1-таржима
ЛОЙХЎРАК
Бу воқеа 1880 йил май ойида, кечга томон содир бўлди. Икки йил ўтгач, Ясная Полянага қайта ташриф буюрган ва шу ерда меҳмон бўлиб турган Иван Тургенев ҳамда қўрғоннинг хўжайини граф Толстой Воронка дарёси ортидаги ўрмонга лойхўрак овлаш учун жўнашди.
Бу икки кекса ёзувчи билан бирга овга Толстойнинг ёшгина хотини ва болалари ҳамда ити шерик бўлишди.
Воронкагача бўлган йўл жавдар далалари орқали ўтарди. Кунботарда эсабошлаган майин шабада бошоқлар узра оҳиста сузаркан, ернинг ҳидини эргаштириб келарди. Милтиқни елкасига осиб олган Толстой олдинда борар, ҳар замонда орқага ўгирилиб, хотини билан ёнма-ён келаётган Тургеневга гап қотарди. “Оталар ва болалар”нинг муаллифи ҳар гал кўзларини ажаблангансимон кўтариб, юмшоқ овозда хуш кайфият ила жавоб берар ва айни пайтда вақти-вақти билан хириллаган овозда кулар, кулганда эса елкалари титраб-титраб қўярди. Толстойнинг дағаллиги билан солиштирганда унинг сўзлашув йўсини латофати билан ажралиб турар ва айни вақтда у заифаларга хос назокат ила сўйларди. Йўл адир бўйлаб юқорилаганда уларнинг ёнига, ака-укалар бўлса керак, иккита қишлоқлик болакай югуриб келишди. Толстойга кўзлари тушиши билан улар таққа тўхташди ва таъзим қилишди. Кейин эса яланг оёқларини пилдиратиб, яна зинғиллаганча тоққа қараб югуриб кетишди. Орқадан Толстойнинг фарзандларидан бири уларга қарата нимадир деб қаттиқ қичқирди. Лекин болакайлар эшитмагандай чопишда давом этишди ва жавдар орасида кўздан ғойиб бўлишди.
— Қишлоқ болалари ғаройиб! — деди Толстой Тургеневга, юзини ботиб бораётган қуёш томон қаратаркан. — Бу болакайларнинг гап-сўзларига қулоқ тутиб, гоҳо нутқнинг оддий, бевосита қўлланиш услубларини ўрганаманки, биз катталар уларни ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.
Тургенев ўгирилиб қаради. У энди аввалги Тургенев эмасди. Авваллари Толс-тойнинг сўзлари уни худди болалардай ҳаяжонга солар ва у ҳазил-мутойиба қиларди…
— Яқинда, бу болакайларга сабоқ берганимда, — давом этди Толстой, — улардан бири бирдан синфдан чиққиси келиб қолди. Мен ундан сўрадим: “Қаёққа?” У эса: “Бўр тишлаб келаман” деди. “Бўр олиб келаман” ҳам, “бўр синдириб келаман” ҳам демади, айнан “тишлаб келаман” деди. Бундай сўзни бўрни ҳақиқатан ҳам тиши билан тишлаб синдирадиган рус болаларигина ишлатиши мумкин. Биз катталар бундай дея олмаймиз.
— Рост, бу фақат рус болаларининггина қўлидан келади. Шундай гапларни эшитганимда Русияга қайтиб келганимни янада теранроқ ҳис қиламан. — Тургенев жавдар далаларини худди илк бора кўриб тургандек атрофга аланглади. – Ҳақ гап. Фарангистонда ҳатто болалар ҳам папирос чекишдан уялишмайди.
— Ҳа, айтгандай, ахир сиз ҳам сўнгги вақтларда чекишни умуман ташладингиз, шекилли? — Толстойнинг рафиқаси меҳмонни эрининг кесатиқ гапларидан моҳирлик билан қутқариб қолди.
— Шундай, чекишни умуман ташладим: Парижда икки соҳибжамолни танирдим, улар мендан тамаки ҳиди анқиб туришини ва шу боис ул гўзаллардан бўса олишимга йўл қўя олмасликларини айтишарди.
Бу гал Толстой иршайиб қўйди.
Шу орада улар Воронка дарёсидан ўтишди ва лойхўраклар кўп учрайдиган жойга келиб қолишди. Бу дарёдан унча узоқ бўлмаган, ўрмон сийраклашган ердаги серботқоқ яланглик эди.
Толстой Тургеневга энг яхши жойни таклиф этди, ўзи эса, чамаси, бир юз эллик қадам нарида, яланглик бурчагида тўхтади. Мезбоннинг рафиқаси Тургенев ёнидан жой олди, болалар эса ҳар томонга тарқаб кетишди.
Осмон ҳали шафақланарди. Осмонни тўсиб олган дарахтларнинг шохлари ғира-шира кўринар, бу, албатта, энди кўкариб чиққан хушбўй баргларнинг чувалашиши туфайли эди. Тургенев қўлида милтиқ билан турар ва баргларга ҳавас ила боқарди. Ним қоронғи ўрмон қаъридан аҳён-аҳёнда сезилар-сезилмас шабаданинг енгил шитири келиб турарди.
— Малиновка* ва саъвалар сайраяпти, — ўзича гапирингандай деди Толстойнинг рафиқаси, бошини ён тарафга эгаркан.
Имиллаб, сукут ичра ярим соат ўтди.
Бу орада осмон сув янглиғ кўриниш олди. Фақат у ер-бу ердагина қайинларнинг танаси оқариб кўринарди. Малиновка ва саъваларнинг нолиши ўрнига энди бошқа бир қушнинг қичқириғи элас-элас эшитиларди… Тургенев яна баргларга тикилганча қотди. Лекин ўрмон ичкарисида ҳамма нарсани кечки зулмат қоплаган эди.
Бирдан ўрмон бўйлаб ўқ овози янгради. У акс-садо бериб улгурмаган ҳам эдики, нарироқда кутиб турган болалар ит билан олдинма-кетин ўлжани ахтариш учун отилишди.
