— О, Женни, кетма, қол!
Тушлик вақтида Женни Сорьбе ҳаммани оғзига қаратиб ўтирди. Қайнар булоқдай чиқаётган латифалару ҳар хил воқеалар ҳақидаги ҳикоялари меҳмонларни маҳлиё қилди-қўйди. Женни уларни чинакам актёрларга хос маҳорат ва туғма ёзувчига хос илҳом билан тўкиб солди. Леон Лораннинг меҳмонлари унга мафтун бўлиб қолишди. Женнининг улфатчилигида ўтказилган вақт уларнинг назарида кўз очиб юмгунча ўтиб кетган сеҳрли дақиқадай туюлди.
— Буни қаранг, соат тўрт бўлиб қолибди-ку! Бугун — чоршанба… Ўзингиз биласиз, Леон, чоршанба кунлари мен ҳар доим дўстимга бинафша олиб бораман…
— Кўп чакки бўлипти-да, афсус! — деди Леон беқиёс оҳангдор овози билан. Шу овози билан у саҳнада ҳазилакам шуҳрат қозонгани йўқ. — Айтганча, сизнинг бир сўзлилигингиз ҳаммага маълум… Майли, сизни ушлаб қолмай, бўлмаса…
Женни аёллар билан ўпишиб хайрлашди, эркаклар эса тавозе билан унинг қўлларидан ўпишди. Женни кетди. Унинг орқасидан эшик ёпилиши билан, меҳмонлар бири олиб, бири қўйиб, унинг шаънига мақтов гаплар айта бошладилар.
— У ҳақиқатан хам жуда жозибадор! Ҳозир нечага борди, Леон?
— Саксонлар атрофида бўлса керак. Болалигимда онам мени Комеди Франсезнинг эрталабки томошаларига олиб бориб юрганида Женни Селимена ролини қойилмақом қилиб ўйнарди. Ҳолбуки, энди менинг ҳам ёшим бир жойга бориб қолди.
— Истеъдод қаримайди, — деди Клер Менетрие. — Бинафша олиб бораман дегани нима ўзи?
— О, бутун бошли роман бу… У бир марта менга гапириб берган эди, лекин бу тўғрида ҳеч қачон ёзган эмас… Лекин гапларим қовушмаяпти. Ундан кейин бирор нарсани ҳикоя қилиб беришга журъатим етишмайди. Қиёслашга менинг мисим чиқади.
— Ҳа, таққослар умуман хавфли нарса. Бироқ биз сизнинг меҳмонингизмиз. Сизнинг вазифангиз — бизнинг вақтимизни чоғ қилиш. Женни кетиб қолди. Энди сиз унинг йўқлигани билдирмаслигингиз керак.
— Майли бўлмаса. Мен сизларга чоршанба бинафшалари тарихини айтиб бера қолай… Фақат бир нарсадан хавотирим бор — бу воқеа ҳозирги кунлар учун чучмалроқ кўринмаса бўлгани…
— Қўрқманг, — деди Беритран Шмит. — Бизнинг давримиз нафосатга ва севгига муштоқ. Сийратда сурбетроқ ва беҳаёроқ кўринса ҳам, аслида, унинг замирида ҳақиқий туйғуларга илинж ётарди.
— Шундай деб ўйлайсизми?.. Майли, бўлмаса! Унда ўша илинжни қондиришга ҳаракат қиламан… Сизлар, яъни бу ерда ўтирганларнинг ҳаммаси ҳали жуда ёшсизлар — шуҳратининг авж палласида Женни нақадар гўзал бўлганини билмайсизлар. Оловдай қизғиш сочлари унинг бежирим елкалари билан битта бўлиб ёйилиб ётарди. Қув ва чарос кўзлари, ҳамиша ҳаяжонланаётгани сезилиб турадиган жарангдор овози унинг ёрқин ва мағрур ҳуснига яна ҳусн қўшарди.
— Жуда сухандон экансиз-ку, Леон!
