“Телефон рақамлари
ҳеч ўхшамас бир-бирига
бироқ барчасида
инсон овози бор…
…ёмон кунлар
ҳеч ўхшамас бир-бирига
бирида ўзинг жим қоласан
бирида телефон…”
Воқиф Вакилов
Ўтган куни сенинг телефонинг вафот этди. Ўйлама, фақат инсонлар ўлмайди, телефон рақамлари ҳам ўлади.
Умр бўйи кўплаб рақамларни унутасан: паспорт рақамингни, охирги ишингда олган маошингни, дўстингнинг улови номерини, ойга қадар бўлган масофани, яшаётган шаҳрингнинг аҳолиси миқдорини… Шунингдек, бошқа кўпгина рақамларни, барчасини унутасан.
Биргина бу беш рақамдан бошқа барчасини. Бу беш рақам сен учун энг азиз ҳадялардан бири эди. Беш рақам, унинг овози ва телефон дастагидан келган бинафша ифори…
Баъзида мен бу қора телефоннинг дастагини нафис овозли бир роялнинг қопқоғини ёпган каби қўйсам, баъзида тобут қопқоғини ёпгандек чуқур ғамгинлик билан жойига қайтараман.
Энди бу рақам йўқ. Йўқ-йўқ, аслида бор, бироқ мен учун йўқ. Мен учун бу рақам энди таъқиқланган ҳудуддир.
Шундоқ бармоқларим ёнида, телефон қорнининг остида жойлашган бу беш рақам эндиликда мен учун босиб ўтиб бўлмас бир масофа — қанчадир километр, қанчадир мил ёҳуд чақиримдир.
Мен бу масофанинг бешдан тўртини кечиб ўта оламан, яъни тўрт рақамни тўплашим мумкин, аммо ҳеч қачон сўнгги рақамни — бешинчисини боса оламайман. Сенинг рақаминг қулфланган эшикдир — мен эса калитни йўқотганман.
Сени кўрмасам ҳам қўнғироқ қилардим, масъум овозингни эшитар ва шундай дердим: “Азизим, қўлларинг нега бунчалар совуқ?”
Сени кўрмасам ҳам, олисдан бўлса-да барчасини ҳис қилардим. Соҳил ёнидаги қишлоқликлар денгизни кўрмасалар ҳам уни ҳис қилишгани каби.
Энди эса денгиз ғойиб бўлди. Йўққа чиқди, йўққа.
Минг марталаб такрорланаётган нарса мен, сен, шунингдек, у. Бироқ телефон ҳам бор.
Барчаси Расимнинг тўйидан бошланди.
Феруз унда қадаҳсўз айтарди:
“Биз беш оғайни эдик. Худди ўша филмьдагидек, эсингиздами, улар ҳам беш нафар эди. Мен, Камол, Мурод, Расим ва Сеймур. Бизни бирма-бир ишғол қилишди, бирма-бир ушлаб, кишанлашди. Ким қилди бу ишни дейсизми, албатта мана бу хонимлар. Уйдаги кулфатни айтмаса ҳам бўлади — болаларни. Ҳа, шундай, бизни кулфат босди, босгандаям ёмон босди”.
Ҳамма кулди. У сўзида давом этди:
“Мана бугун Расимни ҳам йўқотдик. Борган жойингда тошдай қот, оғайни. Албатта, булар бир ҳазил. Бахтли бўлинг Фарида, Расим. Мен сизга узоқ умр, саодат, саломатлик тилайман. Фарзандларингиз мўл бўлсин. Сизнинг соғлигингиз учун ичдик, яна ичамиз ҳам. Бироқ қўлимдаги ушбу қадаҳни жон жигаримиз Сеймурнинг соғлиги учун кўтаришни таклиф қилмоқчиман. Сеймур ўз-ўзига хон, ўз-ўзига султон. Соғ бўл дўстим, булбул бўл, қафасда бўлма”.
Ҳамма менга термулар, идишлар орасидан таниш юзларни кўряпман — дўстларимнинг юзларини. Уларнинг юзида севинч билан бир қаторда ҳайрат ифодаси ҳам бор.
Меҳмонлар бир-бир тарқалишни бошлаганда биз ҳам — Феруз, Камол, Мурод аёллари ва мен кўчага чиқдик. Тун қўйнида мудраётган шаҳарнинг сокин кўчасидан юриб борарканмиз, Ферузнинг аёли биқинимдан туртди:
— Сеймур, сенинг тўйингни қачон қиламиз?
— Олис келажакда.
— Нега ахир? Ё мен мана бу бекорчи ошнангнинг сўзларига ишонасанми? — у кулимсираб эрининг қўйнига суқилди, — у айтгандир, оилам жаҳаннам, деб.
Феруз:
— Ўзига лойиқ қиз тополмаяпти, — деди.
— Ростанми? Эшитдингизми болалар? Келинглар, Сеймурга бир қиз топайлик. Сеймур, сен учун Бокунинг энг гўзал қизини топсак, уйланасанми?
— Албатта, — дедим қатъият билан, — фақат бир шарти бор. Шундай экан, ҳозир, айни дақиқада топсангиз розиман. Йўқса фикримни ўзгартираман.
Камол:
— Вой нозикойимей, — деди, — ярим тунда сенга қаердан қиз топамиз? Кўчадан топмасак керак… Ёки сен туннинг бундай палласида юрган қизга уйланаверасанми?
— Албатта, — дедим, — нима десангиз шу. Бу суҳбатдан уям бохабар бўлсин фақат.
— Менинг бир таклифим бор, келинглар Сеймурга телефон орқали қиз топамиз. Ана, анави ерда автомат ҳам бор экан.
— Жуда яхши фикр, — дедим, — бироқ тангам йўқ.
Ҳар тарафдан менга танга узатишди. Буткага кирдим.
— Қани, рақамни айтинглар, — дедим.
Феруз:
— Жўра, ақлингга келган рақамни тер, — деди. — Масалан…
У сўзини ярим қолдирди.
— Йўқ, дўстим, бўша кема сувга кетмасин. Ёмон қайнона чиқиб қолса менинг ёқамдан оласан. — деди бироз хаёл сургач.
— Қўрқоқ, — дедим, — муаммо ҳам шунда. Уйланмоқ жиддий иш, ҳазилмас. Ҳеч ким масъулиятни бўйнига олишни истамайди. Камол, эҳтимол сен айтарсан-а?
— Менинг бир таклифим бор, — деди Ферузнинг хотини суҳбатга қўшилиб, унинг ўзи ҳамиша бир фикри бўлади, — ҳеч ким бўйнига бундай оғир масъулият олишни истамайди. Келинг, яхшиси масъулиятни ҳаммага тенг бўлайлик. Ҳар ким бир рақам айтсин.
Феруз:
— Маъқул, — деди. Тўғрисини айтсам, у ҳамиши аёлининг сўзини маъқуллайди. — Икки, — деди Феруз менга истеҳзоли қараб.
Ферузнинг аёли:
— Тўққиз, — деди.
Камол:
— Рақамми… — дея ўйланиб хотинига боқди, — сен айтақол хотинжон.
— Мен? Мен нима дей, билмайман… Майли, тўрт.
Мурод чаққонлик билан:
— Беш, — деди.
Мен айтилган рақамларни тердим, Муроднинг аёли сон айтишга улгурмади, чунки телефондан қисқа сигналлар кела бошлаганди.
— Жуфти ҳалолим уйқуга кетган шекилли, — дедим.
Ҳамма кулди. Гўшакни жойига қайтардим.
Сўнгра йўлимизда давом этдик, бир-бир уй-уйга тарқалдик. Мен негадир ўзимни ёлғиз ҳис қилардим…
Секин-аста юриб денгиз тарафга қайтдим, узоқ вақт кимсасиз булварда сайр қилдим, қоронғулик кўрпасини ёпиб олган денгиз ва олисдаги рангбаранг чироқларга термулдим, тўсатдан ўша рақамлар эсимга тушди. Тунгги соат икки эди.
