Кечаси соат уч. Фуражкасини, пальтосини кийиб, занглаган қиличини ушлаб, эшик олдида кетишга тайер бўлиб турган почтальон, ҳозиргина келган, уч от қўшилган соявон аравага почтани жойлаб бўлишларини кутар эди. Ухлайвериб қовоқлари шишиб кетган приёмчи пеш тахтага ўхшаш столида ўтириб, бланкага алланималарни ёзиб, гапиради:
— Менинг студент жияним шу топда станцияга бораман деяпти. Игнатьев, сен шуни аравага ўтқазиб олиб кетақол. Аслида почта билан бегона кишини олиб юриб бўлмайди-ю, лекин иложи йўқ-да! Унинг учун алоҳида от кира қилиб ўтиргандан кўра, яхшиси текинга тушиб кета қолсин.
— Тайёр! — деган овоз эшитилди, ташқаридан.
— Худога топширдим, — деди приёмчи — Қайси ямшчик боради?
— Семён Глазов.
— Ке, қўл қўй.
Почтальон қўл қўйиб, чиқиб кетди. Почта бўлимига кираверишда арава қорайиб кўринади. Отлар қимир этмас, фақат ёнга қўшилган отлардан бири безовталаниб, дам у оёғи билан, дам бу оёғи билан ер тепиб, бошини силкитар, бундан аҳён-аҳёнда қўнғироқ жиринглаб қолар эди. Юк ортилган араванинг қораси кўринар, унинг олдига икки чемодан кўтарган студент ва ямшчик имиллаб борар эди.
Ямшчик қоронғиликда трубка чекиб борар, унинг ўти яллиғлаб, ўчиб, бир дақиқа гоҳ енгини, гоҳ шопдай мўйловини, катта қип-қизил бурнини, гоҳ осилиб турган қуюқ қошини ёритиб юборар эди.
Почтальон қўли билан юкларнинг у ёқ бу ёғини босиб-босиб, устига қиличини қўйди-да, ўзи аравага чиқди. Орқасидан судралиб чиқаётган студент бехосдан тирсаги билан уни туртиб юборди ва хижолат тортиб чўчиброқ ва секингина: «Кечирасиз» деди. Трубка ўчди. Почта булимидан нимча ва туфли кийган приёмчи чиқди; кечки совуқдан унинг эти жунжиб, куҳ-куҳлаганича тарантасни аиланиб ўтди:
— Худо ёр бўлсин! Михайло, онангга дуо деб қўй! Ҳаммаларига салом айт. Сен эса Игнатьев, пакетни Бистрецовга топширишни унутма… Жўнай қол!
Ямшчик тизгинни бир қўлига олиб туриб, бурнини қоқди, ўтирадиган жойини тўғрилаб, отларни «чух» деди. — Салом дегин! деб яна такрорлади приёмчи қўнғироқчалар жаранглади, шинғироқчалар уларга жур булди. Арава ғижиллаб қўзғолди, қўнғироқчалар жингиллаб, шинғироқчалар шилдираб кетди. Ямшчик ўрнидан туриб ёнига қўшилган осовроқ отга икки марта қамчи урди, арава сертупроқ кўчадан тарақлаб жўнаб кетди. Шаҳарча уйқуда. Кенг кўчанинг икки томонидаги уй ва дарахтлар қорайиб кўринар, биронта ҳам чироқ йўқ, юлдуз тўла осмонда олачолпоқ булут сузар ва тонг ёришай деб турган жойда ўроқдай яримой турар эди; на осмондаги саноқсиз юлдузлар, на оқариб турган яримой тунги ҳавони ёритмас эди. Ҳаво совуқ, нам, кузнинг иси келиб турарди.
Бирга олиб кетишдан бош тортмаган киши билан хушмулозимат бўлиш лозим деб, студент гапга киришди:
— Ёзда бу вақтда ёруғ бўлади. Ҳозир эса тонгдан дарак ҳам йўқ. Ёз ҳам ўтиб кетди.
