Биз бир йил севишиб юрдик. Агата ва мен. Кейин унинг секин-аста мендан совиб бораётганини сеза бошладим, учрашувларимиз кун сайин камайиб бораётган эди. Бу худди сўнаётган оловга ўхшарди: бошида ҳатто нима бўлаётганини сезмайсиз ҳам, аммо бир қарасангиз, унинг фақат кули қолганини кўрасиз ва бирданига совқотиб кетганингизни ҳис қиласиз. Дастлабки кезларда хавотирли ҳеч нарса йўқдек эди: чала айтилганга ўхшаган гаплар, жимлик, норизо қарашлар. Кейин турли важ-корсонлар бошланди: гоҳ унинг тоби қочиб қолади, гоҳида банд бўлади, гоҳида уй ишларида онасига ёрдам қилиши ёки курсга бориши керак бўлади. Алал-оқибат, кечикиш ва шошилиш: у учрашувга камида бир соат кечикади ва беш дақиқа ўтар-ўтмас хайрлашиш пайида бўлади. У мен билан гўёки мен бир бемаврид гапни гапириб қўйганимдек бетоқат тарзда, ижирғаниб гаплаша бошлади. Ундан бўса олмоқчи бўлганимда, ҳатто қўлидан тутмоқчи бўлганимда ҳам бир неча бор ўзини олиб қочишга уринаётганини сезиб қолдим.
Буларнинг барчаси мени азоблаётган эди. Унинг менга нисбатан ўта совуқ муносабатда бўлаётганига ишонч ҳосил қилдим, лекин мен уни севаман, ахир. У менга тишлари орасидан сиздириб: “Алвидо, Жино” деганда худди олдинлари “Мен сени шунчалик севаманки!” деган сўзларини эшитганимдан ҳам кўпроқ севиндим. Бир сафар Филаминио майдонида учрашганимизда ўзимда жасорат топиб қатъий оҳангда:
– Кел, очиқчасига гаплашайлик, сен менга нисбатан ҳеч қандай туйғу ҳис қилмаяпсанми? – деб сўрадим.
Ишонасизми, у хохолаб кулиб юборди ва:
– Зап гап таъсир қилмайдиган одамсан-ай!.. Мен шуни қачон тушуниб етишингни кўрмоқчи эдим… Ниҳоят англаб етдинг-а!
Мен анграйиб қолдим. Кейин худди эгаси мурватини бураб айлантирган қўғирчоққа ўхшаб ортга қайрилиб кетдим. Аммо бир неча қадам ташлаганимдан сўнг шояд, у мени чақириб қолса! деган илинжда орқамга қайрилиб қарадим Бироқ, бундай бўлмади. У бекатга қараб юрди ва ўта хотиржам ҳолда трамвай кута бошлади. Мен кетдим.
Ҳозир, орадан шунча вақт ўтиб, ўша воқеани эсласам кулгим келади. Аммо ўша вақтда мен ошиқ эдим, муҳаббат кўзларимни кўр қилиб қўйган эди. Уқубатли кунларни бошдан кечирган эдим ўшанда: уни унутишни истаганим сайин ишқим туғёни баттар авж олар эди. Агатадан совуш учун унинг камчиликларини эслаб кўнглимга уқтирмоқчи бўлдим. Ўзимга ўзим бундай дер эдим: “Қийшиқ оёқлар ва беярашиқ юришлар… Қўллари хунукдан хунук… Калласи ҳаддан ташқари катта… фақат кўзлар ва оғиз баҳарнав… Юзи эса бўзарган, ҳатто ранги йўқ… Сочлари қўнғир ва барра қўзиникидек жингалак, бурни бўлса кенг, қаншари юқорига тортилган, худди кофе қайнатадиган идишнинг балдоғига ўхшайди”. Беҳуда машғулот: буларни ўзимга айтар эканман, унинг оёқлари, қўллари, сочлари, бурни – айнан чиройли бўлмагани учун ҳам менга ёқишини ич-ичдан тан олар эдим. Шунда мен бошқачасига ўйлай бошладим: “У ўқимаган ва ёлғончи, унинг ақли канарейканикидан ҳам паст, у кеккайган, худбин, танноз”. Аммо бундан ҳам бир иш чиқмади. Негаки, унинг айнан ана шу нуқсонлари менинг қонимни гупиртирар, туйғуларимни ҳаяжонга келтирар эди. Хуллас, мен унинг ишқини унута олмадим.
