Мен С. уездида яшаган вақтимда, Дубов қишлоғи полизларига тез-тез бориб турардим, кўпинча у ерда сабзавотчи Савва Стукач, қисқа қилиб айтганда Савка олдига келиб турардим. Бу полизлар менинг энг севган ва «асосий» балиқ овлаш жойим эди. У ерга жўнаётганда уйга қайси куни ва қайси соатда қайтиб келишимни билмай, ўзим билан барча балиқ овлаш анжомларини олардим, озиқ-овқатни ҳам етарли ғамлардим. Очиғини айтганда, балиқ овидан кўра беташвиш-беғам санқиб юриш, бевақт овқатланиш, Савка билан суҳбат ҳамда осойишта ёз туни қучоғида узоқ ором олиш мени кўпроқ қизиқтирарди. Савка йигирма беш ёшларга кирган, баланд бўйли, чиройлик ва чақмоқ тошдай пишиқ йигит эди. Ўзи ақлли-ҳушли, мулоҳазали, деб ном чиқарган бўлиб, саводли эди, арақни кам ичарди, лекин ёш ва кучли бу одам ишчи сифатида бир чақага ҳам қиммат эди. Унинг арқондек эшилган пишиқ билакларида куч-қувват билан бирга, енгиб бўлмайдиган ёлқовлик бор эди. У ҳамма қатори қишлоқда, ўз уйида турар, бир парча ери ҳам бор эди. Аммо ерини у ҳайдамас, экмас, бирон ҳунар билан ҳам шуғулланмасди. Кампир онаси уйма-уй юриб тиланчилик қиларди. Савка бўлса мисоли қушдай кун кўрарди: эрталаб туш пайтида нима ейишини билмасди. Бу унда ирода, куч-қувват етмаганидан ёки онасига раҳм-шафқат қилмаганидан эмас, меҳнатни хоҳламаганидан ва унинг фойдасини англамаганидан келганди… Унинг бутун вужудидан шалвираб беҳуда яшашга қандайдир эҳтирос борлиги равшан сезилиб турарди. Савканинг ёш ва соғлом танаси жисмоний иш қилгуси келганида бирор бекорчи иш билан, ҳеч кимга кераги йўқ қозиқ йўниш билан шуғулланар, ё аёллар билан ким ўзар ўйнаб, чопишарди. Унинг энг яхши кўрган ҳолати — ҳеч бир қимир этмай бир жойда туриб қолиш эди. У соатлаб бир нуқтага тикилганча тураверарди. Ғайрати тошиб ҳаракатга кирганда, тез бажарилиши лозим бўлганда: чопиб кетаётган кучукнинг думидан ушлаб олиш, аёллар бошидан рўмолини юлиб олиш, каттакон чуқурдан сакраб ўтиш каби қилиқлар чиқарарди. Савка мана шу тариқа ҳаракатсиз бўлганидан ҳар қандай қашшоқ одамдан ёмонроқ ҳаёт кечирарди. Вақт ўтиши билан боқимондаси кўпайиб, соғлом ва ёш йигитни, жамоат қариялар юбориладиган жойга — жамоат полизларида қоровул ва қўриқчи бўлишга юборарди. Унинг қариялар қаторига кириб қолганини мазах қилиб қанча кулишмасин, Савкага заррача таъсир қилмасди. Қимир этмай, жимгина томоша қилиб ётишга қулай бўлган бу жойлар унинг тепса-тебранмас табиатига жуда ҳам мос тушганди.
Савка олдига мен ёқимли май кечаларидан бирида бордим. Ҳозир ҳам эсимда: мен чайла ёнида, йиртилиб кетган, думоғни ёрувчи қуруқ ўтлар иси анқиб турган фойтун ёруғи устида ётардим. Қўлларимни иягим остига олганимча, тўғрига қарайман. Оёқ томонимда, ёғоч паншаха ётарди. Ундан сал нарида қора доғдек Савканинг Кутька деган ити кўзга чалинади. Кутькадан кўпи билан икки сажинча нарида ер тугайди-ю, дарёнинг тик қирғоғи. бошланади. Ётган жойимдан менга дарё кўринмайди. Кўзимга фақат бу қирғоқдаги қалин толзорнинг учи ва атиги кемирилгандай турган нариги қирғоқнинг эгри-бугри чети кўринади. Қирғоқдан анча нарида, қорайиб кўринган тепада, чўчиганда бир-бирига қисилишган ёш какликлардек, Савка яшовчи қишлоқ уйлари кўринади. Тепа орқасига ботиб бораётган қуёш заррин кокилларини йиғиштириб олмоқда. Уфқда ёлғизгина пуштиранг шафақ қолган, у ҳам худди кул билан қопланаётган чўғдек аста-секин оқиш пардачалар билан қопланиб, ўчиб боради.
