— “Стил”нинг акциялари қандай кетяпти? — деб сўради Жан Монье.
— Эллик тўққиз-у чоракдан, — деб жавоб берди ўн иккита машинисткадан биттаси.
Ёзув машинкаларининг чақир-чуқурида жаз оҳанглари эшитиларди. Деразадан Манхеттеннинг бесўнақай қомати кўриниб турипти. Телефонлар хириллайди, қоғоз тасмалар шоша-пиша юқорига ўрлайди. Контора ҳарфлару рақамлар ёзилган энсиз қоғоз лахтакларига тўлиб кетган.
— “Стил” қалай аҳволда? — деб яна сўради Жан Монье.
— Эллик тўққиз, — деб жавоб берди Гертруда Оуэн.
У бир лаҳза ишидан тўхтаб, француз йигитга қаради. Йигит қўллари билан бошини қисганича ўриндиқда қимир этмай ўтирарди. Ўтиришидан бутунлай мағлуб бўлган одамга ўхшарди.
“Куни битганларнинг яна бири, — деб хаёлидан ўтқазди жувон. — Бадтар бўлсин. Фаннига жабр бўлди-да…”
Холмэн банкининг Нью-Йорк бўлими вакили бўлган Жан Монье икки йил аввал ўзининг котибаси — америкалик Фаннига уйланган эди.
— “Кэнникот”-чи? — деб яна сўради Монье.
— Йигирма саккиз, — деди Гертруда.
Эшик ортидан кимнингдир баланд овозда гапиргани эшитидди. Гарри Купср кириб келди. Жан Монье ўриндиқдан турди.
— Томоша зўр бўляпти-ку! — деб ғўдирлади Гарри Купер. — Акциялар курси 20 фоизга тушиб кетди. Ҳолбуки, бунинг бўҳрон эканини рад этувчи аҳмоқлар ҳамон топилиб турипти.
— Ҳа, бу — бўҳрон! — деди Жан Монье ва ташқарига чиқди.
— Чув тушди-да, шўрлик! — деди Гарри Купер.
— Ҳа, — деб уни маъқуллади Гертруда Оуэн. — У охирги пулларини тиккан эди… Менга Фаннининг ўзи айтди. Шу бугуноқ у эрини ташлаб кетади.
— Нима ҳам иложи бор? — деб хўрсинди Гарри Купер. — Бўҳрон бўҳронлигини қилади-да…
* * *
Лифтнинг бежирим бронза эшиги товушсиз ёпилди.
— Пастга, — деб буюрди Монье.
— “Стил” қалай? — сўради лифтчи бола.
— Эллик тўққиз, — жавоб берди Монье.
У акцияларни 112 доллардан сотиб олган эди. Демак, ҳар бир акцияда 53 доллардан йўқотган. У харид қилган бошқа акцияларнинг аҳволи бирмунча дуруст эди. У Аризонада бироз маблағ йиғишга муваффақ бўлганди. Шу маблағнинг ҳаммасига акция сотиб олди. Фаннида бир чақа ҳам пул йўқ. Ҳа, тамом бўлди! Кўчага чиқиб, шитоб билан метрога қараб юрди. Эртанги кунини кўз олдига келтиришга уриниб кўрди. Ҳаммасини бошидан бошлайдими? Фанни бироз мардонаворроқ бўлганда шундай қилса бўларди. У ўзининг қийинчиликда ўтган биринчи қадамларини эслади. Аризона чўлларида мол боққанлари, кейин омади келиб, ишлари юришиб кетганини хотирлади. Нима бўпти? У ҳали ёш — энди ўттизга кирди. Бироқ Фанни уни аяб ўтирмайди. Жан буни яхши билади.
Шундай бўлди ҳам.
Эртасига эрталаб уйқудан турганида Жан Монье ёлғиз, сўппайиб қолганди. У курашмоққа ортиқ мажоли қолмаганини ҳис қилди. Фанни жуда ҳам дийдаси қаттиқ аёл эди. Шунга қарамай Жан уни яхши кўрарди. Негр хотин унга ҳар кунги нонуштасини — бир тилим қовун билан сули бўтқа олиб келди ва пул сўради.
— Бекангиз қани, мистер?
— Кетди.
У хизматкор аёлга ўн беш доллар берди, кейин қанча пули қолганини ҳисоблаб кўрди. Олти юз долларча қолипти. Бу пулга икки ой, нари борса, уч ой тирикчилик қилса бўлади… Кейин нима бўлади? У деразага қаради. Сўнгги ҳафтада газеталар деярли ҳар куни кимнингдир ўз жонига қасд қилгани ҳақида ёзар эдилар. Синган банкирлар, даллоллар, биржадаги олибсотарлар ўлимдан нажот излашади. Йигирманчи қаватдан сакраса нима бўларкин? Ерга етгунингча қанча вақт ўтаркин? Уч сониями? Тўрт сониями? Кейин “тарс” этиб асфальтга уриласан. Дабдурустдан жонинг узилмаса нима қиласан? У мажақланган суякларини, абжақ бўлган гавдасини, бутун вужудини қақшатган даҳшатли оғриқларни кўз олдига келтирди. У чуқур хўрсинди, газетани қўлтиғига қистириб, ресторанга овқатлангани жўнади. Унда устига сироп солинган қуймоқни еди. Иштаҳаси карнай эканини кўриб ўзи ҳайрон қолди.
* * *
“Палас-отель” Танатос”, Нью-Мексико…” Ғалати адрес-а! Бу ердан менга ким мактуб йўллаши мумкин?
