Хива рўёси (Савдогар Абросимовнинг Хивага қилган сафари тўғрисидаги хотиралари)

Мен Хивада тижорат билан шуғулланиш мақсадида, ундан 900 чақирим узоқда жойлашган Долгий оролидан ўн бешта туяга ҳар хил моллар ортиб йўлга тушдим. Ўзимга ҳамроҳ қилиб оролдан бирше уруғининг оқсоқоли Калманбет Шатикаевни йўл бошловчи, яна тўрт нафар қирғизни хизматкор қилиб ёлладим. Бу хизматкорларнинг қиладиган ишлари – қўноқ жойларида туяларга дам бериш, суғориш ва яхши яйловларга қўйиб ўтлатишдан иборат эди. Улардан бири туяларни чўлда узоқларга кетиб қолмасликларини кузатиши ва қирғизларнинг ҳужумларидан огоҳ бўлиб туриши, бошқалари эса юкларни бир жойга туширишлари ва тун бўйи қўриқлашлари керак эди. Икки киши ўтовларни юк туширилган жой яқинида тикиб, кечки овқатни тайёрлаш билан банд бўларди. Қирғизлар бу юмушларни бутун йўл давомида бажариб боришарди. Қирғизларнинг ейдиган таомлари фақат гўжадан иборат бўлиб, унинг тайёрланиши жуда осон эди: қайнатилган сувга жавдар ёрмаси солиниб аралаштирилади ва мазаси чиқсин деб озгина думба ёғи қўшилади. Оқсоқол иккаламиз учун ҳар куни чой билан қўй гўштидан тайёрланган қовурдоқ тайёрланарди. Бундан ташқари, суви қочган буғдой нони, сорочин тариғи (гуруч) ва ғамлаб олинган турли хил озиқ-овқатларимиз бўларди.

Одатда йўлимда учраган оқсоқолларни бирга овқатланишга ва чойга таклиф этардим, ўз ўрнида уларнинг меҳмони ҳам бўлардим. Улар билан қилинадиган суҳбат мавзулари одатда Хива, Хива хони ва тижорат тўғрисида бўларди.

Мана, ниҳоят, Каспий денгизи қирғоқларидан узоқлашиб, менга мутлақо ёт бўлмиш ўрдаликлар диёрига қараб йўл олдим. Кечга бориб Тошқудуқ атрофига жойлашган Адай туркманлари овулига етиб келдик. Бу овулнинг бош оқсоқоли Даспай мард ва салобатли киши эди. У ҳамюртлари орасида довюраклиги билан донг таратган, илгари Каспий денгизининг машҳур қароқчиси бўлган экан. Андрей исмлик бир рус қочоқ аскари ёрдамида рус балиқчиларини асир олар экан. Андрей Чобиқ деган оқсоқолнинг уйида яшаб, қароқчилик қилиб, унинг ҳаддан ташқари бойиб кетишига сабабчи бўлган экан. У Чобиқникида 12 йилдан ортиқ яшаб, унинг ўз ўғлидай бўлиб кетган, уларнинг тилларида гаплаша олар эди. Чобиқ уни ўзининг яқин қариндошларидан бирига уйлантирмоқчи бўлиб қалинини ҳам тўлаб қўйган эди. Лекин худди шу вақтда хон барча асирларни озод этди ва бундан буён русларни асир олишни таъқиқлаб қўйди. Хон Чобиқдан ҳам қароқчи Андрейни Россияга топширишни талаб қилди. Лекин Чобиқ хоннинг буйруғини бажаришдан бўйин товлади ва ўзи ёки болалари Андрейни тутиб беролмасликлари, агар хон истаса, хоҳлаган одамига бу ишни топшириб, уни ўз номидан рус бошлиқларига топшириши мумкинлигини билдирди. Бунга сабаб, Чобиқ Андрейни ўғил қилиб, ислом динига ўтказган, уни суннат қилганларида нафақат ўзи, уруғ-аймоқлари ҳам Андрейни русларга тутиб бермасликка қасамёд қилган эдилар. Ўз ўрнида Андрей ҳам Худони ўртага қўйиб, Каспий денгизида рус кемаларига ҳужум қилинган пайтларда Чобиққа хиёнат қилмасликка қасам ичган эди. У ўрдаликларни ўзининг садоқатига янада қаттиқроқ ишонтириш мақсадида бир рус асирининг бошини кесиб, унинг қонини ичган эди. Лекин Чобиқ қариндошларининг тазйиқи туфайли, охири Андрейни русларга топширишга мажбур бўлади, бу эса Андрей учун мутлақо кутилмаган ҳол эди.

Ново-Александровск истеҳкомининг коменданти полковник И.Н.Лихошерстов старшина Чурунбой Костибоевни Чобиқнинг овулига бу қароқчини тезлик билан топшириш талаби билан юборади. Кези келганда айтиб ўтиш керакки, Чурунбой ўта чаққон ва келишган йигит бўлиб, соф рус тилида гаплашадиган ва яхшигина маълумотга эга киши эди.У Чобиққа ташрифининг сабабини тушунтириб, Андрейни топширишни талаб қилди, лекин Чобиқ бунга рози бўлмади. Охири ўзининг иниси Дўсчон – иззат-икромга сазовор бўлган, қароқчиларни ёқтирмайдиган ва босқинчилик мақсадида қилинадиган ҳужумларга қаттиқ қарши турган инсон – уни бунга кўндира олди. Чобиқ қадрдон дўстини ҳимоя қила олмаслигига ақли етиб, Андрейни ҳибсга олишларига рухсат берди. Андрейнинг кулбасига тўппа-тўғри бостириб киришга ҳеч ким ботинолмади, чунки у тиш-тирноғигача қуролланган эди. Унинг ўзи кулбасидан чиқишини кутишди. Ҳеч нарсадан шубҳаланмаган Андрей кулбасидан чиқиб оғилхонага қараб юрди. Ажабланарлиси шундаки, ҳеч бўлмаганда қилич ёки ханжарсиз бир қадам босмайдиган одам бу гал беқурол эди. Пистирмада турганлар унинг кулбадан узоқлашишини кутишди. Сўнгра унда шубҳа уйғотмаслик учун Чурунбой иккита қирғиз билан унинг ёнига борди. Унга етиб олишгач, гапга солишди, шу пайтда бир қирғиз Андрейнинг орқасидан ўтиб, қўлини қайирди ва зудлик билан орқасига боғлашди. Андрей қичқириб, Чобиқ ва унинг болаларини ёрдамга чақирди, лекин у алданган эди. Чурунбой уни овулга олиб келганида у янада қаттиқроқ қичқириб, Чобиқдан ҳимоя қилишни ўтиниб сўрай бошлади.

Чурунбой Андрейни туяга мингаштириб боғлаганига қадар Чобиқ ўз кулбасида писиб ўтирди. Кейин видолашув учун барча аҳли аёл ва бола-чақалари билан чиқди. Шунда Андрей уларнинг тилида тутилиб бўлса-да, таъна ва маломат тошларини ота бошлади. Чобиқ ўзини тута олмай ҳўнграб йиғлаб юборди, хотинлари ва болалари эса шундай ўкириб йиғлашардики, уларнинг фарёди қўшни овулларга ҳам эшитилди.

Жудолик ҳаммаси учун жуда оғир эди. Бу видолашув онларида Андрей Чобиққа қарата шундай деди: “Сен ким туфайли машҳур бўлдинг, мен туфайли эмасми? Овулинг атрофида ўтлаб юрган шунча молни ким туфайли қўлга киритдинг?” Сўнг у бирорта кийим беришларини сўради. Чобиқ дарров устидаги шойи чопонини ечиб узатаркан: “Мана сенга, Андрей, менинг чопоним, аниқроғи отангнинг чопони, кийиб одош қил, мени унутма, мен сени ҳар доим эслаб юраман”, – деди. Андрей унга қўпол жавоб қилди: “Сен менинг отам эмассан, Худодан қайтган бандасан. Сен ўз қасамингга ҳиёнат қилдинг, Худони ҳам, Муҳаммад пайғамбарни ҳам алдадинг”. Шундан сўнг уни олиб кетишди.

