Ниҳоясиз рақобатдош назариялар
Одамзод ақл ёрдамида ҳар доим ўз ишини енгиллатиб келган. Оғир меҳнатни бошқа воситалар ёрдамида осонлаштириш инсонга хос. Унинг жисмоний «дастёрлари» сифатида от, эшак, туя ва яна бир қанча жонли воситаларни келтириш мумкин. Жонсиз «ёрдамчилари»га ричаг, арава, машина, трактор каби воситаларни мисол қила оламиз. Шу билан бир қаторда, ақлий юмушларни бажарувчи қурилмалар ҳам инсоният тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Саноқ чўплари, чўтлар, устурлаб, рубъу тахтаси, механик ҳамда электрон ҳисоблаш машиналари ва ниҳоят бугунги замонавий компютерлар. Том маънода бу қурилмаларга «ақлли» таъбирини қўллаш мумкин.
Хаёлот ва ҳақиқат
«Темир хотин» филмидаги Қўчқор акани ўзига ром этган Аломат, бир қарасангиз мукаммал ашулачи, бир қарасангиз тенгсиз раққоса. Зарурат чоғида эса мислсиз уй бекаси. Пахта даласида сал кам пахта териш машинаси. Хуллас, инсон бажариши мумкин бўлган ҳар ишни дўндиради. Бу ҳали ҳаммаси эмас, темирдан ясалган «шаддод қиз» шу қадар кучли файласуф эканки, бечора Кўчқор акани беш дақиқа ичида хоҳласа кулдиради, хоҳласа ҳўнгратиб йиғлатади. Бу ёзувчи қалами маҳсули – тўқима робот. Хорижликлар хаёл қиладиган киборг одамлар манзараси эса, «Матритса» ҳамда «Терминатор» каби филмларда ўз аксини топган. Унда клонлаш орқали етиштирилган ва махсус чиплар ўрнатилган одамларни умумий сервер орқали бошқариб, бутун дунё устидан ҳукмронлик ўрнатиш каби манзараларга дуч келиш мумкин…
Қачонлардир бир ойлик йўлни бир кунда босиб ўтиш, дунёнинг бошқа бурчагида бўлаётган воқеаларни томоша қилиш, учар гиламлар ёки сеҳрли тош ойна тимсоллари эртаклардан жой олган. Аммо, ҳозирда улар кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳодисалардир. «Темир хотин», «Терминатор» ва «Матритса»лар эса бугуннинг эртаги. Хўш, у ҳолда, одамлар билан рақобат қилувчи темир киборглар келажакда ҳаётимизга кириб келиши мумкинми? Инсон ўтмишда бир-бирини қиргани етмаганидек, эндиликда «ақлли» роботлар орқали жанг қиладими? Ёки келажакда роботлар мустақил равишда инсонларга қарши туриши мумкинми? Умуман олганда, сунъий одам – роботларнинг имкониятлари қандай?
Калаванинг учи
Ҳисоблаш қурилмаларига бағишланган илмий анжуманда, Фон Нейман лойиҳаси технология соҳасида туб бурилиш ясади. Мазкур лойиҳага кўра, ишлаб чиқиладиган машина учта асосий қисмдан иборат бўлиши керак: қабул қилувчи, қайта ишловчи ҳамда натижа чиқарувчи. Яъни, у берилган буйруқ ва маълумотларни қабул қила олсин. Инсоннинг қулоғи каби эшитиш (микрофон), кўзи каби кўриш (сканер, камералар), териси каби сезиш (сичқонча, клавиатура ва сенсорли қурилмалар), ҳатто таъм ва ҳид билиш хусусиятларига эга бўлсин. Кейинги босқич, инсоннинг фикрлашига монанд, берилган масалаларни ҳал қилишга мослашган қурилмаларни ўзида мужассам этсин. Бунга протсессор ва хотира каби бошқа қурилмаларни киритиш мумкин. Энг асосий босқичда эса, натижаларни чиқариб бериш туради. Гапириш (карнай), ёзма шаклда билдириш (принтер), кўрсатиш (монитор) ва ҳоказо… ХХ асрнинг энг катта ютуғи, шабҳасиз, компютерлардир. У инсониятнинг «сунъий зеҳн» ишлаб чиқиш йўлида ташланган энг катта қадами бўлди. Ўрта асрларда Абул Из ясаган автоматлар сунъий зеҳн тизимининг илк ўрнаклари эди. Бу ҳаракатлар кейинчалик Андалусия ва Яқин Шарқ орқали Европага ўтган ва ривожланган. ХВИИ асрда немис олими Уилям Шикард, кейинроқ эса франтсуз математиги Блез Паскал томонидан илк калкуляторлар ишлаб чиқарилган. ХИХ асрда Чарлз Бебижнинг ихтиро қилган «чиқариш техникаси» ва «аналитик техникаси» компютер ва сунъий зеҳн тарихининг муҳим ихтироси саналади. Сунъий зеҳннинг фан шаклида ривожланиши Иккинчи жаҳон урушидан кейин бошланган. Алан Тюрингнинг ақлли техникалари, Норберт Уинернинг кибернетикага оид ижоди, Хёберт Саймоннинг «муносабатлар назарияси» тадқиқотлари эсга олиниши керак бўлган муҳим изланишлардир. 1940 йилнинг охирларида инглиз физиги ва математиги Алан Тюринг электрон компютерларнинг асосини ташкил этувчи ҳисоблаш назариясини илгари суради. 1941 йилда Конрад Сузе биринчи бор дастур орқали бошқариладиган компютерни ишлаб чиқди. Уоррен Маккалок ва Валтер Питслар эса, нейрон тармоқнинг асосини ташкил этувчи «Асаб фаолиятидаги ажралмас ғояларнинг мантиқий ҳисоби» (Логиcал Cалcулус оф тҳе Идеас Имманент ин Нервоус Аcтивитй) китобини 1943 йили чоп этишди. Тюринг 1950 йилда ёзган мақоласида, инсоннинг қандай қилиб ўйлашини моделлаштиришга ҳаракат қилган ва ҳозирги кунда ҳам «Тюринг тести» деб аталувчи махсус синов услубини фанга киритди.
