Туркистон халқлари қўллаган тақвимлар

Тақвим – вақт ўлчовлари-кун, ҳафта, ой, йилни хисоблаш тизими. Вақт ўлчовларини белгилаш табиат ходисаларининг самовий ёриткичлар ҳаракати билан боғлиқ даврийлигига асосланади. Тақвим ҳисобининг асоси йил бўлиб, йилнинг фасл ва ойларга бўлинишига ва давомийлигига қараб тузилган ой тақвими, ой-қуёш   тақвими ва қуёш тақвими мавжуд.

 

Ой тақвими. Ернинг табиий йўлдоши Ойнинг бир ойлик аниқ ҳаракати – 29 кун 12 соат 44 дақиқа 2 сония муддатга асосланади. Ойнинг ғарбда ўроқ шаклида кўриниши ой боши ҳисобланади. Ойнинг яна шу холатга қайтиб келишигача ўтган муддат бир ойни ташкил қилади. 29,5 куннинг 12 соати хар икки ойда бир кун қилиб қўшиб борилади. Шунинг учун ой тақвимида тоқ ойлар 30 кун, жуфт ойлар 29 кундан қилиб белгиланган. 12 соатнинг қўшимчалари (44 дақиқа 2 сония) тўрт йилда йиғилиб бир кун бўлади ва у кабиса йилининг ўн иккинчи ойи охирига 29 кунни 30 кун қилиб қўшиб қўйилади. Ой тақвимида оддий йил 354 кун, кабиса йили 355 кун бўлади. Ой тақвими мусулмон оламининг хижрий йил ҳисобига асос қилиб олинган.

 

Ой-қуёш тақвими. Ой ва қуёшнинг харакатига асосланган мураккаб тақвим. Бу тақвимда йил 12 ой (бир йили 353-355 кун)дан, баъзан эса 13 ой (бир йили 383-385 кун)дан иборат бўлади. Ой-қуёш тақвимининг хар 19 йилидан 12 йили 12 ойдан, 7 йили 13 ойдан қилиб ҳисобланади. Араблар жоҳилият даврида-исломдан аввал ой-қуёш тақвимига амал қилганлар. Бу тақвимдан яҳудийлар милоддан аввалги IV асрдан бошлаб хозиргача фойдаланиб келадилар. Ўрта асрларда хитойлар ҳам ой-қуёш тақвимини қўллаганлар.

 

Қуёш тақвими. Бу тақвим Ер қуёш атрофини бир марта айланиб чиқиш муддати – 365 кун 5 соат 48 дақиқа 46 сонияга асосланади. Бир йилни ана шу муддат билан ҳисоблаш қадимги мисрликлар, эронийлар, хоразмийлар ва бошқа халқлар тақвимларига асос қилиб олинган. Қуёш тақвимида йил 12 ойдан иборат. Бир йил 365 кун 6 соатни ташкил қилади (5 соат 48 дақиқа 46 сония яхлитланиб 6 соат қилиб олинади). Уч йил 365 кундан, оддий йил, тўртинчи йил эса оддий йиллардан ортиб қолган соатлар 1 кун қўшилиб 366 кун – кабиса йилидан иборат бўлади. Ҳозирги вақтда дунё халқлари қуёш тақвимига асосланган йил ҳисобини қабул қилганлар. Ер куррасидаги халқларнинг барча алоқа ва муносабатлари қуёш тақвими бўйича олиб борилади.

Юқоридагилардан маълум бўладики, тақвимлар ҳар хил бўлган. Жаҳондаги турли халқлар мазкур тақвимларнинг биридан фойдаланганлар. Улар тақвимни ўз ҳаётларига, турмушларига татбиқ этишни ўз тарихларида чуқур из қолдирган воқеалар давридан бошлаганлар. Ана шу воқеа, яъни тақвим бошланган даврни ҳар бир халқ ўз хаётида тарих боши-бошланғич тарих деб қабул қилган.

Бошланғич тарих-тақвим бошланиши (русча “эра”)га турли халқлар турли воқеаларни асос қилиб олганлар. Масалан: яҳудийлар хилқат (дунёнинг яратилиши)ни, мисрликлар Нил дарёсининг тошишини, юнонликлар илк олимпиада ўйинларини, римликлар Рим шаҳрининг қурилишини, насронийлар Исо алайхиссаломнинг “туғилиши” (милод)ни, мусулмонлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага хижратларини асос қилиб олганлар ва ҳоказо.

Тарих боши – тақвим боши бўлган юқоридаги воқеаларнинг кўпи унутилиб кетган. Улардан бугунги кунда маданият дунёсида фақат милод ва ҳижрат бошланғичлари қолган холос.

Демак, тарихда турли халқлар хар хил тақвимлардан фойдаланганлар. Ҳар бир тақвимни юритишнинг ўзига хос қоидалари, тақвим бошининг сабаби ва бошланиш вақти, ойлар сони ва ҳар бир ойнинг неча кундан иборатлиги бошқа тақвимларга солиштирилганда тафовутлар борлиги маълум бўлган. Бу тафовутларни бартараф этиш, мумкин қадар аниқликка эришиш мақсадида вақти-вақти билан тақвим соҳасида ислоҳотлар ўтказиб туришган. Тақвимни тузатиб, тўғрилаб туриш йўлидаги бу ишлар хукмдорлар, фалакиёт ва риёзиёт олимлари, ҳисобдонларнинг биргаликдаги маслаҳат ва таклифлари асосида амалга оширилган. Марказий Осиёда қўлланган тақвимлар ва Оврупода илк ўрта асрлардан бошлаб қўлланиб келаётган милодий тақвим тарихида бир неча ислоҳотлар бўлиб ўтгани маълум.

Туркистон заминида яшаб келаётган халқлар тақвим-йил ҳисобидан фойдаланишда дунёнинг энг маданий халқларидан бири ҳисобланадилар. Бу ўлкада тақвимларга амал килиш қарийб уч минг йилдан буён давом этиб келади. Шу давр мобайнида Туркистон халқлари қадимги туркий, хоразмий, суғд, авесто (қадимги эрон), яздигир, Ҳижрий-шамсий, Ҳижрий-қамарий, мелодий йил ҳисобларидан фойдаландилар. Биз қуйида Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Қошғарий, Умар Хайём, Мирзо Улуғбек ва бошқа олимларнинг асарларидан ҳамда турли тарихий илмий ва адабий манбалардан фойдаланган ҳолда юқорида санаб ўтилган йил ҳисобларининг бошланиши тузилиши ва амалда қўлланиши хақида бахоли қудрат мулоҳаза юритамиз.

 

Қадимги туркий йил ҳисоби – Туркий халқларнинг энг қадимги ва илк ўрта асрларда кўллаган тақвимлари, йил ҳисоблари ҳақида жуда оз маълумотлар сақланиб қолган. Бу хақда маълумот берувчи манбалар Абу Райхон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” ва Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону лутотут турк” асарларидир.

Абу Райхон Беруний ўз асарининг уч жойида туркий халқлар тақвимини эслатиб ўтади. Асарнинг 103-сахифасида қатор шарқ халқлари тақвимлари ҳақида гапириб турк ва ҳазарларни хам тилга олади: “Ҳинд, хитой, тибет, турк, ҳазар, хабаш ва занги каби бошқа миллатларнинг ойларига келсак, гарчи улардан баъзисининг номлари бизга аниқ маълум бўлса хам, то уларнинг барчасини билиш вақти келгунча баён этишдан тўхтадик”.

Беруний иккинчи марта ўз асарининг 104-сахифасида қуйидагиларни ёзади: “Булар (яъни туркий халқлар тақвими)нинг миқдорлари, маънолари ва кайфиятларидан воқиф бўлмадим”. Шундан кейин олим туркий халқлар тақвимидаги ўн икки ой номини беради: 1. Улуғ ой. 2. Кичик ой. 3. Биринчи ой. 4. Иккинчи ой. 5. Учинчи ой. 6. Тўртинчи ой. 7. Бешинчи ой. 8. Олтинчи ой. 9. Еттинчи ой. 10. Саккизинчи ой. 11. Тўққизинчи ой. 12. Ўнинчи ой.

