Дементиев хуторлик гумашта Мелитон Шишкин дим арчазор чакалакдан бўғилиб, ҳамма ёғини ўргимчак ини ва игна барглар босган ҳолда қўлида милтиқ, ўрмон ёқасқга чиқиб келаётган эди. Унинг кўппак билан сеттердан туғилган, Дамка деган жуда ориқ бўғоз ити ҳўл думини қисиб, эгасининг орқасидан судралиб келар, тумшуғини тикондан ҳадеб эҳтиёт қилар эди. Тонг маҳали булутли ва файзсиз эди. Сийрак туман босган дарахтлардан ва қирқулоқлардан йирик томчилар томар, ўрмон захкашлигидан ўткир чиринди ҳиди келарди.
Олдинда, чакалак ёқасида оқ қайинлар кўриниб турар, уларнинг таналари ва шох-шаббалари орасидан йироқдаги туман босган ерлар кўринар эди. Кимдир оқ қайинлар орқасида «қўлбола» чўпон найини чалар эди. Найчи беш-олти хил ҳавони чўзиб чалар, уларни бир мақомга солгуси келмас, лекин, шунга қарамай, унинг найидан аллақандай ғамгин ва таъсирли оҳанг эшитилар эди.
Чакалак сийраклашиб, арчалар ёш оқ қайинлар билан туташиб кетган жойда Мелитон подани кўриб қолди. Тушовланган отлар, сигирлар ва қўйлар буталар орасида тентираб юрар, шох-шаббаларни шитирлатиб, ўрмондаги оқ қайинга суяниб, қотма ва йиртиқ чакмон кийган, бошяланг кекса чўпон турар эди. У ерга қараб, ниманидир ўйлар, афтидан найни беихтиёр чалаётган эди.
Мелитон ўзининг катта жуссасига ва сергўшт япалоқ юзига ярашмаган ғинғиллаган овоз билан саломлашиб:
— Салом, бува, худо ёр бўлсин! — деди. — Найни боплаб чалар экансан! Кимнинг подасини боқяпсан?
Чол истар-истамас:
— Артамоновникини, — деб жавоб қилиб, найни қўйнига солиб қўйди.
— Демак ўрмон ҳам Артамоновники экан-да, — деди Мелитон аланглаб. — Ростдан ҳам Артамоновники экан, буни қара-я… Оз бўлмаса адашиб қолаёздим. Бутун башарамни шох-шабба тирнаб ташлади.
У зах ерга ўтириб, газета қоғозига махорка ўрай бошлади. Бу одамнинг ғинғиллаган овозига ўхшаб: кулиши ҳам, кўзлари ҳам, тугмалари ҳам, семиз ва қирилган бошида илиниб турган шапкаси ҳам бачкана бўлиб, унинг катта қоматига ва сўлқилдоқ юзига келишмас эди. Бу одам гапирган ва кулган вақтида унинг тарашланган сўлқилдоқ юзида ва бутун гавдасида қандайдир хотинларга хос чўчималик ва ювошлик сезилиб турарди.
У бошини чайқаб:
— Ҳавони қара-я, худо сақласин, — деди. — Одамлар ҳали сулини ўриб олгани йўқ, ёмғир ҳадеб қуйгани қуйган, ҳай майли.
Чўпон ёмғир қуйиб турган осмонга, ўрмонга, гумаштанинг шалаббо кийимига бир қараб қўйиб, ўйга толди ва индамади.
Мелитон чуқур нафас олиб:
— Ёз бўйи шундай бўлди… — деди. — Деҳқонларга ҳам ёмон, хўжайинларга ҳам ҳеч бир тиним йўқ.
Чўпон осмонга яна бир қараб қўйиб ўйлади, гўё ҳар бир сўзни кавшагандай салмоқлаб:
— Ҳамма нарсанинг оқибати бир… яхшилик кутма, — деди.
Мелитон махоркасини чекар экан:
— Бунда аҳвол қалай? — деб сўради. — Артамонов ўрмонида, бола очган куртовуқ кўрдингми?
Чўпон дарҳол жавоб қилмади. У яна осмонга, ён-верига қаради, ўйланиб кўзларини пириллатди. Афтидан, у ҳар бир сўзига кўп эътибор берар, ва уларнинг қадрини кўтариш учун салмоқлаб андак виқор билан гапирар эди.
Унинг чеҳрасида кексаларга хос савлат бор эди, қаншари эгар нусха, бурнининг катаклари чўччайганроқ бўлгани учун айёр ва масхарабозга ўхшар эди.
