Истеъфога чиққан коллегия асессори Племянниковнинг қизи Оленька ҳовли эшиги олдидаги супачада хаёл суриб ўтиради. Кун иссиқ, пашшалар хиралик билан жонга тегар, кеч киришга яқин қолганлиги кўнглига хуш келар эди. Кунчиқар тарафдан ёмғирдан дарак беручи қопқора булут бостириб келмоқда, ҳар замонда ёмғир томчилаб қўяр эди.
Шу ҳовлидан бир уйни ижарага олган «Тиволи» номли роҳат боғчасининг эгаси ва антрепренёри Кукин ҳовлининг ўртасида туриб, осмондан кўзини узмасди.
— Ана холос! — деди у жиғи-бийрони чиқиб. — Тағин ёмғир ёғадиган бўлди-ку! Кунда ёмғир! Кунда ёмғир, менда қасди борми! Уйим куйди-ку! Хонавайрон бўлдим! Зарар кўрмаган кун қолмади-ку!
У, ҳайронликдан қўлларини кафтига уриб қўйиб, Оленькага қараб давом этди:
— Кўрган кунимиз шу, Ольга Семёновна, йиғлагинг келади! Уззукун ишлайсан, ўлиб тириласан, кечалари ухламай чиқасан, қандоғ қилсам яхшироқ бўларкин? деб бош қотирасан, — оқибати нима? бир томондан халқ нодон, ёввойи халқ. Мен унга энг яхши опереткаларни, феерияларни қўйиб берсам, бориб турган лапарчиларни саҳнага чиқарсаму, унга ёқмаса! Халқ бунга тушунмайди-да! Халққа масхарабозлик ёқади, у энг паст, кишининг кўнглига урган тамошаларни талаб қилади! Энди бу осмонни қаранг! Ҳар куни кечқурун ёмғир ёғади! Ўнинчи майдан бери ёғади, бутун май тинмай ёғди, июнь ёғди, жонга тегди-ку, ахир! Одамлар боққа кирмай қўйишди, кирим йўқ, ижара ҳақини қандай тўлайман? Артистлар ёллаганман, уларга қандай ҳақ тўлайман?
Эртаси куни кечқурун осмонни яна булут босди. Бутун умидини йўқотган Кукин ақлдан озган одамдай қаҳ-қаҳ отиб сўзларди.
— Ҳа, майли! Ёғса ёғаверсин! Менга қолса бутун боғчани сув олиб кетсин, мени ҳам қўшиб олиб кетсин! Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бахтсиз ўтақолай! Артистлар мени судга бериб, кесдириб юборишсин! Суд ҳам гапми, Сибирга сургун қилишсин! Дорга осиб ўлдиришсин мени! Ҳа-ҳа-ҳа!..
Учинчи куни ҳам худди шундай бўлди.
Кукиннинг гапларини Оленька жим ўтириб, жиддий тинглар, гоҳо унинг кўзларига ёш келарди. Бориб-бориб Кукиннинг бахтсизлиги Оленьканинг юрагини эзди, қиз уни яхши кўриб қолди. Кукин пакана, ориқ, заъфарон юзли, сочларини ҳўл тараб юрадиган одам эди; овози ингичка бўлиб, гапирганда лабларини буриб гапирарди, унинг афтида ҳамавақт умидсизлик, норозилик акс этарди. Шуларга қарамай, у, Оленькада ҳақиқий, чуқур севги уйғотди. Оленьканинг ўзи бирон кишини севмасдан юролмасди. Энг олдин ўз отасини яхши кўрар эди, отаси энди оғир касал бўлиб, қоронғи қилиб қўйилган уйда нафаси бўғилиб ётарди; кейин йилда бир-икки марта Брянскдан келиб-кетиб юрадиган холасини яхши кўриб қолди. Ундан олдин эса прогимназияда ўқиб юрган вақтларида, француз тили ўқитувчисини севиб қолган эди. Оленька мулойимгина, хушфеъл, кўнгли очиқ, тўладан келган, дўндиққина, ювош қиз эди. Унинг анордай қипқизил юзига, қопқора хол тушган оппоқ юмшоқ бўйнига, биронта ёқимли сўз эшитганда чеҳрасида пайдо бўладиган жилмайишига кўзи тушган эркаклар бир жилмайиб: «Чакки эмас…» деб қўярдилар. Меҳмонга келган хотинлар эса гапнинг ўртасида бирдан унинг қўлидан ушлаб:
— Жонгинам! — демасдан қўйишмасди.
