I
— Ҳой, ҳаммомчи! — деб чақирди оқбадан, семиз бир жаноб, буғ орасида зўрға кўринган новча бўй, сийрак соқол, бўйнига катта мис крест осиб олган озғин кишига. — Буғхонангни тузукроқ қизитмайсанми?
— Ҳаммомчи мен эмас, жаноби олийлари, мен сартарош бўламан; буғхона билан ишим йўқ. Буюрсангиз — банка солиб қўйишим мумкин: қонларингиз юришиб кетади.
Семиз одам қизарган сонларини силаб ўйланиб турди-да:
— Банка дедингми? Майли, олиб кел. Шошадиган ишим йўқ, қўйсанг — қўя қол, — деди.
Сартарош югурганича ечинадиган жойга чиқиб, асбобларини олиб келди. Орадан беш минут ҳам ўтмасданоқ, семиз одамнинг кўкси ва орқаларига ўнта банка ёпиштириб қўйилди.
— Мен сизни танийман, «жаноби олийлари, — деб гапга тушди сартарош ўн биринчи банкани сола ётиб, — Ўтган шанба куни ҳаммомимизга тушиб кетганлари ёдимда бор; оёғингиздаги қадақларни кесиб қўйган эдим-ку! Мен ўша Михайло сартарошман… Танидингизми? «Бўйи етган қизларни суриштириб кўр» деб менга тайинлаган эдингиз… Эсингиздами?
— Ҳа, ҳа!.. Хўш, нима бўлди?
— Ёмон эмас.. Бироқ, шу кунларда мен рўза тутаётибман, жаноби олийлари, гапирсам гуноҳкор бўламан, гапирмасам тағин бўлмайди, иш қилиб худойим ўзи кечирсин, лекин мен сизга айтсам, эндиги бўйи етган қизларнинг ҳаммаси бачкана, эси паст чиқибди… Илгари қиз деган бўйи етганда савлатли, одми, пулдор, кўпни кўрган, худони билган одамга теккиси келар эди. Эндигилар-чи? Маълумотлигигаи танлайди, холос. Маълумоти бўлса — бас. Мабодо бирон амалдор ёки савдогардан сўз очсангиз — масхара қилишади-я! Маълумотли одам ҳам ҳар хил бўлади: бир хили, масалан, хизмат килиб катта мансабга эришади, аммо, баъзиси умр бўйи хат чизиб ўтиб кетади, ўлигини ўрашга уйидан кафанлик ҳам чиқмайди. Ҳозир шунақа одамлар оз дейсизми? Ҳаммомимизга келиб турадиган битта маълумотли одам бор… Ўзи телеграфчи экан… Бориб турган устаси эмиш. Совунсиз ювинади денг. Шундай камбағалки, бечорага раҳмим келади.
— Демак, тўғри одам экан! — деган йуғон бир овоз буғхонанинг устки қаватидан эшитилди. Бундай одамлар билан фахрланиш лозим. Кишики камбағал булса-ю, маълумотга эришса — бу нарса унинг олижаноб, дили пок одам эканлигини тасдиқлайди. Ҳе, нодон…
Михайло овоз келган томонга хўмрайиб қараб қўйди… Буғхонанинг устки қаватида озғин бир одам қорнини бир даста чивиқ билан саваламоқда эди. У шу қадар ориқ эдики, аъзойи-баданида бир парча эти йўқ, фақат қовурға билан теридан иборат бир жасад деса бўларди. Узун сочлари осилиб тушиб, бутун башарасини тўсиб олган; Михайлога нафрат билан тикилган ғазабнок кўзларигина кўринар эди.