Чобиқ ҳали ҳам ҳаёт, лекин унинг қўл-оёғи шол бўлиб қолган; катта хотини едириб-ичиради. Қирғизлар рус асирларини қийнагани учун Оллоҳ унга кўрсатиб қўйган, дейишаркан.

Даспай қандай қилиб қароқчилик қилганлари ва Каспий денгизида русларни асир олганларини ҳикоя қилиб берди. Унинг бошига қуйидаги бахтсизлик тушган экан:

“Кучли пўртана турди. Бор лангарларимиз узилиб, оқим кемамизни Дарбанд томонга оқизиб кетди. 15 кунча қаерда сузиб юрганимизни ҳам билмасдик. Мен билан ҳаммаси бўлиб 4 нафар рус асири ва 30 нафар қирғиз бор эди. Мен бу қирғизлар билан кема юкхонасига тушиб ўтирардим, шу ҳолда Дарбанд атрофига бориб қолдик ва бу ерда эрониларнинг кемаларига дуч келдик. Эронилар кемада 4 нафар русни кўргач, бу кема қирғизларники деб гумон қилмадилар. Уларнинг саволларига Дарбанд ёки бирорта бошқа шаҳарга хазина олиб кетяпмиз, деб жавоб берардик. Ўзимиз томонга қайтишдан умидимни батамом узган эдим, лекин бахтимизга шамол йўналишини ўзгартириб, шимоли-шарқ томонга, Сариқтош йўналишида сузиб кетдик.

Йўлда Қулали оролининг чап томонида турган катта кемага дуч келдик. Унинг атрофида учта қайиқ турарди. Унга тунда яқинлашдик. Аслида кемага ҳужум қилиш ниятим йўқ эди, лекин қирғизларим “ҳужум қилиш керак”, деб туриб олишди, уларнинг гапи билан кемага сездирмай яқинлашдик-да, йигирматамиз ҳужумга ўтдик. Қолганлар ёнбошда кутиб турди. Бироқ рус халқи табиатан сезгир бўлади. Улар бизни кечқуруноқ сезган бўлишса керак. Кеманинг гир атрофига тўр ва қармоқлар ташлаб қўйилган эди. Кемага ташланганларнинг кимнинг қўли, кимнинг бўйни бу тўрларга илашиб қолган эди. Кеманинг тепа қисмидаги шовқинни эшитган руслар писиб ётган жойларидан чиқиб, бизникиларни ура кетишди. Аҳволимиз танглигини кўриб, ёрдам бериш мақсадида ўзимни кемага урдим, лекин оёғим пастдаги тўрга ўралиб қолди. Руслар бизникилардан тўрт кишини ўлдиришди, қолганлар бир амаллаб қочиб қолдик. Ўшанда мен қаттиқ жароҳатландим, ҳануз орқа елкам оғрийди, бошим ҳам ёрилган эди (у менга бошини кўрсатди, ҳақиқатдан, у чала битган яралардан иборат эди). Бировларнинг гапига кириш шундай бўлади, дея давом этди у, агар ўз ақлим билан иш кўрганимда ҳеч кимдан ажралмаган бўлардим, ўзим ҳали саломат юрардим”.

Шу орада кечки овқат тайёр бўлди. Биз учун қўй гўштидан тайёрланган осиёликлар таоми – палов пиширилган эди. Рус кваси ва пиво ўрнига айрон тортилди. Овқатдан сўнг мен билан Калманбет унинг кулбасида тунашга қолдик. Тагимизга намат, унинг устидан гилам тўшалган эди. Тунни шу алпозда ўтказиб, тонгда яна йўлга тушдик.

Икки кундан сўнг, карвонимиз билан тобиш уруғига тегишли овулга кириб келдик. Бу овул Қиёт тоғининг ёнбағридаги Туя суви деб аталувчи қудуқ яқинида эди. Овул катта эмас, бор-йўғи учта кулбадан иборат эди. Шу ерда тунадик, лекин эсда қоладиган бирорта нарса кўрмадим. Жойлашиши пасттекислик, чорва учун ем-хашак мўл эди. Овулнинг эгаси қария бўлиб, мени меҳрибонлик билан кутиб олди, пойимга қўй сўйдириб, ундан турли таомлар тайёрлатиб барчамизни меҳмон қилди. Қилаётган сафарим сабабини сўраб, Хивага кетаётганлигимни билгач, оқ йўл тилаб қолди.

Бу қариянинг 12 яшар ўғли бўлиб, болакай касалманд эди. Отаси мендан бу дарддан фориғ бўлиш йўлларини билиш-билмаслигимни сўради, мен ҳеч нарса билмаслигимни айтдим. Бироқ йўлбошловчимиз табобатдан хабардор бўлиб, бу борада анча машҳур ҳам эди. Боланинг деярлик бутун баданини яра-чақа босганди.

Йўлбошловчи икки хил муолажани тавсия этди: биринчиси – ярани ўт билан куйдириш. Иккинчиси эса, атрофдаги инларда учрайдиган оққуйруқ қуённи тутиб, унинг ёғини эритиб, ярага ҳар куни бир маҳал суриш эди.

Учинчи тунни Татар қудуғи деб номланувчи жойда ўтказдик. Унча катта бўлмаган овулга кириб келганимизда, унинг аҳолиси ўтовларини бошқа жойга кўчириш билан банд эди. Наматларни силкитиб қоқишар, хивич билан уриб чангини чиқазишарди. Бу ерда учта аёл ва бўйи етган қиз бор эди: қиз бошига ўралган қирмизи шол рўмоли билан ажралиб турарди, аёллар эса бошларини оқ шойи рўмол ва 6 аршин келадиган қалин сурп билан ўраб олишганди.

Туяларимиз улардан тахминан юз қадамча келадиган масофада тўхтади. Мен бу қандай овул эканлигини билмоқчи бўлиб аёллар олдига бордим-да, ўтовлари янги жойда мустаҳкам бўлишларини, ўзларига эса бахт тиладим, улар эса менга эзгу тилакларим учун миннатдорчилик билдиришди.Эркаклари қаердалигини сўраган эдим, қабристонга ёдгорлик ўрнатиш учун кетишганини айтишди. Бу ёдгорликлар тошлардан узун ва тик қилиб ўрнатилади, ҳар қандай киши уни ўрнатиб кета олмайди. Ёдгорликлар турли бўёқлар билан бўялиб, гоҳида ораларига ойнак ҳам ўрнатилади. Ойнакли ёдгорликлар одатда қизлар қабрлари устига ўрнатилади. Йигитларникига эса марҳумнинг довюраклиги ва мағрурлиги рамзи сифатида қуроллар – милтиқ, қилич, ханжар тасвири туширилади. Ёдгорликлар ясалиш санъати ва тошнинг сифатига қараб ўн сўмдан эллик сўмгача нархда сотилади. Аёлларнинг суҳбатини олдим: улар қувноқ ва сергап эди, исмимни сўраб, кимлигимни билишгач, эрларидан мен ҳақимда эшитганликларини, эрлари мендан улар учун рўмол сотиб олганликларини айтиб, рўмолларини кўрсатишди. Кейин чанқоқ босди бирор нарса сўраганимда, бир қиз дарров катта идишда сут узатди. Идишнинг оғирлигидан бир амаллаб икки қўллаб ушлаб турдим. Идиш тоза эмас, жавдаридан қилинган хамир қолдиқлари ва намат қиллари ёпишганлигидан кўнглим бўлмай, кўп ичолмасдан, идишни эгасига қайтариб бердим. Унинг ўзи ҳам ёқимсизгина эди.