Сўнгра яқиндаги автомат буткасига кирдим, танга ташладим ва рақамларни шарақлатиб тердим.
Гўшакдан аёл овози эшитилди. Овоз ухлаётган эмас, бироз ҳорғин ва ҳайратланган одамнинг овози эди:
— Лаббай.
— Салом.
— Салом. Ким бу?
— Менман. Келинг, танишамиз.
Бу гапдан кейин юзимга урилган тарсакидек қаттиқ жавоб кутардим. Ёки ҳайдаб чиқарилган одам эшиги каби телефоннинг ғазаб билан ўчирилиши ҳақида ўйлардим. Бироқ у на қаттиқ жавоб қилди, на ғазабланди. Овози аввалги сокинлик билан янгради:
— Менимча танишиш учун вақт алламаҳал бўлди.
— Алламаҳал? Йўқ, асло. Айни вақти ҳозир. Мен бироз аввал бир яқин дўстимнинг тўйидан чиқдим. У менинг энг охирги бўйдоқ оғайним эди. Фикримча, бугун унинг тўйи эмас, азаси бўлди.
— Вай, вай, вай. Нималар деяпсиз? Ўзингиз уйланмаганмисиз?
— Албатта йўқ. Сизчи, сиз турмушга чиққанмисиз?
У кулди.
— Танишишнинг илк дақиқасиданоқ ҳамма нарсани билишни истайсизми?
— Маъзур тутинг. Мени телефон хулиганларидан, деб ўйламанг тағин. Мен, шунчаки, ёлғизликдан кўкси ўт олган бир одамман холос. Балки шунинг учунам рақамларни тердим, биров билан танишай дедим.
— Шундайми, рақамимни қаердан олдингиз?
— Тасодифан. Хаёлимга келган рақамларни тердим, вассалом.
— Ажабланарли жуда.
— Сезганингиздек, бироз сарҳушман, эҳтимол шу туфайли ўзимни жуда ёлғиз сезаётгандирман.
— Майли, ҳеч қиси йўқ.
— Сиз билан учраша оламизми?
— Йўқ, бу тўғри иш эмас. Келинг, яхшиси бундай қиламиз. Ҳозир кеч бўлди, уйингизга бориб дам олинг, тонгда, мени айтди дерсиз, барчаси унутилади.
— Ахир сиз билан кўришишни хоҳлайман, ҳеч қурса танишишни…
— Рақамимни биласиз, эртага ўзингизга келгандан кейин, танишишни истасангиз телефон қилинг, қаршилигим йўқ.
— Ростанми?
— Рост. Яхши дам олинг.
— Бахтга қарши эрталаб албатта қўнғироқ қиламан.
Жуда кулгули кўринса ҳам, гўшакни жойига илиб одамсиз кўчада юриб борарканман, ўйлардимки, энди мен ёлғиз эмасман. Гўёки энди кимимдир бор.
Эртаси кун телефон қилмадим. Кун давомида кундалик ишларга қоришиб, ҳаммасини унутдим. Бир неча кундан сўнгра мажлисдан чиқиб лаборотория мудиримиз билан жанжаллашиб қолдим. У менинг илмий раҳбарим ҳам эди.
Музокарадан кейин Феруз мени уйига олиб кетди. Биз у билан бир олий ўқув юртида ишлардик. Йўлда у менга маслаҳатлар берди, ғазабланмаслигимни, ўзимни босиб гапиришим кераклиги ҳақида маъруза қилди. Айтдики, ҳаётда агар ҳақ бўлсанг ўз ҳақиқатингни ҳимоя қилишнинг минглаган усули бор. Ҳаммани ўзингга душман қилган билан бировни ишонтира олмайсан. Бироз келишган маъқул, бироз енгилган ҳам. Тасаввур қил, биров тўғри гапирмаяпти. Айтайлик унга, ҳар тарафдан назар солсанг, менга шундай туюлади, бу масалага бир тарафлама боқсанг, ҳар ким билан ҳам келиша оласан. Йўқса ўзинг каби ҳеч нарсанинг тарафини ололмайсан, нодонсан, жоҳилсан. Шунинг учун ҳам…
— Шунинг учун ҳам… — дедим. — Сенинг бу сиёсатинг жонимдан тўйдиириб юборди.
— Тушундим дўстим, тушундим, сендай одам билан келишиб бўлмайди. Кетдик яхшиси чой-пой ичайлик.
Ферузнинг аёли:
— Биласанки, — деди, — ҳеч биримиз бу сўзларни унга ўргатмаганмиз. Билмайман бу сўзларни қаердан билади, ўзи топган, дейдики: “о-о-йи, да-а-да”.
Ферузнинг аёли ҳали бир ёшга ҳам кирмаган ўғли ҳақида гапирарди. Шу маҳал Феруз кийимларини алиштириб ёнимизга келди.
— Ҳақиқатдан ғалати, — деди. — Биласан мен яқинда янги бир назарияни кашф қилдим. Назариямга асосан, тилни болалар яратишган. Катталар эмас, йўқ, айнан болалар. Биз, катталар улар яратган сўзлардан фойдаланамиз. Сеймур амакиси, айт қани, қаерда шундай ширин болани кўргансан, кимнинг шундай ўғли бор, тўғрими гапим?
Қанча урунсам ҳам ўша рақамни эслай олмасдим. Деярли ярми эсимда, бошидаги икки сонни аниқ биламан, учинчи рақами нол эди, қолганини минг урунсам ҳам ёдимга тушуролмадим.
— Менга қара, Самоя, ўша кечаси сен қайси рақамни айтгандинг?
— Қайси кеча? Қанақа рақам?
Унга эслатдим: “Ўшанда, тўйдан чиқиб менга маслаҳат бердингизлар уйланиш ҳақида, кейин телефон орқали таништирмоқчи бўлдингизлар бўлажак аёлим билан, бирма-бир рақам айтдингизлар, эслаяпсанми, сен ўшанда қайси рақамни айтган эдинг?”
Эшикдан чиқарканман у ортимдан бақирди:
— Ҳа, эсладим, тўққиз эди, троллейбусимнинг рақами.
Уйдан чиқишим билан яқиндаги буткадан рақамларни тердим. Гўшак кўтарилди.
— Ало. Салом. Менман.
— Салом. Ким бу?
— Нега дарров унутдингиз. Эсингизда бўлса, мен сизга бир оқшом телефон қилгандим, бундан уч кун аввал, айнан ҳозиргидай вақт эди ўшанда…
— Унда овозингиз бошқача эди, — деди ва истеҳзо билан қўшиб қўйди, — ёки бу гапираётган одам бошқа биров. Ўтган сафар ёлғизликдан қийналган, бир телефон можаросига қўшилиб қолгандингиз.
У қатъий оҳангда гапирарди.
— Онт ичаман, бу менман. Ўшанда овозим маст одамники эди, шунинг учун ҳам танимаяпсиз ҳозир. Эндичи, энди танияпсизми, эшитинг.
— Ҳа, энди танидим. Мен бошқа одам деб ўйлабман, маъзур тутинг, — у бемалол кулди, — демак, бугун ўзингиздасиз.
— Юз фоиз. Маст эмас вақтимда қўнғироқ қилишимнинг сабаби мен ҳақда фақат ёмон тасаввурга эга бўлиб қолманг, дедим. Сиз ўйламанг тағин, бу ғирт ичкиликбоз, деб. Ўзи ойда-йилда бир марта ичаман.
— Яхшиям қўнғироқ қилдингиз, бўлмаса бу оқшом зерикиб ўлардим. Радиом бузилиб қолди.
— Сиз ҳар доим шундай кеч ухлайсизми?
