Анор. Йил фасллари ёхуд бир папка ичидагилар

Муаллифдан: 1994 йилнинг март ойида қаламга олинган бу қайдларни ҳикоя деб бўлмайди. Чунки “жанр талабларига мос келмайди” дейишлари аниқ. У ҳолда буларни қайси жанрга киритиш мумкин? Эҳтимол, “ҳужжатли фантазия” демоқ керакдир? Фантастик ҳужжатлар ичида кўп ўралашавергандан кейин “ҳужжатли фантазия” ёзишдан ўзга чора қолмади.

ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИГА

Ёш носир Марлен Имомқули ўғли Маммедов номидан

АРИЗА

Мени Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилишингизни сўрайман. Сизга маълум бўлганидек, қишлоқ меҳнаткашларининг социализмни барпо қилишда кўрсатган фидокорона хизматини, қишлоқда колхозлаштиришнинг амалга оширилиши билан боғлиқ мавзулар ёритилган “Қуёшли баҳор” номли романим жумҳуриятимизнинг партия раҳбарияти томонидан юксак баҳоланди. Шу кунларда денгиз нефтчиларининг меҳнат жабҳасидаги мислсиз жасорати ҳақидаги “Тўлқинлар қўйнида” деб номланган романим нашр этилиш арафасида турибди. Шонли инқилоб ва байналмилал Боку пролетариатининг сотқин мусовотчи[1]ларга ва унинг инглиз, турк оғаларига қарши олиб борган мардона кураши тасвирланган “Дўстлик зафар қозонади” номли романимни якунладим. Романнинг асосий қаҳрамонлари буюк Сталиннинг издошлари, шонли инқилобчилар авлодининг намояндалари Қаҳрамон Паҳлавонов, Иван Дубов, Ашот Ялаян, Ўтар Абашидзе ва бошқалардир. Асарда доҳий Сталиннинг раҳбарлиги остида Озарбайжон халқининг мулкдор ва зодагон оғаларни ер билан яксон этгани, буюк Сталиннинг содиқ қуролдошлари, қаҳрамон болшевиклар Киров, Оржоникидзе ва Микоянларнинг Озарбайжонда совет ҳокимиятининг барқарорлигини таъминлаш йўлида қилган беминнат хизматларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, эзгу мақсадларимиз йўлида Наримон Наримонов каби майда буржуазиянинг миллатчи вакиллари қандай ғов бўлгани ва уларнинг зарарли фаолиятлари фош қилинди. Тараққийпарвар Баку пролетариатининг фикри асаримнинг қаҳрамонларидан бири кекса ишчи Баҳром тилидан шу тарзда ифода этилган: “Наримон, бу халқнинг нону тузи сенга ҳаром бўлсин!” Яқин кунлар ичида шонли Боку коммунистларига армуғон сифатида “26 қардош” номли роман устида иш бошлаш ниятидаман.

Ёзувчилар Уюшмаси таркибида улуғ йўлбошчимиз Сталин ва Озарбайжон большевикларининг раҳбари ўртоқ Мир Жаъфар Бағировнинг раҳнамолигида коммунизмнинг бутун дунёда ғалаба қозониши учун фидокорона курашмоқ ниятидаман. Бу мақсад йўлида бор истеъдодимни, қобилиятимни, керак бўлса, ҳаётимни ҳам қурбон қилишга тайёрман.

Анкета, таржимаи ҳол, 6 дона фотосурат ва керакли ҳужжатлар папкага илова қилинди.

Марлен Маммедов

1 май, 1950.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Мен, Маммедов Марлен Имомқули ўғли 1930 йилнинг 28 апрелида Маркс туманининг Энгельс қишлоғида дунёга келдим. Отам Имомқули ўғли туманимизда колхозлаштириш ташкилотчиларидан бўлиб, тажовузкор Америка-Англия империалистларининг ялоқхўрлари томонидан ваҳшиёна ўлдирилган. Мени, акаларим Комсомолбой ва Бирмайжон, укам Пионержон ҳамда синглим Закфедерацияхон (Зина)ларни отам Сталинга муҳаббат руҳида тарбиялаб вояга етказди. Ҳозирда мактаб ўқувчисиман. Шу билан бирга мактаб комсомол ташкилотининг котиби вазифасини бажариб келаман. Куни кеча Большевиклар партияси аъзолигига номзод сифатида кўрсатилганлигимни ҳаётимнинг энг буюк саодати деб биламан. Менинг адабиётга бўлган кучли ҳавас ва иштиёқим болалик чоғларимда уйғонди. Беш ёшимда қишлоғимизга биринчи трактор келганидан руҳланиб илк шеъримни ёзганман.

Қишлоғимда анҳор бор,
Кўкда юлдуз, ой ҳам бор.
У қишлоқда масжид бор,
Бизларда бор трактор.