Мен хуштаъм ичимлик учун миннатдорчилик билдирдим, аммо идиш қўлимни бир оз ифлос қилганини айтдим. Қиз хохолаб кулиб юборди, лекин онаси идишни артиб бермагани учун қизига яхшигина танбеҳ берди. Кўп вақт ўтмай эркаклар: Бердиниёз исмлик қария икки ўғли билан келди. Мен улар билан аввалдан таниш эдим. Кўришиб бўлгач, қария мендан қаерга кетаётганимни сўради. Мен бахтимни синаш, шунингдек, хон ва у ерлик одамларни кўриш мақсадида Хивага йўл олганимни айтдим. Чол менга оқ йўл тилаб, ёдорлик тошларини қандай қилиб ўрнатганларини ҳикоя қилиб берди. У билан ҳайрлашгандан сўнг йўлга тушдик.

Бир неча кун юриб Қоратовга етиб келдик. Гир атрофини кўплаб туя, от, қорамол ва қўйлар ўраб олган овулга кириб келганимизда кун алламаҳал бўлиб қолган эди. Чорвасини қўриқлаб юрган чўпонлар кимлигимизни суриштиришди. Уларга ўткинчи савдогар эканлигимизни айтдик. Биз ҳақимизда овулга хабар етказганларида, у ердан ипак матодан чопон кийган басавлат учта қирғиз келди. Шарқона одат бўйича меҳмонларга гилам поёндоз тўшашларини буюрдим, улар чордона қуриб ўтиришди. Оқсоқол кимлигимиз ва қаерга кетаётганлигимизни сўради. Мен русман, Хивага савдо қилгани кетаяпман, деб жавоб бердим.

Шунда улардан бири менга орқага қайтиб кетишимни маслаҳат берди, чунки хон кўпдан бери ўзига рус тилмоч излаётганини ҳамма билишини, шу сабабдан ҳам у мени қўйиб юбормаслигини айтди. Қолган иккитаси эса унинг гумони ноўринлигини таъкидлашиб, хон мени азиз меҳмон сифатида қабул қилишини айтишди. Бу мавзу уларнинг ораларида баҳс туғилишига сабаб бўлди. Мен орада самовар қўйишларини буюрдим. Ой нури ёғдусида соф ҳаводан баҳраманд бўлиб, гиламда чордона қурганча анча гурунглашдик, меҳмонларим тўхтовсиз тамаки ҳидлаб кумуш тамакидонни бир-бирига узатишарди. Нега чорвани овулга бунча яқин олиб келдинглар, деган саволимга, бу атрофда қашқир кўп бўлиб, тез-тез подаларга ҳужум қилиб туришини айтишди.Чойдан сўнг улар биз билан ҳайрлашиб кетишди. Эрталабдан сафаримизни давом этдирдик. Савдо яхши йўлга қўйилганлиги сабаб, бутун йўл давомида бир неча хиваликлар карвонини учратдик.

Тумантов этакларига етиб келганимизда Ўлжабой исмлик бир эски танишимникида тунадим. У илгари Ново-Александровский истеҳкомига борган эди. Мени унинг ўзи ва аҳли аёллари меҳрибонлик билан кутиб олишди. У мени гўдаклигимдан билар, лекин кўришмаганимизга анча бўлган эди. Ўлжабойнинг овулида бир кеча-кундуз қолиб кетдим, унинг ёрдамида шу ерлик қирғизлардан қарзларимни ундириб олдим. Суюнчисига унга чакмонлик мовут, аёлларига эса ўн тўрт аршиндан кўйлаклик чит ҳадя қилдим.Ўлжабой менга Хива хони билан учрашганимда ўзимни қандай тутишим кераклиги ва у ерда қандай муомала қилишимни ипидан игнасигача ўргатди. У менга иложи борича одобли, эҳтиромли ва ҳалол бўлишимни, шунингдек, берилган саволларга қисқа жавоб беришимни маслаҳат берди. Хивага келган кунимданоқ, унинг ўгитларига тўлалигича риоя қилдим, шу туфайли хон билан олиб борган барча ишларим муваффақиятли бўлди. Сарой амалдорлари, беклар ва оқсоқоллар эса мени жуда яхши кўриб қолишди.

Амударёга яқинлашиб қолганимизда, ундан унча узоқ бўлмаган туркман овулида тунашга тўғри келди. Унинг пастроғида қумлоқ ерда хиваликлар овули ҳам бор эди. Бу ердан уларнинг катта йўли ўтган, карвонлар ва Хивага чорва ҳайдаб кетаётганлар тўхтовсиз ўтиб турарди. Бу ерларда тез-тез ўғирликлар содир этилади, қорамол ва туяларни олиб қочишади. Ҳар тугул биз тинч, эсон-омон ўтиб олдик, фақат отимнинг жуда силласи қуриди. Кўпинча уни етаклаб юришимга тўғри келди, чунки оёқ ости юриб бўлмайдиган даражада қалин қумлик эди. Айниқса туялар кўп қийналди. Бу ерда Хивадан қирғизлар билан савдо қилиш учун кетаётган, ёши қайтиб қолган бир хиваликни учратдим. Ундан Хива ва хон тўғрисида кўп нарса эшитдим. Бу маълумотлар мен учун ўта зарур эди.

Шу тариқа Амударё соҳилига етиб келдик. У кенгликларга ёйилиб тез оқар, лекин унча чуқур эмас, суви хуштаъм эди. Дарё соҳилида унча катта бўлмаган икита кулба, уларнинг яқинида эса йўловчиларни дарёдан ўтказиб қўйувчи иккита сол ва бир неча қайиқ бор эди. Олдин ўзимизни, кейин туяларни ўтказиб қўйишди. Дарёнинг у соҳилида бир неча ертўла бўлиб, уларда қайиқчилар ва кира ҳақи ундирувчи мулозимлар яшашарди. Ўтказиб қўйилган ҳар бир от ёки туя учун 50 тийиндан, киши бошига эса 5 тийин миқдорида кира ҳақи тўланарди. Шундай қилиб мен ўзим ва карвонимга кира ҳақи тўлаш учун бошлиғига учрашишим керак эди. Туяларимни олиб ўтгунларича бошлиқ билан соҳил бўйлаб сайр қилдик ва кўп нарсалар тўғрисида гаплашиб олишга улгурдик. У менга Россия тўғрисида саволлар берарди, мен эса Хива тўғрисида сўрардим. У тўхтовсиз чилим чекар ва менга ҳам манзират қилар эди. Соҳил бўйида айрон ва қимиз сотадиган дўкончалар бор экан. Биз айрон ичмоқчи бўлдик. Унинг ярим литри беш тийин экан. Айрон солинган идиш сополдан бўлиб, энг юқори малакали хитой усталарининг иши эди. Бундай идишларнинг донаси бизнинг Россияда бир сўмдан камига сотилмайди. Шу пайтда дўкончага нотаниш, кўринишидан басавлат ва серғайрат, катта қора соқолли, хиваликларнинг қимматбаҳо либосини кийиб олган суворий кириб келди. У отдан тушиб, уни дўконча эшигига боғлади. Ичкарига кираркан, рус тилида: “Эй, Худойим-е, бу ерларга ҳам рус савдогарлари келадиган бўлибди-я!”, деди. Мен унга ҳайрат ва қўрқув аралаш қарадим. У рус тилида гапирмай қўйди, хиваликлар тилида гаплашдик. У мендан кимлигим ва қандай қилиб бундай ўта машаққатли сафарга чиқишга қарор қилганимни сўради. Кейин дўкончадан чиқиб анча вақт Амударё соҳили бўйлаб сайр қилдик. Ундан кимлиги ва қаерданлигини сўраганимда, самимият билан ўзи тўғрисида гапириб берди. У асли Пенза губерниясидан бўлиб, Чембарский уездидаги катта бир ер эгасининг ҳовлисида хизматкор экан. Хўжайини уни қандайдир гуноҳи учун аскарликка бериб ва у Астрахандаги денгиз қўшинларининг қирқ бешинчи кемасида боцман бўлиб хизмат қилган экан. Денгизда сафардалиги пайтида қароқчиларга дуч келишибди. Барча кема аъзолари, шу жумладан, кема сардори ҳам асирга олинибди. У бу ерларга шу тариқа келиб қолган экан. Бафуржа гаплашишга вақт етишмас эди, лекин мен ундан кўпроқ Хива тўғрисида билиб олишга ҳаракат қилдим. У менга хон ҳузуридаги Карле исмли амалдорни топишимни тавсия қилди. Боцманнинг исми-фамилияси Сергей Иванов бўлиб, Хива шаҳрида яшар экан. Расталарга жойлашиб олганимиздан сўнг бизни ўзи топишга ваъда берди.Сергей Иванов билан ҳайрлашиб, юкларимизни карвонга ортиб, мулозим бошчилигида йўлга тушдик. Мулозим бизга хонликка бож тўлашда бирон-бир молимизни беркитиб қўймаслигимизни назорат қилиб туриш учун бириктирилган эди.