— Йўқ, кўрмадим шекилли, — деб жавоб қилди. — Бизнинг овчимиз Еремканинг айтишича, Ильин ҳайити куни Пустошья яқинида бир гала жўжани учирибди, ёлғон айтса керак. Парранда оз.
— Ҳа, оғайни оз… Ҳамма жойда оз! Сирасини айтганда ов ҳеч нарсага арзимайди ва бачкана. Парранда ҳеч ҳам йўқ, борига ҳам овора бўлишга арзимайди — ҳали катта бўлганича йўқ! Жуда майда, ов қилишга ҳам кўз қиймайди.
Мелитон кулиб, қўл силтади.
— Дунёнинг ишларига кулгинг келади, холос! Паррандалар ҳам ҳозир ғалати бўлиб қолди, кеч тухум босади, шундайлари ҳам борки, Петров ҳайитида тухумни очиб чиқмаган бўлади. Азбайрои худо!
Чўпон юзини осмонга қаратиб:
— Ҳамма нарсанинг оқибати бир, — деб қўйди. — Бултурги йилда парранда оз эди, бу йил эса ундан ҳам оз, беш йилдан кейин қуриб кетади деса бўлади. Менимча, ёлғиз ёввойи парранда эмас, ҳеч қанақа қуш уруғи қолмайди.
— Ҳа, — деб маъқуллади Мелитон ўйланиб, — рост.
Чўпон заҳарханда қилиб кулди-да, бош чайқади.
— Ҳайрон қоласан киши, — деди у. — Қаёққа кетган ҳаммаси? Йигирма йил бурун, эсимда, бу жойда ғоз, турна, ўрдак, қуртовуқ гала-гала бўлиб учиб юрарди! Хўжайин овга чиққанда, «пақ-пақ» деган товушни эшитганинг эшитган эди. Лойхўраг-у сухсурларнинг ҳисоби, майда чуррак ва қашқалдоқлар чуғурчуғ ва чумчуққа ўхшаб сон-саноқсиз эди! Ҳаммаси қаёққа йўқолди. Ҳатто йиртқич қушлар ҳам кўринмайди. Бургутлар ҳам, лочинлар ҳам, уккилар ҳам гумдон бўлди… Ҳар қанақа ёввойи ҳайвонлар ҳам камайиб кетди. Ҳозир, оғайни айиқ билан бўрсиқ у ёқда турсин, бўри билан тулки ҳам сийрак учрайди. Аваллари буғулар ҳам бўлар эди! Қирқ йилдан бери йилдан-йилга дунёнинг ишларини томоша қиламан, ўйимча, ҳамма нарсанинг оқибати бир!
— Оқибати нима?
— Оқибати вой, йигит, ўйимча, оҳират яқинлашганга ўхшайди. Олам тугаганга ўхшайди.
Чол шапкасини кийиб осмонга тикилди. Бир оз ўйланиб тургач:
— Эссиз-эссиз! — деди у, уҳ тортиб. — Ё парвордигорей, раҳминг келади киши, худонинг иродаси, албатта. Дунёни биз яратган эмасмиз, шундай бўлса ҳам, ука, ачинаман. Агар бирорта дарахт қуриб қолса, ёки, айтайлик, бирорта сигир харом ўлиб қолса ҳам, киши ачинади. Бутун дунёнинг кули кўкка совуриладиган бўлса, қараб туриб бўладими? Қанчадан-қанча бойлик, офтоб ҳам, осмон ҳам, ўрмонлар ҳам, дарёлар ҳам, жониворлар ҳам — ҳаммаси мос қилиб, бир-бирига мувофиқ қилиб яратилган, ё парвардигор! Ҳар нарса ишга солинган ва ўз жойини топган. Наҳотки, шулар ҳаммаси яксон бўлса!
Чўпоннинг юзида ғамгин бир табассум пайдо бўлди ва кўзлари пир-пиради.
— Сен дунё ҳалок бўлади, дейсан, — деди Мелитон ўйланиб. — Эҳтимол оҳират яқинлашгандир, лекин буни паррандаларга қараб айтиб бўлмайди. Паррандалар бу нарсани билдиради дейиш — янглиш.
