Кўпинча биз Пуаро билан Соходаги мўъжазгина ресторанчада овқатланардик. Бир куни кечқурун биз у ерда эски қадрдонимиз — инспектор Жепни кўриб қолдик. Столимизда бўш ўрин бўлгани сабабли, у бизнинг ёнимизга келиб ўтирди.
— Биз томонларга бормай қўйдингиз, — деб ундан ўпкалади Пуаро. — Сариқ ёсуман ишидан кейин ҳеч кўришмадик сиз билан, ўшандан бери, мана, дарров бир ой ҳам ўтиб кетибди.
— Мен шимолга бориб келдим. Ўзингизнинг гапларингиз қалай? Катта тўртлик иш кўрсатиб ётибдими?
Пуаро бармоғи билан уни яниб қўйди.
— Сиз бекорга менинг устимдан куляпсиз. Катта тўртликнинг мавжудлиги аниқ.
— Ў-ў, мен бунга шубҳа қилмайман. Лекин улар, сиз таърифлаганчалик, дунёнинг устуни ҳам эмас-да.
— Дўстим, сиз қаттиқ янглишасиз. Ҳозирги пайтда бутун дунёга ёвузлик уруғини ўта фаоллик билан сочаётган шу Катта тўртлик бўлади.
Уларнинг мақсади нимага қаратилгани ҳеч кимга маълум эмас, лекин шу пайтгача бундай ўта жиноий ташкилот дунёда бўлмаган. Бу ташкилотга Хитойнинг энг йирик заковат соҳиби бошчилик қилади, унинг таркибида америкалик миллионер ва франциялик олима бор, ташкилотнинг тўртинчи рақамли аъзоси масаласига келсак…
Жеп унинг сўзини бўлиб деди:
— Биламан, биламан. Ҳозир сиз фақат ўша тўртинчи рақам ҳақида ўйлаяпсиз. Эҳтиёт бўлинг, месье Пуаро, тағин у бутун эс-ҳушингизни олиб қўймасин. Келинг, яхшиси, бошқа бирон нарса устида гаплашайлик. Сизни шахмат қизиқтирадими?
— Ҳа, ўйнаганман.
— Сиз кеча юз берган воқеа ҳақида ўқидингизми? Дунёга машҳур бўлган икки шахматчи ўртасида бўлган матчни айтяпман, улардан бири ўйин чоғида ўлиб қолган.
— Ҳа, кўрувдим бу ҳақдаги мақолани. Биринчи шахматчи — рус чемпиони доктор Саваронов, иккинчиси — юрак хуружи касалидан ўлгани — америкалик истеъдодли йигит Гилмор Уилсон.
— Жуда тўғри. Бир неча йил бурун Саваронов Рубинштейн билан ўйнаб уни ютган ва рус чемпиони бўлган. Уилсонни эса иккинчи Капабланка деб айтишарди.
— Жуда аломат ҳодиса, — деди Пуаро ўйчанлик билан. — Янглишмасам, бу иш билан сиз шуғулланяпсиз, шекилли?
Жеп ийманиб кулиб қўйди.
— Жуда тўғри топдингиз, месье Пуаро. Лекин мен калаванинг учини тополмай қийналяпман. Уилсон соппа-соғ одам эди — унда ҳеч қачон ҳеч қандай юрак хасталиги бўлмаган. Унинг ўлими сабабини изоҳлаб бўлмаяпти.
— Уни доктор Саваронов, йўлимга ғов бўлмасин, деб гумдон қилган, демоқчимисиз? — дедим мен дангалига.
— Бунга ишониш қийин, — деб қуруққина жавоб қилди Жеп. — Битта одамнинг, ҳатто у рус бўлганида ҳам, — бошқа бир одамни, фақат шахматда ютқазиб қўймаслик учун ўлдиришига кўзим етмайди. Умуман олганда, менимча, бунинг акси бўлганда, ҳақиқатга яқинроқ бўларди. Чунки доктор Савароновни Ласкердан[1], кейин дунёда иккинчи ўринга қўйишади.
Пуаро ўйчанлик билан бош ирғаб қўйди.
— Хўш, унда ғоячангиз нимадан иборат? — деб сўради у. — Нима мақсадда у Уилсонни заҳарлаган? Менимча, сиз уни айнан заҳарланган, деб фараз қиляпсиз — шундай эмасми?
— Шак-шубҳасиз. Бу ўринда юрак хуружи дарди юракнинг уришидан тўхтаганини билдиради, халос. Бу врачнинг расмий хулосаси, аммо у мен билан қилган суҳбатида, бундай хулоса уни қониқтирмаслигини айтди.
— Мурдани қачон ёришмоқчи?
— Бугун кечқурун. Уилсон фавқулодда ўлган. У соппа-соғ бўлган, дона суриб туриб бирдан жони узилиб йиқилган.