Студент осмонга бир қараб қўйиб, давом этди:
— Куз тушганлиги осмондан ҳам маълум. Ўнг томонга қаранг, бир қатор тизилиб турган учта юлдузни кўряпсизми? Бу Орион юлдузлари, биз томонда фақат сентябрь ойида кўринади.
Икки қўлини енгига тиқиб, қулоқларини пальто ёқаси билан ўраган почтальон қимир этмади, осмонга ҳам қарамади. Чамаси Орион юлдузлари уни қизиқтирмасди. У бундай юлдузларни кўравериб, жонига ҳам теккан бўлса керак.
Студент бироз жим туриб, яна гап бошлади:
— Совуқ! Энди тонг ёришиб ҳам қолса керак. Қуёш соат нечада чиқади, билмайсизми?
— Бешдан кейин, — деб жавоб берди ямшчик. Арава шаҳардан чиқди. Энди икки томонда полизларнинг четан девори, онда-сонда очиқ жойда толлар кўринар, олдинда эса ҳамон қоронғилик эди. Бу очиқ жойда негадир яримой каттароқ, юлдузлар равшанроқ кўринар эди. Ҳавода намлик сезилди. Почтальон яна ёқасига чуқурроқ бурканиб олди. Студент, ёқимсиз совуқ олдин оёғидан, кейин юкдан қўлига, сўнг юзига ўтганини сезди. Арава секин юра бошлади; қўнғироқ гўё совуққа қотгандай жим қолди. Сувнинг шопиллаши эшитилди, от туёқлари тагида ва арава ғилдираклари ёнида юлдузларнинг акси ўйинга тушди.
Ўн минут ўтгандан кейин шундай қоронғилик бўлдики, на юлдуз, на яримой кўринди. Арава ўрмонга кирди. “Тиконли арчанинг барги, студентнинг фуражкасига тегар, ўргимчакнинг уяси юзига ёпишар эди. Ғилдирак ва туёқлар илдиз поялари устида тақиллар, арава эса маст кишидай чайқалар эди.
— Тўғри йўлдан юр! — деди почтальон жаҳл билан, — нега четдан ҳайдайсан? Шохлар башарамни тимдалаб кетди. Ўнгроққа бур!
Бу орада сал бўлмаса иш пачава бўлаёзди. Арава бирдан сакраб, тиришган одамдай ғижирлаб, гоҳ ўнгга, гоҳ чапга қийшайиб жуда тезлик билан ўрмон ичидаги йўлдан кетди. Отлар нимадандир ҳуркиб, олиб қочдилар.
— Дррр!Дррр! — деди ямшчик қўрқиб кетиб. — Дррр… шайтонлар!
Арава устида сакраб-сакраб турган студент мувозанатни сақлаш ва арава устидан учиб кетмаслик учун, олдинга энгашиб, бир нарсани ушламоқчи бўлди, бироқ чарм ичидаги юклар силлиқ эди, ямшчикни белбоғидан ушлай деса, унинг ўзи ҳам қулай деб турарди. Арава ғилдиракларининг шақир-шуқири ва ғижиллаган товуши эрасида ерга тушган қиличнинг жаранглагани эшитилди. Бироздан кейин, арава орқасидан нимадир икки марта гурс этиб тушди.
— Дррр! — деди ямшчик овозининг борича бақириб, тизгинни орқага тортаркан. — Тўхта,!
Студент ямшчик ўтирган ерга юзи билан йиқилиб, пешонасини ғурра қилди ва шу заҳоти арава орқасига елкаси қаттиқ тегди. «Йиқиламан!» деб ўйлади у, шу чоқ арава ўрмондан очиқликка чиқиб, бирдан ўнг томонга бурилди ва ёғоч кўприкдан шарақлаб ўтиб тўхтади. Арава бирдан тўхтаганидан студент яна олдига мункиб кетди.
Студент билан ямшчик иккаласи халлослаб қолди. Аравада почтальон йўқ эди. У қиличи, студентнинг чемодани ва битта юк билан ерга учиб тушган эди.