Эрталаб келган мактублар орасида Жан Монье Гарри Купернинг ҳам хатини учратди ва биринчи бўлиб шуни очди. Хўжайини нима сабабдан идорага келмаётганини сўрапти. У кассага саккиз юз тўқсон уч доллар қайтариб топ-ширмоғи керак. Бу масалани у қандай бартараф қилишни ўйлаяпти?.. Шафқатсиз, жонингни оладиган савол. Гарри Купернинг камчилиги бўлиши мумкин, бироқ у анойи эмас.
Жан Монье бошқа мактубни очди. Мактубнинг юқорисида учта сарвнинг шакли чакилган, ундан қуйироқда эса қуйидаги матн бор.
“Палас-отель “Танатос”
Директор Генри Берстекер
Муҳтарам жаноб Монье!
Бугун сизга мурожаат қилаётганимиз бежиз эмас. Ихтиёримиздаги мавжуд маълумотларга қараб ҳукм юритсак, маълум бўладики, бизнинг хизматларимиз Сизга асқотиб қолиши мумкин.
Сиз, албатта, сезмаган бўлишингиз мумкин эмас — ҳатто энг омадли одамнинг ҳаёти ҳам бирдан чаппага кетиб қолиши мумкин. Бундай ҳолларда уларга қарши курашиб бўлмайди. Шунда ўлим ҳақидаги фикр одам учун нажот йўлини кўрсатувчи фиқр бўлиб туюлади…
Кўзингни юмсангу уйқуга кетсанг, бошқа ҳеч қачон уйғонмасанг, ҳеч қанақа сўроқларни эшитмасанг, ҳеч қанақа таъна-дашномлар юрагингни ўртамаса!.. Бизнинг кўпчилигимиз шундай орзуларни ардоқлаганмиз, шу хоҳишни баён этганмиз… Ҳолбуки, жуда кам ҳолларни мустасно қилганда, одамлар ўзлари чекаётган азоб-уқубатларга чек қўйишни исташмайди. Шундай қилмоқчи бўлганларни изласак, буни тушунса бўлади. Кимдир биров ўзини пешонасидан отмоқчи бўлган-у, отаман деб асабини жароҳатлаб қўйган ва оқибатда кўр бўлиб қолган. Бошқа биров мангу уйқуга кетмоқ мақсадида уйқу дори ичгану миқдорини тўғри белгилай олмагани учун уч кундан кейин ҳушига келган. Қараса, фалаж бўлиб қолипти, мияси оғир жароҳатланипти, хотираси буткул йўқолипти. Ўз-ўзини ўлдириш санъатдир. Бу ишда нодонлик ҳам кетмайди, олифтагарчилик ҳам. Шу билан бирга ўзининг табиатига кўра инсон бу ишда керакли тажриба ҳам тўплаёлмайди.
Муҳтарам жаноб Монье. Биз айни шу хилдаги тажрибага эгамиз. Бизнинг назаримизда бу муаммо Сизни қизиқтиради, шунинг учун тўплаган тажрибамизни сизнинг ихтиёрингизга беришга тайёрмиз. Бизнинг меҳмонхонамиз Қўшма Штатлар билан Мексиканинг оралиғида жойлашган. Бизнинг жойлар анча хилват, кимсасиз. Ҳукумат томонидан ҳам ножоиз назоратлар камроқ бўлади. Шуларнинг барини инобатга олган ҳолда яқин биродарларга кўмаклашмоқ бизнинг биринчи бурчимиздир, деган хулосага келдик. Кимда-ким жуда жиддий кулфатлар ва ўнгарилмас бахтсизликлар таъсирида ҳаёт билан видолашмоқни истаса, биз бундай биродарларимизга ўз истакларини ҳеч қандай изтироблар чекмаган ҳолда ва ҳар қандай хавф-хатарсиз амалга оширмоқларига имкон берамиз.
“Танатос” ателида ҳеч қандай оғриқни сезмасдан ухлаб ётган жойимизда ҳаёт билан видолашасиз. Ўтган йили биз икки мингдан ортиқ мижознинг ҳожатини чиқардик. Бизнинг одамларимиз 15 йил мобайнида бу иш билан узлуксиз шуғулланиб, ғоят юксак малакаларга эришган. Шунинг учун ўлдирадиган дориларнинг миқдорини тўғри белгилаш масаласида ва уларнинг бир зумда таъсир қилишида кафолат берамиз. Яна илова қиламизки, мижозларимиздан бирор киши диний характердаги қонуний шак-шубҳаларга бериладиган бўлса, ўзимиз усталик билан ишлаб чиққан усуллар ёрдамида уларни содир бўлган воқеа учун ҳар қандай маънавий масъулиятдан халос этамиз.
Бизга яхши маълумки, мижозларимизнинг кўпчилиги жуда кам миқдорда маблағга эга. Негаки, ўз-ўзини ўддириш иштиёқи ҳамиша банкдаги жорий ҳисобга тескари мутаносибдир. Шунинг учун меҳмонхонадаги қулайликларга сира дахл қилмаган ҳолда “Танатос”даги нарх-навони энг арзон даражага туширишга ҳаракат қилдик. Бизда истиқомат қилмоқ учун келишингиз билан уч юз доллар миқдорда пул тўласангиз кифоя. Бу тўлов меҳмонхонамизда истиқомат қиладиган вақтингиз мобайнида Сизни ҳар қандай сарф-харажатдан халос қилади. Меҳмонхонада қанча вақт истиқомат қилмоғингиз Сизга номаълум бўлиб қолмоғи керак. Тўлаган пулингиз сўнгги сафар харажатларига ҳам, дафн маросими ва қабрни саришта тутиш харажатларига ҳам етади. Мутлақо аёнки, тўлаган пулингизга Сизга кўрсатиладиган ҳамма хизматларнинг ҳақи ҳам киради. Шундоқ бўлгач, Сиздан ҳеч қанақа чойчақа талаб қилинмайди.
