олдида ўзингизни ўшаларга ўхшатиб тутоласизми? Сиз уларнинг назарида мода кийимлар тикувчи хотин, авом махлуқсиз холос!
— Николай Тимофеич! — деб магазиннинг у четидан биров қичқирди. Манави ойимпошшага николи лентадан уч газ керак экан, сизда борми?
Николай Тимофеич у томонга ўгирилади-да, юзини тиржайтириб қичқиради:
— Бор! Николи лента, зар камар, атлас муар бор!
— Айтмоқчи, Оля корсет олиб кел деган эди. Эсимдан чиқиб қолмасин, — дейди Полинька.
— Кўзларингизга ёш келди! — дейди Николай Тимофеич, қўрқиб… — Нега бундай қиласиз? Юринг корсет бўлимига, сизни тўсиб қўяй, ёшингизни биров кўрса яхши бўлмайди.
Гумашта зўрма-зўракисига жилмайиб ва ҳаддан зиёд шилқимлик қилиб Полинькани корсет бўлимига олиб ўтади-да, уни баланд уйиб ташланган қутилар орқасига одамлар кўзидан яшириб қўяди…
Николай Тимофеич аввал баланд товуш билан:
— Сизга қанақа корсет керак эди? — деб сўрайди-да, кейин дарҳол: — Кўзингизни артиб олинг! — деб пичирлайди.
— Менга… менга қирқ саккиз сантиметрлиси керак! Фақат, марҳамат қилиб, қўшастарлисидан… асл кит мўйлови қўйилганидан берсангиз, шунақасини сўровди… Сизга айтадиган гапим бор, Николай Тимофеич. Бугун бизникига келинг!
— Яна қанақа гап бўлиши мумкин? Гаплашадиган гапимиз тамом бўлган.
— Бир сизгина… севасиз мени, шунинг учун сиздан бўлак гаплашадиган кишим йўқ.
— Мана, бу қамишам эмас, суягам эмас, асл кит мўйлови… Нима ҳақида гаплашамиз? Гапимиз тамом бўлган… Ахир бугун ҳам у билан ўйнагани чиқасиз-ку?
— Чиқ… чиқаман.
— Ундай бўлса гаплашиб нима қиламиз? Гапдан фойда йўқ… Яхши кўриб қолгансиз-ку уни?
Полинька юраги пўкиллаб:
— Ҳа… — деб пичирлайди, кўзларидан эса ёш отилиб чиқади.
Николай Тимофеич асабийлик билан елкаларини қисиб, қизариб-бўзариб туриб:
— Шу гапингиздан кейин яна қандай гап бўлиши мумкин? — дейди ғўдирлаб. — Энди гап тамом… Кўзингизни артинг, ваосалом! Мен… мен ҳеч нима хоҳламайман…
Шу пайт уйиб ташланган қутилар олдига новча, озғингина гумашта келади-да, ўзининг харидорига мулозамат қила бошлайди:
— Қон йўлини тўсмайдиган эластик тортқидан олмайдиларми? Бу ажойиб тортқи медицина томонидан ғоят маъқулланган…
Николай Тимофеич Полинькани тўсиб олади-да, уни ва ўзининг ҳаяжонини одамларга кўрсатмасликка тиришиб, башарасини тиржайтиради. Тиржайиб туриб қичқиради:
— Тўрнинг икки хили бор, ойимпошша! Ип-у ипак! Оряенталь, британ, валенсьен, кроше, торшон, — булари ип, рококо, сутажет, камбре, — булари ипак… Худо ҳақи, кўзингизни артинг! Одамлар келяпти!
Полиньканинг кўз ёшлари тинмай оқаётганини кўриб, гумашта яна ҳам қаттиқроқ кичқиради:
— Испаниядан келтирилган, рококо, сутажет, камбре… фельдекос, ип, ипак пайпоқлар…
Мирзакалон Исмоилий таржимаси