1956 йили америкалик олим бу турдаги тадқиқотларга «сунъий зеҳн» (артифиcиал интеллигенcе) номини бериш таклифи билан чиқади. Шундай қилиб, сунъий зеҳнли қурилмалар даври бошланади.
Тескари алоқа
Тюрингга кўра, ҳар бир жавоб қайтарувчи нарса зеҳнга эга ҳисобланади. «Қўшни хонадаги компютерга тармоқ орқали хабар юборганингизда, жавоб сигнали келдими, демак, у зеҳн соҳиби, деб изоҳлайди у ўз фикрини, – компютерни ақлли деб ҳисоблаш мумкин, агар у бизни оддий машина эмаслигига ишонтира олса». Бу ҳол фан тилида «тескари алоқа» деб аталади. Масалан, бирон ҳайвонга калтакни кўрсатганингизда қочиши, яъни, сизнинг ишорангизга ўз таъсирини кўрсатиши ҳам тескари алоқага мисол бўла олади. Ҳолбуки, у маълумотни қабул қилиб олди, таҳлил қилди ва ўз жавобини берди. Яъни унда биз юқорида таъкидлаб ўтган, Фон Нейман принтсипи ишлаяпти.
Деэп Блуэ ва Cог
Суперкомпютерлар синфига кирувчи Деэп Блуэ биринчи марта 1985 йилда кашф қилинган эди. 12 йиллик қайта ишлаш натижасида, шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни мот қилди. Мазкур компютер базасида 32 та протсессор жойлашган. Жами оғирлиги 1,4 тоннани ташкил қилади. Битта шахсий компютер бир протсессорга эгалигини ҳисобга олсак, Деэп Блуэнинг қуввати камида 32 та компютерга тенг. ИБМ П2СC маркали бу чипнинг ҳар бири 160 Кб кеш хотира ва 15 миллион транзистордан иборат.
Компютернинг дастурий базаси Каспаровнинг ўйин услубини ҳам ўз ичига олган 100 йиллик шахмат ўйини услублари билан бойитилган эди (шу жиҳатдан, Каспаров ўзига ўзи ютқазди, десак ҳам бўлаверади). Деэп Блуэ лойиҳачиларидан Муррей Кампбелл (Муррай Cампбелл): «Бу ғалаба компютерга эмас, унинг орқасидаги бутун бошли гуруҳга тегишли…», дейди. Компютер эса хато қилмаслик ва чарчамаслик хусусияти билан ишни самарали қилган, холос. Массачусетс технология университети (Массачусеттс Институте оф Течнологй) олимлари сунъий зеҳн тараққиёти йўлида бошқачароқ услубда иш олиб боришди. Родни Брукс (Родней Броокс) раҳбарлигидаги гуруҳ «Cог» исмли робот устида уч йил изланиб, уни зўрға бир ойлик чақалоқ даражасига келтира олди. Сунъий зеҳн мутахассислари роботга ўрнатилаётган зеҳн тизими ўзига хос услуб эканлигини таъкидлашмоқда. Чунки, қарор қабул қилишда керакли маълумотларни жамлаш учун, робот инсондек кўриши, эшитиши ва бошқа ҳис қилиш аъзолари хусусиятларга эга бўлиши лозим. Брукс роботининг кўзлари камералар, қулоқлари микрофонлар ва ҳаракат аъзолари қўлга ўхшаш сезгир ускуналардан иборат эди. Аммо, шунга қарамасдан, олимлар «фарқлай олиш» ёки «фарқни сезиш» хусусиятига мазқур роботларнинг қачон эриша олишини аниқ айта олмаяптилар. Улар, роботларни инсонларга хос бўлган, керак пайтида ҳазиллашиш, ғазабланиш каби ҳислатлар билан таъминлашнинг ҳозирча иложи йўқлигини эътироф этиб, бунинг учун йиллар, балки, асрлар кераклигини таъкидлашмоқда. Замонавий сунъий зеҳн маҳсуллари сифатида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:
– Mysin – баъзан мутахассис доктордек аниқ ташхис қўя оладиган эксперт тизим.