Кейинроқ наср жанрида ижод қила бошладим. “Қуёшли баҳор” номли романим Озарбайжон Коммунистик (большевиклар) Партиянинг Марказий комитети котибияти томонидан “Кенжа авлоднинг дадил овози” сифатида юксак баҳоланди. Романим нашрга тавсия қилинди ва китоб бўлиб чиққандан кейин асарим ҳақида газеталарда кўплаб мақола ва тақризлар чоп қилинди. (Тақризлар ва мақолалар ҳам папкага илова қилинган.)

Бор истеъдодимни, қайнаб тошган ижодий илҳомимни, зарур бўлса ҳаётимни доно йўлбошчимиз ва отамиз Сталин бошлаб берган улуғ йўлда фидо қилишга тайёрман.

Марлен Имомқули ўғли Маммедов

1 май 1950.

 

ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ПРЕЗИДИУМИНИНГ НАВБАТДАН ТАШҚАРИ МАЖЛИСИ СТЕНОГРАММАСИ

(9 май 1950)

Мажлис раиси: Ўртоқлар! Бугунги мажлисимизнинг кун тартибига уюшмага янги аъзоларни қабул қилиш масаласи қўйилган. Ягона номзодимиз бўлган ёш ва истеъдодли ёзувчи Марлен Маммедовнинг қабул ҳақидаги аризасини муҳокама қилишимиз керак. Маълумингизки, йигирма ёшли Марлен Маммедов бир роман муаллифидир. Унинг “Қуёшли баҳор” романи нашр қилинган. Ёш романнависимизнинг бу асари адабиётимизда алоҳида ҳодиса бўлди, насримизда тамоман янги саҳифа бўлди, десак, асло адашмаган бўламиз. Шаҳар партия фаоллари йиғилишида романнинг “кенжа авлоднинг дадил овози” сифатида эътироф қилиниши барчамизни руҳлантириб юборди. Биз ижодкорлар бундан бағоят илҳомланиб… (эшитилмади) Хуллас, гапнинг қисқаси масала ҳаммамизга маълум. Қандай таклифлар бор?

Овозлар: Қабул қилинсин.

Раис: Жуда соз. Унда…

Шуҳрат Шонли: Ижозатингиз билан икки оғиз гапирмоқчиман.

Раис: Марҳамат, сўз ўртоқ Шонлига.

Шуҳрат Шонли: Менинг фикри ожизимча, азиз ўртоқлар “қабул қилинсин” деган бир жуфт сўз билан бу муҳим масалага якун ясаб бўлмайди. Биласизларки, биз, тўғрироғи, Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарияти шундоқ ҳам замондан ортда қолиб кетяпмиз. Ҳар доим бўлганидек, яна бу сафар ҳам ҳақиқий истеъдодни ўз вақтида кашф қила олмадик. Шундай қийматли асарни яна шонли партиямиз кўмагида пайқадик. Ҳолбуки, мазкур асарни биринчи бўлиб Ёзувчилар уюшмаси кашф қилмоғи керак эди.

Луқма: Партия ва Ёзувчилар уюшмасини бир-бирига қарама-қарши қўйманг. Уюшмамиз ҳар ишда улуғ партиямиз кўрсатган йўлдан оғишмай ҳаракат қилади.

Мир Мунаққид: Сен… (эшитилмайди)

Шуҳрат Шонли: Ўзингсан ўша… (эшитилмайди)

Раис: Ўртоқлар… Ўртоқлар… Жим бўлинг. Жанжал-шовқин кўтармаслигингизни талаб қиламан. Навбат билан гапиринг. Ўртоқ Шуҳрат Шонли, сиз гапингизни тугатдингизми?

Шуҳрат Шонли: Йўқ. Доҳий йўлбошчимиз Сталиннинг бебаҳо кўрсатмаларига ва… ва партиямизнинг адабиёт ҳақидаги тарихий қарорларига, ўртоқ Бағировнинг ёзувчиларимизга кўрсатган ғамхўрликларига суянган ҳолда Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарияти меҳнаткаш халқ ичига чиқиб асл истеъдод эгаси бўлган ёш қаламкашни ўзи қидириб топиши ва унинг ижодий парвозига тўсиқ бўладиган ҳар қандай ғовни олиб ташлаши лозим эди.

Раис: Марказком котиби… (эшитилмади) ўртоққа бу романнинг қўлёзмасини шахсан ўзим олиб бориб берганман.

Луқма: Ҳамқишлоғинг-да…

Луқма: Ким?

Луқма: Котиб ҳам раисимиз ҳам ҳатто ёш романнавис ҳам.

Раис: Марҳамат, сўз навбати ўртоқ Насир Носирга.

Насир Носир: Баҳор (сукут).

Овозлар: Нима? Нима деди?