— Бунақа тез таъсир қиладиган заҳарлар жуда кам учрайди, — деди Пуаро.
— Биламан. Эҳтимол жасад ёрилганда масала ойдинлашар. Лекин мен бир нарсага ҳеч тушунолмаяпман: кимга керак экан Гилмор Уилсонни гумдон қилиш? У камтарин, беозор йигит эди. Қўшма Штатлардан яқинда келган эди. Унинг биронта ҳам душмани бўлмаса керак бу дунёда.
— Ҳа, жуда ақл бовар қилмайдиган ҳодиса, — дедим мен.
— Нега энди? — деди Пуаро жилмайиб. — Кўриб турибман, Жепнинг ўз тахминлари борга ўхшайди.
— Бор, месье Пуаро. Менинг тахминимча, заҳар Уилсонга эмас, бошқа одамга мўлжалланган.
— Савароновгами?
— Ҳа. Саваронов инқилоб арафасида большевикларга қарши курашган экан. Бир пайтлар уни ҳалок бўлган деб ҳам ҳисоблашган. Лекин, аслида, у ўлимдан жон сақлаб қочиб қолган ва уч йилгача Сибирнинг энг хилват гўшаларида бениҳоя оғир шароитда кун кечирган. У жуда кўп азоб чеккани сабабли соч-соқоли оқариб, таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетган ва мункиллаган чол бўлиб қолган. Айтишларича, ёр-дўстлари, таниш-билишлари ҳам уни зўрға танишибди. У ногирон, уйидан жуда кам чиқади, Вестминстерда жияни Соня Давилова ва бир рус хизматкори билан туради. Бу беллашувда қатнашишни у сира-сира хоҳламаган ва таклифни бир неча марта рад этган, лекин газеталар, Савароновнинг бу ўжарлигини спортчи учун ярашмаган қилиқ, деб шов-шув кўтарганларидан кейин, у рози бўлибди. Иккинчи томондан, Гилмор Уилсон ҳам чинакам янкиларга хос тихирлик билан уни беллашувга чақиравериб, ахири ниятига етибди. Биласизми, месье Пуаро, нима учун Саваронов мусобақадан бош товлаган? Нимагаки, у омма эътиборини ўзига қаратишни истамаган. Тағин бирон киши пайимга тушмасин, деб қўрққан. Менинг фикрим шу — Гилмор Уилсонни адашиб заҳарлаб қўйишган.
— Айтинг-чи, Савароновнинг ўлимини тиловчи биронта ғаразгўй шахс борми?
— Бундай шахс фақат унинг жияни бўлиши мумкин. Саваронов яқинда жуда катта бойликка меросхўр бўлган. Буни унга мадам Бону мерос қилиб қолдирган. Эски тузум пайтида Бонунинг эри қанд заводининг хўжайини бўлган экан. Айтишларича, бир вақглар Бону билан Саваронов бир-бирларини севишган ва Бону жазманининг ўлгани ҳақидаги хабарга ҳеч қачон ишонмаган.
— Матч қаерда бўлибди?
— Савароновнинг квартирасида. Сизга айтувдим — у ногирон. —Анча одам йиғилибдими?
— Ўн-ўн иккита. Балки ундан ҳам кўпроқдир. Пуаро афтини маънодор буриштирди.
— Шўрингиз қурисин, Жеп, олдингизда жуда оғир вазифа турипти.
— Уилсоннинг заҳарлангани аниқ аён бўлгани ҳамоно ишим юришиб кетиши муқаррар.
— Агар сизнинг, Саваронов қурбон бўлиши керак эди, деган тахминингиз тўғри бўлиб чиқса, унда қотил яна бир марта уриниб кўриши эҳтимолдан холи эмас — сиз бу ҳақда ўйлаб кўрмадингизми?
— Гапингиз тўғри. Ҳозир Савароновнинг квартирасини иккита одамимиз кузатиб турипти.
— Бу тадбирингиз, турган гапки, докторникига бомба қўлтиқлаб кирмоқчи бўлганларни чўчитиб юборади, — деди Пуаро илтифотсиз истеҳзо билан.
— Сиз бу масалага жиддий қизиқиб қолган кўринасиз, месье Пуаро, — деди Жеп кўз қисиб қўяркан. — Ўликхонага бориб Уилсонни, врачлар қўлига тушмасидан олдин, бир кўздан кечиришни хоҳламайсизми? Ким билсин, эҳтимол унинг галстугига қадалган тўғнағичи сал қийшайиб қолгандир-у, бу нарса сирни очишда ҳал қилувчи бебаҳо далил бўлар.
— Азизим Жеп, бояттан бери қўлим қичиб, сизнинг тўғнағичингизни тўғрилаб қўйгим келяпти. Ижозат берасизми? О! Мана бу бошқа гап. Ҳа, албатта, қани, кетдик ўликхонага.