Полизнинг ўнг томонида, ҳар замонда бир эсадиган шамол нафасидан оҳиста тебраниб шивирлашган зирк дарахтлари қорайиб кўринади, чапда бепоён дала ястаниб ётибди. Қоронғи тушиб қолганидан кўз илғамас уфқда ёрқин шуъла милтиллаб кўринди. Мендан сал нарида ўтирган Савка чордона қуриб олган, бошини қуйи эгиб, Кутькага ўйчан тикилади. Бизнинг чуволчанг ўтказилган қармоқларимиз аллақачон дарёга солинган, шу туфайли дам олишни яхши кўрадиган ва ундан ҳеч бир зерикмайдиган Савкага ўхшаб, дам олишдан бўлак ишимиз қолмаганди. Ҳали шафақ бутунлай сўнмай туриб, ёз оқшоми нозик ва аллаловчи эркалатиш билан табиатни ўз қучоғига олди.
Бутун коинот ором оғушига бош қўйди, мен билмайдиган аллақандай қушгина дарахтзордан туриб, салмоқлаб сайрайди. Унинг чўзиқ овози «Ни-ки-та-ни кўрдингми?» жумласига ўхшар ва унинг ўзи шу заҳоти «Кўрдим! Кўрдим! Кўрдим!» дегандек жавоб қиларди.
— Нега бугун булбуллар сайрамайди? — деб сўрадим Савкадан.
У мен томон оҳиста ўгирилди. Унинг башараси катта, аммо аёлларнинг юзи сингари ёқимли ва чиройли эди. Кейин у беозор ва ўйчан кўзларини чакалакка, толларга тикди. Шундан кейин киркирагини чўнтагидан секин олиб, оғзига солди-да, булбулга ўхшатиб сайратди. Шу заҳоти худди Савкага жавоб қилаётгандай нариги қирғоқдан қизилоёқнинг овози эшитилди.
— Мана сизга булбул товуши керак бўлса… — деди кулимсираб Савка, — Чуқ-чуқ! Чуқ-чуқ қилади! Кўринг, худди қармоқ тортаётгандай! Ўзича сайраяпман, деб ўйласа керак.
— Шу қуш менга ёқади… — дедим. — Сен қизилоёқларнинг учиб келмай юриб келишларини биласанми? Улар ана шунақа, фақат дарё ва денгизлар устидан учиб ўтишади. Бошқа маҳалда ерда юриб келишади.
— Ростдан-а, вой итваччалар-ей… — деб минғирлади Савка ва ҳурмат билан қизилоёқ сайраётган томон қараб олди.
Мен Савканинг турли ғаройиботларни эшитишга иштиёқи зўрлигини билиб, унга қизилоёқ тўғрисида ов китобидан билганларимни сўзлаб бердим ва қушларнинг келишига ўтганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Савка киприк қоқмай тингларди ва ҳузур қилганидан жилмаярди.
— Қушлар учун қайси ўлка қадрли? — деб сўради у. — Бизнинг ерларми ё у томонми?
— Албатта, бизнинг ерларимиз! Бу ерда улар униб-ўсади, болалайди. Бу ер — уларнинг ўз юрти. У ёққа фақат совуқдан қочиб кетади.
— Жуда ғалати-а! — деб керишиб олди Савка, — Нима тўғрида гапирманг, ҳаммаси қизиқ! Паррандалар ҳам, одамлар ҳам… ёки манави тошни олайлик, иш қилиб, ҳаммасида ҳам бир ғаройибот бор!.. Эҳ, барин, сизнинг келишингизни билганимда бугун келмагин, деб айтардим… Биттаси бугун келмоқчи бўлувди…
— Вой, сени қара-ю, мен сенга халақит берармидим! — дедим. — Дарахтзорга кириб ётсам ҳам бўлаверади…
— Ия, бу нима деганингиз! Эртага кела қолса ўлиб қолмас… Келганидан кейин гапга қулоқ солса майли-я, кўзёши қилиб ўтиради-да. Унинг олдида тузуккина гаплашиб ҳам бўлмайди.