Унга ўзим ҳақимда, ҳеч бўлмаганда бир ой, ҳеч нарса билдирмасликка қарор қилдим. Шунда унинг ўзи мени излаб қолади деб ўйлаган эдим. Бироқ ўзимга берган бу сўзимнинг устидан ҳам чиқа олмадим. Бир ҳафтадан сўнг эрталаб Фламинио майдонидаги майхонага кириб, ўша ердан Агатага қўнғироқ қилдим. Гўшакни унинг ўзи кўтарди ва мени оғиз жуфтлашга қўймасдан шу вақтнинг ўзидаёқ учрашув белгилади. Мен майхонадан чиқиб, кўчани кесиб ўтдим-да, гул сотувчидан бир даста бинафша сотиб олдим. Шу вақтда соат миллари тўққизни кўрсатаётган эди, Агата учрашувни ўнга белгилаган. Бинафшани қўлларимда тутиб худди бесабрлик билан трамвай кутаётгандек, бекатнинг у бошидан бу бошига юра бошладим. Трамвай келарди, одамлар ўтирарди, юриб кетарди, мен эса қолаверардим. Бир оз вақт ўтиб бекатга яна одам йиғилар, яна мен трамвай кутишга сабрим етмаётгандек, у ёқдан бу ёққа юра бошлар эдим, мен трамвайни эмас, Агатани кутаётганим ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди. Мен бир соат, яна ўн дақиқа кутдим ва ишонч ҳосил қилдимки, у келмайди. Аслида ўн дақиқа кечикиш – унчалик кўп вақт эмас, айниқса, аёл зоти учун, аммо унинг келмаслигига ишончим комил эди; масалан, баъзида чароғон кунда ҳам момоқалдироқнинг ҳавода осилиб турганини қатъий ишонч билан ҳис қиласиз. Мен унинг келмаслигини билар эдим, у ростдан ҳам келмади. Аммо ҳар эҳтимолга қарши яна ярим соат кутдим, кейин яна ўн беш дақиқа, кейин яна беш дақиқа, сўнг олтмишгача санадим ва бир соат бўла қолсин, дея яна беш дақиқа ўтказдим. Кейин фавворога яқинлашдим ва бинафшани хира сувга улоқтирдим. Гул сотувчи менинг узоқлашишимни кутиб турди ва дарҳол гулни сувдан чиқариб олди.
Бундай вазиятда ўзингни қандай тутишинг маълум: ҳушинг бошингдан учади. Бир бемаънилик ортидан иккинчисини қиласан. Бундан ҳеч нарса чиқмаслиги аён, аксинча, вазият буткул қўлдан чиқиб кетади. Кун давомида балки Агата қаерда учрашишимиз кераклигини тушунмагандир деб ўйлаб яна унга қўнғироқ қилдим. Ҳадик аралаш:
– Агата, нега келмадинг? Ёки мен учрашув жойини яхши тушунтира олмадимми… – деб сўрадим.
У дарҳол:
– Йўқ, сен жуда яхши тушунтирдинг, – дея жавоб қайтарди.
– Унда нега келмадинг?
– Чунки хоҳламадим.
Бу сафар ҳам яна одатдагидек ҳеч нарса дея олмадим ва гўшакни астагина илиб қўйиб ортимга қайтиб кетдим.
Бошқа бўлса чидамас эди. Аммо мен Агатани севар эдим ва унинг суюклиси бўлишни истардим. Майли, у менинг танимни пичоқ билан нимта-нимта қилсин, шунда ҳам мен ҳали ҳаммаси тугагани йўқ, бу ишни у мендан нафратлангани учун эмас, севгани учун қилди деб ўйлар эдим. Унинг ишқи кўзимни шунчалик кўр қилиб қўйган эди-ки, севиш ҳам ҳар хил бўлади, балки шундай муҳаббат ҳам бордир, қиз бола учрашувга чиқмайди, қўполлик қилади, ҳазар қилади ва сенга тупуради… Ахир у мени умид узмасликка ундаётганга ўхшайди-ку, дея ўзимга тасалли бердим. Эртаси куни яна ўша вақтда унга қўнғироқ қилдим. Бу сафар гўшакни унинг синглиси кўтариб, “Агата уйда йўқ”, деди. Мен телефоннинг ошхонада эканини билар эдим ва Агатанинг унга “Мени уйда йўқ деб айт”, дея ўргатаётгани аниқ эшитилиб турар эди.
