Худойберди Дониёров. «Ўзбек» сўзининг келиб чиқиши (1990)

Маълумки, Совет ҳокимияти йилларида СССР халқларининг тарихини ўрганиш соҳасида анчагина ишлар қилинди. Лекин булар кўпроқ маълум бир қолипга солинган ҳолда олиб борилди. Натижада СССРдаги ҳар бир халқнинг ўз тарихини чуқур ўрганиши ўрнига кўпгина чалкашликларга йўл қўйилди. Баъзан эса, масалан, Ўзбекистоннинг ўзида кўпроқ ўзбек халқининг тарихини эмас, жаҳон халқлари тарихини ўрганишга, СССР халқлари тарихини ўрганишга эмас, балки асосан рус халқи ва рус давлатининг тарихини ўрганишга кўпроқ эътибор ва аҳамият бериб келинди. Ўзбекистоннинг нисбатан озроқ ўрганилаётган тарихи ҳам кўпроқ ўзимизнинг Шарқ тарихий манбалари асосида эмас, балки асосан бошқа миллат вакилларининг (аниқроғи рус тарихчи олимларининг) айтган фикрлари, чизиб берган чизиқлари асосида ўрганиб келинди. Тўғри, кўпгина рус олимларининг Ўрта Осиё тарихини ёритишда катта хизматлари бор. Масалан, академик В. В. Бартолднинг ўзи бир оламга татийди. Атоқли олим Л. Гумилевнинг ишлари эса туркий халқларнинг тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этмоқда. В. П. Наливкиннинг фидойилиги ҳаммага маълум. Лекин сўнгги даврда, хусусан шахсга сиғиниш ва турғунлик йилларида, умумий йўналиш, тарихни умумий бир қолипга солиб ўрганиш бошқача тус олиб кетганлигини очиқ эътироф этиш лозим. Тарихимизни ўрганиш соҳасида жуда кўп чалкашликлар, «оқ доғлар» ва ҳатто тарихимизни сохталаштириб кўрсатиш ҳоллари юз бера бошлади. Ана шундай «оқ доғлар» ва чалкашликлар қаторида биз биринчи навбатда мисол қилиб, камида 3,5 минг йиллик шаҳримиз тарихини акс эттирувчи Афросиёб — Алп Эр Тўнга — Самарқанд тарихининг ҳозиргача расман ўрганилмасдан келинаётганлигини, аслида шаҳар бундан ҳам кексароқ эканлигини (Самарқанд тарихининг эса фақат 2,5 минг йиллик деб зўрама-зўраки тан олинганлигини) эслатиб ўтмоқчимиз. Лекин бу алоҳида муҳим ва мураккаб масала. Шу боис бу ҳақда ўз ўрни билан алоҳида фикр юритиш ниятидамиз.

Ҳозирча, ушбу мақолада, ана шундай фактлардан яна бири ҳақида — «ўзбек» сўзининг келиб чиқиши ва қўлланилиши соҳасидаги айрим чалкашликлар, бузиб талқин қилишлар ва уларнинг салбий оқибатлари ҳақида фикр юритиб, баъзи мулоҳазаларни ўртага ташламоқчимиз.

Аввало шу нарсани айтиш керакки, «ўзбек» сўзининг луғавий маъноси «ўзи бек», «ўзимизнинг бек», «ўзига мустақил — ўзи хон» деган маъноларни англатади, бу фикрни таниқли олим, ЎзССР Фанлар академиясининг мухбир

аъзоси, манбашунос Бўривой Аҳмедов ва бошқа тарихчиларимиз ҳам қайд этишган. Халқ орасида ҳам бу сўз асосан шу маънода қўлланилади. Лекин баъзи бир манбаларда «ўзбек» сўзи «енгилмас — қайсар», «шер» (арслон) маъноларини, ҳатто «худо» сўзи билан боғлиқ маъноларни англатади, деган фикрлар ҳам бор. Лекин улар илмий адабиётда етарли даражада исбот қилинмаган.