— Ёлғиз қушлар эмас, — деди чўпон. — Йиртқич ҳайвонлар, қорамол ҳам, асаларилар ҳам, балиқлар ҳам… Менга ишонмасанг қариялардан сўра; ҳар кимса ҳам сенга, балиқ аввалгидек эмас, денгизларда ҳам, дарёларда балиқ йилдан-йилга озайиб келяпти, дейди. Бизнинг Песчанкада, ёдимда, бир газ келадиган чўртан балиқ тутилар эди. Елим балиқ ҳам, танга балиқ ҳам, зоғора балиқ ҳам бўлар эди. Ҳар қайси балиқ ҳам ўзига яраша катта бўлар эди. Энди чорак газ келадиган чўртон ёки олабўға балиқ тутсанг шукур қилавер. Ҳатто асл ёрш балиғи ҳам йўқ, йилдан-йилга баттар бўляпти, тез кунда балиқдан асар қолмайди. Дарёларни демайсизми? Дарёлар ҳам қурияпти.
— Рост, қурияпти.
— Ҳа, шундоқ. йил сайин саёзлашиб, таги кўриниб қоляпти. Аввалгидақа гирдоблар йўқ. Ҳув анави буталарни кўряпсанми? — деб сўради бир томонни кўрсатиб. — Буталарнинг орқаси сувнинг эски йўли эди, ҳалқоп дейилар эди; отам тириклик маҳалида Песчанка ўша ердан оқарди, энди бўлса жин чалиб чалғиб кетди! Йўлини ўзгартиряпти, то қуригунча ўзгартираверади. Кургаснинг нариёғида кўлмак сув билан ҳовузлар бор эди. Энди қаёққа кетди дегин? Сойлар қаёққа йўқолди? Бизнинг ана шу ўрмондан сой оқарди, шунақа сой эдики, мужиклар унга сават тўр ташлаб, чўртан балиқ тутар эдилар, ёввойи ўрдаклар шу сойнинг ёқасида қишларди, энди бўлса одам тошқин маҳалида сувга ялчимайди. Ҳа, оғайни, қаерга қарама, ҳамма жойда иш чатоқ, ҳамма ёқда!
Сукут чўкди. Мелитон бир нуқтага тикилиб ўйланиб қолди. У ҳали табиатда фалокатга учрамаган бирон жойни эсламоқчи бўлар эди. Туман ва ёндама ёққан ёмғир орасидан худди сут ранг ойна орқали кўрингандек ёруғ шуълалар ўтиб кетар, яна ўша замон сўнар, бу чиқиб келаётган ва булутлар орқали ўтиб ерга назар ташламоқчи бўлган қуёш эди.
— Ўрмонлар ҳам шундай… — деб ғўлдиради Мелитон.
— Ўрмонлар ҳам… — деб такрорлади чўпон. — Уларни кесадилар, ўт тушади, қуриб қолади, янгиси ўсмайди. Ўсиб чиққанини дарров кесадилар, бугун чиқди дегунча, эртасига қарабсанки, одамлар кесиб опти, ҳеч нарса қолмагунча шу зайилда ҳадеб кесаверадилар. Оғайни, мен озодликдан бери жамоанинг подасини боқаман, озодликкача ҳам бойларнинг чўпони эдим, худди шу жойда пода боқар эдим, ёз кунлари мен шу ерда бўлмаган кунимни эслолмайман. Ҳар доим мен худонинг кароматини кўриб тураман. Оғайни, мен ўз умримда кўравериб, гиёҳлар камайиб кетаётганини тушуниб қолдим. Жавдарининг ҳам, сабзавотнинг ҳам, ҳар қандай гулнинг ҳам оқибати вой.
— Аммо одамлар яхши бўлиб бопяпти, — деди гумашта.
— Нимаси яхши бўляпти?
— Ақллик бўляпти.
— Ақлликка ақллик-ку, рост айтасан йигит, бундан нима наф? Охират яқинлашганда одамларга ақл нима керак? Ақл бўлмасаям ўлиш мумкин. Парранда бўлмагандан кейин, овчига ақл нима ҳожат? Менимча, худо одамга ақл бериб, кучини олиб қўйган. Одамлар заифлашиб кетган, жуда ҳам! Масалан, мени олайлик… Сариқ чақалик қадрим йўқ. Бутун қишлоқда мен энг пастарин мужикман, лекин ҳар қалай қувватим бор, йигит. Мана менга бир қара, етмишни уриб қўйдим. Шундай бўлса ҳам пода боқмаган куним йўқ, икки пақирга яна тунда ҳам қўриқлайман, ухламайман ҳам, совқотмайман ҳам. — Ўғлим ўзимдан кўра ақллироқ, лекин уни менинг ўрнимга қўйсалар, эртасигаёқ қўшимча ҳақ сўрайди, ёки даволанишга жўнаб қолади. Шундоқ. Мен нондан бошқасини емайман ҳам, чунки нон кундалик ризқимиз, менинг отам ҳам, бувам ҳам нондан бўлак нарса емаган, эндиги мужикка бўлса чой бер, арақ бер, оқ нон бер, кун ботгандан кун чиққунча ухлаши керак, даволаниши ҳам керак, яна балои баттарлар керак. Нима учун? Бўшашиб кетган, сабр қилишга қуввати йўқ. Ўзи ухламасликка рози бўлса ҳам, кўзлари юмилиб кетаверади — ҳеч чора йўқ.
