Александр Куприн. Настарин воқеаси (ҳикоя)

Хотини эшикни очишига зўрға сабри етган Николай Евграфович Алмазов пальто ва фуражкаси билан дарров хонасига кириб кетди. Унинг чимирилган қошлари ва асабий пирпираётган пастки лабига кўзи тушган хотини қандайдир нохуш воқеа содир бўлганини англаб етди… Индамасдан эрининг орқасидан кириб борди. Хонанинг қайсидир бурчагида Алмазов тек қотиб турарди. Кейин у қўлидаги портфелини полга итқитиб, ўзини креслога ташлади ва бармоқларини асабий қисирлатиб қўйди. Очиқ портфелнинг қоғозлари сочилиб кетганди.
Алмазов бош штаб академиясида маърузалар тингловчи ёш, ўртаҳол офицер бўлиб, ҳозиргина ўша ердан қайтди. Бугун у профессорга ўзининг сўнгги ва энг мураккаб амалий ишини, яъни ҳудудларнинг чизмаларини кўрсатиб келганди.
Алмазов ва унинг хотини қандай қийинчилик­ларни бошидан кечиргани ёлғиз худога ва ёлғиз ўзларига аён. Ҳарҳолда, барча тўсиқлар енгиб ўтилди… Аввал бошидаёқ академияга киришнинг ўзи имконсиздай кўринган эди. Икки йил мобайнида Алмазов тантанали тарзда имтиҳонлардан йиқилди ва фақат учинчи уринишдагина ҳамма синовларни енгиб ўтишга эришганди. Агар ёнида хотини бўлмаганида, иродаси бўшлик қилиб, қўлини қўлтиққа уриши аниқ эди. Бироқ Верочка уни руҳан тушмасликка ундади ва доимо қўллаб-қувватлаб турди. У ҳар қандай омадсизликни очиқ чеҳра билан қаршилашни ўрганди. Ўзини унутиб, эри учун одми бўлса-да, зиёли одамга хос қулайлик яратишга киришди. Эри учун ҳам котиба, ҳам қироатчи, ҳам таржимон ва эслатма дафтари вазифасини бажара бошлаганди.
… Оғир сукунат билан беш дақиқа ўтди. Бу орада иккаласигаям таниш бўлган соатнинг чиқиллаши, асабни ўйновчи ўша бир, икки, уч-уч: бир жуфт текис зарб, сўнг учинчи хириллоқ бонг жимжитликни бузаётганди… Алмазов эгнидагиларни ечмай тескари ўгирилиб ўтирарди. Ундан икки қадам нарида эса Вера миқ этмасдан, асабий, гўзал чеҳрасига изтироб зуҳур этиб турарди. Ниҳоят у оғир бетоб одамнинг каравотига эҳтиёткорона яқинлашган каби биринчи бўлиб сўз қотди:
– Коля, ишларинг қанақа, ўзи? Ёмонми?
У елкасини қимирлатди ва индамади.
– Коля, иш режангни қабул қилишмадими? Айтақол, барибир бирга муҳокама қиламиз-ку.
Алмазов дарров хотинига ўгирилди ва ёниб, тошиб гапира бошлади.
– Ҳа, ҳа, қабул қилишмади, жуда билгинг келаётган бўлса, билиб қўй. Наҳотки кўрмаётган бўлсанг? Бари чаппасига кетди! Булар энди ҳеч нарсага ярамайди, – деб портфелини оёғи билан турткилади, – буларни печкага ташлаб юборсанг ҳам майли энди! Мана, кўриб қўй академияни! Бир ойдан сўнг тағин полкда бўламан, яна шармандаларча, шов-шув билан. Яна арзимаган шу лаънати доғ туфайли-я… Жин урсин!
– Қанақа доғ, Коля? Ҳеч нимага тушунмаяпман.
У креслонинг четига ўтириб, Алмазовнинг бўйнидан қучди. Эр қаршилик қилмади, лекин ҳамон маъюс қиёфасини бурчакка тикиб ўтирарди.
