Россия империясининг йирик ҳарбий мутахассиси, машҳур тарихчи, 1830-1840 йилларда Хивани забт этиш учун юборилган ҳарбий экспедиция қатнашчиси генерал-лейтенант Михаил Игнатович Иванин (1801 -1874) русларнинг Шарққа дастлабки юришларидаги муваффақиятсизликлари сабабини бу ўлкалардаги халқларнинг буюк саркардалари ҳарбий маҳоратини, усул ва услубларини ўрганмасдан ишга киришилганликда кўради. Шу боисдан у энг аввало Чингизхон ва Амир Темурнинг ҳарбий стратегияси ва тактикасини, кўзланган мақсадга эришиш йўлларини пухта ўзлаштиришни тавсия килиб
ҳамда Россия ҳукумати бу борада амалга ошириши зарур бўлган ва амалга оширган ишларни ёритиб, китоблар (Два полководца: Чингисхан и Мир Темур. С-Петербург, 1В74; Записки о государственных и обшественно-экономических нуждах Туркистанского края. С-Петербург, 1906) ёзди. Бу китоблар ўқувчида турли фикр-мулоҳазалар ва хулосалар уйғотади. Қуйида улардан айрим парчалар келтирилади.
* * *
Бизнинг 1839-1840 йиллардаги Хивага қилган муваффақиятсиз (омадсиз) юришимиздан сўнг мен мўғул-татар ва Ўрта Осиё халқларининг Чингизхон ва Амир Темур давридаги ҳарбий санъатини ўрганишга киришдим. Уларнинг тузумлари ва асосий юришлари ҳақидаги қисқача баёнимданоқ мўғул-татарлар қўлга киритган улкан ютуқлар фақатгина қўшиннинг кўплиги ва жангчиларнинг ботирлигига асосланган эди, деган биздаги нотўғри тушунчанинг ҳеч бир асоссиз эканлиги кўриниб турибди, деб ўйлайман.
Мана шу қисқача баёнданоқ, Осиёдаги катта кучлар билан уруш олиб бориш мумкинлиги, аммо аввал уларни яхши билиб олиш ва жангчиларни дунёнинг мана шу қисмига юришлар қилиш учун тайёрлай билиш кераклиги кўриниб турипти. Осиёда яна уруш бўлган тақдирда (россияликлар ва европаликларнинг Ўрта Осиёга юриши эҳтимоли кўзда тутилмоқда) биз мўғул-татарлардан кам сонли кишилар билан жанг қилиш ҳамда отлар, туялар ва чорва моллари учарларини ҳимоя қила олиш санъатини ўрганишимиз, улардан Осиёда бўладиган юришлар учун, ҳатто қишда ҳам оёқ остидаги ўт-чўплардан қаноатланиб кетаверадиган ва қуруқ ем-хашакни ҳамиша ҳам талаб қилавермайдиган дашт отларига кўпроқ эга бўлиш қоидасини ўзлаштиришимиз керак, деб ўйлайман. Осиёда бўладиган узоқ муддатли юришлар учун яна кўчманчи халқлардан кўчишлар кўринишидаги юришлар қилиш ва шу кўчишлар мобайнида отларни ҳарбий қийинчиликларга чидамлироқ қила бориш санъатини ҳам ўрганиб бориш фойдали бўлур
эди.
Шундай қилиб, Осиёда урушлар қилган тақдирда биз ўзимизнинг жанубий ва жануби-шарқий давлатларимизда юклар, пиёдалар ва захираларни Осиёнинг кенг сувсиз ва қумли чўлларидан олиб ўтишда туяларни, отлиқ аскарларни зарурат туғилганда алмаштиришда керак бўладиган отлар билан ва озиқ-овқат билан таъминлаш учун чорва молларини кўпайтириш ҳақида ўйлашимиз лозим. Бизнинг жанубий ва жануби-шарқий даштларимизда бу ҳайвонлар ҳамиша яхши боқиб келинган, фақатгина туя у ердаги аҳолининг кундалик заруриятига айланиши ҳақида қайғурмасак бас.
