Соланж Виоланс, таниқли адиба, кўзларини осмонга тикиб, даҳанини юқорига кўтариб, бурун катакларини кенг очиб, худди охирги китобининг сўнгги бобидагидек, деди:
— Азизим, мен сени бутун аёллик назокатим билан севаман.
— Оҳ! Соло!— деб ўкирди унинг сонлари орасидаги одам.
У ёзувчи бўлмагани учун аёлнинг оддий ва мардона эҳтиросига ҳеч нарса қўшишни билмади.
Жак Бруйду оғзаки нутқининг заифлигидан унинг ошиғи олчи эди. Шу сабабли Соланж Виоланс икки киши учун гапириш шарафига эга эди.
— Сен!— қичқирди у, йигитнинг бошини ўзини машҳур қилган икки қўли орасига олиб, — менинг иш жойимдаги бу висол дамларининг қанчалик лаззатли эканлигини сезаяпсанми? Мана, сен ҳатто менинг заковатимнинг тўридасан, романларимнинг махфий, ишқий харамларидасан. Улар мени сендан рашк қилишади, гўзал махлуқ!
Уни худди муваффақият қозонган биринчи китоби «Хушбўй йўқотиш» дагидек орқасидан қучоқлади.
— А! Соло!—дея олди яна Бруйду.
Соланж пичирлаб, унинг лабларига бармоғини босди:
— Жим, шум фаришта, сенинг ниятингни тушундим! Сен гапирганингда, назаримда, бир оғиз қимирлаётган бўлади, лекин ундан таралаётган ниятни юрагим билан сезаман. Ол, мени кенг эркак қучоғингга! Уятчанглигимни эзиб ташла! Эркала, ғазабимни камайтир! Агар менинг ҳушёрлигимни буза олсанг, мен сендан миннатдор бўлар эдим!
— Ҳафтанинг охиридан олдинроқ эрингнинг қайтиб келмаслигига ишончинг комилми?— деб сўради Бруйду.
— Эрим? Менинг эрим борми? Йўқ, сен шу ерда экансан, у йўқ! У йўқ, чунки мен сени севаман! У йўқ, чунки биз бахтлимиз!
— У етти-ю ўн еттидаги поездда кетган эди-а, шундайми?
— Эҳтимол! Мен бу ҳақда ҳеч нарса билмайман! Билишни ҳам хоҳламайман! Менга у ҳақда саволлар берма! Менга жадваллар, айланма йўллар, статистик маълумотлар, ҳар хил солиқлар ва пиёдалар учун йўлакчалар борлиги ҳақида гапирма!
— Қандай чиройли гапирасан-а, Соло, мен сенга қараб завқланаман. Сен унга фурсатдан фойдаланиб, ҳеч қаерга чиқмасдан, келгуси китобинг устида ишлашинг ҳақида айтганмисан?
— Менинг келгуси китобим бу сенсан, қора қуёшим, ипак нарвоним, қўш қанотим, кўз нурим ва ёшим!
— Оҳ, Соло! Сен мени мафтун қилаяпсан, — деб ингради Бруйду.
У завқ билан оппоқ ва дўмбоқ юзи хонанинг ним қоронғисида худди чироқ сингари ёниб турган бу гўзал мавжудотга тикилиб қолди.
“Минус” ўлчов аппаратлари фирмаси директорининг, яъни ўз хўжайинининг хотини билан қилаётган ишқий алоқасига ҳам, мана, олти ой бўлибди. Жак Бруйду бундай омадга ўзи ҳайрон қоларди. Албатта, у озғин, ўрта бўйли, қора сочли, бўйдоқ йигит эди. Лекин, номи ва сурати бутун Париж рўзномаларида босилган машҳур Соланж Виоланс муҳаббатини қозонишга ўртача хислатли одамники етарли бўлишини ҳечам тасаввур қилмаган эди. Бироқ иш Соланж ташкил этган аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва Шимолий Африка билан савдо алоқаларини ривожлантириш бўйича ўтказилган конференцияда осонгина ҳал бўлди. Ўшанда хўжайиннинг хусусий меҳмонхонасида зиёфат берилган эди. Семиз Леон Виоланс ўзининг кичик котиби Бруйдуни байрамга таклиф этган эди. Кичик котиб ёзувчи аёлнинг гўзаллиги, лобарлиги, дилбарлиги олдида лол қолганди. Бруйдуга ўз орзуларини ширин ҳақиқатга айлантириш учун уч кунгина кифоя қилди. Мана, олти ойдан бери у орзуларидан ҳам кўпроқ ишқий саргузаштларни кўрди.
Семиз Виоланснинг Брюсселга, конгрессга кетиши айни муддао бўлди, бунақа омад ҳеч келмаган эди.
— Ниҳоят, — деган эди Соланж, — биз жуда тўлиб кетган ҳирс, эҳтиросларимизни ўзга ва бизга муносиб жойларда қондириш имкониятига эгамиз.
У уй хизматкорларига рухсат бериб юборди. Биринчи бўсалар олиб бўлингандан сўнг, ҳирслар қондирилгандан сўнг, дилдаги гаплар айтилиб бўлгандан сўнг, аёл Бруйдуни эшилган хамирдан таом тайёрлайдиган қора хушбўй ҳид тарқатувчи хитой ресторанига ўхшаш ошхонасига етаклади. Ошхонага кириб, унинг гўзаллигидан лол қолган Бруйду қичқириб юборди:
— Худди “Бадан жозибаси”дагидек.
Аёл уни криветкалар ва помидор бўлаклари солинган идишлар орасидан олиб ўтди ва қути устига ўтқазиб, улфатлашишга чорлади.
— О, Соло, менинг қорним оч эмас.
— Жим бўлинг ва улфатчилик одобига бўйсунинг, коинот яй- ловининг қўпол одами!
— Соло! Соло!
— Сочиқни ёйинг, бўйнингизга тақинг, санчқини олинг ва севгини унутинг! Оҳ, қандай байрам, қандай байрам! Мен оёғимни ерга қўймасдан, рақсга тушгим келяпти, мисоли парилардек! Мен хоҳлаяпманки…
Бирдан у тўхтаб қолди, даҳшатдан даҳани осилиб, кўзлари тиниб, бурнининг учи оқариб кетди. Кимдир эшик қулфини калит билан очаётган эди. Эрининг оёқ товушлари сукунатни эгаллаб олди. Бу вазмин, аниқ қадамлар уй эгасининг қадамлари эди. Муҳитнинг кучсиз босими таъсирида аёл кўзи олдида хонадаги ҳамма нарсалар ор- қага юриб кетди. Ниҳоят, эшик очилди. Леон Виоланс ошиқ-маъшуқлар олдида худди жавон сингари пайдо бўлди.