Бу ерларда менга ҳамма нарса ғаройиб ва ваҳимали туюлиб, кўнгилсиз таассурот қолдирди. Хивага яқинлашганимиз сари мени юк босаверди.

3 октябрнинг эрта тонгида узоқдан Хива кўринди. Шаҳристон сатҳи пастликда бунёд этилгани учун ҳам Хиванинг ташқи кўриниши кўзга унчалик чиройли бўлиб кўринмасди. Баланд масжидлар ва катта иморатлар кам эди. Бунинг устига, ҳар бир уй атрофидаги боғлар шаҳар кўркини тўсиб турарди. Шаҳар ичида улкан боғ бўлиб, у ерда турли анвойи мевалар, жумладан нашвати, нок, олхўри, узум, олибухоро, жийда ва ҳоказолар битарди. Шаҳарга киришдан олдин кенг кўчадан юрдик, сўнгра эса иккита туя ёнма-ён турса аранг сиғадиган тор кўчадан бир амаллаб ўтиб, бозор олдидан чиқдик. Рўпарада тошдан ўта чиройли қилиб бунёд этилган савдо растаси жойлашган эди. Биз тўғримизда хонга хабар беришди. Бу орада хиваликлар карвонимни ўраб олишди. Улар рус савдогарларини кўриш иштиёқида эдилар. Кўплари мендан ҳар хил нарсалар тўғрисида сўрашди. Сал вақт ўтмай мени саройга олиб кетиш учун хоннинг мулозими етиб келди ва мен рус миллий либосларимни кийиб олишимни буюрди. Унинг амрини бажо этиб, саройга қараб йўл олдик.

Сарой бозорнинг шундоққина ёнида бўлиб, у тошдан икки қават қилиб қурилган экан. Унинг олд қисми, жимжимадор пиллапояси ва фил суягидан қопланган эшиги ўта нафис нақшлар билан безатилган эди. Пиллапоядан тепага чиқиб, у ерда бир оз кутиб турдик. Хон бухороликларни қабул қилаётган экан. Улар чиқиб кетганларидан сўнг мен билан бир арманига хон қабулхонасига киришга рухсат беришди. Рус урф-одатига риоя қилган ҳолда саломлашишимни буюришди. Хон ҳузурига кирганда эгилиб таъзим қила бошладик. Хон тилмочдан бу нимани англатади, деб сўради. Тилмоч рус одатига кўра эҳтиром кўрсатаётганимни айтди. Хон жавобни эшитиб кулиб қўйди ва қайси йўл билан келганимизни сўради. Яна у фуқаролари томонидан бизга ҳеч қандай зиён-заҳмат етказилмаганлиги билан қизиқди. Мен унга йўқ, деб жавоб бердим. Бутун суҳбатимиз тилмоч орқали бўлди. У ўз фикрини рус тилида яхши ифода эта оларди, лекин хиваликлар тилида ғалати ва тушунарсиз гапирарди. Шунинг учун ҳам хон баъзи жумлаларни икки, ҳатто уч марталаб қайтариб сўрашга мажбур бўларди. Ўрнимдан туриб, хондан менга Хивада савдо қилишимга рухсат беришини сўрадим. У очиқ чеҳра билан розилигини билдирди, мени биринчи қатордаги дўконлардан бирига олиб боришларини буюрди ва ҳар бир сўмлик сотадиган молим учун 10 тийин миқдорида солиқ тўлашим, шунингдек, ёнимдаги бор рус пулини хиваликлар пулига алмаштириб олишим шартлигини тушунтирди. Ҳар қандай сиқув ва зулмлардан ҳимоя қилишини илтимос қилганимда, у кулиб, хавотирим ўринсизлигини айтди. Бу ерда ҳеч ким мени хафа қилмаслигини, аксинча, унинг фуқаролари мени ҳурмат қилишини уқтирди.

Шундан сўнг, менга дўкон ажратиб бериш ва ёнимдаги рус пулларини қабул қилиб олиш учун махсус мулозим тайинланди. Бу ишлар тезда битди. Мулозим мендан пулни қабул қилиб олгани тўғрисида тилхат ёзиб берди. Машваратнинг охиригача хон қалин гилам устида чордона қуриб ўтирар, рўпарасида чилим турар, атрофида учта мулозим бор эди. Қабулхонада гиламдан бошқа ҳеч қандай жиҳоз йўқ, фақат шифтга нақш берилган эди. Сергей Иванов тавсия этган амалдорни қидириб топдим. У билан тезда тил топишдик.

Дўконга эга бўлгач, молларимни саралаб, пештахта токчаларига тартиб билан тера бошладим. У ерликлар менинг тимсолимда гўё бир ноёб нарсани кўргандай бўлишарди, ёнимга келишиб, мени гапга солишарди, Чамамда, жуда қисқа вақт ичида бутун Хива мусофир рус савдогари тўғрисида хабар топди. Кўплари мол харид қилиш учун эмас, балки фақат мени кўриш учунгина келишарди. Мен ҳаммаларига бирдек эҳтиром кўрсатишга ҳаракат қилардим, шу йўл билан танишларим сонини кўпайтирардим. Уларнинг барчаси мени яхши кўриб қолди. Лекин, гапнинг очиғи, бора-бора хиваликлар мени безор қилиб юборишди: кўпинча бозорда юрадиган бўлсам, улар; ана, рус савдогари келяпти, деб бир-бирига мени бармоғи билан кўрсатишарди. Шу сабабли бошқалардан яққол ажралиб турмаслик учун, хиваликлар кийимини кийиб олдим.

Хива бозорларида ҳамма нарса бизнинг Русияга нисбатан анча арзон эди. Бир қадоқ қўй гўшти 5 тийин, белуга балиғи 2-3 тийин, чўрак (товада пиширилган катта оби нон) 5 тийин. Бунинг устига, нон шундай каттаки, бир донаси одамни кун бўйи тўқ тутади. Балиқ уруғи уларда деярли истеъмол қилинмайди, чунки уни биздай тотли қилиб тайёрлашни билишмайди. Еган тақдирда ҳам балиққа қўшиб пиширишади. Қизил балиқ елка гўшти ва елимини кулчанон ёки ўрама шаклида тайёрлаб ипга ўтказишади. Бир қадоқ елим баҳоси катта қўй нархида, яъни 5 ёки 6 сўм туради, бир ботмон буғдой, яъни бизнингча 1 пуду 10 қадоқ – 80 тийин туради. Сорочинский тариғи (гуруч)нинг нархи ҳам унча қиммат эмас – 1 ботмони 1 сўм ёки 1 сўм 20 тийин. Қовун, тарвуз ва турли ҳўл мевалар бу ерларда кўплаб етиштирилади ва жуда арзон сотилади. Турар жойларга келсак, ҳавас қиладиган даражада эмас: бинолар ёмон қурилган, кўчалар тор ва ифлос, ҳар жой-ҳар жойда ахлат ва гўнг уюб ташланган.

