Қадимги Хитойда ёш аёлларга ажинлар тушишининг олдини олиш ва кўзни нурланишдан асраш ҳамда қуёш нуридан сақланиш учун алоҳида маслаҳатлар берилган, аммо у пайтлари кўзойнак бўлмагани учун барглардан ясалган шляпалардан фойдаланганлар. Японлар эса бошларига махсус “эшикчалари” бўлган камар тақиб юрганлар. Ўтмишда Ҳиндистонда бой хонадон аёллари кўз қовоқларига назарни равшанлаштириш учун қатрон(смола) суриб юришган.
Хўш, кўзойнаклар қачон пайдо бўлган? Қадимда римликлар ва юнонлар сув билан тўлдирилган шишали шар нарсаларни катталаштириш хусусиятига эга эканини сезиб қолишди, лекин бундай ҳолни вужудга келтиришда жисмнинг қавариқ шакли эмас, балки унинг ичидаги суюқлик асосий рол ўйнаганини англамаганлар.
Уддабурон тадбиркорлар ўз ¬расталарини ана шундай шаклдаги шишалар билан безатишни бошлади. Сув устида сузиб юрган мевалар чиройли кўринар, унинг ёнида турган таом эса ўзига тортарди.
Шу пайтда тарих бизни милоддан аввалги I асрда ҳукмронлик қилган император Нероннинг зумрад тоши ҳақидаги ривоят билан тўқнаштиради. У гладиаторлар жангини ана шу силлиқланган ложувард ойнаги ёрдамида томоша қилган экан. Қимматбаҳо тошдан ясалган ушбу буюмни кўзойнакнинг биринчи аждоди деса бўладими? Кўриниб турганидек, Нерон яшил зумраддан “нигоҳини ўткирлаштириш” учун фойдаланган. Ўша пайтдаги заргарлар ишлаш жараёнида аҳён-аҳёнда махсус идишда сақланадиган яшил ранг¬ли ялтироқ қўнғизларга яхшилаб тикилганлар. Бу уларнинг кўзларига дам бериб, чарчаган нигоҳларни яна асл ҳолатига қайтаришга ёрдам берган. Мозийнинг мазкур даврида одамлар кўзларга яшил ранг ҳордиқ бағишлашини англаб етганлар. Бу Неронга ҳам маълум эди, шунинг учун унинг буйруғи билан тсирк аренасига майдаланган малахитдан олинган яшил қум сепиб чиқилганди. Императорнинг елкасидан эса шундай рангдаги тўн тушмасди.
Кўзойнакнинг дастлабки кўриниши гардиш ва линзадан иборат бўлган, холос. Лорнет (дастали ойнак), моноклдан сўнг кўзойнакларнинг илк кўринишлари пайдо бўла бошлади. Кўп вақтгача кўриш мосламасининг ихтирочилари флорентсияликлар, пизаликлар ва венетсияликлар орасидан қидириб келинди. Сўнгги маълумотларга қараганда, Венетсия кўзойнак ватани деб тахмин қилиняпти.
Дастлаб Х асрга келиб оптика соҳасида жиддий илмий изланишлар амалга оширилди. Уларнинг муаллифларидан бири — араб олими Ибн ал-Хайсам (Алгазен) думалоқ ойналари билан анча танилиб улгурганди. Алгазен ўзи ясаган жисмда қуёш нурининг синиш хусусиятларини ўрганиб, фан учун керакли бўлган қуйидаги фикр¬ларни айтиб кетган: “Агар предметларга ойнали шар парчаси ёрдамида қаралса, уларни катталашган шаклда кўриш мумкин”. Бу сафар мозийдаги ҳайратлар сабабчиси бўлмиш қавариқ жисм илмий тадқиқотлар учун асосга айланди. Кўзойнак билан боғлиқ оптиканинг илк асосчиси ҳам мана шу олимдир. Бу борада тажрибалар олиб борган иккинчи киши монах Рожер Бекон ҳисобланади. У яхши кўрмайдиганларга ойна парчалари ёрдам бериши ҳақида маълумотлар қолдирган, аммо бу каби қурилмалар дастлаб қўпол, рангли ойналардан тайёрланган.
