Шундай дамларда Ҳамид хотинини жуда қўмсаб қоларди. Аслида, гап унинг хотинида ҳам эмасди. Кечқурун ишдан қайтиб келиб, ишхонадаги ҳангомаларни завқ билан гапириб берганда, ким бўлса ҳам қулоқ соладиган одам бўлса, бас, Ҳамидга бошқа нарсанинг кераги йўқ.
Хотини Мими мерос билан боғлиқ бир иш туфайли Бандунгга кетган. Уч ҳафтадирки, хизматкори Салим унинг ягона овунчоғи. Аммо Салим – бир оддий хизматкор, уй-рўзғор, тирикчиликдан бошқа гаплар унинг миясига сиғмайди. Ҳамид – катта бўлмаса ҳам кичикроқ давлат хизматчиси, зиммасида ўзига яраша масъулияти, жавобгарлиги бор. Салим минг қизиқ гаплар айтмасин, бу тезда Ҳамиднинг жонига зиғир ёғдай урар эди. Гоҳо азбаройи энсаси қотганидан Салимга бақириб берарди:
– Ҳой, жағинг ўчадими, йўқми ўзи? Шунақаям эзма бўладими одам? – Бўлмаса-ку, улфатчиликка, суҳбатдошликка Ҳамиддан яхши одам йўқ, даврани нақ қизитиб юборади, гапларини тинглаган сайин тинг-лагинг келаверади. Фақат хотини Мими кетганига сал одамови бўлиб, ёлғизликка тоби йўқлиги сезилиб қолди, Мимини эслайвериб, юрагига қил сиғмаётганди.
Тўсатдан Ҳамид ўтирган жойидан сапчиб турди. Йўқ, ортиқ чидолмайди. У шошиб ётоқ бўлмага кирди, пижамасини ечиб, ўзини каравотга ташлади, кийим илгичдан кўйлагини юлқиб олди ва кийина бошлади. Сўнг шоша-пиша пайпоқ, шим ва туфлисини кийди. Кийиниб бўлгач, қичқирди:
– Салим, ҳой Салим! Эшикни ёпиб ол! Мен кетяпман… Тағин чиқиб кетма, эшитдингми? Мен кетишим билан сен ҳам жуфтакни ростлайдиган ёмон одатинг бор. Уқдингми?
Шундай дея Ҳамид кўчага отилди. Рикша чақириб, ўзини ўриндиққа ташлади.
– Қаёққа, жаноб? – сўради рикшачи.
– Қаёққа бўлса, ўша ёққа!..
Рикшачи елка учириб қўйди.
– Танаҳ Абангга!
– Яхши жаноб. – Рикшачи педални куч билан босиб, аравасини елдириб кетди. – Кайф-сафо қилганими?
– Ҳа, бир кабоб егим келди. Ўша ернинг кабоби зўр бўлади-да.
Рикшачи (унинг исми Амат эди) ўнқир-чўнқир жойларда ҳам тезликни пасайтирмасди. Ҳамид уни ора-сира огоҳлантирар эди:
– Кўзингга қара, тағин бир фалокат рўй бермасин.
– Э, қўяверинг, жаноб. Янгимасман, ўн йилдан кўп бўлди рикша ҳайдаганимга. Ҳали бирон марта ҳалокатга учрамаганман. Ановиларга ўхшаб, довдир эмасман, – мақтана кетди Амат.
– Қўй, кўрганмиз сендақа чаққонларни. Катта гапирма.
– Оллоҳ ўзи мададкор бўлсин, жаноб…
Шу пайт рикша қаттиқ силкиниб кетди, Ҳамиднинг шляпаси учиб, ўриндиққа тушди.
– Айтмаганмидим сенга эҳтиёт бўл деб, галварс. Менда қасдинг борми?
– Безовта бўлманг, жаноб! Ҳеч нима бўлгани йўқ. Шундан сўнг анчагача жим кетишди. Бир вақт Амат яна сўз қотди:
– Биттаси бор, жаноб! Сукабумидан яқинда келган. Кўриб, оғзингизнинг суви келади. Ёшгина, дўндиқча.