— Турмуш ўртоғингиз мени доғда қолдирди, — деди Тургенев табассум ила Толстойнинг рафиқаси томон ўгириларкан.
Зум ўтмай қалин ўтлар орасидан Толстойлар оиласининг иккинчи ўғли Илья онаси ёнига югуриб келди. У Толстой лойхўрак отганини маълум қилди. Тургенев гапга аралашди:
— Ким топди уни?
— Дора. Ит лойхўракни ахтариб топганида у ҳали тирик эди.
Ҳаяжонланганидан тип-тиниқ юзи ял-ял ёнаётган болакай яна онаси томон ўгириларкан, Дора лойхўракни қандай топганини энтикиб гапириб бера бошлади.
Тургеневнинг тасаввурида “Овчи ён дафтаридан” асари бобларидан бири каби ҳикоя тасвири жонланди.
Илья кетгач, яна аввалгидай сукунат чўкди. Зим-зиё ўрмон қаъридан ёш баргларнинг баҳорий ифори ва нам тупроқнинг ҳиди қуйилиб келарди. Аҳён-аҳёнда узоқдан аллақандай мудроқ қушнинг қичқириғи эшитилиб қоларди.
— Бу-чи?
— Зяблик*, — шу заҳоти жавоб берди Тургенев.
Зяблик бирдан сайрашдан тўхтади. Бир муддат ўрмоннинг кечки ғира-ширасида тиқ этган овоз эшитилмасдан турди. Осмон… ним шабада ҳам тинди, аста-секин осмон ўзининг кўкимтир пардасини жонсиз ўрмон устига тортди, ва бирдан бош узра аянчли қичқириқ ила зарғалдоқ учиб ўтди.
Унсиз ўрмон сукунатини бир соатдан сўнг яна ўқ овози бузди.
— Кўриниб турибди, Лев Николаевич лойхўрак овида ҳам мени чангида қолдириб кетяпти, — кўзлари билангина кулиб деди Тургенев елка қисаркан.
Югураётган болакайларнинг тапир-тупури, ҳар замонда Доранинг ҳуриши… Атрофга яна жимлик чўккан маҳалда осмоннинг ҳар ер-ҳар ерида юлдузлар порлай бошлади. Кўз илғар масофада ўрмон тунги сокинлик либосига ўранган, бирорта шохча ҳам қимир этмасди. Йигирма дақиқа, ўттиз дақиқа… вақт секин ўтар, шу билан бирга намтоб қоронғулик ичра оёқлар остига оқиш туман ўрлаб келарди. Лекин лойхўраклар пайдо бўлишидан дарак берадиган ҳеч қандай белги йўқ эди.
— Бугун уларга нима жин урдийкин? — бидирлади Толстойнинг рафиқаси, унинг сўзларида ачиниш оҳанги сезилиб турарди. — Онда-сонда шундай бўлади, лекин…
— Эшитяпсизми? Булбул сайраяпти.
Тургенев сўзлашув мавзуини атайин бошқа томонга буриб юборди.
Зулматдай ўрмон ичкарисидан чиндан ҳам булбулнинг жарангдор овози тараларди. Иккалалари ҳам бир муддат жим қолишди ва ҳар бири ўз фикри билан машғул бўлиб, булбулнинг хонишига қулоқ тутишди…
Ва бирдан, Тургеневнинг ўз таъбири билан айтганда, “ва бирдан – мени фақат овчиларгина тушунишади”, бирдан сал нарироқдаги ўтлар орасидан, шак-шубҳасиз, лойхўрак қичқирганча парр этиб учиб чиқди. Қаноти остидаги оқишларини кўз-кўз қиларкан, у зулмат қаърига сингиб кетиш илинжида осилиб турган шохлар оралаб уча бошлади. Тургенев шу заҳотиёқ милтиқни ростлади ва тепкини босиб юборди.
Тутун чиқиб, ўт чақнади ва ўрмоннинг осойишталигини ўқ овози бузди.
— Теккиза олдингизми? — унга яқинлашаркан, баланд овозда сўради Толстой.
— Теккиздим! Тошдай қулади…
Болалар ва ит Тургеневнинг атрофини қуршаб олишга улгуришганди.
— Ахтаринглар уни! — буюрди уларга Толстой.
Итнинг ортидан эргашаркан, болалар ўлжани қидира бошлашди. Бироқ қанчалик ахтаришмасин, ўқ теккан лойхўрак топилмади. Ҳар замонда тўхтаб, норози оҳангда ғингшиганини ҳисобга олмаса, Дора кучининг борича югуриб-еларди.
Ниҳоят, болаларга ёрдамлашиш учун Толстой ва Тургенев етиб келишди. Лекин лойхўрак қаерга тушганидан дарак берувчи на бирор нарса, на бир пат ҳам топилмади.
— Сиз уни ўлдиролмагансиз, шекилли, — мурожаат қилди Тургеневга Толстой йигирма дақиқалар ўтгач дарахтлар орасидаги қоронғуликдан.
— Қандай ўлдирмаган бўлишим мумкин? Ахир тошдай қулаганини кўрдим-ку.
Шундай дея Тургенев ён-атрофдаги ўтлар орасини қидира бошлади.
— Теккизишга-ку, теккизгандирсиз, аммо, ҳойнаҳой, фақат қанотидан яралагансиз. У йиқилгандир ҳам, лекин қочиб қолган бўлиши мумкин.
— Йўғ-э, қанотига теккизмадим, ахир. Ҳар ҳолда уни ўлдирганим аниқ.
Толстой шошиб қолди ва қуюқ қошларини чимирди:
— Унда ит қушни топган бўларди. Отиб туширилган ўлжани Дора ҳар доим олиб келади.
— Бироқ уни ўлдирганимни аниқ биламанми, бас, — аччиқланганнамо жавоб берди Тургенев, қўлида милтиқни ҳамон ушлаб тураркан. — Ўлдирдимми, ўлдирмадимми, бунинг фарқини ёш бола ҳам билади. Мен аниқ кўрдим.