Бу ҳолдан буткул ўзимни йўқотдим ва кейин ҳар хил вақтда қўнғироқ қила бошладим: тонг чоғида, тушликда, кечки маҳалда. Агата ҳеч қачон уйда бўлмас эди. Бора-бора телефон будкасига кирганимда ана шу лаънати рақамни теришдан кўнглим айнийдиган бўлиб қолди, аммо барибир тераверардим. Телефон чақириғи ва гўшакни олишларини кутиш вақти эса менинг ҳаётим ботиб бораётган чексиз-чегарасиз бир ботқоқ, мудҳиш бир оралиқ масофанинг ўзгинаси эди. Мен буни сезардим, аммо унга қарши ҳеч нарса қила олмас эдим: ботқоқлик мени тобора ўз комига тортиб бораётган эди. Ниҳоят юрак ютиб эрталабдан Агатанинг уйининг олдига бориб олиб унинг уйдан чиқишини пойлашга қасд қилдим. Икки соат кутдим: ўзимни жуда ноқулай сезар эдим, бу ерда трамвай бекати йўқ эди. Хуллас, Агата йўлакда пайдо бўлди, аммо мени кўрди-ю, ортига қайрилиб кетди. Яна икки соат ўтди. Бу ерда бошқа чиқиш йўли йўқмикан, мабода, дея ўйланиб уйнинг атрофини айланиб кузатдим. Қарасам, орқада ҳам чиқиш йўли бор экан. Шундан сўнг уни йўлакнинг бошида кутмайдиган бўлдим.
Мен қаттиқ руҳий тушкунликка тушиб қолдим, бир неча ойлик ишсизликдан сўнг бир амаллаб иш топганимда ҳам унчалик севинмадим. Аслида, мен туғма актёрман. Буни ҳамма айтади. Фақат нутқимда нуқсоним бор – гапирмоқчи бўлганимда сўзни ютиб қўяман, кейин уни куч билан чиқарганимда оғзимдан тупук сачраб кетади. Шу важдан кинога бор-йўғи статист (сўзсиз ролни ижро этадиган актёр) вазифасига ишга олишарди. Аммо бу сафар статист ҳам эмас, дублёрликка аранг жойлашдим. Учинчи сортдаги аҳмоқона бир фильмда ўйнаётган ёш актёр томошабинга орқасини ўгирган вақтдаги ҳолатини мен бажаришим керак эди. Бу актёр қўйиб қўйгандек менга ўхшайди: худди меникидек қомат, меникидик сочлар, елка, қадам ташлаш, ҳамма-ҳаммаси. Аммо у сўзни ютиб қўймасди ва гапирганда тупук сачратмасди. Шунинг ҳисобига у фильмда миллион ишлаб олаётган эди, мен эса арзимаган бир неча минг лира. Хуллас, мен – дублёр, қуруқ гавда, қўғирчоқ, тасодифий нусха эдим.
Кун давомида менинг бу ерда қиладиган ишим йўқ, ғирт бекорчи эдим. Киностудиянинг юпитер (ёритувчи кучли электр асбоб) билан ёритилмаган қоронғу хонасида зерикиб ўтириб, Агатани яна бир кўрмоқ учун ажойиб ҳийла ўйлаб топдим. Мен унинг ҳам кино ишқибози эканини, киноактриса бўлишни орзу қилишини билар эдим. Менимча, у ҳатто статистликка ҳам ярамас эди. Мен бундай ўйладим: агар унга кино хўрак қилиб қўйилса, у бир зумда қармоққа тушади. Лекин режиссёр фақат пул топишни ўйлайдиган қаҳри қаттиқ одам эди. Ундан ёрдам сўрашдан фойда йўқ. Мен кўп вақтлардан бери биладиган, деярли тенгдошим бўлган режиссёр ёрдамчиси фойдаси тегиши мумкин бўлган одам. Мен уни студия қошидаги ресторанда меҳмон қилдим ва ушбу масалада ёрдами кераклигини айтдим. У қаҳқаҳа отиб кулиб юборди, кафтини эгнимга уриб менга нима ёрдам керак бўлса ҳаммасини бекаму кўст қилишини айтди.
