Тўлқин Тоғаев. Бир ибора изидан ёхуд «оғиз жуфтламоқ» ҳақида

Тўлқин Тоғаев, филология фанлари номзоди, доцент

Тўлқин Тоғаев,
филология фанлари номзоди, доцент

Бугунги кунда тилимизда ғалати машҳурга айланган, ўзининг тўғри қўлланишидан чекинган бир талай ибора ва мақоллар учрайди. Эскидан маълум бўлган “ғалати машҳур” дегани, Эркин Воҳидов ибораси билан айтганда, “…машҳур бўлган хато демакдир. Бирор сўз ёки иборани хато ишлатиш оммалашиб кетса ва у табиий қабул қилинадиган бўлиб қолса, энди бошқа йўл йўқ, ноилож рози бўласиз. Ғалати машҳур ана шу”. Масалан: “Отамнинг ўлишини билганимда, бир қоп кепакка алмашардим” (аслида “Отимнинг ўлишини билганимда, бир қоп кепакка алмашардим”), “Кампирнинг дарди ғўзада” (аслида “Кампирнинг дарди ғозада” каби мақол ва маталлар, “Кўз очиб юмгунча” (аслида “Кўз юмиб очгунча”) каби иборалар, “Техника хавфсизлиги” (аслида “Хавфсизлик техникаси”) каби бирикмалар шулар жумласидандир.

Тилимизда фаол ишлатиладиган “Оғиз жуфтламоқ” ибораси ҳам шулар сирасига киради. Бу турғун бирикманинг маъноси луғат китобларда, хусусан, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да (2005) қуйидагича изоҳланади:

“Оғиз жуфтламоқ. Сўзлашга шай бўлмоқ, тайёр бўлмоқ. Мен жавоб қайтаришга оғиз жуфтлаган эдим, Шоҳида оғзимдаги сўзимни юлиб олди. М. Жабборов, Севинч ёшлари.

Оғиз жуфтламоқ. Гапириш учун тайёрланмоқ, ҳаракат қилмоқ. Опа бир-икки марта гапга оғиз жуфтладию, гапиролмади.С. Аҳмад, Уфқ.”.

Машҳур тилшунос Шавкат Раҳматуллаевнинг “Ўзбек тилининг изоҳли фразеологик луғати”да “оғиз жуфтламоқ” иборасига шундай изоҳ берилган: “Оғиз жуфтламоқким. Гапиришга ҳозирланмоқ. Варианти: оғз(и)ни жуфтламоқким (ўзининг)”.

Ушбу изоҳ қисмидан кейин қуйидаги мисоллар келтирилган: “Бу менинг ишим, аралашманг”, – демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаяпсизу, айтишга андиша қиляпсиз, сезиб турибман. Р.Файзий, Тош ойна”.

Ўзбек тилига оид изоҳли луғатларга оғиз жуфтламоқ иборасининг киритилиши ва изоҳланиши бежиз эмас, чунки бу турғун бирикмани катта авлод ёзувчиларидан тортиб, бугунги кенжа вакилларигача ўз асарларида қўллаганлар ва бу давом этмоқда. Ғафур Ғуломнинг 1936 йилда чоп этилган “Довдираш” асарида (“Шум бола” қиссаси дастлаб шу ном билан аталган) бу ибора илк бор муаллиф томонидан тузилиши бирмунча ўзгартирилган ҳолда ишлатилганини кўрамиз: “Мен бўлсам домланинг нима ниятда эканлигини тушунмасдан, ҳурккач кийикдек оёғимни бир ерга ғуж қилиб қочишға ҳозирланган, оғзимни бўлса додлашга жуфтлаган эдим”.

“Шум бола” номи билан чиққан 1938 йилдаги нашрда бу жумладаги ҳурккач ва жуфтлаган сўзлари ҳуркович ва чўтлаган сўзларига алмаштирилган: “Мен бўлсам, домланинг нима ниятда эканлигини тушунмасдан, ҳуркович кийикдек оёғимни бир ерга ғуж қилиб қочишға ҳозирланган, оғзимни бўлса додлашга чўтлаган эдим.

Бу ёзувчи қаламига мансубми ёки муҳаррирларнинг “ижоди”ми, бу ҳақда бир нима дея олмаймиз. “Шум бола”нинг кейинги барча нашрларида юқорида мисол келтирилган жумла “Довдираш”даги билан айнан бўлиб, фақат ҳурккач сўзи ўрнига“ҳурковуч” қўлланган.

Бу иборани қўллаган бошқа ёзувчиларимиз асарларига мурожаат қилайлик:“У бир нима демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади, бироқ шу пайт яна кўшк оғаси кириб таъзим қилди” (О.Ёқубов. “Кўҳна дунё”).

Мана бу мисол Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романидан олинди: “Моҳим Бобурни: “Кўз очиб кўрган танҳо ёримсиз, жисмимдаги жонсиз!” демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаб кўрдию, лекин атрофидагилардан уялди”.

Кўрамизки, оғиз жуфтламоқ ибораси бадиий адабиётда саксон йилдан ошибдики, фаол қўлланиб келмоқда. Бу иборани нега ғалати машҳур деганимизни исботлашга ўтамиз.