Насир Носир: Баҳор. Ҳа, баҳор. Ҳақиқатан ҳам беҳад гўзалдир баҳор… Баҳор беҳад гўзалдир… Ниҳоятда чиройлидир баҳор. Мен, албатта, ўртоқ Марленнинг романини назарда тутяпман. Мен айтмоқчи эдимки, бу насримизнинг баҳоридир, адабиётимизнинг баҳоридир, ёшларимизнинг баҳоридир… Уюшмамиз ва партиямиздан бениҳоя миннатдорман. Ки умрим вафо қилиб шу ёшимда адабиётимизга кириб келган порлоқ истеъдод соҳибини кўриш бахтига муяссар бўлдим. Минг шукр, қуёшли баҳорнинг балқиганини кўрдим (паст овозда шивирлаб гапирди) Адабиётимизда қуёш порлади. Баҳор келди. Мен айтмоқчиманки, таъбир жоиз бўлса, қуёшли баҳор кириб келди адабиётимизга…

Раис: Ўртоқ Мир Мунаққид, балки сиз ҳам фикрларингизни айтарсиз?

Мир Мунаққид: Карлен Маммедовнинг…

Раис: Марлен Маммедовнинг…

Мир Мунаққид: Узр сўрайман Марлен Маммедовнинг уюшмамизга аъзо бўлишига қаршилигим йўқ. Аммо ёш ёзувчининг илк асарини таърифлашда бироз ошириб юборяпмиз…

Овозлар: Нима? Қанақасига? (шовқин).

Раис: Жимлик, жимликни сақлайлик, ўртоқлар. Эшитайлик, ўз фикрини айтсин, ахир. Кейин эҳтиёж бўлса жавоб берадилар. Давом этаверинг, ўртоқ Мир Мунаққид.

Мир Мунаққид: Айтмоқчи бўлган гапим шуки, ортиқча мақтовнинг ёш ижодкорга фойдадан кўра зарари кўпроқ тегади. Партиямиз бу асарга юксак баҳо бериб “ёш авлоднинг дадил овозидир” деди. Энди биз бу “овоз”ни асраб-авайлашимиз керак. Унинг тўғри йўлдан оғишмай илгариламоғи учун таъриф эмас, балки теран таҳлилга эҳтиёжи бор.. Чунки асарда бадиият нуқтаи назаридан жиддий камчиликлар ҳам йўқ эмас. Тўғри йўлни кўрсатмоқ… (шовқин, ҳеч нима эшитилмаяпти)

Шуҳрат Шонли: Ўртоқ Мир Мунаққид, шуни ёдингиздан чиқармангки, тўғри йўлимиз ягона – партиямиз кўрсатиб берган йўл. Мени хайратга солаётган наса шуки, дадил одимлар билан олға бораётган бир ёш йигитни нега йўлидан адаштирмоқчисиз? Қанақанги бадиий камчиликлардан сўз очмоқчисиз? Ёки бадном “санъат санъат учундир” деган чирик буржуа назариясини қайтадан тирилтирмоқчимисиз? Йўқ, ўртоқ Мир Мунаққид, санъат санъат учун эмас, санъат халқ учундир ва партия халқнинг фикрини ифода этиб бир асарга юқори баҳо берса, яна қанақанги “бадиий камчиликлар” баҳонаси ортида асардан кир қидирилади? Мен буни ёш ижодкорга қарши бўҳтон деб ҳисоблайман. Демакки, ўртоқ Ждановнинг маърузасини ўқимаган кўринасиз.

Мир Мунаққид: Мен ўқиганман. Эҳтимол, ўзинг ўқимагандирсан (шовқин).

Раис: Ўртоқлар, ўртоқлар, жим бўлайлик…

Шуҳрат Шонли: Шуни яхшилаб билиб қўйингки, мен ўртоқ Ждановнинг маърузасини бир марта эмас, бир неча марта ўқидим. Ҳатто қайсидир ёндафтаримга қайдлар ҳам олганман. Ўртоқ Ждановнинг китоби ҳар доим иш столимда туради.

Мир Мунаққид: Менинг иш столимда ўртоқ Сталиннинг китоблари туради. Албатта, ўртоқ Ждановнинг маърузасини ҳам столимдан айирмайман.

Шуҳрат Шонли. Эслатиб қўяйки, сиз бекорга ўртоқ Сталин билан унинг эътиборли қуролдош дўстини бир-бирига қарши… (шовқин)

Овозлар: Сен эмасмидинг ўша куни… Етар сен…

Раис: Ўртоқлар, ҳурматли ўртоқлар, жой-жойимизга ўтириб олайлик, жимлик сақлансин. Жимликни сақлайлик. Кун тартибидан чиқмасликни талаб қиламан. Менимча, ҳамма гап айтилди, ҳамманинг фикри бир жойдан чиқмоқда. Демак, Марлен Маммедовни уюшмамизга аъзо сифатида қабул қиламиз.

Овозлар: Қабул қилинсин. Муносиб номзод… Кўпдан лойиқ эди…

Раис: Сиз нима демоқчисиз?