Толстой Тургеневга истеҳзоли назар ташлади:
— Унда итга нима бўлганийкин?
— Итга нима бўлганини билмайман. Мен фақат кўрганимни айтяпман. Тошдай учиб тушди, — деди Тургенев кутилмаганда чинқироқ овоз билан, Толстойнинг кўзлари муғомбирона чақнаб турганини кўраркан. — Il est tombe comme pierre, je t’assure*.
— Унда Дора қушни топмаслиги мумкин эмасди.
Хайриятки, шу вақтда уларнинг ёнига кулимсираб яқинлашган Толстойнинг рафиқаси ҳеч нарса кўрмагандай кекса ёзувчиларнинг гапини бўлиб қўйди. У эртага эрталаб болаларни бу ерга қушни излаш учун яна бир марта жўнатишини, ҳозир эса ҳаммасига қўл силтаб, қўрғонга қайтиш лозимлигини айтди. Тургенев шу заҳотиёқ рози бўлақолди.
— Унда болалардан ўзим илтимос қиламан. Эртага албатта билиб оламиз.
— Ҳа, эртага аниғини биламиз, — аччиқ киноя билан гап қотди Толстой, ҳануз норози қиёфада Тургеневга тескари туриб олди ва илдам қадамлар билан ўрмондан чиқиб кетди…
Шу кеча Тургенев ўзининг ётоқхонасига ўн бирларда кетди. Ниҳоят ёлғиз қолгач, курсига оғир чўкди ва атрофга олазарак аланглади.
Тургеневга ажратилган хонадан Толстой одатда кабинет сифатида фойдаланарди. Катта китоб жавонлари, тахмондаги бюст, уч-тўртта портрет, деворда илиғлик буғу калласи – буларнинг бари шамчироқ ёруғида дидсиз кўринар, уларда қувноқликдан асар ҳам йўқ эди. Шундай бўлса-да, унинг ақалли шу кеча ёлғиз қолганининг ўзиёқ Тургеневни ғалати тарзда қувонтирарди.
…Ётоғига ўтишдан олдин меҳмон бутун кечани стол атрофида оила аъзолари билан суҳбат қуриб, чойхўрлик қилиб ўтказди. Тургенев мумкин қадар қизиқиб суҳбат қуриш ва кулишга уринди. Бироқ Толстой қовоғини очмади ва суҳбатга ҳам деярли қўшилмади. Бундан Тургенев ўзини ҳам нохуш сезди, ҳам хафа бўлди. Шу сабабли мезбоннинг сукут сақлашини сезмасликка атай ҳаракат қилди ва оила аъзоларига одатдагидан кўра кўпроқ илтифот кўрсатди.
Тургенев муваффақиятли ҳазил қилганида ҳар гал ёппасига кулги кўтариларди. У болаларга Гамбургдаги зоология боғида фил қандай қичқиришини моҳирлик билан ижро этаркан ва парижлик кўчабезори боланинг қилиқларини кўрсатиб бераркан, кулги янада авжига минди. Лекин стол атрофида қувноқ кулги авж олган сайин Тургеневнинг кўнглидаги ғашлик кучая борди ва у ўзини ўнғайсиз ҳис эта бошлади.
Суҳбат француз адабиётига кўчганида Тургенев ясама қувноқликка ортиқ дош бера олмади ва бирдан Толстой томон ўгирилди ва унга атайин енгил-елпи оҳангда гапира бошлади:
— Яқинда келажаги порлоқ янги ёзувчи пайдо бўлганидан хабарингиз борми?
— Йўқ, хабарим йўқ. Ким экан у?
— Де Мопассан. Ги де Мопассан. Ҳар ҳолда, у тенги йўқ, ўта сезгир ёзувчи саналади. Жомадонимда айнан унинг “La maison Tellier”* ҳикоялари тўплами бор. Вақт топсангиз, ўқиб чиқарсиз.
— Де Мопассан? — Толстой меҳмонга шубҳаланганнамо қараб қўйди. Лекин ҳикояларни ўқиши ёки ўқимаслиги ҳақида лом-мим демади.
Ёшлигида ёвуз, ўзидан катта болалардан қанчалик жабр-ситам кўргани Тургеневнинг ёдида… Унинг юрагини шу тобда худди шундай ранж-алам кемира бошлаганди.
— Янги ёзувчилар ҳақида гап бошлаган эканмиз, бизда ҳам битта антиқаси пайдо бўлди.
Унинг саросималанганини пайқаган хотини шу заҳотиёқ ғалати меҳмоннинг ташрифи ҳақида гапира кетди. Бир ойча бурун, кечга томон анчайин фақирона кийинган ёш йигит ташриф буюриб, Толстой билан албатта гаплашиши лозимлигини айтади ва уни ичкарига олишади. Толстойни кўриши билан айтган илк сўзлари шу бўлади: “Зудлик билан каминага бир рюмка ароқ ва селёдканинг думини келтиришингизни сўрайман”. Шу гаплари билангина у ҳаммани лол қолдирганди, лекин ўша ғалати ёш йигит маълум маънода довруғ қозониб улгурган ҳаваскор ёзувчи эканлиги янада ажабланарли эди.
— Бу Гаршин эди.
Тургенев бу номни эшитганида унда Толстойни суҳбатга чорлашга яна бир бор уриниш истаги туғилди: Толстойнинг бегоналарча муомаласи унинг ғашига кўпроқ тега бошлаганидан ташқари, энди қулай баҳона туғилган эди: бир вақтлар у биринчи бўлиб Толстойнинг эътиборини Гаршиннинг асарларига қаратган эди.
— Наҳотки Гаршин бўлса? Менимча, унинг ҳикоялари чакки эмас, шекилли. Ўшандан кейин унинг қайси асарларини ўқиганингизни билмадим-у, лекин…
— Чакки эмас, шекилли.