– Қандай доғ, ахир, Коля? – сўради хотини яна.
– Э-э, ҳалиги, оддий доғ-да, яшил бўёқ. Кеча соат учгача ухламай ишлаганимни биласан-ку, ишни охирига етказишим керак эди. Режам чиройли қилиб чизилди, безалди. Бу ҳақида ҳамма гапирди. Бироқ кеча тунда ўтиравериб чарчаб кетдим, қўлларим қалтирай бошлади – ва оқибатда режани доғ қилиб қўйдим… Ҳа, яна қуюқ доғ-а… катталигини айт. Тозалайман деб баттар чаплаштириб юбордим. Кейин у ҳақида ўйлайвериб, бошим қотди, ахийри ундан ниманидир чизмоқчи бўлиб, доғли нуқтада дарахтларни чизиб қўявердим… Жуда яхши чиқди, доғ борлигини биров пайқамайдиган даражада эди.. Бугун эса профессорга олиб борсам:
“Хўш, хўш, мм-яхши. Поручик, манави жойдаги буталар қаердан пайдо бўла қолди?”деди.
Унга бор гапни айтишим керак эди. Балки шунчаки устимдан кулиб қўярди. Йўқ, кулмасдиям. Ахир, у қуруқ, расмиятчи немис бўлса. Унга: “Бу жойда ҳақиқатан ҳам буталар ўсади” дедим. У эса: “Йўқ, мен бу ҳудудни беш қўлимдай яхши биламан. У ерда буталар бўлиши мумкин эмас”, деди. Шу тарзда суҳбатимиз аланга ола бошлади. Ёнимизда бошқа офицерлар ҳам турганди. “Майли, сиз бу гапни жуда ишонч билан айтаётган экансиз, унақада эртагаёқ ўша тоғлар орасидаги жойга борамиз. Кўрамиз, буталар бормикан. Шубҳасиз, беҳафсала ишлаганингиз ёки ғира-шира харитадан кўчириб олганингиз фош бўлади.
– Аммо нега у буталар йўқ деб ишонч билан гапиряпти?
– Э, худо, нега деганинг нимаси? Яна бемаъни саволларни беряпсан. Ахир, у бу ҳудудни йигирма йилдан буён яхши билади. Ўз уйидан ҳам… Буниси етмагандай, у одам дунёдаги энг ашаддий расмиятчи, яна миллати немис-а… Ахир, мен ёлғон гапириб, беҳуда тортишяпман-ку… Ундан ташқари…
У гапираётганда кулдондаги куйган гугурт чўпларини асабий синдириб турар, жимиб қолганда эса уларни полга итқитарди. Бу иродали одамнинг роса йиғлагиси келаётган эди.
Эр-хотин оғир ўйга чўмиб, сукут сақлаб ўтиравердилар. Аммо Верочка тўсатдан ўрнидан ирғиб турди.
– Қулоқ сол, Коля, ҳозироқ боришимиз керак! Тезроқ кийин.
Николай Евграфович руҳий оғриқдан афтини бужмайтириб тикилди.
– Эҳ, Вера, бемаъни гапни қўй. Наҳотки, мени бориб, хатомни тан олади деб ўйласанг. Ахир, бу ўзим ўзимга ҳукм чиқаришим билан тенг-ку. Ўтинаман, тентаклик қилма.
– Йўғ-е, тентакликмас, – деди Вера депсинганча қаршилик кўрсатиб. – Ҳеч ким сени узр сўраш учун мажбурлаётгани йўқ… Агар у ҳудудда буталар бўлмаса, уларни ҳозироқ ўтқазиш керак.
– Ўтқазиш? Буталарни-я?.. – Николай Евграфовичнинг кўзлари олайиб кетди.
– Ҳа, ўтқазиш. Агар ҳақиқатни яширган бўлсанг, демак, уни тузатиш лозим.
“Қани отланайлик, шляпамни узатиб юбор… Кофточкамни ҳам… У ерда эмас, шкафни қара… Соябонимни ҳам!”