— Ҳа, шундай, тун ярмигача радио тинглайман. Бироқ бугун радионинг аҳволи чатоқ, тентакка ўхшаб қолдим усиз.
Гўшакдан ажойиб бир куй, пианинонинг овози эшитиларди, бироқ жуда узоқдан.
— Сиз саволларга жавоб беришни хуш кўрмайсиз, биламан, аммо мумкин бўлса айтсангиз, ким у тун ярмида пианино чалаётган?
— Ҳа, — у секингига кулди. — Овоз бизнинг уйдан эмас, қўшниларникидан келяпти. Шундай санъатсевар қизки, эрталабдан кечгача пианино чалиш билан машғул. Деворлар қалин эмас, овоз тўғридан-тўғри ўтиб туради, худди икки уй ўртасида ҳеч нарса йўқдек. Ҳеч қурса радио ишлаганида унинг овозини эшитмасдим.
— Хўш, нега радио тинглайсиз?
— Радио худди уйимга менгзайди. Масалан, мана бу пайтда тунгги эшиттириш бўлади, мана бу вақтда эса энг сара қўшиқлар қўйилади… — Мен унинг радио тугмалари узра кезаётган бармоқларини ҳис қилдим, у каналларни бир-бир ўтказарди, — Бу ерда ҳамиша бўрон гувиллайди, бу ерда ҳар доим мен англолмас тилда гапиришади, бу ерда эса ҳамиша хурсандчилик, бу ерда суҳбатлар уюштирилади, халқ кулади, олқишлайди, мен сўзларни тушунолмайман, бироқ мендан бошқа ҳамма кулади, яна қарсак чалади, мен ҳам қўшиламан. Бу ерда тунгги суҳбат, бошловчилар бир-бири билан пичирлаб гаплашишади, микрафондан ҳатто уларнинг нафас олиши ҳам эшитилиб туради… Радио дейиш ҳам ғалати, гўёки бутун дунё менинг хонамга қамалиб олган. Барча тунларим шундай кечмоқда. Осмон, ашулалар, одамлар, тайёралар…
— Тайёралар?
— Қулоқ тутинг, — деди у. Сўнгра орага жимлик чўкди. Мен ҳам қулоқ солдим ва бироздан сўнг тайёра шовқинини эшитдим. Демак, ҳозиргина қўнган учоқ бизнинг уй устидан ҳам учиб ўтади. Унинг уйи қаерда экан-а, шаҳарнинг қайси бурчагида экан?
— Радио ва тайёралар бир-бирига қўшни, шундайми? — дея тўсатдан сўради у.
— Қанақасига қўшни бўлишади ахир?
— Самодан, — деди ва яна сукутга чўмди. Энди гўшакдан учоқ овози эмас, пианино саси эшитиларди. — Менга қўйиб берсангиз гапириб ўтиравараман, сиз ҳам нимадир денг ахир?
Ўзим ўзимга ҳайрон қолдим, билмадим, негадир мен бу бегона одамга ҳеч бировга айтмаганларимни гапира бошладим. Ишдаги муаммою ташвишлар, эски дўстим Феруз билар кундан-кунга узоқлашиб бораётганимиз, илмий раҳбаримни нега ёқтирмаслигим, диплом ҳимоясида ҳар нарса деганим ва бошқа шундай кўплаб нарсалар ҳақида оқизмай-томизмай айтиб бердим. Зеро, буларнинг бирортасини унга даҳли йўқ эди. Бироқ, тушунмасдим, нега айнан унга булар ҳақида гапирдим? Ўзимни нега тўхтатолмадим?
Тўсатдан тўхтаб, дарров у билан хайр-маъзур қилдим, гўшакни шиддат ила жойига қайтардим.
Уй тарафга одимлаб борар эканман, “Буни кимга айтиб беришимдан қатъий назар аниқ ишонмайди”, деб ўйладим. Ҳақиқатдан ҳам, танимаган, ҳатто юзини кўрмаган одамга қандай қилиб кўнглингни очиш мумкин?
Мен у ҳақида нима билардим? Ҳеч нарса.
Ягона билган нарсам, у кечалар радио тинглашни хуш кўради, санъатсевар қўшниси эса тун бўйи пианино чалади.
Бу ҳикоянинг яни бир иштирокчиси — телефондир. Телефон ҳақида бир-икки жумла айтишни истардим. Айниқса сўнгги пайтларда телефонлар менга жуда ғаройиб ва бегона туюларди. Лаборотория мудиримизнинг хонасида, столи устида бир қора телефон бор. Ҳамиша унга боққанимда у хонага қўйилган минадек кўринади кўзимга. Мудирнинг доимо маҳзун, ўйнаб турувчи, қўрқув ичида боқувчи кўзларига қараганимда бу телефон унинг учун вақтли бомбадек туюлишини ўйлардим. Чунки у ҳар қўнғироқдан, ҳар ҳаракатдан сакраб тушарди. Гўёки бу телефон ҳар дақиқада нохуш хабар сабабли ҳаракатга келиши мумкин. Гўёки бир кун унга қўнғироқ қилиб “Сени ишдан бўшатишди ёки хотининг бошқаси билан қочиб кетди” дейишади.
Канселариямизда ҳам телефон бор эди. Бироқ дискидаги рақамлар тушиб қолган, қора бир доира эди. Менинг тасаввуримча у чамбараксиз машина, мазилсиз мактуб каби мададга зор ва ожиз эди. У гўёки мутеъликнинг, эрксизликнинг, пассивлик ва бахтсизликнинг рамзи эди, яъниким, сенга қўнғироқ қила олишади, сен эса йўқ.
Бундай телефонлар қаторида телефон автоматлар ҳам бор. Телефон автоматлар дисксиз телефонларнинг бутунлай акси. Сен қўнғироқ қила оласан, улар эса йўқ. Кимгадир телефон қилиб оғзингга келгани айт, қарға, ким ҳам сени топа оларди? Телефон автоматлари — жазосизликнинг, масъулиятсизликнинг, ўзбошимчаликнинг рамзи. Уларнинг устун тарафи бомбардимончи учоқларнинг қуролсиз кема устида ғолиб келганига ўхшайди.
Кўрмагансизда, уйимизга телефон келмагунча қанчалик ҳасис эдим. Қўлимга тушган тангаларни Ҳожи Қора каби ҳасисларча йиғар, яшириб қўярдим. Таниш-билишдардан, дўстлардан танга олар ва бир жойга тўплар, имкон бўлиши биланоқ купюраларни ҳам тангага алмаштирардим.
Ҳар кеча унга телефон қилардим, фақатгина кечалар, бу худди бир одатга айланганди.
Бу суҳбатларни яхши кўрадим — унинг бироз ҳорғин, бироз истеҳзоли, бироз ғамгин овозига, девор ортидан эшитилиб турувчи пианинога, радиога, тайёра шовқинига, бари-барига шайдо эдим.
Эндиликда у ҳақда баъзи нарсаларни ҳам билиб олгандим, бироқ жуда кам эди маълумот. Билишимча, унинг исми Мадина, бир ўзи яшайди, кўзлари қўнғир рангда, уйининг рақами 35. Шулардан бошқа ҳеч нарсани билмайман.
Бир сафар ундан:
— Неччи ёшдасиз? — дея сўрадим.
— Эҳ, ёшим ўтиб қолган, набираларим, эвараларим бор, — деди у кулимсираб. Сездимки ҳазил қиляпти.
У на ҳаётидан, на ишидан, на оилавий аҳволидан сўз очарди.
Мен ҳам ундан булар борасида сўрамасдим. Унинг ўзи ҳам бундай нарсаларни сўрамасди мендан. Бироқ, ёшим, 29 далиги, бўйдоқлигим ҳамда илмий ташкилотда ишлашимни биларди. Фақатгмна исмимни билмасди. Чунки танишганимизда унга ўз исмимни эмас, бошқа бир исмни айтгандим: Рустам. Нега ундай деганман? Билмайман. Эҳтимол унинг ҳам асл исми Мадина эмас, бошқадир.