У туғилиб ўсган ва мерос қоғозида унинг номига ёзилган уй шаҳарнинг четида, Циганская Слобода деган жойда, «Тиволи» боғчасининг ёнида эди. Ҳар куни кечқурун ярим кечагача боғдан музика овозлари ва мушакларнинг пақиллаб отилиши эшитиларди, мушакларнинг пақиллашини эшитиб у «Кукин ўз тақдири билан олишмоқда, энг ёвуз душмани бўлмиш — ҳамма нарсага бепарво қаровчи тамошабинларнинг кўнглини олмоқда» деб ўйларди, юраги орзиқиб кетар, уйқуси келмас, тонготар пайтида Кукин уйга қайтиб келганда ўзининг ётоқ бўлмасида туриб деразани қоқар, парда орқасидан юзи ва бир елкасини кўрсатиб, меҳрибонлик билан жилмайиб қарар эди…
Кукин таклиф қилди, улар никоҳ ўқитишиб, эр-хотин бўлишди. Кукин, Оленьканинг бўйнини ва юмшоққина тўла елкаларини кўриб, ўзида йўқ севинди ва:
— Жонгинам! — деди.
Кукин ўзини бахтиёр сезарди, аммо тўйда куни-туни ёққан ёмғир уни анча хафа қилган эди.
Тўйдан кейин улар учун яхши кунлар бошланди. Оленька кассада ўтириб билет сотар, боғча тартибларига қараб юрар, ҳисоб-китоб ҳам шунинг қўлида эди; артистларга ойликни ҳам шу тулар, унинг қип-қизил анордек чеҳрасини ва ёқимли майин жилмайишини гоҳ касса дарчасида, гоҳ саҳна орқасида, гоҳ буфетда кўриш мумкин эди. Оленька ўзининг ҳамма танишларига — дунёда энг яхши ва энг керакли нарса театр, фақат театрда киши роҳатланади, билимдон бўла олади, — дерди.
— Аммо бунга халқ тушунмайди! — дерди у. — Халққа масхарабозлик кўрсатсангиз ёқади! Кеча кечқурун биз «Фаустнинг тескариси» деган спектаклни қўювдик, деярли ҳамма ложалар бўш қолди. Ваничка иккимиз биронта бемаза нарсани қўйиб кўрсатса, одам лиқ тўлиб кетади. Эртага Ваничка иккимиз «Дўзахга тушган Орфей»ни қўямиз, келинглар.
Театр ҳақида, актёрлар ҳақида Кукин нима деса Оленька ҳам шуни қайтарарди. Кукин каби у ҳам халқни бефарқ ва нодонлиги учун ёмон кўради, репетицияларга аралашади, актёрларнинг ҳаракатларини, сўзларини тузатади, музикачиларни тергайди, маҳаллий газетада театрни ёмонлаб биронта мақола босилиб қолса йиғлайди, кейин редакцияга бориб изоҳ беради.
Артистлар уни яхши кўришарди, унга «Ваничка иккимиз» ва «Жонгинам» деб от қўйишган эди. Оленька уларга раҳм қилиб, оз-моз пул қарз бериб турар, агар уларнинг баъзилари пулни қайтармай, алдаб кетишса ҳеч кимга билдирмай йиғлар, аммо эрига айтмасди.
Қишда ҳам уларнинг турмуши яхши эди. Улар шаҳар театри биносини бутун қишга ижарага олиб, гоҳ малоросслар труппасига, гоҳ фокусчига, гоҳ шу ернинг театр ҳаваскорларига қисқа муддатга ижарага беришар эди. Оленька кун сайин семирарди, вақти хушлигидан кундан-кунга очиларди, қиш бўйи иш ўнгидан келиб, даромад ёмон бўлмаса-да Кукин «зарар кўпайиб кетди» деб нолигани-нолиган эди, юзи тобора сарғаяр ва ўзи озар эди; кечалари йўталиб чиқарди, Оленька унга малина гули ва липа дарахтининг гулини қайнатиб ичирар, кўкрагига атир суртар, ўзининг юмшоқ жун рўмолига ўраб қўярди. Унинг сочларини силаб:
— Танимдаги жонимсан, — дерди у юракдан.
Труппа тўплаш учун Кукин, рўза кезида, Москвага кетди. Оленька усиз бутун ҳузур-ҳаловатини йўқотди, кечалари мижжа қоқмай, дераза олдида юлдузларга қараб чиқарди. Шундай пайтларда ўзини катакда хўрозсиз қолиб, уйқусиз, безовталанучи товуқдек ҳис этарди, Кукин Москвада узоқ туриб қолди, юборган хатида ҳайитга етиб келишини ёзиб, «Тиволи» роҳат боғчасини ижарага олиш тўғрисида ҳаракат бошлашни буюрган эди. Бироқ чин арафа куни кечқурун биров бочкани гумбурлатиб ургандек дарвозани хунук қоқа бошлади. Уйқудан зўрға кўзини очган кухарка ялангоёқ лой кечиб, дарвозани очгани югурди.