Бу янги жумбоқ Пуаронинг бутун эътиборини тортиб олгани яққол кўзга ташланиб турарди. Кейинги пайтларда у фақат Катта тўртлик устида бош қотираётган эди мана, унинг бошқа нарсага қизиқиб қолганини кўриб мен хурсанд бўлдим.
Ўзим бўлсам америкалик бахти қаро йигитнинг қотиб қолган жасадини ва бурушган башарасини кўриб, шўрликка қаттиқ ачиндим. Пуаро мурдани диққат билан кўздан кечирди. Унинг баданида, агар чап қўлидага кичкина чандиқни ҳисобга олинмаса, ҳеч қандай қийноқ изи йўқ эди.
— Доктор буни кесилган эмас, куйган деб айтяпти, — деди Жеп.
Кейин Пуаро столга териб қўйилган нарсаларга эътиборини қаратди (уларни констебль мурданинг чўнтакларидан олган эди). Буларнинг бари унча аҳамиятга эга бўлмаган нарсалар эди — рўмолча, калитлар, ҳамён ва бу ишга дахли бўлмаган бир неча мактуб. Аммо сал нарирокда алоҳида турган нарса Пуаронинг диққатини ўзига тортди.
— Шахмат донаси-ку! — деб юборди у. — Оқ фил. Нима, бу ҳам унинг чўнтагидан чиқдими?
— Йўқ, уни мурда маҳкам сиқимлаб олган экан. Биз унинг бармоқларини зўрға очиб олдик. Кези келганда, уни доктор Савароновга қайтариб бериш керак бўлади. Бу унинг фил суягидан ясалган жуда бежирим шахмат доналаридан бири.
— Ижозатингиз билан, буни эгасига мен қайтариб берсам. Унинг ҳузурига кириш учун яхши баҳона бўларди.
— Аҳҳа! — деб чинқириб юборди Жеп. — Сиз бу иш билан шуғулланмоқчисиз — топдимми?
— Ҳа. Сиз жуда усталик билан қизиқиш уйғотдингиз менда бу ишга.
— Жуда яхши-да. Сал бўлса ҳам, фикрингизни чалғитдим. Мана, капитан Хастингс ҳам розига ўхшайдилар.
— Янглишмадингиз, — дедим мен унинг гапини тасдиқлаб. Пуаро мурда томонга ўгирилди.
— Бунинг тўғрисида менга айтадиган бошқа гапингиз йўқми? — деб сўради у.
— Йўқ, шекилли…
— Ҳатто унинг чапақай эканлиги ҳақида ҳам ҳеч нима демайсизми?
— О, сиз сеҳргарсиз, месье Пуаро. Қаёқдан билдингиз? У чиндан ҳам чапақай бўлган. Ҳолбуки, кўраётган ишимизга бунинг ҳеч қандай дахли йўқ.
— Ҳа, мутлақо дахли йўқ, — деб Пуаро шоша-пиша Жепнинг фикрини маъқуллади, чунки унинг тараддудлана бошлаганини пайқаган эди. — Бу менинг кичкинагина ҳазилим, вассалом. Биласиз-ку, мен сизни калака қилишни яхши кўраман!
Биз мана шу дўстона ҳазил-ҳузул гаплар билан хайрлашдик.
Эртаси куни эрталаб биз Вестминстерга, доктор Савароновникига йўл олдик.
Эшикни бизга хизматкор очди; унинг юзи худди ўликникидек ифодасиз эди.
Пуаро унга Жепнинг мухтасар тавсия ёзилган ташрифномани кўрсатди, шундан сўнг бизни ажойиб гулдор матолар ва ғаройиб экзотик буюмлар билан безатилган шифти паст, узун хонага бошлаб киришди. Бу хонанинг деворларига антиқа иконалар осилган, ерга эса ҳайратомуз эроний гиламлар тўшалган эди. Столда самовар турарди.
Мен бир иконани томоша қила бошладим: у мени ўзига маҳлиё қилиб қўйган эди. Кейин орқамга ўгирилиб, Пуаронинг ерда ясланиб ётганини қўрдим. Тўғри, гилам ғоятда гўзал эди, аммо уни бу қадар синчковлик билан кўздан кечиришнинг ҳеч ҳожати йўқ эди, менимча.
— Наҳотки у сизни шунчалик ром қилиб қўйган бўлса? — деб сўрадим мен.
— А? О! Гиламми? Дарҳақиқат, бу жуда чиройли буюм, лекин нечун шундай ноёб гиламнинг қоқ ўртасига мих қоқиб тешибдийкинлар, ҳайронман? Йўқ, Хастингс, — деди Пуаро менинг унга томон юра бошлаганимни кўриб, — ҳозир мих йўқ. Лекин тешиги қолган.