Беруний мазкур саҳифада яна турк тақвими ҳақида гапириб “Турк жадвали” деган сарлавҳа остида ўн икки ҳайвон номи билан аталадиган ўн икки йиллик мучал ҳисобининг номларини ҳам келтиради: 1. Сичқон. 2. Уд (сигир). 3. Барс. 4. Товушқон (қуён). 5. Луй (балиқ) 6. Йилон (илон). 7. Юнт (от). 8. Қўй. 9. Пичин (маймун). 10. Товуқ. 11. Ит. 12. Тўнғиз.

Юқоридагилардан маълум бўладики, туркий халқларнинг асосий тақвими мучал ҳисобидан иборат бўлган йилнинг ўн икки ойи Беруний келтирган номлар билан аталган. Бироқ Беруний туркий халқларда қадим замонлардан буён бирор воқеа асос қилиб олинган “Тарих боши” деб аталган, рақам билан ҳисоблаб келинадиган йил ҳисоби тўғрисида маълумот бермайди. Шу билан бирга юқорида айтилган ўн икки ойнинг кунлар миқдори, оддий ва кабиса йили, йилнинг бошланиши янги куннинг қачондан ҳисобланиши қам айтилмайди. Ҳар ҳолда қадимги туркий халқларда ҳам Яқин ва ўрта Шарқдаги бошқа тақвимларда бўлгани каби йил боши баҳорги тенгкунликдан бошланган. Чунки қадимги туркий халқлар қўллаган мучал йилининг биринчи куни баҳорги тенгкунликдан ҳисобланади.

ХI-асрнинг буюк тилшунос олими Маҳмуд Қошғарий “Девону луғотут турк” асарининг биринчи жилдида туркий халқларнинг тақвими ҳақида қисқача тўхтаб ўтади. Маҳмуд Қошғарий ҳам Абу Райҳон Беруний каби қадим замонлардан бери давом этиб келаётган тарих боши (эра) ҳақида қеч нарса демайди. Олим фақат Беруний келтиргани каби йилнинг ўн икки ойини беради. Маҳмуд Қошғарий туркий халқларда кунларнинг номи йўқлигини, араблар келгандан кейингина кунлар ҳафта ичидаги кун номлари билан айтилиши одат тусига кирганлигини қайд этади. Шундан сўнг тилшунос олим туркий халқлар азалдан мучал ҳисобидан фойдаланиб келаётганликларини ёзади. У мучал таркибига кирган ўн икки ҳайвон номини сичқондан бошлаб тўнғизгача санаб ўтади. Айрим олимларнинг фикрича туркий халқларда тарих боши (эра) бўлган ва у турк хоқонлигининг 571-йилда ўрнатилишидан бошланади, дейдилар. Бу фикрни исботлаш учун Урхун-Энасой ёзувларида битилган қабр тошларидаги битикларга мурожаат қилайлик. Жумладан Култегин ёдномаси шундай тугалланади. “Култегин қўй йилида ўн еттинчи кунида ўлди. Тўққизинчи ойнинг йигирма еттисида азасини ўтказдик. Биносини, нақшини, битиктошини Маймун йилида, еттинчи ойнинг йигирма еттисида бутунлай тугатдик. Кул тегин қирқ етти ёшида вафот этди”. Юқоридаги санани Хитой йилномалари билан қиёслаб ҳисобланганда мелодий 731-йилнинг 27-феврали келиб чиқади.

Билга хоқон ёдномасининг хотимаси шундай:

“Отам хоқон ит йили ўнинчи ойнинг йигирма олтисида вафот этди. Тўнғиз йили бешинчи ойнинг йигирма еттисида дафн маросимини қилдирдим”. Ушбу сана 734-йилнинг 26-ноябрга мувофиқ тушади.

Урхун-Энасой ёзувидаги бошқа йирик ёдномаларда ҳам хотимада китобат тарихи юқоридаги тартибда берилади. Яъни ойнинг сони, унинг куни ва мучалдаги ҳайвон номи қайд этилади. Азалдан давом этиб келаётган тадрижий йил ҳисоби-тарих боши (эра) бўлганда, Абу Райҳон Берунийдек синчков олим албатта кўрсатиб ўтган бўлар эди.

Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Қошғарий асарларида ва бошқа манбаларда туркий халқларнинг асл йил ҳисоби 12 ҳайвон номи билан аталувчи мучал ҳисоби билан юритилган. Бу ҳисоб туркий халқлардан ташқари мўғул ва хитой халқларида ҳам мавжуд. Бу ҳисоб кейинчалик Осиёнинг бошқа халқларига ҳам тарқалган.

 

Хоразмий йил ҳисоби – қадимги хоразмда яшаган хоразмийларнинг қуёш тақвимига асосланган йил ҳисобидир. Абу Райҳон Берунийнинг хабар беришича хоразмий йил ҳисоби Ўрта Осиёдаги энг қадимги йил ҳисоби ҳисобланади. Бу тақвим Берунийнинг кўрсатишича Искандар Зулқарнайндан 980 йил аввал бошланган яъни, мелоддан аввалги минг йилликнинг бошларига тўғри келади. Абу Райҳон Беруний яшаган даврда хоразмий йил ҳисоби икки минг йилдан ошиб кетган бўлади. Хоразмий тақвимида бир йил 12 ойга бўлинган ва ҳар бир ой 30 кундан иборат бўлган. Қўшимча 5 кун йил охирида 12-ойга қўшилган ва бир йил 365 кунни ташкил этган. Ҳар йили қолдиқ сифатида   ортиб   қоладиган   чорак кунга хоразмий тақвимида эътибор берилмаган. Янги йил баҳорги тенгкунликдан бошланган. Ой номлари Абу Райҳон Беруний асарида икки хил тўлиқ ва қисқартирилган шаклларда келтирилади. Ойларнинг тўлиқ номи жуда узун бўлиб, кўпчилик товушларни ундош ҳарфлар ташкил қилади. Беруний хоразмийча ой номларининг қисқартирилган шаклини қуйидагича келтиради: 1. Новсоржий. 2. Ардвст. 3. Хрвдод. 4. Жирий. 5. Хмдод. б.Ахшриврий. 7. Авмрий. 8. Енохи. 9. Арв. 10. Римжд. 11. Аршмн. 12. Исфандоражий. Беруний ойларнинг тўлиқ номини берган бўлса-да, аммо кундалик иш юритишда ва маъмурий ҳужжатларда ойларнинг юқорида келтирилган қисқа шаклидан фойдаланилган. IV-VIII аср қадимги хоразмий ёзуви ҳужжатларида ва XII-XIV аср араб-хоразм ёзуви манбаларида ой номлари юқоридаги шаклларда қўлланади. 12-ойга қўшиладиган 5 куннинг махсус номи йўқ. Қадимги эрон (авесто) ва суғд тақвимида бўлгани каби хоразмий тақвимида ҳам ойнинг ҳар бир куни (30 куни) алоҳида-алоҳида ном билан юритилган. Беруний 30 кунга қўйилган 30 хил номни ҳам беради.

Хоразмий тақвими атамалари хоразмий ёзуви ва хоразмий тили истеъмолдан чиқиши билан бутунлай унутилиб кетди. Айрим атамалар XIV аср хоразмий тили ёдномаси “Кунят ул-мунё”да учрайди холос.

 

Суғд тақвими. Хоразмий тақвимига жуда яқин бўлган суғд тақвимининг вужудга келишида хоразмий тақвими асос бўлган бўлса ажаб эмас, чунки хоразмий тили билан суғд тили кўп жиҳатдан бир-бирига якин туради. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки хоразмий ойларининг номлари ҳам, суғд ойларининг номлари ҳам луғавий жиҳатдан қандай маъно бериши номаълум. Бу ҳақда Абу Райхон Беруний ҳам тўхталмайди. Хоразмий тилидаги ва суғд тилидаги ҳужжатларда ҳам ойларнинг қандай маъно англатиши хусусида маълумотлар йўқ.

