Босма китоблар ўладими?

Глобаллашув даврида интернетнинг таъсир кўлами ва доираси тобора кенгайиб бормоқда. Виртуал тармоқ одамларнинг ахборий эҳтиёжини қондиришда анъанавий оммавий ахборот воситаларини ҳам ортда қолдирмоқда. Табиийки, ахборот технологияларининг жадал тараққий этиши китобхонликка ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаётир. Ҳозирда жаҳондаги кўпгина босма нашрларнинг адади камайиб, уларнинг онлайн версияси кўпроқ ўқилмоқда. Дунёнинг энг бой кутубхоналарида сақланаётган босма манбаларнинг аксарияти электронлаштириб бўлинди.
Электрон китоб қурилмалари (ридерлар)ни ишлаб чиқариш кун сайин ўсиши натижасида маҳсулот нархи арзонлашмоқда. Шунингдек, ридерлар имкониятлари ҳам кенгайиб бормоқда. Авваллари бундай қурилмаларда махсус форматдаги китобларнигина ўқиш мумкин эди, эндиликда замонавий ридерларда сурат ва видео томоша қилиш, аудиоматериаллар эшитиш функцияси ҳам мавжуд. Дангасароқ ўқувчилар учун қурилма китоб матнини ўзи ўқиб беради.
2010 йилдаёқ АҚШда электрон китоблар савдоси ҳажми босма китоблардан ошиб кетди. Ғарб дунёсида тилга тушган “Amazon” компанияси 2010 йили 15,6 миллион дона босма ва 20 миллион дона электрон китоб сотган. Европада ҳам яқин йилларда электрон китоблар савдоси босма китобларга тенглашади, дея тахмин қилинмоқда. “Эски дунё”да 2001 йилдан бери матбаачилик соҳасида ишлаётган ходимлар сони тобора қисқармоқда. 2007 йилдан ушбу соҳадаги товар айланмаси ҳам камайиб боряпти. 2007 йилда Европадаги матбаа корхоналари сони 135 мингтани ташкил этган бўлса, 2009 йили уларнинг сони 120 мингтага тушди. Электрон китоб ишлаб чиқараётган ширкатлар сафи йилига 2-3 бараварга кенгаймоқда.
Ушбу тиғиз жараёнда эса дунё бўйлаб рақамли ва анъанавий китоб тарафдорлари ўртасида баҳсу мунозаралар кучаймоқда. Хўш, Сиз учун уларнинг қай бири афзал?

Электрон китобларнинг афзалликлари

1. Электрон китоблар жой эгалламайди. Баъзан уй таъмирлаганда ёки бошқа хонадонга кўчганда жавон-жавон китобларни қўйиб туриш учун жой қидириб қоласиз. Бундай маҳалда китоблар кўпинча йўқолади ёки уларга зарар етади. Жажжигина электрон қурилмага эса бутун бошли кутубхоналар ўн минглаб китобни сиғдириш мумкин. Дам олишга кетаётганингизда,  кўпи билан ўнтача китобни олиб кетишингиз мумкин. Чўнтагингизга ҳам сиғиб кетадиган ридер воситасида эса Сизга минглаб китоб йўлдош бўлади, муҳими, уларнинг оғирлиги тушмайди.
2. Электрон китобни топиш осон. Электрон китобларни исталган пайтда осонгина топиш мумкин. Виртуал тармоқдан бир марта сотиб олган китобингиз қурилмадан ўчиб кетса-да, уни электрон кутубхонадан иккинчи марта бепул кўчириб олиш имкони бор. Дўконга бориб китоб қидириш, сотиб олиш учун аллақанча вақт кетади. Интернетда эса буни узоғи билан 5 дақиқада амалга ошириш мумкин. Шунингдек, маҳаллий китоб дўконларида топилмайдиган камёб хорижий нашрларини виртуал тармоқ орқали бир зумда қўлга киритиш мумкин. Баъзида букинист дўконларида ҳам анқонинг уруғи бўлган китобларнинг электрон варианти интернет тармоғида топилади. Шунингдек, электрон китоб адади камлиги боис тугаб қолмайди.
3. Электрон китобларни ўқиш қулай. Ридерларда кундузи ва кечаси ўқиш функцияси мавжуд. Матнни катталаштириб, рангини, шаклу шамойилини ўзгартириб мутолаа қилиш мумкин. Қурилмага ўрнатилган луғат мутолаа пайти тушунмаган сўзларингиз мағзини дарров чақиб беради. Исталган жойда хатчўп қолдириш имконияти бор. Қайси саҳифага келгандим, деб варақлаб ўтирмайсиз, қурилманинг ўзи китобни келган саҳифангиздан очиб беради. Яна бир афзал жиҳати, маълум сўз ёки фактни ҳар бир саҳифани кўз югуртириб қидирмайсиз. Э-китоб биргина буйруқ билан Сиз истаган сўз ва иборани чиқариб беради.
4. Электрон китоблар пулингизни тежайди. Одатда, э-китоб босма китобдан бир неча баравар арзон туради. Босма китоблар кундан-кунга қимматлашаётган бир пайтда электрон китоб қурилмалари ва э-китоблар нархи тобора пасаймоқда. Ҳозирда электрон китоб қурилмаларининг энг арзони 40 АҚШ доллари атрофида. Шунингдек замонавий телефон, смартфон, планшет ва ноутбукларда ҳам э-китоб ўқиш имкони мавжуд.
5. Электрон китоб ўқиб, она табиатни асрайсиз. Қандай қилиб дейсизми? Маълумотларга кўра, дунёда қоғоз ишлаб чиқариш учун йилига 125 миллион дарахт кесилади. Битта ўртача қалинликдаги китобни тайёрлаш учун 5 кг ёғоч сарфланади. Электрон китобларни яратиш учун эса ҳаёт манбаи бўлган дарахтларга қирон келтириш шарт эмас. Оғирлиги 200 грамм келадиган, кимёвий унсурлардан тайёрланган қурилмага ўн минглаб китоб жойланади. Агар каттароқ ҳажмдаги чип олсангиз, электрон кутубхонангиз 2-10 бараварга кенгаяди.
6. Электрон китоб бактерия тарқатмайди. Шифокорларнинг таъкидлашича, узоқ вақт чанг ва захда қолган китоблар қатида бактериялар урчиб, турли касалликларни қўзғаши мумкин. Бу жиҳатдан ҳам электрон китоб афзал эканини таъкидлаш зарур.