— Анавилардан… соч қўйганлардан экан! — деб кўзини қисиб қўйди Михайло. — Идеяси бор… Ҳозир шунақа одамлар бирам кўпайибдики!.. Тутганинг билан тугамас экан… Аъзосига қаранг, суяги қолибди, холос. Дин тўғрисидаги суҳбатни асло ёқтирмайди: иблис меҳробдан қочгандай қочади… Маълумотли одамлар ёнини оляпти! Эндиги қизлар мана шунақаларни қидиради. Худди шунақасини танлайди-я, жаноби олийлари! Ор қилишмасмикин? Кузакда мени бир попнинг қизи чақиртирди. Борсам: «Манга бир куёв топиб бер, Мишель» дейди. (Уйига бориб, хонимлариинг сочини ўриб турганим учун мени ҳаммаси «Мишель» деб чақиришади.) — «Лекин албатта ёзувчи бўлсин» дейди. Омадини қарангки, мўлжалимда худди шунақа бир одам бор эди денг… У доим Порфирий Емельяиичнинг қовоқхонасида ичиб олиб: «сени газетага бераман» деб қўрқитар эди. Официант, ичган арағига пул сўраса, у, қулоғининг тагига солиб қоларди… «Нима? Мендан пул олмоқчимисан? Биласанми, мен ким бўламан? «Одам ўлдирган» деб сени газетага ёзиб юборсам, қўлимдан келади» деб пўписа қиларди. Ўзи эса, усти-бошининг мазаси йўқ, кўримсиз бир одам. Мен унга попнинг серпул одам эканини айтиб, роса мақтадим, қизнинг суратини курсатдим, орият бир костюм топдим, кийинтириб-ясатиб қизга кўрсатдим… Бироқ, баришня ёқтирмадилар: чеҳрасида маъюслик сезилмасмиш… Қанақаси ёқишини ўзи ҳам билмайди.
— Бу гапинг матбуот шаънига бўҳтон! — деган бояги йўғон овоз яна ўша томондан эшитилди, — Аблаҳ экансан!
— Ҳали мен аблаҳ бўлдимми? Товба! «Бахтингизга шу ҳафта ичи рўза оғизман, йўқса, ким «аблаҳ» эканини курсатиб қўярдим. Демак, сиз ҳам ёзувчи экансиз-да!..
— Мен ёзувчи эмасман, лекин сен билмаган нарсанг туғрисида валдирай берма! Россияда халққа маърифат тарқатган, юртга кўп фойдаси теккан анчагина ёзувчилар ўтган; бу хизматлари учун биз уларни хурмат қилишимиз лозим. Менинг бу гапларим росмана ёзувчиларга ҳам, диний ёзувчиларга ҳам баб-баравар тегишли: уларни таҳқир этиш яхши эмас.
— Диний кишилар бундай чакки ишлар билач шуғулланмайди.
— Сен нодон экансан, барибир тушунмайсан. Дмитрий Ростовский, Иннокентий Херсонский, Филарет Московский ва бошқа бир қанча черков намояндалари ўтганлар. Булар кўп асарлар ёзиб, маърифат йўлидаги хизматлари туфайли ном чиқарганлар.
Михайло ўз душманига хўмрайиб қарайди ва бош чаиқаб ғўнғиллайди:
— Жуда ҳам ҳаддан ошириб юбордингиз, жаноб, — деб бошини қашлаб олади. — Гапларинпиз қалтисроқ… Сочингизнинг узунлиги ҳам бежиз эмас дейман… Бежиз эмас! Биз ҳаммасини яхши тушундик кимлигингизни ҳозир ажратиб оламиз… Жаноби олийлари, банкалар шундай турсин, мен ҳозир қайтиб келаман, дарров…
Михайло ҳўл шимини кўтара-кўтара, яланг оёқ «шап-шуп» югирганича ечинадиган хонага чиқди.
— Ҳозир ҳаммомдан узун соч бир одам чиқади, — деб мурожаат қилади у панжара орқасида совун сотаётган йигитчага, — сен ўшани… ҳалиги.. ўшандан кўзингни узма. Одамлар орасида гап тарқатяпти… Идеялик экан… Назар Захарични чақириб келиш зарур эди-да…
— Болаларга буюра қол.