 

Суғд йил ҳисоби – Марказий Осиёда яшаган суғдийларнинг қуёш тақвимига асосланган йил ҳисоби. Сўғд тақвими қадимги эрон (авесто) ва хоразмий тақвимларига жуда яқин бўлган. Бир йил 12 ой ва хар бир ой 30 кундан ташкил топган. Ортиқча беш кун йилнинг 12-ойи охирига қўшилган. Бу беш   кун  алоҳида  ном  билан   айтилган.   Ҳар  йили  қолдиқ сифатида йиғилиб борадиган чорак куннинг тўрт йилда тўла бир кун бўлишига эътибор қилинмаган. Янги йил баҳорги тенгкунликдан бошлаган. Суғд ойларининг тартиби ва номлари қуйидагича: 1.Навсард. 2.Жаржин. З.Найсанж. 4.Басоканж. 5.Ашнханда. б.Мажнда. 7.Фаркон.        8.Обонж. 9.Фуғ. 10.Масфуғ. 11.Жамданж. 12. Хашвим. Ойлар номларининг ўқилиши ва айтилишида айрим тафовутлар бор. Чунки қўлёзма манбаларда (Абу Райҳон Беруний асарларида ҳам) суғд ойларининг номи фақат ундош товушлар билан ёзилган. Ундошлар орасидаги унлилар ёзилмаган. Суғдийлар ҳам қадимги эронликлар каби ойнинг ҳар бир кунига (30 кунга) алоҳида-алоҳида ном берганлар.

Суғд йил ҳисоби қачондан бошланганлиги ва қайси воқеа асос қилиб олинганлиги тўғрисида маълумот йўқ. Абу Райҳон Берунийнинг хабар беришича суғд тақвими анча қадимдан мавжуд бўлса-да расмий йил ҳисоби милодий 413 йилдан бошланган. Суғд тақвимига оид атамалар ва йил ҳисоби саналари IV-Х асрларга оид тангалар, битиклар, мактублар ва расмий давлат ҳужжатларида тез-тез учраб туради. Суғд тили ва ёзувининг муомаладан қолиши билан суғд тақвими ҳам аста-секин унутила бошлади.

 

Авесто йил ҳисоби – Эрон ва Марказий Осиё халқлари қўллаган энг қадимги йил ҳисоби, тақвим. Бу тақвим зардушт таълимоти билан бирга вужудга келганлиги учун зардушт тақвими, ой номлари ва бошқа ҳамма атамалари “Авесто” китобидан олинганлиги учун авесто тақвими ҳам дейилади. Эронда қўлланган энг қадимги тақвим бўлганлиги учун ҳозирги илмий адабиётларда қадимги эрон тақвими номи ҳам ишлатилади.

Зардушт йил ҳисоби қуёш йилига асосланган бўлиб, 12 ойдан иборат. Ҳар бир ой 30 кун, яна қўшимча 5 кун бор. Бу 5 кун алоҳида ой ҳисобланади. Тақвимдаги 12 ойнинг номи “Авесто”даги маъбудаларнинг номига бориб тақалади. Ой номларидан ташқари ой таркибига кирган кунлар (30 кун) нинг ҳам алоҳида-алоҳида номлари бор. “Авесто”нинг милодий VI асрда сосонийлар даврида тузилган матнида ойлар ва кунларнинг тўлиқ номи рўйхати келтирилган. Бироқ баъзи тақвим атамалари   “Авесто”нинг   энг   азалий   қисмлари   деб ҳисобланувчи милоддан аввалги VIII-VII асрларда таркиб топган. “Готлар”да ҳам учрайди. Зардушт тақвими қачон ва қаерда тузилганлиги тўғрисида фанда ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Олимларнинг тахмин қилишича бу тақвим Шарқий Эрон ёки Марказий Осиеда милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг бошларида тузилган. Дастлаб, ғарбий Эронда Аҳмонийлар даврида расмий давлат тақвими сифатида қабул қилинган (илмий адабиётларда қадимги эрон йил ҳисоби деб аталишининг сабаби ҳам шу). Бу ҳолат Аҳмонийлар даврида зардушт динининг кенг ёйилиши билан изоҳланади Зардушт тақвими Ҳиндистонда ҳозирги вақтда истиқомат қилаётган зардушт жамоаларининг тақвими билан қиёслаб кўрилганда мазкур тақвим ғарбий Эронда Аҳмонийлар даврида милоддан аввалги 505,490,484,481, ва 441 саналарнинг биридан бошланган деб ҳисоблаш мумкин. Абу Райҳон Беруний ўзининг “Хронология” асарида юқоридаги йилларнинг энг охиргиси-милоддан аввалги 441 йилни энг тўғри сана деб олади ва зардушт тақвими шу йилдан бошланган деб кўрсатади. Зардушт тақвими 365 кун, ҳар бири 30 кундан тузилган 12 ой ва яна 5 кундан иборат, тўрт йилда яна 1 кун орттирилган. Демак, ҳар тўрт йилда (кабиса йилида) 12-ойнинг охирига 5 кун эмас, 6 кун қўшилган. Зардушт йил ҳисоби қадимги эрон манбаларида – Беҳстун ва Нақши Рустам китобаларида ҳамда бошқа ёзма ёдгорликлар ва ҳужжатларда тез-тез тилга олинади. Шундай қилиб зардушт тақвими Аҳмонийлар давридан бошлаб давлатнинг иш юритиш бўйича расмий тақвими бўлиб қолади. Шу билан бирга бу тақвим зардушт дини байрамлари, расм-русумларини олиб боришда диний тақвим ҳам бўлиб қолаверади.

Зардушт ойларининг номлари: 1. Фарвардинмоҳ, 2. Орди – беҳиштмоҳ, 3. Хурдодмоҳ, 4. Тирмоҳ, 5. Мурдодмоҳ, 6. Шаҳривармоҳ, 7. Меҳрмоҳ, 8. Обонмоҳ, 9. Озармоҳ, 10. Даймоҳ, 11. Баҳманмоҳ, 12. Исфандармазмоҳ. Ҳар бир ойда 30 куннинг махсус номи ҳам бўлган улар қуйидагилар: 1. Хурмуз, 2. Баҳман, 3. Урдубеҳишт. 4. Шаҳривар, 5. Исфандармаз, 6. Хурдод, 7. Мурдод, 8. Дайба озар, 9. Озар, 10. Обон, 11. Хур, 12. Моҳ, 13. Тир, 14. Жўш, 15. Дайба меҳр, 16. Меҳр, 17. Саруш, 18. Рашн,   19. Фарвардин,  20, Баҳром, 21.Ром, 22. Бод, 23. Дайбадин, 24. Дин, 25. Ард, 26. Аштоз, 27. Асмон, 28. Зомёз, 29. Морасфанд, 30. Анирон. Ўттиз кунга атаб қўйилган мазкур номлар йилнинг ўн икки ойидаги ҳамма кунларга тааллуқли бўлган.

Қадимги Эрон йил ҳисоби, яъни зардушт йил ҳисоби милодий 632 йилгача қўлланиб келди. 632 йилда сосоний подшоҳлардан Яздгирд III зардушт тақвимини ислоҳ қилди. Янги тақвим шу подшоҳнинг номи билан Яздгирд тақвими номини олди. Бошланиш вақти ҳам Яздгирд III нинг тахтга ўтирган куни – милодий 632 йил 16 июндан ҳисобланди. Қадимги эрон, яъни зардушт тақвимининг атамалари, хусусан ойномлари форс-тожик ва туркий манбаларда ўрни-ўрни билан учраб туради. Мазкур атамалар кўпроқ эроний ва туркий халқларнинг энг қадимги зардушт таълимоти билан боғлиқ расм-русумлари, урф-одатлари билан боғлиқ ҳолда тилга олинади.

Умар Хайём “Наврўзнома” асарида юқоридаги ойларнинг луғавий маъносини қуйидагича талқин қилади. (Изоҳ: Умар Хайём ойларнинг номини асли Авесточа демасдан Паҳлавий тилида деб айтади. Чунки Умар Хайём давригача Авесто тилидаги сўзлар Паҳлавий тилига, паҳлавий тилидаги сўзлар янги форс тилига ўтиб келарди. Шунинг учун Умар Хайём ой номларини Паҳлавийча деб тушунтиради).

Биз Умар Хайём сўзларини айнан келтирамиз.

1. Фарвардин – паҳлавийча сўз ва унинг маъноси айнан жаннатлар бўлиб, бу ой ўсимликлар ўсишининг бошланишидир. Бу ой Ҳамал буржига оид. Бинобарин, ойнинг бошидан то охиргача офтоб шу буржда бўлади.