— Рост айтасиз, — деб маъқуллади Мелитон. — Ҳозирги мужик сариқ чақага арзимайди.
— Айбимизни яширишнинг ҳожати йўқ, йилдан-йилга баттарлашяпмиз. Ҳозирги хўжайинларни олсангиз, улар ҳам мужикдан баттар заифлашиб кетган. Эндиги бойлар илгарилаб кетган, кераги йўқ нарсаларни ҳам билади, бундан нима наф? Кўрсанг раҳминг келади… гўё венгр, ё французга ўхшаб ориқ, хумкалла, савлати ҳам йўқ, важоҳати ҳам — номигагина бой. Тайинлик бир амали ҳам йўқ, иши ҳам, унга нима даркорлигини билолмайсан ҳам. У ё қармоқ солиб балиқ тутади, ё чалқанчасига ётиб, китобхонлик қилади, ё мужиклар орасида тентираб юриб, вайсагани-вайсаган, оч қолгани мирзаликка киради. Шундай қилиб, беҳуда умр кечиради. Арзийдиган бир иш қилиш тўғрисида ақл юргизмайди ҳам. Аввалги хўжайинларнинг ярми генерал бўлар эди. Эндигиси бўлса — ҳаммаси бачкана одамлар!
— Жуда камбағаллашиб қолганлар, — деди Мелитон.
— Худо кучдан қолдиргани учун фақирлашганлар. Киши худонинг иродасига қарши бора олмайди.
Мелитон яна бир нуқтага тикилиб қолди. Бир оз ўйлаб туриб мулоҳазалик одамлар сингари хўрсиниб қўйди, бошини чайқаб, шундай деди:
— Ҳаммаси нимадан? Худони унутиб гуноҳга ботдик… Демак, шундай замон келдики, ҳамма нарса битиши керак. Шуни ҳам айтиш керакки, дунё абадий эмас, даври ўтди, обрўсини ҳам билиши керак.
Чўпон уҳ тортиб қўйди ва совуқ суҳбатни тўхтатиш учун оқ қайиндан нарироққа бориб, кўзлари билан сигирларни санай бошлади.
— Хўш, хўш! — деб қичқирди у, — Ҳаром ўлгурлар, гумдон бўлгурлар! Жин олиб кетди, шекилли! Хўш!
У ғижиниб подани қайтаргани дарахтзор ичига кириб кетди. Мелитон ўрнидан туриб, секин ўрмон ёқалаб кетди. У оёғи остига қараб ўйлар; у ажал тегмаган бирор нарсани эсламоқчи бўлар эди. Ҳиялаб ёққан ёмғур орасидан яна ёруғ шуълалар ўтиб кетди; улар дарахт учларига чиқиб, намиққан япроқлар орасида сўнди. Дамка бута орасида бир кирпини учратиб, акиллаб эгасини чақира бошлади.
Чўпон дарахтлар орқасидан туриб:
— Сиз томонда ҳам ой «куйдими»? — деб сўради.
— Ҳа, — деб жавоб берди Мелитон.
— Шундоқ. Ҳамма жойда ҳам одамлар «куйди» деб шикоят килдилар.
— Демак, оғайни, осмонда ҳам тартиб қолмапти-да!
— Бежиз эмас… ҳўш-ҳўш-ҳўш…
Чўпон подасини ўрмон ёқасига ҳайдаб келиб, оқ қайинга суянди, осмонга қаради-да, шошилмай қўйнидан найини олиб, чала бошлади. У боягидек найни ғайри ихтиёрий чалди, беш-олти хил ҳавони чалди; най гўё унинг қўлига биринчи дафъа тушгандек, ундан чиққан товушлар мужмал ва тартибсиз учар бир мақомга солинмас эди, лекин охират тўғрисида ўйлаган Мелитонга бу чалғуда жуда ғамгин ва кўнглини гаш қиладиган ёқимсиз кўй эшитиларди. Қалдираб чиқиб, узилиб қолган чийиллаган товушлар худди най бетоб ва чўчигандай доим фиғон қилиб турар эди, энг паст товушлар негадир туманни, маъюс дарахтлар, кўкиш осмонни эслатгандай бўлар эди. Бундай музика об-ҳавога ҳам, чолга ҳам, унинг сўзларига ҳам мос тушгандай эди.
