Антон Чехов. Гўзаллар (ҳикоя)

I

Эсимда бор, гимназиянинг бешинчи ёки олтинчи синфида ўқиб юрган кезларимда Дон областидаги Болшая Крепка қишлоғидан бобом билан бирга Ростов-Донга кетаётган эдим. Август ойининг жазирама, тинка-мадорни қуритувчи диққи нафас кунларидаи бири эди. Кун қизиғидан, қуруқ ва иссиқ гармселдан ҳамда қаршидан уриб турган чанг-тўзондан кўз очиб бўлмас, томоқ қақрарди; ён-верингга қарагинг ҳам, гапиргинг ҳам, ўйлагинг ҳам келмасди; шунинг учун ҳам, мудраб бораётган украин аравакаш Карпо отларга «чу» деб қамчи ўйнатган пайтда қамчиси фуражкамга тегиб кетганда ҳам норозилик билдирмадим, миқ этмадим, фақат мудрашдан кўзимни очиб, чанг-тўзон орасида қишлоқ кўринмасмикан? деб олисларга маъюслик билан қарардим. Отларга ем бериб олиш учун Бахчи-Салах деган бир катта арман қишлоғида, бобомнинг бой арман ошнасиникида тўхтадик. Мен умримда бу армандан кўра беўхшов ғалати одамни кўрмаганман. Шундай бир одамни ўзингиз тасаввур қилинг, сочи қиртишлаб олинган кичкина бош, қалин, узун қошлари пастга осилиб тушган, тўти бурун, оппоқ узун мўйлов, катта оғзида гилос ёғочидан қилинган узун трубка чўччайган; мана шу бош, ажиб бир кийим билан ўралган қотма, букчайган танага фаросатсизлик билан ёпиштирилган; бу одам эгнига калта қизил камзил, кўк кенг чалвор кийган; бу жусса оёқларини кериб, туфлиларини шақирлатиб юрарди, гапирганда ҳам оғзидаги трубкасини олмас, ўзини ғирт арманча қиёфада тутарди: тишининг оқини кўрсатмас, кўзларини ола-кула қилиб қараб ва меҳмонларига мумкин қадар камроқ эътибор беришга уринарди.
Арманнинг уйида шамол ҳам, чанг ҳам йўқ эди-ю, лекин уйи худди чўлдаги, йўлдаги сингари бефайз, дим ва зерикарли эди. Ёдимда бор, чанг босиб ва жазирамадан мадорим қуриб, бурчакдаги кўк сандиқда ўтирар эдим. Бўялмаган тахта деворлар, уй анжомлари ва охра сурилган поллардан офтобда қовжираган қуруқ ёғоч иси келиб турарди. Қаёққа қарасанг, ғув-ғув пашша… Бобом билан арман пичирлашиб, нуқул мол боқиш, яйлов ва қўйлар тўғрисида гапиришарди… Мен самовар қайнагунча бир соат ўтишини, бобом камида бир соат чой ичишини, кейин икки соатча ухлашини, менинг чорак куним кутиш билан ўтишини, ундан кейин яна жазирама офтоб, чанг ва йўл азоби бошланишини билар эдим. Мен икки одамнинг ғўнғир-ғўнғир гаплашишини эшитиб тураман, кейин шу арман, идиш-товоқ турган шкаф, пашшалар, кун қизиғи уриб турган деразалар узоқ вақтдан бери кўз олдимда тургандай ва улар ҳали-вери кўз ўнгимдан йўқолмайдигандай туйилар, шундан кейин чўл, қуёш, пашшага нафрат билан қарайман…
Рўмол ўраган бир украин аёл патнисда идишларни, кейин самовар олиб кирди. Арман секин қимирлаб даҳлизга чиқиб чақирди:
— Машя! Бу ёққа кел, чой қуй! Қаёқдасан? Машя!
Шошиб-пишиб келаётган оёқ товуши эшитилди ва уйга ёши ўн олтиларга борган бир қиз кириб келди; унинг эгнида оддий чит кўйлак, бошида оқ дурра бор эди. Қиз идишларни ювиб, чой қуйиб, менга орқасини ўгириб тураркан, бели хипча, оёқяланг эканини пайқадим; товончаларини узун лозим беркитиб турарди.
