Маҳкаманинг деҳқонлар иши юзасидан доимий аъзоси бўлган, ўттиз ёшларга кирган ёш Кунин Петербургдан ўз қишлоғи Борисовога қайтиб келиши биланоқ, Синьково қишлоқ руҳонийси Яков Смирнов ҳазратга отлиқ киши юбортирди.
Беш соатдан кейин Яков ҳазрат етиб келди. Кулин уни даҳлизда қарши олиб:
— Танишганимиз учун беҳад хурсандман, — деди. — Бу ерга келиб хизмат қила бошлаганимга бир йил бўлди, энди танишиб олсак ҳам бўлади, шекилли. Марҳамат қилсинлар. Аммо лекин сиз жуда ёшсиз-ку! — деб ажабланди Кунин — Неча ёшга кирганлар?
Яков ҳазрат ўзига томон чўзилган қўлни аста қисиб сўрашар экан, негадир қизариб:
— Йигирма саккизга… — деди.
Кунин меҳмонни ўз кабинетига бошлаб кириб, уни кўздан кечира бошлади.
«Нақадар беўхшов, хотинчалиш башара!» деб ўйлади у.
Дарҳақиқат, Яков ҳазратнинг юзи кўп жиҳатдан хотин кишининг юзига ўхшаб кетар эди: бурни чўччайган, икки бети анордай, кўзлари кўкишга мойил, қошлари сийрак ва билинар-билинмас, қаттиқ, силлиқ узун қўнғир сочлари гарданига узун-узун таёқчадек бўлиб тушиб турарди. Мўйловлари эса, эндигина сабза уриб, эрларникига ўхшаб келаётган эди. Соқоли эса, соқол дейишга арзимайдиган, семинаристлар нима учундир «кўса» деб атайдиган хилидан: жуда сийрак, даккам-дуккам эди. Бу соқолни тароқ билан текислаш ва тарашнинг иложи йўқ, фақат қўл билан силаб қўйилади, холос. Унинг арзимас соқоли бир текис эмас, ғуж-ғуж бўлиб ўсгандай гўё Яков хазрат поп қиёфасига кирмоқ учун грим қилиб елимлаб, соқол ёпиштира бошлаган-у, лекин тугатолмай аро йўлда қолган. Устига оч қаҳваранг ридо кийган, тирсакларига катта ямоқ тушган.
Кунин унинг лой сачраган этакларига қараб: «Қизиқ одам… Бировникига биринчи марта келиши-ю, тузукроқ кийинмапти» деб ўйлади.
Кунин очиқ чеҳра билан эмас, қўполроқ қилиб:
— Ўтириволинг, отахон, — деб стол ёнига креслони суриб қўйди. — Ўтиринг, марҳамат қилинг.
Яков ҳазрат муштумини оғзига қўйиб йўталди, сўнгра ийманиб, креслонинг бир четига ўтирди ва кафтларини тиззалари устига қўйди. Кўкраги чўккан, башараси қизариб, терлаб пишган бу пакана одам дастлаб Кунинда яхши таъсир қолдирмади. Илгарилари Кунин Россияда шундай басавлат, мажмағил руҳонийлар бор деб ҳеч бир ўйламас эди. Рафторидан, кафтларини тиззаларига қўйиб креслонинг бир четида ўтиришидан Яков ҳазрат унга ўз қадрини билмаган, ҳатто лаганбардор бир кишига ўхшаб кўринди.
Кунин креслога ясланиб олиб:
— Отахон, мен сизни бир иш юзасидан чақиртирдим, — деди. — Сизга тааллуқли, фойдали бир ишда каминаларига ёрдам қилмоқ каби кўнгилли вазифа менинг зиммамга тушди. Воқеа шундайки, мен Петербургдан қайтиб келиб қарасам, столимнинг устида оқсоқолдан келган бир хат ётипти. Егор Дмитриевич Синьковода черков қошида очиладиган кишлоқ мактабига васийлик қилишимни таклиф этипти. Мен, тақсир, чин қалбимдан мамнунман… Ҳатто бундан ҳам ортиқ. Бу таклифни бажонидил қабул қиламан.
Кунин ўрнидан туриб, кабинет ичида у ёқдан бу ёққа юрди.
— Албатта, Егор Дмитриевичга ҳам, эҳтимол сизга ҳам маълум бўлса керакки, мен унақа пулдор эмасман. Мулким гаровда, фақат доимий аъзолик сифатида оладиган маошим билан кун кечираман. Бинобарин мендан катта ёрдам кутмасангиз ҳам бўлади, аммо қурбим келганича ёрдам қиламан… Хўш, отахон, мактабни қачон очмоқчи бўласиз?
— Пул бўлган куни… — деб жавоб қилди Яков ҳазрат.
Ҳозир ихтиёрингизда ҳеч бир маблағ борми?