Яна илова қилиб айтамизки, “Танатос” отели ҳаддан ташқари хушманзара жойда жойлашган. Тўртта теннис корти, гольф ўйнайдиган майдон ва сузиш учун каттакон бассейн Сизнинг ихтиёрингизда бўлади. Меҳмонхонанинг мижозлари ҳар икки жинсга мансуб одамлардир. Улар жамиятдаги энг асл тоифалар қаторида туради. Мижозларимиз ўртасида баркамол аҳиллик муҳити ҳукм суради. Вазиятнинг ғайриоддийлиги бу муҳитга ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган алоҳида жозиба бахш этади. Янги келаётганлардан илтимосимиз: улар Диминг бекатига борсинлар. У ерда меҳмонхонанинг махсус автобуси уларни кутиб туради.
Яна бир илтимос — рози бўлсангиз ё хат ё телеграмма орқали лоақал келишингиздан икки кун аввал хабар қилиб қўйсангиз. Телеграмма учун адресимиз: “Танатос”, Коронадо, Нью-Мексико.
Жан Монье картани олиб чийлади-да, Фанни ўргатганидай фол кўра бошлади.
Сафар жуда чўзилиб кетди — ҳали-бери унинг кети кўринмасди. Поезд пахта далаларининг ёнидан кетиб боради. Далада оқ кўпик ичидаги қора нуқталарга ўхшаб негрлар куймакланиб юрипти. Жан китобни қўйиб уйқуга кетар, ухлаб бўлиб китобга тутинарди. Шу аҳводда икки кун-у, икки кеча ўтди. Ниҳоят, улар тоққа етиб келишди. Теварак-атрофдаги ҳамма нарса баҳайбат, улкан эди. Поезд дара тубида катта-катта қояларни оралаб; елиб борар, тоғлар бинафшаранг, сариқ, қизил тасмалардан белбоғ ўраб олгудай эди. Ўрталикда эса булутлар муаллиқ турипти — улар ҳам узун оқ белбоққа ўхшайди. Кичкина бекатларда соябони кенг шляпа кийган, устидага чарм курткалари гуддор нақшлар билан безалган мексикаликларни кўриш мумкин эди.
— Кейинги бекат — Диминг, — деб маълум қилди Жан Моньега негр проводник. — Ботинкангизни тозалаб берайми, мистер?
Француз китобларини йиғди ва чемоданини ёпди. Бу сўнгги саёҳатнинг жўнгиналиги уни ҳайрон қолдирди. Тоғ дунёсининг шовуллаши қулоқларига чалинди. Поезд тўхтади.
— “Танатос”гами, сэр? — деб Жанга хитоб қилди вагонлар ёнидан югуриб ўтаётган ҳинди ҳаммол. У аллақачон аравачасига малла сочли иккита хушрўй жувоннинг юкларини ортиб олган эди. Улар ҳаммолнинг ортидан ҳаллослаб келишяпти.
“Наҳотки, — хаёлидан ўтказди Жан Монье, — шу соҳибжамол қизлар ҳам бу ерга ўлгани келган бўлса?”
Иккала малласоч жувон унга маҳзун ва жиддий нигоҳ ташлади, ўзаро бир нималарни пичирлашди. Жан уларнинг гапини эшитмади.
“Танатос” меҳмонхонасининг автобуси тобут ташийдиган машинага ўхшаса керак деб хавотир бўлганди Жан. Йўқ, бундай эмас экан. У ялтироқ кўк рангга бўялган, ўриндиқларига ҳаворанг ва сариқ мато қопланган. Автобус қуёшда ярқ-юрқ қилади. Ҳовлида алмисоқдан қолган турли-туман машиналар турипти — уларнинг орасида меҳмонхонанинг автобуси башанглиги билан ажралади.
Ҳовлида одам кўп — испанча ва ҳиндча сўкишлардан қулоқ қоматга келади. Буларнинг бари бирикиб эски-туски темир-терсак бозорини эслатади. Йўл бўйидаги қояларнинг усти замбуруғлар билан қопланган — уларни оқиш мовий ранг тутун чулғаб олгандай. Юқорироқда қуёш шўъласида тоғ жинсларининг қатламларидаги маъданлар ярқирайди. Кўзлари қинидан чиқиб кетай деб турган семиз ҳайдовчи кул ранг кийим кийиб олган. Малласоч жувонларни сиқиштириб қўймаслик учун Жан Монье камсуқумлик билан шофернинг ёнига ўрнашди. Машина илон-билон йўлнинг бурилишларидан бирин-кетин ўтиб, тоғ юксаклари сари дадил йўл олганда, Монье шоферни гапга солмоқчи бўлди.
— Сиз кўпдан бери “Танатос”да шоферлик қиласизми?
— Уч йил бўлди, — деб тунд жавоб берди шофер.
— Исмингиз кўп ғалати экан-да!
— Ғалати дейсизми? — деб қайтариб сўради шофёр. — Нимаси ғалати? Мен автобус ҳайдайман. Бунинг нима ғалатилиги бор?
— Сиз меҳмонхонага олиб келадиган йўловчилар-чи? Улардан ҳеч қайсиси қайтиб ҳам кетадими?
— Кўп эмас, — бироз хижолат бўлиб унинг гапини маъкуллади шофер. — Кўп эмас… Лекин, ҳар ҳолда бўлиб туради. Мана, масалан, мени олайлик…
— Сизни? Ростданми? Сиз бу ерга… мижоз тарзида келганмидингиз?