У кийимларини пойлаб ўтирган болалар олдига бориб, шивирлайди:
— Ҳозир узун соч бир одам чиқади. Иғво қиляпти. Ўшандан бохабар бўлинглар. Биттангиз югурганча хўжайинга бу гапни етказинг, дарҳон Назар Захаричга хабар қилишсин — протокол ёзмаса бўлмайди. Гаплари ғалати-ғалати… Идеялик экан..
— Қайси узун сочни айтяпсиз? — деб ҳовлиқиб қолишди болалар: — Бу ерда ундақа одам ечингани йўқ-ку! Ҳаммаси бўлиб, олтита одам тушди. Мана бу — иккита татарнинг кийими, буниси — семиз бир жанобники, буниси — иккита савдогарники, буниси — дьякон… бошқа ҳеч ким йўқ. Сен тағин, дьякон отани узун соч деб адашаётган бўлмагин!
— Бекор айтибсиз, тентаклар! Мен анойи эмасман!
Михайло дьяконнинг кийимларини қараб чиқди, ридосини ушлаб кўрди ва кифт қисди. Башараси ўзгариб, иккиланиб қолди.
— Дьякон деганинг ўзи қанақа одам?
— Ориққина, малла тус бир одам. Сал-пал соқоли бор… Ўзи кўп йўталар экан.
— Товба!.. — дудуқланиб қолди Михайло. — Товба! Демак, мен диний бир зотни ҳақорат қилибман-да!.. Ана шармандабозлик! Ана гуноҳи азим! Тағин рўза тутганман-а! Шундай бир зотни ранжитибман, биродарлар! Энди қайси юзим билан тавба-тазарруга бора оламан. Худоё худовондо, мен осий бандангни ўзинг кечирмасанг ҳолим хароб! Бориб товба қилмасам бўлмайди…
Михайло бошини қашиб турди ва башарасини ғамгин қилиб олди-да, ҳаммомга кириб кетди.
Дьякон ота бояги жойида йўқ, у жўмрак ёнида чатаноқларини кериб олиб, тосга сув солмоқда эди.
— Дьякон ота! — деди Михайло йиғламсираган овоз билан. — Исо ҳурмати учун мен бадбахтни кечиринг!
— Нима учун кечирай?
Михайло чуқур нафас олди ва дьяконнинг оёқларига таъзим қилди.
— Каллангизда идея бор экан деган хаёлга борганим учун меии кечиринг!
II
— Шунчалик хусну латофат ва одоби билан қизингизнинг то шу дамгача эрга чиқмаганига ҳайронман, — деди Никодим Егорич Потичкин буғхонанинг юқори қаватига чиқиб кетаётиб.
Никодим Егорич ўзи қип-яланғоч бўлса ҳам, бошидаги шапкаси уни бошқа яланғоч одамлардан ажратиб турар эди. У буғхонага кирганда бошига иссиқ уриб, элитиб қолмаслиги учун шапка кийиб олар эди.
Унинг улфати эса, оёқлари кўкариб, чўпдай озиб кетган хипчагина бир чол — Макар Тарасич Пешкин эди. Чол кифтини қисиб шундай деди:
— Қизимнинг эрга чиқмаслигига ўзим сабаб бўлдим. Худойим мени бир оз уддабуро қилиб яратмаган экан. Мен жуда ҳам кўнгли бўш, ювош-юмшоқ бир одамман, лекин ҳозирги замонда юмшоқлик кетмас экан, Никодим Егорич. Эндиги куёвлар куёв эмас — азоб экан; борди-келдисини билмасанг — бошингга битган бир бало.
— Гапларингиз қизиқ… Нега ундай деяпсиз?
— Куёвлар жуда ҳам ўзбошимча бўлиб кетган, эркалатиб юборганмиз… Биласизми, нима қилиш керак? Қаттиққўл бўлиш керак, Никодим Егорич. Юзи-хотирига борилса, талтайиб кетар экан, Никодим Егорич. Судга бериш керак, миршаб чақириб келиш керак, ана шунда ҳаддидан ошмайди. Ярамас, бўлмағур, мазаси йўқ одамлар экан.