— Қўрқаманки, менинг сўзамоллигим анча эскириб қолган. Шундоқ бўлса ҳам, мақтовингиз учун раҳмат… Женни консерваторияни 1895 йилда биринчи мукофот билан тугатган ва дарҳол Комеди Франсезга таклиф қилинган эди. Аммо тажрибамдан яхши биламанки, бу машҳур театрнинг труппасида янги келган одамга жуда оғир бўларди… Ҳар қайси ўринда бир донгдор актёр бор. У ўзининг ролини кўз қорачиғидай эҳтиёт қилади. Энг жозибадор ва истеъдодли ёшлар ҳам Мариво ва Мольер пьесаларидаги етакчи ролларга эришгунларича ўнлаб йиллар кутмоғи керак эди. Ошуфтакор Женни саҳнанинг тиш-тирноқлари билан ўз тахту равонларига ёпишиб олган қироличаларига рўпара келди. Унинг ўрнида бошқа ҳар қандай қиз бўлганда ҳам тақдирига тан бериб жимиб қолиши ёки бир йил-икки йил беҳуда уриниб, Мадлен хиёбонидаги театрлардан бирига ўтиб кетиши мумкин эди. Аммо бизнинг Женни бунақа қизлардан эмасди. У ихтиёрида бор нарсанинг ҳаммасини сафарбар қилиб жангга отилди. Ниҳоят, унинг артистлик истеъдоди ва жуда зўр билимдонлиги, бениҳоя кучли латофати ва жон олғувчи кўзлари ғолиб чиқди.
Орадан кўп ўтмай у театрнинг етакчи артистларидан бири бўлиб қолди. Директор уни қўйишга жой тополмасди. Драматурглар бири олиб, бири қўйиб, ўзлари яратган асарлардаги энг қийин ролларни Женни ўйнашини талаб қилишарди. Уларнинг фиқрича, бошқа ҳеч ким бу ролларни халққа етказиб беролмас эмиш. Мунаққидлар ғайритабиий яқдиллик билан унинг шаънига мадҳиялар ёғдиришарди. Ҳатто энг даҳшатли Сарсэнинг ўзи ҳам Женни тўғрисида шундай деб ёзган эди: “Бошининг жиндай қилт этгани, оғзидан чиққан жиндай товуш ҳатто тимсоҳни ҳам мафтун этишга қодир!”
Менинг отам ўша йилларда Женни билан таниш эди. Отамнинг ҳикоя қилишича, у ўз касбини эҳтирос билан севарди, касби тўғрисида доноларча фикр юритарди ва сира толмасдан янги-янги актёрлик йўлларини излаб топарди. Ўша пайтларда театр реализмга берилган эди, бироқ бу реализм анчайин жўн, анойи реализм эди. Агар роли бўйича Женни бирор пьесада заҳар ичиб ўлмоғи керак бўлса, у ҳар гал спектакль олдидан касалхонага йўл оларди ва у ерда заҳарланиб жон таслим қилаётган одамларнинг талвасаларини кўриб келарди. Инсоний туйғулар курашини у ўз мисолида ўрганарди. Санъатга хизмат қилаяпман деб, у ҳам худди Бальзакка ўхшаб инсон туйғуларини ифодалаганда ҳар қандай андишани йиғиштириб қўярди. Бальзак ҳам романларидан бирида ўз эҳтиромларини ва маъшуқасининг туйғуларини тасвирлаганда худди шундай қилган.
Ўзингиз, албатта, сезиб турган бўлсангиз керак — йигирма икки ёшга кирган тенгсиз ҳусну жамолга эга, яшин тезлигида катта шуҳрат қозонган қизнинг жазманлари ҳам беҳисоб бўлади. Театрдаги ошна-оғайнилари, драматурглар, банкирлар, яна қанча-қанча казо-казолар унинг илтифотини қозониш пайида эди. Қиз банкир Анри Стални танлади. Унинг бойлиги учун эмас — Женни ота-онаси билан бирга турар ва ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ эди. Бунинг сабаби шуки, Анри Стал ҳам худди қизнинг ўзи каби ҳаддан зиёд жозибадор эди ва энг муҳими, қизга уйланмоқчи бўлганди. Эҳтимол, сизнинг хабарингиз бордир — улар дарҳол оила қура олганлари йўқ, Сталнинг ота-онаси анча вақтгача розилик бермай юрди. Анри билан Женни уч йил ўтгандан кейингина турмуш қуришди, бироқ кўп ўтмай ажралиб кетишди — Женни мустақил характерга эга бўлганидан оилавий қулликка бўйсунишга дош беролмади. Бу энди бошқа тарих. Ҳозир эса Комеди Франсезга, Женнининг қандай иш бошлаганига ва бинафшаларга қайтайлик.