— Менга қаранг, мистер, — деди шофер, — мен шу ишни зиммамга олган пайт, ҳеч ким мендан ҳеч нарсани суриштирмасликни шарт қилиб қўйганман. Бунинг устига бу ерларнинг бурилишлари хавфли. Сизни ҳам, сиз билан манави ойимқизларни ҳам бирор фалокатга рўпара қилишимни истамассиз, ахир?
— Албатта, истамайман, — деб жавоб берди Жан Монье. Кейин жавобининг ўта кулгили экани хаёлига келиб жилмайди.
Икки соатдан кейин шофер индамай бармоғи билан унга ясси адирлар тепасида савлат тўкиб турган “Танатос”ни кўрсатди.
Меҳмонхонанинг иморати испан-ҳинду услубида қурилган эди — иморат баланд эмас, томи ясси, деворлари қизил рангга бўялган. Хоналар жанубга қараган, ойнаванд айвонга чиқади, қуёш нурлари мўл-кўл. Келганларни итальян дарбон қарши олди. Унинг соқоли қиртишлаб тоза олинган эди. Юзининг силлиқлиги Жан Моньенинг хотирасида бошқа бир мамлакатни, катта шаҳарнинг суронли кўчаларини, гулларга чўмган хиёбонларни жонлантирди.
— Мен сизни қаерда кўрганман, а? — деб сўради у дарбондан, югурдак бола қўлидан чемоданини олар экан.
— Барселонада, сэр. “Ритц” меҳмонхонасида… Мен — Саркониман. Инқилоб бошланиб қолиб, мен у ердан жўнавордим…
— Барселонадан Нью-Мексикага келиб қолдингизми? Узоқ ҳам демабсиз…
— Нима қилай, сэр. Дарбон лавозими ҳамма жойда ҳам бир хил… Фақат… Ҳозир мен сизлардан бир қоғозни тўлдириб беришни илтимос қиламан. Бу карточка одатдагидан бу ерда бирмунча узунроқ. Хафа бўлмайсизлар…
Портье мижозларга босмахонада босилган учта бланк узатди. Улар ҳақиқатан ҳам ҳар хил саволларга, изоҳларга тўла эди. Мижозларга туғилган жойи ва вақ-тини аниқ кўрсатиш таклиф қилинганди. Шунингдек, мижоз бирор бахтсиз ҳодисага дуч келиб қолса кимларга хабар бериш кераклигини ҳам маълум қилмоғи зарур эди.
Қариндошларингиз ёхуд дўстларингиздан камида икки кишининг манзилларини кўрсатишингизни илтимос қиламиз. Энг муҳими эса, она тилингизда ўз қўлингиз билан қуйидаги аризани (А шакли) кўчириб ёзинг:
“Мен ким, қуйида имзо чекувчи… соғлом эс-ҳушим ва хотирам билан шо-ҳидлик бераманки, ўз ихтиёрим билан ҳаётдан кўз юммоқдаман ва шунинг учун мен билан қандай воқеа рўй беришидан қатьий назар, бунинг учун “Танатос” меҳмонхонасининг маъмурияти ва ходимларидан ҳар қандай масъулиятни соқит қиламан…”
Жан Моньенинг соҳибжамол ҳамроҳлари ёнма-ён турган столчалар ёнида рўпарама-рўпара ўтириб олиб, “А шаклини” ҳафсала билан кўчирмоқда эдилар. Жан Монье жувонларнинг немис тилидаги бланкни олганларини кўрди.
Олтин гардишли кўзойнак таққан меҳмонхона директори Генри Берстекер дунёни сув олса тўпиғига чиқмайдиган одам эди. У ўзининг меҳмонхонасидан жуда фахрланарди.
— Меҳмонхонанинг эгаси сизми? — деб сўради ундан Жан Монье.
— Йўқ, сэр, меҳмонхона — ҳиссадорлик жамиятининг мулки, лекин уни барпо этиш ғояси чиндан ҳам мендан чиққан, шунинг учун мен умрбод директор қилиб тайинланганман.
— Маҳаллий ҳокимият билан муносабатларингиз қандай? Уларнинг таъна-дашномларини қандай бартараф қиласиз?
— Таъна-дашномлар дейсизми? — деб хитоб қилди жаноб Бекстекер бироз таажжуб билан хижолат чекиб. — Бутун жавобгарлик меҳмонхона эгаларининг зиммасига юклатилади. Биз вазифамизга хилоф ҳеч қанақа иш қилмаймиз! Биз мижозларимизнинг истакларини бажо келтирамиз, холос. Ундан ортиқ бирон иш қилмаймиз!.. Ундан ташқари, жаноб Монье — бу ерда маҳаллий ҳокимият деган нарсадан ному нишон ҳам йўқ. Бизнинг турган еримиз кимга қарайди — мексикагами ёхуд Қўшма Штатларгами — буни ҳам ҳеч ким тайинли билмайди. Анча вақтга қадар бу жойлар қадам етмас жойлар ҳисобланарди. Бир афсона бор. Унга кўра бир неча юз йил аввал бир тўда ҳиндулар овруполикларнинг тажовузидан қочиб шу ерларга келиб қолишипти-ю, ҳаммалари биргалиқда шу ерда ҳаётдан кўз юммоқчи бўлишипти. Маҳаллий аҳолининг эътиқодига кўра ўлганларнинг арвоҳи бу ерга келадиган йўлни қўриқлаб турар эмиш. Шу сабабдан биз бир амаллаб бу ерга ўтиб келганмиз ва тўғри келадиган баҳода шу ерни сотиб олганмиз. Ана шунақа — биз бу ерда бутунлай ҳоли яшаймиз, ҳеч кимга қарам эмасмиз.