Хўжайин мени чойга таклиф қилди. Стол ёнига келиб ўтираётиб, менга стакан узатаётган қизнинг юзига назар ташлашим билан қалбимда тўсатдан худди шамол туриб, кундузги бутун таассуротлар, зерикишлар, чанг-тўзонларни учириб кетгандай бўлди. Мен бу қизнинг чеҳрасида умримда ва тушумда кўрган гўзалларнинг энг жозибали белгиларини кўрдим. Кўз ўнгимда чақмоқдай ярқираб бир гўзал турар эди.
Мен Машанинг, ёки отасининг тили билан айтганда Машянинг ҳақиқий гўзал эканини тасдиқлаш учун қасам ичишга тайёрман, аммо буни исбот қилолмайман. Баъзан шундай бўлади: булут уфқда бетартиб уймалашади ва унинг орқасига яширинган қуёш булутларни ҳам, осмонни ҳам турли-туман рангга бўяйди: осмонда қизил, тўқ сариқ, олтинсимон, бинафша, хира пушти ранглар ҳосил қилади; булутларнинг бири монахга, иккинчиси балиққа, учунчиси эса саллали туркка ўхшайди. Шафақ ҳавонинг учдан бир қисмини қоплайди, черков гумбазлари ва бойларнинг дераза ойнасида ярқирайди, дарё ва кўлмак сувларда акс этади, дарахтлар учида жимирлайди; бир гала ёввойи ўрдак жуда олисда, шафақ қўйнида, ётгани аллақаёқларга учиб кетади… Сигирларни ҳайдаб кетаётган чўпон бола ҳам, бричкада тўғондан ўтиб кетаётган ер ўлчовчи ҳам, сайр қилиб юрган жаноблар ҳам — ҳаммаси кун ботишига қараб, бу манзаранинг гўзаллигига бир оғиздан тан беради, бироқ бунинг гўзаллиги нимадан иборатлигини ҳеч ким билмайди ҳам, ҳеч ким айтиб беролмайди ҳам.
Арман қизининг гўзаллигини ёлғиз мен эмас, хотин-қизларга ва табиий манзараларга бепарво саксонга кирган чол бобом ҳам пайқади; у Машага бир пас маҳлиё бўлиб қолди-да:
— Бу сизнинг қизингизми, Авет Назарич? — деб сўради.
— Қизим, ҳа. Менинг қизим… — деб жавоб берди хўжайин.
— Яхши қиз экан, — деди бобом.
Арман қизини кўрган рассом жуда бежирим, антиқа гўзал деб айтарди. Бу қизнинг хуснига бир назар ташласангиз, худо билсин, кўнглингизга бутун сохти тўғри, сочи, кўзи, бурни, оғзи, бўйни, кўкрак ҳамда ёш баданининг барча хатти-ҳаракатлари бир-бирига монанд ва уни яратишда табиат ҳеч қандай хато қилмаган, деган фикр келади; негадир энг гўзал хотинларнинг бурни худди Машаники сингари тўғри ва хиёл қирра бўлиши, қоп-қора шаҳло кўз, киприклари шундай узун, боқишлари хумор бўлиши керак; унинг қоп-қора жингалак сочлари ва қошлари ҳам мулойим, оппоқ манглайи ва юзига худди сокин анҳор бўйидаги кўм-кўк қамишдай ярашиб турибди; Машанинг оппоқ бўйни ва яхши етилмаган нозик кўкрагини тасвирлаш учун жуда катта ижодий талантга эга бўлиш керак. Унга қараб турсангиз ёқимли, самимий, худди унинг ўзи сингари гўзал бир гап айтишни кўнглингиз тусаб қолади.
Машанинг менга бутунлай эътибор бермай, ерга қараб туриши дастлаб менга алам қилди ва хийла изза бўлдим. Гўё аллақандай бир бахтиёр ва мағрур ҳаво уни мендан ажратиб турар ва рашк билан уни менинг назаримдан ҳимоя қиларди.
«Ҳамма ёғим чанг бўлгани, офтобда қорайиб кетганим, ўзим ҳам ёш бўлганим учун шундай қиляпти» деб ўйладим.
