Бизнинг авлодга мансуб энг яхши ёзувчилар Кристиан Менетриенинг ижодидан завқланишган. Рост, унинг душманлари ҳам оз эмас эди; бунинг сабаби қисман шунда эдики, қаерда муваффақият бўлса, ўша ерда душман ҳам пайдо бўлади. Бундан ташқари Менетриени анча кеч тан олишди. Бу пайтга келиб қаламкаш дўстлари ва мунаққидлар уни тор доирадаги одамлар учун ёзадиган шоир деб ҳисоблашга кўникиб қолишган эди. Бунақа шоир ҳурматга сазовор, лекин элу-юртнинг оғзига тушадиган даражада донг тарата олмади. Шунинг учун унинг асарларидан завқланса бўлаверади, бунинг ҳеч қандай хатарли жойи йўқ. Менетриенинг обрў қозонишига хотини Клер сабабчи бўлганди. Бу аёл анча шуҳратга ўч, серҳаракат, сал нарсага “пов” этиб ёниб кетадиган эди. 1927 йилда бастакор Жан Франсуа Монтельни эрининг “Мерсин ва Вивиана” деган лирик драмасига музика ёзишга кўндирганди. Аммо Кристианнинг театр саҳнасидан тушмайдиган асарлар муаллифига айланишида актёр Леон Лораннинг хизматлари катта. Бунинг тарихи деярлик ҳеч кимга маълум эмас, менинг фикримча, у диққатга сазовор, чунки ижодий жараённинг баъзи бир кам ўрганилган жиҳатларини ёритиб беради.
Икки уруш оралиғидаги француз театрининг қайта тикланишига жуда катта таъсир кўрсатган Леон Лоранни биринчи қарашда комедиант актер деб қабул қилиш жуда қийин эди. У ўзига бино қўйишдан бутунлай узоқ эди; ҳамиша истаган дурдона асарнинг муваффақиятига холис кўмаклашишга тайёр турарди. Бу одам том маънода театр санъатининг қули эди, айни чоғда ғоятда билимдонлиги билан ажралиб турарди. У санъатда яхши кўрган нарсаларнинг ҳаммаси чиндан ҳам қадрлашга муносиб эди. У ўта мураккаб, кўпчиликка манзур бўлмаган асарларни ҳам ипидан-игнасигача билар ва тушунарди. У ўзининг труппасини барпо этиб, Эсхилнинг “Прометей”ини, Еврипиднинг бир пьесасини ва Шекспирнинг “Бўрон”ини саҳнага қўйишдан чўчимади. Унинг Просперо ва Ариэли Элен Мессьер ижросидаги ролни кўпчилигимизнинг қалбимизда энг юксак хотиралар қаторида муҳрланиб қолган. Актер ва режиссер сифатида Лоран Мольер, Мюссе ва Мариво асарларига янги ҳаёт бахш этди. Ҳолбуки, бу чоқларда Комеди Франсез театри чуқур уйқуда эди У Эдуар Бурдени кутарди. Комеди Франсезни уйқудан уйғотиш шу одамнинг қисматига ёзилганди. Ниҳоят, бизнинг ҳозирги ёзувчиларимиз орасидан Лоран шоирона театрнинг гўзал анъаналарини давом эттиришга лаёқатлиларини қидириб топди. Франция драматургиясида у мактаб яратди ва бутун бошли муаллифлар авлодини барпо этди.
Мен боя айтдим — биринчи қарашда Лоранни актер деб қабул қилиш қийин. Чиндан ҳам, унинг гапириш услубини кўрган, оҳангини эшитган одам Лоранни ўқитувчи ёки врач деган хаёлга борарди. Бироқ бундай таассурот тезда йўқоларди. Унинг саҳнадаги ижросини беш минутгина кузатиб турсангиз кифоя — сиз шу ондаёқ қаршингизда улуғ актёр турганига, у бошқаларнинг қиёфасига кириш қобилиятига эга эканига ва маҳорат билан “Цинна”даги улуғвор Август, “Севилья сартароши”даги ҳам фоже, ҳам кулгили Базил бўла олишига ёхуд “Гаров ўйнаманглар” комедиясидаги аббат ролини ижро этиб, томошабинларни кулдира олишига ишонч ҳосил қиласиз.