Ҳар ҳолда Толстойнинг жавобидан унинг мавзуга қизиқиш билдирмагани ва осонгина қутулмоқчи бўлгани сезилиб турарди…
Тургенев ўрнидан турди ва оппоқ оқарган бошини сарак-сарак қилганча кабинет бўйлаб у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Унинг столда турган шам ёруғлигидан ҳосил бўлган сояси деворда аксланар ва у бир катталашар, бир кичраяр эди. У индамас, қўлини орқасига қилиб олган ва ғамгин кўзларини полнинг тахталаридан узмасди.
Тургеневнинг хаёлида йигирма йиллик хотиралар, яъни Толстой билан дўст бўлган пайтларидаги воқеалар яққол намоён бўла бошлади. Ўша вақтда зобит бўлган Толстой бир неча тунни айш-ишрат билан ўтказиб, тунаш учун ўзининг Петербургдаги квартирасига кўп бор келганлиги… Толстой Некрасовнинг меҳмонхонасида унга ғолибона назар ташлаб, Жорж Сандга маломат тошларини ёғдираётганда борлиқни унутиши… Айнан ўша вақтда “Икки гусар”ни ёзган Толстой билан Спасский ўрмонида сайр қилишаркан, унинг тўхтаб, ёзги булутларнинг гўзаллигидан баҳраманд бўлганлиги… Ва ниҳоят, Фетнинг уйида меҳмон бўлиб турган Толстой иккиси қўлларини мушт қилиб тугганича бир-бирига куракда турмайдиган ҳақорат сўзларини айтишлари… Мазкур хотираларнинг қай бирини олманг, доим қайсар Толстойнинг ўзгалардаги ҳеч қандай самимийликни тан олмайдиган инсон эканлиги, бошқаларнинг хатти-ҳаракатида сохталик мавжуд, деган фикрга мойиллиги кўзга яққол ташланарди. Ўзгаларнинг тутаётган иши ўзиникидан фарқ қилган ҳолатлардагина эмас, бошқа вақтларда ҳам аҳвол шу эди. Агар бўлак одам худди ўзи каби айш-ишратга берилганида эди, унинг иллатларини худди ўзини кечира олгани каби кечира олмасди асло. Бошқа бир киши ёз осмонидаги булутлардан худди ўзи каби баҳра ола билишига ҳам ишонмас эди ҳатто. Жорж Санддан ҳам нафратланишига сабаб унинг самимийлигига шубҳа билан қараши эди. Бир вақтлар Тургенев билан ажралиб кетишларига ҳам сабаб шу бўлган. Йўғ-э, ҳозир ҳам, худди аввалгидек, Тургеневнинг лойхўракни отиб ўлдирганлиги ёлғон, дея уқтирмоқда…
Тургенев чуқур тин олди ва тахмоннинг қаршисида тўхтади. Узоқроқдаги шам ёритиб турган тахмонда мармар бюст ғира-шира кўринарди. Бу Лев Толстойнинг катта акаси Николайнинг бюсти эди. Нимасини айтасиз, Тургенев учун ҳам азиз бўлган, инсонлар билан тез киришиб кетадиган Николай бу дунёни тарк этганига йигирма йилдан ошибди. Агар укаси ҳам ақалли Николай каби бошқаларнинг ҳис-туйғуларига қулоқ тута олганидами… Баҳор тунида соатлар қандай ўтаётганини сезмагандай, Тургенев тахмон олдида нимчароғон бюстга ғамгин тикилганча узоқ вақт тик қотди…
Эртаси куни Тургенев бу уйда емакхона бўлиб хизмат қилувчи залга анча эрта кириб борди. Зал деворларида аждодларнинг портретлари осиғлиқ бўлиб, улардан бири остида Толстой столда ўтирган кўйи хатларни кўздан кечирарди. Залда ундан бўлак ҳеч ким йўқ эди.
Кекса ёзувчилар саломлашишди.
Тургенев Толстойнинг юз ифодасига назар солар экан, унда хайрихоҳликдан дарак берувчи арзимас ишорани сезганида ҳам у билан ярашиб олишга тайёр эди. Бироқ Толстой асабий бир-икки сўз қотганча ўша-ўша сукут ила мактубларни кўздан кечира бошлади. Тургенев яқин орадаги стулни суриб, стол устидаги газетани олди ва ўзи ҳам хоҳлар-хоҳламас, индамай ўқишга тутинди. Бир муддат нимқоронғи залда қайнаб турган самоварнинг биқиллашидан бўлак бирорта ҳам товуш эшитилмади.
— Кечаси яхши ухладингизми? — деб мурожаат қилди Толстой Тургеневга мактубларни кўриб бўлгач, гўёки бир нарса ҳақида ўйлаб олгандай.
— Яхши.
Тургенев газетани қўлдан қўйди ва Толстой яна гап бошлашини кутди. Лекин мезбон, кумуш финжонга самовардан чой қуяркан, бошқа бир сўз ҳам айтмади.
Бу бир-икки бор такрорланди ва, худди кеча кечаси бўлганидек, Толстойнинг норози юзига термулиш Тургеневга тобора оғир бота бошлади. Айниқса ҳозир, эрталаб, бегоналар йўқлигида, у ўзини ўта дилгир ҳис қиларди. “Толстойнинг рафиқаси кела қолса ҳам майли эди”, бир неча маротаба хаёлидан ўтказди у, ич-ичидан ҳаяжонланаркан. Лекин нимагадир ҳанузгача ҳеч ким келмасди.
Беш дақиқа, ўн дақиқа… Бошқа чидай олмайдигандай, Тургенев газетани ташлади ва иккиланганча ўрнидан турди.
Шу пайт эшик ортидан баланд овозлар ва оёқ товушлари эшитилди. Зина бўйлаб бир-бирларини қувганча чиқиб келишаётганлиги билиниб турарди… Шу заҳотиёқ эшик ланг очилди ва хонага ғала-ғовур қилиб болалар ва қизлар югуриб киришди:
— Дада! Топилди!
Бошқалардан олдинда турган Илья қўлида ушлаб турган нарсасини тантанавор силкитиб қўйди.
— Мен биринчи бўлиб кўрдим! — дея қичқирди онасига ўхшаб кетадиган Татьяна акасига бўш келгиси келмай.
