Поезд қўзғалди. Деразадан Сочи вокзалининг чироқлари лип-лип ўта бошлади. Николай Петрович Соколовский жомадонини бурчакка қўйди. Кичкина қора жомадончасини юқори полкага жойлаштирди. Жомадон қулфларини текширди. Хотиржам бўлиш учун бир неча бор тортиб ҳам кўрди, кейин плаши билан ўраб қўйди. Шундан сўнг дарча олдидан жой олди.
Бирор соат вақт ўтиб, денгиз бўйи манзараларидан зериккан Николай Петрович вагон даҳлизига чикди. Деразадан каттакон вокзал биноси кўринди. Поезд секинлай бошлади. “Лазаревская” – ўқиди Николай Петрович. Поезд тўхтади ва Соколовский ўзи бир неча маротаба ўтган, лекин бирор марта тушмаган вокзални томоша қила бошлади. “Ёқимлигина жой бўлса керак, – ўйларди ҳар сафар Николай Петрович. – Бир айланиб кўрсам яхши бўларди”.
Шу пайт вокзал олдидаги киоскадан нимадир харид қилиб тез-тез юрганча поездга қайтаётган йигитга кўзи тушди.
– Сергей, – уни чақирди Николай Петрович ва қўли билан имлади.
Йигит бошини кўтарди.
– Николай Петрович?
Поезд жойидан жила бошлади. Сергей қўлидагини эҳтиётлаб тезгина оёқ қўйгичга сакради. Поезд қўзғалди ва тезлик ола бошлади. Сергей вагонга кирди.
– Сен ҳам шу поездда кетаяпсанми? – ҳайрон бўлиб сўради Николай Петрович Сергей яқинлашгач.
Бу ўттиз ёшлардаги, қўнғир сочлари калта кузалган, хушбичим фрайер русумидаги камзул кийган йигит эди. Бир пайтлар Сергей Соколовскийнинг қўл остида, унинг фирмасида ишлаган. Шундан буён қанчадир вақт ўтди, балки уч ёки тўрт йил, Николай Петрович эслай олмайди. Ҳозир улар бир бирини қизиқиш билан кузатиб туришарди.
Сергей жилмайиб қўлларини ёйди.
– Шунақаси ҳам бўлиб туради.
– Сен ҳам Москвагами?
– Яна қаерга ҳам бўларди?
– Сочида дам олдингми?
Сергей бош ирғади.
– Сиз-чи?
– Иш билан келдим. Шартнома имзоладим. Дам олишга вақт йўқ. Умуман, мен Грецияда дам оламан, ёки Кипрда…
Сергей жилмайиб бош ирғади.
– Ҳар кимнинг ўз ҳаёти.
– Истасанг, – таклиф қилди Соколовский, – ҳузуримга кир. Ўтирамиз… Бир кишига зерикарли.
– Қарши эмасман.
Учрашувни ювмоқчи бўлишди. Николай Петрович купесидаги столда бир шиша “Смирновский” ва иккита пластик стакан пайдо бўлди. Шунингдек, икрали банкача, сервелат бўлаги каби газаклар. Суҳбат қўр олди. Ҳар тўғрида гапиришди: бўлажак президент сайловлари ҳақида, Чеченистон ҳақида, Югославия ҳақида. Шиша яримлаганда Николай Петрович қизиқиб қолди.
– Сен нима билан шуғулланаяпсан?
Сергей чайналди, бўш стаканга тикилди, уни бармоқлари орасида айлантирди.
– Молия вазирлигида, кичикроқ лавозимда ишлайман.
– Қанақа лавозим?
Сергей қулоғини қашиди.
– Кечирасиз, ишим жуда сирли, ҳеч нарса айта олмайман.
У Николай Петровичга киприк қоқмай тикилди, бу бўлса тушунаман дегандай қўлларини ёзди.
– Ҳечқиси йўқ.
Соколовский ўзи ҳам анча шубҳали бизнес билан шуғулланар, шунинг учун ҳам оғзи маҳкам кишиларни самимий ҳурмат қиларди. Сергей узалиб шишани олди ва шошмасдан стаканчаларни тўлдирди.
– Шошмай тур, – Николай Петрович ўрнидан турди. – Мен бир ташқарига чиқиб келай.
У бир сония иккиланди, сўнг иккинчи полкадан, плаши остидаги жомадонни олди ва тезгина ташқари чикди. Николай Петрович беш дақиқаларда қайтди. Унинг кўриниши хотиржам ва осойишта эди. Сергей ўша жойида ўтириб диққат билан ташқарини кузатарди.
– Николай Петрович, – деди у ўйчан қиёфада, – мен сиз билан маслаҳатлашмоқчи эдим.
У шишани бурчакка суриб қўйди ва орқага суянаркан, дераза ортида қорайиб келаётган август оқшомини алағда ёритувчи ой нурларига ўйчан нигоҳ ташлади.
