Техника ихтиролари чархини аслида араванинг ғилдираги тезлаштириб юборди. Аммо энди одамларнинг оламшумул кашфиётларни 4 аср кутиб ўтиришларига ҳожат қолмади. Яқинда Швейцарияда дунёнинг йирик автоконсернлари томонидан ишлаб чиқарилаётган энг сўнгги русумдаги автомобиллар кўргазмаси бўлиб ўтди. Бир-биридан чиройли, арзон ва энг муҳими, ҳар томонлама қулай бўлган мазкур транспортларни кўриб, автоконтсернлар жаҳонда юз бераётган молиявий инқирозга янада бежирим, ихчам маҳсулотлари билан жавоб бераётгандек туюлди. Мутахассислар фикрича, келгусида автомобилларни «сотка» орқали бошқариш имконияти яратилади!
21 асрга келиб барча соҳаларда шиддат ва ривожланиш янада тезлашди. Деярли ҳар куни дунёнинг у ёки бу бурчагида бирор кашфиёт қилинганини эшитамиз. Инсоният турмуш тарзининг ривожланиши янги-янги кашфиётларнинг яратилишига сабаб бўлмоқда. Одатда, ҳар қандай янгилик даставвал турли тўсиқларга дуч келади ва уларни енгиб ўтиш мобайнида яна янги ихтиролар пайдо бўлади.
Биргина мисол: Тош асрида одамзод араванинг ғилдирагини кашф этди. Орадан оз эмас 3,5 минг йил ўтгач, аравага жон киритилди. Бошқачароқ айтганда, инсоният қарийб 4 асрдан сўнг аравага мотор қўйишни кашф этди ва у машинага айланди. Натижада аравада бажариладиган ишлар бир неча бараварга қисқарди, узоқ манзиллар янада яқинлашди. Айни шу ғилдирак келгусидаги мисли кўрилмаган катта-катта ихтиролар, тараққиётга тамал тошини қўйди. Буни қарангки, ғилдиракнинг оёғини ердан узиш учун инсониятга атиги 30 йил керак бўлди. 19 асрнинг охирида тиниб-тинчимас одамзод самони ҳам забт этди – самолёт яратилди.
Жамият тараққиётида юз бераётган жадал ўзгаришлар барча соҳаларга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бу таъсир шунчалик кучлики, ахборот технологияларида бўлаётган ўзгаришлар йиллар ичида эмас, балки, ойлар, кунлар ичида ўзгариб, бойиб бормоқда. Ҳозирги кунга келиб кашфиётлар орасидаги вақт тафовути тобора қисқариб бормоқда. Ўтган асрдаги цингари бирор кашфиёт учун 30 йил ёки 30 кунни кутиб туришга ҳожат йўқ, ҳар куни бир янгилик навбат кутиб туради. Бу орқали англаш мумкинки, ҳозир ҳеч ким ўзи яратган кашфиёти билан узоқ мақтана олмайди, орадан 3 кун ўтиб ундан-да мустаҳкам, янада мукаммалашган вариант чиқиши шубҳасиз.
Хўш, замоннинг бугунги шиддати нимага олиб келади? Замонавий ахборот технологияларидаги бундай ривожланиш нимани англатади?
Ахборот технологиялари орасида энг илдам ривожланаётгани бу – уяли алоқа воситаси десак муболаға бўлмайди. Бундан 20 йил аввал кўчада бировнинг ўзи билан ўзи гаплашиб кетаётганини кўрсак, шубҳасиз уни ақлдан озган, деб ўйлардик. Бугун эса бу манзарани мутлақо оддий қабул қиламиз, “қўл телефони наушникли экан” деб қўя қоламиз.