Женни Дюманинг ўғли ёзган “Бағдод маликаси”ни ўйнаш учун пайдо бўлган куни оқшом театр фойесини бир кўз олдингизга келтиринг-а! Бу пьеса нуқсонлардан холи эмас. Мени биласизлар — “Чала зодагонлар”, “Аёлларнинг дўсти”, “Франсийон”га ўхшаган пишиқ-пухта ёзилган пьесалардан завқланиб юраман. Лекин ҳатто мен ҳам Дюманинг “Мусофир жувон”, “Бағдод маликаси” пьесаларидаги ўжарлигини кўриб, ўзимни кулгидан тўхтатолмайман. Аммо Женнини бош ролда кўрганларнинг ҳаммаси унинг ҳаққоний образ ярата олганини ёзишди. Биз у билан ўша замонлар ҳақида тез-тез гаплашиб турардик. Энг ғалати жойи шунда эдики, Женни ижро этаётган ролларининг чинлигига ўзи ишонарди.
“Ёшлик йилларимда, — деб ёрилди менга бир куни, — Дюма асарларидаги қаҳрамон аёлларга ўхшаб мулоҳаза юритардим. Ичимда пишиб етишаётган нарсани, қалбимнинг энг пинҳона нуқталаридаги туйғуларимни чироқ нурлари порлаб турган саҳнада ижро этиш жуда мароқли эди”. Бунга яна шуни қўшиб қўйингки, бу роли унга жуда таъсирчан усулни қўллашга имкон берарди — у ўйнаётган вақтида сочларини ёйиб юборар, улар унинг яланғоч елкасига шалоладай тушарди. Хуллас, Женни нақд офатижоннинг ўзгинаси эди.
Одамлар гулдирос қарсаклар билан муборакбод қилиб бўлишгач, антракт вақтида Женни артистлар фойесига чиқади. Бир зумда унинг теварагини одамлар қуршаб олади. Женни диванга — Анри Стилнинг ёнига ўтиради. Музаффар одамга хос кўтаринки кайфият оғушида маст бўлган Женни қувноқлик билан унга нималарнидир ҳикоя қилади.
— Оҳ, азизим Анри! Мана, мен яна юзага қалқиб чиқдим. Ниҳоят, кўкрагим тўлиб нафас оляпман… Уч кун аввал қанақа ўйнаганимни ўзингиз кўрдингиз… Ўшанда ҳеч нарсага ярамас эдим, тўғрими?.. Назаримда жарликнинг туб-тубида типирчилаб ётгандай эдим. Нафасим бўғилганди. Ниҳоят, мана — бугунги оқшом. Бир ҳамла қилдиму яна юзага чиқиб олдим! Менга қаранг, Анри, сўнгги пардага бориб расво бўлсам нима бўлади? Охиригача сузишга кучим етмай қолса нима қиламан! О худойим-ей! О, худо!
Кириб келган капельдинер унга гулларни тутқазди.
— Кимдан бўлсайкин бу гуллар? А, Сен-Лудан экан… Сизнинг рақибингиздан, Анри… Гулдастани менинг хонамга олиб бориб қўйинг.
— Манави мактуб ҳам бор, мадемуазель, — деди капельдинер. Конвертни очиб кўриб Женни қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Мактуб лицей талабасидан экан. Улар лицейда “Женнининг жазманлари” клубини тузишганмиш.
— “Жокей клуб” эндилиқда бугунлай сизнинг жазманларингиз клубига айлангандир-да…
— Менга лицей талабалари маъқулроқ… Бунинг устига, мактубнинг охирида шеър ҳам бор экан… Мана, эшитинг, азизим…
“Севдим” деган жўнроқ сатрни
Қораламанг, инкор ҳам этманг.
Ўтинаман — шўрлик шоирни
Директорга ҳеч қачон айтманг.
— Қаранг, бирам яхшики…
— Жавоб берасизми мактубга?
— Албатта, жавоб бермайман-да! Бунақа мактублардан ҳар куни ўнлаб оламан. Уларга жавоб бера бошласам, тамом бўламан-ку… Лекин мактублар мени хурсанд қилади… Бу ўн олти яшар жазманлар менга яна анча вақт содиқ қолади…
— Балким? Ўттизга борганда эса улар нотариус бўлиб олишади.