— Афтидан, қулаётганда илинган. Қайиннинг шохига осилиб қолган, — ниҳоят изоҳ берди уларнинг энг каттаси бўлмиш Сергей.
Толстой ҳайрат тўла кўзлари билан болаларни кўздан кечирарди. Лекин кечаги лойхўрак охир-оқибат топилганини англагач, унинг соқол қоплаган юзида бирдан яққол табассум пайдо бўлди.
— Шунақа де? Дарахтнинг шохига илиниб қолган экан-да? Шунинг учун ҳам ит уни топа олмаган.
Ўрнидан туриб, у болалар қуршовида турган Тургеневнинг ёнига келди ва унга ўзининг кучли қўлини узатди:
— Иван Сергеевич! Энди мен ҳам тинчланишим мумкин. Ёлғон гапирадиган одамлар тоифасидан эмасман. Агар бу қуш ерга тушганида, Дора уни албатта топган бўларди.
Тургенев уялганча Толстойнинг қўлини сиқди. Ким топилди – лойхўракми ёки “Анна Каренина”нинг муаллифими? “Оталар ва болалар” муаллифининг кўнгли шу қадар кўтарилдики, бу саволга жавоб топа олмади.
— Мен ҳам ёлғон гапирмайман. Қаранг — ҳар ҳолда уни ўлдирган эканман-ку. Ўқ овози янграганда у шу заҳотиёқ ўқдай қулаб тушди, ахир.
Қария ёзувчилар атрофларига қараб қўйишди ва келишиб олгандай хахолаб юборишди.
Русчадан Абдувоҳид Умр таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2006 йил, 12-сон
ИЗОҲЛАР
* Малиновка – чумчуқсимонларга мансуб сайроқи қуш.
* Зяблик – сайроқи қуш.
* Il est tombe comme pierre, je t’assure – Сени ишонтириб айтаманки, тошдай учиб тушди (франц.).
* “La maison Tellier” – “Телье муассасаси” (франц.).
2-таржима
ЛОЙХЎРАК ОВИ
Бу 1880 йилнинг май ойида, оқшом чоғи юз берганди.
Охирги марта бундан икки йил бурун Ясная Полянада меҳмон бўлиб кетган Иван Тургенев ҳозир уй соҳиби граф Толстой билан бирга Варонка ортидаги ўрмонга лойхўрак ови учун отланди. Бу икки ёзувчига Толстойнинг хотини ҳамда болалари ҳамроҳ бўлишди. Варонкагача йўл буғдойзор оралаб ўтганди. Оқшомолди кўтарилган енгил шамол буғдойзор узра ўйнаб, димоққа ер исини келтирарди.
Толстой милтиғини елкасига осганча олдинда борар, вақти-вақти билан ортига ўгирилиб, Софья Андреевна билан бирга келаётган Тургеневга сўз қотарди. “Ота ва болалар” асарининг муаллифи улуғ ёзувчига ҳайратга тўла кўзлари ила боқар, унинг саволларига севиниб, мулойимлик билан жавоб қайтарар, ҳирқироқ овозда кулар, бу кулги унинг елкаларини силкитиб-силкитиб қўярди. Толстойнинг бироз тундлиги билан солиштирганда унинг сўзлаши илтифотли ҳамда ўта назокатли эди.
Йўл ям-яшил тепаликка етганда уларнинг ёнига (кўринишидан ака-ука бўлса керак) икки бола чопиб келди. Толстойни кўриб, иккиси ҳам тўхтади-да, таъзим қилди. Сўнгра шу заҳоти яланг товонларини ялтиратганча тепалик томон югуриб кетишди. Толстойнинг болаларидан бири уларнинг ортидан нимадир деб қичқирди, бироқ улар ҳеч нима эшитмагандай чопа кетишди ва дарахтлар орасида кўздан ғойиб бўлишди.
– Қишлоқ болалари жуда ажойиб! – деди Толстой ботаётган қуёш томон юзини бураркан. – Баъзан бу чурвақаларни эшитиб, биз ҳали ҳам англаб етмаган содда халқ тилини ўрганаман.
Тургенев Толстойга қаради, энди унинг нигоҳи аввалгидек ҳайратга тўла эмасди. Авваллари Толстойнинг ҳар бир сўзи уни ёш боладек қувонтирарди. Бугун эса у Толстойга истеҳзо билан қаради.
– Яқинда бу болаларга дарс бераётганимда, – давом этди Толстой. – Улардан бири дарсхонадан чиқиб кетмоқчи бўлиб ўрнидан турди. “Қаерга?” дея сўрадим мен. У эса “Бўрни тишлаб кўрмоқчиман”, деди. У бўрни “олиб кўрмоқчиман”, “бўлиб кўрмоқчиман” демади, айнан тишлаб кўрмоқчиман, деди. Улар чиндан ҳам бўрни тишлаб кўришади. Биз катталар буни қаёқдан ҳам билардик? Дарҳақиқат, фақат рус болаларигина шундай дея олади. Ҳа, шундай сўзларни эшитганимда мен ўзимнинг Россияда яшаётганимни ич-ичимдан ҳис этаман.
Тургенев худди буғдойзорларни биринчи марта кўриб тургандек атрофга аланглади.
– Ҳа, Францияда ҳатто болалар ҳам папирос чекишдан тортинишмайди.
– Айтгандек, шу кунларда сиз чекишни бутунлай ташлаган кўринасиз? – меҳмонни ноқулай аҳволдан қутқариш учун атай сўзга аралашди Толстая хоним.
– Ҳа, мен чекишни бутунлай ташладим: Парижда хонимлар сиздан тамаки иси келяпти деб, ўпгани рухсат этишмади.
Бу сафар Толстой истеҳзоли кулди. Бу вақтда улар жарликдан ўтиб, ов учун мўлжалланган жойга етиб келишганди. Бу ер ўрмон ёқасидаги дарёга туташ ботқоқлик эди. Толстой Тургеневга қулай жойни қолдириб, ўзи юз қадамча нарига кетди. Толстая хоним Тургеневнинг ёнида қолди, болалар эса ҳар тарафга чопиб кетишди.