2. Ордбиҳишт – бу ойда дунё ўзининг кўкариши ила жаннатмонанддир. Урд паҳлавий тилида “монанд” дегани. Офтоб бу ойда ҳақиқий айланиши бўйича Савр буржида бўлади. Бу ой баҳорнинг ўртасидир.

3. Хурдод – одамларни буғдой, арпа ва мевалар билан боқади. Офтоб бу ойда Жавзо буржида бўлади.

4. Тир – бу ойни “тир” атадилар, чунки бу ойда буғдой, арпа ва бошқа нарсаларни тақсим қиладилар. Офтобнинг авжи пасая бошлайди. Саратон буржида бўлади. Бу ой ёз ойининг биринчисидир.

5. Мурдод – тупроқ берди, яъни унда етилган мева ва сабзавотларни берди. Яна бу ойда хаво тупроқ тўзонига ўхшайди. Бу ой ёз ўртасидир. Офтоб Асад буржида бўлади.

6. Шаҳривор – бу ойни шаҳривор дейдилар, чунки бу даромад ойидир, яъни, подшохларнинг даромадлари шу ойга тўғри келади. Бу ойда деҳқонга ўлпон тўлаш осон. Офтоб Азро (Сунбула)да бўлади. Бу ёзнинг охирги ойи.

7. Мехр – бу ойни меҳр дейишади, чунки у инсонлар ўртасидаги дўстлик ойидир ва пишган барча мева ва бошқа нарсалар ҳамда ўзларининг улушларига текканини бирга бахам кўрадилар. Офтоб бу ойда мезонда бўлади, яъни кузнинг бошланишидир.

8. Обон – яъни бу ойда бошланган ёғинлардан сув кўпаяди ва одамлар экинларини суғорадилар. Офтоб бу ойда Ақрабда бўлади.

9. Озар – пахлавий тилида озар “олов” деганидир. Бу ойда об-ҳаво совий бошлайди ва оловга мухтожлик пайдо бўлади, яъни бу олов ойидир. Офтоб бу ойда қавс буржида бўлади.

10. Дай – пахлавий тилида “дай” девни англатади. Бу ойни “дай” дейишларига сабаб, у қаҳрли ва бу ойда ер кўкаришдан йироқдир. Офтоб Жадида бўлади. Бу қишнинг биринчи ойи.

11. Бахман – бунинг маъноси “ўшанга ўхшаган” демакдир. Чунки бу ой ўша дай ойига ўхшаб совуқ ва қуруқдир. Офтоб бу ойда Зуҳал хонасида, далвнинг жади билан туташ ерида бўлади.

12. Исфанд – бу ойни исфанд дейдилар, чунки исфанд пахлавий тилида мевани англатади, яъни бу ойда мевали дарахт ва ўсимликлар кўкара бошлайди. Офтоб бу ойда охирги Ҳут буржига етиб келади.

Қадимги Эрон ойлари юқорида айтилганидек 30 кундан бўлиб, ҳар бир куннинг авесто тилида махсус номи бор. Алишер Навоий асарларида ҳам қадимги эрон ойларининг ҳаммаси тилга олинади. Айрим холларда Навоий қадимги эрон ойларининг номларини бурж ойларининг номлари билан алмаштириб қўллайди. Чунончи: ҳамал ўрнида фарвардин, савр ўрнида ордбеҳишт, жавзо ўрнида хурдод, саратон ўрнида тир ва шунинг кабилар. Кадимги Эрон йил ҳисоби, яъни зардушт тақвими зардушт дини нуфузининг тобора пасайиши билан мелодий биринчи минг йилликнинг охирларида унитила бошлаган. Бироқ ҳозирги даврда Ҳиндистоннинг Бомбай шаҳри ва унинг атрофларида истиқомат қилаётган зардушт жамоалари ўз тақвимларини ҳамон сақлаб келмоқдалар. Улар зардушт байрамлари, маросимлари ва урф одатларини ўтказишда мазкур тақвимга амал қиладилар.

 

Яздигирд йил ҳисоби – қуёш тақвимига асосланган. Бу йил ҳисоби ўрта Осиё ва Эронда тўрт ярим аср қўлланди. Яздигирд йил ҳисоби милодий 632 йил 16 июнь – ҳижрий II йил 21 рабеъулаввалдан бошланади. Бу сана сосонийларнинг сўнгги шоҳи Яздигирд III нинг тахтга чиқиши билан боғлиқ (ҳукмронлик йиллари 632-651). Яздигирд III тақвими 365 кун бўлиб, 12 ойга бўлинади. Ойлар номи қадимги эрон (зардушт) тақвимидаги ойлар номи бир оз ўзгартириб, соддалаштириб олинган. Улар қуйидагича: фарвардин, ордбеҳишт, хурдод, тир, мурдод, шаҳривар, меҳр, обон, озар, дай, баҳман, исфанд. Ҳар бир ой 30 кундан ҳисобланади. қўшимча 5 кун 12-ой исфанд охирига қўшилади. Абу Райҳон Берунийнинг кўрсатишича бу 5 кун қадимги эрон тилида “панжи” ёки “андаргоҳ” деб аталган. Кейинчалик араб тили Эронга кириб келгандан сўнг мазкур сўз арабчалаштирилиб “андаржоҳ” дейилган. Берунийнинг ёзишича “андаржоҳ” кунлар доимо 12-ой охирига ёки бошқа ойлар охирига қўшилмай, баъзан саккизинчи (обонмоҳ) ва тўққизинчи (озармоҳ) ойлар ўртасига ҳам қўйилган. Янги йил – фарвардин ойининг 1- куни баҳорги тенг кунлик кирган (21 март)да бошланади. Яздигирд тақвимида ҳар тўрт йилда йиғилиб қолган бир кун 120 йилда бир ойни ташкил қилган. Шу бир ой 120 йилда 13-ой ҳисобланиб 120-йилнинг биринчи ойидан кейин қўшилган ва фарвардин икки деб аталган. 240-йилда эса бу 13-ой иккинчи ой ордбеҳиштдан кейин ордбеҳишт икки деб аталган ва, ниҳоят, 360-йилда учинчи ойга хурдод икки деб қўшилган.

Яздигирд йил ҳиообини қўллашда маълум қийинчиликлар туғилди. Шунинг учун милоднинг 1079 йили (Яздигирд III тақвими бўйича 447 йил) Эронда ҳукмронлик ҳилган султон Жалолиддин Маликшоҳ ибн Алп Арслон Салжуқ (ҳукмронлик йиллари 1072-1092) буйруғи билан ислоҳ этилди. Яздигирд йил ҳисоби ўрнига ҳижрий шамсий йил ҳисоби жорий этилди.

Араб истилосидан кейин қарийб тўрт ярим аср Эроннинг давлат тақвими бўлиб хизмат қилган Яздигирд йил ҳисобидан Эрондан ташқарида бўлган бошқа ўлкалар, хусусан ўрта Осиё халқлари ҳам фойдаландилар. VII-XII-асрларда Эрон ва ўрта Осиёда яратилган ёзма манбаларда – ҳужжатлар ва китобларда сана яздигирд тақвими билан қайд этилади. Айрим муаллифлар ва котиблар ўзлари яратган асарнинг ижодий тарихини ёки кўчирган қўлёзмаларининг китобат тарихини яздигирд йил ҳисоби билан берадилар. Шуни ҳам айтиш керакки яздигирд йил ҳисоби XI асрда бекор қилинган бўлса-да, айрим олимлар, котиблар амалда уни XIII асрларга қадар қўллайдилар. Чунончи: Абу Райҳон Берунийнинг Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида сақланаётган “Ат-тафҳим” асарининг 3423 раҳамли нусхасининг китобат тарихи яздигирд йил ҳисоби билаи кўрсатилган. “Ат-тафҳим”нинг мазкур нусхаси Яздигирд ҳисоби билан 628 йил меҳр ойида кўчириб тугалланган. Ушбу сана ҳижрий билан 661 йилга, милодий билан 1261-1262 йилга тўғри келади. XIII аср охирларидан котиблар яздигирд йил ҳисобини бутунлай унутдилар ва фойдаланмай қўйдилар.