Бунинг учун нафис, рангсиз ва шаффоф кўзгулардан фойдаланиш кераклигини ХIII асрда венетсиялик олимлар кашф этган бўлсалар-да, унинг ясалиш «ретсепти» ХVI асргача сир сақланган. 1300—1301 йиллардан бошлаб Венеция давлат кенгаши нигоҳ ташлаш қуролини ёмон ойнадан тайёрлашни ман қилиб, маҳсулотнинг сифат даражасига талабни анча қатъийлаштирди. Уларни фақатгина энг яхши, яъни биллурдан ясаш мумкин эди. Шундан келиб чиқилса, Италияда шу даврларда кўзойнаклар анча машҳур бўлган. Узоқ вақтгача бундай маҳсулотлар қийинчилик билан тайёрлангани ва тоза ойна ишлатилгани учун анча қиммат саналган. Одатдагидек, навбатдаги кашфиёт — кўзойнаклар тез орада қироллар, сарой аъёнлари ва бошқа амалдорларнинг севимли буюмига айланди. Бундан ташқари, ўша пайтдаги оддий халқнинг асосий қисмини саводи чиқмаганлар ташкил этгани учун бу каби маҳсулотга эҳтиёж катта эмасди, китоблар ҳам кам эди. Диний қўлёзмалар, мумтоз ижодкорларнинг асарлари ва солномалар бор эди, холос. Шунинг учун ҳам кўзойнакни фақат саводли ва ўзига анча тўқ одамларгина ишлатарди. Қолаверса, кўриш мосламасини кўзи хираларгина эмас, балки айрим одамлар ўз бойлигини кўз-кўз этиш учун тақишарди.
Баъзи жойларда эса кўзойнак “иблиснинг қуроли” деб эълон қилинганди. Айтишларича, кимки уни тақса, кўр бўлиб қолармиш. Франтсияда ХВИИ асргача уни тақиш аҳмоқлик дея ҳисобланган.
Россияга кўзойнак ХVII асрда биринчи марта савдогарлар томонидан келтирилган. Қуёш нуридан сақловчи кўзойнаклар икки аср олдин пайдо бўлди. Кўришни яхшилашга хизмат қилувчи кўзойнакларнинг устига бўёқ сурилиб, лаклангач ва қайта ишлов берилгандан сўнг, янги турдаги мослама оммага тақдим этилди. Қимматбаҳо тошлар билан безатилган кўзойнакларнинг нархи ҳам шунга яраша бўлган. Аммо қуёш нуридан куйиш хавфи ҳам бор эди.
ХВ асрда китоб босиш кашф этилгач, кўзойнакка бўлган эҳтиёж ортди. Ўша пайтда назар солиш мосламасидан фақатгина узоқни яхши кўра олмайдиганлар фойдалана олиши мумкин эди. Яқинни яхши илғамайдиганлар учун кўзойнаклар сал кейинроқ, яъни ХVI асрда пайдо бўлди. Бундай қурилмани биринчи бўлиб Рим папаси Лев Х ўзида синаб кўрган. Рафаэл қаламига мансуб портретда ҳам шунга гувоҳ бўлиш мумкин.
Россияга кўзойнак ХВИИ асрнинг биринчи чорагида кириб келгани ҳақида маълумотларни бериб ўтдик. 1614 йилда чоп этилган шоҳ Михаилнинг “Хазина харажатлари” китобида “ҳукмдорнинг меҳмонига биллурдан ясалган, яхшилаб сайқал берилган кўзойнак харид қилингани” хусусида ёзилади. Бу борада энг кўҳна буюм Қуроллар палатасида сақланаётган қадимги черковлардан биридан топилган кўзойнак ҳисобланади. Кумушдан ясалган, устига олтин билан ишлов берилган, ноксимон шаклдаги ҳамда икки томонига шохда турган қушлар тасвири туширилган қолип ҳам жуда гўзал. 1670—1672 йиллар ичида Россияга Ғарбий Европадан “491 дюжина”, яъни 5892 дона кўзойнак келтирилган.
Уни қулай усулда тақиш узоқ вақтгача катта муаммолардан бири бўлди.