Николай Петрович жомадонни қайтадан плашга ўраб олдинги жойига қўйди. Кейин қўлларини қорнига қовуштирганча, Сергейнинг қаршисига чалқайиб ўтирди.
– Сиз тажрибали, ишбилармон одамсиз, – гап бошлади Сергей, – мен сизнинг фикрингизни ҳурмат қиламан. Менга маслаҳат беришингизни хоҳлайман. Шунчаки маслаҳат.
Николай Петрович бош ирғади ва тинглашга тайёрланди.
– Хизмат юзасидан тез-тез ўзим истамаган ишни бажаришимга тўғри келади. Сизга буни қандай тушунтирсам экан… – Сергей елкасини қисди. – Виждоним қийналади дейми?.. Ишни эса, бажаришга тўғри келади… Сиз мени тушунаяпсизми?
Николай Петрович бош ирғади.
– Тушунаман. Менда сенинг ёшингда шунга ўхшаш ҳолат бўлган. Ҳамма шу босқичдан ўтади.
Сергей чўнтагини ковлаштириб “Маlbого” қутисини олди. Бир дона сигаретни лабига қистирди. Кейин, бу ерда чекилмаслиги эсига тушиб, сигаретни столга қўйди.
– Энг муҳими, – деди Николай Петрович, – пул қилиш. Пул эркакни арлондан фарқлайди… Пул одамни эркин ва озод қилади. Ахир, қашшоқлик ҳаётдаги энг даҳшатли нарса-ку. Қашшоклик сени чувалчангга айлантиради, чувалчангки, билмасдан босиб, эзиб ташлайдилар ва эътибор ҳам бермайдилар. Пул сени дунё узра кўтаради ва озод қилади. Озодлик нима? Бу ўзгалар устидан ҳукмронлик. Одамлар – ҳайвонлар, очкўз шоқоллар. Улар кучлининг товонини ялаб, ожизни тишлайдилар. Тенглар ичида тенг бўламан деб ўйлаш ғирт аҳмоқлик. Озодлик… Ўзгалар сенинг оёғинг остида бўлсалар сен озодсан. Озодлик – шу. Бундай озодликни пул беради. Пул нима? Пул – қарздорлик қоғози. Пулинг қанча бўлса, бу дунё сендан шунча қарздор бўлади. Муҳими шу. Гуноҳлар… гуноҳларни ювиш учун черков бор-ку. Гуноҳлар ҳақида ўйлама. Яна. Сен бир жуда муҳим нарсани билишинг керак. Бу дунёда яшамоқчи бўлсанг, яша, рисоладагидек яша. Дунёдаги барча одамлар икки гуруҳга бўлинади. Ишбилармонлар ва лапашанглар. Сен ким бўлмоқчисан, ўзинг ҳал қил. Ишбилармонлар интиладилар, лапашанглар эшакдай меҳнат қиладилар. Ишбилармонлар яшайдилар, лапашанглар кун ўтказадилар. Дунёнинг бор бойлиги, бор ҳузур-ҳаловати ишбилармонлар учун. Лапашанглар улар учун барча шароитларни яратиб берадилар. Шундай бўлган ва шундай бўлиб қолади. Ахлоқ, одоб, виждон – буларни ишбилармонлар ўйлаб топишган. Ўзлари учунми? Асло, лапашанглар учун.
Сергей диққат билан тингларди, Николай Петрович давом этди:
– Улар яна динни ўйлаб топишган. Лаллайганларга нима учун улар ҳеч қачон одамга ўхшаб яшамасликларини тушунтириш, уларни бунга кўниктириш керак эди.
Сергей чайналди:
– Балки динни бу гапларга аралаштирмаслик керакдир?
Соколовский қўлларини керди.
– Кечириб қўясан. У дунёдан ҳали ҳеч ким қайтиб келган эмас, худони бўлса ҳеч ким кўрмаган. Ёки мен нотўғри айтаяпманми?
Сегей елкасини қисди.
– Ҳақсиз, шекилли.
– Ана шундай, – Николай Петрович кўйлагининг юқори тугмаларини ечиб қўйди, у қизиб кетаётганди. – Ҳамма подшоҳлар, дворянлар, жаноблар – ишбилармон одамлар, уларнинг хизматкорлари, деҳқонлар, қуллар – лаллайганлар эди. Ишбилармонлар қонунларни ўйлаб топишди. Динга ишонмайдиган аҳмоқлар учун қонунни ўйлаб топишди. Ҳамма замонларда ва ҳамма жойда қонунлар ишбилармонларни аҳмоқлардан ҳимоя қилади. Аҳмоқларга бу ёқмади. Инқилоб нимадан бошланган бўлса, шу билан якунланди. Айрим ақллироқ меровлар ажралиб чиқиб, ўзлари ишбилармон бўлишди. Яна ҳамма нарса олдингисича қолди.