Шу пайт шарпа эшитилиб, мен орқамга ўгирилдим, Пуаро эпчиллик билан сак-раб ўрнидан туриб кетди. Остонада турган қиз бизга шубҳа билан боқарди. Бу ўрта бўйли, кўҳликкина аммо маъюс чеҳрали қизнинг кўзлари кўк, калта кесилган сочи тим қора эди. У гапира бошлаганида, овози жарангдор ва салобатли экани, талаффузи эса, мутлақо инглизчага ўхшамаслиги маълум бўлди.
— Тоғам сизларни қабул қила олмасалар керак. У ногирон.
— Афсус, афсус. Балки ўзингиз тоғангизнинг ўрнига менга ёрдам қиларсиз? Сиз мадемуазель Давиловасиз — шундай эмасми?
— Ҳа, мен Соня Давиловаман. Нимани билмоқчи эдингиз?
— Мен ўтган куни юз берган кўнгилсиз ҳодиса — месье Гилмор Уилсоннинг ўлими ҳақида маълумот йиғяпман. Бу ҳақда сиз нима дея оласиз?
Қизнинг кўзлари катта-катта очилди.
— У шахмат ўйнаётганида юрак хуружи дардидан вафот этди.
— Лекин полиция бунинг юрак хуружи эканлигига ишонмаяпти, ойимқиз.
— Вой, демак рост экан! — деб чинқириб юборди ваҳимага тушган қиз ўзини орқага ташлаб. — Иван тўғри айтган экан.
— Иван, деганингиз ким? Нима учун сиз, у тўғри айтган экан, деяпсиз?
— Иван ҳали сизларга эшик очди. Унинг айтишича, гўё Гилмор Уилсон ўз ажа-ли билан ўлмаганмиш, балки уни адашиб заҳарлаб қўйишганмиш.
— Адашиб?
— Ҳа, заҳар менинг тоғам учун мўлжалланган экан.
Соня бояги шубҳаларини унутиб, энди бемалол очиқчасига гапирарди.
— Нега бундай деяпсиз, мадемуазель? Ким заҳарламоқчи экан доктор Савароновни?
Қиз бош чайқаб деди:
— Билмайман. Мен тоғамнинг фаолиятидан ғофилман. У менга ишонмайди. Бу табиий ҳол, менимча. Негаки, тоғам мени деярли билмайди. Бу ерда, Лондонда учрашмасимиздан олдин у мени фақат гўдак чоғимда кўрган. Лекин шуни аниқ биламанки, у нимадандир қўрқади. Айтинг-чи, месье, — деб у Пуарога яқин келди ва овозини пасайтириб сўради: — Сиз “Катта тўртлик” деб юритилувчи жамият ҳақида ҳеч эшитганмисиз?
Пуаро, худди бошидан қайноқ сув қуйиб юборилгандай бир сапчиб тушди.
— Нега сиз… сиз нима биласиз Катта тўртлик ҳақида, мадемуазель?
— Демак, шундай ташкилот бор! Мен бунинг дарагини эшитган эдим, кейин бу ҳақда тоғамдан сўровдим… Ё тавба, умрим бино бўлиб, бунчалик қаттиқ ваҳимага тушган одамни кўрмаганман. Тоғамнинг ранги докадек оқариб, бутун вужуди дағ-дағ қалтирай бошлади. У ўшалардан қўрқади, месье, жудаям қўрқади, ишончим комил. Улар америкаликни, — Уилсонни айтяпман, — янглишиб ўлдириб қўйишган.
— Катга тўртлик, — деб ғўлдиради Пуаро. — Яна Катта тўртлик! Қандай ҳайратомуз уйғунлик! Мадемуазель, тоғангизнинг ҳаёти ҳали ҳам хавф остида. Мен уни ҳимоя қилишим керак. Шу боис сиз менга ўша куни кечқурун бўлган воқеаларни, имкон қадар, муфассалроқ сўзлаб беришингиз керак. Сиз менга шахмат тахтасини, икки ўйинчи ўтирган столни — ҳамма-ҳаммасини кўрсатинг!
Соня деворга яқин бориб, сирти ғоят бежирим столчани ғилдиратиб чиқарди, столча устидаги шахмат тахтаси кумуш ва қора рангли квадратлар билан безатилган эди.
— Буни бир неча ҳафта бурун тоғамга совға қилиб юборишган ва навбатдаги матчни шу тахтада ўйнашни илтимос қилишган эди. Бу столча мана бу ерда — хонанинг ўртасида турган эди.
Пуаро столни, менинг назаримда, жуда-жуда синчиклаб кўздан кечирди. Лекин менга қолса, терговни бутунлай бошқача усулда олиб борган бўлардим. У берган саволларнинг кўпчилиги мутлақо бефойдадек бўлиб туюлди менга, у энг зарурий ва муҳим саволларни деярли бермади. Фаҳмимча, кутилмаганда Катта тўртликни эсга олиниши Пуарони каловлатиб қўйган эди.