Кристиан Менетрие Лорандан завқланган, у иштирок этган премьеранинг биронтасини ҳам қолдирмай кўрган, лекин орага Клер Менетрие аралашмаганда ёзувчи билан актёр ўртасида ҳеч қачон шахсан танишув содир бўлмаслиги мумкин эди, чунки уларнинг икковлари ҳам ўлгудек тортинчоқ эдилар. Клер ҳам худди эрига ухшаб Леон Лораннинг маҳоратидан ғоятда завқланарди. Клер эрининг театр учун асар ёзишини орзу қиларди ва жуда яхши билардики, фақат чинакамига юксак маданиятли актёргина уни бу йўлга буриб юбора олади. Шунинг учун ҳар нима қилиб бўлса-да, Леонни ўзларининг яқин дўстлари қаторига қўшиб олишга уринди ва бунга муваффақ бўлди. Клер ҳали ҳам бағоят гўзал аёл эди, Лоран эса гўзал аёлларга мафтункорлиги билан шуҳрат қозонганди. Бунинг устига-устак, эркаклар танишишган соатларидан бошлабоқ театр ҳакида қизғин баҳсга киришиб кетганлар. Театр масаласида Кристианнинг ўйлаб қўйган режалари кўп эди, уларнинг кўпчилиги машҳур актёрнинг қарашларига тўғри келиб қолди.
— Реалистларнинг энг катта хатолари шундаки, — деди Кристиан, — улар саҳнада кундалик нутқдан қулларча нусха кўчиришади… Ҳолбуки, томошабин театрдан бутунлай бошқа нарсани ахтаради… Шуни унутиш керак эмаски, драма маросимдан бунёдга келган, тантанали юришлар, чиқишлар ва хорлар унда жуда катта ўрин тутган. Комедияда ҳам шунақа… Бизга уқтиришадики, Мольер Саррофлар кўпригидаги одамларнинг тилига риоя қилган. Эҳтимол шундайдир… Борингки, ана чиндан ҳам шундай бўлсин. Аммо у ўша одамларнинг тилига риоя қилган бўлса, тилга жило бериш учун шундай қилган.
— Гапингиз тўғри, — деб жавоб берди Леон Лоран. — Сиз мутлақо ҳақсиз. Шунинг учун ҳам, Менетрие, сиз театр учун ёзинг деяпман-да… Лирик китобларингизни қаранг; образларингизнинг нафислигини айтинг… Юзаки таассуротларга хилоф равишда уларда актёрлар учун ажойиб материал бор. Зиммангизга ҳайкалтарошлик ролини олинг. Сиз яратган ҳайкалларга биз жон бағишлаймиз.
Лораннинг жумлалари қисқа-қисқа эди. Унинг чиройли овози туфайли бу жумлалар жуда таъсирчан чиқарди.
— Мен шундоқ ҳам театр учун ёзяпман-ку, — деб жавоб берди Кристиан.
— Йўқ, азизим! Йўқ!.. Сиз диалог достонлар ёзяпсиз. Уларни уйда ўчоқ олдида ўриндиқда ўтириб ўқиса бўлади. Лекин сиз ҳали бир марта ҳам томошабин қаршисига чиққан эмассиз.
— Пьесаларимни қўйишмаса нима қилай?
— Ундан кўра мен ҳеч қачон асарларимнинг саҳнада қўйилишига ҳаракат ҳам қилмаганман денг… Сиз ҳеч қачон саҳна қонунлари билан ҳисоблашган эмассиз. Бусиз, ахир, театр бўлмайди-да…Мен учун асар ёзиб беринг… Ҳа, дўстим, шахсан мен учун… Ўшанда кўрасиз репетициянинг нима эканини. Репетиция дегани энг яхши мактаб… Биласизми, менинг назаримда сизда биттаю-битта нуқсон бор — сиз символизмга хос юзакиликдан ҳали бутунлай халос бўлиб кетганингиз йўқ… Ўзингиз ёзган матнни саҳнадан эшитиб кўринг, асарнинг хом жойларини ўзингиз дарров пайқаб оласиз. Драматург учун театр саҳнаси — нотиқ одам учун унинг овози ёзилган тасмадай гап. У тасмани эшитиб ўтириб, ўзининг нуқсонларини аниқлайди ва уларни тузатади.
— Худди шу гапларни мен ҳам эртадан-кечгача Кристианнинг қулоғига қуяман, — деди Клер. — У театр учун яратилган.
— Билмадим-ов, — деди Кристиан.