Икки оғайни ёнма-ён чўзилишиб, чивиқ билан баданларини савалай бошладилар.
— Бемаза одамлар экан… — деб Макар Тарасич сўзини давом эттиради. — Шу бадбахтларнинг дастидан кўп ташвишлар тортдим. Кўнглим ўлгур сал қаттиқроқ бўлганда, бечора Дашам аллақачон эрга тегиб, бола-чақалик бўлар эди. Шундай экан-да!.. Тўғрисини айтганда, азизим, ҳозир хотин жинсининг тенг ярмини қари қизлар ташкил этади. Қизиғи шуки, Никодим Егорич, ёшлигида шу қизларнинг ҳаммасида ҳам ўзига яраша тегмоқчи бўлган ёки унашиб қўйилган бир йигити бўлган, албатта. Хўш, нима учун эрга тега олмай қолиб кетишган? Сабаби нима экан? Сабаби шуки, менга ўхшаган латта нусха оталар ҳалиги куёв бўладиган йигитларни маҳкам тутиб олмаганлар, қочириб юборганлар.
— Рост айтасиз.
— Эркаклар ҳозир жуда ҳам инжиқ бўлиб кетишган, эс деган нарсадан маҳрум, миясида бўлмағур хаёллар. Анойи одамни ахтаришади, наф томонини кўзлашади. Текинга бир қадам қўйгиси йўқ. Сен унга ҳузур-ҳаловатдан гапирсанг, у сендан пул талаб қилади. Бир ғарази бўлмаса, асло уйлана қолмайди. Қайинотанинг пулини шилиш пайидан… Майли, нима десанг — розиман: ошимни е, пулимни ол, ишқилиб, қизимга уйланчи, худо хайрингни берсин, сендан ҳеч нима кетмас экан, қизимни олсанг — бас. Лекин шунчалик қилсанг ҳам, бўлмагандан кейин, бўлмас экан: дод деганингча қола берар экансан. Бир хил йигитлар бор: уйланмоқчи бўлиб, келиб-кетиб юра беради, ана энди унашамиз, тўй бўла қолсин десанг, думини тутқизмай жўнаб қолади. Шу алфозда тағин бир қизнинг бошини айлантиради, яна жуфтакни туғрилаб қочади. Номига «мен уйланмоқчиман» деб юра беришдан мазза нарса борми дунёда? Овқат деса — овқат, ичаман деса — арақ, қарзга пул сўраса — тайёр. Ана роҳат. Мана шунинг учун ҳам баъзи одамлар то ўла-ўлгунча «уйланмоқчиман» деб умри ўтиб кетганини билмай қолади. Тепа сочи тўкилиб, соқол-мўйловигача оқариб, оёқлари судралиб зўрға қимирлайди-ю, ҳали ҳам «уйланмоқчи» эмиш. Лекин аҳмоқлиги натижасида уйланмай юрганлари ҳам йўқ эмас. Эси паст бўлгандан кейин кўнгли қанақасини хоҳлашини ўзи ҳам билмас экан: «униси хунук экан, буниси пучуқ экан» деб қиз танлаб юра беради. Ниҳоят, «энди буниси ёқди, шекилли» деганингда, томдан тараша тушгандай қилиб: «Йўқ, тўғри келмаиди, хоҳламадим» дейди-ю, кета беради. Масалан, ана шу Катавасовни олиб кўринг! Дашага энг аввал шу жаноб уйланмоқчи бўлганлар. Ўзи гимназия муаллими, баланд даражалик амалдор бир одам. Французча, немисча ҳамма тилларни билади… математикадан дарс беради. Лекин синаб кўрсам, қип-қизил тентак. Эси паст бир одам экан. Ухлаб қолдингизми, Никодим Егорич?
— Йўқ, нега ухлай? Ҳузур қилиб кўзимни юмаётибман.