Унинг бурни худди охиригача тортиб чиқарилганга ўхшарди, юзининг шиши шалвиллаган, мурдадек ранги ўчган, сариқ мўйлаби остидаги қўрқинчли оғиздан нафас чиқарарди. У муштини кўтарди, кейин гўё кераксиз колбаса халтаси сингари ўз белига қайтариб туширди.
— Нима қилаяпсизлар бу ерда? — деди у.
— Леон,—минғирлади Соланж.
Аёл унинг бу важоҳатини ўзининг “Эркак қасоси” романида тасвирлаганини алам билан эслади.
— Сиз бу ерда нима қиляпсиз, Бруйду?— такрорлади Леон Виоланс, ғазабдан унинг овози бир парда кўтарилди.
Бруйду, суяксиз одамдек бўшашиб кетди, ранги оқариб, лабларини бир нималар деб, амаллаб қимирлатди. У бу даҳшатли саргузаштнинг поёнини кўз олдига келтирди: ҳозир стуллар қарсиллаб синади, идиш-оёқлар парча-парча бўлади ва дарз кетади. У шарманда бўлди, бу ҳам майли-я, лекин Соланжни умрбод йўқотди. Семиз Виоланс уни дуэлга ҳам чақириши мумкин, бу одам ҳамма нарсага қодир. Эсанкираб қолган Бруйду ўзининг севги йўлдошига тиланчи нигоҳи билан қаради. Кўрдики, Соланж ҳам ундан баттар саросимада қолган. Унинг боши эгилган, нигоҳи сўлган, худди у хаёл дарёсига ғарқ бўлгандек турарди.
— Хўш? Мен сизларга гапиряпман! — деб қаттиқ қичқирди Леон Виоланс.
Соланж титраб кетди. Яна бир неча сониялар, ундан кейин жавоб беришга жуда кеч бўлади! Лекин нима дейиш мумкин? Ёзувчи аёл ўзининг бутун ижодий салоҳиятини ёрдамга чақирди. Лекин унинг ҳикояларидаги қаҳрамон аёллар, баронесса Андингидан тортиб то кичик Сюзи Амбруазгача, лобар Элиана Боллидан ҳаракатчан Нана де Гратадагача унинг чақирувига жавоб беришмади. Бу жуда ҳам аҳмоқона аҳвол эди! Бу, машҳур Соланж Виоланс, ўз асарлари қаҳрамонлари бўлмиш қанчадан-қанча аёлларни турмуш чорраҳаларидан эсон-омон олиб ўтган, рашкчи эрлари билан яраштирган, асарда бироз кўриниб ўтувчи жуфтларни ҳар хил вазиятлардан соф олиб чиққан, наҳотки ўзини-ўзи ҳимоя қилиш учун, ўзини оқлаш учун ҳеч қандай баҳона топа олмаса? Одамлар бу аёл бутун ақл-заковатини китобга берибди-ю, лекин кундалик ҳаётда қўллаш учун ўзига ҳеч нарса қолдирмабди-да, дейишлари мумкин. Бу эси паст Бруйду нуқул енгидаги тугмачаларни тортиб, асабингга тегаяпти. Бу семиз Леон бўлса, худди ичаксимон шарга ўхшаб, ўтаётган ҳар сония ичида шишиб борарди. Агар унга жавоб берилмаса, у албатта, ёрилиб кетади, бу аниқ. Вақтни ютиш учун у ғулдирарди:
— Сен, сен Брюсселга кетмадингми? …
Айнан шу гапни айтиш керак эмас эди. Бруйду башарасини бужмайтирди. Семиз Виоланснинг энсаси қотди ва тўнғиллади:
— Мен сенга ҳисобот бермайман, мен уни сендан талаб қиламан. Битта телеграмма идорага келган экан… Буйруқни бекор қилиш… Лекин бу нима қилаяпти бу ерда?
— Ҳа, яхши, бу жуда оддий… дудуқланди Бруйду.
— Ҳа, ҳа, бу жуда оддий, деди Соланж.
— Сенингча, бу оддийми? — ғўлдиради Леон. Менинг уйимда, ясатилган стол устида ва ярим яланғоч хотиним олдида бу кимса нима қилаяпти?
— Эшит,— гап бошлади Соланж. — Жаноб Бруйду ўтиб кетаётган экан… ва, тўғриси, у ўтиб кетаётиб…
Виоланснинг қошлари чимирилиб, шунчалик бир-бирига боғланиб кетдики, бурнининг томири билан туташиб, бир тутам бўлиб қолди. Кўзлари олайиб, худди шар сингари думалоқлашди. Оғзи қийшайиб, муштумлари ўз-ўзидан сиқилди.
— Хаёлингга нима келди, Леон? — қичқирди Соланж.— Эҳтиёт бўл, баъзибир шубҳалар туфайли аёл иффатини поймол қилиш инсофдан эмас. Эркаклик рашкини тўкиб солишнинг ҳам чегараси бор. Мен сендан ўзаро ҳурматни ва бир-биримизни тўғри тушунишни талаб қиламан. Жаноб Бруйду мени кўргани келгани рост…
— Яхшиям уни танир экансан, хурсандман…
— У мени кўргани келди, чунки… чунки…
— Ҳа, нима учун?—сўради Леон.
— Ҳай, майли, бу жуда нозик масала эди… Бир иш бор эди…
— Мен тушунмаяпман, менинг шахсий котибим билан сенинг ўртангда қандай иш бўлиши мумкин?
— Шундай ишки, шундай ишки…
Бруйдудан катта-катта тер томчилари чиқа бошлади. Соланж қип-қизариб, сочлари тўзғиб, кўзларида ёш билан турарди. Виоланс эса тишларини ғичирлатиб, сўкина бошлади:
— Шундай иш эдики… Мен буни сенга айтишим керакмасди… У мендан буни сенга айтмаслигимни ялиниб сўраган эди…
Бирдан Соланжнинг саросимали юзида малакларга хос табассум пайдо бўлди. У чуқур нафас олди ва ёқимли товуш билан деди:
— Сен ҳаммасини билишни хоҳлайсанми? Ҳа, майли! Бечора Бруйдугинам, мен унга бизнинг кичкинагина сиримизни ошкор этишга мажбурман.
Бруйду унинг нима айтмоқчи эканлигини билмай, жуда қўрқиб кетди, гўё унинг кўкрагида юраги пастга тушаётгандай бўлди.
— А?— дeя олди у ёқимсиз товуш билан.
— Ҳа,—деди Соланж, — Бруйду менинг олдимга келди, чунки у бир романни ёзиб тугатибди, бирор нашриётга топшириш учун у менинг ёрдамимга муҳтож.
— Уффф! – нафас чиқарди Бруйду.
— Менинг қулоғимга нимани осаяпсан, а? —деди Виоланс наф-рат билан.