— Йўқ ҳисоб… Мужиклар ўз йиғилишларида ҳар йил ҳар эркак, бошига ўттиз тийиндан тўлаб турмоққа қарор қабул қилишди. Лекин бу ҳозирча ваъда! Дастлаб иш бошлаш учун камида икки юз сўм керак…
— Ҳа… Афсуски, менда ҳозир шунча маблағ йўқ. — Кунин хўрсинди. — Сафарда бор пулимни харжладим ва… ҳатто қарз кўтардим. Келинг, биргалашиб бир нарса қилайлик.
Кунин ўйланиб, ўз-ўзича гапирина бошлади. У ўз фикрларини айтиб, Яков ҳазратнинг башарасидан маъқуллаш ёки розилик аломатини қидириб, ундан кўз узмас эди. Бироқ ҳазратнинг башараси ҳиссиз, бездек эди, тортинчоқлик, ташвиш ва ҳадиксирашдан бўлак нарсани ифода қилмас эди. Уни кўрган киши Кунин шундай оқилона гаплар гапираяпти-ю, Яков ҳазрат эса, ҳеч нарса англамаяпти, лекин одоб юзасидангина қулоқ солиб турибди ва тушунмаганликда айбламасинлар! деб қўрқиб ўтирибди, деб ўйлаши мумкин эди.
«Бу йигит афтидан жуда ҳам ақлликка ўхшамайди, — деб ўйлади Кунин, — Ниҳоятда қўрқоқ ва аҳмоқ кўринади».
Кабинетга хизматкор бир патнисда икки стакан чой ва ликопчада тешик кулча олиб киргандан кейингина Яков ҳазратга бироз жон киргандай бўлди. У олдига қўйилган стаканни кўтариб, дарҳол чой ича бошлади.
Кунин ҳамон ўз-ўзича сўзланиб муҳокама қилар экан: Ҳазратимнинг ўзларига хат-пат ёзсакмикан? — деди. — Сирасини айтганда черковлар қошида мактаблар очиш масаласини на земство ва на биз кўтариб чиқдик, уни олий диний маҳкама кўтариб чиқди. Маблағни қаердан олишни уларнинг ўзи кўрсатиши лозим. Менинг хотиримда бор ва ўқиганман ҳам: бунинг учун қандайдир маблағ ҳам ажратилган. Бундан сизнинг хабарингиз йўқми?
Яков ҳазрат чой ичишга киришиб кетганидан бу саволга дарров жавоб бера олмади. У кўкка мойил кўзларини кўтариб Кунинга қаради ва унинг саволини хотирлагандаи ўйланиб, «йўқ» дегандек бош чайқади. Унинг хунук башарасида, зўр иштаҳа билан чой ичганидан, ҳузур қилаётгани акс этар эди, ҳар қултумни ютганда томоғи тақиллаб қўяр эди. Стакандаги чойни батамом ичиб бўлиб, уни столга қўйди. Сўнгра стаканни яна қўлига олиб, тагини кўргач, тағин жойига қўйди. Ҳузур акс этиш юзидан ариди… Кунин меҳмоннинг ликопчадан бир бўлак сухарини олиб, бир тишлагач, қўлида айлантириб, тезда чўнтагига солиб қўйганини кўриб қолди.
Кунин жирканиб, елка қисиб:
— Бу руҳонийларга ҳеч ҳам ярашмайдиган қилиқ. Нима бу, попларга хос оч кўзликми ё бачканаликми? — деб ўйлади.
Кунин меҳмонга яна бир стакан чой қуйиб бериб, уни даҳлизгача кузатиб қўйгандан кейин, диванга чўзилди-да, Яков ҳазратнинг ўзиникига келиши орқасида туғилган кўнгилсиз фикрларга ғарқ бўлди.
«Зап ғалати, ёввойи одам экан-да! — деб ўйлади у. — Кир-чир, исқирт, қўпол, аҳмоқ, пяниста ҳам бўлса керак. Ё парвардигор, бу одам руҳоний ва халқ устози эмиш! Дьяконнинг ҳар тушки ибодат олдидан унга мурожаат қилиб: «Дуо қилинг, ҳазрат!» деб нидо қилишида қанчадан-қанча киноя бўлса керак, деб ўйлайман. Шу ҳам ҳазрат эмиш! Ҳеч қандай ҳислати ва фазилати йўқ ҳазрат! Тарбиясиз, худди ёш боладай сухарини чўнтагига урадиган одам… Тьфу! Архирей бу одамга фотиҳа берганда кўзи қаерда бўлган экан, ё пирай? Агар халққа шундай одамларни устоз қилиб қўйсалар халқ деб улар кимни тушунадилар? Бунда шундай одамлар бўлиши керакки, улар…»
Кунин рус руҳонийлари қандай бўлиши керак, деган ўйга чўмди.
«Масалан, мен поп бўлсам… Ўқимишли ва ўз ишига меҳрли бўлган поп кўп нарсаларни қила олади. Мен аллақачон мактабни очган бўлардим. Ваъз-насиҳатчи? Агар поп пок ва ўз ишига меҳри балаид бўлса, у ажойиб таъсирли даъватлар қила олади!»
Кунин кўзларини юмиб, хаёлан ваъз тўқиди. Бир пасдан кейин стол ёнида ўтириб, уни тез-тез ёза бошлади.