Бугунги кунда сайёрамизда «сотка»дан фойдаланувчилар сони қарийб 4 миллиардга етди. Юртимизда дастлаб қўлида ғиштдан кичикроқ “сотка”ни кўтариб юрадиган одам бошқалар наздида юқори мартабали киши ҳисобланиб, кимдадир ҳавас, кимдадир ҳасад уйғотарди. Оддий одамлар учун мобил телефони худди “Мерседес” автомобили каби хом хаёлдай гап эди: аппарат нархи 1000 долларгача, бир дақиқалик сўзлашув эса таърифларга кўра 1 доллардан 5 долларгача бўлган. Ҳозирги кунда эса сўзлашув нархлари йилдан-йилга пасайиб, аппаратлар тобора ихчамлашиб, кичик қутичада мингдан ортиқ операцияларни бажариш имконияти пайдо бўлмоқда. Ўтган 5-6 йил ичида содир бўлган фан-техника тараққиёти бизнинг дунёқарашимизни шу каби ҳодисалар билан бойитди.
Яқин-яқинларгача биз бирор нарсани харид қилиш учун алоҳида-алоҳида дўконларга борардик. Супермаркетларнинг пайдо бўлиши эса хизмат қилишнинг янги технологияси бўлиб, у сизга керак бўладиган нарсаларни бирваракайига бир жойдан харид қилиш ва қимматли вақтни тежаш имконини яратди. Ёки автомобилларни таъмирлашни олайлик. Хуллас, ахборот технологияларида ҳам шунга ўхшаш жуда катта ўзгариш ва ютуқлар амалга оширилди. Янги ахборот технологиялари ёки компютернинг пайдо бўлиши эса соҳадаги хизмат қилиш усулини тубдан ўзгартирди.
Унинг ёрдамида банк фаолияти, иқтисодиёт, ҳаво кемаларини бошқарилмоқда, катта ҳажмли маълумотларни яратиш, тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш ва узатиш билан боғлиқ ахборот технологиялари ишлатилмайдиган бирор-бир фаолият соҳаси қолмади. Бироқ энди уйдаги компютернинг ўзи етарли бўлмай қолди. Биз истаган жойимизда, хоҳ у аеропорт бўлсин ёки қаҳвахона ва ёхуд университет бўлсин, ундан фойдаланишни истаймиз. Шунга мувофиқ компютернинг “мия”си бўлмиш протсессорлар ҳажм жиҳатидан кичрайиб бормоқда. Атиги бармоқ учидек келадиган чипларга, масалан, бутун бошли «Париж кутубхонаси»ни сиғдириб юбориш ҳеч гап эмас.
Соҳадаги бундай ихчамлашув «нанотехнология» дейилади. Бу ҳозирги пайтда энг замонавий технология саналиб, бундан мақсад ҳамма нарсани миттилаштиришдир. Масалан, келгусида барча операцияларни амалга оширадиган компютерлар қўл соати ҳажмида бўлади. Бунинг натижасида ҳозирда барча соҳаларда қўлланилаётган асбоб-ускуналарга кетаётган материаллар тежаб қолинади, нанотехнологиялар асосида яратилган буюмлар ихчамлашиб, уларнинг самарадорлиги ошади ва бундан иқтисодиёт, табиийки, катта фойда кўради.
Мутахассисларнинг фикрича, бугунги шиддат, тараққиёт шу тарзда давом этса, инсоният олдида турган энг долзарб муаммоларга ҳам ечим топилади. Башоратларга кўра, келгуси 10 йилдан сўнг медитсина ўз тарихидаги энг катта натижани қўлга киритади – саратон касалининг давоси топилади. Бу эса ўз-ўзидан ОИТС касаллигининг давосини топишга катта туртки беради. Бу ҳолат яна 30 йилдан сўнг амалга ошаркан.
Энг янги ахборот технологияларини қўллаш жамиятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шарти. Ахборот технологиялари ривожининг ҳозирги босқичида, ахборот технологиялари кун сайин ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олаётир. Соҳада шунчалик ақл-бовар қилмас ишлар амалга оширилмоқдаки, бундан инсон ҳайратга тушади.
ХХИ асрни ахборотлаштириш ва коммуникация асри деб бежиз аташмайди. Ташкилотларга ўрнатилган автоматлаштириш жиҳозлари йилдан-йилга янгиланиб, техник жиҳатдан такомиллаштириб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, янги асрда ахборот технологиялари билан ишлаш ва ахборотлаштириш жуда ривожланди. Бунга сабаб, кундалик турмушда ахборот, уларни қайта ишлаш ва узатишнинг аҳамияти ортиб бораётгани билан боғлиқ. Бу ўз навбатида жамиятнинг ҳар бир аъзосидан ахборотлаштириш ва ахборот технологиялари сирлари, унинг қоида ва қонуниятларини мукаммал билишни тақозо этади.