Алмазов унинг гапидан норози бўлса-да, беихтиёр ҳаракатланар, шляпа ва кофточкаларни қидирарди. Вера бўлса столнинг тортмаларини очиб ёпар, қутичаларни биттама-битта титкилаб, сўнг полга ташлаб, ниманидир излаётганди.
– Зираклар… лекин булар ҳеч нимага арзимайди-ку… Уларга ҳеч вақо бермайди… Ҳа, манави, бриллиант кўзли узук қимматбаҳо… Дарҳол гаровдан қайтариб олиш лозим… Йўқолиб қолса, яхши бўлмайди. Браслет… бунгаям оз тўлашади. Чунки эскириб, қийшайиб қолган… Коля, кумуш портсигаринг қаерда қолди?
Орадан беш дақиқа ўтиб, барча қимматбаҳо буюмлар ридикюльга жойланди. Вера тайёр бўлиб, сўнгги бор уйга қайта кўз югуртириб чиқди. Ҳеч нимани унутмаганига ишонч ҳосил қилгач:
– Кетдик, – деди қатъий оҳангда.
– Қаёққа борамиз, ахир? – Алмазов қаршилик қилмоқчи бўлиб кўрди. – Ҳозир қоронғи тушади, ишхонамгача эса ўн вёрст масофа бор.
– Шуям гапми?!. Кетдик!
Алмазовлар даставвал ломбардга кириб ўтишди. Гаровчи, афтидан, одамларнинг кундалик бахтсизлик­ларига дуч келавериб, бундай ҳолатларга кўниккани юзида акс этиб турарди. У келтирилган буюмларни шунчалик синчиклаб текширдики, Верочка ўзини йўқотиб қўяёзди. Айниқса, уни ранжитган ҳолат, бриллиант узугини ўлчаб, атиги 3 рублга баҳолагани бўлди.
– Ахир бу соф бриллиант-ку, – эътироз билдирди Вера, – у ўттиз рубл туради, билсангиз агар.
Гаровчи ҳорғин бепарволик билан кўзларини юмди.
– Бизга бунинг фарқи йўқ, хоним. Биз қиммат тошларни умуман қабул қилмаймиз, – жавоб қилди у, навбатдаги буюмни тарозига қўйиб, – биз фақат металл буюмларнигина баҳолаймиз.
Эски ва қийшиқ браслет кутилмаганда қиммат баҳоланди. Хуллас, жами 23 рубль тўпланди. Бу пул эса уларга етиб ортарди.
Алмазовлар боғбонникига кириб боришган пайтда аллақачон Петербург узра сутдай тун пардаси ёйилиб бўлган эди. Тилла кўзойнакли боғбон, миллатли чех бўлган миқти қария эндигина оиласи билан кечки овқатга ўтираётган экан. У бемаҳалдаги ташриф ва ғалати илтимосга ҳайрон бўлиб, норозилик билдирди. Афтидан, боғбон қандайдир фирибгарликдан шубҳаланаётганди, шу сабабдан Верочканинг қатъий саволига қуруққина қилиб жавоб қилди:
– Минг бор узр. Бироқ ярим оқшомда мен ишчиларга иш буюра олмайман. Агар истаса­нгиз эрталабданоқ ихтиёрингизда бўламан.
Энди фақат битта йўл қолганди: у ҳам бўлса боғбонга бор гапни ётиғи билан тушунтириш эди. Верочка шундай қилди ҳам. Маъшум доғ билан боғлиқ бу воқеани боғбон дастлаб ишонқирамай, ҳатто ёвсираб тинглаб турди. Аммо Веранинг кўчат ўтқазиш ҳақидаги таклифи ҳақида эшитгач, унинг қизиқиши ортди ва бир неча бор хайрихоҳлик билан жилмайиб ҳам қўйди. Вера ҳикоясини тугатгач:
– Хўп, нимаям дердим, – деб ўзича розилик билдирди боғбон. – Айтинг­лар-чи, қайси навдаги бутани ўтқазишни маъқул кўрасизлар?