Осмон ҳамон шафақ рангида, дарахтларнинг кўкка бўй чўзган учлари хира тортган, шохлардаги муаттар япроқлар ғужум бўлиб қолганди. Тургенев қўлида милтиғи билан турар, унинг ўткир нигоҳлари гўё дарахт япроқларини тешгудек бўлиб тикилар, дам-бадам қоронғи ўрмон ичкарисидан енгил эсган шамолнинг шитирлаши эшитиларди.
– Тоғ чумчуқлари сайраяпти, шекилли, – деди Толстая хоним гўё ўзи билан ўзи сўзлашгандек бошини бир томонга эгиб.
Сукунат ичида ярим соат ўтди. Осмон мусаффо, у ер-бу ерда қайинларнинг танаси оқариб кўринарди. Энди тоғ чумчуқларининг ўрнига аҳён-аҳёнда мусичаларнинг сайраши қулоққа чалинарди. Оқшом қоронғилиги ўрмон узра ёйилиб борарди.
Бирдан ўрмон тарафдан ўқ овози янгради. Болалар худди шуни кутиб тургандек итларининг ортидан югуриб, ўлжани излай кетишди.
– Эрингиз мендан ўзиб кетди, – деди Тургенев кулиб Толстая хонимга қараркан.
Толстойнинг иккинчи ўғли Илья қалин ўтлар орасидан ўтиб, онаси томон шошиб келаркан, Толстойнинг лойхўрак отганлигини айтди. Тургенев сўзга аралашди:
– Уни ким топди?
– Дора! Итнинг лақаби шундай. Дора топганда лойхўрак ҳали тирик эди!
Сўнгра бола онаси томонга ўгирилиб, соғлом, қип-қизил юзида ҳаяжон акс этганча Дора лойхўракни қандай қилиб топганлигини батафсил ҳикоя қила кетди.
Тургеневнинг хаёлида “Овчининг кундалиги” ёки шунга ўхшаш сарлавҳа қўйилган бирор-бир ҳикоя ёзиш фикри милт этди. Илья кетгач, атрофга яна аввалгидек сукунат чўкди.
Қоронғи ўрмон қаъридан яшил баргларнинг баҳорий ифори ва ернинг зах иси келарди. Аҳён-аҳён олисларда қандайдир қушнинг саси қулоққа чалинарди.
– Бу нима?
– Қизилтўш, – дарҳол жавоб берди Тургенев.
Бирдан қуш овози тинди. Тун қоронғисида тиқ этган товуш эшитилмасди. Ҳатто ҳаводаги енгил шамол ҳам тик қотган, осмон жонсиз ўрмонни секин-аста ўз қоронғилигига ўраб борарди. Бирдан ғамгин сайраганча юқоридан зарғалдоқ учиб ўтди. Қарийб бир соат чўзилган сукунатни отилган ўқ овози бузди.
– Кўриниб турибдики, Лев Николаевич лойхўрак овида ҳам мени доғда қолдиряпти, – деди Тургенев елкаларини қисиб, мийиғида кулганча.
Болаларнинг қадам товуши, Доранинг акиллаши – буларнинг бари тинган вақтда осмоннинг у ер-бу ерида юлдузлар хира нур соча бошлаган эди. Ўрмоннинг кўз илғагудек кенгликлари қоронғи сукунатга чўмган, бирорта шох-шабба қимир этмас, йигирма дақиқа, ярим соат… вақт чўзилгандан чўзилар, намчил ҳавода аллақаёқлардан тушиб келган оқиш туман оёқ остида ўралашарди. Бироқ лойхўракдан дарак йўқ эди.
– Бугун нима бўлган ўзи? – дея шивирлади Толстая хоним. Унинг овозида ҳамдардлик зоҳир эди. – Бундай ҳол камдан-кам бўларди.
– Эшитинг-а, булбул сайраяпти! – Тургенев суҳбат мавзусини атай бошқа томонга бурди.
Қоронғи ўрмон қаъридан чиндан ҳам булбулнинг сайроқи куйи эшитиларди. Уларнинг иккиси ҳам бир нафас жим қолиб, ўз хаёлларига берилганча булбул куйини эшитишди. Бирдан… (Тургеневнинг ўз ибораси билан айтганда: “Бирдан ва фақат овчилар тушунар мени”) бирдан ўтлар орасидан чуғурлаганча лойхўрак учиб чиқди. У қанотларини кенг ёйганча шохлар орасидан учиб ўтди-ю, тун қоронғилигига яширинди. Шу онда Тургенев милтиғини қўлга олиб, тепкини босди. Тутун иси тарқаб, олов сачради ва бутун ўрмонга ўқ овози янгради.
– Нишонга тегдими? – баланд овозда сўради Толстой унга яқинлашаркан.
– Ҳа, тегди! Шундай учиб тушди ўзи ҳам!
Болалар итни етаклаганча Тургеневнинг атрофида ўралашарди.
– Бора қолинглар, ўлжани изланглар, – буюрди Толстой уларга.
Болалар итни олдиларига солиб, ҳамма ёқни излай кетишди. Аммо қанча уринишмасин, уриб туширилган лойхўрак топилмади. Дора жон-жаҳди билан ер искар, фақат аҳён-аҳёнда тўхтаб, норози ғингширди. Ниҳоят, Тургенев билан Толстой ҳам ёрдамга келишди. Бироқ атрофда лойхўракнинг пати ҳам кўринмасди.
– Балки сиз уни отолмагандирсиз? – сўради йигирма дақиқаларча излагач, ҳафсаласи пир бўлиб Толстой.
– Ахир, кўз ўнгимда ерга қулади-ку! – Тургенев шундай деб, майсалар устини синчиклаб кўздан кечирди.
– Балки, ўқ унинг қанотига теккандир. Ерга йиқилгану қочиб қолгандир.
– Йўқ, ўқ унинг қанотига тегмади. Мен унга аниқ теккиздим!