— Дарвозани очинг тезроқ! — деди йўғон овозли киши дарвоза орқасида туриб.
— Сизга телеграмма бор!
Оленька илгарилар ҳам эридан телеграмма олиб турарди, бироқ бу сафар ўтирган ерида қотиб қолди. У титроқ қўллари билан телеграммани очиб ўқиди:
«Иван Петрович бугун тўсатдан ўлиб қолди, амрингизни кутамиз, хатук шанба куни дафу этилади». Телеграммада шундай «хатук» деган тушуниб бўлмайдиган сўз ва «дафи» сўзи «дафу» деб ёзилган: уни оперетта труппасининг рсжиссёри юборган эди.
— Сенинг ўрнингга мен ўлсам бўлмасмиди-я! — деб йиғи солди Оленька. —Жоним Ваничка! Нега учрашдим, сен билан? Нега сени севдим? Бечора бахтсиз Оленькангни кимга ташлаб кетдинг!
Кукинни сешанба куни Москвада Ваганьков қабристонига кўмишди, чоршанба куни Оленька уйига қайтиб келди, остонадан кириши биланоқ ўзини кроватга ташлади-да, ҳўнграб йиғлаб юбррди. Унинг дод-фарёди ҳатто кўчага ва қўшни ҳовлиларга ҳам эшитиларди.
— Жонгинам, — дерди қўшнилар чўқинишиб, — жонгинам Ольга Семёновна йиғлайвериб адо бўлди-я, бечора!
Орадан уч ой ўтди. Қора кийинган Оленька бир кун черковдан уйига қайтиб келмоқда эди. Иттифоқо унинг қўшниларидан бири, Бабакаев деган савдогарга қарашли ёғоч тахта складининг бошқарувчиси Василий Андреич Пустовалов ҳам черковдан чиқиб, уйига қайтиб келар эди. Бошига похол шляпа, эгнига оқ желетка кийиб, кўкрагига тилла занжир таққан Пустовалов савдогардан кура кўпроқ помешчикка ўхшаб кетарди. У Оленькага ачиниб улуғворлик билан деди:
— Ҳар қандай ишнинг ўз тартиби бўлади, Ольга Семёновна. Бирон яқин кишимизнинг куни битган экан, демак, уни тангрининг ўзи олган бўлади. Модомики шундай экан, тақдирга тан беришдан бошқа иложимиз йўқ.
Оленькани эшик олдигача узатиб, хайрлашди-да, ўз йўлига қараб кетди. Шундан кейин унинг товуши кечгача Оленьканинг қулоғидан кетмади, кўзини юмса унинг қора соқоли кўзига кўринди. Пустовалов унинг кўнглига жуда ёқиб қолган эди. Оленька ҳам унга ёқиб қолган бўлса керак, шу воқеадан кўп ўтмай, уникига бир кекса хотин кофе ичгани келди. Меҳмонга келган хотин стол ёнига ўтириши биланоқ Пустоваловдан гап очди, унинг яхши ва савлатли эркаклигини, ҳар қандай қизнинг унга жон деб тегишини айтди. Уч кундан кейин Пустоваловнинг ўзи меҳмон бўлиб келди; у кўп эмас, ўн минутча ўтирди, кам гапирди, аммо Оленька уни яхши кўриб қолди, шу қадар яхши кўриб қолдики, ҳатто кечаси билан ўртаниб, ухламай чиқди, эртасига эрта билан кекса хотинга одам юборди, кўп ўтмай улар унаштирилди, кейин тўй бўлди.
Тўйдан кейин Пустовалов билан Оленька яхши турмуш кечиришди. Одатда Пустовалов тушки овқат маҳалигача складда ўтирарди, кейин ўзининг ўрнига Оленькани қўйиб, турли ишлар билан кетарди. Оленька эса оқшомгача складда мол сотиб, ҳисоб-китоб ишларини қилиб ўтирарди.
— Ёғоч, тахталарнинг нархи йилдан-йилга йигирма процент ошмоқда, — дерди Оленька харидор ва танишларига. — Ўзингиз ўйлаб кўринг, илгари биз шу ердан чиққан тахтани сотардик, эндиликда Васичка ҳар йили Могилев губернасидан мол келтиради. Нархнинг ошишини айтмайсизми! — дерди у, кафтлари билан икки юзини бекитиб.