Олимлар кўзойнакни кўз учун қулай жойга ўрнатиш борасида бош қотирдилар. Дастлаб узоқ бандли “бир кўз”, яъни монокл қўллаб кўрилди. Кейинчалик икки кўзли бинокллар пайдо бўлди. Улар бурунга тақиларди. Вақт ўтиб, қалпоқ ва шляпаларга ўрнатилди. Кўзойнакни кичик узунликдаги камарга ўрнатиб, бош узра худди карнавал ниқобларига ўхшаб ўраб юрилган даврлар ҳам бўлган. Сўнгра бурун устига маҳкамланадиган пенсненинг илк кўринишлари ясалди. Линзалар дастлаб ёғоч, мугуздан қилинган айланага маҳкамланган бўлса, ХVI асрда кўзойнак илк мукаммал кўринишига эга бўлди.
Диоптрик ўлчаш тизими эса 1873 йили ишлаб чиқилди, аммо ХИХ асрнинг охирига келибгина бундай тизим илмий ёндашувлар натижасида қайтадан кўриб, ишлаб чиқилди. Ўз ўрнида кўз рефрактсияси(ёруғлик нурини синдириш қобилияти) ва аккомодатсия(мослашиш)си, яъни турли масофалардаги предметларни кўриш имконияти ҳақидаги илмий изланишлар ҳам ривожлана бошлади. Шифокорлар вақт ўтиши билан айрим одамлар на қавариқ, на букик ва на думалоқ ойнада кўра олишини аниқладилар. Нурни синдира олишга лаёқатсизлик астигматизм (юнончадан “нуқталарни рад этиш”) дея номланди (бундай ҳолатда предметнинг тасвири тўр парда(кўзнинг ёруғлик таассуротини қабул қиладиган орқа қисми)да тугал ҳосил бўлмай, балки чапланиб кетади).
Мазкур касалликни биринчи бўлиб инглиз табиатшуноси Т.Юнг ўзида аниқлаган. Унинг келиб чиқиш сабаблари, симптомларини илк бор голланд офталмолог ва физиологи Ф.К.Дондерс чуқур ўрганиб чиқди. У астигматизмда маълум меъёрларга асосланиб ясалган тсилиндр шаклидаги ойна ёрдам беришини исботлади.
Бугунги кунда замонавий техника кўришдаги ҳар қандай муаммони ҳал этишда қўл келадиган ва яна бошқа бир қатор мақсадларга хизмат қилувчи кўзойнак турларини кенг ассортиментда истеъмолчиларга тақдим этаётир.
Яхшироқ кўриш ва бойликни кўз-кўз этишга хизмат қилган кўзойнак даврлар ўтиши билан мода оламининг ажралмас қисмига айланиб борди, имидж рамзига айланди. Илгарилари, масалан, испан оқсуяклари кафтдек катталикдаги линза ўрнатилган кўзойнак тақиши одатга айланганди. Ҳозирда кўзойнаклар оламидаги ранг-баранглик имидж тушунчасининг янада кенг оммалашишига сабаб бўляпти. Ҳатто кўришдан шикоят қилмайдиганлар ҳам кўзойнак тақиши мумкин. Ишбилармон аёллар учун эрталаб ишга кетишдан олдин алоҳида синчковлик билан пардоз-андозга берилгандан кўра, модадаги кўзойнакни тақиб чиқса, қулайроқдир. Ёш мутахассис эса шаффоф кўзойнакда янада салобатли кўриниб, ўзига нисбатан ҳурмат уйғотади.
Гардишга ишлов бериш жараёни ҳам аста ривожланди. У жойлардаги маданиятлар билан ҳамоҳангликда сайқалланиб борди. Шарқда илоҳий кучлар яширинган дея ҳисобланган жисмлардан ҳали ҳам кенг қўлланиб келинади. Масалан, тошбақанинг косасидан ясалган кўзойнак узоқ умр кўришига ишора демакдир. Линза учун ҳам турли қимматбаҳо ва рамзий тошлардан фойдаланилган — тоғ биллури, кўкимтир квартс, аметист(бинафшаранг тош), топаз(қимматбаҳо тош) шулар жумласидандир. Улар одатда кўришни яхшилашга хизмат қилмай, балки бой табақаларнинг имтиёзидан дарак бериб турган.
Айрим қадимги давлатларда император қуёшга тенглаштирилгани учун, унинг “нурларидан сақланиш учун“ сарой аъёнлари кўзойнак тақиб юришган. Кейинчалик кўзойнак табиий офтоб нурларидан кўзни беркитиш воситаси сифатида моделерлар томонидан кўп бор реклама қилинди.