— Ахир биз қачон кўришамиз, — дедим узоқ жимликдан сўнг.
— Нима қиласиз кўришиб? — деди у жавобан, — Яхши фикр эмас бу. Сизни билмайману менга телефондаги суҳбатлар маъқулроқ. Ҳаётимга янги насимлар олиб киради унда кечган суҳбатлар, устига-устак маълум вақтлардагина телефонда гаплашаман, ўша вақтни кутиб яшайман. Қўнғироқ қилган одамни танимайман, юзини ҳам кўрмаганман, шу туфайли у билан бемалол гаплаша оламан, у ҳам қўрқмай-нетмай менга кўнглини очади. Дейлик, мени ҳеч қачон кўрмаган, қандайлигимни тасаввур ҳам қилмаган. Бу ёмонми? Асло. Мабодо кўришсак, бир-биримизни ёқтирмаймиз, кейин барчаси бузилади. Агар бир-биримизни ёқтирган тақдиримизда ҳам ҳамма нарса ўзгаради, соддалашади, ўз асл маъносини йўқотади. Келинг муносабатларимиз яхшиси шундай қолсин. Ишонинг, энг тўғри йўқ шу. Бу гапларни қўяйлик, яхшиси ишингиздан гапиринг. Ўша масала қандай бўлди? Аризангиз? Ҳал бўлдими?
— Йўқ. Ариза берганман, кетаман яқин орада у ердан.
— Қаерга?
— Очиғи, қаергалигини билмайман. Сиз нима маслаҳат берасиз?
У бу саволга жавоб қайтармади, гўшакдан фақатгина учоқ шовқини эшитилди.
Янги йилни Ферузгилда кутиб олаётган эдик. Янги келин-қуёв — Расим ва Фарида ҳам келганди. Ўн иккига ўн дақиқа қолганида байрам столи ёнига тизилишдик. Бу столни Ферузнинг аёли ва бошқа хотинлар шундай чиройли безашган эди.
Бу ерга энг охирда келган мен эдим, ташқари жуда совуқ бўлгани учун ичкаридаги қайноқ тафт одамга хуш ёқарди албатта.
Соат ўн иккига бонг урди, бир-биримизни қучоқлаб, оғиз-бурун ўпишдик, бир-бировга бахт ва омад тилаб қадаҳ кўтардик. Феруз ўз сўзида бу йил тарихий йиллигини, бу йилда менинг тўйим бўлишини ҳам сўзига қистириб ўтди. Бир қадаҳ шаробдан кейин Феруз мени бир чеккага олиб чиқди.
У кечадан бери ичаётгани учун маст эди, қўлидаги қадаҳ билан бир менга қадаҳ сўзи айтарди. Буни мендан бошқа биров эшитмасди.
— Сенинг соғлигинг учун ичаман. Сен доим худди ҳозиргидек бўлгансан, мард, қатъиятли, шунингдек, бироз шўх, тутқичбермас ва бешафқат. Ҳаётга ҳамиша очиқ кўз билан қарайсан. Биламан, биламан, бу сўзларимга ичингдан куляпсан ҳозир, эҳтимол нафратланаётгандирсан ҳам. Яхши биласан, мен ҳам, қара, буларнинг барчасидан, — у ялтираб турган янги мебелини кўрсатди, — ёки Самоянинг шубасидан аввал ўзимни сотганман. Йўқ-йўқ, мен ҳеч қачон виждонимга хилоф иш қилмаганман, ҳеч қачон вада бермаганманки, виждоним уни қабул қилсин. Бунга ишонишинг мумкин. Аммо… — у бироз тўхтади, — Одамнинг ақли жойида бўлсин экан. Хўроз каби отилавермасин экан ҳар доим ўртага. Шундай ерлар бўладики, таслим бўлиш лозим, яна шундай ерлар борки, сўзингда қатъиян тура олиш шарт. Баъзи ишларда келишган ҳам маъқул аммо.
— Эҳтимол, ҳақлисан. Лекин шахсан мен учун ҳақ-ҳисоб қийин масаладир, бу ерида ортга қайт, у ерида олға юр, мен бундай эрксизликда яшай олмайман.
У қўлини ирғитди:
— Ай-ҳай, кел, яхшиси ичамиз, янги йилдан қаерда иш бошлайсан?
— Газетада, — дедим дадил овозда. — Ўтган куни буйруғим чиқди.
— Ўзинг тушунадиган, яхши иш, бироқ мендан сўрасанг, бекор кетдинг…
У роялнинг орқасига ўтди, чалишни бошлади, аёли эса қўшиқ куйлади. Улар айтаётган қўшиқ радиомизнинг сўнгги қўшиқларидан бири эди. Тўсатдан пианино, сўнг эса радио ёдимга тушди.
— Қадаҳ сўз айтмоқчиман, — дедим, овозим баттар дўриллаб кетди.
Ҳамма таажжубла менга қаради, чунки, шу пайтгача қадаҳ сўз айтган одам эмасдим.
— Қаранг, биз ҳаммамиз шу ердамиз, бир жойда, ҳаммаси жойида, кайфимиз ҳам чоғ. Бироқ келинг, бир бора ўйлаб кўрайлик, бу оқшом ёлғиз қолганлар нима қилишмоқда экан? Дейлик, навбатчилар, йўл кузатувчидалари.
— Ким, ким? — дея ҳар тарафдан савол келди.
— Йўл кузатувчилар деяпман. Шундай, улар поездлар жадвалини ёддан билишади, ёп-ёлғиз хонасидан чиқиб айни тун ярмида қору аёзда поездларни кутишади.
Расим:
— Тегманглар, бугун оғайнимиз маст, дунё уники, — деди. Ҳамма кулди. Феруз дарров менга қараб ўрнидан турди:
— Тўхтанглар, бир зумга тўхтанглар, — деди. Айтайлик, гапинг рост. Илтимос дўстлар, кулмайлик, масала жиддий. Демак, бугун йўл кузатувчиларининг соғлиги учун ичамизми Сеймур?
Қадаҳлар кўтарилди.
— Йўқ, — дедим, — йўл кузатувчиларининг соғлиги учун дейишни истамасдим. Гапимни оғзимдан олдингиз. Мен тамоман бошқа бир одамнинг соғлиги учун ичишни истар эдим ва қаранг, агар тушунмасангиз…
— Хўш-хўш, майли, айтчи…
— Мен фақат бир инсоннинг, танҳо қалбнинг, ёлғиз кўнгилнинг соғлиги учун ичишни истайман бугун. Ҳозир у ўз хонасида радио тингламоқда. У барча радиоларнинг кунлик жадвалини ёддан билади. Йўл кузатувчилари поездлар олдига чиққанидек у ҳам эфирга кетган ҳар бир эшиттиришнинг олдига чиқади. Бутун дунё унинг хонасида, бутун олам у билан бўлишига қарамай у жуда ёлғиз…
Қадаҳдан бир қултум хўплаб, бошим узра кўтардим. Қолганлар ҳам индамайгина ичишди, сўзларимга ҳайратланишди, лекирн бирорта савол беришмади. Бироздан кейин эса умуман бошқа нарсалар ҳақида суҳбатга киришишди.
Секингина даҳлизга чиқдим, рақамларни териб, жимгина қулоқ солдим. Телефон кўтарилмади. “Бу ҳам сенинг йўл кўзловчинг”, дея ўйладим. Бекорга унинг ғамини еяпсан. У ҳаммага ўхшаб қаердадир янги йил кутаётган бўлса керак, эҳтимол, шоддир ҳам. Нега қувонмасин, нега байрам қилмасин ахир?