— Нотариус бўлса нима? Нотариус менинг жазманим бўлолмайдими?
— Мана буни ҳам сизга бериб қўйишни илтимос қилишди, мадемуазель, — деди яна уларнинг ёнига келган капельдинер.
— Мунча яхши! Буни қаранг, Анри! Мактуби йўқ эканми?
— Йўқ, мадемуазель. Швейцар менга айтдики, Политехника мактабининг аллақайси талабаси бинафша олиб келипти.
— Азизим, — деб хитоб қилди Анри Стал. — Сизни табриклашга ижозат бергайсиз. Ростини айтганда, бу қурумсоқ “талабалар”дан бирор нарса ундириш жуда қийин.
Женни бинафшани анча ҳидлади.
— Жуда нафис ҳиди бор-да! Ҳурматларини шу тарзда ифода қилишгани менга ёқади. Ўзига бино қўйган сипо одамларга сира тоқатим йўқ. Пешинда улар Пале-Рояльга тўп отишини томоша қилгани қандай боришса, оқшомлари саҳнада менинг жон беришимни томоша қилишга ҳам шунақа келишади.
— Томошабинда шафқат йўқ! — деб жавоб берди Анри Стал. — Улар ҳамма вақт ҳам шунақа бўлишган. Гладиаторлар жангини эсланг… Бир даста игнани ютиб юбориш йўлини топган актриса уларнинг орасида зўр муваффақият қозонган бўларди.
Женни кулиб юборди.
— Борди-ю бирор актриса тикув машинасини ютиб юборса, унинг шуҳрати осмон баравар кўтариларди!
“Саҳнага” деган хитоб янгради. Женни ўрнидан қўзғолди.
— Майли, бўлмаса… Кўришгунча… Бориб игналарни ютай… Женнининг ҳикоя қилишича, бу воқеа ана шу тарзда бошланган эди. Янаги чоршанбада сўнгги антракт вақтида капельдинер юзида табассум билан Женнига яна бир даста бинафша олиб келди.
— Ие, қизиқ-ку, — деб хитоб қилди у. — Яна ўша талабами?
— Ҳа, мадемуазель.
— Шакли-шамойили қанақа?
— Билмадим, мадемуазель. Хўп десангиз, швейцардан сўрайман.
— Йўқ, сўрамай қўя қолинг. Нима фарқи бор…
Кейинги ҳафтанинг чоршанба куни спектакль йўқ эди. Аммо пайшанба куни Женни репетицияга келганда, унинг хонасидаги стол устида бир даста бинафша ётарди. Бинафша бироз сўлиб қолипти. Театрдан кетаётиб, Женни швейцарнинг хонасига кириб ўтди.
— Менга қаранг, Бернар… Бинафшани ўша йигитча олиб келдими?
— Ҳа, мадемуазель. Учинчи марта олиб келиши…
— Шакли-шамойили қанақа бу талабанинг?
— Жуда яхши бола. Жуда яхши… Нима десам экан-а… Бироз озғиндан келган, ёноқлари ичига ботган, кўзлари маъюс. Кичкинагина мўйловчаси бор. Лорнети ҳам бор. Лорнети билан киличи — биқинида… Бу, албатта, кулгили кўринади… Тўғрисини айтсам, мадемуазель, йигитчанинг жуда ҳам юрагидан урган кўринади… Ҳар гал бинафшасини менга узатар экан, “Мадемуазель Женни Сорьбега”, — дейди-да, қулоқларигача қизариб кетади…
— Нима учун доим чоршанба куни келар экан?
— Сабабини билмайсизми, мадемуазель? Чоршанбада Политехника мактабининг талабалари машғулотлардан бўш бўлади. Ўша куни улар театрда партер билан галеркага тўлиб кетишади… Ҳар биттаси ёнида ойимтилласи билан келади…
— Менинг талабамнинг ҳам ойимтилласи борми?
— Ҳа, мадемуазель, лекин бу ойимтилла — унинг синглиси… Улар бир-бирларига жуда ҳам ўхшайдилар, кўрсангиз, ҳайрон қоласиз.
— Шўрлик йигитча! Менда юрак деган нарса бўлганида, Бернар, сиздан илтимос қилган бўлардим — уни лоақал бир марта саҳна ортига ўтқазиб юборинг, бинафшасини менга ўзи бера қолсин.