Мен бу ерда кўплаб таниш-билиш орттирдим, талай бообрў амалдорларникида меҳмон бўлдим. Уларнинг ҳаммаси мени самимият билан кутиб олишди. Асосан мол гўшти кабоби, жувоз мойида тайёрланган майизлик қўй гўштидан палов ва турли ҳўл мевалар билан зиёфат қилишарди. Ҳар доим чилим бўлади. Аёллари эркак меҳмонларга кўринмайди.

Шундай қилиб, аста-секин Хива ҳаётига ҳам кўника бошладим. Лекин савдо ишларим олдинига унчалик юришмади. Бунинг устига, уларнинг молини сотиб олиш учун маблағим ҳам йўқ эди. Хон томонидан алмаштириш мақсадида олиб қўйилган пулим эвазига ҳали ўзларининг пулини беришмаган эди. Тўрт кундан сўнг ўзим хоннинг олдига боришга аҳд қилдим, саройга яқинлашганимда мулозимлардан бири нима юмуш билан келганлигимни сўради. Мен хонга илтимосим бор, дедим, лекин қандай илтимос эканини айтмадим.

Хонага кирганимда хон ёлғиз чилим чекиб ўтирарди. Ҳозир бошқа либосда, яъни хиваликлар кийимида бўлсам-да, хон мени кўрибоқ таниди ва очиқ чеҳра билан, “Ҳа, ўрус савдогари”, деб кутиб олди. Мен унга хиваликлар одатича таъзим қилдим, унга ёқиш учун ўзимни иложи борича хокисор тутишга ҳаракат қилдим. Хон маҳаллий тилда гаплашишни қаерда ўрганганлигимни сўради. Ўн беш йилдан бери қирғиз ва хиваликлар орасида яшашимни айтдим. Ёшимни сўраган эди, йигирма ёшдаман, деб жавоб бердим. Беш ёшимдан оиламиз билан Оренбургга келиб қолганимиз, ўша пайтдан бери доимо қирғиз ва хиваликлар орасида эканимни қўшиб қўйдим. Хон тилни яхши ўзлаштирганим учун мақтаб қўйди, лекин ёзувни ўрганишга ҳаракат қилмаганимни маъқулламади. Кейин нима юмуш билан келганимни сўради. Мен пул учун келганимни очиқ айтолмадим. Бир қирғиз мендан ўттиз олтита қўй қарз бўлиб, пулини бермаётганини айтдим, холос. Хон бунга жавобан, “агар қарздоринг инкор этса, унинг ростдан ҳам қарздор эканини қандай қилиб исбот қила оласан?” – деди. Мен унга жавобан , ҳамма хизматкорларим унинг мендан мол олганини кўрганини, йўлбошловчимиз бўлган оқсоқол ҳам гувоҳ бўла олишини айтдим.

Хон мулозимини оқсоқолга юбориб, ундан ростдан ҳам қирғиз мендан қарз олган-олмаганлигини аниқлатди. Оқсоқол гапимнинг тўғрилигини тасдиқлаб, қирғиз қайси пайтда қарз олганини ҳам аниқ қилиб айтиб берди.

Хон қарздорга одам юборишни буюрди. У мулозим билан кириб келганида мен танимай қолдим: хоннинг ўқрайиб қарашидан қаттиқ қўрқиб, ранги буткул оқариб кетган эди. У хоннинг “Бундан қарздормисан?” – деган саволига, қарзи борлигини тан олиб жавоб берди. У инкор этиши ҳам мумкин эди, лекин бу ерда ҳозир бўлган муллага кўзи тушгач, қасам ичиришлари мумкинлигига ақли етди шекилли, бундай қилмади. Хон нима учун қарзингни узмаяпсан, деб сўраганида, ҳозирча имконияти йўқлигини билдирди. Шунда хон бир мулозимга унинг қариндошлариникига боришни ва улар бунинг қарзини тўлаши шартлигини буюрди.

Мулозим кетди. Қўйларни қабул қилиб олиш учун оқсоқолимизни унга қўшиб юбордим, ўзим эса хондан топширган пулимни қайтиб беришини сўраш мақсадида қолдим. Лекин хон менга ҳар хил саволлар берар эдики, иш юзасидан гап очишга ботинолмасдим. У бизнинг подшоҳларимиз, уларнинг тўйлари ҳамда улар нега чет эллардан уйланишлари, қизларини ҳам четга узатишлари тўғрисида сўради. Мен бу тўғрида билганимча айтиб бердим. Кейин у дин тўғрисида гапира бошлади. Руслар рўзасининг моҳияти нимада эканини ва қайси вақтларда ибодат қилишимизни сўради. Мен бизда эрталаб тонгги ибодат, пешинда тушки ибодат, кейин эса кечки ибодат қилинади, деб жавоб бердим. Хоннинг “Русияда аёлларнинг очиқ юз билан юриши, эркаклар билан бемалол мулоқотда бўлиши ва улар билан черковларда бирга ибодат қилишлари адолатданми?” – деган саволларига жавоб берганимда, олдинига ажабланиб ҳайрон бўлди, кейин эса бундай одатларимиздан кулди. Русияни ўз кўзи билан кўриш, у ердаги аҳоли турмуш тарзини ўрганиш истаги борлигини айтди. Лекин Русияга қай тарзда бориши мумкинлигини билмаслигини қўшиб қўйди. Агар хон сифатида борса, рус подшоҳи уни олиб қолиши мумкин, чунки ҳали ўзаро алоқалар ўрнатилмаган. Унга маълум бўлишича, рус асирларини озод қилиб юборгани учун подшоҳ унга эмас, нимагадир Англияга миннатдорлик билдирибди. Савдогар мақомида борса, бу ўз фуқаролари олдида шармандалик ҳисобланади. Бунинг устига, рус ҳукумати билиб қолса, хон савдо билан ҳам шуғулланаркан, деган гап тарқалиши мумкин.

Хива хони билан Россия ва русларнинг урф-одатлари тўғрисида суҳбатлашиб ўтирганимизда, мулозим кириб, тушлик тайёр эканини айтди. Мен ўрнимдан туриб кетишга ҳозирландим, лекин хон мени тўхтатиб, уйланган-уйланмаганим билан қизиқди, жиянларидан ёки хивалик қизлардан бирига уйланишни таклиф этди, шу йўл билан Хивада турғун бўлиб қолишга фикрим қандай эканини сўради. Унинг менга бўлган эътибори учун миннатдорлик билдирдим… Имкониятдан фойдаланиб, маблағдан қийналиб қолганлигимни билдирдим ва пулимни қайтариб беришларини сўрадим…

Мен хон билан хайрлашиб дўконимга кетдим. Бу ерда мени хиваликлар ўраб олишди. Улар хоннинг ҳузурида узоқ қолиб кетишим сабабини сўрашди, Уларга қисқа қилиб ҳар хил нарсалар тўғрисида суҳбат қурганимизни айтдим. Бир мунча муддатдан сўнг хон юборган мулозим билан оқсоқолимиз қайтиб келишди. Улар дўконимга қирғизнинг қариндошларидан ундирилган қўйларни ҳайдаб келишган эди. Мулозим менга қўйларни санаб топширганидан сўнг, уларга белги тамғасини босиб чўпонимга жўнатмоқчи бўлдим. Лекин қарздор кишининг қариндошлари бунга эътироз билдириб, улар қариндошлари учун қарзни узишга мажбур эмасликлари ҳамда кимга қарз берган бўлсам, ўшанинг ўзидан ундириб олишим кераклигини айтишди.

Қирғизлар қўйларини қайтариб олишга хонни кўндиришга умид қилишиб, унинг ҳузурига боришни таклиф этишди. Мен розилик билдирдим ва мулозим бошчилигида йўлга тушдик. Бу пайтда хон туяларини чўктириб юборгани учун бухороликлардан ҳақ ундириб олаётган эди. Улар билан орани очиқ қилиб бўлганидан сўнг биз ҳам кирдик. Қирғизларнинг таклифини тинглаб хоннинг жаҳли чиқиб кетди, гапни қисқа қилиб, қўйларни қайтариб беришга рухсат бермади ва ҳаммани қувиб солди.