Мен бироз жим туриб:
— Дарьяни кутяпсанми? — деб сўрадим.
— Йўқ… Бугун янгиси келмоқчи… Агафья Стрельчиха…
Бу сўзларни Савка ўз одатича бепарво, гўё тамаки ёки бўтқа тўғрисида гапираётгандай паст овоз билан айтди, мен эса ҳайрон қолганимдан ўрнимдан ирғиб туриб кетдим. Агафья Стрельчихани мен ҳам танирдим… Ҳали жудаям ёш, эндигина ўн тўққиз-йигирмаларга кирган, бир йилча аввал темир йўл стрелочнигига, ёш ва азамат йигитга эрга теккан эди. Агафья қишлоқда яшар, эри ҳар куни тунда линиядан келиб, уйида тунарди.
— Оғайни, хотинлар билан бўладиган бу ҳодисалар яхшиликка олиб келмайди, — дедим, чуқур нафас олиб.
— Майли…
Савка бироз ўйлаб туриб:
— Мен ҳам уларга айтувдим, у тентаклар қулоқ солмаса нима қилай!.. — деди.
Ўртага жимлик чўкди… Қош қорайиб, атрофни қоронғулик қуршаётганидан барча буюмлар ўз шаклини йўқотиб бормоқда. Тепа орқасида кўриниб турган шафақ аллақачон сўнди, юлдузлар тобора равшанроқ чарақлади … Чигирткаларнинг бир меъёрдаги зериктирарли чириллаши, қизилоёқнинг тинмай бидирлаши ва беданаларнинг сайраши кечанинг тинчлигини бузмас, аксинча, унинг бир хил сукунатини оширмоқда эди. Киши назарида, оҳиста ва қулоққа ёқаётган бу овозлар қушлар ёки қурт-қумурсқаларники эмас, осмонда чарақлаб турган юлдузларникига ўхшарди…
Ўртага чўккан жимликни Савканинг ўзи бузди. У қорайиб кўринаётган Кутькадан оҳиста юз ўгириб, менга қаради:
— Афтидан, барин, зерикаётганга ўхшайсиз, — деди у. — Келинг овқатланамиз.
У шундай деди-ю, жавоб кутмай қорни билан чайлага ўрмалаб кирди, у ерда алланималарни титкилади, чайла баргдек титради; кейин ўрмалаб чиқиб, ўзим олиб келган ароқ билан сопол косани олдимга қўйди. Косада пиширилган тухум, ёғли жавдари кулча, қора ноч бўлаклари, яна алланималар бор эди… Биз, ерга қўйса турмайдиган қийшиқ стаканчада ароқ ичдик, сўнг овқатлана бошладик… Йирик ва ўз тусини йўқотган туз, ёғли, булғониб қолган кулча, резинкадек чандир тухум, аммо булар жуда мазали!
— Сўққабошсан-у, ҳар қандай овқат топилади, — дедим олдимизда турган косага ишора қилиб. — Буларни қаёқдан оласан?
— Хотинлар олиб келишади… — деди Савка минғирлаб.
— Нима учун олиб келишади сенга?
— Шундай… Раҳмлари келиб…
Чиндан ҳам Савканинг озиқ-овқатигина эмас, устидаги кийимлари ҳам хотинларнинг «раҳмдил»лигидан экани кўриниб турарди. Шу кеч мен унинг белида жун ипдан тўқилган белбоғ билан кир бўйнида мис крест тақилган қирмизи лентани кўрдим. Жононларнинг Савкага ошифта бўлиб юришларини, унинг ўзи эса бу ҳақда гапирмаслигини билардим. Шунинг учун сўрамай қўя қолдим. Кейин ҳозир бунинг мавриди ҳам эмас эди… Ёнимизда жилпанглаб, бирон нима ташлашимизни кутиб турган Кутька бирдан қулоқларини диккайтириб, безовталаниб қолди. Узоқдан сувнинг узуқ-узуқ шалпиллаши эшитилди.
— Кимдир кечикдан ўтяпти… — деди Савка.
Орадан уч минутча ўтгач, Кутька яна безовталаниб, худди йўталгандай овоз чиқарди.
— Тек тур! — деб қичқирди эгаси.