— Мижозларингизнинг оила аъзолари ҳеч қачон устинглардан судга шикоят қилмаганми?
— Устимиздан судга шикоят қилишадими? — деб хуноб бўлди жаноб Бекстекер. — Қайси қилган гуноҳларимиз учун? Кейин қайси суд бизни суд қилишга ботина олади. Йўқ, сэр. Мижозларимиз бошига тушадиган муаммолар ҳамиша жуда мураккаб ва ўта нозик бўлади. Биз уларни ҳеч қандай ғалва-жанжалсиз ҳал қилишга ёрдам берар эканмиз, мижозларимизнинг оила аъзолари биздан хурсанд бўлишади… Йўқ, йўқ. Бу ишлар бизда хамирдан қил суғургандай силлиқ ўтади, мижозларимиз мижоз эмас, бизларнинг дўстларимиз… Хонангизни кўришни истамайсизми? Йўқ демасангиз, биз сизни 113-хонага жойлаштирамиз… Иримчи эмасдирсиз, ҳойнаҳой?
— Иримчи эмасман, — деб жавоб берди Жан Монье. — Лекин мен жуда қаттиқ диний қоидалар руҳида тарбия кўрганман. Эътироф этмоғим керакки, бу жонимга қасд қилиш ҳақидаги фикр мени анча ташвишлантирмоқда.
— Нима деяпсиз, сэр, ўзини ўлдириш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, — деди Бекстекер. У бу гапни шу қадар ишонч билан айтдики, суҳбатдоши дарҳол жимиб қолди. — Саркони, жанобни 113-хонага кузатиб қўй. Аввалдан келишиб қўйилган уч юз доллар масаласига келсак, сиздан илтимос, жаноб Монье, хонангизга кетаётиб кассирга тўлаб қўйсангиз яхши бўларди. Кассирнинг хонаси меники билан ёнма-ён…
Шафақ шуьласида ял-ял ёниб ётган 113-хонада Жан Монье ўлим қуролларининг ҳеч қандай изини топа олмади.
— Кечки овқат қачон бўлади?
— Саккизу ўттизда, сэр, — жавоб берди хизматчи.
— Бу ерда емакхонага махсус кийиниб чиқиладими?
— Жентельменларнинг кўпчилиги шу қоидага амал қилади, сэр.
— Яхши. Мен кийимимни ўзгартириб оламан. Қора бўйинбоғим билан оқ кўйлагимни тайёрлаб беринг.
Меҳмонхонага тушиб Монье ҳақиқатан ҳам кўкраги очиқ кўйлакдаги аёлларни, смокинг кийган эркакларни кўрди. Унинг олдига жаноб Бекстекернинг ўзи югуриб келди-да, эҳтиром ва такаллуф билан деди:
— О, жаноб Монье, мен сизни излаб юргандим. Ўзингиз ёлғиз бўлганингиз учун мижозларимиздан бири, яъни миссис Кирби-Шоу билан бирга овқатлансангиз сизга маъқул бўлмасмикин?
Монье энсаси қотиб, афтини бужмайтирди.
— Мен бу ерга зодагонларча ҳаёт кечиргани келганим йўқ… Яна, билмадим… Мени у хоним билан таништиришдан аввал, уни менга бир кўрсатсангиз бўладими?
— Ҳа, албатта, жаноб Монье… Ҳў-ў анави пионинонинг ёнида журнал варақлаб ўтирган жувонни кўряпсизми? Оқ крепсатиндан кўйлак кийган. Миссис Кирби-Шоу шу жувон бўлади… Бу жувоннинг бирор одамга манзур бўлмаслигини кўз олдимга келтиролмайман… Аксинча бўлса, бошқа гап… Сирасини айтганда, ҳаддан ташқари ёқимтой аёл. Жуда ақлли. Яхши тарбия кўрган. Жуда назокатли табиати бор…
Миссис Кирби-Шоу ҳақиқатан ҳам жуда ёқимтой аёл эди. Тим қора сочлари ҳалқа-ҳалқа ўралиб тушган, манглайи кенг. Кўзларидан нур ва меҳр ёғилади. Нима қилиб шундоқ ажойиб аёл ўлмоқни мақсад қилиб юрибди?
— Наҳотки, миссис Кирби-Шоу ҳам… Қўйинг-чи, бу аёл ҳам мижозларингиздан бирими? Наҳотки, у ҳам менга ўхшаб ўша мақсадда келган бўлса?
— Албатта, — деб жавоб берди Бекстекер, — албатта, — деб маънодор қилиб такрорлади у.
— Ундай бўлса, майли, таништиринг мени.
Дастурхон дид билан жиҳозланган. Кечки овқат жуда тотли эди. Овқатланиш охирлагунча Жан Монье Клара Кирби-Шоунинг бутун ҳаётини асосий нуқталарида бўлса ҳамки билиб олди. У жуда бадавлат ва меҳрибон одамга турмушга чиққан экан, лекин уни севмас экан. Ярим йил аввал у эрини ташлаб, ёшгина бир ёзувчи йигит билан Оврўпога кетиб қолипти. Йигит хушрўйгина ва лекин анча сурбет эди. У билан Нью-Йорқда танишиб қолган экан. Клара эридан расман ажралиши биланоқ ёзувчи йигит унга уйланади деб кутган. Аммо улар Англияга келишлари ҳамоно аёлга аён бўлиптики, ёзувчи йигит имкони борича тезроқ Кларадан халос бўлиш орзусига тушибди. Йигитнинг шафқатсизлигидан ларзага тушган ва таҳқирланган жувон йигитни деб нималардан воз кечиб келганини, қанақа мудҳиш аҳволга тушиб қолганини тушунтирмоқчи бўлипти. Аммо унинг таъналарини эшитиб йигит кулиб қўя қолипти.