– 20q – «20 та савол» анъанавий ўйини ғолиби.
– ViaVoice – товушларни тушунувчи тизим.
– Asimo – инсонга хос бўлган энг кўп ҳаракатларни намойиш қилган робот.
– RoboCup – футболчи тизим.
Йўналишлар
Барча соҳада бўлгани каби, сунъий зеҳн учун ҳам қурилма ва дастур таъминоти зарур. Аммо бу ҳозирча муаммо.
Ҳатто дастур таъминоти учун керак бўлган зеҳн ривожланишининг зарур шартларини аниқ кўрсатиб берувчи назария ҳозирча мавжуд эмас. Олимлар фақатгина Нюэлл-Саймон гипотезаси каби, исботланмаган фикр ва назарияларга таяниб иш кўрмоқдалар. Зеҳн тизимини ишлаб чиқиш айнан инсон зеҳнидан андоза олинган иккита асосий йўналишга бўлинади:
– Рамзли. Инсоннинг маълумотни тасвирлаш ва ундан фойдаланишдаги юқори даражали фикрлаш жараёнини моделлашга асосланган;
– Нейрокибернетик. Инсон миясидаги кичик даражали алоҳида тузилмалар нейронларни моделлаштиришга асосланган.
Демак, юқори даражали сунъий зеҳн масаласи, интеллектуал компютер тизимини қуришдан иборат. Токи, бу тизим масалаларни инсон имкониятларига яқин даражада ҳал қила олсин.
Сунъий зеҳн истиқболи
Сунъий зеҳнга оид тадқиқотларда кибернетика, психология, сотсиялогия, математика, биология, статистика каби қатор фан соҳаларидан фойдаланилмоқда. Сунъий зеҳн соҳасидаги қизиқишлар турлича бўлиб, уларнинг баъзиларида инсоннинг тушуниш қобилиятини турли савияларда мантиқий жараён алгоритмлари билан моделлашга ҳаракат қилинмоқда. Бошқа бир гуруҳ олимлар эса, инсон билан боғлиқ ва кўп ҳажмли ишларга йўналтирилган маълум савияларда алоқа қуриш салоҳиятига эга технологик жиҳозлар ишлаб чиқаришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар. Баъзи олимлар, асаб тўрларида ёдланган маълумотларнинг бир жойга тўпланиши ва эсланишини тушунишга уринмоқдалар. Шу йўл орқали, инсоннинг зеҳн функтсияларини паст савияда таклид қила оладиган, танлай оладиган ва қарор қила оладиган техникалар ишлаб чиқара олишга ишонмоқдалар.
Сунъий зеҳндан фойдаланиш соҳалари банклар, тиббий ташхис марказлари, спам-филтр тизимлари, миллий хавфсизлик ва ҳарбий сингари кўплаб соҳаларни қамраб олади.
Сунъий зеҳннинг келажакдаги ривожланиши иккита йўналишга ажралади:
1. Сунъий зеҳн тизимини инсонга хос қобилият ва малакалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш.
2. Мавжуд ишлаб чиқилган сунъий зеҳн маҳсулларини ягона тизимда бирлаштириш орқали, яна бир юқори босқич – сунъий онгни ҳосил қилиш.
«Компютер – одам эмас, – дейди Калифорния университети профессори, фалсафа фанлари доктори Хюберт Дрейфус, – унинг танаси, ҳиссиёти ва шу каби инсонга хос жиҳатлари йўқ. У жамият ҳаётини ва ақл-идрокни шакллантирувчи ижтимоий муҳитдан узоқ. Мен компютерни умуман ақлли бўла олмайди демоқчи эмасман. Лекин дастур асосида ишлайдиган бу рақамли қурилмалар, ҳеч қачон инсон даражасида ақлли бўла олмайдилар. Шунинг учун ҳам, биз тасаввур қилаётган даражадаги Сунъий зеҳнни ишлаб чиқишнинг ҳеч ҳам иложи йўқ».
Содиқ Ҳамроҳ
Фойдаланилган манбалар:
1. Компютер обретаэт разум. В. Л. Стефанюк. Москва, «Мир», 1990.
2. Douglas Fox. The Mind Chip. New Scientist. February 3, 2007.
3. Хюберт Дрейфус. Чего не могут вычеслителные машины. Москва, «Прогресс», 79 г.