 

Ҳижрий-шамсий йил ҳисоби – тарих боши (эра)ни пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳижратларидан олган ва қуёш (Шамс)нинг бир йиллик ҳаракат муддатига асосланган йил ҳисоби. Милодий 1079 (Яздигирд ҳисоби билан 447) йилда Эронда ўрнатилган Буюк Салжуқ давлатининг учинчи султони Жалолиддин Маликшоҳ ибн Алп Арслон (ҳукмронлик йиллари 1072-1092) Яздгирд йил ҳисобини ислоҳ этиш тўғрисида буйруқ беради. Тақвим ислоҳи махсус тузилган ҳайъат томонидан ўрганиб чиқилади. Ҳайъатга фалакиёт ва риёзиёт олими файласуф ва шоир Умар Хайём (1040-1123) раҳбарлик қилади. Янги тақвимни тузишдан мақсад йилнинг бошланишини баҳорги тенг кунликка тўғрилаш эди. Ваҳоланки, Умар Хайём даврида янги йилнинг бошланиши баҳорги тенгкунликдан деярли бир ҳафта узоқлашиб 14-16 мартга тўғри келиб қолган эди.  Агар янги йил 20, 21 ёки 22 мартдан бошланса мақсадга мувофиқ бўларди. Умар Хайём бошчилигидаги ҳайъат янги йилни бахорги тенгкунликдан бошлайди ва бунинг учун кабиса йили танлаб олинади. Бу тақвимда ҳам яздигирд йил ҳисобидаги каби бир йил 12 ойга бўлинади ва ҳар бир ой 30 кундан иборат бўлади. Бу тақвимда яздигирддан фарқли ўлароқ кабиса йилида 6-кун ҳам қўшилган. Кабиса йилнинг тартиби қуйидагича бўлган: хар 33 йил бир давр (цикл) ҳисобланган. Унда саккиз марта кабиса йили келган. Бунда кабиса куни етти марта 4-йил охирига, саккизинчи кабиса куни эса 5-кабиса йили охирига қўшилган. Бу тақвим ҳижратнинг 1-йили (милодий 622 йил) дан бошлаб ҳисобланди. Аммо унинг амалиётга кирган ва татбиқ этилган куни ҳижрий 471 йил 10 рамазон, яздгирд 448 йил 19 фарвардин, милодий 1079 йил 16 мартта тўғри келди. Ушбу сана хижрий-шамсий ҳисоби бўйича 458 йилнинг биринчи бошланиш куни – бахорги тенг келиш куни (наврўз) бўлди. Бошқача айтганда хижрий-шамсий йил ҳисоби бошланиш вақтини ҳижратнинг 1-йилидан олган бўлса ҳам ўз тарихининг 458 йилидан амалиётга киритилди. Бу тақвим салжуқий султон Жалолиддин Маликшоҳ ибн Алп Арслон номи билан жалолий тақвими деб ном олди. Айрим илмий адабиётларда мазкур тақвимни тузишда фаол қатнашгани учун олим ва шоир Умар Хайём номи билан Умар Хайём тақвими деб ҳам ёзилади. Яна айрим манбаларда бу тақвим туркий халқлар томонидан барпо этилган салжуқийлар давлатида татбиқ этилгани учун турк тақвими деб хам айтилади. Турк тақвими милодий (григорий) тақвимига нисбатан хатоси оз эди. Агар турк тақвими ўн минг йилда бор-йўғи икки кунлик фарққа учраса, григорий тақвимида бу фарқ жуда катта эди. Ҳижрий-шамсий йил ҳисобида аввалги тақвимдаги анъанавий ой (фарвардин, ордбехишт, хурдод, тир, мурдод, шахривар, меҳр, обон, озар, дай, бахман, исфанд) номлари сақланиб қолди. Жалолий тақвими XIX аср ўрталаригача Эронда қўлланди. Кейинроқ хижрий-шамсий тақвими ислоҳ этилиб ойларнинг кун миқдори бурж ойларининг кун микдорига тўғриланади. Шу вақтдан бошлаб ҳижрий-шамсий тақвимида қадимги эрон ойларининг номи билан бурж ойларининг номи хам баробар қўллана бошлади. Уларнинг тартиби шундай: фарвардин – ҳамал (қўй), ордибеҳишт – савр (хўкиз), хурдод – жавзо (эгизак), тир-саратон (қисқичбақа), мурдод- асад (арслон), шаҳривар – сунбула (бошоқ), меҳр – мезон (тарозу), обонақраб (чаён), озар – қавс (ёй), дай – жади (эчки), баҳман – далв (қовға), исфанд – хут (балиқ).               Ҳозирги    вақтда    Эронда    расмий    давлат    тақвими сифатида амал қилаётган ҳижрий-шамсий йил ҳисобида дастлабки олти ой 31 кундан, кейинги беш ой 30 кундан ва охирги бир ой 29 ёки 30 кундан бўлади. Эронда бурж ойларининг номлари ишлатилса ҳам расмий ҳужжатларда қадимги эрон ойларининг номи ёзилади. Ўзбекистонда ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларда хижрий-шамсий тақвимдан фойдаланилганда бурж ойларининг номи айтилади. Чунончи хижрий-шамсий ҳисоб билан 1378 йил мезон ойининг 5-куни (милодий ҳисоб билан 1999 йил сентябрь ойининг 26-куни), каби. Ҳижрий – шамсий тақвими йилнинг муайян вақтида – баҳорнинг биринчи куни (наврўз)да бошлангани учун фасллар, иқлим, оби-ҳаво ва табиатда юз берадиган бошқа такрорий, даврий ҳодисаларни кузатиб боришда жуда қулай. Шунинг учун Эрон, Афғонистон, Туркия, Марказий Осиё мамлакатларида, шу   жумладан   Ўзбекистонда   ҳам   қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ барча ишларни олиб боришда мазкур тақвимдан фойдаланилади.

 

Ҳижрий-ҳамарий йил   ҳисоби –   тарих   (эра) бошини Муҳаммад   Пайғамбар   хижратларидан  олган  ва  ой   (қамар) тақвимига асосланган йил ҳисоби. Бу йил ҳисоби анча узоқ тарихга эга. Арабистон ярим оролида яшаган қадимги халқлар милоддан аввалги минг йилликда ой тақвимини қўллаганлар. Араблар исломдан икки юз йилча олдин (милодий V аср бошларида) ой-қуёш тақвимидан фойдаланишга ўтган эдилар. Ой-қуёш тақвимида 24 йиллик давр (цикл) мавжуд бўлиб, бу такрорланиб турар эди. 24 йилнинг 9 йили 13 ойлик, 15 йили 12 ойлик бўларди. Йилга ортиқча бир ой (яъни 13-ой) қўшишни ва шу ойнинг ўзини наси деб аталган. Наси ойи қамарий ва шамсий йил ораларидаги фарқни йўқотиш мақсадида, бу фарқ бир 5 ойга тўлганда  қамарий йилга қўшимча   13-ой сифатида  қўшилган.    Бу тақвим бўйича, яъни исломгача араб ойлари йилнинг муайян вақтида бошланган (Араб ойларининг қадимги луғавий маъноси хам шундан хабар беради).

Араблар қўллаган ой-қуёш тақвимидаги ойларнинг тартиби, ном ва маъноси қуйидагича эди:

1. Муҳаррам. Таъқиқланган, манъ этилган, муқаддас маъноларини беради. Бу ойда диний анъаналар бўйича уруш ва харбий юришлар олиб бориш мутлақо таъқиқланган. Бу холат еттинчи (ражаб), ўн биринчи (зулқаъда) ва ўн иккинчи (зулҳижжа) ойларига ҳам тааллуқли бўлган.

2. Сафар. “Сариқ”, “заъфарон” деган маънони беради. Бу ойда араблар бошига оғир кулфат тушиб, баданларига оғир ҳалок қилувчи яра тошар эди. Шу касалга дучор бўлган беморларнинг ранги сарғайиб кетар эди.

3-4. Рабиъ ул-аввал ва рабиъ ул-охир. “Рабиъ” сўзи араб тилида “бахор” маъносини беради. Аммо қадимги араблар, “рабиъ” сўзини “куз” маъносида хам қўллаганлар. Ушбу ҳар икки ой куз фаслида келгани учун “биринчи куз” ва “иккинчи куз” маъноларини англатган.