— Маслаҳат бермайман, мадемуазель, сира маслаҳат бермайман. Бу театр шинавандаларига эътибор бермасангиз, уларнинг хавфли жойи йўқ. Улар актрисаларга узоқдан туриб ишқибозлик қилиб, шу билан ўзларини ўзлари хурсанд қилиб юраверишади… Аммо, лекин улар ўзларига жиндай эътибор берилаётганини пайқаб қолишса, тамом — елимдай ёпишиб олишади. Унда улардан қутулишнинг иложи қийин бўлиб қолади. Улар шунақаки, бармоғингизни узатсангиз, қўлингизни юлиб олишади… Ҳа, кулинг, кулаверинг, мадемуазель, лекин бу ишларни аниқ биламан. Йигирма йилдан бери шу театрда хизмат қиламан! Шу кулбамда ўтириб ошиқу беқарор бўлган ойимтиллалардан қанчасини кўрдим-у! Қанча йигитлар эс-ҳушидан айрилди… Ҳатто қариб қуйилмаганларни айтмайсизми? Мен ҳамиша мактублар билан гулдастани олганман-у, лекин ҳеч кимни саҳна ортига ўтқазиб юбормаганман. Мумкин бўлмагандан кейин илож йўқ-да…
— Гапингиз тўғри, Бернар! Майли, бепарво бўламиз, эҳтиёткор ва тошбағир бўламиз.
— Бу ишингиз тошбағирлик бўлмайди, мадемуазель, соғлом ақл билан иш тутган бўласиз, холос.
Ҳафталар ўтди. Ҳар чоршанбада Женни ўзининг икки сўм турадиган бир даста бинафшасини олиб турди. Бу иш бутун театрнинг оғзига тушди. Кунлардан бирида актрисалардан бири Женнига деди:
— Толибингни кўрдим… Жуда жозибадор экан. Қиёфаси бирам ғалати… Гўё “Шамдон”да ёхуд “Севги билан ўйнашманг”да ўйнаш учун яратилгандай…
— Менинг толибим эканини қаёқдан билақолдинг?
— Мен тасодифан швейцарнинг хонасига бош суқиб эдим. Худди шу пайт у гул кўтариб келиб қолди-да, ҳайиқибгина илтимос қилди: “Марҳамат қилиб, мадемуазель Женни Сорьбега бериб қўйсангиз…” Юракларни эритиб юборадиган бир манзара эди бу. Кўриниб турипти, йигитча заковатли эди. Ўзининг кулгили аҳволда кўринишини истамас, лекин шундоқ бўлса ҳам, ҳаяжонини яшира олмасди… Мен ҳатто бир дақиқа афсусландим — бинафшаларини менга келтира қолса нима бўларди. Мен унинг уринишларини қадрлаган бўлардим, бошини силардим… Эътибор бергин-а, у ҳеч нарсани илтимос қилгани йўқ, ҳатто сенинг олдингга кирмоқ йўлларини ҳам қидирмади… Аммо мен сенинг ўрнингда бўлганимда…
— Уни қабул қилармидинг?
— Албатта-да! Ундан бир неча дақиқа вақтимни аямаган бўлардим. Ахир, у анчадан бери театрга қатнайди. Бунинг устига, таътил вақти ҳам яқинлаб қолди. Сен кетиб қоласан, ёпишиб олиб безор қилади деб қўрқмасанг ҳам бўлади.
— Гапинг тўғри, — деди Женни. — Жазманлар ёш бўлганида, уларнинг сон-саноғига етиб бўлмаган даврларда уларга парво қилмасанг-да, орадан ўттиз йил ўтгандан кейин уларнинг кетидан гиргиттон бўлиб юрсанг, бундан ҳам бемаънироқ нарса бўлмаса керак. Ўттиз йил ўтгандан кейин уларнинг сони ҳам камайиб қолади, кўплари сочи тўкилиб, тепакал ҳам бўлиб олишади…
Шу оқшом у театрдан чиқиб кетаётиб швейцарга деди:
— Бернар, чоршанба куни талаба яна бинафша олиб келса, унга айтгин — учинчи пардадан кейин гулдастани менга ўзи олиб кириб берсин… Мен “Мизантроп”да ўйнайман. Роль бўйича мен атиги бир марта кийимимни ўзгартираман, ўзимнинг хонамда бўламан. Талаба ўша ерга келсин… Йўқ, яхшиси, мен уни йўлакда, зина олдида кутиб тураман. Балки фойеда бўларман…
— Яхши. Бирор кори ҳол бўлишидан қўрқмайсизми, мадемуазель?