Пуаро столни ва у турган ерни диққат билан кўздан кечиргач, шахмат доналарини кўрсатишни илтимос қилди, Соня Давилова қутига солинган доналарни кўтариб келди. Пуаро бир-иккита донани қўлида айлантириб кўрди-да, паришонхотирлик билан тўнғиллаб қўйди:
— Чиройли доналар.
Лекин қандай ичимликлар ичилгани ёки матчда кимлар қатнашгани ҳақида бир оғиз ҳам сўрамади.
Мен маънодор йўталиб қўйдим.
— Назаримда, сиз Пуаро…
У такаббурлик билан сўзимни бўлди:
— Йўқ, у ҳақда ўйламанг, дўстим. Буни менга қўйиб беринг. Мадемуазель, наҳотки тоғангизни кўриш менга насиб этмаса?
Соня хиёлгина жилмайиб қўйди.
— Тоғам сизни қабул қилади, ҳа. Биласизми, даставвал сиз билан мен гаплашиб олишим лозим эди… сиз билан ҳам, ташриф буюрган бошқа нотаниш кишилар билан ҳам.
У ичкарига кириб кетди. Қўшни хонадан ғўнғир-ғўнғир овозлар эшитидди, бир дақиқадан сўнг қиз қайтиб чиқиб, бизни қўл ишораси билан ичкарига таклиф қилди.
Кушеткада баланд бўйли, қотмадан келган, қошлари бароқ, соқоли оппоқ — хуллас, зодагонсифат одам ётарди. Унинг сўлғин чеҳраси кўп қийинчиликлар ва муҳтожликларни бошидан кечирганлигида далолат бсрарди. Доктор Саваронов обрў-эътиборли шахс кўринарди. Калласининг ғайриоддий шаклда эканлиги диққатимни тортди. Буюк шахматчи улкан заковат соҳиби бўлмоғи шарт. Мен унинг дунёда иккинчи ўриндаги шахматчи эканлигига осонгина ишондим.
Пуаро унга таъзим қилиб деди:
— Доктор, сиз билан ёлғиз гаплаша олишим мумкинми? Саваронов жияни томонга ўгирилди.
— Бизни холи қолдир, Соня.
Қиз итоаткорлик билан чиқиб кетди.
— Қулоғим сизда, сэр.
— Доктор Саваронов, сиз яқинда жуда катта меросга эга бўлибсиз. Кечирасиз-у, мабодо ўлиб-нетиб қолгудек бўлсангиз, у бойлик кимга қолади?
— Мен жияним Соня Давилова номига васиятнома ёзиб қўйганман. Сиз ўйлайсизки…
— Мен ҳеч нима ўйламайман, аммо сиз жиянингизни ёш болалик чоғидан бери кўрмагансиз. Бунақа ролни ҳар қандай одам ҳам осонгина ижро этиши мумкин.
Саваронов ҳанг-манг бўлиб қолди. Пуаро эса, пинагини бузмай гапини давом эттирди.
— Бу ҳақда етар. Мен сизни огоҳлантириб қўйдим, холос. Энди сиз менга ўша куни кечқурун ўйналган партияни таърифлаб беришингизни истардим.
— Партияни? Сиз нимани назарда тутяпсиз?
— Мен ўзим шахмат ўйнашни билмайман. Лекин, билишимча, ўйинни бошлашнинг ҳамма шахматчилар учун одат бўлиб қолган бир қанча турлари бўлар экан — масалан, гамбит. Шунақа дейишади, шекилли? Доктор Саваронов жилмайиб қўйди.
— Нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Уилсон Рюи Лопес ўйинини қўллади — бу ўйиннинг ибтидоси анча бехатар бошланади; кўп турнирларда шахматчилар шу усулни қўллашади.
— Нечта юриш қилган эдинглар фалокат юз бергунга қадар?
— Учинчи ё тўртинчи юришда Уилсон бирдан столга мук тушдию ўлди. Пуаро ўрнидан турди ва гўё мутлақо аҳамиятсиз бўлган охирги саволини берди; лекин бу саволнинг жуда катта аҳамиятга молик эканлиги менга аён эди:
— У бирон нима еганмиди ё ичганмиди?
— Содали сув омухта қилинган виски ичувди, шекилли.
— Миннатдорман, доктор Саваронов. Сизни бошқа безовта қилмайман. Иван бизни дам олиш хонасида кутиб турган эди. Пуаро остонада тўхтаб, ундан сўради:
— Сиз билмайсизми, тагингиздаги квартирада ким туради?
— Парламент аъзоси сэр Чарлз Кингвел, сэр. Лекин, билишимча, ҳозир бу квартира ижарага қўйилмоқчи.
— Раҳмат.
Биз кўчага чиқдик, осмонда қиш қуёши чарақлаб турарди.