5-6. Жумодиюл аввал ва жумодиюл охир. Бу ойларнинг номи “жамада” сўзидан олинган бўлиб, “қотиб қолмоқ”, “музламоқ” маъносини беради. Ушбу хар икки ой йилнинг сув яхлаб қотиб қоладиган даврига, яъни қиш фаслига тўғри келган.

7. Ражаб. “Иржоб” сўзидан олиниб, “уруш ва ҳужумлардан ўзингизни сақланг” деган маънони беради.

8. Шаъбон. “Ташааба” сўзидан олиниб “тармоқланмоқ”, “тарқалмоқ” маъносини беради. Бу ойда араблар хужумлар уюштирар эдилар.

9. Рамазон. “Рамада” сўзидан олиниб “ёндирмоқ”, “жазирама ой” маъноларини англатади. Бу ой ёзнинг энг иссиқ вақтига тўғри келгани учун шундай аталган.

10. Шаввол. “Шала” сўзидан бўлиб, “кўтармоқ”, “кўтарилмоқ”, “олиб бормоқ”, “кўчирмоқ” маъноларини беради. Бу ойда араблар орасида “шаввилу” хитоби, яъни “ўз яшаб турган жойларингиздан қўзғалинглар” сўзлари янграб турган.

11. Зулқаъда. “қаъда” сўзи “ўтирмоқ”, “ўз уйида қолмоқ” маъноларини ифодалайди.

12. Зулҳижжа. “Ҳаж” сўзидан олиниб “ҳаж қилиш” маъносини беради. Қадимги араблар Каъбага келиб шу ойда ҳаж қилганлар.

Аввал вақти-вақти билан қўшиб келинган 13-ой “наси” Муҳаммад пайғамбар томонларидан милодий 631 йилда бекор қилинди. Араблар энди фақат қамарий тақвимга, қамарий ойларга ўтдилар. Шундан кейин араб ойлари аввалги номларининг луғавий маъносини йўқотди, бир йил 365 кун эмас 354 кунга айланди, йил боши – 1-мухаррам аввалгидек хар йили муайян вақтда эмас, олдинги йилга нисбатан 11 кун барвақт келадиган бўлди. Наси ойи таъқиқланиб қамарий тақвимга ўтилганлиги Муҳаммад пайғамбар томонларидан эълон қилинганлиги сабабли бу тақвим Мухаммад тақвими ҳам дейилади.

Ислом дини вужудга келгач, мусулмонлар диний ва дунёвий ишларини олиб боришлари учун ўзларига хос тақвим-тарих бўлишига зарурат туғилди. Бу муҳим масала иккинчи халифа Умар разиаллоҳу анҳу (халифалик йиллари милодий 634-644) даврларида муҳокама қилинди ва ҳал этилди.

Милодий 631 йилда мусулмонлар қамарий ойларга тўла ўтган бўлсаларда, халифаликнинг дастлабки йилларида воқеа-ходисаларнинг содир бўлган вақтини фақат ой номи ва шу ойнинг маълум кунини қайд этиш билан чекланар эдилар. Ойга қўшиб айтиладиган сана (йил) ҳисоби йўқ эди. Мусулмонлар ўртасида ёзилган хат-ҳужжатларга сана қўйиш одати бўлмаган. Бир куни бир киши халифа Умар ҳузурларига келиб шаъбон ойида тўланиши керак бўлган қарз хақидаги ҳужжатни кўрсатади. Шунда Умар “бу хужжат қайси шаъбонга тегишли? Ўтган йили шаъбонгами ёки бу йилги шаъбонгами?” – деб сўрайдилар. Ҳудди ўша пайтларда Жазира вилоятининг волийси Абу Мусога иккита буйруқ ёзиб берилади. Бу буйруқларнинг бири иккинчисига сира тўғри келмас, бошқа-бошқа эди. Уларнинг қайси бири олдин, қайси бири кейин ёзилганлигини билолмаган Абу Мусо халифа Умардан сўрайди. Чунки хар икки буйруқда ҳам сана йўқ эди. Ниҳоят, халифа Умар ўз атрофига мўътабар кишиларни тўплаб машварат ўтказади. Тўпланганларнинг барчаси бир овоздан ой ҳисоби билан иш юритишни маъқул деб топдилар. Чунки диний аҳкомларни қамарий тарихдан бошқача юргизиш мумкин эмас эди. Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам вафотларидан бир оз олдин ой-қуёш тақвимидаги “наси” ойини бекор қилиб фақат ой ҳисобини қолдирган эдилар. Машварат қатнашчилари ўша вақтгача қўлланиб келган қамарий ой номларини ҳам сақлаб қолишни лозим кўрдилар. Бу ойлар араб аҳли ўртасида жуда машҳур эди. Ҳозир бўлганлар тақвим боши – тарих (эра) бошини қайси вақтдан, қайси воқеадан бошлаб ҳисоблашга оид турли фикрларни ўртага ташладилар. Баъзилар пайғамбарнинг таваллуд кунларидан деса, баъзилар пайғамбарликнинг келишидан тарих бошлашни айтдилар. Охири ҳазрати Али ибн Абу Толиб ислом тақвими – тарихини пайғамбарнинг Маккадан Мадинага кўчиб ўтишлари – ҳижратларидан бошлашни таклиф этдилар. Бу таклиф маъқулланди ва қабул қилинди. Пайғамбарнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб етиб борган вақтлари – рабиъ ул аввал ойидан 11 кеча ўтганда – душанба куни воқеъ бўлган эди. Бу милодий ҳисоб билан 622 йилнинг 23 сентябрь кунига мувофиқ келади.

Халифа ҳазрати Умар разиаллоҳу анҳу ҳузурларида исломнинг тақвим боши ва тарих бошини қабул килишга бағишланган мазкур машварат мажлиси ҳижратдан 17 йил кейин – 17 йил муҳаррам ойининг 1-куни (милодий 638-йил 23 январь) бўлган эди. Ҳижрат эса юқорида айтилганидек, рабиъул аввал ойининг 11 кунида, яъни ой санасининг 3-ойида бўлиб ўтган. Ваҳоланки, арабларда аввалдан йил боши муҳаррам ойининг 1-кунидан ҳисобланган. Шу сабабли тарихий воқеаларни ҳисоблаганда чалкашлик содир бўлмаслиги учун ҳижрат воқеъ бўлган 3-ойдан олдинги 1- ва 2- ойлар (муҳаррам, сафар) ҳам ҳижрат йил ҳисобига қўшиб олинди ва муҳаррам йил боши бўлиб қолди. Яъни, аниқ қилиб айтганда, ҳижрий ҳисобнинг 1-йилининг 1-куни муҳаррам бўлиб қолди. Бу санани милодийга айлантирганда 622 йилнинг 16 июлига мувофиқ тушади. Дунё бўйича шарқшунос олимлар томонидан тузилган милодий ва ҳижрий тақвимнинг мутаносиблик (синхрон) жадвалларида ҳижрий йилнинг биринчи куни милодий 622 йил 16 июль-жумъадан бошланади. Ҳижрий қамарий ҳисобда бир йил 354 кун бўлади. Тоқ ойлар (муҳаррам, рабиъул аввал, жумодиюл аввал, ражаб, рамазон, зулқаъда) – 30 кундан, жуфт ойлар (сафар, рабиъулохир, жумодиюлохир, шаъбон, шаввол, зулҳижжа) – 29 кундан ҳисобланади. Ҳижрий – қамарий тақвимда кабиса йили муайян тартибда келмайди. Баъзан уч йилдан кейин, баъзан икки йилдан кейин келади. Умуман, ҳижрий ҳисобда ҳар 30 йилнинг 11 таси кабиса йили бўлиб келади. Чунончи 1391-1420 йилларнинг 1393, 1396, 1398, 1401, 1404, 1406, 1409, 1412, 1415, 1417, 1420 йили кабиса ҳисобланади. Ана шу йилларда 1 кун орттирилади охирги ой зулҳижжа 29 кун эмас, 30 кун қилиб олинади.