Босма китобларнинг афзалликлари

1. Босма китоб сизнинг моддий бойлигингиз ҳамдир. Электрон китобларингиз сони билан эса мақтанолмаймиз. Китоб жавони – ҳақиқий зиёлининг энг ардоқли давлати.
2. Китобдан таралаётган ёқимли ҳидни электрон нашрдан топиб бўлмайди.
3. Босма китобни варақлаш асносида мўъжиз саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнглингиз чексиз завққа тўлади.
4. Воқеалар айни кульминациясига келганда, ридернинг заряди тугаб ўчиб қолса борми?.. Босма китоб ўқиш учун ҳар хил сим ва қурилмалар, электр энергияси, телефон ёки интернет каби дахмазаларга зарурат йўқ.
5. Китоб эски бўлса-да, унинг умри узоқ. Электрон қурилма, нари борса, ўн йилга хизмат қилади. У ёғига, албатта, бузилади, қолаверса, янги чиққан дастурларга қурилма дош бермайди. Шу тариқа у кераксиз матоҳга айланади. Китобнинг эса вақт ўтган сари қадр-қиммати ошади. Электрон қурилма қўлингиздан тушиб кетса ишдан чиқиши турган гап. Сифатли чоп этилган китобни 9-қаватдан пастга улоқтирсангиз ҳам ҳеч нарса бўлмайди. Энг бақувват ноутбукни 2-қаватдан ташлаб кўринг-чи!
6. Китоб асрлар давомида ахборот сақловчи энг самарали восита вазифасини бажарган. Минг йил олдин битилган қўлёзмалар ҳозир ҳам инсониятга маърифат нурини сочмоқда. Электрон чип, дисклардаги ахборотларни кўпи билан 10-15 йил сақлаш мумкин. Шу муддат ичида ахборот бошқа қурилмага кўчириб қўйилмаса, электромагнит майдони таъсирида дискдаги маълумотлар яроқсиз ҳолга келади. Вирус тушиб, маълумотларнинг ўчиб кетиши хавфи китобга бегона.
7. Босма китобни ўқиш пайти инсон мияси кўплаб қимматли маълумотларни қабул қилади. Электрон китоблар мутолаасида эса электромагнит тўлқинлар таъсири туфайли маълумотларни эслаб қолиш кўрсаткичи камаяди.
8. Босма китобни техник уқувсиз мутолаа қилиш мумкин. Дейлик, 70-80 га кирган бува-бувиларимизга электрон китоб ўқиш тартибини тушунтиргунимизча, улар битта анъанавий китобни хатм қилиб қўйишади.
9. Босма китобда чалғитувчи элементлар йўқ. Замонавий ўқув қурилмаларида эса мусиқа ва видеоплеерлар, ўйинлар ва ўқувчини чалғитувчи бошқа имкониятлар мавжуд. Электрон китоб мутолаасида диққатни бир ерда жамлаш қийин.