«Ўша сариқ попга берай, черковда ўқисин…» деб ўйлади Кунин. Келар якшанба куни Кунин эрталаб, мактаб хусусидаги масалани бирёқлик қилиб келиш ва шу билан бирга ўзи қатнаши керак бўлган черковни кўриб келиш учун Синьково қишлоғига жўнади. Лойгарчилик бўлишига қарамасдан эрталаб кун жуда яхши эди. Офтоб кўзларни қамаштириб, эримай ётган қор қатламларини ўз нурлари билан тешиб ўтмоқда эди. Ер билан хайрлашаётган қор олмосдек товланганидан кишининг кўзларини жимирлаштириб юборарди, қорнинг ёнгинасида баҳори буғдой элдан бурун кўм-кўк бўлиб турарди. Қарғалар ер устида парвоз қилиб юрар, ер бағирлаб келиб, қўнишдан олдин сакраб-сакраб кетарди…
Кунин олдига келиб тўхтаган ёғоч черков омонат ва кўримсиз эди. Бир вақтлар оқ бўёқ билан бўялган ибодатхона айвонидаги устунлар энди бутунлай нурсизланиб, икки хунук арава шотисига ўхшаб қолган. Исонинг эшик устидаги сурати қора доғ босиб кетган. Аммо черковнинг бундай қашшоқлигидан Кунин таъсирланиб, ўпкаси тўлиб кетди.
У маъюслик билан кўзларини ерга тикиб, черковга кирди-да, эшик ёнида тўхтади. Ибодат маросими эндигина бошланган эди. Қартайиб, икки букилиб қолган дьякон ғўнғиллаб, қироат қилмоқда эди. Маросимни дьяконсиз адо этган Яков ҳазрат черков ичида исриқ тутатиб юрарди. Агар Куниннинг қашшоқ черковга кириш билан кўнгли бузилиб кетмаганда эди, Яков ҳазратни кўриши билан, албатта, кулиб юборган бўлар эди. Пакана поп устига қандайдир нураган сариқ матодан тикилган ғижим ва рўдапо ридо кийган эди. Ридонинг этаклари ерда судралиб юрарди.
Черковда одам сийрак эди. Кунин қавмларига назар ташлаб, қизиқ аҳволни кўриб ҳайрон қолди: черковда қариялар билан болаларгина бор эди… Ишга яроқли ёшдагилар қаёқда экан? Ўспиринлар билан эрлар қайда қолди! Аммо бирпас тургандан кейин кекса юзларга тикилиб қараб, Куниннинг кўзига ёшлар қари бўлиб кўринганини пайқади. Лекин кўзининг бундай арзимас алдашига у алоҳида эътибор берди.
Черковнинг ичи ҳам ташқариси сингари омонат ва кўримсиз эди. Меҳробда ва қорайган деворларда вақт ўтиши билан ис босмаган ва нурамаган бирор жойи қолмаган эди. Черковнинг деразалари кўп бўлса-да, умумий туси хира, шунинг учун ичи қоронғироқ эди.
«Кўнгли пок кишилар учун бу ерда ибодат қилиш яхши, — деб ўйлади Кунин. — Рим шаҳаридаги авлиё Петр ибодатхонаси ўзининг дабдаба-ю асъасаси билан кишини ҳайратда қолдирса, бу ердаги мискинлик ва соддалик ҳам кишига зўр таъсир этади».
Яков ҳазрат меҳробга ўтиб, ибодат маросимини бошлаганида Кунининг ибодат қилиш ҳаваси тутундек тарқалиб кетди. Яков ҳазрат ёшлигидан, семинариядан тўппа-тўғри руҳонийлик мансабига ўтганидан ҳали ибодат маросимларини эгаллаб олганича йўқ эди. Қироат қилар экан, у ғинғиллабми ёки дўриллабми хониш қилиш учун худди овоз танлаб, бош қотиргандай бўларди. У уқувсиз таъзим қилар, питиллаб юрар, черковнинг тўридаги эшикни қаттиқ очиб ёпар эди…
Кекса дьякон бетоб ва гаранг бўлса керак, унинг нидоларини яхши эшитмас, шу важдан андек англашилмовчилик бўлмай иложи йўқ эди. Яков ҳазрат кераклигини ўқиб бўлмасдан туриб, дьякон ўзиникини бошлаб юборади ёки поп аллақачон ўқиб тамомлаган бўлса ҳамки, кекса дьякон меҳроб томонга қулоғини бериб, то этакларидан тортиб қўймагунларича жим тураверарди. Кекса дьяконнинг овози бўғиқ ва ҳарсиллаб, қалтираб, кемшикланиб чиқар эди… Ибодат маросимининг нуқсонини клирос срқасидан боши зўрға кўриниб турган пастак боланинг чийиллаб чўзиб айтган хониши кучайтирарди. Бола атайин умумий оҳангга жўр бўлишни истамагандек жуда чинқироқ ингичка овоз билан хониш қилар эди. Кунин бир пас эшитиб турди-да, чекмоқ учун эшикка чиқди. У энди кўнгли қолиб: кўримсиз бу черковга хушламай боқар эди.