— Бир уннаб кўринг, бир жойингиз камайиб қолармиди. Яна такрор айтаман — мен учун пьеса ёзиб беринг.
— Сюжети қанақа бўлсин?
— Қанақа бўларди. Юзлаб сюжетлар бор, — деди Леон Лоран. — Ё тавба, ахир, ҳар гал учрашганимизда менга бирор пьесанинг биринчи пардасини айтиб берасиз. Деярлик ҳар гал жуда зўр бўлади. Сюжет дейсиз! Сиз столга ўтириб, ўша менга айтиб берганларингизни қоғозга туширсангиз бас. Умуман, бундан ҳам осонроқ иш йўқ. Сиз менга олиб келадиган ҳар қандай пьесани мен суриштирмай қўлга оламан.
Кристиан бир лаҳза ўйланиб қолди.
— Менда бир фикр бор, — деди у. — Биласизми, мени ҳозир уруш хавфи қаттиқ ташвишлантиряпти. Мен Германияда ҳукмронлик қилаётган телбаларнинг ошкора режаларига французларнинг диққатини жалб қилмоқчи бўляпман, лекин афсуски, ҳаракатларим зое кетяпти.
— Мен “Фигаро”даги мақолаларингизни ўқиганман, — деди Леон Лоран. — Улар яхши ёзилган. Фойдали мақолалар. Фақат, ўзингиздан қолар гап йўқ, пьеса ўта замонавий бўлса…
— Йўқ-е, мен сизга замонавий ҳаётдан олинган пьесани таклиф қилмоқчи эмасман. Мен воқеани бутунлай бошқа бир даврга кўчиришни истардим. Эсин-гизда борми, Филипп Македонский яшаш учун майдон талаб қилиб, бирин-кетин кичкина юнон давлатларини фатҳ этганда афиналиклар ўзларини қандай тутишган? “Эҳтиёт бўлинглар! — деб таъкидлаган афиналикларга Демосфен. — Эҳтиёт бўлинглар! Агар сизлар Чехословакияга ёрдамга келмасанглар, ўзингиз ҳам муқаррар ҳалок бўласиз!” Аммо афиналиклар кўнгилчан эдилар, ҳамма нарсага енгил-елпи қарардилар. Бунинг устига Филиппнинг айғоқчилари бор эди… Демосфен мағлубиятга учради… Кейин эса гўзал кунлардан бирида Афинага ҳам навбат етиб келди… Бу иккинчи парда бўлади.
— Жуда ҳам соз! — деб хитоб қилди қизиқиб қолган Леон Лоран. — Жуда яхши. Ана, сюжет ҳам тайёр экан. Энди бу ишни пайсалга солмасангиз бўдци. Дарҳол ишга киришинг!
— Шошмасангиз-чи! — деди Кристиан. — Мен ҳали яна у-бу нарсани ўқиб чиқмоғим керак. Лекин сизнинг Демосфен ролида қандоқ ўйнашингизни ҳозирдан тасаввур қиляпман. Сиз, албатта, Демосфен ролини танлайсиз, шундайми?
— Бўлмаса-чи!
Завққа тўлган Клер тонгга қадар уларнинг бўлғуси пьеса ҳақидаги баҳсларига маҳлиё бўлиб ўтирди. Лоран билан Менетрие хайрлашаётганда, пьесанинг асосий саҳналари белгилаб олинган эди. Кристиан ҳатто финалдаги иборани ҳам ўйлаб қўйди. Кўпдан-кўп алғов-далғовлардан кейин Филиппнинг ўлими Афинани қутқариб қоладиган мўъжиза бўлиб кўринади. Бироқ Демосфен мўъжизаларнинг давомли эканига ишонмайди, афиналикларни уларнинг ўз иродаси, мардлиги ва матонатидан бошқа ҳеч нарса қутқара олмайди деб қаттиқ ишонади. “Ҳа, — деди у, — эшитдим… Филипп ўлипти… Хўп, Филиппнинг ўғлининг исми нима?” Кимдир жавоб беради: “Александр!”
— Жуда соз! — деб хитоб қилди Леон Лоран. — Жуда соз! Бу иборани қандай талаффуз қилишимни ҳозироқ тасаввур қилиб турибман… Менетрие, агарда пьесани бир ой мобайнида ёзиб тугатмасангиз, сизни театрга номуносиб одам экан дейман.