Қоғоз кўринишидаги китоблар ҳеч қачон йўқолмайди

Фикримга исбот сифатида бир мисол келтирмоқчиман. Лувр, Эрмитаж каби дунёдаги энг катта музейларнинг электрон каталоглари, альбомлари, махсус уч ўлчамли ташриф-дастурлари (улар ёрдамида компьютер қаршисида ўтириб музейларнинг ҳар бир хонасига кириб, исталган экспонатни томоша қилиш мумкин) ҳамда видеожамланмалари бир неча миллион нусхада чоп этилган ва асосан бепул тарқатилади. Лекин мана шу воситалар орқали музейлар билан танишган замондошларимиз виртуал саёҳатга қаноат қилмай, Париж ёки Санкт-Петербургга бориб, Лувр ва Эрмитажни ўз кўзлари билан кўрмоқдалар. Ҳатто иқтисодий инқироз пайтида ҳам музей зиёратчилари сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Китобхонликда ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин: ўқувчи электрон вариантда севиб ўқиган китобининг босма вариантини ҳам, албатта, сотиб олади.
Мавзу юзасидан қуйидаги хулосаларни келтириш мумкин:
1. Ўзбекистонда ҳам яқин келажакда китоб мутолааси асосан электрон тармоқларга ўтади, деб тахмин қилиш мумкин. Айни пайтда юртимиздаги интернет фойдаланувчилари сони 10 миллиондан ошди. Ундан 6 миллиондан кўпроғи халқаро тармоққа уяли алоқа воситалари орқали киради. Бу рақам кундан-кунга ошиб бормоқда. Юртимизда сифатли, арзон ва қулай электрон китобларга талаб ўсмоқда. Биргина мисол, www.ziyouz.com  томонидан тайёрланиб, “Android Market”га бепул жойлаштирилган ўзбек топишмоқлари йиғилган электрон китоб икки ой ичида 10000 маротаба кўчириб олинган.
2. Электрон китобнинг ҳам, қоғоз ҳолидаги китобларнинг ҳам ўзига хос афзалликлари ҳақида юқорида мулоҳазалар билдирилди. Лекин ишлаб чиқаришнинг арзонлиги сабабли барибир электрон китоблар бозори кенгаяверади. Анъанавий ноширлик ҳам ўлмайди, лекин маҳсулот таннархининг ошиши ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми камаяди.
3. Ишлаб чиқариш қимматга тушадиган мактаб дарсликлари аста-секин электрон шаклга ўтади. Мазкур кўринишдаги дарсликларнинг афзаллиги шундаки, уларни бир нусхада тайёрлаш кифоя, кўп минг сонли адад учун ҳам деярли маблағ талаб этилмайди. Бунда нашриёт учун босмахона хизмати талаб этилмайди.
4. Бир марта ўқиладиган нашрлар, олди-қочди мавзудаги китоблар асосан электрон кўринишда тарқатилади. Чунки ўқувчи бундай китоблар ёки нашрларни бир марта ўқиб, қайта варақламайди. Уларнинг электрон шакли арзонлиги сабаб ўқувчи босмасини сотиб олмайди. Мумтоз адабиёт намуналари, илмий асарлар, энциклопедиялар гарчи электрон нашри мавжуд бўлса-да, босма шаклда ҳам чоп этилаверади.
5. Давр талабидан келиб чиқиб, республикамиздаги мавжуд барча кутубхона, музейларнинг тўлиқ онлайн каталогларини тузиш, интернетда мунтазам ишлашини йўлга қўйиш керак. Токи ўқувчи қаердан, қандай манбани топиш мумкинлигини билсин. Электрон китобларни кутубхонага бормасдан ҳам, исталган маконда маълум тўлов асосида ўқиш имконини яратиш керак.
6. Ўзбек тилида нашр этилган энциклопедия ва луғатларнинг электрон вариантини тайёрлаб, интернетга жойлаш керак. Токи ўқувчи керакли сўз ва атамаларни қийналмай топа олсин. Энциклопедия ва луғатлар учун махсус дастурлар тузиб, мунтазам такомиллаштириб борилса, уларни тармоқда сотиш имконияти мавжуд.
7. Ўзбекистонда электрон китоблар нашри, уларнинг савдоси бўйича махсус ҳуқуқий ҳужжатлар ҳали қабул қилинмаган. Аҳоли турмушининг ажралмас қисми сифатида шаклланаётган ушбу соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш давр талабидир.

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ,
www.ziyouz.com ва www.ziyouz.uz
маърифий порталлари бош муҳаррири

“Китоб дунёси” газетаси, 11.12.2013