Қоронғиликдан оҳиста босилган қадам товуши келди, сал ўтмай дарахтзорда хотин кишининг қораси кўринди. Тун хийла қоронғи бўлса ҳам, мен уни дарҳол танидим, у, Агафья Стрельчиха эди. У чўчиб ёнимизга келиб тўхтади-да, ҳарсиллади. Унинг ҳарсиллаши, афтидан, фақат тез юриб келганидан эмас, дарёдан ярим кечада кечиб ўтган ҳар қандай одам ҳис қиладиган ваҳима ва ёқимсиз сезгидан эди. Чайла олдида бир эмас, икки киши ўтирганини кўриб, у оҳиста вой деб, ўзини бир қадам оркага ташлади.
— Э… Сенми! — деди Савка оғзига олиб борган кулчани тишларкан.
— Мен… Менман… — деб ғўлдиради у, тугунчасини қўлидан тушириб юборди ва кўз қирини менга ташлаб: — Яков сизга салом деб юборди, яна манавини бериб қўй деди… Ичида бир нима бор… — деди.
— Ёлғонингни қўйсангчи, Яков деб нима қиласан! — деди жилмайиб Савка. — Ёлғонга ҳожат йўқ, нега келганингни барин билади! Қани ўтир, меҳмон бўл.
Агафья менга кўз қирини ташлади-да, тортиниброқ ўтирди…
— Мен сени бугун келмайди, деб ўилагандим… деди Савка узоқ жимликдан кейин. — Индамай ўтираверасанми? Овқатдан ол! Ёки бир қултум арақдан қуйиб берайми?
— Гапингни қара-я! — деди Агафья. — Хўп пиянистани топиб олибсан-да…
— Яхшиси ич… Юрагингда ўт пайдо бўлади… Қани!
Савка Агафьяга қийшиқ стаканчага арақ қуйиб узатди. У стаканни олиб, аста-секин ичди, закуска қилмай, фақат қаттиқ пуфлаб қўйди.
— Бир нима олиб келдинг шекилли… — деди Савка тугунчани ечаркан, овозига илтифот ва шўхлик оҳанги бериб. — Хотин киши шу-да, бир нима олиб келмаса кўнгли жойига тушмайди. Пирог билан картошка олиб келибди… Туззук яшашади! — деб чуқур нафас олди у, кейин менга қараб. — Бутун қишлоқда ёлғиз шулар уйида қишга картошка етиб, ортиб қолади!
Қоронғида Агафьянинг юзи менга кўринмасди, лекин, унинг бош ва елкаларининг ҳаракатидан менга кўзларини Савкадан узмай ўтиргандек туйилди. Уларнинг учрашувига халал бермаслик учун айланиб келишга жазм қилиб, ўрнимдан турдим. Худди шу лаҳзада дарахтзордан булбулнинг паст овозда сайраши эшитилиб қолди. Орадан ярим минут ўтмай у, овозини бир-икки парда кўтариб, гўё синаб кўрди-да, кейин сайрай кетди. Савка ирғиб ўрнидан туриб, қулоқ солди.
— Бу кечаги булбул! — деди у, — шошмай тур сени!..
Бирдан югурганча шарпа сездирмай, дарахтзорга кириб кетди.
— Қўйсангчи, уни бошингга урасанми? — дедим унинг орқасидан қичқириб. — Қайт, ҳой!
Савка менга «бақирманг» дегандек, қўл силтади-да, қоронғилик қўйнида кўздан ғойиб бўлди. Савка, хоҳлаб қолса, жуда яхши овчи ва моҳир балиқчи бўларди. Лекин, бу борада ҳам унинг бутун истеъдоди худди забардаст кучи сингари бекорга сарфланарди. Батартиб иш тутишга эринганидан, бутун овчилик маҳорати бекорчи найрангбозликдан иборат бўларди. Жумладан, булбулларни албатта қўли билан тутар, майда питра билан чўртон балиқларни отар, баъзан дарё ёқасида соатлаб туриб, каттакон қармоқ билан кичкина балиқчаларни тутмоқчи бўларди.
Менинг ёнимда қолган Агафья йўталиб олди, кейин кафти билан бир неча марта пешонасини артди… Ичган арағидан кайфи ошиб бораётганди.
— Агаша, турмушинг қалай? — деб сўрадим, ортиқ жим ўтириш ўнғайсиз бўлиб қолгач.