Аён бўлишича, Агата ана шу фильм продюссерига ўзининг турли кўринишдаги суратларини юборган ва хатида уй манзили ҳамда телефон рақамини кўрсатган экан. Бир куни режиссёр ёрдамчиси унга қўнғироқ қилиб, икки соатдан сўнг киностудияга келиши лозимлигини айтди: унинг фойдаси тегиши мумкин эмиш. Кишини ҳеч нарса кино каби ўзига торта олмайди: мабодо Агатани қирол саройга чорласа, у ўйлаб кўриши мумкин эди, лекин кинофирма югурдаги бир оғиз ишора қилса у кечасими, кундузими студияга учиб келишга тайёр эди. Ўша куни эрталабдан статистликка ва кинога кириш учун навбат кутиб турганларнинг орасида туриб олдим. Белгиланган вақтда Агата етиб келди. Мен уни кўрмаганимга икки ой бўлган эди, бошида уни таний олмай қолдим. Унинг елкасига тушиб турадиган қўнғир сочлари энди малла бўлиб, бошида бир тутамгина қолибди, қулоқлари ва бўйни бутунлай очилиб ётибди. Қошларини шу қадар шафқатсизлик билан терганки, натижада кўзлари шишиб кетганга ўхшаб қолган. Оғзини буриб сирли тарзда жилмайиб олган. Афсуски, у кофе қайнатгич балдоғига ўхшаган бурнини тўғрилай олмабди. Мени унинг кийиниши ҳайратга солди: кенг, тик ёқали қизил нимча ва тўғри тикилган қора юбка, нимчанинг қайтармасига елканлари кўтарилган кема тасвири туширилган сариқ металл қистириб қўйилган. Қўлтиғига кўринишидан илон терисидан тикилганга ўхшаган сумка қистириб олган. Эҳтимол, у ростдан ҳам илон терисидан тикилгандир, қандай қурбонлар эвазига бунга эришилган, худо билади. Агата майда қадамлар босиб, атрофдагиларга гердайиб боқиб, худди ўзига ўхшаганлар билан тўлган хонадан чанга-панг тегиб қолишидан чўчигандек қиёфада кириб келди. У дарбонга яқинлашиб паст овозда нимадир деди.
У сурбет эса ўқиб ўтирган газетасидан бошини ҳам кўтармасдан:
– Ўтириб туринг… Навбатингизни кутинг, – дея дағал жавоб қилди.
Агата кўзлари билан бўш жой қидираётиб мени кўрди. Шу чоқда жуда хурсанд бўлиб кетдим. У менга узоқ таниши билан саломлашгандек, бош ирғаб қўйди-да, қарши тарафдаги бурчакдаги бўш жойлардан бирига ўтирди.
Мен унинг яхши кийинишга қанчалик ҳаракат қилгани, тайёрлангани, бўянгани, қошларини терганини, ростдан ҳам кинофирма чақирди деган ишонч билан келганини кўриб унга раҳмим келди. Бу найрангдан фойдаланиш унга нисбатан бешафқатлик бўлишини тушуниб қолдим. Шундай бўлса ҳам уни яна кўрганимдан ўзимда йўқ хурсанд эдим. Биз у ёқдан бу ёққа ўтиб, сигарет чекиб ўзаро ҳангомалашиб юрган кинематографистлар билан тўлган қабулхонада узоқ вақт кутдик. Агата гоҳ сумкасини очиб кўзгуга қарар, сочларини тўғрилар, лабларини бўяр ва бурнига пудра сурар эди. У оёқларини чалиштириб ўтирар эди, ҳозир унинг оёқларини ҳатто чиройли деб айтса ҳам бўлар эди. У шу вақт ичида менга бир марта ҳам қарамади, мен эса ундан кўз узмадим.
Ниҳоят унинг навбати келди. У режиссёр ёрдамчиси хонасига кирди ва икки дақиқа ўтиб кўкрак кериб чиқди. Режиссёр ёрдамчиси унинг суратларига қараб:
– Хоним, сиз бизга яқинда керак бўласиз… Тайёр бўлиб туринг, яқин кунларда сизни чақирамиз, — дейиши келишилган эди.
Шу холос. Аммо Агатага шунинг ўзи етарли эди. У хонага бечораҳол қиз бўлиб кирган эди, у ердан ўзини таниқли киноактриса, ҳатто “юлдуз” деб хаёл қилиб чиқди.