Унга, бутун умри ёғоч-тахта сотиш билан ўтгандай, ёғоч-тахтасиз ҳаёт бемаъни ҳаётдай туйиларди, хода, хари, сарроф, тахта, ёғоч деган гаплар унинг қулоғига нозик ва ёқимли музикадай эшитиларди… Тоғ-тоғ ёғоч, тахталар, хода-харилар ортиб, бир ёқлардан ташиб кетаётган арава-арава карвонлар, бир полк келадиган ўн икки газли, беш қаричли ходаларнинг складга ҳужум қилиб, бостириб келишлари, ходачалар, саррофлар ва тахталарнинг бир-бирларига урилиб, садо чиқаришлари, кейин ерга қулаб, яна туришиб, бир-бирларининг устига чирмашиб чиқишлари кечалари унинг тушига кириб чиқарди. Оленька тушида буларни кўриб, бехосдан қичқириб юборарди. Пустовалов эса уни:
— Оленька, нима бўлди сенга, жоним? Ўзингни босиб ол! — деб овунтирарди.
Эри нимани ўйласа у ҳам шуни ўйларди. Агар эри уй жуда исиб кетди деса, ёки ишнинг мазаси қочди деса, у ҳам худди шуни дейди. Эри ҳеч қанақа ўйин-кулги, кўнгил очишларни ёқтирмас, ҳайит кунлари ҳам уйдан чиқмас эди. Оленька ҳам уйда ўтирарди.
— Уйда ўтирганларинг ўтирган, — дейишарди таниш-билишлари. — Театргами, от ўйингами бориб, ёзилиб келсангизчи, жонгинам!
— Васичка икковимизнинг театрга боришга вақтимиз борми? — деб жавоб берарди у, улуғворлик билан. — Биз меҳнаткаш одаммиз, бундай беҳуда нарсаларга берадиган бўш вақтимиз йўқ. Театрга бориб нима ҳам ортдирардик?
Шанба кунлари кечқурун Пустовалов Оленька билан биргалашиб бомдод номозига, ҳайит кунлари эса пешин номозига боришади, черковдан ҳам бирга қайтишади, икковининг чеҳраси очиқ, атрофга хушбўй ҳид сочиб келишади. Оленьканинг шоҳи кўйлагининг шитирлаши қулоққа ёқади; уйга қайтиб келиб, сўлқилдоқ нон ва ҳар хил мурабболар билан чой ичишади, кейин пирог ейишади. Ҳар кун туш пайтида боршч ва қўй гўштидан ёки ўрдакдан пиширилган қовурма, рўза кунлари эса қовурилган балиқнинг ҳиди ҳовлидагилар ёки кўчадан ўтувчиларнинг димоғини қитиқлаб, иштаҳасини очиб юборар эди. Конторада доим самовар қайнаб туради, харидорлар чой ва тешиккулчалар билан меҳмон қилинади. Ҳафтада бир марта эру хотин биргалашиб ҳаммомга бориб, икковлари қип-қизил бўлиб, уйга қайтишади.
— Худога шукур, турмушимиз ёмон эмас, — дерди Оленька танишларига. — Васичка иккимизни еткизган кунга ҳаммани ҳам етказсин.
Пустовалов мол келтириш учун Могилев губернасига кетган вақтларида Оленька жуда зерикади, кечалари ухламай йиғлаб чиқади. Ҳовлидаги уйлардан бирида турувчи, полкда от доктари бўлиб хизмат қиладиган Смирнин деган ёш йигит баъзан кечқурунлари уникига келиб туради. Смирнин унга уёғ-буёғдан сўзлаб беради ёки иккови карта ўйнайди, бундан Оленька анча овунади. Смирниннинг ўз оиласи ҳақидаги ҳикоялар уни айниқса қизиқтирарди. У уйланган бўлиб, бир ўғли ҳам бор эди, аммо хотини унга хиёнат қилгани учун ажрашиб кетганди, шунинг учун хотинини жуда ёмон кўрарди, ўғлига атаб ҳар ойда қирқ сўм пул юбориб туради. Оленька бу гапларни эшитиб, уҳ тортиб, унга ачинди. Смирнин билан хайрлашаётиб:
— Худо ўз паноҳида сақласин. Келганингиз учун раҳмат, илоҳим ҳамиша соғ-саломат бўлинг… — дерди вз уни шам билан зинагача кузатиб қўярди.
Гапирганда ҳам эрига тақлид қилиб, улуғворлнк билан гапирарди, от доктори аллақачон уйига кириб кетган бўлса-да, кетидан чақириб:
— Хотинингиз билан ярашиб қўяқолсангиз ҳам бўларди, Владимир Платонич! Ўғлингиз туфайли гуноҳини кечинг… Бола бояқиш ҳамма гапга тушунса керак, — дерди.