Толстой қалин қошларини чимираркан, саросима ичра деди:
– У ҳолда ит уни топган бўларди, чунки Дора отилган ўлжани аниқ топади.
– Ўлдирганимдан кейин ўлдирдим дейман-да! – деди асабийлашган Тургенев милтиғини маҳкам ушлаб. – Ахир, ўлганми-ўлмаганми, бунинг фарқини ёш бола ҳам билади. Мен аниқ кўрдим!
Толстой Тургеневга истеҳзо билан қараб “У ҳолда, ит-чи?” деб сўради.
– Унисини билмадим. Мен фақат кўрганимни айтяпман. Ахир ерга қулади!
Тургенев Толстойнинг кўзларидаги истеҳзони кўрди-ю, бирдан даҳшатли овозда қичқирди:
– Ахир, айтяпман-ку, ерга қулади!
Шу вақт икки қария ёзувчининг баҳсига гўё ҳеч гап бўлмагандек Толстая хоним аралашди:
– У ҳолда Дора ўлжани тополмабди.
Софья Андреевна овчилар томон жилмайиб яқинлашаркан, эртага тонгдаёқ болаларни ўлжани яна бир бор излаб кўришга юбораман, баҳсни ҳозироқ тўхтатиб, ҳаммамиз уйга қайтайлик, деди. Тургенев шу заҳоти рози бўлди.
– Ҳа, эртагаёқ болалардан сўраб, ҳаммасини билиб оламиз.
– Ҳа, эртага билиб олармиз, – деди Толстой заҳарханда қилиб.
У норози қиёфада Тургеневга орқасини ўгирганча, тез-тез одим ташлаб юриб кетди…
* * *
Бу кеч Тургенев ўз ётоғига чамаси соат ўн бирларда кирди. Ниҳоят, ёлғиз қоларкан, курсига чўкиб, атрофга ўйчан назар солди. Тургенев учун Толстойнинг иш кабинети ўрнидаги хона ажратилганди. Хонадаги улкан китоб жавонлари, бюст, портретлар, деворга осилган кийик шохи – буларнинг барчаси шам ёруғида тунд, зерикарли, шавқу завқдан холи кўринари. Аммо Тургеневни бу оқшом ёлғиз қолганлиги хафа қилмади.
У оқшомни уй соҳибининг оила аъзолари билан дастурхон атрофида ўтказди. Тургенев хушчақчақлик билан ҳазил қилар, кулар, бироқ Толстой қовоғини солганча жим ўтирар, деярли суҳбатга аралашмасди. Тургеневга бу оғир ботар, шунинг учун у оила аъзоларига хушмуомалалик билан илтифот этаркан, уй соҳибининг тунд қиёфасига атай парво қилмасди. Ҳар гал Тургенев бирор ҳазил гап ташлаганда дастурхон атрофида кулги кўтарилар, айниқса, болаларга Гамбург ҳайвонот боғидаги филнинг ўкиришини қойилмақом қилиб ўхшатиб берганда ёки Париждаги кўча болаларига тақлид қилганда кулги баралла янграрди. Лекин дастурхон атрофида хурсандчилик бўлгани сари Тургеневнинг кўнгли хижил тортиб борарди.
Суҳбат мавзуси француз адабиётига бурилганда Тургенев ортиқ тоқат қила олмай Толстой томон ўгирилди ва ундан бепарво оҳангда сўради:
– Эшитган бўлсангиз керак, Францияда қандайдир ёш бир ёзувчи ҳақида гапиришяпти?
– Йўқ, хабарим йўқ. Ким экан у?
– Де Мопассан. Ги Де Мопассан. Ниҳоятда зеҳни ўткир ёзувчи. Айтгандай, мен ўзим билан унинг “La maison Tellier” ҳикоялар тўпламини олиб келганман. Агар вақтингиз бўлса, ўқиб кўринг.
– Де Мопассан?
Толстой меҳмонига шубҳа аралаш қаради. Бироқ таклиф этилган китобни ўқиб чиқадими, йўқми, бу ҳақда оғиз очмади. Тургенев болалигида катта ёшли болалар унга озор берганини эслади. Ҳозир ҳам худди ўшандай оғриқ унинг томоғига тиқилганди.
– Ҳа, янги ёзувчи денг… Бизда ҳам шунақаси пайдо бўлган, – деди Толстая хоним меҳмонни ноқулай аҳволдан чиқариш учун ва ўша ёзувчининг ўзлариникида меҳмон бўлганини айта кетди:
– Бир ой бурун оқшом пайти уйимизга одмигина кийинган бир киши кириб келиб, дарҳол Лев Николаевични кўришим керак, деди. Уни Толстой ҳузурига олиб киришганларида у Лев Николаевичга қараб нима деди денг! “Келтирингиз менга дарҳол шўр балиқ ва бир қадаҳ арақ, токи бўлсин кайфимиз тарақ!” Бу қофияли гапи билан у ҳамманинг оғзини очириб қўйди. Ҳаммадан ҳам қизиғи, билсак, у анча-мунча машҳур ёш ёзувчилардан экан.
– Ҳа, бу Гаршин эди.
Бу номни эшитган Тургенев Толстойни яна суҳбатга тортишга уринди, чунки Толстойнинг индамай ўтириши уни хуноб қилганди. Энди эса унга яхши баҳона топилган, сабаби қачонлардир унинг ўзи Гаршиннинг асарларини Толстойга тавсия этганди.
– Наҳотки, Гаршин бўлса? Менимча, унинг ҳикоялари ёмон эмас. Билмадим, ўқиб кўрган бўлсангиз керак. Бироқ…
– Менимча ҳам ёмон эмас.
Ҳа, Толстой шунчаки бепарво, қуруққина қилиб жавоб берганди.
…Тургенев ўрнидан турди. Хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юраркан, оппоқ сочларини силкитиб бошини чайқади. Шам ёруғида унинг девордаги сояси гоҳ узаяр, гоҳ қисқарар, у қўлларини орқага қилганча хона бўйлаб юраркан, кўзларини полнинг яланғоч тахтасидан узмасди.