Кўринадики, «ўзбек» сўзининг луғавий маъноси айтарлик даражада чалкашлик ва эътирозларга сабаб бўлган эмас. Фақат «ўзбек» сўзининг айрим тарихий даврларда «ўзбек» деб аталиши ҳодисаси учрайдики, бу ўринда «ўзбек» сўзининг луғавий маъноси ўзгаргани йўқ. Балки унга шарқона ўзига хос стилистик нозиклик бериб айтилган ва ҳатто ўша «бахт» ёки «худоларга яқинлашувчи» деган маъно нозиклиги ҳам маълум даражада сингдириб юборилган. Масалан, улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг мазкур сўзни «ўзбаким» деб ғурур ва меҳр билан тилга олишини эслаб кўринг. Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, баъзи бир ғаразгўй чаламуллалар сўнгги вақтларда ўзбек халқи номига отила бошланган туҳмат тошларидан илҳомланиб, «ўзбек» сўзининг «ўзбек» шаклида қўлланилишини ўзларича салбий бўёқда тушуниб, ҳар хил баланд-паст гапларни тарқатишга уринмоқдалар. Чунки уларнинг асосий мақсади ўзбек миллатини иккига бўлиб кўрсатиш ва уларнинг орасига ўзаро нифоқ уруғини сепишдан иборатдир. Бу ҳол ўз моҳияти эътибори билан илмий, маданий жиҳатдан ҳам, одамийлик жиҳатдан ҳам яроқсиз бўлиб, ғаразгўйликдан бошқа нарса эмас.

Ана шунинг учун ҳам у алоҳида мунозара объекти бўлишга арзимайди.

«Ўзбек» сўзи билан боғлиқ бўлган асосий чалкашликлар, бузиб талқин этишлар бу сўзнинг келиб чиқишини, қачондан бошлаб халқ (этнос) маъносини англатганлигини ва Ўрта Осиёда қачондан бери қўлланганлигини тушунтириш соҳасида кўпроқ учрайди. Аниқроқ қилиб айтганда, баъзи бир тарихий адабиётларда ҳанузгача «ўзбек» номи билан танилиб келган қавмларни гўё Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон территориясида қадимдан яшаб келмаган ва маданиятининг яратилишига ҳисса қўшган эмас, деган гаплар айтилиб келинмоқда. Тарихга ана шундай нотўғри қараши натижасида, айниқса сўнгги вақтларда, ўзбекларга нисбатан ўзини ғаразгўй тутувчи кишилар гўё ўзбекларнинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида яратилган машҳур ёдгорликларга ҳеч қандай алоқаси йўқ эмиш, деган (миш-миш тарзидаги) даъвони таъмагирлик билан тарқатмоқдалар. Масалан, ўтган йили Бутуниттифоқ телекўрсатувининг «Взгляд» («Нигоҳ») программаси вақтида журналист Боровик ана шундай асоссиз даъвони сурбетларча такрорлади, лекин, афсуски, тарихчи олимларимиз томонидан, билишимизча, бундай асоссиз даъволарга ҳанузгача етарли даражада зарба берилган эмас. Шу туфайли бундай бачкана гаплар ҳозирги вақтда ҳам чекка-чеккаларда ора-чора давом этиб келмоқда.

Бизга туюлишича, тарихга бундай қараш аслида машҳур рус тарихчиси профессор А. Ю. Якубовскийнинг 1941 йилда ёзилган «Ўзбек халқининг келиб чиқиши масаласига доир» деган китобчасидан бошланади. Мазкур китобчада профессор А. Ю. Якубовский қуйидагиларни ёзган эди:

«Бирор халқнинг шаклланиш шароитини унинг номланиш тарихидан фарқлай билиш керак, «Ўзбек» номининг ўзи фақат XIV асрдагина келиб чиққан… Кўчманчи ўзбеклар ҳозирги Ўзбекистоннинг ҳамма территориясида бўлмаганида ҳам, ҳар ҳолда унинг асосий қисмида туркий тилда гаплашувчи, яъни турк ва турклашган зич аҳолига тўғри келдилар (ва)… ушбу туркий тилли аҳолига фақат унинг охирги қисми сифатидагина қўшилиб унга ўзларининг номларинигина бердилар, холос».

А. Ю. Якубовскийнинг шундай қараши, афсуски кейинчалик кўпгина ўзбек тарихчи олимлари томонидан (жумладан, академик А. А. Асқаров ва бошқалар томонидан ҳам) механик равишда қайта-қайта такрорлана борди ва охир-оқибатда, юқорида қайд қилиб ўтилганидек, ҳамма ўзбекларнинг Мовароуннаҳр тарихидаги ролини умуман инкор қилишгача ёки бузиб кўрсатишгача бориб етмоқда.