«Халойиқ орасида диний ҳиссиётнинг пасайганидан зорланадилар, — деб уҳ тортди у. — Бўлмаса-чи! Улар бунақа поплардан бу ерга яна кўпроқ юборсалар бўлар эди!»
Кунин черковга яна уч бор кирса ҳам, ҳар сафар эшикка чиқиб кетгуси келиб турарди. Маросим тамом бўлгандан кейин у Яков ҳазратнинг уйига жўнади.
Попнинг уйи ташқаридан деҳқонларнинг уйидан ҳеч бир фарқ қилмас, фақат томига ёпилган похоли текис турар, деразаларига эса оппоқ пардалар тутилган эди. Яков ҳазрат Кунинни таги ер ва деворларига арзон гул қоғозлар ёпиштирилган кичкина ёруғ ҳужрага бошлаб кирди. Жиҳозланишида баъзи бир чиранганлик: яъни рамка ичига солинган суратлар ва тошига қайчи осилган соатга қарамай, жиҳози жуда камбағаллиги билан кишини таажжублантирди. Мебелларига назар солсангиз, Яков Ҳазрат уларнинг ҳар бир парчасини ҳовлима-ҳовли юриб териб олган деб ўйлаш мумкин эди: бир жойдан унга уч оёқли юмалоқ стол берганлар, бошқа бир жойдан табуретка, яна бир жойдан суянчиғи қийшайиб кетган стул, яна бошқа бир жойдан суянчиғи тўғри, лекин ўтиргичи чўкиб кетган стул, бешинчи бир ҳовлидан суянчиғи ясси, ўтирғичи тешик-тешик дивансимон жиҳоз инъом қилганлар. Бу диван таҳлит нарса тўқ қизил бўёққа бўялган бўлиб, бўёқ иси анқиб турар эди. Кунин бошда стуллардан бирига ўтирмоқчи бўлди-ю, кейин ўйланиб туриб, табуреткага ўтирди. Яков ҳазрат шляпасини бесўнақай, катта бир михга осар экан:
— Ибодатхонага биринчи келишингизми? — деб сўради.
— Ҳа, биринчи марта. Тақсир, иш бошлашдан илгари мени чой билан сийласангиз, чунки ташналикдан юрагим куймоқда.
Яков ҳазрат кўзларини пир-пиратиб, томоғини қириб, тўсиқнинг нари ёғига ўтди. Пичир-пичир эшитилди.
«Эҳтимол аёли билан бўлса керак, — деб ўйлади Кунин. Бу малланинг аёли қанақа экан, бир кўрсак бўларди…»
Бир пасдан кейин Яков ҳазрат тўсиқнинг нари ёғидан терлаб-пишиб, қип-қизариб чиқиб келди. Зўрма-зўраки жилмайиб, Куниннинг рўпарасига — диваннинг бир чеккасига ўтирди. У меҳмоннинг афтига қарамасдан:
— Ҳозир самовар қўядилар, — деди.
«Ё пирай, ҳали самовар қўйишмапти, — деб қути учди Куниннинг. — Энди кутиб ўтир!»
— Мен сизга, деди у, — архирейга ёзган хатимнинг асл нусхасини келтирдим. Чойдан кейин ўқиб бераман. Балки бирор нарса қўшарсиз…
— Жуда соз.
Сукунат бошланди. Яков ҳазрат тўсиқ томонга қўрқиброқ назар ташлади-да, сочларини тўғрилаб, бурнини қоқди.
— Зап ҳаво бўпти-да-.. — деди у.
Ҳа. Билсангиз, кеча мен бир нарса ўқидим. Волость земствоси ҳамма мактабларини руҳонийларга топширишга қарор берипти. Бу қизиқ гап.
Кунин ўрнидан туриб, таги ер уй ичида у ёқдан бу еққа юриб, ўз фикрларини гапира бошлади:
— Бунинг ҳеч қиси йўқ, — деди у, — руҳонийлар ўз мартабалари даражасида турсалар ва ўз вазифаларини аниқ тушунсалар, бас. Бахтга қарши мен шундай руҳонийларни биламанки, улар ўз савия ва ахлоқ сифатлари жиҳатидан руҳоний бўлиш у ёқда турсин, ҳатто аскарий котибликка ҳам ярамайдилар. Ишонаверингки, ёмон руҳонийга қараганда ёмон муаллим мактабга озроқ зарар етказади…
Кунин Яков ҳазратга қараб қўйди. У эса, букчайиб ўтириб, бир нима тўғрисида зўр бериб ўйлар, меҳмонпинг гапи қулоғига кирмаётган бўлса ҳам керак.
Тўсиқ орқасидан хотин кишининг:
— Яша, бу ёққа қара, — деган товуши эшитилди.
Якав ҳазрат сапчиб ўрнидан туриб, тўсиқ орқасига ўтди. Яна шивир-шивир бошланди.
Кунин жуда чой талаб бўлиб турар эди.