Хаёлдан ўзимни тортиб яна қўнғироқ қилдим. Москва вақти билан янги йилни қутлашни истадим. Барибир телефон кўтарилмади. Бир соат ўтар-ўтмай яна қўнғироқ қилдим, бу сафар Прага вақти билан табриклашни ўйладим, яна жавоб йўқ. Бир соатдан кўпроқ вақт ўтди, яна унинг рақамларини тердим, бу сафар қаернинг вақт билан янги йил эди, билмайман, эҳтимол Гринвич вақти биландир.
Ниҳоят, саҳарга яқин кўчадаги автоматдан қўнғироқ қилганимда у телефонни кўтарди.
— Сизни Атлантик вақтидаги янги йил билан қутлайман, — дедим. У нима демоқчилигимни тушунмади, мен ҳам изоҳламадим.
— Яхшимисиз? Ҳозргина киргандим ўзи эшикдан.
— Ўзим ҳам ҳали келмаган бўлса керак деб ўйладим. Тун бўйи сизга телефон қилиб чиқдим.
— Рафиқамгилда эдим.
— Ҳеч қиси йўқ, — дедим, — янги йил совғаси ўлароқ ажойиб бир сўзни айтмоқчиман сизга… Мен сизни севаман. Телбаларча севаман, ҳа-ҳа, жуда яхши кўраман сизни.
— Ия, шундайми? — У оҳиста кулди. — Қандай ажойиб хушхабар. Янги йил ёмон бошланмаяпти.
— Ишонинг, сиз менинг азизим, кўзларимнинг нурисиз, қандай айтсам экан-а, мен ҳеч кимни бунчалик севмаганман. Эҳтимол сизга кулгули туюлар, бир-бировни ҳеч кўрмаганмиз. Бироқ нима ҳам қилардик, қисмат экан, учрашдик. Мен энди сизсиз яшолмайман.
— Янаям тўғрироғи, менинг қўнғироғимсиз, — дея сўзимни тўғирлади у. — Биламан, бу сўзлар ҳаммаси ҳавойи гаплар, аммо уларни эшитиш одамга жуда хуш ёқади.
Биринчи марта суҳбатимизни пианино овози бузмас, олисдан қуёш кўринаётганди. Қачонлардир мусиқа мактабида ўқиганим сабаб шекилли, хаёлимга шундай ташбеҳлар келди — ҳаётнинг хромотик овозлари — оқ ва қора пардаларнинг — кундуз ва кечаларнинг, яхши, порлоқ кунларнинг ҳамда ёмон, зулматли тунларнинг кураши….
— Мен қачон сизни кўраман ахир? Ҳамиша бир гапни қайтарасиз: “Кўришмаганимиз яхши”. Сизнинг фикрингизча, бу муҳаббатнинг энг гўзал кўринишидир, биз бир-биримизга телефон орқали боғланганмиз. Гўзал алоқа бу.
— Фақат бир тарафли алоқа, — деди у, — яъни, сиз менга қўнғироқ қила оласиз, мен эса йўқ.
— Шундай, шунинг учун ҳам сизни кўришни истаяпман. Манзилни айтинг оёғимни қўлимга олиб ҳозироқ етиб бораман.
— Илтимос қиламан… — деди у қандайдир ғамгин оҳангда, — Илтимос, бу севинчни мендан тортиб олманг. Кўпчилик менга бундай таклифни берган. Сиз ҳам уларга ўхшаб буни сўрайверсангиз, салом-алигимиз узилади.
Бироз жим қолди, сўнгра яна сўзида давом этди,
— Аммо сизга жуда суянаман, турмуш ўртоғим ўлганидан кейинги энг яқин одам сизсиз менга…
Январ бошида янги жойда иш бошладим. Куни билан бир материални таҳрирладим, ишни якунлаб кўчириш учун машинкачига бердим.
“Тонгда тайёр бўлиши шарт”, дедим жиддий оҳангда. Ишга кираверишдаги деворга қора плакат осилган, унда газета ходимларининг исм-фамиляси ҳамда телефон рақамлари ёзиб қўйилганди.
Билдирмайгина уни кўздан кўчирдим, сўнгра бирдан совуқ тер босди бутун баданимни. Чунки нотаниш одамлар орасида таниш бир одамнинг исмига кўзим тушганди.
— Вализода ким? —дея сўрадим ходимларнинг биридан.
— Бизнинг машинкачимиз. Ҳозиргина унга материал бердингиз. Тинчликми?
Секингина деразадан қарадим. Қўнғир кўзли машинкачи зиналардан пастга тушарди. Баланд пошналарининг овози шундай эшитилиб турарди: тақ-туқ, тақ-туқ…
Бу худди эртакка менгзради. Қисмат бизни бир ишхонада учраштирганди, лекин у бу ҳақида умуман билмасди. У ёзув машинкасида мен берган материални кўчираркан буни мен берганимни ақлига ҳам келтирмасди. У биладики, буни мен берганман, бироқ билмайдики, мен — ўшаман, йўқ, янаям тўғрироқ айтсак, мен — менман.
Ҳеч чидайолмасдим, бу янгиликни етказишни истардим, унга автоматдан қўнғироқ қилдим. Бу биринчи марта унга вақт етмасидан телефон қилишим эди, телефон кўтарилмади. “Ҳеч қиси йўқ, ҳар доимги вақтда телефон қиламан, сурприз бўлақолсин, майли”, деган хаёл кечди ичимдан.
Кечқурун унга қўнғироқ қилдим ва:
— Яхшимисиз? Икки соат аввал телефон қилгандим, кўтарилмади.
— Бугун анча эрта телефон қилибсизми? Рафиқамгилда эдим. Бошим ишдан чиқмади, шунга бугун кеч чиқдим.
Кулгумни зўрға тўхтатиб:
— Нима иш экан ўша? — дея сўрадим.
— Тугатолмадим, қолганини уйда қиларман олиб келдим, янги бўлим бошлиғимизнинг топшириғи.
— Янги бўлим бошлиқ?
— Шундай, бугун ишхонамизга янги бўлим бошлиғи тайинланди.
— Йўғе, ажойибку, — дея яна ўзимни зўрға тутиб турдим кулишдан. — Яхши-яхши, қандай экан у янги бўлим бошлиғи?
— Нима десам экан, ўзи кўпам гаплашмадик, жудаям манман кўринди аммо, илк таассурот билан нимадир дейиш мушкул, ҳар ҳолда…
Нима дейишимни билмай қолдим. Унинг бундай дейиши хаёлимга ҳам келмаганди.
— Нега, сизга манзур келмадими? — дедим.
— Хулласда, одатда илк таассурот хато бўлади. Эҳтимол, яхши одамдир, ўзини жуда ёмон тутгани йўқ ҳарқалай. Узун бўйли, бақувват йигит, ҳам келишган. Аммо озроқ қаттиққўл. Одамга тепадан қарайди. Гапирганида ҳам қандайдир жаҳл билан гариради “Тонггача тайёр бўлсин”, деб.
Бу унинг биринчи марта касби ҳақида сўз очиши эди. Бироқ бу сафар унинг касби билан қизиқмадим, ахир шусиз ҳам яхши билардимда чунки.
— Хўш, ўзингизнинг иш нима бўлди? — дея сўради. — Янги ишга ўтдингизми?
Ҳар ҳолда олдиндан режалаштириб қўйганим йўқ эди ўйин бошлашни, бироқ қандайдир куч мени мажбур қилдию шундай дедим:
— Йўқ, фикримни ўзгартирдим. Эски жойимда қолдим.