Аслини олганда, маълумки, ўзбек миллати бошқа ҳар хил қўшилмалардан ташқари, асосан учта катта туркий халқлар компонентидан (қисмларидан) ташкил топган. Булар 1) қарлуқ —чигил компоненти (турк — барлос ҳам шунга қўшилади), 2) қипчоқ компоненти (булар қадимги даврлардан бери «ўзбек» номи билан аталиб келган), 3) ўғиз компоненти. Булар ҳам қисман ўзбек номи билан, ёки «ўғуз» «хоразмлик», «урганчи» деган номлар билан аталиб келинган. Ўзбек миллатининг бу компонентлари айниқса турколог-тилшунос олимларнинг ишларида кайта-қайта эътироф қилинган ва ёритиб келинган. Эски ўзбек адабий тилининг шаклланишидан тортиб бутун тараққиёти давомида бу компонентларнинг хдр бири сезиларли даражада қисса қўшган.

Карлуқ-чигил компоненти билан ўғиз компонентининг ҳозирги Ўзбекистон территориясида қадимги даврлардан бери яшаб келаётганлиги ҳақида илмий адабиётларда айтарли даражада эътироз йўқ. Лекин қипчоқ компонентининг бу территорияда қадимги даврлардан бери яшаб келаётганлиги ҳақида ҳозирги даврда ҳам ҳар хил қарашлар ва мунозаралар давом этиб келмоқда. Аслида бу мунозара Шайбонийхоннинг XVI асрнинг бошларида бутун Ўрта Осиёни, жумладан ҳозирги Ўзбекистон территориясини забт қилиб олиши билан боғлиқ равишда давом этиб келмоқда. Чунки Шайбонийхоннинг қўшини таркибида қатнашган қавмларнинг асосий қисми ўзбеклар (қипчоқ-ўзбеклар)дан иборат эди ва шу вақтгача улар Сирдарё бўйларида ўзларининг «Мамлакати Ўзбекия» (ёки «Дашти қипчоқ») деб аталган кучли давлатини ташкил қилган эдилар. Шунинг учун ҳам баъзи бир тарихчилар уларни умуман «ўзбек» номи билан атаб келган ва Октябр революциясигача ўзбек номи билан кўпинча шулар тушунилган. Инқилобдан кейин, «ўзбек» номи Ўзбекистондаги ҳозирги ўзбек миллатини ташкил қилувчи барча туркий қавмларнинг умумий номига айлангандан сўнг, аввалги «ўзбек» номи билан аталиб келган қавм, яъни «қипчоқ-ўзбеклар» энди қайтадан қадимги «қипчоқ» номи билан атала бошлади. Шу тариқа аввал асосан бир компонентни англатиб келган ном («ўзбек») инқилобдан кейин ҳамма ўзбекларнинг умумий номига айланиб қолди. Гапнинг сирасини айтганда, профессор Якубовскийнинг юқоридаги, мулоҳазаси зиддиятли икки томонлама маънони англатади. Бир томондан, у туркий халқларнинг (ҳозирги ўзбекларнинг) Ўрта Осиё ва Ўзбекистон территориясида қадимги даврлардан бери яшаб келаётганлигини гўё ҳимоя қилмоқчи бўлади. Иккинчи томондан, айни вақтда, «ўзбек» номи билан яшаб келган қипчоқ-ўзбекларнинг катта бир қисми ҳам қадимги даврлардан бери Ўрта Осиёда, жумладан ҳозирги Ўзбекистон территориясида яшаб келганлигини ва уларнинг маданият соҳасидаги хизматларини инкор қилади: «унга ўзларининг номларинигина бердилар, холос», дейди.

Кўринадики, асли А. Ю. Якубовский ёзган вақтда унчалик катта хатолик ёки чалкашликка ўхшаб туюлмаган бу фикр, бизнинг назаримизда, кейинчалик тўртта зарарли қарашнинг юзага келиши учун манба бўлиб хизмат қилган. Биринчидан, ўзбекларнинг (шу жумладан қипчоқ-ўзбекларининг ҳам) Ўрта Осиёда қадимдан яшаб келганлик тарихини) ва Ўрта Осиё маданиятига қўшган салмоқли ҳиссасини бузиб кўрсатишга ёки инкор қилишга олиб келган. Иккинчидан, ўзбек миллатининг иккита энг катта компонентини бир-бирига қарама-қарши қўйиб, уларни иккита табақага бўлиб юборишга хизмат қилган ва уларнинг орасида ички адоватнинг юзага келиши учун йўл очган. Уларнинг бирини гўё «қадимий», «маданиятли» тоифага, иккинчисини эса, «маданиятсиз», ёки кам маданиятли тоифага бўлиб кўрсатиш учун асос солган. Учинчидан, А. Ю. Якубовскийнинг юқорида айтилган мулоҳазаларидан подшоҳ Шайбонийхон билан ўша вақтда бир қисми унинг қўл остида ҳаракат қилган бутун бир халқ аралаштирилиб юборилган, натижада баъзи бир тарих дарсликларида ҳам «Ўрта Осиёнинг Шайбонийхон томонидан забт этилиши» деб эмас, «Ўрта Осиёнинг ўзбеклар томонидан забт этилиши», деб ёзиш анъанага кириб қолган. Тўртинчидан, аввалига мулойимроқ, гўё ғаразсизроқ бўлиб кўринган бу хатолик кейинги вақтларда айрим бурчакдан туриб тош отувчи бузуқ ниятли кимсалар томонидан ривожлантирилиб, гўё бутун ўзбекларнинг Ўрта Осиё маданиятини юксалтиришда ҳеч қандай хизмати йўқ эмиш, деб сурбетларча даъво қилинишига асос бўлиб хизмат қилди.