Аммо, бора-бора мен ўз тўғримда ўйлашни унутиб, бу гўзалга бутунлай маҳлиё бўлиб қолдим. Энди чўл азоблари, чанг-тўзонларни ҳам унутдим, пашшаларнинг ғувуллаши ҳам қулоғимга кирмай қолди, чойнинг ҳам мазасини сезмадим, фақат столнинг нарёғида турган чиройли қизни сезардим, холос.
Мен гўзалликка ғалати бир тарзда маҳлиё эдим. Маша менда на орзу, на шавқ-завқ ва на ҳузур-ҳаловат қўзғади, аксинча, ёқимли бўлса ҳам, оғир бир маъюслик келтирди. Бу маъюслик худди ғалати туш каби ноаниқ ва бетайин эди. Негадир мен ўзимга ҳам, бобомга ҳам, арманга ҳам, арман қизига ҳам ачиниб кетдим; қалбимда шундай бир туйғу бор эдики, гўё тўрталамиз ҳам ҳаётимиз учун муҳим ва зарур бўлган нарсани йўқотиб қўйганмиз-у, энди уни ҳеч қачон топиб бўлмайди. Бобом ҳам маъюс бўлиб қолди. Энди у ўтлоқ ва қўйлар тўғрисида гапирмай, индамай, ҳаёлга чўмиб, Машага қараб ўтирарди.
Чойдан кейин бобом ётди, мен эшик олдидаги зинапояга чиқиб ўтирдим. Бахчи-Салахдаги ҳамма уйлар сингари бу уй ҳам куннинг тиғида; бу ерда на дарахт, на пеш айвон ва на соя бор эди. Арманнинг, олабуталар ўсиб, бир-бирига туташиб кетган катта ҳовлиси, жазирама офтоб бўлса ҳам гавжум ва обод эди. Катта ҳовлининг у ер ва бу ерига тортилган пастаккина четан деворлардан бири ичида ғалла янчилмоқда. Хирмоннинг ўртасига ўрнатилган хода атрофида қатор боғланган ўн иккита от катта доира олиб, тўхтовсиз айланмоқда. Отларни узун нимча ва кенг чалвор кийган бир украин ҳайдаб юрар, у қамчисини ўйнатиб бақирар, гўё отларни чўчитмоқчи ва ўзини кўрсатмоқчи бўлар эди.
— А-ҳа-ҳа, ҳо ҳа, лаънатилар! А-ҳа-ҳа-ҳо… Ҳа, жонинг чуққурлар! Қўрқмас экансанлар?
Тўриқ, оқ ва чавкар отлар нега нуқул бир жойда айлантириб, буғдойпояни пайхонлашга мажбур қилаётганларини тушунмагандек истар-истамас, зўрға юришар ва гўё ранжиб думларини силкишар эди. Шамол отларнинг туёғи остидан булут сингари кўтарилаётган сап-сариқ олтиндай тўпонларни ҳавога учириб, четан девордан нарига, олис-олисларга олиб кетарди. Баланд янги ғарам олдида қўлига хаскаш ушлаган аёллар ғимирлар ва шу ерда келаётган аравалар ҳам кўринарди; шу ғарамнинг нариёғида, бошқа ҳовлида, яна бир тўда от хода атрофида айланмоқда эди; бу отларни ҳам боягидака бир украин қамчилаб, уларга ўзини кўрсатмоқчи бўларди…
Мен ўтирган зинапоялар қайноқ эди; сийраккина панжаралар ва дераза ромларининг баъзи жойларидан иссиқдан ёғочнинг елими чиқиб кетибди; зинапоялар ва дарча эшиклари остига тушиб турган сояда қизил қўнғизчалар қатор тизилиб қолибди. Куёш менинг бошимни, кўкрагимни, белимни қиздирар, лекин мен пайқамай, фақат орқамдаги соя жойда ва уйлардаги тахта полда ялангоёқ юрганларни сезардим. Маша чойнак-пиёлаларни йиғиштириб, югурганича зинадан тушиб, ўз шамоли билан мени елпиб кетди, у худди қушдай учиб бориб, тутундан сарғайиб кетган кичик бир бостирмага кирди, у ер ошхона бўлса керакки, қўй гўшти қовурдоғининг иси анқиб, арманча