— Нимадан қўрқмоғим керак? Ўн кундан кейин мен гастролга жўнаб кетаман, бу талаба эса ўзини Политехника мактабига михлаб қўйган…
— Яхши, мадемуазель… Лекин шундоқ бўлса ҳам, менинг фикримча… Янаги чоршанбада Женни Селименани жуда ҳам қотириб ўйнади — у нотаниш йигитчага имкони борича кўпроқ маъқул бўлишни истар эди. Антракт бошланганда у юраги така-пука бўлиб, нима бўлишини кута бошлади. У фойега чиқиб ўтирди. Унинг теварагида театрнинг доимий шинавандалари куймаланиб юрарди. Директор нимадир тўғрисида Бланш Пьерсон билан суҳбатлашарди. Ўша пайтларда бу аёл Женнининг рақиби ҳисобланарди. Лекин негадир талабадан дарак йўқ эди. Сабри тугаб бетоқат бўлаётган Женни капельдинерни излаб кетди.
— Мени ҳеч ким сўрагани йўқми?
— Йўқ, мадемуазель.
— Бугун чоршанба, аммо менинг бинафшамдан ҳали ҳам дарак йўқ. Ёки Бернар уни сизга беришни унутиб қўйдимикин?.. Ёхуд бу ерда бирон англашилмовчилик рўй бердимикин?
— Англашилмовчилик дейсизми, мадемуазель? Қанақа англашилмовчилик? Истасангиз мен швейцарнинг олдига бориб келаман.
— Ҳа, майли… Йўқ, йўқ, бормай қўяқолинг. Уйга кетаётганимда Бернардан ўзим суриштириб билиб оламан.
Женни ўзининг аҳволидан кулди: “Хўп ғалати махлуқмиз-да, — деб ўйлади у, — олти ой мобайнида бу йигитнинг савдойи садоқатига парво ҳам қилганим йўқ. Энди эса бирданига менга эътибор берилмаётгани учун бетоқат бўляпман, худди маъшуқасини кутаётган қиздай ҳаяжонланяпман… “О Селимена, дош бериб бўлмайдиган ғам-ғуссага ботган Альцест сени ташлаб кетганида қанчалар қайғурар экансан?!”
Спектаклдан кейин у швейцарнинг хонасига кирди.
— Хўш, Бернар, қани менинг жазманим? Уни менинг ҳузуримга жўнатмадингизми?
— Мадемуазель, атайин қилгандай, у бугун келмади. Ярим йил мобайнида биринчи марта театрга келмади. Буни қарангки, худди шу бугун мадемуазель уни қабул қилишга рози бўлган эди-я!
— Қизиқ! Балки бирорта одам унга айтиб қўйгандир ва у қўрқиб кетгандир.
— Йўқ, мадемуазель, унақа деманг… Бу гапдан сизу мендан бошқа ҳеч кимнинг хабари йўқ эди. Сиз ҳеч кимга айтганингиз йўқми? Йўқ, а? Мен ҳам индаганим йўқ… ҳатто хотинимга ҳам ҳеч нарса деганим йўқ…
— Ундоқ бўлса, нега келмай қолдийкин? Нима дейсиз?
— Нима дердим, мадемуазель… Балки тасодифан шунақа бўлиб қолгандир. Балки беҳуда югур-югурлар жонига теккандир. Эҳтимол, бетоб бўлиб қолганмикин? Янаги чоршанбани кутайлик-чи?
Аммо кейинги чоршанбада ҳам на талабадан, на бинафшадан дарак бўлди.
— Энди нима қиламиз, Бернар?.. Нима дейсиз, балки унинг ошна-оғайнилари йигитчани излаб топишимизга ёрдам берар? Ё Политехника мактабининг директорига мурожаат қилсакмикин?
— Буни нима деб қиламиз? Ахир, биз йигитнинг отини ҳам билмаймиз-ку!
— Бу гап ҳам тўғри, Бернар. Кўп чакки иш бўлди-да! Ўзи омадим юришмаган одамман, Бернар.