Пустовалов сафардан қайтиб келганда Оленька унга от докторининг барбод этилган турмушини ҳикоя қилиб берар, кейин икковлари биргалашиб ачинишар, бош чайқар, отасини соғинган ўғли ҳақида гапиришар, шундан кейин икковлари бахтиёр ҳолда ўринларидан туриб, бурчакдаги санамга қараб, худодан бола тилаб, сажда қилар эдилар.
Олти йилгача Пустоваловларнинг турмуши тинч, севинч ва тотувликда ўтди. Қиш кунларидан бирйда складда иссиқ чой ичиб, терлаб ўтирган Василий Андреич харидорга мол сотмоқ учун телпаксиз ташқарига чиқди, шунда шамоллаб, бетоб бўлиб қолди. Оленька уни знг ўткир докторларга боқизган бўлса ҳам, тўрт ой ётгандан кейин дард устун келиб вафот этди. Оленька яна бева қолди.
— Кимга ташлаб кетдинг, мени севгилим! — деб ҳўнграб йиғларди у, эрини кўмгандан кейин. — Мен бечора сенсиз қандай турай бу дунёда? Раҳмингиз келсин, яхшилар, мен етимнинг дардига даво топинглар-эй… — дерди.
У мотам тутиб, қора кийди, шляпа ва қўлқопни бутунлай киймай қўйди, кўчага камдан-кам чиқадиган бўлди, чиқса ҳам черковга ёки эрининг қабрига бориш учун чиқарди, бўлак вақтларда таркидунё этган одамдай, уйда ўтирарди! Олти ой деганда мотам кийимларини ташлаб, дераза дарчаларини очадиган бўлди. Баъзан эрталаб у-бу келтириш учун кухарка билан бозорга чиққанини одамлар кўришди, бироқ эндиги турмуш қандай, уй ичида нима гаплар бор, — бу ҳақда одамлар фақат гумон билан гапиришар эди. Масалан, одамлар унинг ўз боғчасида от доктори билан бирга чой ичиб ўтирганидан, докторнинг унга газета ўқиб беришидан ва яна почтада бир таниш хотин билан учрашиб, унга:
— Шаҳримизда тўғри йўлга қўйилган ветеринария назорати йўқ, касалнинг кўплиги ҳам шундан. Анови сутдан, манови отдан, сигирдан юқиб касал бўпти, деган ҳодисалар кўпайиб кетди. Инсон сиҳатига қандай ғамхўрлик қилинса, жониворларни ҳам шундай боқиш керак, — деб айтган гапидан унинг нима ҳақида ўйлашини гумон қилардилар.
У от докторининг айтганини айтар, у нимани ўйласа шуни ўйлар эди. Оленьканинг севгисиз яшай олмаслиги ва янги бахтни ўз ҳовлисидан топиб олганлиги ҳаммага равшан эди. Бошқа хотин бўлганда уни ҳамма қораларди, аммо Оленька ҳақида ҳеч ким ёмон фикрда эмас, унинг ҳаётидаги воқеалар ҳаммага маълум ва равшан эди. У ҳам, от доктори ҳам ўзаро муносабатларида юз берган ўзгаришлар ҳақида ҳечкимга бир оғиз сўз айтмасликка тиришар эдилар, бироқ Оленька ҳечқандай сирни юрагида сақлаб юролмасди. Агар докторнинг полкдаги ҳамкасблари меҳмонга келишса Оленька уларга чой қуятуриб ёки овқат торта туриб, қора молга келган вабодан ёки шаҳар кушхонасидан гап бошларди, доктор эса уялганидан қип-қизариб кетарди. Меҳмонлар тарқалишиб кетгач, доктор унинг қўлидан ушларди-да, ғазаблангани ҳолда:
— Тушунмаган нарсанг ҳақида оғиз очма деб неча марта айтдим сенга! Ҳамкасбларим йиғилишганда ва ўз ишимиз устида сўзлашганимизда сен зинҳор аралашма! Одамни зериктириб юборасан, ахир! — дерди.
Оленька унга таажжубланиб қарар ва хавотирланиб:
— Володичка, бўлмаса нимани гапирай? — деб сўрарди.
Ва кўзига ёш олиб, от доктори бағрига отилар, жаҳли чиқмаслигини сўраб ялинарди; иккиси ҳам ўзини бахтиёр деб ҳис этарди.
Бироқ, бу бахт кўпга бормади. От доктори ўз полки билан бирга жўнаб кетди, унинг полки бошқа ёққа, Сибирь томонга кўчирилган эди. Оленька яна ёлғиз қолди.