Бир ойдан кейин пьеса битди. Эндиликда биз биламизки, пьеса Клер билан Лораннинг ҳамма умидларини оқлади. Пьесани театрда ўқидилар — шунинг ўзида муаллиф чинакам тантана қилди. Пьеса ўқилгандан кейин ролларни қандай тақсим қилиш, қайси муддатда асарни саҳнага қўйиш, репетицияларни қай вақтда ўтқазиш тўғрисида келишиб олиш учун Лоран муаллифнинг ҳузурига кедди. Актёрнинг қиёфаси ташвишли эди. У нимадандир хижолатда. Ҳамма санъаткорлар каби Кристиан ҳам гап ўзларининг асарлари тўғрисида кетганида ўлгудай бадгумон бўлиб қоларди. Ҳозир унга Лоран пьесадан унча қониқмагандай кўринди.
— Йўқ, — деди у хотинига Леон Лоран кетгач. — Йўқ, нимадир унга ёқмаяпти… Нима бўлсайкин?.. Менга айтмади… Ҳеч нарса демади… Лекин сезилар-сезилмас алланимаси бор эди… Йўқ, пьеса унга маъқул бўлмади деёлмайман… Билъакс, у бу гал ҳам ўзининг роли тўғрисида жуда берилиб гапирди. Унинг самимийлигага шубҳа қилиб бўлмайди… Лекин қандайдир айтилмаган бир фикри бор-да… Гап нимадайкин?.. Тушуна олмадим…
Клер жилмайди.
— Кристиан, — деди у. — Сиз улуғ ёзувчисиз. Мен чин юракдан сизга қойил қоламан. Аммо энг оддий инсоний муносабатлар масаласида ўтакетган даражада анойисиз. Гапимга ишонаверинг. Мен ҳатто Лоранни кўрмай туриб ҳам нима воқеа рўй берганини биламан.
— Қани айтинг!
— Аниқроқ айтганда, нима воқеа рўй бермаганини биламан… Гап шундаки, азизим, сизнинг пьесангизда Элен Мессьер учун роль йўқ. Инсоф юзасидан тан олинг, мен сизни бу тўғрида огоҳлантирган эдим.
Кристиан ғашлик билан эътироз билдирди.
— Бу асарда Мессьер учун қанақа роль бўлиши мумкин эди? Мессьер комедияларда жуда ўринлатиб ўйнайди, унга Мюссе ва Маривонинг роллари мос келади, аммо, ўзингиз айтинг, сиёсий фожиада у нима қилади?
— Оҳ, жонгинам, сиз мутлақо бошқа-бошқа масалаларни қориштириб юборяпсиз! Гап Эленнинг сиёсий фожиада нима қилиши ҳақида кетаётгани йўқ. Масала анча жўнроқ — шундай қилингки, Леон Лоран билан маъшуқаси ўртасидаги иноқликка путур кетмасин, — Элен Мессьер — Леон Лораннинг маъшуқасими?
— Нима бало, ойдан тушганмисиз, азизим. Улар тўрт йиддан бери бирга туришади-ку.
— Мен қаёқдан билай? Пьесамнинг нима дахли бор бунга? Ёки сиз ўйлайсизки, Лоран…
— Мен ўйламайман, Кристиан, мен аниқ биламан, Лоран нимани хоҳлашини. Сиз агар уни шунга мажбур этсангиз, у Мессьер учун роль талаб қилади… Шуни ҳам айтиб қўяй, менимча, уни рози қилиш унчалик қийин бўлмаса керак… Битта персонажни қўшиб қўйиш сизга қийинми?
— Сира иложи йўқ. Бу пьесанинг композициясини бузиб юборади.
— Ўзингиз биласиз, Кристиан… Майли, бу мавзуга яна қайтармиз… Улар чиндан ҳам бу мавзуга қайтишди. Лоран борган сари қовоқ-тумшуғи осилиб, ташвишлироқ бўла боради. Кейин у асарни саҳналаштиришнинг қийинчиликлари, театр зиммасидаги аввалги мажбуриятлар, бўлғувси гастроллар тўғрисида гапира бошлади. Пьесани ёзиб тугатганидан бери унинг саҳнада пайдо бўлишини тоқатсизлик билан кутаётган Кристиан ҳам серзарда бўлиб қолган, доим қовоғи солиқ юрарди.