Бу гапни эшитиб, Ҳамиднинг чапараста жаҳли чиқди:
– Мени ким деб ўйлаяпсан, падар лаънати?! Менинг кимлигимни биласанми ўзи? Тоза хулқ-атвор ҳақида маърузалар ўқийман, одамларни ахлоқли, аёлларни шарм-хаёли бўлишга чорлайман, мен – давлат одамиман билсанг!
Керакли жойга етиб келган рикша бир четга чиқиб тўхтади. Ҳамид рикшадан тушди-да, Аматга йўл ҳақини узатди.
– Атиги икки ярим рупиями? Эй Оллоҳ, одамларда инсоф қолмабди. Шунча йўлдан олиб келиб қўйсам-да, бор-йўғи …
Аммо Ҳамид бунга парво қилмай, ўзини оломон ичига урди.
– Пулинг бўлмаса рикшага чиқиб нима қилардинг? Уятсиз, аблаҳ! Туф, сендай одамга…
Танаҳ Абангда танга ташласанг ерга тушмайди. Ҳаммаёқни чумолидай одам босган. Шовқин-сурон авжида. Қаҳвахона ва ресторанлар ичидан радио қулоқни қоматга келтириб янграйди. Бир репродуктордан машҳур хонанда ижросидаги оғизга тушган бир ахлоқ таназзули ҳақидаги қўшиқ садоси тараларди. Бироқ оломон оқимига дош беролмай Ҳамид олға қараб кетди. Ниҳоят, бир амаллаб кабобхонага етиб келди-да, маза қилиб кабоб тановул қилди. Овқатланиб бўлгач, Ҳамид яна одамлар оқими ичида олға юриб кетди. У ўзини дарё олиб кетаётган чўпдай ҳис қиларди.
Бир жойда эркагу аёллар жуфт-жуфт бўлиб рақс тушар эди. Ҳамид оломонни ёриб, рақс майдонига яқинроқ борди. Оёқ учида кўтарилиб, майдончада ҳаммаси бўлиб саккиз нафар раққоса борлигини кўрди. Шулардан бештаси чарх уриб рақс тушар, учтаси жуфт кутиб турарди.
Раққоса қизлар барчаси ёш бўлиб, галма-галдан қўшиқ куйлар эдилар. Эгнидаги кийимлари камалакнинг етти рангида товланарди. Жуфтлар топилиб қолгач, учала раққоса ҳам олдингиларга қўшилиб, эшила кетдилар. Бирдан раққослардан бири шерик қизининг юзидан ўпиб олди. “Оббо сурбет-ей!” ўйлади Ҳамид ва ўзини орқага олди. Аммо юраги типирчилаб кетди. У тупугини ютди. Шу топ кимдир орқасидан қисилиб келаётгандек туюлди. Ҳамид ёнида оғзи ангишвонадек, қоп-қора кўзлари чақнаган чиройликкина аёлни кўрди. Унинг қараганини кўриб, аёл жилмайди.
Ҳамиднинг юраги баттар дук-дук ура бошлади. Аёл унга маҳкамроқ ёпишди. Ҳамид уятдан юзи чўғдай ёниб, беихтиёр қўли аёлнинг қўли билан тўқнашди. Бамисоли ток урган каби Ҳамиднинг аъзойи бадани ширин жимирлаб кетди. Ҳамид аёлнинг қўлини маҳкамроқ сиқди. Ортидан аёлнинг сеҳрловчи майин овози қулоғига чалинди:
– Кетдик, жаноб… – Аёл унинг ерга тушиб кетган шляпасини олиб, аста бошига кийдириб қўйди.
– Дилхушлик қилаяпсизми, жаноб? – сал нарига боргач, Ҳамиднинг қулоғига таниш овоз келиб урилди. У қўлини шартта аёлнинг билагидан олди. Бу ундан бир ҳафтача бурун мамлакатда ахлоқ бузилиб бораётгани хусусида интервью олган журналист Санусий эди. Ҳамид ер ёрилмади, ерга кириб кетмади. Агар аёл унинг қўлидан ушлаб тортмаганда, ким билсин, Ҳамид қачонгача серрайиб тураверган бўларди.
– Нима бўлди сизга, жаноб?