Энди у бутунлай ёлғиз қолган эди. Отаси аллақачон ўлиб кетган, унинг креслоси чердакда бир оёқсиз чанг босиб ётарди. Оленька ҳам ориқлаб кетган, ҳусни ҳам қочган, кўчада кўрганлар ҳам унга илгаригидек боқмас вз жилмайиб қарамас эди. Энг яхши йиллар — ёшлик вақтлари ўтиб, энди унинг учун қандайдир янги турмуш, бундан буёғи нима бўлишини билиш қийин бўлган давр бошланган бўлса керакки, яхшиси бу тўғрида ўйламаслик лозим эди. Кечқурунлари Оленька эшик олдига чиқиб, «Тиволи» роҳат боғчасида чалинаётган музикани, мушакларнинг пақиллаб ёрилишини эшитиб ўтирар, аммо бу товушлар энди унда ҳеч қандай туйғу уйғотмасди. У ўз ҳовлисига беэътибор тикилиб ўтирар, ҳеч нарсани ўйламас, кўнгли ҳеч нимани истамасди, кечаси уйга кириб ётарди. Уйқусида яна ўзининг бўш ҳовлиси тушига кирарди. Овқатни ҳам биров зўрлаб едираётгандай ер эди.
Энг ёмони шу эдики, унда ортиқ ҳеч қандай фикр қолмаган эди. У ўз атрофида хилма-хил буюмларни кўрар, нималар бўлаётганига ақли етар. Аммо улар ҳақида нима деб ўйлашни ва нималарни гапиришни билмасди! Ҳечқандай фикрга эга бўлмаслик нақадар оғир! Бир шишанинг тикка турганини, ёки ёмғир ёғишини, ёхуд аравага тушиб кетаётган мужикни кўриб турасану, броқ шишанинг нимага кераклигини, ёмғирнинг нимага ёғишини, мужикнинг нега аравага тушиб боришини, уларда қандай маъно борлигини ўлсанг ҳам айта билмасанг! Кукин ва Пустовалов бор вақтида, от доктори борида Оленька уларнинг маъносига ета оларди, ҳарнарса устида фикр юрита оларди, энди унинг ўйларини ва юрагини худди ҳовлини босган зимзиё қоронғу ва бўшлиқ қоплаганди. Гўё чуқур сойга ғарқ бўлиб кетаётгандай уни даҳшат босарди.
Бу орада шаҳар ҳар тарафга қараб кенгайиб кетди, Циганская Слобода энди кўча тусини олди. «Тиволи» роҳат боғчаси ва ёғоч-тахта складлари бўлган жойларга янги иморатлар тушиб, анча-мунча тор кўчалар ҳосил бўлган эди. Мунча ҳам вақт тез ўтиб боради! Оленьканинг уйи эскирган, тунука томи занглаб кетган, сарой ҳам бир ёққа қараб ёнбошлаган, ҳовли саҳнини отқулоқ билан сассиқ алаф босиб кетган эди. Оленьканинг ўзи анча қариган, ҳусндан ҳам қолган эди. Ёз кунлари у эшик олдидаги супачага чиқиб ўтиради. Қалбида илгаригидек бўшлиқ ҳукм суради, ўзидан ҳам сассиқ алафнинг ҳиди келиб туради, қиш кунлари эса дераза ёнига ўтириб, ҳовлидаги қордан кўзини узмайди. Баҳор келганда ёки шамол черков қўнғироқларининг овозини учириб келиб қолган чоқларда бирдан ўтмиш кунлар эсига тушиб юраги «шув» этиб кетади. Кўзларига жиққа ёш келади, аммо бу кўп давом этмайди, бирпасдан кейин юракни яна бўшлиқ эгаллайди, бу дунёда нима учун яшаётганини яна билмайди. Бриска деган қора мушуги бир оҳангда миёвлаб, унга эркаланади, аммо бу ҳам Оленькага таъсир қилмайди. Унга бу керакмиди? Унга бутун борлигини, бутун юрагини, ақли-фаросатини мафтун этаоладиган, ҳаётига маъно берадиган, кишини ўйга соладиган, унинг совиб бораётган қонини қизита оладиган севги керак! Этагига чиқиб олган мушукни ерга итариб туширади-да, алам билан:
— Кет, кет… жонга тегдинг! — дейди.
Шу йўсунда ҳечбир шодликсиз, ҳечқандай фикрсиз кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Кухарка Мавра нима деса шу эди.
Саратон кунларининг бирида, подалар ҳамаёқни чангитиб даладан қайтиб келаётган оқшом пайтида, кимдир кўча эшигини қаттиқ қоқди. Оленьканинг ўзи бориб дарвозани очди, очиши билан турган ерида қотиб қолди: келган киши — сочлари оқарган, штатский кийим кийган от доктори Смирнин эди. Оленьканинг эсига бутун ўтмиш келди, ўзини тутолмай, тик этмай бошини унинг кўксига қўйди-да, йиғлаб юборди. Ҳаяжонланиб кетганидан икковлари ҳам уйга кирганларини, чойга ўтирганларини билмай қолди.