— Клара! — депти йигит жувонга, — Сиз ўтган асрнинг аёлисиз… Агар мен эски ахлоққа бунчалик муккасидан кетганингизни билганимда эди, эрингизу болаларингизни чирқиратиб сизни ўғирлаб кетмаган бўлардим… Уларнинг ёнига қайтиб боришингизни маслаҳат берардим, азизим… Сизнинг қисматингиз оилангизни гуллатиб ўтириш экан…
Шунда у уйга қайтиб боришига эрини кўндиришга уриниб кўрмоқчи бўлипти. Агар эри билан юзма-юз кўришса, унинг муҳаббатини қайтадан қозонишига ишонар экан у. Лекин Норманнинг қариндошлари ва ҳамкорлари ундан бир қадам ҳам нари кетишмапти, уни Кларага қарши қайраб солиб, жуда қаттиқ тазйиқ ўтказишипти. Норман ҳам оёғини тираб, “йўқ” деб туриб олипти. Клара у билан учрашишга бир неча марта уриниб кўрипти. Бироқ бу таҳқирли уринишлар беҳуда кетипти. Шунда кунлардан бирида у ўзининг почта қутисида “Танатос” меҳмонхонасининг таклифномасини кўриб қолипти. Шунда у томоғидан бўғиб ётган сиртмоқни тезгина ва осон қирқиб ташлашнинг бирдан-бир имкониятини топгандай бўлипти.
— Сиз ўлимдан қўрқмайсизми? — деб сўради Жан Монье.
— Албатта, қўрқаман… Аммо яшамоқдан кўпроқ қўрқаман…
— Жавобингиз жуда закий, — деди Жан Монье.
— Мен заковатли бўлишга интилмайман, — деди Клара. — Қани, сиз ҳам гапиринг — ўзингиз бу ерга қандай тушиб қолдингиз?
Жан Моньенинг ҳикоясини охиригача эшитиб, у йигитга қаттиққина танбеҳ берди.
— Бу ишингизга ақл бовар қилмайди-я! — деди жувон. – Нечук? Акцияларингизнинг баҳоси тушиб кетгани учунгина жонингизга қасд қилмоқчимисиз? Агар яшашга қурбингиз етса, бир йил ёки икки йил, ҳа, борингки, ана — уч йиддан кейин сиз буларнинг ҳаммасини унутиб юборасиз, балки йўқотган нарсаларингизни қайтадан қўлга киритарсиз ҳам.
— Бой берган нарсаларим бир баҳона, холос. Агар яшашимдан бирор маъно қолганда эди, эҳтимолки, уларнинг қандайдир аҳамияти бўлиши мумкин эди…
Бироқ ҳозиргина сизга гапирдим-ку — хотиним мендан воз кечди… Францияда на яқин қариндошларим қолди, на дўстларим… Ниҳоят, бор гапни тўла-тўкис айтадиган бўлсам, ўз вақтида бахтсиз муҳаббат туфайли ватанимни тарк этганман… Энди мен кимни деб, ким учун курашмоғим керак?
— Ўзингизни деб курашинг… Сиз ҳали кўп одамларни учратасиз. Улар сизни севиб қолади. Шу одамларни деб яшамоқ керак… Бошингизга оғир иш тушганда баъзи бир аёллар ўзини номуносиб тутган бўлса, фақат шунга қараб қолган ҳамма аёлларни ёмонотлиғ қилиш керак эмас…
— Сиз ростдан шундай деб ўйлайсизми? Демоқчисизки, оламда бир аёл бор… Э, э, мен айтмоқчиманки, мен яхши кўриб қолишим мумкин бўлган аёллар бор — улар лоақал бир неча йил давомида мен билан бирга курашларга ва муҳтожликларга тўла ҳаёт кечиришга рози бўлишади…
— Бунга шубҳа қилмайман, — деб жавоб берди у. — Кўп аёллар курашни жуда яхши кўради ва қашшоқлиқцан алланечук романтика топишади. Мана, масалан, мени олайлик…
— Сизни?
— Э-э, мен бошқа бир гапни айтмоқчи эдим…
Жувон хижолат чекиб гапини йўқотиб қўйди, кейин давом этди: иккимиздан бошқа ҳеч ким қолгани йўқ. Метрдотел бизга гапиришга тортиниб, теварагимизда айланиб юрипти.
— Нима дейсиз? — деб сўради Жан Монье Клара Кирби-Шоунинг елкасига сухсур ёпинчиғини ташлар экан, — нима деб ўйлайсиз — бугун кечаси… рўй бермасмикин?
— О, йўқ, — деди у. — Сиз бугун келдингиз-ку…
— Сиз-чи?
— Менинг келганимга икки кун бўлди.
Хайрлашатуриб улар эрталаб тоққа бирга сайр қилишни келишиб олишди.
Тонг қуёши айвонга қийғоч тушиб, уни нурга ва илиқликка тўлдириб турипти. Ҳозиргина муздек сувда ювиниб чиққан Жан Морьенинг кўнглидан “Яшаш мунча ширин бўлмаса…” деган фикр ўтди.
Аммо шу лаҳзанинг ўзида киссасида бир неча долларгина қолганини ва бир неча кундан кейин ҳаётдан кўз юмишини эслади. Монье чуқур хўрсинди…
“Соат ўн бўлипти!.. Клара мени кутаётган бўлса керак…” У апил-тапил кийинди. Устига оқ костюмини илганида аъзойи баданида фавқулодда бир енгиллик ҳис қилди. Теннис майдончасида у Клара Кирби-Шоуга етиб олди. Жувон ҳам оқ кийинган. У австриялик иккита ёшгина қиз билан хиёбонда сайр қилиб юрарди. Жан-Моньени кўришиб қизлар шоша-пиша ғойиб бўлишди.