— Фақат ҳақиқатни, азизим.
Виоланс дам хотинига, дам котибига, дам туфлисининг учига қарарди. Тўсатдан у хандон отиб кула бошлади.
— Буни қаранг-а! Буни қаранг!
— Кулишга ҳечам ҳожат йўқ, — деди Соланж. — Бруйдунинг романи эътиборга молик, арзирли асар. Лекин бизнинг ёш муаллифимиз чуғурчиқ сингари камтар. Ҳатто қўлёзмани менга ташлаб кетишни раво кўрмади. Яна, идора ишларини ташлаб, адабий иш билан маш-ғул экан деб сенинг гумонсирашингни у хоҳламади.
— Қандай ғоя!— кесатди Виоланс, мен онгсиз ҳайвон эмасман-ку!
— Мен ҳам унга шундай дедим, жоним. Барибир у хотиржам бўлаолмади. У мендан бизнинг кичкина адабий алоқамизни сендан сир тутишни ўтиниб сўраган эди. Мен эса сенинг йўқлигингдан фойдаланиб, романи ҳақида бафуржа гаплашиш учун уни бу ерга таклиф қилдим.
Леон Виоланс бундай тинчлантирувчи гапларни эшитгандан сўнг, ўзини эркалатишга қўйиб берди. Гумонлари, қўрқувлари тарқагандан сўнг, у ўз ҳолига қайтди ва унинг назарида ҳаёт янада лаззатлироқ бўлиб кетди. Юзига пушти ранг югурган, қарашлари тиниқлашган Леон қўли билан котибининг елкасини силаб деди:
— Вой ичидан пишган одам-ей! Вой муғомбир-ей! Демак, сиз ҳам адабиётга берилиб кетибсиз-да? Қандай касаллик! “Бруйду ёзувчи”, “Бруйду романист!” Кечиринг мени, бунга сира ўргана олмаяпман!
— Мен ҳам, жаноб Виоланс, —деди Бруйду.
Виоланс қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди, ҳатто оғзи қулоғигача етиб борди.
— Ҳазилкаш! Хотиним шуҳратига ҳавас қилдингизми? У сизга ўрнак бўлдими? Ёки сизнинг бошингизни айлантириб, “китоб ёз” дедими?
— Э… йўқ… ҳа… ҳа, — дея олди Бруйду.
— Ҳа, хотиним жавобгарликни жуда яхши ҳис қилади, у масъулиятли аёл. Сизни бу ерга таклиф қилиб, нашриётчилар олдида сизга ёрдам беришга ваъда бериб, жуда яхши қилибди. Айтинг-чи, азизим, бу романингизнинг сарлавҳаси нима, у қандай номланади?
— Номими? Сарлавҳасими? – деди Бруйду тиззалари қалтираб.
— Ҳа,—деди Виоланс.
— Унинг номи “Иссиқлик доми”, – деди Соланж шошилиб.
— “Иссиқлик доми?” Лекин, азизим, бу уятсизлик-ку! – ҳиринглаб кулди Виоланс, “Иссиқлик доми!” Эҳ! Мен бир ўқиб чиқсам бўлар экан! Бу роман мени қиш кунларида роса иситса керак-а?! Менинг 20 ёшли, навқирон давримни эслатса керак! “Иссиқлик доми!”
Бруйду қийналиб кетди, унинг гапларига жилмайишга зўр бериб ҳаракат қиларди.
— Романнинг сюжети қанақа? – деб сўраб қолди Леон.
— Бу, — дудуқланди Бруйду, — сюжети жуда оддий. Гап бир аёл ва бир эркак ҳақида кетади.
— Улар бир-бирларини севишадими? — деди Виоланс.
— Ҳа!
— Жин урсин, жуда оригинал-ку бу, азизим!
— Қандай аниқлик! — ҳиринглади Леон.
— Бечора боланинг жиғига тегма, Леон, — деди Соланж. У жуда уятчан, уни уят пардалари, номус шокилалари, қизлик қўрқувлари бутунлай қамраб олган… Бу ёш муаллифни янги, жуда мўрт, жуда соф, мисоли қор конфети дейиш мумкин!
—Э-э-э, жуда зўр! — қичқириб юборди Виоланс. — Ишонаманки, “Қор конфети” бу оқшом биз билан овқатланиб, бизга мурувват кўрсатади. Ва биз унинг китоби учун ичамиз! Соланж, яна бир кишилик анжом қўй!
Виоланс овқат вақтида ўз кайфиятини кўтариш учун ўзини қабиҳларча тутди. У Бруйдунинг жиғига тегиб, романдаги ишқий кўринишлар унинг илҳомига қандай келишини сўради, шоирсифат вақт ўтказишидан нолиди ва уни 24 ёшида Франция Академиясига аъзо бўлишини башорат қилди. Бруйду эса хўжайинининг ҳамла-ҳужумларини ойпараст сингари қабул қилиб олди. Ҳаяжон, саросима уни довдиратиб, дастурхоннинг четига олиб келиб қўйди. У на фикр-лашни, на гапиришни, на санчқидан фойдаланишни билмай қолди. Уни қийналаётганлиги, саросимадалиги шундоқ кўзга ташланиб тургани учун, Соланж унга юракдан ачиниб, қараб-қараб қўярди. Столдан тураётиб у унга тез пичирлади:
— Эртага, ишдан кейин, мен сени “Абрико Вэр” кафесида кутаман.
* * *
“Абрико Вэр» қаҳвахонаси ҳашаматли кўнгилочар жой бўлиб, унинг деворлари пўртаҳол рангида сувалган ва пастки қисми қизил ёғочдан таблетка сингари шакллар билан безалган эди. Унда-бунда шифт чуқурчаларига ўрнатилган лампочкалар хира ёруғлик таратиб, қаҳвахонага сирли тус бағишларди. Сеҳрли мусиқа орзу тўсиқлари узра оҳиста тараларди. Расмларга, ичимликларга ва байроқларга тўла бар дўконининг тўрида баққол эриган метал сингари коктейлни чайқатарди.
Мазкур “Абрико Вэр” пинҳона учрашувчи севишганларнинг, боши- очиқ ёш хотинларнинг, соат ўн иккида ўрнидан турувчи сирли ўсмирларнинг, суюқоёқ аёлларнинг ва ёши улуғ жанобларнинг учрашув жойи эди. Бу кичик жамиятдан севги атри ва “илтифотли” фирибгарлик ҳиди уфуриб турарди. Тўр парда билан таниш юзини беркитиб олган Соланж Виоланс маъшуқига юзини буриб деди:
— Леон ҳеч нарсани сезмади, азизим. Лекин у сенинг китобингни ўқимоқчи. Мен унга “Иссиқлик доми” аллақачон Пацио нашриётининг босмахонасида ва узоғи билан икки ойдан сўнг босиб чиқарилади, деб юбордим.