Эртасига эрталаб Мадинани, менинг Мадинамни кўрдим. Тўғри, ўтган кун ҳам кўргандим уни. Аммо ўша кун у бошқача кўринишда эди, аслида унинг ҳар бир кўриниши ўзига хос ва гўзал. Оддий бир кўриниш… Эҳтимол унинг гўзаллиги ҳам шунда эди, лекин қандайдир паришон ва ҳомуш гўзаллик эди у. Булар ўтган куннинг фикрлари. Бугун эса ҳар нарса тамоман бошқача. У кўчирган қоғозларни кўриш билан бирга ўзига ҳам кўз остидан назар солардим. Унинг менга буткул ёт бўлган зоҳирий кўриниши билан бу қадар яқин, таниш овози орасида, бу ердаги Мадина билан телефондаги Мадина орасида бир оҳанг, уйғунлик ахтарардим.
Ишхонада у билан меҳрибон, секин овозда гаплаша бошладим ва қизиқардимки, қани кўрай, у бу ўзгаришни сезибдими? Буни билиш учун эса оқшомни кутардим. Қўнғироқ соатини.
— Айтгандима сизга, илк таассурот хато бўлади деб. — деди у бугунги суҳбатда. — Бугун сездим, у жуда хушкўнгил, меҳрли инсон экан…
— Иккинчи таассурот ҳам алдаши мумкин ахир, — дедим жиддий оҳангда. — Кўпам ишонманг.
— Йўқ-йўқ, биринчи учрашувда унинг кўзларига қарай олмагандим. Бугун яхшилаб қарадим, кўзларида поклик бор, ҳам доно…
Ичимдан қачон, қайси маҳал боқди экан дея ўйладим.
— Қизғонаман-а сизни, — дедим.
Хуллас калом, бу ўйин шундай бошланди. Мен энди бу ўйиннинг қоидаларини яхши билардим. У эса ҳаммасидан бехабар эди. Энди қўлимдан бошқа нарса келмасди, почта қутисига отилган мактуб каби воқеалар менинг назоратимдан чиққанди. Фақат олдга юриш керак эди.
Бу ўйиннинг ўзига хос қийинчилиги ҳам бор бўлиб, барча сўзларни, сўзлаш оҳангини, фикрлашни ўзгартириш даркор эди. Яъни телефонда бошқа, ишхонада бошқа одам бўлиш керак. Ҳар бирининг ўз олами, ўз хатти-ҳаракати, ўз психологияси бор эди.
Ишхонада тамомила бошқа одам эдим. Хайрихоҳ, бироқ ўртада масофа сақлаган, бир мунча уялчанг. Ҳеч кеча телефонда у менга ўзим ҳақда гапириб берар, ҳар бир ҳаракатимни, ҳар бир қадамимни, юзимнинг ҳар бир ифодасиги таҳлил қиларди.
Кўп вақтларда ўзим ҳақда суҳбатни ўзим очардим, лекин сўнгги пайтлар сездимки, энди бундай қилишга эҳтиёж йўқ. У ўзи ҳаяжон билан Сеймур муаллим ҳақида сўзлар, бу Рустам билан кечган узундан-узун суҳбатларда юз берарди.
Бироқ Сеймур билан ҳеч қачон Рустам ҳақида гаплашмасди. Умуман айтганда, унинг телефон ҳаёти ҳақида ҳеч кимнинг тасаввури йўқ эди. Мен билмасдим, бунга севнишим керакми ёки кадарланишим. Баъзан менга унинг бу борада ҳеч ким билан гаплашмаслигига сабаб бутун лоқайдлиги, бегоналиги, деган фикр келарди. Баъзида эса аксинча тушунардим.
У буни худди энг ҳаяжонли, энг азиз, энг сирли туйғу каби яширар, ҳеч кимга очишни истамасди. Менинг ҳисларим эса бир-бирига қарама-қарши эди.
Тасаввур қилинг, Сеймур сифатида мен уни кечқурунги телефондаги ўзимдан қизғанардим. Телефондаги суҳбатларда эса Рустамни унинг Сеймур ҳақидаги узундан-узун суҳбатлари асабийлаштирарди.
Бу сафар унга:
— Келинг, — дедим, — бир-биримизга “сен” деб мурожаат қилайлик. Ахир кўпдан бери танишмиз.
— Майли, кел, — деган жавоб келди гўшакдан.
— Раҳмат, хайрли кечалар тилайман, — дедим ва ёш боладай севиндим, энди Мадина мен билан “сен” деб, у билан эса “сиз” дея гаплашади.
Тўсатдан хаёлимга биринчи марта ўзим ҳақда, ўзимнинг иккинчи “Мен”им борасида худди бегона одам каби тушунаётганим келди.
— Менимча сенинг ёшинг кичик ундан. — дедим.
— Қаердан биласан? — ўзига ярашган ноз билан жавоб қайтарди, — эҳтимол, у мендан кичкинадир.
Ғазабим қўзиб гўшакни қўйдим. Уч кун давомида бирор марта унга телефон қилмадим.
Ишхонада эса ҳар кун у билан кўз уриштирардик. Ишхонанинг эски ишчиларидан бири менга яқинлашди:
— Қўй, ўзингни қийнама, — деди ва кулимсиради, — ҳали бирор одам бу ёш хонимнинг қалбини фатҳ этолмаган.
Учаламиз ҳам кулдик. Мадина кетганидан кейин мусаҳҳиҳим деди:
— Худди роҳибага ўхшайди. Бирорта инсон унинг юрагига йўл тополмади. Садоқатли рафиқа экан. Эри кўп йиллар аввал вафот этган…
Унинг айтишига қараганда, турмуш ўртоғи учувчи бўлган эмиш, осмонда ҳалок бўлганмиш.
Бир кун ишдан кеч чиқдим. Эшикдан чиқаётиб Мадинанинг машинкасидв ниманидир ёзаётганини эшитдим. Унинг нозик бармоқлари машинка тугмалари узра ҳаракат қилар экан, бу четдан худди пианино чалаётганга ўхшарди.
Кечқурун, вақт бўлганида унга қўнғироқ қилдим.
— Салом.
— Салом. Демак сенинг жаҳлинг тез. Тунов кун нега телефонни қўйиб юбординг? Сенинг шарофатинг билан бугун Сеймур мени уйга кузатиб қўйди.
— Нима? — дея таажжубла сўрадим, ҳайратим жуда ишонарли чиқди.
— Ишим жуда кўпайиб кетди. Шу туфайли кеч чиқдим. У мени кузатиб қўйди. Чунки жуда илтифотли, яхши одам.
“Янаям тўғрироғи, ақлсиз, аҳмоқ одам у, — дея ўйладим. — Каллам қурсин, ростанам кеч эди ахир, хайрлашиб кетиб қолдим, хаёлимга келмабди, кузатиб қўйсам ўлармидим”.
Унинг сўзларидан англадимки, демак мен уни кузатиб қўймоқчи бўлсам албатта йўқ демайди, қайтанга унга ёқиб тушади. Эҳтимол аччиғ билан айтаётгандир, мени — Рустамни жаҳлини чиқариш учун айтаётгандир. Демак, у менга — Рустамга ҳам бепарво, ёт деб билмайди ўзини. Бироқ бунинг қай бири ҳақиқат? Қачон бунинг тагига етаман?
Гумону фаразлар ичида гаранг қолдим. Бироқ бир нарсани аниқ ва тиниқ билиб олдим, келаси сафар ишдан кеч чиқса нима қилишни яъни. Биз борди-келдиси озайган шаҳарнинг сокин кўчаларидан ўтиб борардик, мен ундан сўрадим:
— Иш йўқ пайтлари, айнан кечалар нима билан машғул бўласиз?
— Уйда ўтираман, — деди.
— Ёлғиз, бир ўзингиз ўтирасизми уйда?
— Шундай, тинчликми? Китоб ўқийман, радио тинглайман.
Қани кўрамиз, радио ҳақида Рустамга айтганларини Сеймурга ҳам айтиб берармикан. Аммо у умуман бошқа нарса ҳақида сўз очди, бундан ўзимда шод эдим.
— Анави менинг деразам — учинчи қаватни кўрсатди.
— Эҳтимол падезд қоронғудир, келинг, ўзим эшиккача чиқариб қўяман.