«Йўқ, бу ерда кутиб ўтирганим билан чой ичолмайдиганга ўхшайман! — Соатига қараб ўйлади у. — Афтидан, мен бу ерда номатлуб меҳмонга ўхшайман. Мезбон мен билан бир оғиз гаплашишга тоби бўлмай, кўзларини бақрайтириб ўтиргани ўтирган».
Кунин шляпасини қўлига олиб, Яков домланинг чиқишини кутиб турди-да, кейин у билан хайрлашди.
Йўл-йўлакай хуноб бўлиб: «Эрталабки вақтим бекор кетди-я, — деб ўйлади. — Баайни хода! Тўнка! Эриб кетган бултурги қорга мен қанча қизиқсам, у ҳам мактабга шунча қизиқар экан. Йўқ, у билан иш битириб бўлмайди! У бирон ишни уддалай олмайди! Башарти оқсоқол бу попнинг қанақалигини билганда, мактаб очиш тўғрисида уринмай қўя қолган бўлар эди. Аввал яхши попнинг ғамини ейиш керак, кейин мактабнинг!»
Куниннинг энди Яков ҳазратни кўришга кўзи йўқ эди. Бу одам, унинг узун ва ғижимланган ридо кийган бетайин ва ғалати жуссаси, хотинчалиш башараси, ибодат қилиш тарзи, ҳаёт кечириши ва маҳкама хизматчиларига хос қизариб-бўзариб, хушомадгўйлнк қилиши Куниннинг қалбида сақланиб қолган ва энагаси айтиб берган эртаклар билан бирга илиққина сақланиб келган бир парчагина диний ҳиссиётни таҳқирлар эди. Ўзига дахлдор бўлган ишга Куниннинг самимий равишда, чин юракдан аралашишига эътиборсизлик билан совуқ қараши унинг иззат-нафсига қаттиқ теккан эди…
Ўша куни кечқурун Кунин уй ичида узоқ вақт у ёқдан бу ёққа юрди ва ўйлаб-ўйлаб, кейин шартта столнинг ёнига ўтириб, архирейга хат ёзди. Кунин мактаб учун пул ва фотиҳа беришни сўраб, шу орада фарзандлик самимияти билан Синьково қишлоғининг руҳонийси ҳақида ўз фикрини баён қилди: «У ёш, — деб ёзди Кунин, — савияси паст, афтидан ичкиликка ружу қилганга ўхшайди, рус халқида ўз руҳоний етакчиларига нисбатан асрлардан бери ҳосил бўлган талабларига умуман жавоб беролмайди». Кунин бу хатни ёзиб бўлиб, енгил тортгандай бўлди ва хайрли бир иш қилган кишидай ётиб ухлади.
Душанба куни эрталаб ўрнидан ҳали турмаган пайтда унга Яков ҳазратнинг келганини хабар қилдилар. Тургиси келмаганидан, уйда йўқ деб қўя қолинглар деб буйруқ берди. Сешанба куни у мажлисга кетди, шанба куни келиб хизматчисидан, у йўғида Яков ҳазрат ҳар куни келиб турганини билди. «Менинг сухариларим унга ёқиб қолибди-да!» деб ўйлади Кунин.
Якшанба куни кечқурун Яков ҳазрат яна келди. Бу сафар этаклари тугул, ҳатто шляпасига ҳам лой сачраган эди. У дастлаб келган вақтдагидек терлаб-пишган ва қизарган, ўша вақтдагидек креслонинг бир чеккасига ўтирди. Кунин мактаб тўғрисида гап очмасликка, вақтни зое кеткизмасликка жазм қилди.
— Мен сизга, Павел Михайлович, ўқув китобларининг рўйхатини келтирдим… — деб гап бошлади Яков ҳазрат.
— Ташаккур.
Аммо Яков ҳазратнинг рўйхат туфайли келмаганлиги ҳар жиҳатдан билиниб турарди. Унинг бутун вужуди қаттиқ хижолат бўлганини кўрсатар, аммо шу билан бирга башарасида миясига тўсатдан равшан бир фикр келган киши сингари дадиллашганлик аломати бор эди. У аллақандай муҳим ва жуда керакли бир нарсани айтмоқчи бўлиб, ўзининг юраксизлигини енгишга ҳаракат қиларди.
«Нега мум тишлагандай ўтирибди бу? — деб Куниннинг жаҳли чиқди. — Ялпайиб ўтириб олди! У билан оворагарчиликка вақтим борми!»
Ўзининг ўнгғайсиз бир ҳолда жим ўтиришини хаспўшлаш ва кўнглида юз бераётган курашни яшириш учун поп зўрма-зўраки жилмайди, терлаб-пишган ва қизарган юзидан узоқ аримаган ва кўкка мойил кўзларининг ҳаракатсиз боқишлари билан келишмаган бу сунъий кулги Кунинни тескари ўгирилишга мажбур қилди. Унда жирканиш ҳосил бўлди.
— Кечирасиз, отахон, мен жўнашим керак… — деди у.
Яков ҳазрат мудраб ўтирганда туртки еган кишидай бир чўчиб тушди ва илжайганича хижолат ичида ридосининг этакларини ўраб-чирмади. Кунин бу кишидан ҳар қанча нафратланса ҳам бирдан унга раҳми келди. У қаҳри-ғазабини юмшатмоқ истади.