— Ахир у ҳали ёзилмади-ку, жоним Соло!
— Тўғри. Сен энди уни ёзишинг керак!
— Мен! — оҳ тортди Бруйду. — Мен ҳатто тижорат хатини тузишга қийналаман-у, сен бўлсанг…
Соланжнинг юзи қизарди ва кўпчиб кетди:
— Мени севасанми? – сўради у.
— Ҳа.
— Унда ёзиш керак.
— Нимани?
— “Иссиқлик доми”ни.
— Бу кулгили бўлади-ку!
— Мен сенга ёрдам бераман!
— Бу номини қаранг!
— Уни шароит бизга туҳфа этди.
— Яна икки ой муҳлатни қаранг!
— У бизнинг илҳомимизни қамчилайди!
Бруйду башарасини бужмайтириб:
— Қандай ишкал воқеа! Бунақаси бўлмаган! Ишни қаранг, ишни! — дея зорланди.
Соланж унга худди писка тиғи сингари ўткир нигоҳини қадади ва деди:
— Бечора жонзод! Шундай қилиб, мен сени кулгили аҳволдан қутқариш учун, иттифоқимизни, севгимизни сақлаб қолиш учун, хавф-хатардан нари бўлиш учун ҳаракат қилсам; шунақа ҳийла-найрангни ўйлаб топсам; унинг маккор савдолари остидан сени олиб чиқсам-у, сен менга раҳмат айтиш ўрнига, нуқул “ишни қаранг, ишни. Бунақаси бўлмаган!” дейсан. Мен сени роман ёзувчи деб айтмаганимда, нима қилардинг-а?
Бруйду бошини хам қилиб деди:
— Майли, шундай бўла қолсин. Лекин ҳар ҳолда… мен бунақа ишни ҳеч қачон қилмаганман-да, мен…
Ёзувчи аёл қаҳрини бир илоҳий шафқат юмшатди.
— Тўғри, – деди у, бизнинг касбимизни бир-икки кун ичида ўрганиб бўлмайди ва қарға булбулнинг хонишини қилаолмайди. Лекин севги ажойиб мўъжизалар яратишга қодир. Китобнинг номини Леоннинг ғализ рашки учун атайлаб айтдим. Менинг миямда персонажлар қатор бўлиб, бирма-бир ўтишаяпти; учрашув жойлари, чўмилиш соҳиллари, суҳбатларнинг турфа хиллари кўз олдимдан ўтаяпти. Мен кўраяпман, мен кўраяпман… Оҳ, қандай бахт! Бу китобни мен ёзаман. Аниқроғи, биз иккаламиз бирга ёзамиз. Сен уни имзолайсан. Роса ҳурмат-эҳтиромга эга бўласан, азизим Жак! Қоғоз ол. Яратиш иштиёқи юрагимда уч марта байрамона бонг урди! Ёз: “Баҳорнинг мусаффо кунларининг бирида, баронесса Улетта… ”
Вақти-вақти билан Жак Бруйду бирор фикр айтиб қолар, сўз ташлар ёки жумлани тўлдиришга ёрдам берар эди, буларнинг ҳаммаси ўша заҳотиёқ матнга киритилди.
— Севги сенга умид бағишлаяпти, – деди унга Соланж, мен сенинг сочларинг учида рақсга тушаётган илҳом учқунларини кўраяпман.
Ҳамкорлик кутилганидан ҳам сермаҳсул бўлиб чиқди. Ҳар куни Соланж ва унинг маъшуқи “Абрико Вэр”да учрашишар, ҳар куни яратилаётган асарга бир боб қўшишар, ҳар куни шундай фойдали ва ёқимли иш билан вақтлироқ шуғулланмаганликларига афсусланишар эди.
Ойнинг охирида асар ёзиб тугатилди. Иккинчи ойнинг охирида у Пацио нашриётида Бруйду имзоси ва Соланж Виоланс сўз бошиси билан пайдо бўлди.
Сўзбошида шундай жумла бор эди: “Мен кашф қилган бу ёш йигит… ” Бруйду романнинг бир нусхасини олий навли қоғоз устига дастхат ёзиб, катта Виолансга туҳфа этди. Леон Виоланс бутунлай хотинига ишонди:
— Туриб-туриб рашким учун кечирим сўрасаммикан, деб қоламан. Бруйдунинг ёзувчилигини қаердан билай…
— Агар эркаклар рашкчи бўлмасалар, аёллар қаердан ҳам гўзал бўлардилар! – деди Соланж.
Виоланс хотинининг юз-кўзларидан ўпди ва унга Купидон рамзи туширилган, қимматбаҳо тошлар билан безатилган кулонни ўз севгисининг нақадар азизлигини исботлаш учун сотиб олди.
* * *
Бу вақтда Жак Бруйду янги ташвишлар, ғам-ғуссалар ичида қолган эди. Ўз ихтиёрисиз бу ғалвага қўшилиб, асар ёзди ва чоп эттирди, энди биринчи китобини матбуот қандай қабул қилар экан деб ич-ичини ерди. У қўрқув билан тасаввур қиларди. Нотаниш кимсалар мақолаларда уни четга олиб, номини бузишар, кейин ерга уриб, ташлаб юборишарди. Жак уларнинг хабарларида ечинтирилган, ичи ағдарилган, текшириб кўрилган, ёндирилган ва қамчиланган ҳолда қоларди. Соланж билан ишқий алоқалари махфийлигидаги қўрқинчли тешик яқиндагина очилиб қолганини ҳис этди. Энди у оммага ўзининг сирлари, қизиқишлари, сўгаллари, француз тилидаги хатолари, қизларники сингари холи билан намойиш этилади. Энди у ўзига-ўзи тегишли эмас эди. У энди ҳамманики, уни “Ҳамма қўллар орасига қўйиш” мумкин. Соланж уни бу тушуниш қийин бўлган эркакча уялишдан хотиржам қилиш учун роса уринди. Шон-шуҳрат олиб келувчи истиқболли режалар билан, баланд мартабали одамлар билан таништиражагини айтиб, унинг бошини айлантирди. Лекин у телбаларча нуқул такрорларди: “Шунча бетда фоҳишалик! Шунча бетда…”
Биринчи мақолаларнинг пайдо бўлиши Бруйду учун жиддий мушт бўлди. Айтиш мумкинки, гўё Франциянинг ҳамма танқидчилари Бруйдуга қарши кампанияда олдиндан келишиб олганлар. Энг катта танқидчидан тортиб, охирги газета ёзғувчисигача бир хил ғазабланиш ва васваса қичқириғини қилишарди: “Дидсиз ва палапартиш роман…”, “Тартибсиз, ақл-эсини йўқотган, шохсиз калла…”, “Аҳмоқ қандолатчининг услуби…”, “Персонажлар фанердан қилинган, қалбаки…” ҳатто баъзи бири “қизил бензин қусиб” юборганини ёзган. Буниси ҳаддан ташқари ортиқча эди.