— Тўхта муттаҳам! Тўхта-а! — деган унинг бақириши ўрмон ичидан эшитилди. — Эҳ, харом ўлгур, ифлос! — дерди у арава томон чопиб келаркан, унинг йиғламсираган овозидан алам ва ғазаб сезилиб турарди. — Ўл, лаънати! — деб муштини дўлайтириб ямшчикнинг олдига сакраб чиқди.
— Ҳеч бундай бўлмаган эди, худоё товба! — деди ямшчик гуноҳкордек валдираб ва отларнинг тумшуқлари олдида ниманидир тузатди. — Ҳамма ёнга қўшиладиган отлар шайтон бўлади. Бу жувонмарг тойни бундан бир ҳафта илгари аравага ўргатган эдик. Ўзи яхши юради. Тепаликдан тушадиган ер келдими — расво бўлади қўяди! Тумшуғига икки-уч марта туширсанг, жиннилигини қилмай қўяди. Тўхта-э! Шайтон!
Ямшчик то отларни у ёқ бу ёғини тўғрилаб, йўлдаги чемодан, юк ва қилични топгунча, почтальон йиғламсираб ғўлдираб, бўғиқ товуш билан сўкиниб турди. Ямшчик юкларни жой-жойига қўйиб, отларни бекорга юз қадамча етаклаб бориб, ёнига қўшилган отни алланималар деб сўкиб, ўз жойига чиқиб ўтирди.
Шу қўрқинчли воқиа ўтгандан кейин бу ҳодиса студентга кулгили ва қизиқ бўлиб туйилди. У умрида биринчи марта почта ортилган аравага кечаси тушган эди. Ҳозиргина содир бўлган воқеа: почтальоннинг аравадан учиб тушиши, орқасининг оғриғи унга қизиқ саргузашт бўлиб кўринди. У папирос чекиб, кулиб туриб:
— Бунақа бўлганда одамнинг бўйни узилиши мумкин! Менинг йиқилишимга ҳам сал қолди, ҳатто сизнинг учиб тушганингизни ҳам сезмай қолибман. Кузда йўл қанақа бўлишини тасаввур қилдим, — деди.
Почтальон индамади.
— Сиз қачондан бери почтальонлик қиласиз? — деб сўради студент.
— Ўн бир йилдан бери.
— Оҳо! Ҳар куни борасизми?
— Ҳар куни. Бу почтани олиб бориб, шу заҳоти орқамга қайтаман. Нимайди?
— Ўн бир йилдан бери, ҳар куни қатнаб жуда кўп қизиқ ҳодисаларни бошингиздан кечиргандирсиз. Ёзнинг очиқ ва кузнинг даҳшатли кечалари, ёки қишда, аравани қор бўрони тўполон билан ўраб олса, бундай ёвуз даҳшатдан қутилиш қийин. Бир неча марта от олиб қочгандир, арава ботқоққа ботиб қолгандир ёки ёмон одамлар ҳужум қилгандир, қор бўрони йўлдан адаштиргандир…
— Ўн бир йил ичида қанча қизиқ ҳодисаларни бошдан кечиргансиз, деб ўйлайман-да, — деди студент. — Йўл юриш қўрқинчли бўлса керак?
У гапирар ва почтальоннинг сўзлашини кутар эди, лекин почтальон қовоғини солиб, пальтосининг ёқасига бошини буркаб олди. Тонг ота бошлади. Осмоннинг ранги ўзгаргани сезилмади. Аммо ҳали ҳам ҳаммаёқ қоронғидай туйилди, лекин отлар, ямшчик ва йўл кўринарди. Яримой борган сари оқарар, унинг остида чўзилган булут лафетли пушкага ўхшар ва бир чеккаси сарғайиб турарди. Тезда почтальоннинг юзи кўринди. Унинг юзини шудринг босганидан, нурсиз ва мурдага ўхшаб қимирламасди. Унинг юзида маъносиз, оғир алам борлиги, ўтган воқеани эслаб, ямшчикдан жаҳли чиқаётганлиги кўриниб турарди.