Мен ўрнимдан турдим-да узун йўлак бўйлаб унинг ортидан юрдим. У қийшиқ оёқларида шошилмасдан виқор билан мағрурона қадам ташлаб борар эди. Йўлак ажралган жойда қаёққа юришни билмай бир оз тўхтаб қолди-да, кейин вестиюбль томонга қайрилиб, у ердан кўчага чиқди.
Киностудия павильони шоссе бўйининг энг охирида жойлашган. Йўлнинг бир томони октябрь қуёши чарақлаб турган кузги далаларга, иккинчи томони эса кир ёйилган ҳисобсиз деразалардан – кўп қаватли уйлардан иборат эди. Бу уйларда ишчилар яшайди. Агата уйларнинг ёнида бораётган эди. Мен уни етиб олдим ва нафасим оғзимга тиқилиб:
– Агата! – деб чақирдим.
У менга қаради ва ҳеч назарига илмай, менга юзланмасдан ҳам:
– Салом, Жино, – деди.
Мен ўта тушкун кайфиятда, мотамсаро овозда:
– Агата, нима учун мени кўргинг келмай қолди?.. Ахир мен сени севаман… Нега сен мени севмайсан?.. Агата, кел, яна кўришайлик, – дея ўтинч билан бидирладим.
– Нима ҳозир мени кўрмаяпсанми? – дея елкасини қисиб, энсаси қотганини билдирди.
– Агата, – дедим мен, – менга турмушга чиқасанми?
– Хаёлимга ҳам келтирмайман, – дея йўлида давом этди.
– Нима учун?
– Сен ҳозир нима иш қилаяпсан?
– Дублёр бўлиб ишлаяпман, аммо…
– Нима учун сен актёр бўлишга тиришаяпсан? – истеҳзо қилиб сўради у. – Сендан актёр чиқмаслигини наҳотки тушунмаётган бўлсанг? Дублёр бўлиб ишлайсан ва менга уйланмоқчисан… Сен нима, мени аҳмоқ деб ўйлаяпсанми?
– Агата! – дея наъра тортдим ва унинг қўлидан тутдим. У мени силтаб ташлади. Бу менинг иззат-нафсимга тегди ва ўзимни бошқара олмай қолиб унга: – Дублёр ҳар ҳолда ҳеч нимадан кўра яхши… Сен бугун ўзингни ростдан чақиришди деб ўйлаяпсанми? Режиссёр ёрдамчисидан сени чақиришни мен илтимос қилган эдим… Чунки сени кўргим келган эди. Сенга азизим, кадр ортидан шовқин солишни ҳам ишонишмайди.
Айтган гапимга дарҳол пушаймон бўлдим, аммо энди кеч бўлган эди. Унинг ўзини тутишидан гапларимга ишонганини сездим. Ана шунда барча умидларим кесилганини ҳам ҳис қилдим, у энди ҳеч қачон қайтмайди.
Агата ҳеч нарса демади, тўхтамади ҳам, юзидаги қиёфа ҳам ўзгармади, менга қарамади ҳам: у қўлтиғига сумкасини қистирган куйи секин, маҳзун юришда давом этди. Мен ундан кечирим сўраб ортидан пилдираб эргашдим. Бироқ у ўзини гўё менинг борлигимни сезмаётгандек тутди. Тўғрига қараб кетаётган Агата шошилмасдан дала ва ишчилар истиқомат қиладиган уйлар ўртасидаги йўлдан борар эди. Унинг мени эшитишни истамаётганига ишонч ҳосил қилганимдан сўнг йўлканинг ўртасида тўхтадим ва кўздан ғойиб бўлгунча орқасидан қараб қолдим. Унинг қаттиқ тушкунликка тушгани ва мендан буткул кўнгли қолганига шубҳа йўқ эди. Буни унинг қадам ташлаб кетишидан сезиш қийин эмас эди. Шу чоққача у мағрур ва гердайган эди, энди эса жуда ғамгин. Агата бошини эгиб олди. Мен унга жуда ҳам ачиндим ва шу чоқда уни ҳеч қачон бунчалар севмаганимни ҳис қилдим. “Агата!” деб уни чақирмоққа оғиз жуфтладим, аммо шу вақтда у муюлишдан бурилди ва кўздан ғойиб бўлди. Мен фақат Агата исмининг биринчи ҳарфи бўлган “А” ни айтишга улгуриб қолдим ва овозим бўм-бўш кўча қаърига сингиб кетди.
Русчадан Дамин Жумақул таржимаси