Бечора Бруйду барча ҳақоратларни жавобсиз қарши олди. Ҳар куни хат ташувчи унга устидан куладиган ва иззат-нафсига тегадиган янги хатлар ғарамини олиб келарди.
У ҳеч нарса сўрамаган эди. У бу асарни ёзишни хоҳламаган эди. У бу бақироқ журналистларнинг жиғига тегмаган эди. Нима учун унга ҳужум қилишмоқда? Нима учун уни мазах қилиб ташладилар? Намунча уни бахтсиз қилмасалар?! Кечалари у ёстиғини тишлаб, йиғлаб чиқарди. Хатто бу камситишлар соғлигига ҳам таъсир қилди, жигар оғриғи уни бир неча кун уйдан чиқмай ётишга мажбур этди.
Ишхонага қайтган куни, ҳамкасблари ҳамдардлик билдираётган чеҳралари билан уни ўраб олишди. Улардан бири деди: “Бечорагинам, мен сенинг асаринг ҳақида қаттиқ таъсирчан танқидни ўқидим. Наҳотки, одамлар шунчалик бешафқат бўлиб кетишган?!” Бошқаси деди: “Қачон сени тинч қўйишади? Одамлар фақат сен ҳақингда гапиришаяпти, лекин нимага асосланиб? Очиғи, сен бир тахаллус танлашинг керак эди”.
Ҳаммадан ҳам семиз Виоланснинг қилиғи Бруйдуни қаттиқ ранжитди. У ўзини жаҳли чиққан одамдек кўрсатди, бу жаҳлни икки хил маънода тушуниш мумкин эди: биринчиси, гўё матбуот Бруйдуни бекорга бадном қилмоқда, иккинчиси, Бруйду қўлидан келмайдиган ишга қўл уриб, расво бўлди. Ҳақиқатда эса Виоланс котибининг муваффақиятсизлигидан жуда кўнгли тўлган эди. Бруйду назарида, у худди ликопчадаги сут олдида кейинги икки оёғи билан ўтирган мушук сингари ликилларди. Эрталаб идорага келиб ўз қурбонига ўта ҳасадли нигоҳини ташлади. Кейин Бруйдунинг ёнига келиб, уни елкасини қоқди, оталарча унинг ва камбағал ота-онасининг соғлиғини суриштирди. Бруйду бу сингари олдиндан тайёрланган саҳналардан чарчаганди, фақат унинг саволлар билан қийнаш онларини кутиб турди. Ниҳоят, Виоланс ачиниш билан хўрсиниб, чўнтагидан эзилган бир газетани чиқазиб, уни тантанали суратда стол устига ташлади.
— Буни мен сизга олиб келдим, — деди овозига бефарқлик аломатини беришга қаттиқ ҳаракат қилиб. — Охирги бетдаги мақолани ўқинг. — Кейин шинавандаларча қуйидаги иборани қўшиб қўйди: — Бу шармандалик, уят!
Бруйду газетани йиғиштириб олди ва мақола билан танишиб чиққунча Виоланснинг ўткир нигоҳини ҳис қилиб турди. Бу қарашлар йигитнинг уялишидан ва хафа бўлишидан завқ олиш учунгина унга қаратилганди.
Аслини олганда, Леон Виоланс нима учун бечора Бруйдунинг бошига тушган бу ишлардан хурсанд бўлаётганини ўзи ҳам билмас эди. Унда ўз котибидан қасд олиш нияти бор эди, лекин бундай қилолмасди, чунки у қасд қилишга арзирли бирор ножўя иш қилмаганди. У унинг устидан ғалаба нашидасини тотиб кўрди, ваҳоланки, улар ҳеч қаерда ва ҳеч бир ҳолатда бир-бировларига рақиб бўлмаганлар. Бу бир вақтнинг ўзида ҳам бемаънилик, ҳам жозибали эди.
Бошида Соланж эрини ишонтиришга ҳаракат қилди. У матбуотнинг фикри нисбий аҳамиятга эга эканлигини, француз адабиётидаги нодир асарлар ҳам чоп этилаётган чоғда матбуотда роса саваланишини унга тушунтиришга ҳаракат қилди. Лекин Леон ҳеч нарса эшитишни хоҳламас эди. Секин-аста Соланж ҳам эрининг бемаъни фикрларига қўшила борди. Таҳлил қилинадиган бўлса, биринчидан, ёш Жак Бруйду ҳеч қачон роман ёзувчи бўлишига даъвогарлик қилмаган эди, иккинчидан, китобнинг катта қисмини Соланж ёзган ва тузатган, учинчидан, китоб магазинларидаги мағлубият йигитчанинг шахсий хислатларини камсита олмайди.
Бу вақтда Бруйду олдингидек ярқираб турган қаҳрамон эмас, балки нўноқ ёзувчи, ранжитилган инсон, сержаҳл кимса тимсолида юрарди ва унда яшаш учун ҳеч қандай хоҳиш йўқ эди. Ёзувчи аёл ёзмайдиган мухлисга эга бўлиш ҳуқуқига эга, лекин ёмон ёзадиган мухлисга эмас. Соланж ўзига ҳамкасб бўлиб қолган бу ўйнашига раҳм қилишдан ва айни чоғда уни ёмон кўришдан ўзини тия олмас эди. У унинг олдида ўзини маънавий тубан кетдим деб ўйларди, у ундан уяларди. Тўғриси, бу аёл яна кўп нарсаларга “сазовор” бўлган эди!
Бир куни газетада қандайдир парижлик адабий шарҳловчи Соланж Виоласнинг бу ўткинчи Бруйду асарига сўзбоши ёзиб беришгача тубанлашганига хайрон қолганлигини эътироф этиб мақола чоп эттирди. Соланж бундан шахсан хақоратланди. Унинг “Абрико Вэр”да Бруйду билан учрашуви бор эди. У учрашувга афт-башараси буришган ҳолда кеч келди.
— Мана буни ўқи! – деди титраган овозда.
Бруйду мақолага кўз югуртириб чиқди ва бошини кўтармасдан минғирлади:
— Бунинг учун менинг нима қилишимни хоҳлаяпсан?
— Жавоб битта! – пишиллади Соланж. Шундай қилиб, сенинг хатойинг туфайли энди менга ҳужум қилишмоқда, низо чиқаришмоқчи, мени жонимдан тўйдиришмоқчи, бекорчиликда ўтириб олиб, мени безор қилишмоқчи. Сен эса ўзингда илҳомнинг энг оддий учқунини ҳам топа олмаяпсан.