Ҳижрий йил милодий йилга нисбатан қисқароқ (354 ёки 355 кун) бўлгани учун йил боши – 1-муҳаррам ҳар йили маълум вақтда келмайди. Келгуси йил олдинги йилга нисбатан 10, 11 ёки 12 кун (йилнинг оддий ёки кабиса бўлишига қараб) эртароқ келади. Бу давра 33 йил давом этиб, ҳижрий йил боши – 1-муҳаррам 33 йил олдин бошланган кунга ёки шу кун яқинига айланиб келади. Ҳижрий йил билан милодий йил орасида 10, 11 ёки 12 кун йиғилиб бориб, 33 йили ҳижрий – қамарий ҳисобда 34 йилга баробар бўлади. Милодий ҳисобда 100 йил ҳижрий ҳисобда 103 йил ҳисобланади.

Ислом дини тарқалган дунёнинг барча мамлакатларида ҳижрий қамарий йил ҳисоби диний тақвим сифатида қабул қилинган. Рўза, ҳайит, ҳаж каби исломий ибодатлар, айрим ойларда ўтказиладиган маросимлар шу тақвим асосида олиб борилади.

Ҳижрий – қамарий йил ҳисоби VIII асрдан бошлаб ислом дини, араб тили ва араб ёзуви билан бирга Туркистонга кириб келди. XX аср биринчи чорагига қадар Туркистон халқлари давлатнинг барча сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларида ва кундалик амалий ишларда ҳижрий – қамарий йил ҳисобидан фойдаландилар.

Илмий – ижодий, китобат ишларида, ҳар қандай ёзма манбаларнинг яратилган вақтини қайд этишда ҳижрий-қамарий йил ҳисоби қўлланди. Йил ҳисоби ҳар қандай ёзма манбалар, илмий ва адабий асарлар, мактублар расмий ҳужжатлар таркибида келганда одатда сўз билан ёзилган. Котиблар йил ҳисобини икки хил қайд этганлар. Агар котиб ўзи кўчирган асар охирига хотима берса китобат тарихини сўз билан ёзган. Агар котиб китобат тарихининг ўзинигина қайд этиш билан чекланса сана (йил) ни рақам билан кўрсатган.

Ҳозирги илмий адабиётларда тарихий саналар, воқеалар хронологияси хижрий ва милодий ҳисобларда ёнма – ён ёки фақат милодий ҳисобда берилади. Масалан: Алишер Навоийнинг таваллуд ва вафот саналари хижрий 844 йил 17 рамазон – 906 йил 12 жумодиюссоний – милодий 1441 йил 9 февраль – 1501 йил 3 январь шаклида кўрсатилади.

Олимлар хижрий йилни милодий йилга айлантириш бўйича бир неча формулалар тақдим этганлар. Бироқ бу формулалар ой ва кунни аниқ кўрсатиб беролмайди. Шунинг учун илмда мумкин қадар аниқликка интилиш мақсадида ҳижрий 1-йилнинг 1-мухаррамидан 1421 йилгача милодий 622 йилнинг 16 июлидан 2000 йилгача кунма-кун мутаносиблик (синхрон) жадваллари тузилган (В.В. Цыбульский. Современные календари стран Ближнего и Среднего Востока. Синхронистические таблицы и поясненения. Москва изд-во “Наука”, 1964. стр 11-114). Бундай жадваллардан фойдаланиш илмий тадқиқотда қулайлик ва ишончлилик туғдиради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси 1944 йилдан бошлаб хар бир йил учун алоҳида хижрий ва милодий ҳисобнинг кунма-кун мутаносиблик жадвалини нашр этиб келади. Бу жадвал ҳам кенг халқ оммаси XX аср иккинчи ярмида жахонда юз берган мухим воқеаларни хижрий ҳисоб билан қайси йил; қайси ой ва қайси кунда содир бўлганлигини билишда маълум ахамиятга эга.

 

Милодий йил ҳисоби – хозирги вақтда дунёнинг кўп давлатлари томонидан амалда қабул қилинган расмий йил ҳисоби, тақвим. Бу тақвим Шарқ ва ғарб манбаъларида бир неча номлар билан аталади. Шарқда Исавий йил (пайғамбар Исо алайхиссаломнинг номидан) милодий йил ҳисоби (милодий сўзи таваллуд – “туғилиш” сўзидан олинган. Бу сўз хам Исо пайғамбарнинг “туғилиши” билан боғлиқ) деб юритилади. Кўпроқ, милод, милод боши, милодий тарих, милодий йил ҳисоби, милодий тақвим, милоддан аввалги, милоддан кейинги атамалари ишлатилади. Мазкур тақвим ғарбда Оврупо тақвими (даставвал Оврупо давлатлари қабул килгани учун ), христиан тақвими (кўпроқ христианлар фойдалангани учун), Юлий тақвими (Рим императори Юлий Цезарь ташаббуси билан қадимги мисрликлардан олингани учун), Григорий тақвими (Рим папаси Григорий XIII томонидан 1582 йил 15 октябрда ислоҳ этилгани учун) номлари билан аталади. Бу номлар орасида хқзирги вақтда Григорий тақвими, Григорий йил ҳисоби иборалари машҳур бўлиб кетган. Баъзи илмий адабиётларда юлий ва григорий сўзлари бирикиб юлий-григорий тақвими деб хам айтилади. Милодий тақвимга пайғамбар Исо алайхиссломнинг “туғилиши” тарих боши қилиб олинган ва бу тушунча жуда машхур бўлиб кетган бўлса-да, аслида бу тақвимга асос бўлган йил ҳисоби тизими милоддан анча аввал қадимги мисрликлар томонидан кўлланиб келар эди.

Оврупонинг энг қадимги маданий марказларидан бўлган Римда милоддан олдин хам йил ҳисоби мавжуд эди. Бу тақвим Рим тарихи (Рим эраси) деб аталиб, Рим шахрига асос солинган кундан ҳисоблаб келинарди. Рим тақвими анча чалкаш бўлиб, бир йил 10 ойдан иборат бўларди, деҳқончилик ишлари билан машғул бўлинмайдиган қиш вақти – 2 ой йилга киритилмас эди. Йил ҳисобини шу тартибда олиб бориш тарихий воқеаларнинг кетма-кетлигини, изчиллигини ҳисоблашда кўп кийинчиликлар туғдиради. Шуларни назарда тутиб Рим императори Юлий Цеэарь милоддан аввалги 46 – йилда рим тақвими ўрнига бир мунча муккамал янги тақвим – қадимги мисрликлар йил ҳисобини қабул қилади. Бу тадбир Рим императори Юлий Цезарь ташаббуси билан амалга ошади. Шунинг учун мазкур тақвим тарихий манбаларда юлий тақвими деган ном билан ҳам аталади. Тақвимни римликлар “миллийлаштириб” ундаги атамаларни, хусусан ой номларини лотин тилида атай бошлайдилар. Мазкур тақвим ўрта аср шарқ манбаларида румий тақвими, румий йил ҳисоби, румий ойлари деб юритилади.

Абу Райхрн Беруний хам ўзининг машхур “Ал-осор ул-боқия ан ул қурун-ул-ҳолия” (қисқача “Хронология” ) асарида милодий йил ҳисобига бир неча марта тўхтаб ўтади. У мазкур тақвимни, румий тақвими, румий йил ҳисоби деб атайди, бу тақвимга биринчи марта кабиса йилини киритган Юлий Цезарь бўлади, деб ёзади. Беруний милодий йил ҳисобини қадимги халқларнинг қатор йил ҳисоблари билан қиёслайди, солиштиради. Олим милодий ойларнинг лотинча номларини юнонча талаффуз билан келтиради. 1. Январиюс. 2. Фебририюс. 3. Мартиюс. 4. Афилиюс. 5. Моюс. 6. Юниюс. 7. Юлиюс. 8. Афғустус. 9. Сентембриюс. 10. Тембриюс. 11. Новомбриюс. 12. Домбриюс.