Насир Носир: Мен таклиф қилмоқчиманки, ўртоқ Марленни, муаллим Марленни, истеъдодли боламиз Марленни уюшмага қабул қилсак ва айни онда унинг “Қуёшли баҳор” номли романини буюк Сталин мукофотига номзод кўрсатсак… Чунки адабиётимизда қуёш порлади, баҳор келди…

Раис: Ҳмм… Кечирасиз, кечирасизлар (йўталиб)… Ўзингизга маълумки, ўртоқ Насир Носир, мукофот масаласи бутунлай бошқа масала. Бу дабдурустдан, бир онда ҳал қилиб бўладиган иш эмас. Маълум дистанциялар (инстанция демоқчи – таъкид стенографчига оид) билан маслаҳатлашишимиз керак. Ҳаммаси бамаслаҳат бўлади бу ишлар. Маслаҳатлашгандан кейин бир тўхтамга келинса, келгуси мажлисимизда бу масалага қайтамиз. Энди, овозга қўяман. Кимлар Марлен Маммедовни Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилинсин деган фикрда? Жуда соз. Қаршилар – йўқ. Бетарафлар – йўқ. Протоколга қайд қилиб қўйинг. Ўртоқ Марленни чин юракдан табриклаймиз. Сўнгги сўзни яна сизга берамиз ўртоқ Насир Носир, сиз бу хусусда қандай фикрдасиз?

Насир Носир: Мен фақатгина шуни айтмоқчиманки, Ёзувчилар уюшмасига қуёш кулиб боқди. Баҳор келди… Таъбир жоиз бўлса, қуёшли баҳор… (шовқин сурон)

ТАВСИФНОМА

Ёш истеъдодли ёзувчи, давлат мукофоти совриндори 1951 йилдан Совет Ишчи Коммунистик Партияси аъзоси Марлен Маммадзода (Марлен Имомқули ўғли Маммедов) 1930 йил апрель ойининг охири май ойининг бошларида Олатоғ (эски Маркс) туманининг Қорадара (эски Энгельс) қишлоғида зиёли оиласида дунёга келди. Отаси Имомқули Маммедов шахсга сиғиниш даврининг қурбонлардандир. Берия-Бағиров газандаларининг омонсиз таъқиблари натижасида дом-дараксиз ғойиб бўлган. Ёш пайтидан шеъриятга, санъатга ҳавас қўйган Мардон Маммадзода илк асарлари билан адабий жамоатчилик эътиборини қозонди. Романлари Баку ва Москвадаги марказий нашриётларда чоп қилинган. Баъзи асарлари Мўғулистон Халқ Республикаси ва Корея Халқ Демократик Республикаси тилларига ҳам таржима қилинган. Совет Ишчи Коммунистик Партиясининг ХХ қурилтойидан ва ўртоқ Н.С.Хурушчевнинг тарихий нутқларидан илҳомланган Мардон Маммадзода “Булутсиз ёз осмони” романини ёзиб нашр қилдирди. Асарда Сталин шахсига сиғиниш даврида социалистик қонунчиликнинг бузилиши, бир гуруҳ виждонсиз ва маънавиятдан йироқ кимсалар туфайли халқнинг ҳақиқий ўғлонларининг, баъзи садоқатли коммунистларнинг бошига тушган қора кунлар бадиий жиҳатдан қаламга олинган. Қатағон қурбонларидан бири, Бакунинг кекса меҳнаткашларидан ҳисобланган Баҳром сургундан қайтгандан сўнг ғояларига садоқатли барча коммунистлар номидан шундай фикрни тилга келтиради: “Бизнинг инқилобий ақидамизни ҳеч қанақанги сургун, ҳеч қандай қамоқ тўхтата олмагай.” Жасоратли қаҳрамон Баҳром келажак авлодга хитобан шундай дейди: “Буюк Лениннинг содиқ қуролдоши Наримонни асло унутмангиз. Мен унинг ўз халқи учун қандай жафо чекканини шахсан ўз кўзларим билан кўрдим. Сенга бу халқнинг нону тузи ҳалол бўлсин, Наримон, – дедим унга.”

Асарда мана шундай ёдда қоладиган, жонли эпизодлар кўп учрайди. Мардон Маммадзода самарали ижодий изланишлари билан бирга ижтимоий соҳада ҳам фидокорона фаолият юритиб келмоқда. У Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларидан бири, Озарбайжон-Корея ХДР дўстлик жамияти раиси муовини, фахрий ўт ўчирувчидир. Оилали, икки қиз ва икки ўғилнинг отаси. Мардон Маммадзода оилапарвар ва аҳлоқан дуруст инсон сифатида эътироф этилади. Сиёсий тафаккурини ошириш учун мунтазам равишда ўз устида ишлайди. Ташкилотимиз раҳбарияти партия ва ҳамкорлар бюроси Мардон Маммадзодани (Марлен Маммедов Имомқули ўғли) делегатлар ҳайъати таркибида Мўғулистон ХРга сафарга боришига тавсия қилади.

Имзолар.

7 ноябрь 1960.

ТАҚДИМОТ

Озарбайжон Компартиясининг Марказий комитетига

6 март 1980.