— Вой жонимей! — деди у, севинчидан қалтироқ босиб.
— Владимир Платонич! Қаердан худо ярлақаб қолди?
— Шу шаҳарда яшаб қолмоқчиман, — деди доктор. — Истеъфога чиқдим, энди. Эркинликда бахт излаб топмоқчиман, бир ерга қўниб олишим керак. Ўғлим ҳам катта бўлиб қолди, гимназияга беришим керак. Биласизми, мен хотиним билан ярашиб олганман.
— Қаерда улар? — деб сўради Оленька.
— Улар мусофирхонада қолишди, мен, уй қидириб юрибман.
— Ана холос! Менинг уйимни олақолинг! Нима қипти бу уйга? Сизлардан бир тийин ҳам олмайман! — У яна ҳаяжонланиб, йиғлай бошлади. — Сизлар бемалол шу катта уйга жойлаша беринглар, менга ҳовлидаги кичкина уй ҳам етиб ортади. Сизни юборган худодан ўргилай!
Эртаси куни уй томини бўяб, деворларни оқлашга киришилди, Оленька икки қўлини белига қўйиб, ҳовлидагиларга ҳар хил ишларни буюриб юрар эди. Унинг чеҳрасида илгариги жилмайишлар пайдо бўлган, худди узоқ уйқудан уйғонгандай бутун борлигига қон югурган эди. Кейин ориқ ва хунук, сочлари калта қирқилган, инжиқ юзли бир хоним, семизгина, кўк кўз, икки юзида чуқурчаси бор Саша деган болани етаклаб кириб келди. Улар от докторининг хотини ва ўн яшар ўғли эди. Бола ҳовлига кириши биланоқ мушукни қува кетди, унинг хушчақчақ қўнғироқ кулгиси бутун ҳовлини босди.
— Хола, бу сизнинг мушугингизми? — деб сўради бола. — Туққанда биттасини бизга беринг, ойим сичқондан жуда қўрқадилар.
Оленька у билан анча сўзлашди, чой ичирди, гўё бу болани ўзи туғиб ўстиргандек ҳис қилиб, кўкрагига иссиқ югуриб, роҳатланди. Кечқурун Саша овқатхонада дарс тайёрлаб ўтираркан, Оленька севгига тўлган кўзларини ундан узмай:
— Чироғим… Хушрўйгинам… Ақлли-ҳушли бола экансан! Оппоғим, — деб шивирлади.
— Ҳар тарафи сув билан ўралган қуруқ ер — орол деб аталади, — деб ўқиди китобдан Саша.
— Ҳар тарафи сув билан ўралган қуруқ ер — орол деб аталади, — деб такрорлади Оленька. Бу — неча йиллаб ўйсиз-фикрсиз кун кечирган кишининг ишонч билан айтган биринчи фикри эди.
Энди у мустақил фикрга эга эди, кечки овқат устида Сашанинг ота-онасига гимназияда ўқишнинг нақадар оғирлашиб кетгани, аммо шундай бўлса-да, реал мактаб таълимидан кўра классик мактаб таълимининг афзаллиги ҳақида гапирди, чунки унинг фикрича, гимназияда ўқиган кишига ҳамма йўл очиқ: хоҳла докторликка ўқи, хоҳла инженерликка.
Саша гимназияга қатнай бошлади. Унинг онаси Харьковдаги синглисиникига кетиб, узоқ қолиб кетди. Отаси ҳар куни қаергадир йилқи кўргани кетиб, баъзан уч кунлаб уйига қайтмас эди, Оленькага Сашанинг ота-онаси бутунлай ташлаб кетгандай, бола уйда ортиқча одамдай туйилди, бола бечора очдан ўлади деб ачинди. Кўп ўтмай у, болани катта уйдан ўз уйига олиб, жажжигина бир бўлмага жойлаштирди.
Ярим йилдан ошдики, Саша унинг уйида туради. Ҳар куни эрта билан Оленька унинг олдига киради, бола, қўлини чаккасига қўйиб қаттиқ ухлаб ётади, уйғотгани кўзи қиймайди.
— Сашенька, — дейди у, ғамгинлик билан, — тур, қўзим! Гимназияга борадиган вақт бўлди.