— Биласизми, Пуаро, — дедим мен ортиқ чидаб туролмай, — менимча, бугун сиз сал айнидингиз. Берган саволларингиз жуда бемулоҳаза бўлди.
— Сиз шундай деб ўйлайсизми, Хастингс? — Пуаро менга таажжуб билан боқди. — Хўш, ўзингиз нималарни сўраган бўлардингиз?
Мен Пуарога ўз сўроқларим таркибини баён қилдим. У гапларимни, назаримда, анча эътибор билан тинглади. Менинг бу баёним то уйга етиб боргунимизча давом этди.
— Жуда соз, ғоят пухта ўйланган саволлар, Хастингс, — деди Пуаро эшикни очиб зинадан кўтарилар экан. — Лекин, таассуфки, мутлақо кераги йўқ уларнинг.
— Кераги йўқ? — дедим мен ҳанг-манг бўлиб. — Агар у заҳарланганида борми…
— Аҳа! — деб чинқириб юборди Пуаро столда ётган хатга қўл чўзаркан. — Бу Жепдан. Ўзим ҳам шундай ўйловдим.
У хатни менга узатди. Хат қисқа ва лўнда эди. Мурдадан ҳеч қандай заҳар топилмаган, ўлимнинг сабаби мавҳумлигича қолган.
— Ана, кўрдингизми, — деди Пуаро, — сиз бермоқчи бўлган саволларнинг ҳеч кераги бўлмас эди.
— Сиз буни сезганмидингиз?
— Сезгандим.
— Қандай қилиб?
Пуаро қўлини чўнгагига тиқиб оқ фил донасини олди.
— Ие, уни доктор Савароновга қайтариб бериш эсингиздан чиқибдими? — деб сўрадим мен.
— Янглишдингиз, дўстим. Кечаги фил ҳали ҳам менинг чап чўнтагимда ётипти. Мен унинг бу адашини шахмат доналари солинган қутидан олдим, боя уни мадемуазель Давилова менга лутфан кўрсатган пайтда.
Мен ҳеч нимага тушунмадим.
— Ахир нега уни олдингиз?
— Мен бу иккита филни солиштириб кўрмоқчиман. У фил доналарини столга ёнма-ён қўйди.
— Кўриниши бир хил. Лекин сиртига қараб хулоса чиқармайлик. Илтимос, менинг жажжи торозчамни олиб келсангиз.
Пуаро иккита донани ниҳоятда синчковлик билан тортиб кўрди, сўнг менга ўгирилиб, қувноқ чеҳра билан деди:
— Мен ҳақ чиқдим. Кўряпсизми, мен ҳақман. Ҳа, Эркюль Пуарони алдаб бўлмайди! У телефон томон отилиб, шошқалоқлик билан рақамларни терди.
— Жепмисиз? Эркюль Пуаро гапиряпти. Хизматкорни, Иванни кўздан қочирманг. Зинҳор унинг қочиб кетишига йўл қўйманг. Ҳа, ҳа, шунақа.
У гўшакни илиб менга ўгирилди.
— Сиз ҳалиям тушунмадингизми, Хастингс? Ҳозир тушунтираман. Уилсон заҳардан эмас, электр токидан ўлган. Манави иккита донадан бирининг ичига металл стержен ўрнатилган. Матч ўйналадиган стол олдиндан тайёрланиб, полнинг белгиланган ерига ўрнатилган. Фил кумуш катаклардан бирига қўйилиши билан Уилсоннинг баданидан ток ўтган-у шу заҳоти у жон берган. Унинг қўлида куюк изи қолган — чап қўлида, чунки у чапақай бўлган. “Махсус” стол, аслида, найрангли қурилма. Лекин мен кўздан кечирган стол — аввалгисининг мутлақо бехатар нусхаси. Қотиллик юз бергандан сўнг, столни дарҳол ўзгартириб қўйишган. Ҳамма найранг пастдаги квартирадан бошқарилган, эсингизда бўлса, у ижарага қўйилар экан. Аммо жиноятчилардан, йўқ деганда, биттаси Савароновнинг квартирасида бўлган. Бу — унинг жияни — Катта тўртликнинг айғоқчиси.
— Иван-чи?
— Иван менинг гумоним бўйича, ўша машҳур “тўртинчи рақам”нинг ўзи.
— Нима?
— Ҳа. Бу одам — моҳир актёр. У ҳар қандай ролни ижро этишга қодир.
— Во ажаб, — дедим мен. — Ҳаммаси тўғри чиқяпти. Саваронов ўзига қарши қандайдир фитна уюштирилаётганини сезган, шунинг учун матчда қатнашишдан бош товлаган.
Пуаро менга қараб қўйди, лекин ҳеч нима демади. Кейин у шахт орқасига бурилди-да, хона ичида уёқдан буёққа юра бошлади.
— Сизда, мабодо, шахмат ҳақидаги китоблар йўқми, mon ami? — деб сўраб қолди у бирдан.