Забардаст ёзувчи, давлат мукофоти совриндори, 1951 йилдан Сов.ИКП аъзоси Мардон Олатоғли (Марлен Имомқули ўғли Маммедов) 1930 йилнинг апрель-май ойларида Олатоғ (эски Маркс) туманининг Қорадара (эски Энгельс) қишлоғида зиёли оиласида дунёга келди. Болалик чоғлариданоқ адабий жамоатчилик эътиборини ўзига тортди. Асарлари ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан ўқиб келинади. Мардон Олатоғли ҳамиша замон талабларига жавоб берувчи асарлар ёзишни уддалаган, долзарб мавзуларда қалам тебратиб келган адибларимиздан ҳисобланади. Унинг куни кеча нашр қилинган “Баракатли куз” деб номланган романида республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилган буюк ишлар, Қорадара қишлоғининг тимсолида тупроқсозлик ишларининг равнақи, ободончилик ва мамлакатимизнинг байроқлар билан безатилганлиги каби ғурур ва ифтихор бағишловчи мавзулар оташин илҳом билан тараннум қилинган. Асарга СовИКП МКнинг бош котиби, СССР Олий Кенгаши Раёсатининг раиси, халқимизнинг қадрдон дўсти азиз Леонид Ильич Брежневнинг қуйидаги сатрлари эпиграф қилиб олинган: “Озарбайжон дадил одимлар билан олға боради!”

Апрель-май ойларида Мардон Олатоғли қутлуғ 50 ёшга қадам қўяди. Шу муносабат билан ардоқли адибимизга фахрий ном берилса мақсадга мувофиқ бўлади деган фикрдамиз.

Имзо

8 март 1980. 

“БОЗОРЛИК” ГАЗЕТАСИНИНГ МУХБИРИ БАҲОР ҚУЁШЛИНИНГ МАРД ЎНДАР МУКОФОТИ СОВРИНДОРИ МАРД ЎНДАР БИЛАН БЎЛИБ ЎТГАН СУҲБАТИ

(5 май 1992)

Мардон Маммадзода, Мардон Олатоғли, Мардон Ўндар ва ниҳоят Мард Ўндар… 60 йиллик порлоқ ҳаёт йўлини мардонавор босиб ўтган, улуғ адиб, забардаст романнавис ва ардоқли юртдошимиз билан учрашишни кўпдан бери орзу қилардим. Мард Ўндар деганда хаёлимда ҳамиша Атилла шижоати, Зардўшт ҳикмати, Бобек ғайрати, Шоҳ Исмоил мардлиги, Ҳожи Зайналобидин саҳовати, Маммад Эмин жасорати, Шахриёр шеърияти жонланади. Ва ниҳоят бу саодат менга насиб қилди. Бугун замонавий адабиётимизнинг буюк вакили хонадонида меҳмонман. Аввало, устоз Мард Ўндарни ўз исми билан аталувчи Мард Ўндар мукофотига лойиқ кўрилгани билан табрикладим. Қалбимнинг ялпиз япроғидек майин титроғи ҳам санъаткор адибнинг нигоҳидан яширина олмади. Ўзига хос хассосият ва назокат билан исмимни сўради. Баҳор,  дедим. Онажоним қўйганлар, – дедим. Аммо тахаллусимни ўзим танладим: Қуёшли. Тўлиқ қилиб айтадиган бўлсам: Баҳор Қуёшли. Сизнинг илк романингиз “Қуёшли баҳор”дан илҳомланиб шу номни танладим.

Таажжубки, улуғ устоз бундай асари борлигини эслай олмадилар. Ниҳоятда камтарлигидан бўлса керак. Айтишларича, санъаткор адибимиз охирги 2-3 йил ичида ёзган асарларининг на номини эслайдилар, на мазмунини. Аммо болалик чоғларини жуда яхши эслайдилар. Шу боисдан биз суҳбатимизни узоқ болалик йилларидан бошладик.

– Муҳтарам устоз, сиз баҳор фаслида таваллуд топган экансиз, яъни май ойининг йигирма саккизинчисида. Аммо бугунга қадар ҳеч қаерга ёзилмаган эди.

– Қизим, бу ҳаммага айтадиган гап эмасди-да, ахир. Биласиз, 28 май, тарихда турк ва ислом жумҳурияти – Озарбайжон Республикаси ташкил этилган кун. Аслида, шундай кунда туғилганим билан ғурурланардим, аммо буни бировга айтиб бўлармиди, дейсиз? Кетгани рост бўлсин қора кунларнинг. Ўшанда қариндош-уруғдан ёши улуғлар тўпланишиб муҳокама қилишибди. Отам уларнинг доно маслаҳати билан туғилган кунимни ҳужжатга 28 апрель деб ёздирибди. Яъни, гўё мен тарихимизнинг энг манфур, энг қора, энг мурдор кунида туғилганмишман. Туғилганимдан бери бу тамға билан яшаш менга қанчалик азоб берганини тасаввур қила оласизми? Аммо бир жиҳатдан туғилган кунимни 28 апрелга ўзгартирилишида ҳам ўзгача маъно бор, бир нави истеҳзо, масхара, қандайдир бир ирония бор, сарказм бор. Совет ҳукуматини чалғитишдан бошқа нарса эмас, бу ахир.