— Азизим, — деди унга Клер. — Бирор гал мени Лоран билан ҳоли қолдиринг. У юрагидаги бор гапни менга тўкиб солади. Сизга ваъда бераман — мен ҳамма ишни ўрнига қўйиб, саришта қиламан. Албатта, сиз аёл ролини ёзиб берасиз…
— Кандай қилиб ёзаман уни? Пьесани қайта бошдан ёзиб чиқолмайман-ку? Ҳар ҳолда, мен уни санъат асари деб ҳисоблашга журъат эттандим. Энди бировнинг инжиқлиги деб…
— Оҳ, Кристиан, бу, ахир, жуда ҳам осон гап-ку… Бунинг устига хаёлот оламингиз жуда бой бўлса… Мана, лоақал иккинчи пардани олайлик. Македонияликлар Афинада ўзларининг хуфияларини жойлаштиради. Наҳотки, шу ишда улар биронта ақл-идрокли сатангнинг хизматидан фойдаланишмаса… У бадавлат афиналиклардан, банкирлардан, давлат арбобларидан бирининг маҳрами бўлиши мумкин… Мана, сизга тайёр персонаж. Яна унинг ҳаққонийлигини айтмайсизми!
— Ҳм, дуруст… Агар шундай қилинса… Биласизми, сиз ҳақсиз — дунёнинг ўзидай кўҳна махфий тарғибот усулларини кўрсатиш жуда мароқли…
Клер Кристианнинг хаёлот оламига ташланган ҳар битта уруғ, албатта, униб чиқишини биларди. Энди у Лоранни исканжага одди ва бунда ҳам тўла ғалабага эришди.
— О, жуда ажойиб фикр-а! — деди Лоран енгил тортиб. — Биласизми, бу тўғрида юрак ютиб, эрингиз билан гаплашгани журъат қилолмовдим — унинг асарлари ҳақида гап кетадиган бўлса, унинг яқинига йўлаб бўлмай қолади. Ҳатто Шекспир ҳам “Юлий Цезар”да… Корнель ҳам Горацийлар даражасига Сабина сиймосини киритган, Расин эса Федра ҳақидаги мифга Арисияни қўшган… Бундан ташқари, хоним, сизга очиғини айтиб қўя қолай: Элен учун роль бўлмаса, унақа пьесани қўйишга унча ҳушим йўқ эди… Истамасдим… Биласизми, Элен ёш, менга боғланиб қолган, лекин рақс тушишни яхши кўради, ёлғизлиқдан ўтдан қўрққандай қўрқади… Агар мен ҳар оқшом театрда банд бўладиган бўлсам, у бошқа эркаклар билан маишат қила бошлайди. Унда мен тинчимни йўқотиб қўяман. Аммо борди-ю сизнинг эрингиз унинг учун кичикроқ бир роль ёзиб берса, ҳаммаси жойига тушади… Бир ҳафтадан кейин репетиция қила бошлаймиз…
Шу тарзда Миррина образи туғилди. Бу образни яратар экан, Кристиан бир вақтнинг ўзида ҳам Аристофаннинг баъзи бир зукко ва беҳаёроқ қаҳрамон аёлларини, ҳам Маривонинг таннозларини эслади. Уларнинг ролларини ўйнаб Элен Мессьер саҳнада илк шуҳратини қозонган эди. Мана шундай ғаройиб чатишма оқибатида муаллифнинг ўзини ҳам лол қолдириб, жуда мафтункор ўзига хос образ туғилди. “Артистлар маза қилиб ўйнамайдиган ғоятда ноёб образ чиқди-да!” — деди Лоран.
Клер Элен Мессьерни тушликка таклиф қилди. Менетрие унга пьесанинг янги вариантини ўқиб берди. Элен киприклари узун-узун, жуссаси кичкина дилбар аёл эди. У жуда эҳтиёткор ва мушукдек қувгина эди. У кам гапирарди, лекин бирор марта ҳам бемаъни гап айтгани йўқ. Кристианга у жуда манзур бўлди.
— Элен гўл аёллар ролини ўйнашга моҳир кўрингани билан, аслида у бевафо маккоралар роли учун яратилган экан.
— У сизга ҳаддан зиёд маъқул бўлиб қолдими, Кристиан?
— О, йўқ! Ахир, у Лоранни яхши кўради-ку. Лоран унинг хушторигина эмас, уни йўқдан бор ҳам қилган. Элен — Лоран ижодининг маҳсули. Лоран бўлмаганда, у нима бўларди дейсиз?