— Худога шукур… — деди ва бирдан шивирлаб: — Барин, сиз ҳеч кимга айтиб қўйманг…
— Хавотир олма! — дедим унинг кўнглига таскин бериб. — Агаша, ҳар қалай ботир экансан… Яков билиб қолса нима қиласан?
— Билмайди…
— Борди-ю, билиб қолса-чи!
— Йўқ… уйга мен ундан олдин етиб бораман. Ҳозир у линияда. Пассажир поездини жўнатиб, ундан кейин келади. Поезднинг овози шу ердан ҳам эшитилади…
Агафья яна қўли билан пешонасини артиб, Савка кетган томонга қаради. Булбул ҳамон сайрарди. Ер бағирлаб учиб ўтаётган аллақандай қуш бизни сезиб қолиб, чўчиб кетди ва қанотларини қоқиб дарёнинг нариги томонига парвоз қилди.
Тезда булбул овози ҳам тинди, аммо Савкадан дарак йўқ эди. Агафья ўрнидан туриб, ташвиш билан бир неча қадам босди, сўнг яна жойига келиб ўтирди.
— Нима бало бўлди унга? — деди сабри тугаб. — Ахир поезд эртага эмас, бугун келади-ку! Ҳозир қайтиб кетишим керак!
— Савка! — деб қичқирдим. — Ҳой Савка!
Менинг қичқириғимга ҳатто акс садо ҳам бўлмади. Агафья безовталаниб яна ўрнидан турди.
— Қайтмасам бўлмайди! — деди у ҳаяжонланиб — Ҳа демай поезд келади! Унинг қайси вақтда келишини мен биламан!
Бечора жувон янглишмаган эди. Орадан чорак соатча хам вақт ўтмай, узоқдан поезд овози эшитилди.
Агафья узоқ фурсат дарахтзорга тикилиб турди-да, сабрсизлик билан қўлларини қимирлатиб:
— Вой, қани энди у? — деб асабий бир ҳолда кулди — Қайси гўрга кетди? Мен кетаман! Худо урсин, барин, кетаман!
Бу орада поезднинг келаётгани тобора аниқроқ эшитила бошлади. Энди, ғилдираклар тақ-туқини паровознинг пишқиришидан ажратиб бўларди. Мана, паровоз қичқирди, поезд оҳиста гулдираб, кўприкдан ўтиб кетди… Бир минутчадан кейин ҳамма ёқ жим бўлиб қолди.
— Тағин озгина кутаман… — деб уҳ тортди Агафья ва қатъият билан яна ўтирди, — Бўлганича бўлди, кутаман!
Ниҳоят Савканинг қораси кўринди. У полизнинг юмшоқ тупроғидан яланг оёқ, секин қадам ташлаб, аллақандай куйни минғирлаб айтиб келарди.
— Тавба, шу ҳам омад! — деди у ғалати жилмайиб. — Шу десанг, энди бута ёнига бориб, қўлим билан ушлаб оламан деб мўлжаллаб турсам, бирдан сайрашдан тўхтаса бўладими! Эҳ, сариқ маймун-эй! Кутдим, кутдим, қани энди сайраса, ҳеч бало бўлмади. Қўлимни қўлтиққа уриб, келавердим…
Савка Агафья ёнига, бесўнақай ағанаркан, йиқилиб кетмаслик учун икки қўллаб унинг белидан ушлаб олди.
— Ҳа, мунча қовоғингдан қор ёғади, арпангни хом ўрдимми? — деди Савка унга.
Савка юмшоқ кўнгил ва софдил бўлишига қарамай хотинларга нафрат билан қарар, уларга андишасизлик билан, писанд қилмай гапирар, ҳатто уларнинг ўзига булган ҳис-туйғуларини ҳам масхара қилиб куларди. Ким билади, эҳтимол, Савканинг ана шундай назар-писанд қилмай гапириши ва нафрат билан қараши қишлоқ Дульцинеяларининг унга эҳтирос билан мафтун бўлишлари сабабидан биридир. Чиройлик ва сарв қад бу йигитнинг кўзларида ҳамиша, ҳатто ўзи нафрат билан қарайдиган хотинларга боққанида ҳам, ёқимли меҳрибонлик, дилкашлик порлаб турарди, бироқ, бу мафтунликни ёлғиз ташқи қиёфа билан изоҳлаб бўлмаса керак. Келишган қадди-қамати билан муносабатининг ғалати, ўзига хослиги устига, Савканинг толеи пастлиги, уй-жойидан қувилиб, полизда яшаётган бахтсиз ва бечоралиги ҳам хотинларнинг раҳм-шафқатини уйғотган бўлса ажаб эмас.