Бу ибора аслида “оғиз жўбламоқ” бўлган. Биринчи ўзбек романи “Ўткан кунлар”да Абдулла Қодирий шу шаклда тўғри қўллаган: “Қутидор ниманидир Отабекдан сўрамоққа оғзини жўплаб турса ҳам Акрам ҳожи билан Зиё шоҳичининг алланарса тўғрисидаги гаплари кети узилмай давом этар эди”.

Асарда бунга бир неча мисоллар учрайди: “Ман, – деди Отабек ва ўзининг мантиқсиз жавобидан ўнг­ғайсизланиб, тузик жавоб беришка оғзини жўблаған ҳам эди, чиқғучи “сиз кимсиз?” деган савол билан уни тўхтатиб қолди”.

Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида ўзбек имлосининг фонетик тамойилига, яъни сўзлар қандай талаффуз қилинса, шундай ёзилишига кўра жўб сўзи жўп шаклида ҳам қўлланган.

Ёзувчи бошқа ўринда “жўбланган тил” бирикмасини ишлатадики, бу ҳам жўб ўрнини эгаллаб олган жуфт сўзи аслида “бегона” эканини кўрсатади, чунки “жуфтланган тил” мантиқдан хориж­дир: “Бу сўз Азизбекга сиҳр каби таъсир қилди, даҳлизда турғучи йигит орқалиқ жаллод чақиришға жўбланган тили ўз зарарига ҳаракатланди…”.

Жўбламоқ феълининг ясалишига асос бўлган жўб сўзининг маъносини билиб олишимизга тўғри келади. Умуман, бу ўзбекча сўз мумтоз адабиётимизда, халқ оғзаки ижодида қўлланган. Хусусан, жўб сўзи Навоий ҳазратлари томонидан бирмунча фаол ишлатилган. “Навоий асарлари луғатида” (1972) бу сўз “тенг, мос, боп, муносиб” каби маъноларга эга экани қайд этилган.

“Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”да (1983) жўб сўзининг бир неча маъноси берилган ва уларга шоир асарларидан мисоллар келтирилган. Биз ҳам унга таяниб ва қўлимиздаги натижаларга асос­ланиб мазкур сўз англатган яна кўпгина маъноларни аниқладик:

1) мос, муносиб, лойиқ, тўғри:

Ки, ул бўлғай ойини ҳикматқа жўб,
Не андин керак бўлғай озу, не кўп
(“Садди Искандарий”).

Мазмуни: у (зиёфат ва меҳмон кутишнинг йўл-йўриғи) ҳикмат қоидаларига мос, муносиб бўлсин, меъёридан оз ҳам, кўп ҳам бўлмасин.

Иш азиму йўл йироқу хавф кўб,
Нечук ўлғай азмимиз бу йўлға жўб
(“Лисон ут-тайр”).

Қушлар сафари кайфиятида айтилган бу мисраларни “иш оғир, йўл узоқ, хавф кўп бўлса, нима учун бизнинг бу аҳдимиз бу йўлга муносиб, лойиқ бўлсин”, деб тушунтириш мумкин.

2) тенг; мувофиқ:

Уйи саҳро қуми ҳисобиға жўб,
Эли худ неча ончадин ҳам кўп
(“Сабъаи сайёр”).

Мазмуни: уйининг сони саҳро қуми ҳисобига тенг, яъни саҳро қумича келади. Эли эса ундан ҳам кўп.

Ишеким зарар нафъидин бўлса кўп,
Эмас қилмоғи ақл оллинда жўб
(“Садди Искандарий”).

Агар бир ишнинг зарари фойдасидан кўп бўлса, бу нарса ақлга мувофиқ эмас, ақлга тўғри келмайди.

3) маъқул:

“То суҳбатда неъмат кўп, аларға барча амру наҳйинг жўб” (“Маҳбуб ул-қулуб”дан).

Мутриб ва муғаннийлар зикрида айтилган бу жумлани шундай изоҳлаш мумкин: то суҳбатда, мажлисда чолғучи ва ашулачилар ўз ижролари учун оладиган неъматлари кўп экан, уларга сенинг барча амру наҳйинг, яъни яхши ишга буюриш ва ёмон ишдан қайтариш ўгитларинг маъқул.

Абдулла Қодирий бадиий сўз санъатининг моҳир устаси ўлароқ эски ўзбек, халқ жонли тилининг битмас-туганмас, ғоят сержило луғат бойлигидан самарали фойдаланган. Адиб ижоди орқали бу ўзбекча сўзнинг “мўлжалламоқ”, “кўзламоқ” каби маънолари ҳам борлиги анг­ла­шилади: “Ўзини улардан яшириш учун қутидорнинг йўлагини жўблаған эди, йигитлардан биттаси: “Бу ерда Содиқ нима қилиб юрибдир” деб юборди…”.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида (2005) жўпламоқ сўзи мўлжалламоқ, чоғламоқ, мувофиқ кўрмоқ маъноларига эгалиги тўғри кўрсатилган. Бу сўзнинг изоҳи учун Абдулла Қодирийнинг“Меҳробдан чаён” асаридан мисол келтирилган: “Хуфтон асносида Сафар бўзчи етиб келди, воқеани эшитиб, дафъатан Мирзони яшириш учун шаҳарнинг четроғида бўлган язнасининг уйини жўплади”.