Аслини олганда, ўзбекларнинг бошқа тоифаларигина эмас, қипчоқ-ўзбекларнинг каттагина бир қисми ҳам ҳозирги Ўрта Осиё ва Ўзбекистон территориясида жуда қадимги даврлардан бери яшаб келганлар ва шу мамлакатда улардан бир қисми катта мавқени эгалловчи нуфузли кишилардан деб ҳисобланиб келинган. Улар айниқса ҳарбий иш соҳасида ва давлатни бошқариш ишларига катта ҳиссалар қўшиб келганлар.

Шунга кўра, «ўзбек» сўзи ҳам, кўпгина тарихчилар, ҳозирги вақтгача эътироф қилиб келганларидек, Ўрта Осиё ва ҳозирги Ўзбекистон территориясида фақат XVI ёки жуда бўлса XIV асрдан қўллана бошлаган эмас, балки XI асрдан ва ҳатто ундан аввалги даврларда ҳам «турк» сўзининг катта бир қисмини билдирувчи халқ номи сифатида қўлланиб келинган.

Фактларга мурожаат қилайлик:

«Ўзбек» номининг профессор А. Ю. Якубовский, академик А. А. Асқаров ва бошқа кўпгина тарихчилар такрорлаб келаётганидек, фақат XIV ёки XVI асрдан кейингина пайдо бўлмасдан, балки анча илгари юзага келганлиги, шунингдек шу ном билан аталувчи қавмларнинг ҳозирги Ўзбекистон, Ўрта Осиё ва ҳатто араб мамлакатлари территориясида ҳам анча илгарилардан бери яшаб келаётганлигига қуйидаги мисоллар жуда ёрқин далил бўла олади. Масалан, XI асрда Сурияда яшаган араб тарихчиси Исома ибн Мунқизнинг «Китоб-ал эътибор» («Ибратли китоб») деган асарида ёзилишича, «ўзбек» қавмига мансуб бўлган кишилар ўша вақтдаёқ Арабистонда анча мавқе эгаллаганлар ва оврупаликларнинг салб юришида мусулмонлар томонида жанг қилганлар. Исома ибн Мунқизнинг ўзи ҳам шу жангнинг иштирокчиси бўлган: «509 йил (ҳижрий ҳисоби билан — Х.Д.) отам, Тангри уни раҳмат қилсин, қўшин билан лашкарбоши Бурсуқ ибн Бурсуқ ҳузурига чиқди. Бурсуқ султоннинг амри билан урушга отланган эди. У билан кўпчилик халқ бирга бўлиб, бир жамоа амирлар уни кузатиб борар эди, улар орасида қўшин амири (отабеги), Мавсил ҳокими Ўзбек, Ваҳба ҳокими Сунқур Дироз, амир Кунтуғди, Бош Ҳожиб Бектемир Зангий ибн Бурсуқ каби баҳодирлар ҳамда Темирак, Исмоил Бекчи ва бошқа амирлар бор эди… «яна» …Бурсуқ унга қўшинлар амири Ўзбек бошлиқ уч минг отлиқ аскарни юборди».

Кўринадики, ўзбек қавмига мансуб бўлган кишилар у ерга фақат оврупаликларга қарши уруш қилиш учун борган эмас, балки аввалдан у ерларда яшаб келган, баъзилари эса кичик бўлса ҳам, ўша ердаги шаҳарларга ҳоким бўлганлар ва уларнинг ихтиёрларида ўз лашкарлари билан (айниқса турк, жумладан ўзбек аскарлари бошқалар орасида ўзларининг жасурликлари билан машҳур бўлган).