Саша ўрнидан туриб, кийинади, ибодат қилади, кейин нонуштага ўтиради. Уч стакан чой билан иккита катта тешик кулча ва мой суртилган яримта француз булкани еб олади. У ҳали уйқудан тоза уйғонгани йўқ. Шунинг учун кайфи бузуқроқ. Оленька уни худди узоқ сафарга узатаётгандай унга тикилиб дейди:
— Сашенька, масални яхшилаб ёдлаб олдингми? Мени ташвишга солиб қўйдинг-ку. Тиришиб ўқи, оппоқ қўзим… Муаллимларинг сўзидан чиқма…
— Қўйсангизчи бу гапларингизни! — дейди Саша. Кейин у гимназияга кетади, ўзи кичкина, бошида каттакон шапка, елкасида китоб жилди. Оленька унинг кетидан секин-аста қадам ташлаб боради.
— Сашенька! — деб чақиради.
Саша қайрилиб қарайди. Оленька унинг қўлига хурмо ёхуд попук қистиради. Гимназия жойлашган кўчага бурилгандан кейин, Саша ўзини баланд бўйли семиз хотин кузатиб қўйишидан уялади. Орқасига қарайди-да:
— Хола, сиз энди уйга кетаберинг, ўзим бораман, — дейди.
Оленька тўхтаб, Саша гимназия эшигидан кириб, кўздан ғойиб бўлгунча қараб туради. О, Оленька бу болани нақадар севади! У илгари кечирган севгиларининг ҳеч бири ҳам бунчалик чуқур бўлмаганди. Эндиликда унда оналик ҳисси кучайиб бораётган пайтда, унинг қалби шу қадар фидокорликка, сахийликка ва севинчга тўлиб тошган эдики, бунақа ҳисни авваллар у сира сезмаган эди. Мана бу бировнинг боласи учун, унинг юзларидаги чуқурчалари, бошидаги шапкаси учун бутун жонини беришга тайёр эди. Нега бундай? Ким билади дейсиз?
Сашани гимназияга узатиб, ўзи хурсанд, оҳиста, хушфеъл ҳолда уйга қайтади. Олти ой ичида анча яшарган юзидан жилмайиш аримайди. Йўлда учраган танишлар уни кўриб хурсанд бўлишади ва:
— Яхшимисиз, жонгинам Ольга Семёновна! Эсон-омонгина юрибсизми? — дейишади.
— Гимназияда ўқиш ҳам қийинлашиб кетди, — дейди у, бозорда учратган танишларига. — Ўзингиз ўйланг, кеча биринчи синф болаларига бутун бир масални ёдлашга буюришипти, лотинчадан таржима қилдиришипти, ҳисобдан масала беришипти… Ёш бола чидармиди бунга?
Оленька муаллимлар, дарслар, дарсликлар ҳақида, хуллас, Саша нимани гапирган бўлса, у ҳам шуни гапиради.
Соат учда икковлари ўтириб овқат ейишади, кечқурунлари дарс тайёрлашади, қўшилишиб йиғлашади. Сашани ётқизиб бўлиб, Оленька уни узоқ чўқинтиради, шивирлаб дуо ўқийди, кейин ўрнига ётиб, узоқ ча номаълум келажак ҳақида, Сашанинг доктор, ёки инженер бўлиб етишиб, уйли-жойли бўлиши, от-аравага эга бўладиган, уйланиб бола-чақа кўрадиган замонларни хаёл қилади… У, кўзлари уйқуга кетаркан, ҳамон ўшаларни ўйлайди, юмуқ кўзларидан оққан ёшлар юзларини ювади. Қора мушук ҳам унинг биқинига кириб жойлашган:
— Хр… хр… хр…
Бирдан кўча эшик қаттиқ қоқилди. Оленька уйғониб, қўрққанидан нафас олмайди, юраги қаттиқ ура бошлади. Сал ўтмай эшик яна тақиллади.
«Харьковдан телеграмма келган бўлса, — деб ўйлайди у, вужудини титроқ босиб, — онаси ўғлини чақиртирган бўлмасин… Оҳ, худойим!»
Уни умидсизлик босди, бошини кўтаролмади, кейин икки қўли, оёқлари бўшашиб кетди, ўзини дунёда энг бахтсиз банда ҳис қилди. Бироқ, яна бирпасдан кейин ҳовлидан таниш овозлар эшитилди, от докторининг клубдан қайтгани маълум бўлади.
«Худо, ўзингга шукур!» деб қўйди Оленька.
Юраги секин-аста енгиллашди, у яна тинчийди. Яна ўрнига ётиб, уйқуда ётган Сашани ўйлайди. Саша эса қўшни уйда қаттиқ уйқуда ётиб, гоҳо-гоҳо:
— Сеними, шошмай тур! Кет! Уришма! — деб уйқусирайди.
О. Раҳимий таржимаси