— Кристиан, нима деб ўйлайсиз — Элен ўзидаги кўпгина фазилатлар Лоран туфайли бино бўлганини англагани учун, унга нисбатан илиқ туйғуларга эгами? Аксинча, менга бутунлай бошқача туюлади. Менимча, унинг юрагининг бир чеккасида Лоранга нисбатан алланечук ғашлик бор… Келинг, бизга нима! Роль унга маъқул бўлди, демак, ҳамма иш жойида.
Дарҳақиқат, бир ҳафта мобайнида ҳамма иш жуда силлиқ кечди. Лекин бир ҳафтадан сўнг яна Лораннинг қовоқ-тумшуғи осилиб қолди.
— Унга нима бўлди? — деб сўради Кристиан.
— Бу гал билмадим, — деб жавоб берди Клер. — Лекин билиб оламан. Лоран чиндан ҳам сирини кўп яшириб юрмади. Бир куни Клерга ёзилди:
— Гап бундай бўляпти: роль жуда яхши, Элен ҳам хурсандлиқдан оғзи қулоғида. Лекин… Биласизми, биз бир уйда яшаймиз. Театрга бориш зарур бўлганда битта такси оламиз. Бошқа-бошқа боришдан нима маъно бор?.. Борди-ю Элен саҳнада иккинчи пардадагина пайдо бўладиган бўлса, бир соат давомида у ўзининг хонасида нима қилади? Ё зерикиб, сиқилиб ўтириши керак — бунга унинг буткул тоқати йўқ. Ёки бўлмаса, жазманларини қабул қилмоғи керак… Мен ўзимни яхши биламан — шундай қилса, бу дарҳол менинг ўйинимга таъсир этади… Юрагимда санчиқ туришини айтмаёқ қўяқолай! Албатта, Кристиан Менерие менинг юрагимнинг кафшшигани олган эмас, лекин ўйинимнинг сифати…
— Хуллас, — деди Клер, — сиз Мирринанинг саҳнада биринчи пардада пайдо бўлишини истайсиз? Шундайми?
— Хоним, сиздан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди.
Клер эрига бу янги талабни маълум қилганида, аввал эрининг ғазаби қўзиган: “Биронта ёзувчига бунақа шароитда ишлаш тўғри келган эмас”. Аммо Клер Кристианнинг феълу атворини жуда яхши биларди: биринчи навбатда, унинг виждонини тинчитиш зарур эди.
— Кристиан, ҳамма драматурглар худди шунақа шароитда ишлашган… Сиз жуда яхши биласизки, Шекспир ўз артистларининг ташқи қиёфасини ҳисобга олишга мажбур бўлган. Расин эса Шаннел учун ёзган. Бу тўғрида мадам де Севинь гувоҳлик беради.
— У Расинни жуда ёмон кўрган.
— Ёмон кўргани билан уни яхши билган.
Миррина биринчи пардада пайдо бўлди. Артистларшшг театрга келиши билан боғлиқ бўлган такси муаммоси спектаклдан кейин ҳам бутун кескинлиги билан кўндаланг бўлгани тўғрисида гапириб ўтириш ортиқча бўлса керак. Хуллас, пьесанинг сўнгги вариантида Мирринага учинчи пардада ҳам қатнашишга тўғри кедди. Бунда ҳам Клернинг аралашувисиз иш битмади.
— Рост-да, Кристиан, бу Миррина деганлари мағлубиятга учрагандан кейин хуш ахлоқ ватанпарвар жувонга айланиб қолса бўлмайдими? Майли, у партизанлар сафига қўшилсин, Демосфеннинг маъшуқаси бўлсин.
— Ростини айтсам, Клер, сизнинг маслаҳатларингизга амал қиладиган бўлсам, ҳадемай Голливудники сингари бачкана асарлар ёзадиган даражага тушиб қоламан… Бўлди, етар… Бошқа бир сатр ҳам қўшмайман.
— Енгилтабиат аёл ватанини яхши кўрса нима бўпти? Бунинг нимаси ёмон? Канақа бачканалиги бор? Нимаси ҳақиқатга ўхшамайди? Ҳаётда бунақа воқеаларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Кастильоне Йталияни бирлаштириш ҳақидаги эҳтиросли орзуси билан Наполеон III ни мафтун этган эди… Фақат Мирринадаги ўзгаришларни назокат билан кутилмаган бир тарзда кўрсатиш керак… Бунақа саҳналарни ёзишда сизга тенг келадигани йўқ. Демосфен билан ошиқ-маъшуқлик масаласига келганда, мен, албатта, ҳазиллашдим…
— Нега ҳазил бўлар экан? Француз инқилобининг жуда кўп арбоблари… Хотиржам бўлган Клер Лоранни тинчитишга ошиқди. Шундай қилиб бойиган ва тарвақайлаб кетган Мирринанинг роли пьесадаги асосий роллардан бирига айланди.