сўзлар қаттиқ-қаттиқ эшитилиб турарди. Маша ғойиб бўлиши билан юзлари қип-қизил, чалвор кийган букчайган бир арман кампир кўринди. Кампир жаҳли чиқиб бировни қарғарди. Кўп ўтмай остонада Маша кўринди, ошхона иссиғидан юзлари қизариб кетган, елкасига катта буханка қора нон қўйиб олганди; Маша нон оғирлигидан нозик ниҳолдай эгилиб-букилиб ғириллаганча ҳовлидан хирмон томон кетди, лип этиб четан девордан ўтди ва булутдай кўтарилган тилла ранг тўпонга шўнғиб, аравалар орқасида кўздан ғойиб бўлди. Буғдой янчаётган украин қамчисини ерга тушириб, жим бўлиб қолди ва бир пас шу зайилда аравалар томон тикилиб қолди, кейин арман қизи яна отлар олдидан йўрғалаб бориб, четан девордан хатлаб ўтгунча уни кузатиб, кейин ранжигандай, отларга:
— Ҳа, жонинг чиққурлар! — деб бақирди. Шундан кейин мен қизнинг қадам товушларини эшитиб, жиддий ва ташвишли бир қиёфада ҳовлида у ёқдан бу ёққа югуриб юрганини кўриб ўтирдим. Маша ўз шамоли билан мени елпиб зинадан югуриб тушар, дам-бадам ошхонага, хирмонга, дарвоза томонга ғириллаб ўтар, мен бўлсам олазарак бўлиб уни зўрға кузатиб турардим.
Қиз кўз олдимда хуснини намойиш қилган сари менинг маъюслигим орта борарди. Мен, ўзимга ҳам, қизга ҳам, у ҳар сафар булутдай кўтарилган ғалла тўпони орасидан арава томонга югуриб ўтган пайтда тикилиб турган украинга ҳам ачиниб кетдим. Мен унинг хуснига хасад қиляпманми, ёки бу қиз меники бўлмагани учун ва ҳеч қачон меники бўлмаслиги учун ва мен унга бегона бир одам бўлганим учун афсус қиляпманми, ёки унинг нодир гўзаллиги тасодифий ва кераксиз бир нарса ҳамда ер юзидаги барча нарсалар сингари боқий эмас, деб безовта бўляпманми, ё бўлмаса, менинг маъюслигим ҳақиқий гўзални кўриш билан кишида пайдо бўладиган айрим бир туйғуми эканини билолмас эдим!
Шу зайилда уч соат ўтиб кетганини билмай қолдим. Мен Машани тўйиб кўролмагандек эдим. Карпо анҳорга бориб, отларни чўмилтириб келибди, мана энди аравани ҳам қўшяпти. Чўмилтирилган от ҳузур қилиб пишқирар ва туёқлари билан шотини тақиллатиб қўярди. Карпо унга «но!» деб бақиради. Бобом уйқудан турди. Маша бизга дарвозани ғиқиллатиб очиб берди, биз аравага ўтириб, ҳовлидан чиқиб кетдик. Биз худди бир-биримиздан аразлагандай индамай борар эдик.
Орадан икки-уч соат ўтгач, узоқдан Ростов ҳамда Нахичеван кўрингандан кейин, ғиқ этмай келаётган Карпо ярқ этиб бизга ўгирилиб:
— Арманнинг рост қизи бор экан-да! — деди-да, отларга қамчи босди.

II

Бошқа бир сафар, студентлик вақтимда, темир йўлдан жанубга қараб кетаётган эдим. Май ойи эди. Стантсиялардан бирида, чамаси Белгород билан Харков ўртасида бўлса керак, платформани бир айланиб келай деб, вагондан чиқдим.
Стантсия боғчаси, платформа ва далаларга кеч кўланкаси ястанган эди; вокзал биноси ботаётган кунни тўсиб турар, аммо паровоздан чиқаётган паға-паға тутун ҳавога кўтарилиб, ним пушти рангга беланиб кўринишидан ҳали кун ботиб кетмагани билинар эди.