— Шундай қилиб… Ҳалиги Катавасов Дашамнинг ёнига ҳадеб кела берди денг. Даша ҳам ўша кезларда йигирмага кирар-кирмас, ҳамманинг суқи киргудай ажойиб бир нарса эди. Худди пишиб турган олма! Ўзи ҳам лўппигина, қадди-қомати келишган, бекам-у кўст қиз эди-да! Диния назоратида хизмат қиладиган статс маслаҳатчи Цицеронов-Гравианский «қизинг бизникида тарбиячи бўлиб ишласин» деб худонинг зорини қилиб ялиндики, қизим тушмагур ҳеч унамади. Ҳалиги бадбахт Катавасов бошини айлантириб қўйган-да! Ҳар куни келади, то ярим кечагача ўтира беради, ҳар турли илм ва физикалардан гапириб беради… қизга китоб олиб келади ва унинг музикасини тинглайди… Лекин кўпинча китоб ўқисин деб талаб қилади. Дашам ўқимишли қиз: китоб деган нарсани эрмак учун демаса мутлақо унга кераги йўқ. Лекин у: «унисини ўқиб чиқ, мунисини ўқиб чиқ» дея бериб жонига тегди. Қарасам, қизимни яхши кўриб колибди. Лекин Дашанинг райи йўқроқ: «Бу одам менга ёқмади, дадажон, ҳарбий эмас экан» дейди. Ҳарбий бўлмаса ҳам ўзи олижаноб: амали бор, ўзига тўқ, тағин қанақаси керак? Унашдик. Фотиҳа берилди… Сеп тўғрисида оғиз очмади. Жим… Бир хил одамлар сингари: «Қизнинг нимаси бор, нимаси йўқ» деб суриштирмади ҳам. Худди «сепини бошимга ураманми?» дегандай индамай қўя қолди. Авлиёга ўхшайди денг. Хуллас, никоҳ буладиган бўлди. У ёғи нима бўлди денг? У ёғими? Тўйга уч кун қолди деганда Катавасов дўконимга кириб келди. Қарасам, кўзлари қизарган, ранги ўчган, худди биров қувлагандай дағ-дағ титрайди. «Нима гап?» дедим «Мени кечиринг, Макар Тарасич, дейди, мен Дарья Макаровнага уйлана олмайман. Мен адашибман, дейди. Мен уни ҳали юз гулидан бир гули очилмаган ёш нарса, фариштадай руҳи пок, кўнгли мусаффо деб ўйлаган эдим, лекин Дарья Макаровна кўп нарсадан хабардор экан, меҳнатни ёқтирмас экан, пуч хаёлларга берилган экан; қўндоғда теккан нарса…» деб тағин бир нималарни айтди. «Қўндоғда нима теккани» ҳозир ёдимда йўқ. Гапириб туриб йиғлайди денг. Мен нима қилай, азизим? Уришдим, сўкдим, холос. Судга ҳам бермадим. Ҳокимга ҳам арз қилмадим, шаҳарга жар солиб обрўсини ҳам тўкмадим. Булар иш бўлибди дедим-да, қўйдим. Судга бориб, пуписа қилиб кўрсам, шарманда бўлишидан қўрқиб, албатта, қизимни оларди. Ҳоким: «Қўндоғда нима теккан экан?» деб суриштириб ўтирмас! «Қизники бошини айлантирдингми — уйланасан» дерди-да, албатта. Уйланмасин-чи!.. Клякин деган бир қўшним бор, эшитганмисиз. Кўрган одам уни «қўй оғзидан чўп олмаган» дейди; шундай бопладики, баракалла ўшанга! Отасига балли. Куёв бўладиган йигит оёғини тираб олибди: Сепи оз, униси — ундай, буниси — бундай деб ноз қила берган экан, Клякин уни ҳужрага қамаб олибди, чўнтагидан ўқланган тўппончасини чиқариб ўқталибди ва: «Ё уйланаман деб образ олдида қасам ичасан, ёки ҳозир шу дамдаёқ отиб ташлайман сендақа аблаҳни!» деб дўқ қилибди. Иложи йўқ, қасам