— Тақсир, келаси сафар, ўтинаман… — деди у, — хайрлашиш олдидан сизга бир илтимосим бор. Билсангиз, менга бир вақт илҳом келиб, иккита хутба ёзиб қўйдим… Сизга ҳавола қиламан… Керак бўлганда ўқирсиз…
Яков ҳазрат Куниннинг стол устида етган хутбасини кафти билан бекитиб туриб:
— Яхши, мен опкетаман… — деди.
у бир пас иккиланиб туриб, ридосига ҳамон ўранар экан, тўсатдан зўрма-зўраки кулишдан тўхтаб, шартта бошини кўтарди.
У қаттиқ ва равшан қилиб гапиришга уриниб:
— Павел Михайлович, — деди.
— Нима дейдилар?
— Мен эшитдимки, сиз ўша… ўз котибингиз билан ҳисоб-китобни тугатиб, янгисини қидираётган эмишсиз деб.
— Шундоғ… Сиз бирор кишини тавсия қилмоқчимисиз?
— Мен, билсангиз… Мен… Шу вазифани менга бера қолмайсизми?
— Сиз, наинки, руҳонийликни ташламоқчисиз? — деди ҳайрон бўлиб Кунин.
Яков ҳазрат негадир бўзариб ва бутун вужуди титраб тез-тез гапирди:
— Йўқ, йўқ, худо асрасин мени! Башарти гумонсирасангиз, у вақтда ҳожати йўқ. Мен ўз даромадимни кўпайтириш учун шундай иш орасида… Ҳожати йўқ, хотиржам бўлинг!
— Ҳм, даромад… Мен котибга ҳар ойна атиги йигирма сўм тўлайман, ахир!
Яков ҳазрат атрофига қараниб шивирлади:
— Э воҳ, мен ўнига ҳам рози бўлардим. Ўн сўм ҳам етар эди! Сиз… сиз бўлсангиз, ҳайрон бўлаяпсиз, ҳамма ҳам ҳайрон қолади. Очкўз, қурумсоқ бу поп пулни қаерга қўяр экан? Очофатлигимни ўзим ҳам биламан… Шунинг учун ўзимни ўзим койийман, қоралайман… Одамларнинг башараларига қарай олмайман… Сизга, Павел Михайлович, мен виждонан… Худони шоҳид қиламан…
Яков ҳазрат ўзини ўнглаб, гапида давом этди.
— Азизим, мен сизга бутун юрак сиримни айтишга ҳозирланиб эдим, лекин… ҳаммасини унутдим, тилим қовишмай қолди. Мен йилда юз эллик сўм маош оламан, шунча пулни қаёққа қўяр экан, деб ҳамма таажжубланади. Лекин мен сизга ҳаммасини виждонан гапириб бераман… Қирқ сўмини ҳар йили укам учун, Петр умун диний мактабга тўлайман. У ерда ҳамма нарса билан таъмин этишади, лекин қоғозу қалам мендан…
Кунинга меҳмоннинг бундай очиқ иқрор бўлиши қаттиқ малол келиб, бу ёш ғилтиллаб турган кўзлардан ўзини қаерга қўйишини билмай қўл силтаб:
— Ишонаман, ишонаман, — деди, — бу гапларнинг нима ҳожати бор?
Сўнгра мен диния назоратига ўз мансаб ўрним учун бари ҳақни тўлаганим йўқ. Ҳар ой ўн сўм тўлашим шарти билан шу ўринни икки юз сўмга берган эдилар… Ўзингиз ўйлаб кўринг, менга нима қолади? Бундан ташқари тақсирим Авраамийга жуда бўлмаса, ойда уч сўмдан тўлаб туришим керак!
— Қайси Авраамий тақсирга?
Мен келгунча Синьково қишлоғида поплик қилган Авраамий тақсирга. Уни… дармондан қолгани учун жойидан маҳрум қилдилар. Шундай бўлса ҳам у ҳозир Синьковода яшаб турипти. Қаёққа ҳам борсин? Уни ким боқади? Гарчи кексариб қолган бўлса-да, унга бошпана, нон ва кийим-бош керак-ку, ахир! Тиланчилик қилиш унинг шаънига ярашмайди. Мен ҳам бунга йўл қўёлмайман! Бир нарса бўлиб қолса, мен гуноҳкор бўламан, ахир! Гуноҳкор! У ҳаммадан қарздор бўлиб қолган, қарзини тўламасам гуноҳкор бўламан, ахир.
Яков ҳазрат сапчиб ўрнидан туриб, ўқрайган кўзларини ерга тикиб, уйнинг у бурчидан бу бурчига юра бошлади.
У қўлини кўтариб, гоҳ пастга тушириб, ғўдирлаб:
— Ё парвардигор, ё парвардигор! Ўз паноҳингда сақла, раҳм қил, ё худо! — дер эди. — Эътиқодинг маҳкам бўлмаса, куч-қувватинг бўлмаса, бундай лавозимни ўз устингга нега оласан, а? Бениҳоя ноумидликка тушдим! Ўзинг сақлагин, Биби Марям она!