Марҳум тилшунос олим, муҳтарам профессор Ҳамдам Бердиёровнинг қайта-қайта таъкидлаб айтишича: «XI асрда яшаган араб сайёҳи Ёқут ўзининг саёҳатномасида Мовароуннаҳрда ва Хоразмда «ўзбек» номи билан яшаган қавмларни учратган»лиги ҳақида ҳикоя қилган.

Маҳмуд Қошғарийнинг машҳур «Девону луғотит турк» асарида «ўзбек» атамаси маълум бўлишича, қўлланган эмас. Лекин машҳур олим мазкур асарида қипчоқларни туркий халқлар ичида алоҳида катта гуруҳга ажратиб берган ва уларнинг тил хусусиятларини деярли тўла ёритиб бергани ҳолда ички этник бўлинишлари ҳақида, бизга маълум бўлишича, ҳеч гап айтган эмас. Эҳтимол, Маҳмуд Қошғарий «ўзбек» атамасини билгану лекин уни қипчоқнинг бир бўлаги сифатида ҳисоблаб, алоҳида кўрсатиб ўтмаган бўлиши ҳам мумкин.

Ушбу девонида муаллиф «Ўзган» шаҳрининг номига изоҳ берар экан, бу шаҳарнинг асли маъноси «ўз шаҳримиз, ўзимизнинг шаҳаримиз, демакдир», деб ёзади. Кўринадики, «ўзбек» билан «ўзган» сўзларининг ясалишида ясалиш усули бир хил. Маълумки, тилда сўз ясалишнинг бирор бир усули фақат бир сўзни ясаш учунгина юзага келмайди, балки шу тоифадаги кўпгина сўзларнинг ясалишини умумлаштиради, маълум системага солади. Бу айтилганларга кўра, Маҳмуд Қошғарийнинг девонида «ўзбек» сўзи учратилмаган бўлса-да, лекин унинг замонида «ўзбек» сўзи мавжуд бўлган деган хулосани чиқариш мумкин. Қолаверса, бу сўзнинг ўша XI асрда Мовароуннаҳр ёки дашти қипчоқдагина эмас, араб мамлакатларида ҳам мавжуд бўлганлиги шу айтилаётган фикрни тўла-тўкис тасдиқлашга хизмат қилади. Чунки бундай тоифадаги сўзлар, шубҳасизки, аввал ўзбекларнинг асосий ватанида юзага келган ва кейинчалик бошқа томонларга тарқалган.

Демак, «ўзбек» сўзи киши номи сифатида ҳам, эл номи сифатида ҳам аниқ тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича XI асрда юзага келган.

Маълумки, туркий халқларнинг вакиллари, шу жумладан, айниқса қипчоқларга мансуб бўлган кўпгина кишилар, XIII—XVI асрларда Миср ва бошқа араб мамлакатларида Араб халифалигининг ихтиёрида ҳарбий хизматларда бўлганлар ва катта жасоратлар кўрсатганлар (улардан бир қисми XI асрдаги ўзбекларнинг авлодлари бўлиши ҳам мумкин).

Улар эса ўша вақтларда «момолиқ» (яъни «давлат аскарлари») деб аташган. («Момолиқ» сўзи ўзгариб, рус талаффузида «мамлюк», деб аталиб кетган). Ана шу момолиқлар ва лашкарбошиларнинг хизматлари ва ҳурмати учун Арабистонда ўша вақтлардаёқ бир неча томлаб туркий тилларнинг луғатлари яратилган. Шуларнинг ичида фақат қипчоқ тилига аталиб ёзилганлари ва қипчоқ-ўзбекларнинг ҳозирги тилига (қозоқ, қорақалпоқ, нўғай, болқар ва бошқа қипчоқ тоифасига кирувчи халқларнинг тилларидан фарқли ўлароқ (жуда ўхшаш бўлганликлари ҳам бор. Ана шундай китоблардан бирининг номи қисқача равишда «Туҳфа» (тўла номи — «Ат-Туҳфатуз-закияту-филлуғатит-туркия» — маъноси «зеҳнли ёки заковатли туркларнинг тилида совға») деб аталади. Афсуски, китоб муаллифининг номи сақланиб қолмаган. Лекин биз, ўзбеклар қали ана шундай китобларни ҳам ёлчитиб ўрганган эмасмиз, уларни тарғиб қам қилган эмасмиз. Ҳолбуки, грузинлар мамлюклар томонидан олиб кетилиб, мард жангчи сифатида тарбияланган биргина бола ҳақида китоблар ёзганлар, махсус кинофильмлар яратганлар.