Платформада у ёқ бу ёққа юриб, бундай қарасам, сайр этиб юрган йўловчиларнинг кўпчилиги фақат битта иккинчи класс вагони олдига тўпланишарди ва уларнинг чеҳрасида «бу вагонда аллақандай бир машҳур одам бор» деган маъно акс этиб турарди. Бу вагон олдида турганлар орасида, буни қарангки, менинг йўлдошим — зийрак артиллерия офицери ҳам бор экан; унинг йўлда тасодифан танишиб, тезда ажрашиб кетиладиган ҳамма одамлар сингари ёқимтой ва истараси иссиққина эди.
— Бу ерда нимани томоша қиляпсиз? — деб сўрадим.
У ҳеч қандай жавоб қайтармай, кўзлари билан бир қизнинг қоматига ишора қилиб қўйди. Бу ўн етти ё ўн саккизларга кирган ёшгина қиз эди; кийим-кечаклари русча, бошяланг ва бир елкасига мантилка ташлаб қўйибди, ўзи йўловчи эмас, чамамда, стантсия бошлиғининг қизи ёки синглиси бўлса керак. Қиз вагон дарчаси олдида бир йўловчи кампир билан гаплашиб турар эди. Мен ҳозир кўриб турган қиз тўғрисида бирон фикрга келмасимданоқ, бир вақтлар арман қишлоғида дуч келган гўзални кўрганимдаги сингари туйғу бутун вужудимни чулғаб олди.
Қиз чиндан ҳам бениҳоят гўзал эди, бунга менда ҳам ва мен билан бирга қизни томоша қилиб турган кишиларда ҳам шак-шубҳа йўқ эди.
Агар бу қизнинг сиртқи кўринишини одатдагича қисмларга бўлиб тасвир этиш жоиз бўлса, ҳақиқатан ундаги энг гўзал нарса фақат жингалак, қалин малла сочи ва бошига ҳурпайтириб боғлаган қора лентаси эди; қолганларининг ҳаммаси келишмаган, ё бўлмаса жуда содда эди. Ноз-карашма учунми, ёки узоқни илғамаслиги учунми кўзларини сузиб турарди. Бурни хиёл чўччайган, оғзи кичкина, ёнидан қараганда кўримсиздай, ёшига қараганда елкалари хиёл торроқ эди, шундай бўлса ҳам бу қиз чинакам гўзалдай таассурот қолдирарди; мен унга қараб рус қизининг чиройли кўриниши учун юз тузилиши тўппа-тўғри бўлиши шарт эмас экан, деган фикрга келдим. Чамамда қизнинг чўққайган бурни ўрнига арман қизиники сингари қирра бурун қўйилса, чеҳрасидаги гўзаллик йўқолар эди.
Гўзал қиз вагон деразаси олдида кечки шабнамдан жунжиб гаплашиб туриб, гоҳ биз томонга қараб қўяр, гоҳ икки қўлини белига тираб олар, гоҳ сочларини тўғрилаш учун қўлларини бошига кўтарар, гапирар, кулар, чеҳрасида гоҳ ҳайрат, гоҳ даҳшат аломатлари акс этар ва мен унинг бадани ҳамда чеҳраси бир он тинч турганини кўрмадим. Ундаги гўзалликнинг бутун сири ва сеҳри мана шу майда, ниҳоятда нозик ҳаракатлар, жилмайиш, юз ҳаракатлари, биз томонга тез-тез назар ташлашлар, бу нозик ҳаракатларнинг ёшлик, маъсумлик, софдиллик билан мос келишида, кулган ва гапирган чоғларидаги майинликда эди; унинг бутун қилиқлари, бизга ёқадиган ёш болалар, паррандалар, ёш кийиклар ва ёш дарахтлар сингари нозик эди.
Унда парвона гўзаллиги бор эдики, боғларда гулдан гулга учиб-қўниб, ўйнаб-кулиб, хурсанд бўлиб юришгина ярашар, жиддий ўй, қайғу-ҳасрат ва бир ерда жим туриш унга муносиб эмасди; бу нозик вужуднинг бирдан сўлиб қолиши ва ноз-карашмаларнинг худди гул чангидай сочилиб кетиши учун платформани яхшигина шамол елпиб ўтиши ёки ёмғир томчилаши кифоядек эди.