– Устоз, газетхонларимиз сиз ҳақингизда кўп нарса биладилар. Масалан, сиз ижод оламига шеър билан кириб келган экансиз. Ўша илк шеърингиз адабиётимизнинг алвон гулзорига армуғон қилинган нозик навниҳол, санъат осмонимизда парвоз қилган илк қалдирғоч эди. Ўша митти қалдирғоч, нозик навниҳол ёдингиздами бугун?

– Албатта, ёдимда. Қисқагина, лаконик шеър эди.

Қишлоғимда анҳор бор,
Кўкда юлдуз, ой ҳам бор.

Бу шеърни кўп йил энг яқин дўстларимдан бошқа ҳеч кимга ўқиб беролмасдим. Тасаввур қила оласизми, юлдуз ва ой ахир булар миллий рамзларимиз-ку! Ўша пайтларда бу рамзларни деб теримга сомон тиқишлари ҳеч гап эмасди-да. Аммо энг қийин синовга тобе тутсалар ҳам мен бу шеъримдан воз кечмас эдим.

– Кўп яшанг, устоз, минг раҳмат сизга. Аммо биз мактаб дарсликларида сизнинг илк шеърингизни қишлоғингизга келган биринчи тракторга бағишлаб ёзганлигингизни ўқигандик. Демак, бу ҳам совет адабиётшунослари тўқиб чиқарган туҳматлардан экан-да?

– Биласизми, Баҳор хоним. Ўша илк шеъримда, ҳақиқатан ҳам трактор детали бор. Аммо қай шаклда? Шеърни сизга қандай бўлса ўшандай ўқиб берай, ўзингиз тушуниб олаверасиз. Демак:

Қишлоғимда анҳор бор,
Кўкда юлдуз, ой ҳам бор.
У қишлоқда масжид бор,
Бизларда бор трактор.

Тушундингизми? Келинг энди шеърни бирга таҳлил қилиб кўрайлик. Масалага теран ёндашадиган бўлсак, муаллиф – яъни у пайтлар эндигина беш ёшни қоралаган истеъдодли бола бу шеър билан нима демоқчи? Болаликнинг мусаффо кўзлари билан кўриб, ҳис қилган қандай туйғуларни тилга келтирмоқда? У қишлоқда, яъни чет мамлакатда, масжид бор, дин бор, имон бор. Бизнинг қишлоқда эса фақатгина трактор бор. Динсиз, имонсиз қуруқ техника бу миллатга нима бера олади? Фақтгина маънавий бўшлиқ, эътиқодсизлик, имонсизлик. Масаланинг асл мағзи мана шунда эди. Манфур коммунистик партия кўрсатмаларига тобе қулдек итоат этган бадном совет мунаққидлари бу нозик матлабни идрок этишга қодирмидилар? Мен ҳам у вақтлар табиийки, буни очиқ-ойдин айта олмасдим. Шунинг учун ҳам яширин, коса тагида нимкоса тарзида айтардим. Диққатингизни бошқа бир масалага тортмоқчиман. “Ой ва юлдуз”ни айтиб ўтдим. Энди “Қишлоғимда анҳор бор” сатрини олиб кўрайлик. Қишлоғимизнинг четидан оқиб ўтган анҳорнинг боши, манбаи, чашмаси қаерда эканлигини, биласиз албатта: Туркияда. Ўзингиз ўйлаб кўринг энди, у вақтларда мен шундай шеърни бостира олармидим? Партия айғоқчилари мени нафақт миллатчиликда, балки пантуркистликда ҳам айблашлари аниқ эди. Бугун мен ҳеч кимдан яшрирмай айта оламанки, кўзимни очган чоғимдан миллатчи эдим ва бу билан фахрланаман. Албатта, мен бу тўрт мисрани мукаммал шеър намунаси сифатида кўкларга кўтармоқчи эмасман. Кейинчалик ўзингизга маълум шеър ёзишни ташладим. Аммо беш ёшли болакай қалбининг таг тубидан чиқиб келган, руҳининг бутун борлиғининг энг теран туйғуларини акс эттирган бу тўрт сатрда қандай буюк матлаблар, маънолар яширинган! Ўша маъноларни кашф этмоқ, миллатни ишонтирмоқ лозимдир. Минг афсуски, кекса авлод адабиётшуносларнинг ҳеч бири бундай теран маъноларни тушуна олмайди. Бу вазифа сизга ўхшаган ёш, гўзал, дадил, кенг фикрлайдиган, озодлик ва мустақиллик йилларида камол топаётган йигит-қизларнинг зиммасига тушади. Ишонаманки, зиммангиздаги вазифангизни аъло даражада бажарасиз.

– Ишончингиз учун катта раҳмат, устоз. Бир-икки оғиз ота-онангиз ҳақида гапириб берсангиз. Газетхонларимиз сизнинг отангиз ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истайдилар.