– Аммо саньат, маданият, – инкор қилмоқчи бўлди Сергей. – Булар ҳар доим охир оқибатда ёвузлик жазосини олади ва ким виждонан иш қилса муродига етади деб ўргатади…
– Санъат – ишбилармонларнинг яна бир ихтироси, – Николай Петрович ўрнидан туриб кетаёзди. – Меровлар учун яна бир қопқон. Ўзинг ўйлаб боқ: санъат, ахлоқ, қонун, дин. Барчаси бир нарса ҳақида: яхшилик қил, ёмонлик қилма. Ким ёмонлик қилса, жазолайдилар. Дин огоҳлантиради; қонун жазолайди; ахлоқ ўргатади; санъат кўниктиради. Бари ўлдирма, ўғирлама, алдама, дейди. Шундайми, йўқми? Аммо сен атрофга қара – ҳар қандай мамлакатда, ҳар қандай вақтда ким ўғирласа, ўлдирса ва алдай олса, ўша бошқармоқда. Улар аъло даражада яшамоқда ва то дунё бор экан, шундай яшайдилар. Уларнинг маьрузаларига амал қилганлар эса фақат сарқит билан кун кўрадилар. Ишбилармон унга оёғини артади ва ўзи амал қилмаган қоидаларни ўргатади.
Николай Петрович орқага ястанди. У толиқди, аммо ўз фалсафасининг енгилмас эканидан мамнун эди. Сергей хўмрайди. Инкор қилмоқчи бўлди. Аммо инкор қилишга сўз қолмаганди.
Шунда у ғамгин бош ирғади.
– Ўзинг ҳал қил, – Николай Петрович хулоса ясади. – Сен кимга қўшиласан? Агар анқов бўлишни истамасанг “ҳалоллик” ва “виждон”ни унут. Бу – алдов. Қачонки, сенда пул бўлса ва истаган нарсангни сотиб ола билсанг, шу – ҳалоллик. Виждон… сенга нима фойдали бўлса, ўшани қил ва доим ўзингни оқла – виждон деганлари шу.
Сергей бош ирғаб тасдиқлади.
– Николай Петрович, сиз мени ишонтирдингиз, – у ўрнидан турди. – Тўғриси, мен сизга қарши асос келтирмоқчи эдим. Аммо менда асос йўқ… балки қандайдир истиснолар бордир? Балки шундай нарсалар бордирки, яхшиси қилмаган маьқулдир? Қандайдир чегириш, сарҳадлар бордир?
– Сергей, – Николай Петрович бош чайқади. – Сен вазирлигингда нима билан шуғулланасан, билмайман, билишни ҳам истамайман. Сен ўз ишингни хотиржам бажар. Нимадан пул келса, шуни қил. Бажар ва виждонни унут. Агар сен ақлли одам бўлсанг, унут.
– Яхши, – Сергей чўнтагидан милига овоз пасайтиргич ўрнатилган револьвер олди. – Яхши, – У мўлжалга олди. – Мен вазирликда ишламайман, Николай Петрович. Аммо бу муҳим эмас.
Николай Петрович оғзини секин очди-да, шогирдига қараб анқайиб қолди.
– Сиз, адашмасам, Сочига навбатдаги шартномани имзолагани боргансиз, шундайми?
– Сергей, сенга нима бўлди?
– Демак, сиз ардоқлаб ҳожатхонага ҳам ўзингиз билан олган жомадончада…
– Сергей, бу яхши эмас. Ахир биз бир-биримизни анчадан буён биламиз.
– Нимаси ёмон? Қачонки чўнтагингда пул йўқ бўлса, ўшанда ёмон бўлади. Шундай деб ўзингиз айтдингизми? Жомадончани очинг! Тезроқ!
Николай Петрович ўрнидан туриб, жомадончани олди.
– Мен шифрни билмайман, – алдамоқчи бўлди у.
Сергей бош чайқади.
– Учгача санайман. Бир…
– Яхши, ҳозир.
У ўзига бўйсунмаётган титроқ бармоқлари билан иккала қулфни ҳам очди. Сергей адашмаган, жомадонча доллар билан тўла эди.
Николай Петрович қалт-қалт титрарди. Тўппонча мили пешонасидан уч сантиметр нарида осилиб турарди. У ҳозир нима юз беришини аниқ тушунди.
– Се-сергей, – тутилиб, зўрға гапирди у. – Ху-худодан қўрқ…
– Қанақа Худодан, Николай Петрович? Ахир уни ҳеч ким кўрмаган. Нариги дунёдан ҳам ҳали ҳеч ким қайтган эмас…
Николай Петровичнинг миясида ҳар хил қарама-қарши фикрлар ғужғон ўйнарди. Нимадир дейиш керак эди. Тезлик билан нимадир дейиш керак эди, аммо нима десин?
У айтадиганини айтиб бўлган эди.
Рус тилидан Ориф Ҳожи таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 12-сон