Орадан анча вақт ўтгач, мулозим дўконимга пулимни олиб келди ва мендан қанча мол олиб келганимни сўради. Ҳаммаси бўлиб беш минг сўмлик, деб жавоб бердим. У хон томонидан ҳар бир сўмлик мол учун ўн тийин миқдорида бож тўланиши белгиланганини айтиб, беш юз сўмни санаб олди ва шу ондаёқ пулларни саройга олиб кетди.

Орадан кўп ўтмай дўконимга боцман Сергей Иванов келиб, мени ўз уйига таклиф қилди. Мен бу таклифни бажону дил қабул қилдим. Сергей Хиванинг бозоридан узоқ бўлмаган жойда, Бухорога чиқиш йўлида яшар экан. Унинг уйида кўплаб санам (икона) ва диний китобларни кўриб, ниҳоятда ажабландим, Мен ундан, хон бу ерда христианларга ўз динига эътиқод қилишига рухсат берадими, деб сўрадим. Сергей менга, илгари бу ерларда рус асирлари кўп бўлиб, шахсан хоннинг рухсати билан улар шу хонадонда йиғилишиб, ибодат қилишганини , шунинг учун ҳам бу китоб ва тасвирларни Оренбургдан ёздириб олдирганини айтди.

Меҳмондорчилик анча вақтгача чўзилиб кетди. Шунда унинг нима билан шуғулланишини сўрадим. У хоннинг топшириғига биноан тўпчиларга қўмондонлик қилиши, аскарларга таълим бериши, эрони асирларга ҳарбийча юриш ва қурол билан муомала қилишни ўргатишини айтди. Зиёфат учун минатдорчилик билдириб, уйимга қайтдим.

Хивада Сергей билан тез-тез кўришиб турардик. Бир куни у билан яшаш тарзи бизникига ўхшаб кетадиган бир амалдорникида меҳмон бўлдик. У хотинларини биздан яширмади. Мен улар билан анча суҳбатлашдим. Улар мендан рус аёлларининг ҳаёти ва юриш-туришлари тўғрисида қизиқиб суриштиришди. Мен уларга аёлларимиз қандай қилиб кўча-кўйларда эркин юриши, меҳмондорчиликларга бориши ҳамда куннинг хоҳлаган пайтида юзларини яширмаган ҳолда, эркаклар билан учрашишлари ва суҳбатлашишлари мумкинлигини ҳикоя қилиб бердим. Уларни тўй маросимларимиз ҳам ниҳоятда қизиқтирди. Ҳамма тафсилотлари билан гапириб бердим ва бизларда битта хотиндан бошқага уйланиш мумкин эмаслигини ҳам айтиб ўтдим. Бу одатимизни улар жуда мақташди. Бу аёллар шойи кўйлак кийиб олган, кўкракларини дур ва қимматбаҳо тошлардан ясалган тақинчоқлар безаб турар эди. Бошларида ичига пахта қавилган ипакдан қалпоқча бўлиб, у ҳам дур ва қимматбаҳо тошлар билан қопланган эди. Катта хотинининг ўн икки яшар қизи бўлиб, у бешикдаги укасини тебратиб, ўзи тўқиган аллани айтиб ўтирарди. Аллани узоқ тингладим, қўшиқ тугагандан сўнг қизчани эркалатиб, мақтаб қўйдим. У қизалоқларга хос уятчанлик билан қизариб кетди. Алланинг сўзлари тахминан шундай эди:

Йиғламагин, йиғлама, аллаё алла,
 Йиғлаб бағрим тиғлама, аллаё алла.
 Отам келиб сўяр қўй, аллаё алла,
 Бошланади катта тўй, аллаё алла.
 Отам сенга той берар, аллаё алла,
 Момам келиб мой берар, аллаё алла.
 Овунарсан шунда сен, аллаё алла…

Мезбон ва ёш уй бекаларига меҳмондорчилик учун раҳмат айтиб, уйга қайтдим.

Хивада яшаётганимга қирқ кун бўлиб қолган эди. Бу вақт ичида хон хотинларидан бирининг туғилган кунини нишонлайдиган бўлди. Бу тантанага мени ҳам таклиф этишди.

Боғда кигиздан улкан чодир тикилган бўлиб, унинг ўртасида саҳнага ўхшаш нарса ўрнатилган эди. Мен у ерга оренбурглик савдогар З. ҳамкорлигида бордим. Унинг тижорат ишлари юришмай, бозори касодга учраб қолган эди.

Чодирга кирган пайтимизда хон тўрда ўтирарди. Унинг ёнида – аъёнлар. Бизни хоннинг қарши томонига ўтиришга таклиф этишди. Бу ерда машшоқлар ва етмиштача меҳмон бор эди. Томошалар бошланди: саҳнада биринчи бўлиб раққоса қўғирчоқ пайдо бўлди. Ундан сўнг икки хивалик миллий рақс ижро этиб, бор маҳоратларини намойиш этгач, бир бола баланд қилиб тортилган дорда ўйин кўрсатди. Бу томошалар тугагач хивалик ҳофиз соз чалиб, босқинчи эрониларни мағлуб этган қаҳрамон ватандошлари тўғрисида достон куйлаб берди. Хоннинг буйруғига биноан, ҳар хил ҳайвонлар келтирилди ва саҳнада ёввойи отлар, архарлар, тулкилар, ёввойи мушуклар, қўнғир айиқ ва ҳоказолар намойиш этилди. Хоннинг ўзи уларнинг ҳар бири тўғрисида гапириб берди. Сўнг кечки овқатга турли хил таомлар тортилди. Энг сўнгида чилим келтирилди. Зиёфатдан сўнг хонга миннатдорлик билдириб, дўконларимизга қайтдик.

Орадан бир неча кун ўтгач, охирги молларимни хиваликларнинг шойи ва оддий матодан тикилган чопонларига айирбош қилиб, уларни йўл бўйи қирғиз чўлларида сотиб кетишни чамалаб, Хивадан қайтишга тараддуд кўра бошладим.

Қайтиш ниятим борлигини билдириш учун хоннинг даргоҳига бориб, уни топа олмадим. У қайсидир бир амалдорнинг овулига кетган бўлиб, айтишларича, бир ҳафтасиз қайтмас экан. Хонни кутмасдан кетмоқчи ҳам бўлдим, лекин аъёнлар бундай қилишимга изн бермадилар. Шунда ҳукмдорнинг менга нисбатан ҳеч қандай ёмон нияти йўқмикин, деб хавотирга тушиб қолдим.

Хон келиши биланоқ унинг ҳузурига бордим. У қайтишимга рухсат берди. Россияга борганимдан сўнг ундан хафа бўлмаслигимни сўради ва “менимча, Сизга мен ёки фуқароларим томонидан ҳеч қандай озор етказилмади шекилли, биз томонларга яхши ниятлар билан келишни истаган барча савдо аҳлига етказингки, мендан улар ёмонлик кўрмайдилар”, – деб қўшиб қўйди. Мени шунда турғун бўлиб қолишга ундаб қилган таклифига, ота-онам ҳаёт ва уларнинг ёлғизи эканимни айтдим. Хон уларни моддий томондан қўллаб туриши мумкинлигини билдирди. У ўзида хизмат қиладиган рус асирларининг ҳар бирига йилига ўттиз, қирқ ва эллик тилло маош тўларди. Хон билан ҳайрлашиб, Сергейникига бордим. У “йўлга”, деб, йўқ дейишимга қарамай, кўп миқдорда ҳўл мева ва чўраклар берди ва бизни Хивадан чиқишда таниш бўлиб қолган амалдорлар билан кузатиб қўйди. Хайрлашаётган онларимизда Сергей қуйилиб келаётган кўз ёшларини тиёлмади, Ўзим ҳам Хива, у ердаги қадрдонлар билан шу алфозда эзилиб ҳайрлашдим.