— Сен менинг китобимга фақат сўзбоши ёзиб бердинг.
— Тўппа-тўғри. Менинг сўзбошимсиз сенинг китобингни ҳеч қандай нашриётчи қабул қилмаган бўларди!
— Ҳа, яхши, менинг китобим босилиб чиқмаганда эди, ҳаммаси яхши бўлган бўлар эди, назаримда.
Соланж қўлларини қарсиллатиб бир-бирига урди, улардан қанотлар бир-бирига урилгандек тоза товуш чиқди.
— Ана холос! У ёқда менинг эрим-чи? Агар сенинг асаринг босилиб чиқмаганда, у нима деган бўларди? Бирлигимизни сақлаб қолиш учун, мендан сени жудо қилмасликлари учун, мен сен ёвуз одамга раҳнамолик қилишга рози бўлдим. Сен эса, мен сенга қилган фидойилигимни қабиҳларча камситаяпсан! Эҳ, сиз эркаклар, сизлар субутсиз кимсаларсизлар! Ўз-ўзингизни севишингиз шунчалик чўзилувчанки, унинг поёни йўқ! Агар мен билганимда эди…
— Агар сен билганингда нима бўларди?
— Йўқ … ҳеч нарса, — деди Соланж ғазабдан аламини ичига ютиб. — Мен олдингга сени эзиш учун эмас, балки кейинги ишларимизнинг режасини тузиш учун келдим.
— Янами?! — деди башарасини буриштириб Бруйду.
— Ҳа! —қичқирди Соланж. — Мен севгимни, суюклигимни ва машҳур номимни таҳқирлашларига, мазах қилишларига йўл қўймайман. Сен бошлаган ишларга мен жавобгарликни олган эдим. Сен биринчи турни ютқиздинг. Энди кейингисини ютишинг керак..
Бруйду киприкларини пирпиратиб, секин сўради:
— Бу билан нима демоқчисан, жоним?
— Бошқа бир китоб, бир асар, асар бўлгандаям нодир асар ёзиш керак, токи бизни қийнаётганларнинг чакаклари ўчсин…
— Бошқа бир асар?
— Ҳа, — деди Соланж.— Бу асарни сен ўзинг ёлғиз ёзасан.
— Лекин мен билмайман-ку, — деди Бруйду, ҳақиқий кўзёшлар қарашида қалқиб турарди.
— Ёки сен янги асар ёзасан, ёки мен бутунлай сенинг севги доирангдан ўчиб кетаман: танла, — деди Соланж.
Бруйду янги китоб ёзишни танлади.
* * *
Ўттиз етти кун ичида Бруйду янги сюжет топди. Ўттиз саккизинчи куни у асарни сюжетсиз ёзиш энг ақлли иш эканини англади. У иштиёқ билан ишга киришиб кетди, унинг асари ғайритабиий ва мароқли чиқиши керак. Оддий мантиққа ва синтаксисга риоя этмаган ҳолда, миясига келган ҳамма нарсани ёзди. У аниқлик билан орфография ва пунктуация хатоларини бир жойга жамлади. У пойгачи отнинг ва ҳолсизликка чалинган микробнинг ўй-фикрларини галма-гал синчиклаб ўрганиб чиқди. У яратган эркак қаҳрамонлар ўн бетдан сўнг ўлишар, аёл қаҳрамонлар эса шароитга қараб ўз отларини ва териларининг рангини ўзгартиришарди. У шоир иборасида тунги тувак ичидаги нарсаларни ва аҳлатчи тилида онаси учун настарин гул тераётган қишлоқ қизини тасвирлади. Вақти-вақти билан ҳикояни, дори-дармон бўйича қилинган эълонни, ёки ашуланинг нақаротини, ёки тижорат хатини, ёки жамиятга қарши бўралаб сўкишни, ёки ўн иккита номаълум сонли тенгламани қўшиб қўйиш учун кўчириб ёзди. Ҳаммаси ҳаддан ташқари бемаъни, лекин ўта янги ва ўта шахсий бўлиб чиқди.
Бруйду матнни тўғридан-тўғри машинкада ёзарди. Унга илҳом париси ёрдам берарди.
Ҳаммадан ҳам қийини бу кўп томли роман ёзилишини тўхтатиш бўлди. Асардаги персонажлар етарли, ғоялар очилиб бўлган бўлса-да, Бруйду ҳеч ўзини тўхтата олмасди, ёзаверарди, ёзаверарди. Бу нарса ундан кучлироқ эди. Унда пайдо бўлаётган ғоялар оқиши лозим эди. Ниҳоят, бир куни у катта шиддат билан ишлаётган чоғида, нотўғри бир ҳаракат билан ёзув машинкасини синдириб қўйди. Бу синиш унга илоҳий жазо бўлиб кўринди. Асарни давом эттиришдан воз кечди. Матн бир жумланинг ўртасига келиб тўхтаган эди. Қайтанга шундай қолгани яхшироқ эмасми? Бруйду ручкани олди-да, қоғознинг охирига “тамом” деб ёзиб қўйди.
* * *
Бруйду янги роман ёзишга ўн саккиз ой вақт сарфлади ва уни шундай номлади: “Ҳеч нима”. Бу камтарлик белгиси эди. Асарни Пацио нашриётига босиш учун таклиф қилди, бу эса содиқлик белгиси эди. У бу китобни “Француз адабиётининг беқиёс устаси Соланж Виолансга бағишлайман” деб чиқазди, буниси адабий миннатдорчилик белгиси бўлиб, ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
Ҳамма тахминларга, олдиндан кўришларга қарши ўлароқ, матбуот биринчи ғазабларидан совиб, Бруйдунинг янги асарини ҳурмат билан кутиб олди. Баъзи бир танқидчилар китобни “нафис”, “яхши баён этилган”, “ўзига хос куч билан пуфланган” асар деб топдилар. Бир кекса журналист “Ҳеч нима”ни ҳатто “маданиятнинг мўъжаз гавҳари” деб таърифлаб юборди.
Биринчи мақолалардан бошлаб Бруйду юрагини умид тўлдириб бораётганини ҳис қилди. Албатта, гап вақтинча муваффақият ҳақида кетмаётган эди, бироқ, бу ҳаммаёқдаги мақтовлар ва бир қолипли кўкка кўтаришлар жуда кучли баҳоланганди. Идорада унинг устидан ҳеч ким энди кулмай қўйди. Столи устига ҳеч ким энди газета олиб келиб ташламади. Дўстлар ундан бир неча жилдларга дастхат ёзиб беришини илтимос қилдилар.