— Йўқ, — деди.
Бироқ ортга қайтишнн истамадим.
— Балки мени уйингизга таклиф этарсиз? — дедим.
— Албатта, — деди у. — Лекин ҳозир вақт алламаҳал бўлди, — у соатига қаради, сездимки, асабийлашяпти.
— Алламаҳал дейсизми? Шунчалик эрта ухлашга ётасизми?
— Йўқ, аммо… — у жуда безовта эди, тили калимага келмасди.
— Майли, менга бир стакан чой беришни истамас экансиз, келинг, унда яхшиси бироз кўчада сайр қиламиз, ҳавони қаранг, қандай баҳаво.
У рози бўлмади. Сайр қилдик. Бир неча марта унинг уйи ёнидан ўтдик. Мен унинг уйини жуда кўришни истардим. Фақатгина телефон орқали таниш бўлган уйни, радиони, юмшоқ ўриндиқни кўриш якка истагим эди.
Эҳтимол ўша кун мени уйига таклиқ қилсайди, ҳаммасини унга айтиб берардим.
Падезд эшиги олдида хвйралашар эканмиз у менга шошилиб қўлини узатди.
— Бўпти, яхши боринг Сеймур муаллим. Жуда миннатдорман сиздан. Оқшомингиз хайрли бўлсин.
Шундай деди ва майингина жилмайди, сўнгра ортга қарамай кириб кетди. Унинг қадам овозларини эшитар эканман, тўсатдан ҳаммасини англадим. Тушундимки, у нега бунчалик шошилди, асабийлашди, тез-тез соатига қаради. У телефонни кўтаришга кечикишдан қўрқарди. Менинг телефонимни.
Бир неча кундан сўнг масъул котибимиз мажлисда бўлмағур нутқ сўзлади.
Унинг сўзларини кесдим ва аёвсиз танқид қилдим. У менга қаршилик ҳам билдирмади, жавоб ҳам бермади. Унга раҳмим келди. Қанча йиллардан бери газетада ишлайди, шу пайтгача бирор одам у билан бу оҳангда гаплашмаган экан. Камига шунча одам орасида.
Мажлис тугагандан кейин ўзимни жуда ўнғайсиз ҳис қилдим, биринчи сабаби мен тамоман ҳақ эмасдим, иккинчи, Ферузнинг маслаҳатлари ёдимга тушганди, учинчиси эса, ишхонадан бўшатишидан қўрқардим. Аслида, қўрқадиган одам эмасман. Бироқ Мадина бу ерда ишлайди, ундан айрилгим йўқ. Нима бўлса бўлар деб масъул котибнинг хонасига бордим, узр сўрадим.
Кечқурун Мадинага телефон қилар эканман, нима ҳақида сўзлашини билардим.
У сўз бошлади:
— Рустам, яхши биласан, — унинг овозида жонланиш, ҳаяжон бор эди, — бизнинг Сеймур қанчалик мард инсон. Ўз кўзим билан кўрганим йўқ, лекин бошқаларнинг сўзига қараганда, бугун у мажлисда масъул котибимизни уялтирибди. Сувсиз олиб бориб, сувсиз олиб қайтибди. Оғзига келганни айтибди. Хуллас, ҳамманинг оғзида шу гап. Ахир котибимизни шу пайтгача бирор одам икки қилмаганди. Устига-устак, шунча одамнинг ичида, тасаввур қиляпсанми.
— Биламан, — дедим, — бундай кишиларни жуда яхши биламан. Улар мажлисларда оловли нутқлар сўзлашади, одамлар ичида ўзини кўрсатишади, бироқ кейин бориб узр сўрашади. Эҳтимол Сеймур ҳам мажлисдан чиқиб унинг ёнига борган, оёқларига йиқилиб ёлворган, узр сўрагандир.
У ғамгин овозда:
— Нега бунақа дейсан-а? — деди. — Нега сен уни бунчалик ёқтирмайсан.
— Бунинг сабаби битта, чунки сен уни ёқтирасан. Мен эса сени.
— Қандай яхши, зўр. Ҳаммамиз бир-биримизни ёқтирамиз, яхши кўрамиз.
— Албатта, сен эътибор берма. Энг ёмони сен у билан ҳар кун кўришасан, юзма-юз суҳбатлашасан, киногаям борасан ҳаттоки.
— Кинога? Сен қаердан биласан, нега у билан кинога кетармишман?
— Нега кетмаслигинг керак экан?
У кулди. Демак бу фикр унга ёқиб тушди.
— Мен билан эса фақатгина телефонда гаплашасан.
— Ахир бу ҳақида сен билан гаплашгандикку.
— Айтчи, мен ҳақда унга бирор нарса айтганмисан?
— Нималар деяпсан? Мен бу ҳақида нафақат у, балки ҳеч кимга, ҳеч қачон бирор сўз ҳам айтмайман. Менинг учун бу худди, нима десам экан, — у бироз жим қолди, чамамда, сўз ахтарди, — муқаддас нарсадир.
Эртаси кун биз у билан кинога бордик. Филм фидокор учувчилар борасида эди, бундан Мадининг жаҳли чиққанди. Эҳтимол шунинг учун ҳам кўнглини бўшатиб олишни истади, ҳалок бўлган умр йўлдоши ҳақида сўз очди:
“Бизнинг бутун умримиз осмонда ўтди. Осмонда танишдик. У учувчи эди, мен эса оддий бир учоқ хизматкори. Кейинчалик мени стуардессаликка қўйишди, ўшанда менда ҳамиша у билан бўлиш имкони пайдо бўлди. Биз турмуш қурдик. Бокудан — Мсоквага, Москвадан — Бокуга учрадик, тинч ва кўздан пана жой топишимиз билан ўпишардик. Кейин ҳомиладор бўлдим, таътилга чиқдим. Охирги марта уни тайёрагоҳга кузатиб қўйдим…”
Дарҳақиқат, айрилишганида уларнинг лаблари орасида масофа йўқ эди, бироқ билишмасдики, бу масофа ҳаёт ва ўлим орасидаги масофа, абадий кўк, у ҳеч қачон қайтиб келмайдиган само ва ер, Мадинанинг уни ҳамиша кутгувчи ер ўртасидаги масофа эди у. Учоқ жойидан қўзғолганида Мадина унинг орқасидан сув сепган. Яқин ўтмиш тарихида биринчи марта, замонавий ҳаво қушининг ортидан, худди бундан минг йил илгариги одат бўйича сув сепишарди. Кейин учоқ фалакка кўтарилди. Кейин эса ёмғир ёғди…
Мадина бир жойида қотиб ниманидир тинглашни бошлади. Бироздан сўнг бу шовқинни мен ҳам эшитдим ва тушундимки, у бу овозни ҳаммадан аввал эшитади. Осмондаги ҳаракатланаётган рангбаранг нурларга боқар эканмиз, Мадина:
— Унинг қабри ҳув ўша ёқда, — деди. — Қолган бевалар эрини ёд айлаб қабристонга боришади, мен эса осмонга қарайман.
Сўнгра Мадина баъзида кечалари тайёргоҳга келиши, бир бурчакда ўтириб учиб-қўнаётган учоқларни кузатиши ҳақида сўзлаб берди. “Фарзандимиз ҳам ўлик туғилди…” деди у баттар маюс овозда.
Бармоқларим билан оҳиста ёноқларига оқиб тушаётган кўзёшларини артдим, кейин жиннидек ўпишни бошладим.
У:
— Йўқ, йўқ, йўқ, керакмас, — дерди, англардимки, бу сўзларни жуда катта дард билан, ҳасрат билан айтарди.
Уни кузатиб қўйдим, уйга тез бордиму қўнғироқ қилдим. Овози бир қадар ҳаяжонли ва ғамгин эди, менинг бутун романтикларга — ҳавода, ерда, денгизда ҳалок бўлган барча бечораларга раҳмим келди.