— Уларни ҳуркитиб юбордимми дейман?
— Кизлар бироз ҳадиксирашяпти. Улар менга тарихларини гапириб беришди.
— Ғаройиб-ку! Уларнинг тарихини менга ҳам айтиб берарсиз? Кечаси жиндай бўлса-да мизғиб олдингизми?
— Жуда яхши ухладим. Менимча, юрагингизни така-пука қилаётган Бекстекер овқатимизга хабдори қўшиб қўяяпти дейман-да…
— Унақа бўлмаса керак, — деди Жан. — Мен тўйган қўзидай ухлабман. Эрталаб турсам миям бирам равшан…
Бир лаҳза ўтгач, илова қилди:
— Ўзимни жуда бахтиёр ҳис қилдим.
Жувон унга қараб жилмайди, лекин ҳеч нарса демади.
— Манави сўқмоқдан юрайлик, — деб таклиф қилди у. — Йўлда менга австралиялик қизларнинг тарихини айтиб берарсиз. Бу ерда сиз менинг Шаҳризодам бўласиз…
— Лекин бизда эртак учун минг бир кечамиз бўлмайди-да…
— Шуни айтинг… Сиз… “бизда” дедингизми?
Жувон унинг гапини бўлди.
— Бу қизалоқлар эгизак экан. Улар бирга ўсиб-улғайишибди, аввал Венада, кейин Будапештда туришипти. Яқин дугоналари йўқ экан. Улар ўн саккизга тўлганларида бир венгер йигит билан танишишипти. У қадимий зодагонлар авлодига мансуб бўлиб, ўзи бениҳоя келишган, соҳибжамол, лўлилардай қўшиққа ишқибоз экан. Бир куннинг ўзида иккала қиз ҳам унга ошиқу беқарор бўлиб қолишипти. Бир неча ой ўтгач, у эгизаклардан бирига уйланмоқчи бўлипти. Иккинчи қиз аламидан нима қиларини билмай, ўзини ўзи ўлдирмоқчи бўлипти. Буни кўриб биринчи эгизак йигитнинг таклифини рад қилипти. Кейин эгизаклар ўз-ўзларини бирга ўлдириш режасини тузишипти… Худди шу пайтда улар ҳам худди сизу мен каби “Танатос” меҳмонхонасининг қоғозини олишипти.
— Бу қандай тентаклик-а? — деди Жан Монье. — Уларнинг иккови ҳам навқирон ва соҳибжамол… Нега энди улар Америкага кета қолмайди. У ерда йигит дегани тўлиб ётипти-ку. Ўзига муносибларини учратиб, севиб қолишарди. Бироз сабр қилишса, олам гулистон эди-ку…
— Бардоши етмаганлар бу ерга тушади-да, — деди Клара маъюс оҳангда. — Буни қаранг — гап бошқа одам тўғрисида борса, ҳар биттамиз жуда зўр мулоҳаза юритамиз… Ким айтган эди бу гапни: “Бошқаларнинг бахтсизлигини кўтармоқ учун биз ҳаммамиз ҳам етарли матонатга эгамиз”.
“Танатос”да истиқомат қилувчилар оқ либосли эркак билан аёлнинг паркдаги хиёбонларда, қояларни ортда қолдириб, шундоққина жар ёқалаб толиқиш нималигини билмай сайр қилаётганларини кун бўйи кузатишлари мумкин эди. Улар ниманидир қизишиб муҳокама қилишарди… Қош қорая бошлаганда улар орқага — меҳмонхона томонга йўл олишди. Уларнинг бир-бирларининг елкасига қўл ташлаб келаётганларини кўрган мексикалик боғбон тавозе билан тескари қараб олди.
Кечки овқатдан кейин Жан Монье Клара Кирби-Шоуни кичкинагина хилват меҳмонхонага етаклаб борди ва бутун оқшом давомида унга нималарнидир гапириб, кўнглини олиб ўтирди. Кейин ўзининг хонасига кўтарилишидан аввал у жаноб Бекстекерни қидириб кетди. Директор ўзининг хонасида аллақандай қора китобни ўқиб ўтирган экан. Жаноб Бекстекер ҳисоб-китобларни текширмоқда экан. Аҳён-аҳёнда у қизил қаламни олиб, бир сатрни ўчириб қўярди.
— Хайрли кеч, жаноб Монье! Бирон масалада мен сизга керакмидим?
— Ҳа, жаноб Бекстекер… Бир нарсани маслаҳатлашай дегандим… Мен айтмоқчи бўлаётган гапни эшитиб ҳайрон бўлишингиз мумкин… Бирдан шунақа ўзгариш бўлиб қолди… Лекин на илож — ҳаёт шунақа экан-да!.. Қисқаси, ҳузурингизга келишимдан мақсад — ниятларим ўзгариб қолганини маълум қилиш эди. Мен ўлиш фикридан қайтдим.
Жаноб Бекстекер таажжуб ичида унга тикилиб қолди.
— Жиддий гапираяпсизми бу гапларни, жаноб Монье?
— Жуда яхши билиб турибман, — деб давом этди француз, — сиз мени тутуриғи йўқ, беқарор бир одам деб ҳисоблайсиз… Аммо шуниси ҳам табиийки, ҳаёт шароитининг ўзгариши билан бизнинг ниятларимиз ҳам ўзгарди… Бир ҳафта олдин мен сизнинг мактубингизни олганимда ноумид бир аҳволда эдим, ўзимни мутлақо ёлғиз ҳис этардим… Ўшанда менга ортиқ курашмоқнинг маъноси йўқдай кўринган эди… Ҳозир эса мен учун бугун дунё бошқача бўлиб қолди. Ростини айтсам, буларнинг бари сиз туфайли бўлди, жаноб Бекстекер.