Бруйду мақтанчоқлар тоифасига кирмас эди, лекин Леон Виоланс ва ҳамкасблари кўз ўнгида ўзининг олдинги обрўйи тикланаётганлиги унга ҳам хуш ёқаётган эди. Айниқса, шу кичик ғалаба орқали яна ўзининг Солосинининг алангали муҳаббатини ва соф ҳурматини топа оламан деб орзу қиларди. “Ҳеч нима” босиб чиқарилган кунлари Соланж бир неча ҳафта жуда банд бўлди. Бруйду билан “Абрико Вэр” да учрашишга рози бўлганда, асарнинг китоб дўконлари пештахталаридан ўрин олганига деярли бир ой бўлган эди.
— Хўш, жонгинам? — деди Бруйду уни креслога ўтқаза туриб, —биринчи китобим туфайли сенга қўйилган айбларни ювдим десам бўладими энди?
Соланжнинг юзи ва лаблари ҳафсаласи пир бўлган одамникига ўхшарди, кўз қорачиқлари хаёл оғушида эди. У ақлли бошини оҳистагина қимирлатиб қўйди. Сўнгра деди:
— Танқид илтифотли бўлди, лекин бурунни баланд кўтариш керак эмас, азизим.
— Мен бурнимни кўтариш ҳақида ҳеч қачон ўйламаганман!
— Ҳа, ҳа, сизлар ҳаммангиз бир хилсизлар! Агар бир нотаниш ёлғондан сизларни мақтаб қўйса борми, сизлар худди қурол-аслаҳа сингари ялтираб қоласизлар. Қаддингизни ғоз тутишга ҳаракат қиласиз, қошингиз кўтарилади, гилам устида гердайиб юрасизлар. Тўғриси, бу кулгили!..
— Нима демоқчисан, Соло!
— Мен демоқчиманки, асаринг ёқимли, гап йўқ. Лекин сенинг кичкинагина талтайган ғуруринг ўринсиз.
— Менда ғурур йўқ… ва мен талтайиб кетмадим…
— Сен шунга ишонаяпсанми!— кулгили нафрат билан бақириб юборди. — Ҳа, яхши! Ойнага бир қара-чи. Сен хурсандлигингдан ёрилиб кетай деяпсан. Роҳатдан бўғилиб қолай деяпсан. Сен… сен… ҳа, айтганча, “Ҳеч нима”да босма хатолар жуда кўп. 7-боб умуман яхши чиқмаган…
— Соло!
— Ундан ташқари, кеча мен Франция академиясининг аъзоси Августин Пиошни кўриб қолдим. У менга нима деди дегин: «Ҳеч нима-ми? Бу асар бошқа номга муносиб эмас!» Бу гапни сенга айтганим учун узр. Лекин бу сенинг фойдангга, кичкинтойим… Сенинг фойдангга…
Бруйду Соланжнинг бундай ғазабланишидан ҳеч нарса тушунмас эди.
— Демак, сен “Ҳеч нима”ни худди “Иссиқлик доми” сингари муваффақиятсизликка учрашини кутган экансан-да?— деди у.
— Аҳмоқона саволарни берма,— деди Соланж. — Агар менинг жаҳлимни чиқармоқчи бўлсанг, буни дарров тан ол, мен бу ердан ортиқча сўзсиз кетаман. Жаноб мўл-кўлчиликдан шунчалик шишиб кетганки, у асари ҳақидаги танқидий фикрни кўтара олмаяпди. Жуда яхши! Жуда яхши! Бу жуда чиройли! О, ля, ля, ля.
Бруйду уни қучоқламоқчи бўлган эди, Соланж ундан ўзини олиб қочди ва унга қовоғини солиб, диққат билан тикилди ва деди:
— Кетишим керак.
Бруйду қуйган виноси олдида ёлғиз қолди ва аёл қалбининг сирлари устида хаёлга чўмди. Икки соат фикр қилгандан сўнг, Соланжнинг хатти-ҳаракатларини мутлақо тушунарсиз деб топди ва кейинчалик уни учрашувга таклиф қилишни ўйлаб уйига қайтди.
Лекин кейинги учрашувлар унга хоҳлаган тинчликни олиб келмади. Соланж баттар асабийлашган, сержаҳл, тажанг бўлиб қолганди. Энди у чиройли ибораларни ишлатмас эди. Уни қучоқлашга зўрға кўнарди. Бруйду унга эри ҳақида яхши гапларни ҳам гапириб кўрди, фойдасиз.
Орадан анча вақт ўтгач, Соланж бир асарини нашр эттирди, номи: “Индиго”, мазкур асар катта муваффақиятга эришди. Унинг расми деярли ҳаммаёққа ёпиштирилди, китоб дўконларида ва журналларда ғиж-ғиж эди. Унинг номи дунёвий суҳбатларда, ҳар бир мавзуда тилга олина бошлади. Ношири унга миннатдорчилик билдира бошлади. Одамлар Рэкамие мукофоти ҳайъатининг кейинги мажлисига фақат унинг номзоди ўтади дейишарди. Бу шуҳрат ғалабаси Соланжни анча юмшатди ва у ўйнашини нотўғри туртгани учун ўзини-ўзи койиди. Улар қайта учрашганларида Соланж уни оналарча эркалади ва маслаҳатлар берди. Бруйду хурсандчилик манбаининг қайта пайдо бўлганига ва энди умид билан яшаш имкониятига эга бўлганига худога шукрлар айтди.
* * *
Рэкамие мукофоти ҳайъати фақат аёллардан иборат бўлиб, улар қирқ беш дақиқадан бери саҳнада баҳслашишарди. Соланж Виоланс эри билан хитой ресторанининг алоҳида хонасида телефон қўнғироғини кутиб ўтиришарди. Телефон орқали уларга ғалаба ҳақида хабар беришлари керак эди. Бу адабий курашда унинг жиддийроқ рақиби йўқ эди. Охирги овоз беришда “Индиго” деярли кўпчиликнинг овозини олган эди. Табрик мақолалари босмахоналарда тузилиб, тайёр ҳолда турар эди. Соланжнинг ношири оммавий сотув бўлишини олдиндан билиб, унинг романидан эллик минг нусха қўшимча чоп эттирди. Семиз Виоланс эса “Максимс” ресторанида матбуот учун ва бахтсиз рақиблар учун банкет буюриб қўйган эди.
— Намунча чўзишади! – деди у. – Менинг асарим бир овоздан зўр деб топилганда, бу аёллар нимани баҳслашишмоқда ўзи?
— Улар аёллар-да, —деди Леон, — аёллар гап сотишни яхши кўришади. Улар қўрқаётганингдан мутлақо бехабарлар.
— Мен қўрқмаяпман,— деди Соланж, — фақат бунинг тезроқ тугашини хоҳлаяпман.
— Сенинг фойдангга ҳал бўлишига имоним комил. Сен ўшани оласан, ўзингнинг Рэкамие мукофотингни оласан…
— Билиб қўй, агар мен уни олмасам…
— Сенга барибир эмасми?!