Ўзбек номи билан аталувчи қавмлардан бир қисмининг Мовароуннаҳрда қам қадимдан яшаб, Амир Темургача қам мамлакатни бошқариш ишининг асосий томонларини эгаллаб келганлиги машҳур Жаҳонгирнинг «Темир тузуклари» асарида ҳам эътироф қилинган. Иккитагина мисол келтириб ўтамиз:

«Ҳижрий 762 (мелодий 1360—61) йили Туғлуқ — Темурхон мени ўз ҳузурига чорлаб нома жўнатди. Мен (рози бўлиб) унинг истиқболига чиқиб, у билан кўришдим. У орамиздаги аҳдни бузиб, Мовароуннаҳрни ўғли Илёсхўжага топширди, мени эса бош қўмондон қилиб белгилади. Бу ишга ортиқча рўйхушлик билдирмаётганимни кўриб, менинг бобом — Қочувли — Баҳодир ва ўзининг бобоси Қобулхонларнинг аҳдномасини кўрсатди. Пўлат тахтага имзоланган аҳдномада «хонлик Қобулхон авлодининг қўлида (яъни, ўзбек қавмларининг қўлида — Ҳ. Д), қўмондонлик эса Қочувли — Баҳодирхон болаларида бўлсин, улар бир-бирлари билан ёвлашмасин», деган сўзлар битилган экан. Буни ўқиб кўргач, улуғлар аҳдига вафолик қилиш юзасидан қўмондонликни қабул қилдим…»

Улуғ Жаҳонгир яна бир жойда ёзади «…мабодо Самарқанд шаҳри ичида ўзбекларга қарши уруш бошласаму, Мовароуннаҳр аҳли (бундан) қўл тортса (унда нима бўлади?), унда шаҳардан чиқиб, Самарқанд тоғларида жойлашаман, токи менга қўшилишни истаганлар ҳузуримга келар, шунда мен катта сипоҳ тўплаб, ўзбекларга қарши жангу жадални бошлагайман», — деб қарор қилдим. Самарқанддан чиққанимда олтмиш отлиқдан бошқа бир киши ҳам менга эргашмади. Шундан билдимки, ўйлаган кенгашим хато бўлмаган экан».

Лемак, ўша вақтларда «ўзбек» деб аталувчи қавмларнинг мавқелари умуман Мовароуннаҳрда (шу жумладан, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда) шунчалик кучли бўлганки, аҳоли дастлабки даврларда Амир Темурдек буюк саркарданинг орқасидан ҳам тезликда эргаша бермаган.

Мовароуннаҳрда «ўзбек» номи билан яшаб келган қавмларнинг катта мавқега эга бўлганлиги ва улар нуфузли тоифа вакиллари деб ҳисобланганлиги айниқса буюк мутафаккир Алишер Навоий асарларида ҳар томонлама батафсил ёритиб берилган.

Аввало шуни алоҳида қайд қилиб ўтиш керакки, Алишер Навоий қипчоқ — ўзбеклар тоифасига кирувчи қиёт, қўнғирот, оғар, юз, минг, билут, манғит сингари уруғ ва қабилаларнинг вакилларини барлослар билан бир қаторда, балки айрим ҳолларда уларга нисбатан ҳам кўпроқ жамиятни бошқариш ишларида қатнашиб келаётган нуфузли ва насабли кишилар — жамият аристократиясининг вакиллари деб ҳисоблайди. Мисоллар:

а) Санамлар ҳуснидан мақсуд ёр ўлмиш, Навоийга,
Агар барлос, агар тархон, агар арлот, агар сулдуз.

б) Мен тилаб ҳусн, вале шоҳ тилаб аслу насаб,
Менга лўли бирла ҳинду, анга қўнғироту қиёт.

Эй Навоий, менга бас ул санами лўливаш,
Бекка қипчоқу оғар, шоҳга қиёту билгут.

Эй Навоий, чу гадосен, сену бир лўливаш,
Шоҳга мирзоу мирак, хонга қиёту қўнғирот.

Иккинчидан, Алишер Навоий шу тоифалардаги ўзбекларни Мовароуннаҳрдаги бошқа ўзбеклардан фарқ қилмайди, балки буларнинг ҳаммасини ўзининг жонажон халқининг вакиллари деб ҳисоблайди:

Агар бир кавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур.

Бу жиҳатдан Алишер Навоийнинг айниқса «ўзбек» қавмини умумлашма маънода, Мовароуннаҳрдаги туркий қавмларнинг асосий вакили ва шоирнинг суянчиғи бўлган халқ вакили сифатида «ўзбаким» деб алоҳида меҳр билан аташи ҳамда уни ҳеч қандай шоҳ ва тожларга алмаштирмаслиги ҳақида сўзлари бениҳоят даражада ибратлидир:

Шоҳу тожу хиъатеким, мен томоша қилғали,
Ўзбаким, бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.