“Бош” репетиция куни ҳам етиб келди. Бу чинакам тантана эди! Бутун Париж худди Лоранга ўхшаб Мирринага мафтун бўлганди. Менетриега ўхшаб сиёсий воқеалардан юраклари така-пука бўлган ва ғайришуурий тарзда Эсхилнинг “Форслар”ига ўхшаш миллий драматургияни қўмсаган томошабинлар муаллифни олқишларга кўмиб ташлашди. Мунаққидлар бирон марта ҳам масхараомуз оҳангларга берилиб кетмай, антик сюжетга зўр маҳорат билан замонавий руҳ бағишлагани учун муаллифни кўкларга кўтариб мақташди. Ҳатто ўзининг ҳамкасаба биродарларига ҳамиша ўта талабчан бўладиган Фабер ҳам коса тагида нимкоса қилиб Клерга бир неча оғиз илиқ гап айтди.
— Гўзал қора қиз, — деди у Клерга, — бу Мирринага сизнинг ҳам қўлингиз теккан кўринади. Гап йўқ: бу ҳақиқий аёл; тирноғининг учигача аёл. Бетавфиқ эрингиз ҳеч қачон сизнинг ёрдамингиз бўлмаса, бунақа образни ярата олмасди… Тан олаверинг, Кристиан аёллар масаласида ҳеч нарсага тиши ўтмайди…
— Миррина сизга ёққанидан бағоят хурсандман, — деди Клер. — Лекин бу ишга менинг дахлим бўлгани йўқ.
Эртаси куни Робер Кам ўзининг тақризида фақат Миррина ҳақида ёзипти. “Бугундан бошлаб, — депти у. — Мирринанинг номи Агнесса ёхуд Селименаларнинг номи каби жуда машҳур бўлиб кетади”. Эрининг елкаси оша мақолани завқ билан ўқиб чиққан Клер ўзини тутиб туролмай, шундай деди:
— Буни қаранг-а, агар ўша такси можароси бўлмаса эди, Миррина ҳеч қачон дунё юзини кўрмаган бўларди.
Қолган гаплар адабиёт тарихига алоқадор. Маълумки, “Филипп” кўпгина тилларга таржима килинди ва янги француз театрини бошлаб берди. Лекин ўтган йили Элен Мессьер Лоранни ташлаб, Голливуд режиссёрига эрга текканини ва Лоран Кристиан Менетриенинг беваси, марҳум драматургнинг муаллифлик ҳуқуқлари бўйича вориси Клерга пьесадан Миррина ролини ўчириб ташлашни сўраб мурожаат қилганини камдан-кам киши билади.
— Ахир, сиз билан биз биламиз-ку, — деди у, — бу роль пьесада тасодифий равишда пайдо бўлган. Пьесанинг биринчи вариантида йўқ эди. Эски вариантни тикласак нима киларкин? Шундай килсак, Демосфен роли анча ютган бўларди. Ростини айтсам, ишқий можаролардан ҳоли “Демосфен” менга кўпроқ маъқул эди…
Шундай қилинса, Миррина ролини ижро этишга янги актриса қидириб ҳам юрилмайди… Бу ролни ўчириб ташласак, маошдан ҳам анча тежаб қолардик. Бироқ Клер бу таклифни юмшоққина, лекин қатьий оҳангда рад этди.
— Ишончингиз комил бўлсин, Лоран, сиз кўпда кийналмай янги Мирринани барпо эта оласиз. Буни сиз жуда ўринлатасиз… Мен эса эримнинг пьесасида ҳеч қандай ўзгариш бўлишини истамайман. Кристиан жамлаган нарсани бир-биридан ажратиш керак эмас…
Шундай қилиб, зарурият ва илҳом фарзанди ўлароқ дунёга келган Миррина жаҳон саҳналари бўйлаб ўзининг музаффарона юришини давом эттирди.
Рус тилидан Озод Шарафиддинов таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журналининг 1998 йил, 12-сонидан олинди.