— Буни қаранг…
У жилмайди. Жимжитлик анча давом этди. Соланж ойнада аъло даражада қилинган пардоз-андозини текшириб кўрди ва радио учун ёзиб, тайёрлаб қўйган баёнотини яна бир карра кўздан кечириб чиқди. Олқишларни, шовқин-суронларни, фототеле аппаратларининг чироқларини қўмсаш унинг юрагини жунбушга келтирди. Унинг томоғи қуриб қолди. Қўллари тутин сингари енгил бўлиб қолди. У, табрик чоғида у ўзимдан кетиб қоламан, деб ўйлади.
— Соат неча бўлди? – минғирлади у.
— Соат икки.
— Бу аёллар аҳмоқ, аҳмоқ! А, худойим-а, асаб томирларим таранглашмоқда! Мен йиқиламан, оҳ, ҳа! мен ўзимдан кетаман!
У киприкларини пирпиратиб, диванга юмшоқ булут сингари йиқилди.
— Иккидан ўн минут ўтди, — деди Виоланс.
Шу вақт телефон жиринглаб қолди.
— Худога шукур-а! — қичқириб юборди Соланж.
Бир сакраб, у аппарат ёнида пайдо бўлди. Унинг асабий қўллари гўшакни эзғиларди. Оғзи гўшак микрофонига ёпишиб қолди.
— Алло! Алло? Нима? Баландроқ гапиринг…
Бирдан Виоланс хотинининг рангги ўчиб кетганини ва даҳани титраётганини кўрди.
— Ким? Ким ўзи? — нафаси бўғилиб сўради Соланж.
Тушунарсиз товуш гўё дунёнинг нариги четидан келарди.
— Алло! Алло! — бақирди Соланж. — Узиб қўйманг! Ким? Ким? Бру… Бруйди! Аҳ!
У гўшакни жойига илди ва Леон Виоланс олдида сочлари бузилган, терлаган, кўкиш қаҳр билан намоён бўлди ва мотам товуши билан деди:
— Мукофотни Бруйду олди!
— Ана, холос! – деди Виоланс, у ҳам китобини юборган эканми?
— Энди бунга ишониш керак, ваҳоланки, у менга бу ҳақда ҳеч қачон гапирмаган эди. Аҳ! Буни қара-я! Шундай обрўли мукофот нобоп асарга, шу “Ҳеч нима” га насиб этса!
— Қулоқ сол, азизам, — деди Виоланс, мукофотни сен олмаганингга ачинаяпман, албатта. Лекин Бруйдунинг асари нобоп, муваффақиятсиз чиққан асар эмас. Мен унинг биринчи китобини қанчалик ёмон кўрган бўлсам, иккинчи асари назаримда шунчалик мақтовга сазовор. Ҳақиқатгўй бўлайлик…
Ўткир қичқириқ унинг гапини бўлиб қўйди. Соланж боши узра ўзининг нимжон «қирувчи» муштини кўтариб:
— Ўчир, чакагингни ўчир! Сен мени даҳшатга солаяпсан! Бруйдунинг асари ириган адабиётнинг пушти! Ҳамма сенга шундай дейди! Мукофотга эга бўлиш учун ҳийла-найранг ишлатган! Эҳтимол, ҳайъат раисаси билан ётгандир!
— У 75 ёшда!
— Бу амалпараст нима қилса ҳам, мен таажубланмайман.
— Бруйду амалпарастми?
— Ўта кетган! Буни билмаслик учун одам сен каби кўр бўлиши керак! Оҳ, қандай уят! Қандай уят!
Соланж бир вақтлар бу зараркунанда ва айёр Бруйдуни қандай қилиб севиб қолганига ўзи ҳайрон бўлди. Энди унинг зиммасида шуҳратдан қонунсиз жудо этилган ёзувчи аёл тақдири ётади. Соланж азобларининг сабабчиси бўлган одамни тилка-пора қилиб ташлашга, уни уят ва номусга ғарқ этишга тайёр эканлигини ҳис қилди.
Леон ўзини қандай тутишини ҳам билмай, аросатда қолди. У пичирлаб деди:
— Жаҳлинг чиқмасин. Сен бошқа мукофотни оласан, азизам.
— Мен айнан шуни хоҳлаган эдим,—деди Соланж. — Бундан бошқа ҳеч қанақа мукофотни орзу қилмагандим. Лекин бу Бруйду! Уни кўргани кўзим йўқ! Уни кўргани кўзим йўқ!..
— Унчалик ёмон бола эмас-ку…
— Эҳтимол, сен уни қўллаб-қувватларсан ҳам ҳали?
— Нимага қўлламас эканман? Сенга ҳеч қачон ёмонлик қилмаган бир бечора шайтонваччани сен бекорга оёғинг билан топтаяпсан. Мен эса, унинг омадидан хурсанд бўлаяпман. Мукофот сенга насиб этмадими, демак, мен хоҳлайманки, мукофот эгаси у бўлсин…
— Мен эса, мукофот эгаси бошқа одам бўлишини, кимлигидан қатъи назар, бошқа одам бўлишини хоҳлардим, фақат уни эмас!
— Нима учун, Соланжим?
— Чунки у… у… Аҳ, Леон, қанчалик аҳмоқсан! Сен бу шаҳватпараст ва ичидан пишган махлуқни қўллаб-қувватлаб, менинг жаҳлимни чиқараяпсан. Буни тугатиш керак! Сен ҳозир ҳаммасини биласан! Ўзинг шуни хоҳладинг!
Соланж эрига нафрат нигоҳини отди ва бўғиқ товушда деди:
— У менинг ўйнашим!
— Нима? – қизариб кетди Леон.
— Бруйду менинг ўйнашим… Унинг китоби фақат баҳона эди… Уни…
Виоланс уни катта панжалари орасига олиб, суягини синдириш даражасида силталай бошлади. Соланж увилларди:
— Ҳаммаси вайрон бўлаяпти!.. Момақалдироқ!.. Чақмоқ!.. Айланиш!.. Шаршара!..
Сўнг у ҳушидан кетди.
* * *
Эртасига Леон Виоланс Бруйдуни идорасига чақирди ва пекари* терисидан қилинган бир жуфт қўлқоп билан унинг юзига туширди, бу дуэль дегани эди.
Қарталар алмашилди, гувоҳлар шивирлашиб келишиб олишди ва дуэль тўппончаларда амалга ошириладиган бўлди. Бруйду думбасидан ўқ еб ярадор бўлди. Бу жанжал ҳам унга шухрат олиб келди. Яқинда у учинчи китобини чоп эттирди. Тез кунларда у Франция академиясига аъзо бўлармиш, деган миш-мишлар ҳам бор.
___________
* Пекари – Америка ёввойи чўчқаси.
Французчадан Анвар Асқаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 2-сон