Баъзи бир кишилар яқин даврга қадар Алишер Навоий «ўзбек» деган сўзни билмаган, чунки у вақтларда «ўзбек» деган сўзнинг ўзи бўлмаган», деб айтиб келишарди. Эндиликда Алишер Навоийнинг «ўзбек» сўзини ўнлаб марта қўллаганлигидан ва уни турк сўзи билан бир қаторда Мовароуннаҳр туркларининг асосий вакилларидан бири сифатида куйлаб, унга катта ишончлар билан қараганлигидан ва уни ўзининг севимли халқининг вакили деб ҳисоблаганидан хабардор бўлганларидан кейин эса бундай ҳолни тарғибот қилиш, ҳозирги ўзбек номи билан аталувчи, миллатимизни ташкил этган ҳамма этник қўшилмаларни бирлаштирувчи ёки бирлаштиришга ундовчи, ҳаракатлар қилиш ўрнига ҳануз ерга қараб, ер чизиб ўтирмоқдалар. Чунки уларнинг эски ақидасига кўра «ўзбек» сўзи фақат Дашти қипчоққа нисбатангина қўлланиши керак эди.

Демак, Навоий замонидаёқ «ўзбек» сўзининг фақат Дашти қипчоқ-ўзбекларга нисбатан қўлланиб қолмасдан, Мовароуннаҳрда яшовчи кўпгина бошқа ўзбекларни (туркий аҳолини) ҳам бирлаштирувчи умумий номга айланиб қолганлиги ҳақидаги янги хулосани биз шууримизга (онгимизга), қон-қонимизга мустаҳкам сингдирмоғимиз ва уни ҳамма дарсликларимизда ҳам, биринчи навбатда, тарих дарсликларимизда тўла акс эттирмоғимиз лозим. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, бир мамлакатнинг вазири даражасига кўтарилиб, шу мамлакатни шоҳга нисбатан ҳам кўпроқ обод қилиб турган, номи жаҳонга ёйилган улуғ шоир ўз халқини қўйиб туриб, ёнидаги бошқа мамлакатнинг халқини куйлайдими!? Ёки ўз шоҳига мансуб бўлган қавмларнинг вакилларини озроқ куйлаб, бошқа халқнинг вакилларини кўпроқ куйлайдими!?

Лекин, афсуски, кўпчилик олимларимиз бу ҳақиқатни кўп вақтлардан буён тушунмай келмоқдалар ва ҳатто шу гапларнинг аниқ маълум бўлганлигига 20 йилдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин ҳам улар ҳамон қотиб қолган нотўғри ақидаларни эскичасига такрорлаб юрмоқдалар.

Учинчидан, Алишер Навоий «ўзбек» номини баъзан «мўғул» номи билан ёнма-ён қўйиб куйлайди:

Ул турки Хитонигг эрур андоқки кўзи қиймоч,
Ким ноздин ўлмас, демак, оллиндаки кўз оч,
Ўзбек, мўғул ўлғай анинг олдида мусулмон
Билмон ани қалмоқмудур, йўқ эса суғмоч.

Ушбу ўринда, шоирнинг шу байтига изоҳ тарзида қуйидагиларни айтиб ўтиш лозим. Баъзи одамлар, шу жумладан тарихчилар ҳам, XIV—XV асрларда классик адабиётимизда ва тарихда қўлланган «мўғул» сўзини фақат ҳозирги мўғулларга тегишли деб тушунадилар, ҳолбуки ўша вақтларда мўғул сўзи юқори даражали унвон сифатида тушунилган ва у кўпгина туркий халқларга нисбатан ҳам қўлланилган. Ана шунинг учун ҳам XIV асрнинг машҳур тарихчиси Рашид ид-Дин ўзининг «Жоме ат-таворих» асарида «мўғул» сўзининг аввал туркларнинг кичик бир бўлагини англатгани ҳолда, Чингизхондан кейин катта унвонга айланиб кетганлигини ва кўпгина аввалдан «туркий» номлар билан аталган қавмлар шу вақтдан бошлаб ўзларини «мўғул» номи билан атаганликларини алоҳида қайд қилиб ўтади.

Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг авлодлари ўзлари томонидан Ҳиндистонда барпо қилинган янги шоҳлик сулоласининг Буюк Мўғуллар сулоласи деб атар эканлар, улар ҳам мўғул сўзи ҳақидаги ана шу ақидага амал қилганлар. Лекин Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг бобоси буюк жаҳонгир Амир Темир ўзини мўғул деб аташга — хон деб аташга ботинмаган. Чунки ўша давр шажарасида акс эттирилганидек, унинг аждодлари мўғул унвонига эга бўлмаганлар.

Тўртинчидан, Алишер Навоий асарларида «ўзбаки гулнора тўн» деган ибора ҳам учрайди:

Узбаки гулнора тўндун куйдум, аммо ўлтурур,
Лемун терлик оннинг остидаким, жонон кияр.

Шоир бу байтда қизил анор гулли тўнни «ўзбекча тўн» деб таърифлаш билан бирга, ёш жувонлар ўша тўннинг остидан ярашиққа лимон рангли ич кўйлак кийганини айтганки, бу ҳол ўша даврда энг сифатли деб ҳисобланган саноат молларидан бир турининг «ўзбек» деб аталувчи қавмлар билан боғлиқ равишда қўлланганлигидан гувоҳлик беради.

Шуниси ҳарактерлики, «ўзбек» сўзи фақат Навоий асарларидагина эмас, унинг замондошлари бўлган Лутфий ва Саккокийларнинг асарларида ҳам ҳурмат ва эъзоз билан тилга олинади.

Бешинчидан, шу нарсани ҳам алоҳида айтиб ўтиш керакки, юқорида Алишер Навоий асарларидан «ўзбек» сўзига нисбатан келтирилган мисолларнинг ҳаммасини бизга туюлишича, аниқ тарихий манбалар қаторига бемалол киритиш мумкин. Лекин буюк шоирнинг асарларида, хусусан унинг «Садди Искандарий» достонида тўла равишда тарихий манба деб аташ, улар муаммолироқ бўлса ҳам, бироқ эътиборга олиб чуқур равишда ўйлаб кўришга арзийдиган жуда қизиқ материаллар ҳам бор. У ҳам бўлса шундан иборатки, Алишер Навоийнинг 6у бадиий асарида гувоҳлик берилишича, «ўзбек» тоифасига кирувчи қавмлар машҳур подшо Искандар Зулқарнайн қўшинлари томонида туриб, Эрон шоҳи Доронинг лашкарларига қарши жангга киришга ҳозирлик кўради:

…Боронғор анга хайли Машриқ замин,
Самарқанддин токи сарҳадди Чин.

Яна юз минг ўзбек мўғул бирла зам,
Юз эллик минг ул сори қалмоқ ҳам.

Бўлиб, барчаси олти юз минг киши,
Борига ҳунар кин ила разм иши.

Яна манғит ўзбак била ёндашиб.
Икки зулфдек тузлари чирмашиб.

Алар ёнида Мовароуннаҳр эли,
Ики руд аросида ўн шаҳр эли…

Агар «Садди Искандарий»дан келтирилган бу материалларни биз ҳақиқатан ҳам тарихий материаллар деб ҳисобласак, у вақтда ўзбек сўзининг келиб чиққанлигига камида 2 минг 300 йилдан ошган бўлади. Бу материалларни тўла тарихий реаллик деб қабул қилмаганимизда ҳам, барибир Навоийнинг бадиий умумлашмасида ҳозирги ўзбек халқининг бир-бирига яқин бўлган уч тоифа вакиллари ўша вақтларда ҳам жаҳон аҳамиятига молик бўлган рамзий адолат қўшинлари таркибида қатнашган бўлиб чиқади.

Бу айтилганларга кичик бир хотима тарзидаги қўшимча сифатида шу нарсани ҳам эслатиб ўтишимиз керакки, ўзбек халқ оғзаки ижодининг энг нодир ва энг мукаммал намунаси — «Алпомиш» достонининг юзага келганига ҳам, камида минг (бўлмаса, икки минг) йил бўлган.

Демак, бизнинг бисотимизда, шу жумладан адабий, тарихий меросларимиз орасида ҳам, ҳали синчиклаб ўрганилмаган, лекин ўрганишга арзийдиган материаллар кўп. Фақат биз уларни кўра билишимиз, тўғри баҳолай олишимиз ва тўғри талқин қила билишимиз керак. Шундагина биз ўзбек элининг тарихини ҳам, унинг икки маънодаги отини ҳам орқага тортиб боғлаб турган ипларини уза оламиз ва ўз тарихимизни ўрганишда тўғри, равон йўлга чиқа оламиз.

Худойберди Дониёров, филология фанлари доктори, профессор

«Ленин йўли» газетасининг 1990 йил, 15 июнь сонидан.