Ахборот технологиялари янги асрнинг янги имкониятлари. Бо соҳа билан ишлашнинг фойдали ва самарадорлиги жуда катта, бир “сир”ни сизга айтиб қўяйлик: бу “соҳа”га кириш бор-у, чиқиш йўқ! Бир ҳафтагина 21 аср технологиясидан фойдаланган, унинг имкониятларини ўз тажрибасида синаб кўрган одам тез орада унинг харидорига айланиши тажрибаларда исботланган.
ЭНГ ЙИРИК КАШФИЁТЛАР
Яқинда бир гуруҳ мутахассислар инсониятнинг турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборган сўнгги 25 йил ичидаги энг йирик ва муҳим кашфиётлар рўйхатини тузиб чиқишди. Унга кўра:
Авваллари китоб керак бўлса ёки айтайлик, ўзимиз ёқтирган ҳофизнинг қўшиқларини тинглаш истаги туғилса, албатта, харид учун дўконга боришимиз шарт эди. Ҳозир эса буларнинг барига уйдан чиқмай ҳам эга бўлишимиз мумкин. Бугун янги мобил алоқа, симсиз технологиялар (1-ўрин) туфайли ахборот ва маълумотлар бизнинг доимий ҳамроҳимизга айланди. Ҳарбий техникадаги тараққиёт 2-ўринда. Ҳарбий роботлар ҳозирда Ироқни миналардан тозалаш ва Афғонистондаги ғорларни тафтиш қилишда қўл келмоқда.
Нефт нархининг ошиб кетиши эса муқобил ёнилғи (масалан, водород, ядро, қуёш нури) билан ишловчи двигателлар (3-ўрин) турларига эҳтиёжни кучайтирди. Мутахассислар соҳалар ичида ҳақиқий бурилиш ясаган инновацион технологияларга муносабат билдиришар экан, компютер аталмиш мўъжизага 5-ўринни беришди. Лазер технологиялари дастлаб 1960 йили патент олган бўлса-да, амалиётда яқин ўтмишдан бошлаб қўлланила бошланди (6-ўрин). Бу усулдан тиббиётда, шу билан бирга СД ва ДВД дисклар тайёрлашда кенг фойдаланилмоқда.
Ҳаётимизга янгилик олиб келган инновациялардан яна бири илмий лабораторияларда юзага келди. Олимлар кўплаб организмларнинг генетик тузилишини тушунтириб беришди (7-ўрин). Технологиялар ва интернет ривожи молиявий операциялар, банк хизматларини ҳам такомиллаштирди (8-ўрин). Қулайлик шундаки, энди бизда интернет ёрдами билан банкдаги ҳисоб рақамимиз, кредит карточкамизни текшириш, шунингдек турли ҳисоб-китоблар ва тўловларни истаган пайтда амалга ошириш имконияти бор. Ўзида жуда кўп ахборотларни жамлаган телефон ва рақамли фотоаппаратларга 10-ўрин берилди.
1. Симсиз технологиялар
2. Мудофаа технологияси
3. Муқобил энергия билан ишловчи двигателлар
4. Биотехнологиялар
5. Компютер
6. Лазер
7. Генлар устида олиб борилган тадқиқотлар
8. Глобал молиявий тизимлар
9. Протсессорлар ва компютер чиплари
10. Рақамли қурилмалар
11. Коинот тадқиқотлари
12. Оптик тола
13. Йўлдошли телевидение ва радио
14. ДНК таҳлили
15. Видеоўйинлар
16. Биометрика
17. Электр ва сувўтказгич технологиялар
18. Сканерли микроскоп
19. Батарейкалар
20. Спамлар ва компютер вирусига қарши курашувчи технологиялар
21. Масофадан туриб бошқарувчи пултлар
22. Ҳайвонларни клонлаштириш
23. Компютер ясаш технологияси
24. Катта диагоналли экранлар
25. Об-ҳаво маълумотларини аниқловчи технологиялар.
Беҳбуд Ботиров