— Ўзингизни босволинг, отахон, — деди Кунин.
— Очлик қийнаб қўйди, Павел Михайлович! — Яков ҳазрат ҳамон ғўдирлаб.
— Олижаноблик қилиб кечиринг, ахир дармондан кетдим… Биламанки, икки букилиб сўрансам, ҳар кимса ёрдам қилади, лекин, бўйин эголмайман! Уяламан. Қандай қилиб мужиклардан садақа сўрайман… Ўзингиз шу ерда хизмат қиласиз ва кўриб турибсиз. Гадодан хайр сўраш учун қандай қилиб қўл чўзиб бўлади? Бойроқлардан, помешчиклардан сўрашга уяламан! Бўйин ёр бермайди. Юзим чидамайди.
Яков ҳазрат қўл силтаб, асабий равишда қўллари билан бошини қашиди.
— Номус! Ё раббим, нақадар номус. Сўролмайман, кеккайганман, одамлар менинг қашшоқлигимни билсинларми?.. Меникига ташриф этганингизда қуруқ чой ҳам йўқ эди, Павел Михайлович! Юқи ҳам йўқ эди. Сизга очиқ айтиш учун бўйин ёр бермади. Кийимларимдан, бу ямоқлардан уяламан… Устимдаги ридойимдан, очлигимдан уяламан… Попга такаббурлик ярашадими?
Яков ҳазрат уйнинг қоқ ўртасида тўхталиб, гўё Кунин бу ерда йўқдай, ўз-ўзича гапира бошлади.
— Фараз қилайлик, мен очликка ҳам, шармандаликка ҳам чидай, лекин мен хотинлик кишиман, ахир! Мен яхши хонадондан уйланганман, ахир! Аёлим нозик-ниҳол, чойга, оқ нонга, оппоқ чойшабга одатланган… Ота-онасиникида пианино чаларди… Ўзи ёш, йигирмага ҳам киргани йўқ… Кийингиси, ўйин-кулги қилгиси, меҳмонга боргиси келади, ахир… Менинг қўлимда у ҳар қандай хизматкор хотиндан ҳам хароб, кўчага опчиқишга ҳам уяламан. Ё худо, ё парвардигор! Меҳмондан бирорта олма ёки тешик кулча опкелиб овитаман уни.
Яков ҳазрат қўллари билан яна бошини қашлади.
— Бундан чиқадики, севги ўрнига бир-биримизга ачинамиз… Кўрганимда юрагим эзилиб кетади! Ё пирай, бу оламда нима ҳодисалар бўлаяпти! Шундай ҳодисалар бўлаяптики, агар газетага ёзилса, одамлар ишонишмайди… Бунинг қачон пираварди бўлар экан?
Кунин унинг товушидан чўчиб:
— Бас қилинг, домла, — деб қичқирди, — ҳаётга нима учун бу қадар койиниб қарайсиз?
Яков ҳазрат худди маст одамдай ғўлдиради:
— Марҳамат қилиб кечиринг, Павел Михайлович, афв этинг. Бу гаплар ҳаммаси беҳуда, сиз буларга эътибор берманг… Мен ёлғиз ўзимни айблайман ва айблайдирман. Шундай қиламан!
Яков ҳазрат атрофга қараб шивирлади:
— Бир куни эрталаб Синьководан Лучковога кетаётган эдим, қарасам сой бўйида турган бир хотин бир нималар қиляпти… Яқин келиб қараб кўзларимга ишонмадим… Даҳшат! Доктор Иван Сергеевичнинг хотини сувга кир чайқаб ўтирипти. Доктор хотин, институтни тамомлаган! Демак, одамлар кўрмасин деб саҳар пайтида туриб, қишлоқдан бир чақирим нарига кетипти… Ўтакетган такаббурлик! Менинг ёнига бориб, камбағаллигини кўриб қолганимни билиб қип-қизариб кетди… Мен қўрқиб, эсанкираб қолганимдан унинг олдига чопиб бориб, ёрдам қилмоқчи бўлдим. У мендан кийимларини яширди, йиртиқ кўйлагини кўриб қолишимдан қўрққан бўлса керак…
Кунин ўрнига ўтириб ва Яков ҳазратнинг бўзарган юзига қўрқиб тикилиб:
— Бу нарсалар ҳаммаси ҳаддан ташқари… — деди.
— Дарҳақиқат, ҳаддан ташқари! Павел Михайлович, доктор хотинларининг сойда кир чайқаш ҳодисаси ҳеч қачон бўлган эмас. Ҳеч бир мамлакатда бундай қилмайдилар! Мен руҳоний етакчи бўлишим сифатида уни бу аҳволга тушишига йўл қўймаслигим керак эди. Лекин на чора? Нима ҳам қила оламан. Ўзим ҳам унинг эрида бепул даволанишнинг пайида бўламан! Сиз буларнинг ҳаддан ташқарилигини тўғри айтдингиз. Киши кўзларига ишонгиси келмайди. Ибодат чоғида, билсангиз, меҳробдан қараб қавмга, оч Авраамийга ва аёлимга кўзим тушса, доктор хотинни, совуқ сувдан кўкариб кетган қўлларини эсласам, сўфи луқма ташламагунча анқов-тентакдек адашиб туриб қоламан… Даҳшат!
