Антон Чехов. Ит билан суҳбатлашган одам (ҳикоя)

Тун ойдин, ҳаво изғиринли эди. Алексей Иванич Романсов яшил устунни суриб, ҳовли эшигидан оҳиста кириб келди.
– Одамзод….чанг тўзон, кукун, кул!! – дея фалсафа сўқиб, ахлат челаклар атрофида айлана бошлади ва эҳтиётлик билан тўхтади.
Павел Николавич – губернатор, аммо… уям кукун Бари бир. Бир ҳовуч кукун. Маҳобатини кўрсанг нақ рўё, тутунга ўхшайди. Бир пуфласанг… у ҳам йўқ.
– Рррр…
Файласуф кутилмаганда қулоғига чалинган бу товушдан сергак тортди.
Романсов атрофга аланглаб, ўзидан икки қадам нарида ётган ҳайбатли қора итни кўрди. Унинг насли чўл овчаркасидан бўлиб, бўрисимон ҳаётга ўрганган эди. Ит ҳовлининг қоровулхонаси ёнида занжирини шақирлатиб ўтирарди. Романсов итга тикилиб, хаёл суриб қолди. Сўнг юзида ҳайрат белгисини акс эттиришга уринди. Кейин эса елкасини қисиб, бошини чайқади ва аянчли кулимсиради.
– Рррр… – дея ит яна ирриллади.
– Т-тушунмаяпман! – деб қўлини қулочлади Романсов. – Сен ҳам… сен ҳам одамларга қараб ирриллаяпсанми, а? Бунақасини энди кўриб турибман. Худо урсин… Сен қай гўрдан билардингки, одамни мўъжизалар ичидаги гултожлигини. Қара. Ёнингга бораман… Мана кўр… Одамманми ахир? Нима деб ўйлайсан? Мен одамманми ё йўқми? Англат!
– Рррр… Вов!
– Қўлимни тегизай! – деб Романсов итга қўлини чўзди. – Қўлим билан ушлаб кўраман! Йўқми? Хоҳламайдиларми? Керагиям йўқ. Майли, эслаб қоламан. Ҳар ҳолда, юзингиздан ушласам бўларди… Мен қизиқ-а…
– Вов! Вов! Ррр… вов! Авов!
– Аааа…тишламоқчиман де? Жуда яхши. Бўпти. Шундай эслаб қоламиз. Демак, одамзод тирик жонзотларнинг гултожи эканига тупуряпсан… шунақами? Демакки, Павел Николаични ҳам тишлай оласан, тўғрими? Уни олдида ҳамманинг тиззаси ер ўпади-ю, сенга Бари бир экан-да? Нима у сен учун оддий буюмми? Сени англадимми? Ҳааа… Сен социалист бўлсанг керак! Шошма, жавоб бер-чи, социалистмисан?
– Ррр… Вов! Вов!
– Тўхта, тишлама… Нима ҳақда сўйлаётувдим?.. Э ҳа, кул тўғрисида эди. Пуфлайсан ва қарабсанки, у йўқ! Пуфф!.. Аслида, яшашдан маъно нима деган савол туғилади? Касалманд онадан туғиламиз, улғайиб юра бошлаймиз, еб-ичамиз, билим оламиз, ўламиз… бундан нима маъно? Сароб! Инсоннинг сариқ чақалик қиймати йўқ! Мана, сен итваччага Бари бир, ҳеч балони тушунмайсан, агар юракка йўл топа олсанг эди! Қани эди, руҳият нималигини билсанг!
Романсов бошини айлантириб, атрофига тупуриб қўйди.
– Жирканчлик… Мана мен, коллеж котиби Романсов… сенингча табиат ҳукмдориманми. Адашасан! Мен текинхўр, порахўр, иккиюзламачиман! Аблаҳман мен!
Алексей Иванич кўкрагига муштлаб, йиғлай бошлади.
– Чақимчи, ғийбатчи… Егор Корнюшкинни ким туфайли ишдан ҳайдашди, сенингча? А? Комитетнинг икки юз сўм пулини ким ўзлаштирди, Сургучовни ким ўрнидан йиқитди? Мен эмасми ахир? Разил, мунофиқ… Яхудий! Лаганбардор, судхўр… аблаҳ!
Романсов қўли билан кўзини артиб, ҳўнграб турди.
– Тишла! Кемир! Умр бўйи ҳечким менга бамаъни сўз айтмаган…Ҳамма ич-ичидан мени пасткаш деб ҳисоблайди, кўзидан билинади, фақат кулгулари сохта!.. Ниҳоят биров юзимга соляпти, урушяпти! Э, кучук, тишла мени! Тавқи ланъатни суғуриб ташла! Хоинни бурдалаб ташла!
Романсов энгашди-ю, ўзини итни устига ташлади.
– Шундай, ана шундай! Башарамни бузавер! Ачиниш йўқ! Оғриқ бор, аммо аяма. Мана, қўлимниям тишла. Ҳа, қон оқяпти! Шундай! Мерси, Жучка… отинг шунақами? Мерси… Пўстинимниям йирт. Ҳаммаси бир гўр, порага келган. Яқин одамимга сотқинлик қилиб, кейин уни қутқардим. Шу пулга олдим пўстинимни. Нишонли фуражкамниям… Нима демоқчи эдим ўзи? Бўпти энди борақолай… Алвидо, кучуквой… ярамасвой.
– Рррр.
Романсов итга термулиб турди ва яна ўзини тишлатиб олди. Ва пўстинига ўраниб, гандираклаганча уйи томон кетди…
Эртаси куни пешин пайтида кўзини очган Романсов ажиб бир ҳолатнинг шоҳиди бўлди. Боши, қўллари ва оёқлари ўраб, чирмаб ташланганди. Каровати ёнида эса йиғлаётган хотини ва жонкуяр доктор ўтирганди.

Русчадан Темур Тангриберганов таржимаси
“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 3-сон