Хивадалик давримда менга у ердаги арғумоқлар жуда ёқиб қолган эди. Уларнинг асосий емиши жўхори бўлиб, отларга нисбатан камтомоқ ва тўрт кунлик йўлни озиқланмасдан босиши мумкин. Улар фақат минишга мослашган бўлиб, бўйи басти катта отдай, ингичка, тик қоматли, иякдор, енгил. Жўхоридан ташқари майса ва сули билан ҳам боқишади, лекин сули таркибида одатда кўп чиқинди бўлгани учун жуда тўйимли ҳисобланмайди. Бир пуд жўхори армуғоқнинг ўн кунлик емиши бўлиб, унинг баҳоси етмиш тийин. Арғумоқларни Хивага туркманлар етказиб туришади ва уларни фақат туркман ясаган эгарлар билан минадилар, қирғиз ёки бизнинг казак эгарлари тўғри келмайди. Арғумоқ тез югурганда худди қуёнга ўхшаб бор гавдаси билан чўзилади ва бизнинг энг чопағон рус отларидан-да анча тез югуради. Улар ювош ва ақлли бўлиб, дарёлардан дадил сузиб ўтади. Вафодор ҳамда уюрларда қўлга тез ўрганади. Бу ерларда арғумоқ учун юз сўм ва ундан ҳам ортиқ ҳақ тўланади.

* * *

Хивадан қайтишимда яна Амударёдан кечиб ўтдим. Бу ердаги оқсоқол мендан Хива менга ёққан-ёқмаганини ва хон мен билан қандай муносабатда бўлганини сўради. Унга хоннинг кўрсатган илтифотлари учун ғоятда миннатдор эканимни айтдим ва умуман ҳаммалари шундай қабул қилдиларки, бундан ортиғи бўлмайди, деб жавоб бердим.

Шу пайтда бир қирғизнинг ғайриоддий иштаҳасини кўришга муяссар бўлдим. Бир хивалик сотиш учун бир челак қимиз олиб келиб, эллик тийин нарх қўйди. Қирғиз киши унга яқинлашиб келиб, кел, баҳслашамиз, агар челагингни бир кўтаришда ичолсам, сенга ҳақ тўламайман, ичолмасам, айтганингни икки баравар қилиб бераман, деди. Бунча қимизни бир кўтаришда ичиб бўлмаслигига ақли етган хивалик, шартга рози бўлиб, челакни қирғизга тутказди. У эса челакнинг икки қулоғидан кўтариб ича бошлади ва тўхтамасдан ичиб бўш челакни эгасига қайтариб берди. Бу қалтис ҳазилдан жаҳли чиқиб кетган хивалик қирғизни, нега сенинг меш қорнинг ёрилиб кетмайди, деб ҳақоратлаб кетди. Тан оламанки, бу воқеа мени ҳайратга солди: ахир шунча миқдордаги суюқликни ичиш учун қандай қорин бўлиши керак?!

Амударёдан ҳам кечиб ўтдик. Худди Хивага кетаётганимиздаги каби бора-боргунча овулларда тўхтаб ўтдик.

Бир овулда тунаганимизда, мезбоннинг ўн яшар ўғли бемор бўлиб ётарди. Боланинг отаси касалнинг сабабини ҳикоя қилиб берди. “Бундан беш кун илгари, тунда ҳаммамиз ётганимизда, кулбамизга бўри кириб қолибди. У ухлаб ётган ўғлимга яқинлашиб уни искай бошлаган; ўғлим уйғониб кетиб, хонада кимдир юрганини айтиб мени чақира бошлади. Олдинига, бу нима бўлиши мумкин деб, англолмай, ўзим ҳам қўрқиб кетдим. Кейин кўзининг ёнишидан бўри эканини билдим. Қўлимга қилич олиб унга серпадим. Бахтимга қарши, нишонга теккизолмай, ўғлимнинг бошига тушириб олдим. Зарбам унинг бошини жароҳатлади. Аламига бўрига етиб олиб, уни қиймалаб ташладим. Энди ўғлимга қандай шифо қилишни билмай бошим қотган. Гарчи оқсоқол қандайдир дориларни тавсия этган бўлса-да, унинг тузалиб кетишига ишонмайман”.

Бир катта ва бадавлат овулда ноқулай об-ҳаво сабабли икки кун қолиб кетишимизга тўғри келди. Даҳшатли момақалдироқ ва чақмоқ чақиб, қаттиқ сел ёғиши натижасида теварак атрофда чуқур кўлмаклар пайдо бўлди. Пастликлардаги кўплаб қирғиз ўтовларини сув оқизиб кетди. Тошқин натижасида талай қорамол нобуд бўлди. Чўпонлар водийдан қўйларни олиб ўтаётганда, шитоб билан оқиб келган сув уларни чуқур жарлик домига тортиб кетди. Буни кўрган хўжайин ва унинг бўйи етган қизи уларни қутқариш учун ёрдамга ташланишади, лекин ҳаракатлари зое кетиб, қўйларига қўшилиб ўзлари ҳам сув ўрамасида ҳалок бўладилар. Бу сел кўп бахтсизликлар келтирди. Биз овулнинг тепалик қисмида тўхтаганимиз учун безиён бўлдик.

Биз “Муалла” уруғининг овулига етиб келдик. Унда олтмиштача қирғиз кулбаси бор эди. Бу овул аҳолиси қаттиқ қуролланган эди. Қуролланганларнинг сони юзтача бўлиб, уларнинг йўлбошчиси Раҳимберди оқсоқол экан. Уларнинг биринчи саволи: “Қаердан келаяпсан?” бўлди. Уларга Хивада бўлганимни батафсил ҳикоя қилиб бердим ва ўз навбатида, бунчалик қуролланганликларининг сабабини сўрадим. Унинг айтишича, бундан бир йилча муқаддам Адай қирғизлари бу уруғнинг бир кишисини ўлдириб қўйгани сабабли, икки ўртасида адоват туғилган. Муалла уруғининг оқсоқоллари ўлдирилган биродарлари хунига Адай қирғизларидан мингта қўй талаб қилганлар, лекин улар бунга рози бўлмаган. Шундан сўнг икки юзга яқин муалла йиғилиб, оқсоқол бошчилигида Адай қирғизларининг икки юзтача қўйини, яна туя ва отларини ҳайдаб келишган. Адай қирғизлари ўз ўрнида буларга ҳужум қилиб, ундан ҳам кўп қорамолни олиб кетиш тарадудида экан. Шунинг учун муллалар Раҳимберди оқсоқол бошчилигида қуролланиб, сергак бўлиб турган экан. Чунки адайлар қадимдан теварак атрофдаги чўлларда энг довюрак қароқчи сифатида танилган бўлиб, бир пайтлар Каспий денгизида русларни ҳам асир олиш билан шуғулланган экан!

Кейинги тунда Дўсчон оқсоқолнинг овулида тўхтадик. Унинг иниси Зобик билан бироз танишлигимиз бор эди. Зобикнинг ўтовига келганимда, у мени туғишган укасидай кутиб олди ва мен учун турли тансиқ таомлар тайёрлашни буюрди. Хизматкорларимга самоварни олиб келишни буюрдим ва биргаликда чой ичиб, овқатландик. Суҳбат чоғида у қизиқиб Хива, хон ва менинг у ерда қандай яшаганим, тижоратим тўғрисида сўради. Суҳбатимиз сўнгида у менга қирқ сўм кумуш пул бериб, кейинги гал келишимда Астрахандан марварид олиб келишимни илтимос қилди, сўнг дам олиш учун уйига кириб кетди. Биз эса ўз чодиримизга қайтдик.

Шундан бир неча кун ўтгандан сўнг чўлда ўтлаб юрган сурув-сурув қўйларга дуч келдик. Менинг, “бу қўйлар кимники?” деган саволимга чўпонлар, Қорасоч Султонпошшаники (бегойимники), деб жавоб бердилар. Улардан овулнинг қаердалигини билиб олиб, йўлимизни у томонга бурдик, чунки Султонпошшани анчадан бери танирдим.