— Қаердадир бор эди.
Мен у китобни қидира-қидира ахири топдим ва Пуарога олиб келиб бердим. У роҳат курсига ўтириб олиб, китобни диққат билан ўргана бошлади.
Тахминан чорак соатлардан кейин телефон жиринглади. Мен гўшакни кўтардим. Жеп қўнғироқ қилаётган эди. Иван каттакон тугун кўтариб уйдан отилиб чиқибди-ю кўчада уни кутиб турган таксига ўтириб жўнаб қолибди. “Қув-қув” бошланибди. Иван таъқиб этувчиларни чалғитиб, “сочиб” юборишга уринган. Ниҳоят, таъқибдан қочиб қутилдим, деб ўйлаган бўлса керак, тўғри Хэмпстеддаги каттакон эгасиз уйга йўл олган. Уй қуршаб олинибди.
Мен буни Пуарога айтдим. У менга худди гап нима ҳақда бораётганини тушунмаётгандай қаради, сўнг китобни менга узатди.
— Мана, кўринг, дўстим. Бу Рюи Лопеснинг ўйинни бошлаш усули. 1. е4 – е5; 2. Кf3 – Kc6; 3. Cb5… Энди қоралар бир неча турдаги ҳимоя йўлларидан бирини танлашлари лозим эди. Бироқ оқларнинг учинчи юриши — Cb5 Гилмор Уилсонни ўлдирган. Ҳа, атиги учинчи юришдаёқ у ўлган — наҳотки ҳалиям тушунмаган бўлсангиз?
Мен унинг нима демоқчи бўлганига тушунолмаётганимни айтдим.
— Фараз қилинг, Хастингс, сиз мана бу курсида ўтирибсиз ва кўча эшикнинг очшгаб ёпилганини эшитдингиз — нима деб ўилаган бўлардингиз?
— Кимдир уйдан чиқди, деб ўйласам керак.
— Тўғри, лекин ҳар қандай медалнинг орқа томони ҳам бор. Кимдир уйдан чиққан ёхуд кирган бўлиши мумкин, аммо бу мутлақо бир-бирига зид ҳол, Хастингс. Агар сиз нотўғри хулосага келсангиз, бир оздан кейин, албатта, қандайдир кичкинагина тафовут пайдо бўладию сизнинг нотўғри фикр юритганингиз кўринади-қолади.
— Бу билан нима демоқчисиз, Пуаро? Пуаро ирғиб ўрнидан туриб кетди.
— Айтмоқчиманки, мен ғирт аҳмоқ эканман. Қани, тезроқ бўлинг, кетдик Вестминстерга. Эҳтимол ҳали улгурармиз.
Биз кўчага отилиб чикиб такси тутдик. Пуаро мен берган саволларнинг биттасига ҳам жавоб қайтармади. Биз етиб бориб, зинадан югуриб чиқдик. Қўнғироқни босдик. Лекин ҳеч ким эшикни очмади. Мен ичкарига қулоқ солиб, у ердан кимнингдир инграётган овозини эшитдим.
Эшикбонда квартиранинг иккинчи калити бор экан, биз унга нима сабабдан Савароновникига кирмоқчи эканлигимизни зўрға тушунтирдик. Ниҳоят, эшикбон рози бўлди.
Пуаро хонага ўқдек отилиб кирди. Димоғимизга хлороформ ҳиди гуп этиб урилди. Ерда оёқ-қўли боғланган, оғзига латта тиқилган Соня Давилова ётарди. Хлороформга бўктирилган пахта унинг оғзи билан бурнини беркитган эди. Пуаро пахтани юлқиб олиб, азза-базза қизни ҳушига келтира бошлади. Салдан кейин врач етиб келди. Пуаро қизни унинг ихтиёрига қолдириб, мени бир чеккага бошлади. Доктор Саваронов ҳеч ерда йўқ эди.
— Нима гап ўзи, Пуаро? — деб сўрадим мен ҳанг-манг бўлиб.
— Гап шундаки, мен иккита бир-бирига ўхшаш хулосадан нотўғрисини танлабман. Эсингиздами, Соня Давилованинг ролини ижро этиш осон, чунки тоғаси уни жуда кўп йиллардан бери кўрмаган, деб айтган эдим?
— Ҳа.
— Ана ўша хулосамнинг тескариси тўғри чиқди. Айтмоқчиманки, тоғанинг ролини ижро этиш ҳам ҳеч қийин эмас.
— Нима?
— Саваронов чиндан ҳам инқилоб пайтида ҳалок бўлган. Ўзини энг оғир муҳтожликларни бошидан кечирган қилиб кўрсатган, жудаям ўзгариб кетганлиги сабабли, ҳатто ошна-оғайнилари ҳам танийолмай қолган, жуда катга бойликка меросхўр бўлган одам…
— Хўш? Ким экан у?