Тургеневнинг кўз олдидан Толстой билан дўстлашган вақтлардаги, қарийб йигирма йил олдинги ёрқин хотиралар сузиб ўтди. Унинг кўз ўнгида, ўша вақтлар офицер бўлиб, бир неча кун кайфдан боши оғриб, Петербургдаги уйига уни тез-тез йўқлаб бориб турган, қачонлардир Некрасовнинг меҳмонхонасида юзингда кўзинг борми демай, Жорж Сандни танқид қилган, бир вақтлар “Икки гусар”ни ёзиб тугатгач, у билан бирга ўрмонда сайр қиларкан, бир зум тўхтаб, ёзги булутларнинг гўзаллигига мафтун бўлган, ва ниҳоят, Фетнинг уйида мушт ўқталганча бир-бирларига энг ҳақоратли сўзларни ёғдирган ўша Толстой гавдаланди. У бу хотираларнинг қай бирини эсламасин, қайсар, ўжар Толстойни, бошқалардаги самимиятни тан олмайдиган, бошқаларнинг самимиятига ҳамиша шубҳа билан қаровчи инсон эканлигини кўрарди. У наинки бошқаларнинг худди ўзи каби қилган аъмолига, балки кайфу сафосига ҳам шубҳа билан қарар, у бошқаларни ўзини кечиргандек кечира олмас, чунки бошқалар ҳам худди унинг сингари ёзги булутларнинг чиройини ҳис этишига ишонмасди. У Жорж Санднинг худди ўзидек самимийлигига ишонмаганлиги учун уни ёмон кўрарди. Ҳа, Тургенев борасида ҳам худди шундай. Ҳа, у Тургеневнинг ўша лойхўракни отганлигига ишонмаяпти.
Тургенев чуқур хўрсинди ва токча ёнига келиб тўхтади. Токчадаги бюстни хонадаги шамнинг олис ёғдуси хира ёритиб турарди. Бу Лев Толстойнинг катта акаси Николайнинг бюсти эди. Ҳа, унга ҳам қадрдон бўлиб қолган Николайнинг оламдан ўтганига йигирма йилдан ошибди. Қани эди, Толстой жилла қурса, акасидек инсон қалбини тушуна олганда эди!
Тургенев кўзларини хира ёритилган бюстга тикканча, баҳор оқшомининг ўткинчи лаҳзаларига ҳам парво қилмай, токча олдида узоқ туриб қолди…
* * *
Эртаси куни Тургенев тонгданоқ емакхона вазифасини ўтовчи каттакон залга кириб келди. Зал деворларига сулола аждодларининг суратлари осилган бўлиб, ана шу суратлардан бирининг остида Толстой келган хатларни кўздан кечириб ўтирарди. Емакхонада ундан бўлак бирор киши йўқ эди. Кекса ёзувчилар саломлашишди. Тургенев Толстойнинг юзида хайрихоҳлик аломатларини излар, ҳозир ҳам у билан ярашишга тайёр эди! Бироқ Толстой бетоқатлик билан бир-икки оғиз сўз айтганча миқ этмай хатларни кўздан кечираверди. Тургенев ҳам стулни яқин суриб, истар-истамас газета ўқишга киришди. Бир неча вақт нимқоронғи залда самоварнинг виқирлаб қайнашидан бўлак овоз эшитилмади.
– Тунни яхши ўтказдингизми? – деди Толстой хатларни бир четга суриб Тургеневга юзланаркан ниманидир эслашга урингандай.
– Яхши.
Тургенев Толстойнинг яна бирор гап айтишини кутиб, газетадан бошини кўтарди. Бироқ уй соҳиби ўзига самовардан кумуш финжонга чой қуяркан, бир оғиз ҳам сўз демади. Тургенев худди кеча оқшомдагидек Толстойнинг норози қиёфасига қарашга оғрина бошлади. Унинг юраги тобора хижил бўлиб тоқатсизланаркан, қани энди, ҳеч бўлмаса, Толстойнинг хотини кела қолса, деб ўйлар, лекин негадир ҳамма ёқ жимжит эди. Орадан беш, ўн дақиқа ўтди. Тургенев ортиқ тоқат қилолмай, газетани нари суриб ўрнидан турди. Бир вақт эшик ортидан оёқ товушлари, болаларнинг шовқин-сурони эшитилди. Шу ондаёқ эшик ланг очилиб, ғала-ғовур кўтарганча болалар кириб келишди.
– Дада, топилди!
Ҳаммадан олдинда турган Илья ниманидир қўлида баланд кўтарганча силкитарди.
– Уни биринчи бўлиб мен кўрдим! – деди онасига ўхшаб кетадиган Татьяна акасига гал бермай.
– У қулаётиб қайин шохига илиниб қолган бўлса керак, – деди ниҳоят Толстойнинг тўнғич ўғли Сергей.
Толстой ҳайрат билан болаларига қараб қолди. Ниҳоят, кечаги лойхўракнинг топилганини кўриб, унинг серсоқол юзи яшнаб кетди.
– Ҳа, дарахт шохига илиниб қолган. Шунинг учун ит уни тополмаган…
У ўрнидан туриб, болалар орасида турган Тургеневнинг ёнига келди ва унга бақувват қўлларини узатди.
– Иван Сергеевич, мен ҳам энди хотиржам тортдим. Менинг ёлғон гапирадиган одатим йўқ. Агар бу қуш ерга қулаганда эди, Дора уни албатта топган бўларди.
Тургенев қизарганча Толстойнинг қўлини сиқди. Ким топилди? Лойхўракми ёки “Анна Каренина”нинг муаллифими? Иван Сергеевичнинг қалби шу қадар қувончга тўлдики, у бу саволга жавоб топа олмади.
– Мен ҳам бир сўзли одамман. Қаранг, ахир мен уни отмадимми? Ахир, у ўқ янграган пайтдаёқ қулаганди.
Икки кекса ёзувчи бир-бирига қараб қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборишди.
Рус тилидан Ойгул Асилбек қизи таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 1-сон