Бундан ташқари жуда оз бўлса ҳам, чўл юришларига ўргатилган туяларда жанг қила оладиган жангчиларга эга бўлишимиз, бунинг учун тажриба сифатида туяларда юрувчи унча катта бўлмаган пиёда жангчилар отрядларини тузишимиз, уларни кейинчалик, зарур ҳолларда фойдаланиш учун ҳарбий ҳаракатлар қилишга ҳам, захиралар ва тўпларни ташиб юришга ҳам ўргатишимиз лозим. Ва, ниҳоят, Осиёни ҳарбий жиҳатдан билиб олиш мақсадида дунёнинг шу қисми ҳақида кўпроқ ҳарбий жиҳатдан муҳим маълумотлар бостириладиган, давлат ҳомийлигида бўлган жаридани мунтазамчоп эттирмоқ мақсадга мувофиқдир…
Ўрта Осиёни сиёсий жиҳатдан ҳозирги аҳволда тутиб туриш учун биз Англия билан дўстона ҳамда ўзаро манфаатларга асосланган ҳаракатларга келишиб олишимиз керак бўлади. Ўрта Осиё унинг халқларини ягона бир жамиятга бирлаштиришга йўл қўймайдиган воситаларга эга бўлган давлатлар (яъни Россия ва Хитой) тасарруфида ёки таъсири остидадир…
Душманда нимаики яхши нарса бўлса, уни издан чиқаринг, ўлдиринг, амалдорларни ва машҳур кишилар,ни мавқеларига ярашмайдиган ишларга жалб этинг, лозим бўлганда эса фош қилинг. Душманнинг энг ярамас одамлари билан махфий алоқада бўлинг, ҳукуматга халақит беринг, ҳар ерда низо уруғини сочинг, норозилик туғдиринг, кичикларни катталарга, хизматчиларни бошлиқларга қарши қайраб қўйинг.
Душманнинг қўшинларини кийим-бошсиз, озиқ-овқатсиз қолдиришга ҳаракат қилинг, улар феълини (асабини) бўшаштирувчи мусиқалар юборинг. Тамоман расво қилиш учун бузуқ аёлларни йўлланг. Такаллуф, ваъдалар ва совғаларга саҳий бўлинг. Уларнинг сирларини билиш учун пулни аяманг, чунки бу пулларни қанча кўп сарфласангиз, шунча кўп фойдаси билан ўзингизга қайтади. Ҳар ерда айғоқчиларингиз бўлсин. Хитой ҳарбий ёзувчилари, Хитой Макимвеллисининг айтишича, кимки бу воситалардан фойдалана олса ва душман орасига низо уруғини соча билса (биз буни ўз давримизда Осиё халқлари билан бўлган урушларда кўрмоқдамиз), у ҳоким бўлишга ҳақли ва давлат учун чин хазина ҳамда таянчдир…
Агар бу икки давлат (Россия ва Хитой) соғлом сиёсат юргизса ва Ўрта Осиё ҳукмдорлари ўртасидаги истилочилик ниятларини бостириш учун аҳиллик билан ҳаракат қилса, у ҳолда Осиё узоқ вақтгача қонли ларзалардан холи бўлиши мумкин. Худди шунингдек, Англия ҳам жанубдан ҳаракат қилиб, бу ишда (мустамлакачилик босқинида) қатнашиши мумкин, чунки Ҳиндистон ҳамиша истилочилар учун лаззатли луқма бўлиб келганлиги туфайли Англиянинг хусусий манфаатлари Ўрта Осиёда кучли ярим давлат юзага келишига йўл қўймаслик, бунинг учун эса Ўрта Осиё халқларини янги такомиллашган қурол-яроғ билан таъминламаслик лозимлигини кўрсатиб турипти…
…Шуни ҳам назардан қочирмаслик керакки, Туркистон мусулмонлар бешигидир. Ўрта осиёликлар ҳеч қачон христианларга ён босмайдилар. Улар динсизларга бўлган ўз ҳаёлий муносабатларини фақат куч ишлатилгандагина ўзгартириши ва ўз тақдирларига тан беришлари мумкин.
Мажид Ҳасанийнинг “Юрт бўйнидаги қилич ёки истило” (Тошкент. «Адолат». 1997) китобидан олинди.