Яков домла яна юра бошлади.
— Ё Исо пайғамбар! — деб қўлларини силкитди. — Ё азиз-авлиёлар! Тоатга ҳам мадорим йўқ… Сиз бўлсангиз, менга мактаб тўғрисида гапирасиз. Мен бўлсам ҳеч нарса тушунмай қаққайиб туриб, ёлғиз емоқ-ичмоқни ўйлайман… Ҳатто ибодатхонада ҳам… Нима қилиб булар тўғрисида гапиряпман, а? — Яков ҳазрат хатосини англаб қолди. — Сиз жўнаб кетишингиз керак эди. Кечиринг, мен шунчаики… Кечиринг…
Кунин Яков ҳазратнинг қўлини сиқиб, индамай даҳлизгача узатиб қўйди. Қайтиб ўз кабинетига кириб, дераза олдида туриб қолди. У Яков ҳазратнинг уйдан чиқиб, катта ва доғ босган шляпасини бошига бостириб олиб, гўё рост гапирганидан уялгандай аста бошини эгиб йўлдан юриб кетганини кўрди.
«Оти ҳам йўққа ўхшайди» деб ўйлади Кунин.
Попнинг шу кунларда унинг уйига пиёда қатнаганини ўйлашга ҳам юраги бетламас эди: Синьковога йўл етти-саккиз чақирим келар, ўлгудай лойгарчилик эди. Кейин Кунин кучер Андрей билан Парамон деган боланинг кўлмак сувлардан хатлаб, Яков ҳазратга лой сачратиб, дуо олиш учун унинг олдига чопиб борганларини кўрди. Яков ҳазрат бошидан шляпасини олиб, аста Андрейни дуо қилди, кейин болани дуо қилиб, бошини силаб қўйди.
Кунин қўли билан кўзини силаган эди, қўлининг ҳўл бўлиб қолганини сезди. У деразанинг олдидан нари кетиб, хиралашган кўзларини очиб-юмиб уй ичига қаради, уй ичида, хайиқиб чиққан, бўғиқ овоз ҳамон эшитилиб тургандай бўлди. У стол усгига назар ташлади. Бахтига Яков ҳазрат шошганидан унинг ёзган хутбасини унутиб қолдирибди. Кунин уни чангаллаб олиб, парча-парча қилиб йиртиб, столнинг тагига ирғитди.
— Билмаган эканман, — деб диванга ўзини ташлаб, ингради. — Бир йилдан ошиқ вақтдан бери мен бу ерда маҳкама аъзоси ва фахрий мировой судья, мактаб кенгашининг аъзоси бўлиб хизмат қиламан. Сўқир қўғирчоқ! Олифта! Тездан уларга ёрдам бермоқ керак. Тездан!
Кунин қийналиб тўлғанар, чеккаларини қисар, қаттиқ ўйлар эди.
— Йигирманчида икки юз сўм маош оламан… Яхши бир баҳона билан унга ҳам, доктор аёлига ҳам пул бераман… Уни чақиртириб, дуойи-фотиҳа қилдираман, доктор учун ёлғондака оғрийман. Шу йўл билан уларнинг иззати-нафсини таҳқирламаган бўламан. Авраамийга ҳам ёрдам қиламан.
У пулни бармоқлари билан санаб чиқди, гумаштага, хизматкорларга, гўшт келтирадиган мужикка икки юз сўмнинг аранг етишини ўйлашга ҳам қўрқар эди. Яқин ўтмишда, ҳали она сути оғзидан кетмаган йигирма ёшлик чоғида отасидан мерос қолган мулкни совургани, фоҳишаларга қиммат баҳо елпуғичлар тортиқ қилгани, ҳар куни извошчи Кузьмага ўн сўмдан тўлагани, мақтанчоқлик қилиб актрисаларга совғалар олиб боргани беихтиёр эсига тушиб кетди. Оҳ, бу совурилган уч сўмлик ва ўн сўмликлар ҳозир бекор келмасми эди?
«Авраамий ҳазрат ойда уч сўмга тирикчилик қилади, — деб ўйлади Кунин. — Попнинг хотини бир сўмга кўйлак тиктириб олади, докторнинг хотини эса кирчи ёллайди. Аммо мен ҳар қалан ёрдам қиламан. Албатта, ёрдам қиламан.»
Шунда архирейга поп устидан ёзган чақиқ хати Куниннинг эсига тушди, тўсатдан тушган совуқдан жунжигандек ғужанак бўлиб қолди. Буни хотирлаш уни ўз олдида ва кўзга кўринмаган ҳақиқат олдида шармандаи-шармисор қилди…
Яхши ниятли, лекин ҳаддан ташқари тўқ ва мулоҳазасиз одамлардан бирининг фойдали ишга чин кўнгилдан интилиши шундай бошланиб, шундай тугалланди.
Миркарим Осим таржимаси