Юлий Цезарь томонидан жорий этилган тақвим Оврупонинг кўп мамлакатларида бирин-кетин қабул қилинди. У XVI аср охирларигача қўлланди. Юлий тақвимида хам мавжуд бўлган айрим хатоликлар асрлар оша ортиб боради. Натижада 1580 йилга келиб юлий тақвимидаги 21 март билан баҳорги тенгкунлик орасидаги фарқ 10 кунни ташкил қилади. Тақвимдаги бундай катта фарқ насроний байрамларининг кунини белгилашда чалкашликлар туғдирар эди. Шу боисдан юлий тақвимини ислоҳ этишга эҳтиёж сезилди. Ўша вақтда Рим папаси бўлган Григорий XIII риёзиёт ва фалакиёт олимлари иштирокида тақвим ислохоти ҳайъати тузилади. Ҳайъат юлий тақвимининг камчиликларини ўрганиб чиқиб янги тақвим лойиҳасини тақдим этади ва амалда жорий қилинади. Бу ислоҳотга мувофиқ 1582 йил 4 октябрь-пайшанбадан кейинги кун 1582 йил 15 октябрь-жума деб эълон қилинади. Юлий тақвимидаги кабиса йили қоидаси асосан сақланади.

Шундан кейин бу тақвим юлий тақвими деб эмас, григорий тақвими деб атала бошланди. Ҳозирги вақтда ғарб илмий адабиётларида, йил ҳисоблари бўйича тузилган мутаносиблик (синхрон) жадвалларида мазкур атама ишлатилади. Аммо айрим ҳолларда олимлар юлий-григорий тақвими деб ҳам қўллайдилар.

Григорий тақвими 1582 йил 15 октябрьдан эътиборан Италия, Испания, Португалия, Полшада расмий давлат тақвими сифатида қабул қилинди. Овруподаги бошқа давлатлар XVI-XVIII асрларда Григорий тақвимига ўтишди. Григорий тақвими Россияда (шу жумладан Туркистон ўлкасида хам) 1918 йилда жорий этилди. Халқ Комиссарлар кенгашининг қарори билан 1918 йил 31 январь юлий тақвимининг охирги куни – 1918 йил 14 февраль григорий тақвимининг биринчи куни деб қабул қилинди (Григорий тақвими қабул қилингандан буён йиғилиб қолган 3 кун ҳам бир йўла қўшилиб 13 кун олдинга сурилади).

Милодий йил ҳисоби ўрта асрлардаёқ шарқ олимларига маълум бўлсада, ундан амалда фойдаланиш Туркистонга Россия истилоси билан бирга XIX аср иккинчи ярмида кириб келди. Маҳаллий тилларда тузилган айрим хужжатларда хижрий ва милодий йил ҳисоблари баробар қайд этилади. Милодий тарих саналаридан хабардор бўлган котиблар ўзлари кўчирган қўлёзмаларнинг охирида ҳижрий ва милодий саналарни ёнма-ён ёзиб қўядиган бўлдилар. Чунончи милодий 1880 – ҳижрий 1298, милодий 1885 – ҳижрий 1303, милодий 1900 – ҳижрий 1318, милодий 1917 – ҳижрий 1336, милодий 1922 – ҳижрий 1341 каби. Ҳар икки йил ҳисобидан ёнма-ён фойдаланиш XX аср биринчи чораги охирларига қадар давом этди. Сўнгра хижрий йил ҳисоби тушириб қолдирилиб фақат милодий ҳисоб расмий ва амалий тақвимга айланди.

Милодий йил ҳисоби аслида Шарқдаги энг қадимги қуёш йили тақвимларидан бири ҳисобланади. Ер қуёш атрофида 365 кун 5 соат 48 дақиқа 46 сонияда бир марта айланиб чиқади. Бу муддат бир тропик йил деб айтилади. Бир йилни ана шу муддат билан ҳисоблаш қадимги мисрликлар тақвимига асос қилиб олинган эди. Демак, милодий ҳисобда бир йил 365 кун 6 соатдан иборат (5 соат 48 дақиқа 46 сония яхлитланиб 6 соат қилиб олинади). Ҳар уч йил 365 кун 6 соатдан иборат (5 соат 48 дақиқа 46 сония яхлитланиб 6 соат қилиб олинади). Ҳар уч йил 365 кундан – оддий йилни тўртинчи йил эса оддий йиллардан ортиб қолган соатлар – 1 қун қўшилиб 366 кун – кабиса йилини ташкил қилади. Бу йил ҳисоби қадимги дунё тарихида нисбатан аниқ тақвим бўлганлиги учун уни юқорида айтилганидек Юлий Цезарь биринчи бўлиб Мисрдан Римга – Оврупога олиб ўтган эди.

Милодий йил ҳисобидаги ойларнинг тартиби, номланиши ва номланишининг сабаблари ҳамда кунлар миқдори қуйдагича:

1. Январь – 31 кун. Қадимги римликлар худоси Янус номидан олинган.

2. Февраль – 28 кун (кабиса йилида 29 кун). Қадимги римликларнинг ҳар йили 15 февралда ўтказилган февруариус – ҳалолланиш маросими номидан олинган.

3. Март – 31 кун. Қадимги римликларнинг уруш худоси Марс номидан олинган.

4. Апрель – 30 кун. Лотинча априлис “қуёш билан истиладиган” деган маънони берувчи сўздан олинган.

5. Май – 31 кун. Қадимги римликларнинг Ер худоси Май номидан олинган.

6. Июнь – 30 кун. Қадимги римликлар худоси Юнона номидан олинган.

7. Июль – 31 кун. Қадимги рим императори Юлий Цезарь номидан олинган.

8. Август – 31 кун. Қадимги рим императори Август (Юлий Цезарьнинг набира жияни) номидан олинган.

9. Сентябрь – 30 кун. Лотин тилида еттинчи деган маънони беради. Қадимги Римда йил боши – биринчи ой мартдан ҳисобланган, Сентябрь эса йилнинг еттинчи ойи бўлиб келган.

10. Октябрь- 31 кун. Лотин тилида саккизинчи деган маънони беради. Қадимги Рим тақвимида йилнинг 8-ойи.

11. Ноябрь – 30 кун. Лотин тилида тўққизинчи деган маънони беради. Қадимги Рим тақвимида йилнинг 9-ойи.

12. Декабрь – 31 кун. Лотин тилида ўнинчи деган маънони беради. Қадимги Рим тақвимида йилнинг 10-ойи.

Милодий йил ҳисобида йилнинг бошланиши турли даврларда хар хил бўлган. Чунончи, қадимги Римда 1-март Россияда (1700-йилгача) 1-сентябрь йил боши бўлган. Ҳозирги вақтда дунёнинг ҳамма ерида милодий йил ҳисобида йил боши 1-январдан бошланади.

Илгарилари тарихчилар ўз халқларининг тарихини ёритганда асосан шу халқнинг ўтмиши билан чекланар, бошқа халқлар тарихига – умумий тарихга камроқ мурожаат қилар эдилар. Мазкур тарихчилар воқеалар солномасини ёритишда ўзларининг азалдан қўллаб келган (агар бўлса) анъанавий тақвимлари – йил ҳисобини қўллар эдилар. Инсоният тарихининг кейинги даврларида хусусан XIX асрдан бошлаб ахвол  бутунлай  ўзгарди. Дунёдаги сиёсий, иқтисодий ва маданий воқеалар айрим халқларни қизиқтириб қолмай, балки жамики халқларнинг диққат – эътиборини торта бошлади. Энди дунёдаги барча маданий халқлар ўз тарихларини умум дунё тарихи билан боғлаб ўргана бошладилар. Шунинг учун жаҳон халқлари ўрта асрлардан бошлаб дунё тарихи учун ягона тақвим бўлиб хизмат қилиб келаётган милодий йил ҳисобини маъқул кўрдилар ва шуни танладилар. XX аср бошларигача жаҳондаги йирик мамлакатлар милодий тақвимга ўтиб бўлган эди. XX аср давомида айрим шарқ мамлакатлари ўзларининг анъанавий тақвимларини ҳам сақлаган холда милодий йил ҳисобини қабул қилдилар. Ҳозирги вақтда жаҳон халқлари ўзаро сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларнинг ҳамма турларини милодий йил ҳисоби асосида олиб борадилар. Милодий йил ҳисоби Бирлашган миллатлар ташкилоти амал қиладиган ягона жахон тақвими ҳисобланади.

М. Ҳакимовнинг “Туркистон халқлари қўллаган тақвимлар” (Тошкент, 1999) китобидан олинди.