ичган. Уйланди. Мана, кўрдингизми? Бундай нарса менинг қўлимдан келмайди. Муштлашсам — эплай олмайман… Яна бир муфти бор экан, Брюзденко деган украин. У ҳам диния назоратида ишлар экан. Дашани кўриб қолибди. Кўрибди-ю, ошиқи беқарор бўлибди. Қизимнинг атрофида айланаверди; гаплари аломат, оҳ-воҳига одам боласи чидаб бўлмайди. Кундузи уйда бўлади, кечалари тонг отгунча дераза олдида юриб чиқади. Даша ҳам уни яхши кўриб қолди. Унинг украинча кўзларига учибди қиз бойқиш: ўт каби ёнар эмиш, тун каби қоп-қора эмиш. Юриб-юриб, ахир украинга унашдик. Даша демаганингиз оғзи қулоғида, розилик билдирди: «Мен биламан, дадажон, у ҳарбийлардан эмас, диния назоратида ишлар экан. Ҳар ҳолда интендантликка ўхшаган бир идора-ку. Шунинг учун мен уни жуда яхши кўрдим» деди. Қиз бўлса ҳам интендантликнинг нималигинн балодай ажратади. Украин қизнинг сепини кўриб чиқиб, тағин бир-иккита нарсага мени туширди, қўйинг-чи, хуллас рози бўлди-да. Энди гап тўйда қолди. Худди никоҳ куни денг, йиғилган одамларни кўриб: «Вой-бўй, шунча қариндош-уруғларинг борми? Йўқ, мен розимасман! Бўлмайди! Хоҳламайман!» деб туриб олсами!.. Ундай деб кўрдим, бундай деб кўрдим… «Ҳой, сенга нима бўлди, эсингни едингми? Қариндош-уруғ кўп бўлса — сенинг иззатинг!» деб ялиндим. Қани унаса!.. Шапкасини олди-ю, жўнаб қолди. Тағин бир ҳодиса бўлган. Ўрмончи Аляляевга қизимни унашдик. Ақли ва одоби учун Дашани севибди. Даша ҳам уни яхши кўриб қолибди. Хушфеъллиги қиз бойқишга жуда ҳам ёққан. Ўзи дарҳақиқат олижаноб, яхши одам экан. Унашиш расм-русмлари бекам-у кўст ўтди. Қизнинг сепини мирисидан-сирисигача текшириб чиқди, сандиқларни бирма-бир титиб кўрди. Пальтога куя тушириб қўйгани учун хизматкор Матрёнани койиди. Менга ўз мулкининг рўйхатини келтириб берди. Ҳар ҳолда олижаноб одам экан, ёмонласам гуноҳкор бўламан. Ростини айтсам, шу одам менга жуда ёқди. Икки ойгача мен билан савдолашиб юра берди: Мен саккиз минг сўм бераман дейман, у саккиз ярим минг сўрайди. Роса савдолашдик; ўтириб оламиз денг, орада ўн беш стакандан чой ичилиб кетади-ю, савдомиз ўлгур сира битмайди. Мен яна икки юз сўм қўшдим — кўнмади! Уч юз сўмга қолганда, савдомиз пишмади. Бечора кетаётиб бир йиғладики… Дашани қаттиқ севар экан! Энди шундай пушаймон қиламанки, фойдаси йўқ; ўзимни сўкаман: уч юз сўмни бера қолсам, нима бўлар экан? Йўқса «шармандангни чиқараман» деб қўрқитсам бўлмасмикин? Ёки қоронғи уйга қамаб олиб, урмайсанми денг. Энди ўйлаб кўрсам, хато қилибман, аҳмоқлик қилибман. Дод десам ҳам энди нафи йўқ, Никодим Егорич, характерим қургур жуда ҳам юмшоқ.
— Рост айтасиз. Жуда ювошсиз. Хўп, мен турай, бас… Бошим оғирлашиб кетди…
Никодим Егорич сўнгги марта чивиқ билан баданига урди-да, пастга тушди. Макар Тарасич эса чуқур нафас олиб, чивиқ билан астойдил ўзини савалай бошлади.
О. Шарапов таржимаси