Боғбон бисотидаги буталарнинг ҳеч қайсиси чизмадаги доғга мос тушмас эди. Ноилож настарин бутасини танлашдан ўзга чора топа олмадилар.
Алмазов рафиқасини уйга жўнатаман деб беҳуда уринаверди. У шаҳар ташқарисига эри билан бирга йўл олди, буталарни ўтқазишаркан, ўзича куйиб пишар, ишчиларга халақит берарди. Ниҳоят, буталар остидаги чимларга разм солиб, уларни тоғ ён бағридаги чимлардан ажратиб бўлмаслигига ишонч ҳосил қилгач, уйга кетишга қарор қилишди.
Вера эртаси куни ҳаяжондан ўз уйига сиғмади ва эрига пешвоз чиқиш ниятида кўчага отланди. Ҳали узоқда турган эса-да, эрининг ирғишлаб келаётган гавдасидан бута воқеаси муваффақиятли якун топганини фаҳмлади… Ҳақиқатан ҳам, Алмазов аланга бўлиб ёнар, ҳорғинлик ва очликдан оёқда базўр турар, бироқ чеҳрасида қозонилган ғалаба ёлқини акс этаётганди.
– Ҳаммаси аъло! Жуда зўр бўлди! – дея ўн қадам наридан шодон қичқирди у безовталанаётган хотинига қарата. – Шундай қилиб, биз улар билан бирга кўчатлар ёнига бордик. У буталарни кўриб ҳайрон бўлиб қолди. Ҳатто баргларини юлиб, чайнаб кўра бошлади.
“Бу қанақа дарахт бўлди?” – деб сўради.
Мен: “Билолмадим, жаноблари”, деб жавоб қилдим.
“Қайин, шекилли?” – сўради яна.
Мен эса: “Қайин бўлса керак, жаноблари”, дедим. Шундан сўнг у мен томон ўгирилиб, ҳатто қўлини узатди. “Узримни қабул қилинг, поручик. Модомики, шу буталарни унутиб қўйган бўлсам, демак, росданам қарияпман”. Ахир, у атоқли, закий профессор эди. Очиғи, уни алдаганим учун виждоним қийналяпти. У одам профессорларимиз орасида энг кучлиси. Билими – даҳшат! Ҳудудларни беш қўлдай билишини кўриб ҳайрон қоласан.
Унинг ҳикояси Верага қисқадек туюлди. Профессор билан бўлиб ўтган суҳбатни ипидан игнасигача айтиб беришини эридан қайта-қайта сўрайверди. Уни энг майда икир-чикирлар ҳам қизиқтираётганди: яъни профессорнинг афти қандай алпозда бўлгани, ўзининг қарилигини қай оҳангда тан олгани, Колянинг ўзи нималарни ҳис этгани…
Ниҳоят, улар гўё кўчада ўзларидан бошқа ҳеч бир тирик жонзот йўқдек, шўх-шодон бир-бирининг қўлидан ушлаб, тантанавор уйга қайтишарди. Йўловчилар эса бу ғалати жуфтликка таажжуб билан қараб тўхтаб қолишарди…
Николай Евграфович ҳали ҳеч қачон бугунгидек зўр иштаҳа билан овқат емаган эди. Тушликдан сўнг эса Вера эрининг хонасига стаканда чой олиб кирди ва кулиб юборди. Қизиғи, у билан бир пайтда эри ҳам кулиб юборганди.
– Нега куляпсан? – сўради Вера.
– Ўзинг-чи?
– Йўқ, аввал сен айт, мен кейин…
– Ўзим, шунчаки: Настарин воқеаси эсимга тушиб кетди. Сенда-чи?
– Ўзим… Мен ҳам шу… Настарин воқеасини эсладим. Бундан буён настарин менинг энг севимли гулим бўлади, демоқчийдим…

Русчадан Темур Тангриберганов таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 5-сон