– Отам Машади Саййид Имомқули қишлоғимизнинг мулласи эди. Табиийки, манфур совет ҳокимияти маънавий маёқларимиз ҳисобланган бундай инсонларни шафқатсизлик билан таъқиб қилар эди. Аҳволни кўрингки, бечора отам коммунистларнинг кўзидан асраш учун ўз фарзандларига қўйган исмни идеологик исмларга алмаштирган эди. Аслида исми Қосимали бўлган катта акамнинг исмини Комсомол, ўртанча акам Байрамнинг исмини Бирмай, укам Парвизнинг исмини Пионер, синглим Зайнабнинг исмини Зина деб алмаштирган эди. Булар фақат ҳужжатда шундай эди. Аммо, табиийки, ҳар биримиз ўз асл исмимизни яхши билардик ва эсимиздан чиқармасликка ҳаракат қилардик.

– Отангизнинг тақдири нима бўлди? Дарсликда қатағон қурбони бўлган деб ёзилган.

– Қўрқитдилар уни, уйидан, оиласидан, туғилиб ўсган юртидан айирдилар. Қатағондан жонини асраб қолиш учун қардош мамлакат Туркияга қочишга мажбур бўлди. У ерда отамга Мемед Эмин[2] ёрдам берди. Бутун умрини қонхўр совет ҳокимиятига қарши курашга бағишлади. Ўтган йили Туркиянинг Иғдир шаҳрида кўришдик. Ўзига оид кабобхонаси бор. Шунақанги мазали тўғрама, қийма, дўнар[3] кабоблар пиширадиларки… Мазаси оғзингизда қолади. Соғлик учун ҳам жуда фойдали. Отам у ерда бошқа оила қурганлар. Уч ўғли бор: Аталай, Кубилай, Собутой. Отам “кун келиб Қорабоғ масаласи ҳал бўлса, Ватанга қайтсам, ўша ерда ўлсам” деб орзу қиладилар. Эҳ… Дунё, дунё… Бекорга айтмайдилар-да: “Сайрга ёт эллар, ўлмоққа ватан яхшидир” деб.

– Устоз, бир-икки оғиз янги асарингиз ҳақида гапириб берсангиз. “Қонли қиш” романи ҳақида…

– Романимда совет империяси зулми остида ўтган даврни “Қонли қиш” деб атадим. Ҳам қаҳратон совуқ, қорбўрон, қон, ўлим, зулм… Миллатимизнинг ғаддор душмани Ленин, Сталин, Киров, Микоян, Горбачев каби жаллодларнинг жирканч амаллари фош қилинади. Кўп афсус қиламанки, “перестройка” деб аталган бало эндигина бошланган пайтларда унинг моҳиятини чуқур англай олмаганимдан Горбачевга бағишлаб “Умидимиз, паноҳимиз” деб аталган мақола ёздим. Тан оламан, бу менинг хатоим эди. Аммо кимнинг хатоси йўқ дейсиз… Романимда шонли мусовотчиларнинг 1918 йилда миллий истиқлол учун олиб борган курашларини муносиб тарзда тасвирладим. Шу билан бирга халқ душманларининг, хоинларнинг асл башарасини ҳам очиб ташладим. Наримоновнинг кечириб бўлмайдиган ишларини ҳам бор бўйи билан кўрсатиб бердим. Асаримда халқнинг асл фарзанди, миллий қаҳрамонимиз Баҳромбек шундай дейди: “Наримон, сенга бу халқнинг нону тузи ҳаром бўлсин!”

– Устоз, маълумки, сизнинг юбилейингиз бундан икки йил олдин ўтказилиши керак эди. 1990 йилда…

– Ўзим хоҳламадим. Мамлакат Москва зуғуми остида турган пайтда юбилей кўнглимга сиғмади. Тўғри, орден бердилар, табрикнома йўлладилар, газета ва журналларда анча-мунча мақола ёзилди. Телевидениеда кўрсатув, радиода турли эшиттиришлар берилди. Аммо дабдабали зиёфатлар ташкил қилишдан ўзимни тийдим. Қолаверса, ўша пайтларда Бакуда эмасдим. “Эрондўст” жамиятининг таклифига биноан Теҳронда маъруза қилаётган эдим. Мавзу шундай эди: “Араб алифбосига қайтиш – муқаддас динимизга қайтиш демак!” Жуда катта мамнуният билан тинглашди.

– 1991 йилда 61 ёшга тўлган эдингиз, негадир бу қутлуғ санани ҳукумат “ёдга олмади.”

– Яшанг. Аммо тасодифни қарангки, ўша пайтда ҳам Бакуда эмасдим. “Туркпарварлар жамияти” таклифига кўра Туркияда эдим. Анталяда “Туркий халқларнинг келажаги – лотин алифбоси!” мавзусида маъруза қилаётган эдим. Маърузамни катта эътибор билан  тинглашди.

– Аммо бу йил, икки йил кечикиб бўлса-да, 60 ёшингиз катта шодиёналар билан қутланса керак-а?

– Биласизми, Баҳор хоним, бу мураккаб кунларда халқимиздан катта шодиёналар уюштиришларини хоҳламайман. Юбилейимни Озодлик майдонида қутлайлик, дейишганди, ўзим хоҳламадим. Жумҳурият стадионида ўтказилса кифоя, ортиқча дабдаба-ю асъасани нима қиламан, дедим. Бу оғир кунларда ҳаммамизнинг фикру зикримиз чекка ҳудудларда қийин аҳволда яшаётган фуқароларда бўлмоғи лозим.