— Қўйинг, мадемуазель, унақа деманг. Бу йилги мавсумни зўр маҳорат билан ўтказдингиз. Ҳадемай гастролга жўнаб кетасиз. У ерда сизни янги муваффақиятлар кутмоқда… “Омадим юришмаган” десангиз, гуноҳ бўлади.
— Гапингиз тўғри, Бернар. Мен шунақа ношукур одамман… Лекин нима қилай, бинафшаларимга жуда ўрганиб қолган эдим.
Эртаси куни Женни Париждан жўнаб кетди. Бу сафарда Анри Стал унга ҳамроҳ бўлди. Женни қайси бир меҳмонхонада тўхтамасин, унинг хонаси ҳамиша атиргулларга тўла бўларди. Женни Парижга қайтганда дарвешсифат талаба аллақачон унинг эсидан чиқиб кетганди.
Орадан бир йил ўтгач, у полковник Женевьер деган одамдан мактуб олди. Полковник унинг шахсий иши бўйича қабул қилишни илтимос қилган эди. Мактуб одоб сақлаб ёзилганди. Уни ўзининг қадрини яхши билган басавлат одам ёзгани сезилиб турарди. Полковникни қабул қилмаслик учун ҳеч қандай асос йўқ эди. Женни полковникка шанба оқшомларидан бирида келишни таклиф килди. У қоп-қора фуқаролар либосида келди. Женни уни табиат ато қилган ва саҳна тарбиялаб вояга етказдирган самимият билан кутиб олди. Аммо табиийки, унинг бутун хатти-ҳаракатида “бу нотаниш одамга мендан нима керак экан?” деган савол сезилиб турарди. У сабр-тоқат билан полковникнинг изоҳини кутди.
— Мени қабул қилишга рози бўлганингиз учун сиздан миннатдорман, мадемуазель. Мен мактубда ташрифимдан кўзлаган мақсадимни айтиб беролмасдим. Модомики, мен сиздан учрашиш тўғрисида илтимос қилган эканман, ишонаверингки, бунинг боиси менинг эркаклик ғурурим эмас, балки оталик туйғуларимдир… Кўриб турибсиз, бошдан-оёқ қора кийинганман. Ўғлимга мотам тутмоқдаман. Лейтенант Андре де Женевьер бундан икки ой аввал Мадагаскарда ўлдирилди.
Женни “Бутун юрагимдан сизга ҳамдардман, аммо…” демоқчи бўлгандай беихтиёр ҳаракат қилди.
— Сиз менинг ўғлимни билмас эдингиз, мадемуазель, бундан хабарим бор… Аммо у сизни яхши биларди ва сизга қойил қоларди. Бу сизга ақл бовар қилмайдиган бўлиб кўринар, лекин ҳозир сизга айтиб берадиган гапларимнинг ҳаммаси чин. У сизни дунёда ҳамма нарсадан ортиқ севар ва сизни илоҳа деб биларди…
— Ҳамма гапни тушуна бошлаяпман, шекилли, полковник. Бу тўғрида сизга унинг ўзи гапириб берганмиди?
— Менгами? Йўқ. У ҳамма гапни синглисига айтиб берган. Синглиси унинг юрак сирларини тинглайдиган бирдан-бир ишонган одами бўлган. Ҳамма воқеа у синглиси билан бирга “Муҳаббат ва тасодиф ўйини”ни кўришга борганидан бошланган. Театрдан уйга қайтиб келишгач, болаларим сиз тўғрингизда оғизларидан бол томиб гапиришди: “Унинг ижросида қанчалик инжалик ва нафосат бор, кишини тўлқинлантирувчи нозиклик мавжуд”. Улар яна анча мақтовлар ёғдиришди. Афтидан, бу мақтовларнинг ҳаммаси ўринли эди. Мен бунга шубҳа қилмайман… Лекин ёшликка хос бўлган эҳтирос, ҳар нарсани илҳомлаштиришга бўлган интилиш батамом бўлакча эди… Менинг бечора болагинам хаёлпараст эди…
— Ё парвардигор! — деб хитоб қилди Женни. — Демак, у ўша экан-да…
— Ҳа, мадемуазель, ўша Политехника мактабининг талабаси. Ҳа, ўша ойма-ой ҳар чоршанба куни сизга бир даста бинафша олиб борадиган йигит менинг ўғлим Андре эди… Буни менга қизим айтиб берди. Унинг бу болалиги, ўз завқини бунақа анойи йўл билан намоён этгани сизнинг ғашингизга тегмаган бўлса керак? Ахир, у сизни шу қадар яхши кўрар эди. Эҳтимол, сизни бўлмаса, хаёлида ўзи яратган ва юрагида ардоқлаб юрган образни яхши кўргандир… Хонасининг деворларига тўлдириб сизнинг сувратларингизни осиб ташлаган эди. Сизнинг сувратларингиздан биронта янги сувратингизни топиб олгунча қизим бечоранинг она сути оғзидан келарди… Политехника мактабида унинг ошналари бунақа ошиқлик устидан кулишарди. “Ҳаммасини ёзиб юбор унга” дейишарди улар.