— “Тўртинчи рақам”. Соня унга Катта тўртлик ҳақида эшитганини айтганида, у бекорга чўчиб кетмаган. Эҳ, у яна қўлимдан чиқиб кетди. Бу жумбоқни ахири ечишимни у сезган, шунинг учун бегуноҳ Иванни, хўжакўрсинга, сохта топшириқ билан жўнатган ва ўзи қизнинг оёқ-қўлини боғлаб қочиб қолган. Аминманки, бу орада у мадам Бонунинг омонатидан катта бир қисмини пулга айлантиришга улгурган.
— Унда, Савароновни ўлдирмоқчи бўлганлар ким экан?
— Уни ҳеч ким ўлдирмоқчи бўлган эмас. Айнан Уилсон эди режадаги қурбон.
— Нега ахир?
— Дўстим, биласиз, Саваронов дунёда иккинчи ўриндаги шахматчи ҳисобланган. Тахминларга кўра, “тўртинчи рақам” шахмат ўйинининг “ш” ҳарфини ҳам билмайди. Турган гапки, у ўз ўйини билан ҳеч кимни лақиллата олмасди. Шунинг учун у матчдан бош товлашга уриниб кўрган. Бу нияти пучга чиққач, Уилсоннинг тақдири ҳал қилинган. Уилсон “буюк Саваронов”нинг ҳатто ўйин қоидасидан ҳам бехабар эканлигини кўрмаслиги керак эди. У Рюи Лопес ўйинининг муқаддимасини маъқул кўриб, шу усул билан ўйнамоқчи бўлган. Лекин “тўртинчи рақам” уни учинчи юришдаёқ ўлимга рўпара қилган — бу билан у навбатдаги дона суришдан, яъни ҳимояга ўтиш масаласини ҳал қилишдан қутилиб қолган.
— Азизим Пуаро, — деб эътироз биддирмоқчи бўлдим мен, — ахир у тентак эмас-ку! Мен сизнинг далилларингизга тушундим, улар тўғри бўлса керак, албатта, лекин фақат ўзининг машъум ролини бундан кейин ҳам ижро этиш мақсадидагина одам ўлдириш — бунга ақлим бовар қилмайди! Бошқа иложини топиш ҳам мумкин эди-ку. Масалан, врач шахмат ўйнашни унга ман этиб қўйганини, ўйнаса, қаттиқ ҳаяжонланиши ва касал бўлиб қолишини айтса бўларди-ку.
Пуаро пешонасини тириштирди.
— Тўғри, Хастингс, — деди у, — бошқа йўллар ҳам бор, лекин улар у қадар ишончли эмас. Қолаверса, сиз одам ўлдирилишини хоҳламаганингиздан шундай қарорга келяпсиз, тўғрими? Аммо “тўртинчи рақам”нинг мулоҳазаси тамомила бошқача. Мен ўзимни унинг ўрнига қўйиб кўряпман, лекин сиз бундай қилолмайсиз. Мен унинг фикрини ўқияпман. У фоссмейстерлик ролини ижро этишдан ҳузур қилади. Аминманки, бу ролни пухта ўрганиш учун у шахмат турнирларига бориб ўйинларни кузатган. У қовоқ солиб ўтиради, ўзини ўйинни режалаштираётгандай қилиб кўрсатади, аммо ичида кулиб ўтиради. У фақат иккита юришни билади — ундан кейингисининг кераги йўқ. У, яъни “тўртинчи рақам” мамнун, чунки ҳозир юз берадиган воқеани — рўпарасидаги рақиби, у тузган режага кўра, ўзини ўзи ўлдиришини олдиндан билади… Ҳа, ҳа, Хастингс, мен унинг психологиясини тушуна бошладим.
Мен елкамни қисиб қўйдим.
— Сиз ҳақсиз албатта, лекин ҳайронман, нега у бундай хатарли ишга журъат этдийкин?
— Хатарли иш? — деди Пуаро тўнғиллаб. — Бунинг нимаси хатарли? Нима, Жеп унинг бу жумбоғини еча олармиди? Йўқ. Агар “тўртинчи рақам” кичкинагина бир хатога йўл қўймаганида, ҳеч қандай хатар юз бермаган бўларди.
— У қандай хато экан? — деб сўрадим мен, гарчи эшитадиганим жавобни олдиндан билсам ҳам.
— Mon ami, у Эркюль Пуаронинг миясидаги майда-майда, одмигина ҳужайраларини ҳисобга олмаган.
Пуаронинг фазилатлари кўп, лекин камтарлик бу фазилатлар сафига кирмайди.
Русчадан Қодир Мирмуҳамедов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 1998 йил, 7-сон
[1] Ласкер Эмануэль (1868-1941) — немис шахматчиси, фалсафа ва математика фанлари доктори. Шахмат бўйича жаҳон чемпиони (1894—1921).