— Қани, бу ерга нимага келганингни баринга айтиб бер-чи! — деди Савка Агафьянинг белидан ҳамон ушлаб тураркан. — Қани айт, эрининг хотини! Ҳо… ҳо… Ёки, Агаша хоним, ароқдан яна бир қултумдан ютайликми?
Мен ўрнимдан турдим ва жўяклар орасидан ўтиб, полиз ёқалаб кетдим. Қорайиб кўринаётган жўяклар худди яссиланган катта гўрларга ўхшарди. Улардан чопилган ер ва энди шудринг туша бошлаган ўтларнинг ёқимли иси димоққа уриларди… Чап томондаги олов ҳамон ярқираб кўринар, гўё у кўз қисиб олқишлар, жилмаяётганга ўхшарди.
Қулоғимга қувноқ кулги эшитилди. Кулаётган Агафья эди.
«Поезд-чи? — деган фикр кўнглимдан ўтди. — Поезд аллақачон келган-ку».
Бир пасдан кейин чайлага қайтиб келдим. Савка қимир этмай, чордана қуриб ўтирар, аллақандай қўшиқни эшитилар-эшитилмас минғилларди. Унинг ашуласи ҳам: «Оҳ эй, воҳ эй, сени-ю мени…» сингари сўзлардан иборат эди. Ароқнинг кайфи, Савканинг нафратли эркалатиши ва туннинг димлигидан маст бўлган Агафья унинг ёнида ётар ва титраб Савканинг тиззаларига юзини босарди. У ўз туйғусига шундай берилган эдики, ҳатто менинг қайтиб келганимни ҳам сезмади.
— Агаша, поезднинг келганига анча вақт бўлди! — дедим.
— Ҳа, вақт бўлди, — деди Савка ҳам бошини қимирлатиб. — Чўзилиб ётиш нимаси? Вой шарманда-эй!
Агафья сесканиб, Савка тиззасидан бошини кўтарди, менга қараб қўйди-да, яна унинг ёнига чўзилди.
— Вақт аллақачон бўлди! — дедим.
Агафья тўлғониб, бир тиззаси билан чўккалади… У изтироб чекмоқда эди… Мен қоронғилик қўйнида, ярим минут давомида унинг бутун қиёфаси кураш ва иккиланишни ифода этаётганинм фаҳмлаб турдим. Шундай дақиқалар ҳам бўлдики,у ғафлатдан уйғонгандек, ҳозироқ ўрнидан турмоқчидек қаддини кўтарди, лекин шу лаҳзанинг ўзида аллақандай енгилмас ва омонсиз куч унинг қаддини букди ва у ўзини Савканинг ёнига ташлади.
— Э, қуриб кетсин у! — деди Агафья дилидан чиқариб, ҳам ваҳшийдек кулиб. Ана шу кулгида телба жасорат, ожизлик, изтироб эшитилди.
Мен оҳиста юриб, дарахтзорга кириб кетдим. У ердан қармоқларимиз турган дарё бўйига тушиб бордим. Дарё ухлар эди. Аллақандай баланд пояли момиқ гул эркалик билан юзимга урилди ва менга ҳали ухламаганини билдирмоқчи бўлган гўдак ҳаракатини эслатди. Қиладиган ишим бўлмаганидан қоронғида пайпаслаб қармоқлардан бирини топиб, уни оҳиста кўтардим. Қармоқ енгил тортилди-да, лип этиб чиқди — қармоққа балиқ илинмаган эди… Нариги қирғоқ ва қишлоқ кўринмасди. Уйлардан бирида милт этиб чироқ ёнди, аммо шу заҳоти ўчди. Мен қирғоқни пайпаслаб, кундуз куни мўлжаллаб қўйганим — ўйилган жойни топиб, креслога ўтиргандек суяндим. Узоқ ўтирдим… Юлдузлар тобора хиралашиб, сўниб борарди. Худди енгил нафас сингари ер устида кезиб юрган салқин ҳаво уйғониб келаётган мажнун толлар баргларини сийпаб, эркаларди…
— А-га-фья! — деган бўғиқ овози эшитилди қишлоқдан. — Агафья!