Иккинчи қўнғироқдан кейин биз ўз вагонимизга қараб жўнаганимизда:
— Шундай… — деб ғўлдиради офицер, чуқур нафас олиб.
Нега «шундай» деб қўйганига тушунолмайман.
Эҳтимол, гўзал қизнинг ёнидан, баҳор оқшомидан узоқлашиб, дим вагонга киргиси келмай уни қайғу-ҳасрат босгандир, эҳтимол, у ҳам менга ўхшаб гўзал қизга, ўзига, менга ва оёқлари тортмасдан, ўз вагонларига судралиб кетаётган ҳамма йўловчиларга ниҳоятда ачиниб кетгандир. Офицер стантсия деразалари олдидан ўтиб кетаётган пайтда, ичкарида бир рангпар, малла соч телеграфист ўз аппарати ёнида ўтирган эди; унинг жингалак сочи ҳурпайган, ранги ўчган, ёноқ суяклари туриб чиққан эди, офицер ўшанга қараб туриб уҳ тортди ва:
— Гаров ўйнайман, мана шу телеграфист ўша нозанинни яхши кўради — деди. — Дала жойдаги ёлғиз уйда шундай париваш билан бирга ўтириб, унга ошиқ бўлмаслик учун ниҳоятда кучлик ирода керак. Оҳ дўстим, қадди-қомати кўримсизгина бўлса ҳам, рисоладаги одам бўла туриб, ўзини сариқ чақага олмайдиган чиройликкина ва енгилтак бир қизга ошиқ бўлиш нақадар бахтсизлик, нақадар кулгили! Ундан ҳам ёмони шуки, бу телеграфист қизни яхши кўриб қолган, бунинг устига хотини ҳам бор ва хотини ҳам худди ўзига ўхшаган кўримсизгина бўлса ҳам рисоладаги аёл… Бу ҳолнинг турган-битгани азоб!
Бизнинг вагонимиз олдида майдончанинг панжарасига суяниб ўша нозанин томонга қараб кондуктор турар-ди; унинг ҳорғин, салқи, уйқусиз кечалар ҳамда вагондаги урунишлар туфайли толган лўппи юзида ғам-ғусса ва маъюслик акс этмоқда эдики, гўё у ўша гўзал қиз сиймосида ёшлиги, бахти, тетиклиги, покизалиги, хотин бола-чақаларини кўраётгандай, гўё бу қиз уники бўлмагани учун ўзи билан оддий одамлар, йўловчилар бахти орасида, унинг барвақт қариб қолган, беўхшов ва лўппи юзлари орасида ер билан осмонча фарқ борлигига ўксинар ҳамда уни бутун вужуди билан хис этар эди.
Учинчи занг урилди, ҳуштак чалинди ва поэзд аста қўзғалди. Бизнинг ойнадан дастлаб кондуктор, стантсия бошлиғи, кейин боғ ҳамда ажиб бир қиёфада боладай илжайиб турган гўзал қиз лип этиб ўтди…
Мен вагондан бошимни чиқариб, орқага қарадим, гўзал қиз поэздни кузатиб, телеграфист ўтирган хона деразаси олдидан платформа бўйлаб ўтди-да, сочларини тўғрилаб, ғириллаганича боққа кириб кетди. Энди ғарб томонни вокзал бинолари тўсиб турмас, сайхонлик очиқ, аммо кун ботган ва паға-паға бўлиб бурқираётган қоп-қора тутун кўк духоба сингари мавж уриб турган кузги экинлар узра ёпилмоқда эди. Баҳор ҳавоси ҳам, қорайиб бораётган осмон ҳам, вагон ичи ҳам ғамгин эди.
Вагонимиз кондуктори кириб, шамларни ёқа бошлади.

А. Алиев таржимаси

______________
Ҳикоя дастлаб «Новое время» газетасида босилган, 1888, №4513, 21 сентябр. Имзо: Ан Чехов. Тузатишлар билан «Артист» журнали нашри — «Между прочим» номли тўпламга, 1894, Москва, яна тузатишлар билан автор 1901 йилда чиққан 3-том Асарлар тўпламига киритган.