— Сиз туфайли дейсизми, жаноб Монье?
— Ҳа, сиз туфайли. Негаки, бу мўьжиза сиз таништириб қўйганингиз жувон туфайли рўй берди… Миссис Кирби-Шоу жуда жозибадор аёл экан, жаноб Бекстекер.
— Мен ўзим ҳам сизга шунақа деб эдим-ку, жаноб Монье.
— Ҳа, у жуда жозибадор ва қаҳрамон аёл экан. Мен унга ўзимнинг ночор аҳволимни ҳикоя қилиб бердим, у бўлса менинг бахтсизликларимни баҳам кўришга рози бўлди… Ҳайрон бўляпсизми?
— Сира ҳам-да… Биз бу ерда бунақа ўзгаришларга кўникиб қолганмиз… Сиз учун ғоятда хурсандман, жаноб Монье. Сиз ҳали ёшсиз, жуда ёшсиз…
— Хуллас, агар сиз эътироз билдирсангиз, биз миссис Кирби-Шоу билан эртага Димингга қайтар эдик.
— Демак, миссис Кирби-Шоу ҳам сизга ўхшаб фикридан қайтдими?
— Албатта-да. У ҳозир келади, бу гапни унинг ўз оғзидан эшитасиз… Фақат битта нозик масалани келишиб олсак бўлди. Биласизми, сизга тўлаган уч юз долларим менинг деярлик ҳамма сармоямни ташкил қилади… Шу пулнинг ҳаммаси тўла-тўкис ва узил-кесил “Танатос”нинг ҳисобига ўтиб кетди деб ҳисоблайсизми, ёхуд мен қайтиб кетмоғим учун поездга билет олгани пулдан бир қисмини қайтариб олишим мумкинми?
— Биз ҳалол одамлармиз, жаноб Монье… Биз ҳеч қачон ейилмаган сомсага пул тўлашга мажбур қилмаймиз. Хона, овқат ва хизматкорлар ҳақи бир кунига йигирма доллар бўлади. Эртага эрталаб хазиначи бўйнингиздаги қарзни ҳисоб-китоб қилади. Қолган пулингизни қайтариб оласиз.
— Сиз жуда олижаноб ва саҳоватли экансиз… Эҳ, жаноб Бекстекер, сиздан нақадар миннатдор эканимни билсангиз эди… Мен қайтадан бахтимни топдим… Ҳаётим янгидан бошланади…
— Ҳамиша хизматингизга тайёрмиз, — деди жаноб Бекстекер.
У Жан Моньенинг хонадан чиқишини ва йўлакдан юриб кетишини кутиб турди. Кейин қўнғироқнинг тугмасини босди.
— Саркони менинг олдимга келсин, — деб буюрди у. Бир неча дақиқа ўтгач, дарбон кириб келди.
— Чақирдингизми, синьор директор?
— Ҳа, Саркони… Шу бугун кечаси бир юз ўн учинчи хонага газни очиб қўйинг… Кечаси иккилар атрофида.
— Заҳарловчи газни очишдан аввал ухлатувчи тазни очайми, синьор директор?
— Бунинг ҳожати бўлмаса керак… У роса мириқиб ухлайди… Бугунга шу, холос, Саркони… Эртага эса аввал келишганимизга биноан ўн еттинчи хонадаги икки жувон…
Дарбон чиқиб кетиши билан остонада миссис Кирби-Шоу пайдо бўлди.
— Кир, кирақол, — деди Бекстекер. — Ўзим ҳам сени энди чакирмоқчи бўлиб турувдим. Сенинг мижозинг ҳузуримга келиб кетди. Жўнаб кетмоқчи эканини айтди.
— Менимча, мен мақтовга сазоворман, — деб жавоб берди жувон. — Ишни жуда ўринлатиб қўйдим…
— Ҳа, тез ва бекаму кўст… Буни ҳисобга оламан.
— Демак, уни бугун кечаси…
— Ҳа, бугун кечаси…
— Шўрлик йигит! — деб хўрсинди у. — Бирам яхши, бирам самимий.
— Уларнинг ҳаммаси самимий, — деди Бекстекер.
— Жуда бағри тошсиз-да, — деди жувон. — Улар яна янгидан ҳаётнинг лаззатини туя бошлаган дақиқада сиз уларни нариги дунёга жўнатасиз.
— Бағри тошманми?.. Йўқ… Усулимизнинг инсонпарварлиги айни шунда-да. Шўрлик диний шак-шубҳалар исканжасида қийналиб кетувди. Мен уни тинчлантирдим.
У олдида ётган рўйхатга кўз ташлади.
— Эртага бўшсан… Индинга яна анча ишинг бор… Бу гал бир молиячи келади. Буниси Швециядан… Лекин ёши ўтинқираб қолган.
— Француз йигит менга жуда манзур бўлиб эди-да… — деди Клара хаёлчанлик билан.
— Ишни танламайдилар, — деди директор қаҳр билан. — Мана, сенга тегишли ўн доллар. Бу ўн доллар — мукофот.
— Раҳмат, — деди Клара Кирби-Шоу ва пулларни сумкачасига солиб оғир хўрсинди.
Клара чиқиб кетгандан кейин жаноб Бекстекер кизил қаламни олиб, рўйхатидаги бир исм-шарифни ҳафсала билан ўчирди.
Рус тилидан Озод Шарафиддинов таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журналининг 1998 йил, 12-сонидан олинди.