— Биласан, — дедим, эндиликда ишда ҳам у билан сенсирашни бошлагандик, — ўтган кун ажралганимиздан кейин сенга телефон қилдим, телефонинг банд деди. Тунда ким билан гаплашаётгандинг?
Кутилмага бу гапдан унинг ранги оқарди, қошлари чимирилди. Бироқ ўзини дарҳол қўлга олиб:
— Адашиб бошқа жойга тушгандирсан, — деди. — Мен уйга киришим билан ётдим.
— Туноқв кун сени тушимда кўрдим, — дедим бу кеч ҳам телефонда гаплашар эканмиз.
— Ғалати, — деди у кулимсираб, — ҳаётда бирор марта кўрмаган одамингни қандай қилиб тушда кўриш мумкин?
— Овозингни кўрдим тушимда, шунингдек, “Неринга” радиони ҳам.
— Радиоку майли, аммо овозимни қандай кўрдинг, ҳеч ақлимга сиғдиролмаяпман. Сенингча, мен қандайман? Тасаввур қила оласанми?
Унга умуман тескари сифатларни айтдим:
— Албатта. Узун бўйли, узун сочли, озғин, қора кўзли.
— Офарин сенгаей, — деди у. — Қойил. Тўппа-тўғри тасаввур қиляпсан. Энди ҳар тун тушларингга кираман.
— Эҳтимол бир менинг тушларимга кирмассан…
— Яна бошладингми?
— Билсанг керак, айтишларича Маҳин Бону ҳар оқшом юз кишининг тушига кирармиш. Сенинг қамровинг қанча?
— Мен ягона нусҳаман ва фақатгина сенинг тушингга кираман, ишонавер, — деди у шан овозда. — Сен кўзларимнинг нурисан.
— Ўў-ў, раҳмат, раҳмат, — дедим.
— Менга қара кўзимнинг нури, бир масала ҳақида сен билан маслаҳатлашишни истайман. Бироқ, ўзингни бос, дарров дарғазаб бўлма, телефонни отиб юборма.
Мен бу суҳбатни уч кундан бери кутаётгандим. Нега бу борада гап очмаяпти деб таажжубга туша бошлагандим.
— Қулоқ сол. Тўхта, яхшиси аввал ёнингга волидол келтириб қўй.
— Хўп, хўп, айт, юрагимни сиқаверма.
— Хўп, бундан уч кун олдин Сеймур унга турмушга чиқишимни сўради. Эшитяпсанми, яхшимисан?
— Йўқ, — дедим. — Нима жавоб бердинг унга?
— Ҳали ҳеч қандай жавоб айтмадим, аввал сен билан маслаҳатлашишни истадим. Ахир сен менинг энг азиз, энг яхши дўстимсан, энг яқин одамимсан.
“Аёл психологиясини тушуниш мушкул. Бошқасига ошиқ бўлиши биланоқ сен унинг энг яқин инсонига айланасан”.
— Керакмас, — дедим, энг қизиқ тарафи бу сўзни жуда самимий айтардим. — Ҳеч кимга кетма ёки менда қол. Сени севаман ахир. Оҳ Худойим, қанийди телефон билан турмуш қуриб бўлса.
У қаҳқаҳа отди. Қаҳқаҳаси бир мунча ясама ва асабий эди.
— Ақлли бола бўл. Сен ахир ҳали жуда ёшсан, боласан.
— Менми? Қаердан биласан, ахир мени кўрмагансанку.
— Кўрмасам-да ҳис қиламан. Ҳамма нарсадан ҳис қиламан, овозингдан, фелингдан, менга бўлган муносабатингдан. Илтимос сендан, ҳамиша шундай қол, ҳеч қачон ўзгарма, ҳеч қачон улғайма.
— Қаердан биласан, эҳтимол мен сенинг Сеймурингдан каттадирман.
— Йўқ-йўқ, азизим. Аёл ҳислари ҳеч қачон алдамайди…
Бу худди латифага ўхшарди, бироқ менинг кулишга ҳеч ҳавасим йўқ, негадир ичимда ғалати бир ичикиш, оғриқ ва ҳасратни туярдим.
— Ҳечам керакмас Мадина, — дедим. — Сенсиз мен нима қиламан? Ахир эринг гаплашишимизга руҳсат бермайдику. Кечалари доимгидек ҳасратлашолмаймиз…
— Бир иложини қиламиз, сиқилма. Телефонда гаплашиш хиёнат эмас, гуноҳ эмаску ахир. У пайт сенинг уйингда ҳам телефон бўлади, ўзим сенга телефон қиламан.
Унга қандай тушунтиришни билмасдим, ахир бунинг умуман имкони йўқ.
— Мени тушун, — деди у, овози жиддий ва ғамгин эди, — Қара, сиз эркаклар ҳамиша ёлғизликдан, танҳоликдан шикоят қиласиз. Менинг кулгум қистайди, чунки сизлар асл ёлғизликнинг нималигини ҳеч қачон билолмайсиз. Шундай ёлғизликки, уни фақатгина ёлғиз аёл англай олиши мумкин. Тунлари тўсатдан уйғониб кетасан, деворлар устингга йиқилаётгандай туюлади… Кел, яхшиси, бундай нарсалар ҳақида гаплашмайлик. Сен нима десанг, шуни қиламан, истасанг “йўқ” дейман.
Мен нима дейишим ҳам мумкин эди? У сукутга чўкди, сўнгра мен тайёра шовқинини эшитдим ва англадимки, шунинг ўзи аниқ жавобдир. Ҳеч қачон бизнинг ҳеч биримиз — на мен Рустам, нада мен Сеймур унинг бевақт вафот этган эрининг ўрнини босолмаймиз.
Ўша оқшом ишдан кейин биринчи марта у мени уйига таклиф қилди. Мен даҳлиз ва қаватини билардим, бироқ айнан унинг уйи эшигини билмасдим. Қоронғуда бошқа бировнинг эшигини тақиллатдим шекилли, ҳеч ким очмади.
Гугурт ёқдим ва эшик пешонасига ёпиштирилган “Калит қўшнида” деган ёзувли қоғозни кўрдим. Бу ёзувни ўқишим билан пианино эсимга тушди, демак бу ўша санъатсеварнинг уйи. Ўгирилиб орқадаги эшикни чертдим.
“Неринга” радиоси, юмшоқ ўриндиқ, елпиғич — ҳамма нарса худди мен тасаввур қилгандай эди.
— Ҳозир сенга, Сеймур, антиқа бир қўшиқни эшиттираман, — деди у хонадан чиқар экан. — Сен тинглаб тур, мен чой қўйиб келаман.
У қайтгач секин-аста қўлларидан ушладим, қучоғимга олдим, сочларидан силадим. Бу онда унга аёллиги хуш ва мушкул оғриқ билан қайтаётганини ҳис қилиб турардим.
Шундоқ қулоқларим остида пианино чалишни бошлашди, бирдан у менинг қўлларим орасидан чиқди ва нимагадир қулоқ сола бошлади.
Мен ҳам қулоқ тутгандим. Бир неча дақиқадан кейин шовқинни, учоқ шовқинини эшитсам керак, деб ўйладим. Лекин на тайёра, на шовқиндан дарак бор эди. Тўсатдан Мадина нимани эшитишга бунчалик муштоқ эканини англадим, у телефон кўзларди. Бундай вақтда у қўнғироқ қиларди. “У” — яъни мен.
Билардимки, у энди ҳеч қачон телефон қилмайди, ҳа-ҳа, ҳеч қачон, аммо мен ҳам шубҳаландим, мен ҳам кутдим, мен ҳам мўжиза юз беришини истадим, истадимки, телефон жирингласин.
Телефон эса жим эди.
Озарчадан Раҳмат Бобожон таржимаси