ЭНДИ ҚУЙИДАГИЛАРНИ ДИҚҚАТ БИЛАН ЎҚИБ ЧИҚИНГ. Кўпчилик кўзойнак харид қилишда унинг гардишига эътибор бериб, линзасини диққатдан четда қолдиради. Афсуски, уларнинг кўпчилиги тиббиёт стандартларига жавоб бермайди. Кўзойнакларни бугун исталган жойдан — бозор растаси, метрога киравериш, турли жойларда ташкил этилган ёйма дўконлардан сотиб олиш мумкин. Сифат ва саломатлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулот харид қилиш эса оптик нуқсонлар, хусусан, аббератсия(линза орқали ўтадиган ёруғлик нурларининг бир нуқтада тўпланмай, ундан сал оғиши)ни келтириб чиқаради. Бу эса кўзнинг чарчаши, бош оғриғига сабаб бўлиб, алалоқибат кўзни кучсизлантиради. Демак, айнан сифатсиз линзалар рефрактсия тизимини ишдан чиқаради. Бунинг учун қуйидагиларни билиб олиш зарур: шифокорнинг кўрсатмаларига амал қилиб, ўзингизга тўғри келадиган линзани ишончли дорихоналар ёки оптик салонлардан сотиб олинг.
Иккинчидан, кўзойнак линзаларидаги синиш коэффитсиэнт(индекс)ини билиб олинг. Бу жуда муҳим. Агар индекс қанча юқори бўлса, линзанинг қалинлиги ва букилганлиги шунча кам бўлиши керак. Замонавий линзаларда индекс оптик ойналар учун 1,5—1,9 кўрсаткичда ўзгариб турса, оптик пластмассалар учун бу натижа 1,5—1,7 га тенгдир. 1,5 га яқинлари кам индексли; 1,6 дан юқорилари катта индексли ҳисобланади. Юқори индексли линзалар жуда енгил бўлиб, уларнинг кўзга салбий таъсири ҳам камдир.
Бугунги кунда кўзойнаклар асосан ойна ва пластмассадан тайёрланади. Ҳар иккисининг ҳам яхши-ёмон томонлари бор. Елим ойнага нисбатан юмшоқ, аммо чидамсиз. Айни пайтда шу турдаги маҳсулотлар юқоридаги каби камчилик(тирналиб кетиш)дан иложи борича холи тарзда ишлаб чиқарилишга ҳаракат қилинмоқда. Елим кўзойнакларнинг бошқа турдагисидан икки баробар енгил вазнда экани эса унинг ютуғи саналади. Ойнали кўзойнак синганда, унинг парчалари келтириб чиқарадиган кўнгилсизликларни ҳисобга олганда, елим мосламанинг жароҳат етказиш хавфи анча кам. Қолаверса, пластмассага ишлов бериш осон.
Ойнали кўзойнакнинг нур синдириш коэффитсиэнти ёки индекси, чидамлилиги баландроқ.
Махсус технология асосида яратилган антирефлекс қопламалар линзаларнинг шаффофлигини 8 — 10 фоизгача ошириш имконини берди. Айниқса, кечқурунлари автомобил бошқариб кетаётган ҳайдовчилар бу каби кўзойнаклардан фойдаланишса, у йўлни тиниқроқ кўришда катта ёрдам беради. Антирефлекс тизимидаги кўзойнаклар кўз чарчашининг олдини олади. Шунинг учун кўзойнак танлашда, энг аввало, унинг шаклига эмас, линзасига эътибор бериш керак. Шундагина кўплаб муаммоларнинг олдини олиб қолиш мумкин.
Албатта, қай кўринишдаги кўзойнак гардишини танлашда ҳам алоҳида синчковлик талаб этилади. Масалан, бурун устига қўндириладиган қисми қаттиқ бўлса, бу қаншарга салбий таъсир ўтказиб, кўзни ҳам толиқтиради. Яхшиси, мазкур мослама юмшоқ силиконли, ҳаракатланувчи бўлиши лозим.
Илгакнинг ўлчами эса қулоқлар супрасигача бўлган масофа билан мос тушиши зарур.
Арзон металдан ясалган гардишлар тери билан ишқаланиши натижасида турли реактсияларни, хусусан, аллергия ва бошқа шунга ўхшаш касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Умуман олганда, кўзойнак фақатгина яхши кўриш учунгина эмас, балки одамнинг диди ва услубини билдириб туради.
Саиджон Махсумов,
“Маърифат” газетасидан