Ҳамид лаблари пирпираганча, тили калимага келмай, қўлини аёлнинг қўлидан бўшатди. Сўнг чўнтагидан кармонини олиб, битта ўнталикни суғурди-да, аёлга тутқазди. Буни кўриб, аёл киноя билан деди:
– Чойчақами? Ана сахийлигу! Йўлкирага чақангиз қолдими, ишқилиб? Нега жаҳл қиласиз, жаноб?
Ҳамид аёлга эътибор бермай, Санусийнинг ортидан югурди.
– Ҳой, тўхта, Санусий! – узоқдан овоз берди у. Санусий тўхтаб, ортига бурилиб қаради.
– Менга қаранг… – ҳарсиллаб етиб келган Ҳамид унга ялина бошлади. – Буни айтиб юрманг… э-э, ёзиб юрманг яна рўзномага…
Санусий гап нимадалигини англаб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
– Мен ҳеч бир унақа… – тутилиб деди Ҳамид.
Санусий баттар қаҳ-қаҳ урди.
– Хотирингиз жам бўлсин бу ёғидан, – деди у кулгисини босолмай. – Ҳаммаси жойида бўлади, ҳа!
– Раҳмат, раҳмат… – Ҳамид қайта-қайта таъзим қилди. – Менга қаранг… шошмай туринг… Туя кўрдингми – йўқ, ўзингиз тушунасиз-ку… – у шоша-пиша чўнтагидан битта элликталикни суғуриб, Санусийнинг шими чўнтагига суқди.
– Эллик рупиями? – ҳиринглади Санусий.
“Оббо хумпар-ей! – кўнглидан ўтказди Ҳамид. – Рози бўлмади-я!” У яна битта элликталикнинг баҳридан ўтди. Бунга жавобан яна ҳиринглаш эшитилди. Ҳамид бунга чидаёлмади. Эски рақибининг ҳиринглашига эътибор бермади, азбаройи номус ва ғазабдан Санусийга еб қўйгудек қараб қўйди-да, шартта бурилиб, у ердан узоқлашди. Санусий иккита эллик рупияликни бир-бирига уриб, тиржайди:
– Юз рупия – чакки эмас, Худо бераман деса, томни тешиб ташлайди, деганлари шу бўлса керак!
Йўл бўйи Ҳамид минг хил хаёлларга борди, бир қўрқди, бир хотиржам бўлди, бир Санусийдан қаттиқ ғазабланди. Кичик бўлса ҳам амалдорлик ёмон бўлар экан-да, ҳамма билганини қилиб юрибди – йўқотадиган нарсаси йўқ. Бу-чи, ҳар қадамни ўйлаб босмаса бўлмайди, акс ҳолда ахлоқи бузуққа чиқиб…
Соат тунги ўн бирга занг урди. Ҳамид рикшадан тушиб ҳайрон бўлди: даҳлиз чироғи ёниқ эди.
– Салим! – қичқирди у эшикни тепиб. Эшик тезгина очилди ва…
– И-е, сенмисан Мими? Қачон келдинг?
Ҳамид талмовсирагандай остонада бир зум туриб қолди, зарурат бўлмаса ҳам туфлисини ердаги бўйрага қайта-қайта ишқалади.
– Яқинда келдим, азизим, соат саккизда, – жавоб берди хотини. – Пунчакда автобус бузилиб қолди. Сиз қаерда эдингиз?
Бу саволни кутмаганидан Ҳамид довдираб қолди. Сир бой бермаслик учун бурнини узун-узун тортиб қўйди.
– Йиғилишда эдим, Мими, – деди охири баҳона топиб.
Мими жилмайди-да, унинг қўлидан ушлаб, уйга олиб кирди. Ётар чоғда Мими эрининг Санусийга берган интервьюсидан суюнганини айтиб қолди.
– Ойимга интервьюнгизни рўзномадан сўзма-сўз ўқиб бердим, – деди у.
Ҳамид жилмайди-да, хотинини эркалаб қўйди. Тун бўйи Мими Ҳамиднинг оғушида осуда ухлади. Унинг лабларида бахтиёр дамлардагидек енгил, ширин табассум ўйнарди.
Рус тилидан Дилдора Рўзимаҳамадова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 8-сон