Мелитоннинг шикоят қилгуси келиб қолди, у чолнинг олдига келиб, унинг ғамгин ва ғалати юзига ва найига қараб, ғўлдиради:
— Тирикчилик ҳам ёмонлашди, бува. Яшашдан бездик. Ғалла битмаяпти, қашшоқлик… ўхтин-ўхтин ҳайвонга ўлат тегяпти, касал чаляпти… муҳтожлик қийнаб қўйди.
Гумаштанинг сўлқилдоқ юзи қизариб, хотинларга ўхшаш ғамгин бир тус олди. У ўзининг номаълум ҳисларини баён қилиш учун сўз қидиргандай бармоқларини қимирлатиб қўйди ва давом қилди:
— Саккизта болам бор, хотиним… онам ҳам ҳаёт, оладиган ойлигим атиги ўн сўм, овқат ўз ёнимдан. Бечорачиликдан хотинимнинг феъли айниган… ўзим бўлсам ичганим ичган. Мен мулоҳазалик, вазмин одамман, илмим ҳам бор. Уйда роҳат қилиб тинч ўтирадиган вақтим, мен бўлсам куни бўйи қўлимда милтиқ, худди итдек санқийман. Ҳеч қандай бошқа иложим йўқ: уй ҳам жонимга тегди!
Тили демоқчи бўлган нарсасини айтмаганини сезиб гумашта қўл силтаб қўйди ва хафа бўлиб деди:
— Дунё хароб бўладиган бўлса, тезроқ бўлсин! Бекорга овора бўлиб, одамларни қийнашнинг ҳожати йўқ…
Чол найни оғзидан олиб, бир кўзини қисиб, унинг кичкина тешигига қаради. Унинг афти қайғули бўлиб, кўз ёш сингари сув томчилари билан қопланган эди. У тиржайиб гапирди:
— Эссиз-эссиз биродар! Ё худо, қандай ачинарлик! Еру, ўрмон, осмон… турли жонивор — ҳаммаси яратилган, мослаштирилган. Ҳаммаси ақлга мувофиқ… Ҳаммаси бекорга нобуд бўлиб кетади. Ҳаммадан ҳам киши одамларга ачинади.
Ўрмон ичида шовуллаб ёға бошлаган йирик ёмғир томчилари ўрмон ёқасига келиб қолган эди. Мелитон шовуллаган томонга қараб, тугмаларини солиб олди.
— Энди қишлоққа кетай, — деди. — Хайр, бува. Отинг нима?
— Лука Бедний.
— Хайр бўлмаса, Лука! Яхши сўзларинг учун раҳмат. Дамка, қани юр!
Мелитон чўпон билан хайрлашиб, ўрмон ёқалаб кетди. Кейин аста-секин ботқоқликка айланган пастликдаги ўтлоқдан йўл олди. Оёғи остида сув билчиллар, ҳали кўм-кўк турган барра қиёқ ўт, босилиб кетишдан қўрққандай ерга ётиб олар эди. Ботқоқликнинг нариёғидаги ҳали бува айтган Песчанка қирғоғида мажнун толлар ўсиб ётарди, толлар орқасида туман орасидан бойнинг ғалла омбори кўкариб кўринарди. Далалар қўнғир тус оладиган, ер лой ва совийдиган, мажнун толлар янада ғамга ботиб, унинг танасидан ёшлар оқадиган бахтсиз ва ҳеч олдини олиб бўлмас фаслнинг яқинлашгани сезилиб турар, ёлғиз турналаргина бу умумий фалокатдан қочар, улар ҳам ўз хурсандликларини билдириш билан хазин табиатни хафа қилишдан қўрққандай осмонда ўзларининг ғамбода қўшиқларини янгратиб кетар эди.
Мелитон сойга кета туриб орқасида аста-секин сўниб бораётган най овозини тинглар эди. У ҳамон шикоят қилгиси келарди. Теварак-атрофга хафаланиб қаради, осмонга ҳам, ерга ҳам, офтобга ҳам, ўрмонга ҳам ва ўз Дамкасига ҳам жуда ачинди. Найнинг баланд садоси ҳавода янграб, йиғламсираган кишининг овозидай қалдираб кетганда, табиатда кўринган тартибсизликлардан жуда хафа бўлиб, алам қилиб кетди.
Найнинг баланд овози қалдираб, тинди ва ўчди.
М. Раҳмонов таржимаси