Мухтор Авезовнинг тўрт китобдан иборат “Абай йўли” романи 1950–1960 йилларда Зумрад (Орифжонова) томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Мана шу тетралогиянинг учинчи китоби 1957 йилда ўзбек тилида нашр этилган. Таржимон айрим эски қозоқча сўзларни ўгирар экан, улар ўрнига бу вақтда ҳали батамом унутилиб кетмаган, халқ жонли тилида истеъмолда бўлган ўзбекча сўзларни қўллайди. Хусусан, қардош тилдаги “бирон нарсани хаёлида ҳал қилиш, тасаввурида мўлжаллаб кўриш” маъноларини англатган ұйғару сўзини мана шу ўзимизнинг жўб сўзимиз ёрдамида таржима қиладики, бу ғоят мос тушган: “Овулдаги майдагап кампирлар, баъзи бир ивир-шивирларни яхши кўрадиган овсинлар Успоннинг бева қолган хотинларини гап қилишаётир. Орқаваротдан ўзича жўплаб қўйишлар, сояга қараб тўн бичишлар ҳар кимда ҳам бор-да… Шундай пайтларда ўзларининг жўплаб кўришларига кўра: “Успоннинг уч хотини қолган бўлса, унга яраша уч оғаси ҳам қолди”.

Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, ўзбек халқ оғзаки ижодида, хусусан, топишмоқ-жумбоқларда жўб сўзи аввалдан қўлланиб келган. Фольклоршунос Шомирза Турдимовнинг “Ҳикматлар хазинаси” (2016) китобчасида бу қайд этилган:

Жуммоқ қуйдим, жубини топ,
Жумалоқ бийнинг уйини топ.

Яъни жумбоқ қўйдим, жўбини топ – топишмоқ айтдим, мосини топ дейилмоқда. Нўхат борасида айтилган бу топишмоқ халқ донишмандлигини намойиш қилиши билан бирга ўзбек тили бисотидаги ажойиб бир сўзни ўз бағрида сақлаб келмоқда. Қайд этиш керакки, келтирилган манбада бу сўз жўб шаклида бўлмоғи тўғри.

Атоқли филолог олимлар Босим Тўйчибоев ва Қозоқбой Қашқарли томонидан тайёрланиб, ўн йилча бурун нашр этилган, тилимизнинг қипчоқ лаҳжаси луғат бойлигини ўзида намоён этган “Зоминнинг тил қомуси” (2012) китобида ҳам жўб сўзини жумбоқ-топишмоқларда учратамиз:

Жуммағымдың жубыны тав,
Қозыбайдың ұйiнi тав.

Яна:

Жуммақ қойдым, жубыны тав,
Жора баваң ұйiнi тав.

Топишмоқда келтирилган жуб аслида жўб сўзининг айнан ўзидир.

С.Ғайбуллаевнинг “Қоракўл шевасининг таровати” (2017) номли луғат китобда “жўб” сўзи қайд этилгани эътиборга лойиқ. Сўзга шундай изоҳ мавжуд: Жўб – мос иш, ўрин, мақом. Жўбингни билиб юр – Ўрнингни билиб юр.

Абдулла Қодирийга замондош ёзувчилар, адибдан сўнг изма-из етишиб чиққан ўзбек ижодкорлари асарларида жўб ёки ундан ясалган сўзларни ҳозирча учратмадик. Чўлпон асарларини кўздан кечирдик, бироқ бу ибора ишлатилганини топа олмадик. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор каби ёзувчилар ижодида бу иборага дуч келмадик. Фикримизча, оғиз жўбламоқ иборасининг оғиз жуфтламоққа айлангани Ғафур Ғуломдан бошланган. Аллома адибдан кейин Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Саид Аҳмад сингари атоқли ёзувчиларимиз асарларида оғиз жуфтламоқ ибораси бўй кўрсата бошлади ва кейинги авлод қаламкашлари томонидан шу тарзда қўлланиб келмоқда. Ўтган асрнинг 70 – 80 йилларида нашр этилган изоҳли луғатларда иборанинг айнан шу шакли киритилиб, унга изоҳ берилди.

Биз ишлатмай, уни нотўғри қўллаб шундай ажойиб сўзимиздан айрилдик. Эски ўзбек тилида бир қадар фаол бўлган, ҳозирда эса унутилишга юз тутган бу сўзни мумтоз асарларимиз, булар учун тузилган луғат китобларда, халқ оғзаки ижоди намуналаридагина топиш мумкин. “Жўб” сўзи ва “оғиз жўбламоқ” иборасини замонавий ўзбек ­бадиий адабиётида энг охирги қўллаган ижодкор, аниқлашимизча, Абдулла Қодирийдир.

Тўлқин Тоғаев,
филология фанлари номзоди, доцент

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 10-cон