— Афсус, у буни қилгани йўқ…
— Қилган, мадемуазель! Мен сизга бир боғлам мактуб олиб келдим. Улар ёзилган-у, жўнатилган эмас. Биз бу мактубларни унинг вафотидан кейин топдик.
Чўнтагидан бир пакет чиқариб, полковник уни Женнига тутқазди. Бир гал Женни бу мактубларни менга кўрсатган эди. Хати нозик, тез ёзилган, ўқиб бўлмайди. Ёзув математикники, лекин услуби шоирона.
— Бу мактубларни асраб қўйинг, мадемуазель. Улар сизники. Ножоизроқ таклифим учун мени афв этасиз… Ўғлимнинг хотираси учун шу ишни қилмасам, бўлмайдиган кўринди. Сиз унда қўзғаган туйғуда эҳтиромга носазовор, енгил-елпи жиҳат йўқ эди… У сизни гўзаллик ва комиллик табассуми деб биларди. Сизни ишонтириб айтаманки, Андре ўзининг улуғ муҳаббатига муносиб эди.
— Нега, ахир, у мени кўрмоққа уриниб кўрмади? Нега менинг ўзим у билан учрашишга ҳаракат қилмадим?.. Оҳ, бунинг учун ўзимни қанчалар койийман, қанчалар ўзимдан ижирғанаман?!.
— Ўзингизни койийверманг, мадемуазель… Сиз қаёқдан ҳам билардингиз?.. Политехника мактабини битириши биланоқ Андре уни Мадагаскарга жўнатишларини илтимос қилди. Яширмайман, унинг бундай қилганига сабаб сиз эдингиз… Ҳа, у синглисига бундай деган: “Иккидан бири: ё ҳижрон мени бу бедаво дарддан фориғ қилади еки мен бирон-бир жасорат кўрсатаман-у унда…”
— Наҳотки, камсуқумлик, барқарорлик ва олижаноблик ҳар қандай жасоратдан яхши бўлмаса? — деди хўрсиниб Женни.
Полковникнинг кетишга отланганини кўриб, Женни талпиниб унинг қўлидан тутди.
— Менимча, мен бирон ёмон иш қилмаган бўлсам керак. Лекин шундоқ бўлса ҳам… Нима бўлганда ҳам, марҳумга нисбатан менинг зиммамда ҳам муайян бурч борга ўхшайди. У шўрлик ҳаёт лаззатларини татиб ҳам кўргани йўқ эди… Менга қаранг, полковник, ўғлингиз қаерга дафн қилинган?.. Қасамёд қиламан, токи тирик эканман, ҳар чоршанба куни унинг қабрига бир даста бинафша олиб бориб тураман…
— Шунинг учун ҳам, — деб ҳикоясини тугатди Леон Лоран, — шунинг учун ҳам бизнинг Женнини кўпчилик бағри тош, қуруқ, ҳатто бети қалин бир аёл деб ҳисобласа-да, у ҳар чоршанба куни дўстларини тарк этади, ишини ҳам йиғиштиради ва ҳатто севган одамини ҳам ташлаб, Монпарнас қабристонига, ўзи танимайдиган одамнинг қабрига йўл олади… Мана энди ўзларингиз ҳам кўриб турибсизлар — бу воқеа ҳозирги замонлар учун ҳаддан ташқари чучмал кўринади.
Орага жимлик чўкди. Кейин Бертран Шмит деди:
— Романтика инсон билан ҳамиша ёнма-ён яшайди. Бироқ уни ҳамма ҳам топавермайди.
Рус тилидан Озод Шарафиддинов таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журналининг 1998 йил, 12-сонидан олинди.