– Устоз, ижодий режаларингиз билан ўртоқлашсангиз…

– Совет ҳокимияти даврида кўп таъқибларга учрадим, турли тазйиқларга дучор бўлдим. Аммо ҳеч қачон фикримдан, эътиқодимдан қайтмадим. Ҳатто коммунистик партияга ҳам мени ўзимга айтмасдан аъзо қилишган. Партбилетимга менинг расмим ўрнига қаердандир холаваччамнинг расмини топиб ёпиштириб қўйишган. Майли… Бошимиздан даф бўлгани рост бўлсин ўша кунларнинг. Образли қилиб айтганда, “Баҳор ёмғирида шалаббо бўлдик, ёзнинг жазирамасида ёниб қовурилдик, куз шамолларидан танимиз жунжикди, қишнинг совуғидан нафасимиз қотди.” Кўриб турганингиздек, яна шоирлигим тутиб кетди.

Устознинг юзида маъсум бир табассум намоён бўлди. На қадар нуроний бу чеҳра, на қадар теран нигоҳ, шавқ ва оташ бор бу кўзларда. Чойдан бир хўплаб сўзида давом этди:

– Ҳозир “Йил фасллари” номли роман устида ишлаяпман.

– Ниҳоят, сўнгги савол. Ўзингизга маълум, газетамиз мустақил нашр ҳисобланади. Ҳеч қайси сиёсий партияга боғлиқ ҳам эмасмиз, сиёсатга аралашмаймиз ҳам. Газетамиз “Бозорлик” деб аталади. Яъни бозор иқтисодиёти тарафдоримиз. Бу ҳақдаги фикрларингиз?

– Халқимизнинг келажаги бозор иқтисодиёти билан боғлиқ, албатта. Фақат бозор иқтисодиётигина мамлакатимизни, шу жумладан, мен туғилиб ўсган Қорадара қишлоғини ҳам машаққатли иқтисодий бўҳронлардан, очарчилик ва йўқсилликдан қутқариши мумкин. Ободончилик ва фаровонлик олиб келиши мумкин. Сизга ҳам, “Бозорлик” газетасининг барча ёш ва ғайратли жамоасига ҳам омад тилайман. Бозор йўлида, керак бўлса, ҳаммамиз ёниб кабоб бўлишга тайёрмиз. Нозим Ҳикмат ўзи коммунист бўлса-да, мана бу гапни жуда топиб айтган: “Сен ёнмасанг, мен ёнмасам, кабоб қандай пишади?” Бу жуда катта назокат ҳисобланади.

Устоз майин табассум қилади. Ҳаётга муҳаббат тўлиб тошган бу кўзларга  майин табассум шу даражада ярашганки… Унинг боқишларида донолик ва маъсумлик, соддалик ва матонат бирдай балқиб турибди. Мустаҳкам иродали, иймон-эътиқодли, олдига қўйган мақсадларида собитқадам, гоҳ вулқондек ғазабнок, гоҳ маҳзуну дарднок буюк устоз камтарлиги туфайли тилга келтирмаса ҳам биз ўқувчилар яхши биламизки: “Миллат йўлида Мард дўнар кабоб бўлиб ёнмоқда.”

“Бозорлик” газетаси

5 май 1992 йил.

ТУЗАТИШ: Газетамизнинг кечаги сонида Мард Ўндар мукофоти лауреати Мард Ўндар билан олиб борилган суҳбатда мусаҳҳиҳ эътиборсизлиги ва мухбир Баҳор Қуёшлининг масъулиятсизлиги туфайли жиддий хатоликка йўл қўйилган. “Миллат йўлида Мард дўнар кабоб бўлиб ёнмоқда” жумласи “Миллат йўлида Мард Ўнар кабоб бўлиб ёнмоқда” деб ўқилсин. Мусаҳҳиҳ ва мухбирга чора кўрилди. Буюк устоздан ва газетхонлардан узр сўраймиз.

“ОзарТАС” МАЪЛУМОТИ

(1 апрель 1994)

Забардаст ёзувчи Мард Ўндар мукофоти лауреати Мард Ўндар Хитой Халқ Республикасига қилган сафаридан сўнг болалик чоғларидагидек яна шеър ёза бошлади. Шеърият мухлисларига “Чин саддида баҳор” номли шеърий тўпламини армуғон қилди.

1994.

Озарбайжон тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржима қилди.

Асар олинган манба: Анор. Асарлар. IV жилд. Боку, 2004. Б. 89-106.

[1] 1911 йилда ташкил қилинган “Мусовот” Озарбайжон миллий демократик партияси аъзоси.

[2] Озарбайжон Демократик Республикасининг ташкилотчиси ва биринчи президенти Меҳмед Эмин Расулзода (31.01.1884 Баку – 6.03.1955 Анқара) назарда тутилмоқда.

[3] Кабоб тури, мунтазам айлантириб пиширилгани учун “дўнар кабоб” дейилади.