Ишдан қайтиб келган эр ташвишланиб қишлоқда хотинини изларди. Худди шу фурсатда полиздан янгроқ кулги эшитилди: бутун оламни унутиб, кайф қилаётган хотин эртаги азоб-уқубатлар эвазини шу бир неча соатлик ўз хурсандлигидан чиқариб олмоқда эди.
Мен ухлаб қолдим…
Уйқудан уйғонганимда ёнимда Савкани кўрдим, у секин-секин елкамни силкитарди. Дарё, дарахтзор, ҳар иккала қирғоқ, кўм-кўк шудринг ювган дарахт ва далалар ёрқин тонг нурига буланган эди. Дарахтларнинг ингичка таналари орасидан ҳозиргина уфқда кўринган қуёшнинг илк нурлари елкамга тушганди.
— Ҳали балиқни шундай тутяпман денг? — деб илжайди Савка, — Қани, ўринингиздан туринг!
Мен ўрнимдан туриб, ҳузур қилиб керишдим, кўкрагимни тўлдириб нам ва хушбўй ҳавода нафас олдим.
— Агаша кетдими? — деб сўрадим.
— Ҳув ана, — деб дарёнинг кечувини кўрсатди Савка.
У томон қараб, Агафьяни кўрдим. Сочлари тўзғиб, бошидан рўмоли бўйнига тушган Агафья кўйлагининг этагини кўтариб, дарёдан ўтар эди. У, зўрға-зўрға қадам босарди…
— Қилғиликни қилиб қўйиб, энди дами ичида! — деб минғирлади Савка унга кўзларини қисиб қараркан. — Думини қисиб кетяпти… Хотинлар мушукдек шўх, қуёндек қўрқоқ бўлади… Кеча кетгин деганда аҳмоқ гапга қулоқ солмаган эди! Мана энди таъзирини ейди, мени бўлса яна волость маҳкамасига судрашади… Мана шу хотинлар учун тағин калтаклашади…
Агафья қирғоққа чиқиб, дала ўртасидан қишлоқ томон кетди. Аввалига у анча далил, шахдам қадам ташлаб борди. Лекин ҳаяжон ва қўрқинч тез орада устун келди. У, хавотирланиб орқасига ўгирилди, тўхтаб, нафасини ростлади.
— Ҳа, қўрқмайсан-а! — деди ғамгин тиржайиб Савка, Агафья орқасидан, шудринг инган ўтларда қолаётган кўм-кўк йўлчага тикилиб. — Боргиси йўқ! Эри бўлса бир соатдан бери пойлаб турипти… Сиз уни кўрдингизми?
Савка бу жумлани илжайиб туриб айтди. Менинг юрагим орқамга тортиб кетди. Қишлоқда, йўл ёқасидаги энг чекка уй олдида Яков турар ва қайтиб келаётган хотинидан кўз узмасди. У ерга қоқилган қозиқдек қимир этмасди. Яков хотинига тикилиб, шу топда нималарни ўйлаяпти? Кутиб олмоқ учун қандай сўзларни тайёрлаб қўйган? Агафья бироз тўхтаб турди-да, худди биздан ёрдам кутаётгандай орқасига яна қаради ва эри томон юрди. Мен бундай юришни маст одамда ҳам, ҳушёр одамда ҳам ҳеч қачон кўрмаган эдим. Эрининг тикилиб туришидан Агафья эгилиб-букилиб кетар, гоҳ илон изи қилиб йўл босар, гоҳ бир жойда тўхтаб қолар, тиззалари букилиб, қўлларини ёзар, гоҳ орқага тисарилар эди. Юз қадамча юргач, орқасига яна қаради-да, ерга ўтириб олди.
— Ҳеч бўлмаса сен ўзингни панага ол, анави бута орқасига ўт… — дедим Савкага, — Эри кўриб қолса нима бўлади…
— У Агашанинг қаёқдан бораётганини кўриб турипти… Полизга хотинлар карам учун кечаси келмаслиги ҳаммага маълум.
Меи Савканинг юзига қарадим. Унинг юзи оқарган ва азоб чекаётган жониворни кўрган одамдай раҳми келиб, афти буришган эди.
— Қассобга ёғ қайғу, эчкига жон… — деди у хўрсиниб.
Агафья бирдан ўрнидан ирғиб турди, бошини бир силкиб, дадил ва шахдам қадам ташлаб эри томон юрди. У бор кучини йиғиб, тик боришга жазм қилганга ўхшарди.
Сами Абдуқаҳҳор таржимаси