— Худога шукур, тонг отяпти! — деди студент унинг тажанг ва совқотган юзига қараб. — Мен жуда совуққотдим. Сентябрь кечаси совуқ бўлади, қуёш чиқдими, совуқ дарров кўтарилади. Станцияга яқинлашиб қолдикми?
Почтальоннинг пешонаси тиришди, юзи йиғламасирагандай бўлди.
— Азбаройи худо, мунча гапиришни яхши кўрасиз-а! — деди у. — Нима, тинч кетолмайсизми?
Студент уялиб йўл бўйи индамади. Тез орада тонг отди. Ойнинг ранги оқариб кўкиш осмонга кўмилиб кетди, булутлар сарғайди, юлдузлар кўздан ғойиб бўлдилар. Шарқ томон ҳамон совуқ эди, унинг ранги осмон рангига ўхшар, орқасида қуёш борлигига киши ишонмас эди…
Эрталабки совуқ ва почтальоннинг тумшайганлиги совуқ қотган студентга ҳам секин-аста таъсир қилди. У табиатга ҳафсаласизлик билан қараб, қуёш иссиғини кутди ва тун совуғи бечора дарахтлар ва ўтларга даҳшатли ва ёқимсиз бўлса керак деб ўйлади. Қуёш чиқди, у хира, ҳозиргина уйқудан тургандай, иссиқ ҳам сочмади. Ҳикояларда ёзилгандек, дарахт учлари олтинсимон тусга кирмади, нур ерда ўрмаламади ва қушларнинг учишида қувонч кўринмас эди. Кечаси қандай совуқ бўлса, қуёш чиққандан кейин ҳам шундай қолди…
Қош-қовоғини солиб, уйқусираб кетаётган студент қўрғончанииг парда тутилган деразаларига қаради. Бу деразаларнинг орқасида кишилар эрталабки авжи ширин уйқуда ётган бўлсалар керак деб ўйлади. Улар почта қўнғироғини ҳам эшитмайдилар, совуқни ҳам сезмайдилар, почтальоннинг совуқ юзини ҳам кўрмайдилар; агар-қўнғироқ бирорта ойимқизни уйғотгудай бўлса, у иккинчи ёнига ағдарилиб, осойишталикда ва фароғатда жилмайиб, оёқларини букчайтириб, қўлларини юзларининг остига қўйиб, яна қаттиқроқ ухлайди.
Студент қўрғонча ёнида ялтираб турган ҳовузга қаради ва совуқ сувда яшашни ихтиёр қилган товон балиқ ва чўртон балиқларни эслади.
— Бошқа одамларни почта аравасида олиб юрилмасин дейилган… — деди бирдан почтальон. — Рухсат этилмаган!.. Ахир рухсат этилмагандан кейин тушиш ҳам керак эмас… Ҳа, шунақа. Менинг учун барибир-ку, лекин мен, бу нарсани истамайман ҳам, ёқтирмайман ҳам. — Ахир сизга ёқмаса, нега олдин индамадингиз? Почтальон ҳеч нарса демай қовоғини солиб, хўмрайиб ўтира берди. Бироздан кейин арава станция олдида тўхтади, студент миннатдорлик билдириб, пастга тушди. Почтовий поезд ҳали келмаган эди. Запас йўлда узун юк поезди турар эди; шабнамдан башараси ҳўлланган машинист ва унинг ёрдамчиси тендирда туриб ифлос темир чойнакдан чой ичмоқда эди. Вагонлар, платформа, скамейкалар — ҳаммаси нам ва совуқ эди. Поезд келгунча студент буфетда чой ичди, почтальон эса қўлини енги ичига тиқиб, хўмрайиб, ерга қараб платформада у ёқдан бу ёққа юрди. У кимдан хафа эди? Кишиларданми, йўқчиликданми, куз кечасиданми — билиб бўлмас эди.
А. Ашрапов таржимаси