Султонпошшанинг ёши анча жойга бориб қолган бўлиб, мени ҳар доим ўзимнинг ўғлим, дерди. Бунинг боиси, унинг Илёс исмли ўғли менга жуда ўхшар эди. Бегойим бизни хурсандчилик билан кутиб оларкан, у мен билан дийдор кўришишдан умидини узганлигини айтди, чунки барча Хива сафаридан қайтаётганлар хон мени у ердан қўйиб юбормаслигини ва ўзининг саройида яшашга мажбур қилиши мумкинлигини айтган экан-да. У қизини Чимал уруғининг баобрў оқсоқолларидан бирининг ўғлига узатаётган экан. Қайлиқ учун алоҳида тикилган ўтовда унинг кўплаб дугоналари йиғилишган эди. Келин билан илгаридан таниш бўлганим учун унинг ёнига кирдим. Саломлашиб бўлгач, сидқидилдан барча орзулари бекаму кўст рўёбга чиқишини тиладим. У менга миннатдорчилик изҳор қилди. Қиз беқиёс гўзал эди. У билан олтита қиз ўтирарди. Барчасининг эгнида қимматбаҳо шойи матодан кўйлак бўлиб, бошларига қирмизи шол рўмол ташлаб олишган эди. Уларни суҳбатга тортиш мақсадида рус тўйлари ҳақида ҳикоя қилиб бердим ҳамда қизлардан ҳар хил нарсалар тўғрисида сўрадим. Олдинига улар мендан уялишди, лекин бироз ўтгандан кейин дадилроқ бўлишиб, ҳатто севги ҳақидаги ҳар хил қўшиқлардан куйлаб беришди. Одатга кўра, қўшиқ айтиб берганлари учун қизларга ҳадя улашиб чиқишим керак эди, шунинг учун ҳам рўмол бериб, уларни хурсанд қилдим. Овулнинг урф-одати бўйича, куёв қайлиғини олиб кетгани келганда, унинг бор қариндош-уруғларини қуюқ меҳмон қилиши ва ўзининг ҳолига қараб ҳадялар улашиб чиқиши керак экан. Агар ҳадя кўнгилдагидек бўлмаса, келинни бермасликлари ҳам мумкин экан. Никоҳни мулла ўқийди. Куёв келин билан бирга унинг бир қанча қариндошини олиб ўз овулига йўл олади ва ўзининг уруғларини ҳам таклиф этиб, катта зиёфат беради. Меҳмонлар келинга ҳадялар беришади: ким от, сигир қўй, гилам, қисқаси, ким нимани хоҳласа, шуни совға қилиши мумкин. Бу базм оқшомида келиннинг юзи ёпиқ бўлади. Ерликларнинг удумларига биноан, келин тушадиган уйга халат ёки кўйлак устига пиширилган думба ёғ ташлаб бир итни киргизиб юборишади. Агар ит меҳмонлар кўз олдида ёғни еб тугатса, икки ёшнинг бахтли ҳаёт кечириши белгиси бўлади, агар емаса, бу – яхшилик аломати эмас.

Сўнгра келиннинг қариндошлари унинг сепини олиб келишади. Бойваччаларнинг сепи бир ўтов, бир ёки икки туя, бир неча қўй, қозон, тоғора, кўрпа ва, шунингдек, хўжалик учун керакли жамики майда-чуйдалардан иборат бўлади. Куёв келин учун қалин тўлайди.

Бир куни олти ўтовдан иборат овулга етиб келганимизда, шу ерда тунашга тўғри келди. Унинг эгаси кулчар, яъни ғаллакор экан. У ёзда буғдой, жўхори, тариқ, қовун ва тарвуз етиштираркан. Мен уникида ўтирганимда, бир келишган йигит кириб келди. Эгнида яшил мовут билан қопланган қизил тулки терисидан тикилган пўстин, бошида қизил духоба қопланган ва гир атрофига зар уқа тикилган тулки терисидан қулоқчин, пўстинининг остидан шойи чопони кўриниб турибди. У мезбоннинг қайниси бўлиб, қайлиғиникига кетаётган экан. Биз билан саломлашиб олгач, ўтириб Астробод атрофларида қандай қилиб туркманлар билан биргаликда Эрон овулларини талаганликлари ва одамларни асир олганликларини ҳикоя қилиб берди. Эрони эркакларни Хива хонига жўнатишар, хон улардан навкар тайёрлар экан, эрони қизларга эса туркман йигитлари ва, шунингдек, қирғизлар уйланишаркан. Бу овулдан кетишимда кулчар менга қўй ҳадя қилди. Йўл бўйи қирғизларга чопон сотиб кетдим. Чопонларни ҳамма жойда талашиб-тортишиб олишди.

Йўлда қандайдир тоғлик ва тепаликлардан ўтишга тўғри келиб қолди. Мен карвондан қолиб кетдим ва атрофида бир неча қўй ўтлаб юрган қудуққа кўзим тушди. Қудуққа яқинлашарканман, қулоғимга русча қўшиқ чалиниб, мени ниҳоятда ҳайратлантирди. Атрофда ҳеч кимса кўринмасди. Қўшиқ айтган одамни кўп қидирдим, лекин фақат бир қирғиз аёлни учратдим. У менинг, ким бу ерда русча қўшиқ айтди, деган саволимга, билмайман, деб жавоб берди, аммо менинг рус эканлигимни билгач қўшиқни ўзи куйлаганини айтди ва ўзи ҳам рус экани, ўн беш йилдан бери қирғизлар орасида яшаётганини гапириб берди. Унинг ҳикоясидан Оренбург губернияси, Краснохолмск станицалик казак қизи эканини билиб олдим. Олти ёшлик пайтида акалари билан ўт ўришда бўлганида қирғизлар ҳужум қилиб, кўпчилик қатори асир олишган экан. Ёши ўн бешга тўлганида, бир қирғизга эрга беришган экан. Турмуш қурганига ўн йил тўлибди. Фарзандлари бор экан. Юр, Ватанингга олиб кетаман, деб қилган даъватимга, болаларини кўзи қиймай, рад жавобини берди, ҳамда она тилини унутиб юборгани, лекин эри таъқиб этса-да, христиан динига эътиқод қилиб, имконият даражасида ибодат қилишини қўшимча қилди. У билан хайрлашганимда туяларим анча илгарилаб кетган эди, мен улар томон шошиб йўл олдим.

Кейин қария Эсондавлат оқсоқол бўлган жуда катта овулга етиб келдик. Оқсоқол мендан кўпроқ Астрахан ва Оренбург тўғрисида суриштирди, гап орасида рус шаҳарларига саёҳат қилиш истаги борлигини қистириб ўтди. Оренбург шаҳрида бўлганида, у ерга валиаҳд шаҳзода, ҳозирда эса муваффақият билан Императорлик қилаётган подшоҳимиз Александр Николаевич ташриф буюрганини ва унинг зиёфатида қатнашганлигини мақтаниб гапирди. Оқсоқолнинг тўнғич ўғли мендан доим кўтариб юрадиган ёмғирпўшимни ҳадя қилишимни сўради. Мен чурқ этмай, унга сўраган нарсасини бердим. У менга сидқидилдан миннатдорлик изҳор қилди. Лекин отаси шу арзимаган икки сўмлик нарса деб, беадабгарчилик қилгани учун ўғлини койиб берди ва менга ўзи етиштирган зотдор тойчоқларидан бирини тортиқ қилди. Бу қария ёшлик даврларида кўп бора босқинчилик юришларига борган эди, бу ишлар унинг учун кўнгулхуши бўлиб, кўплаб қирғиз ва туркманларни енгганини билиб олдим. У, шунингдек, Каспий денгизидаги саргузаштларини ҳам ҳикоя қилиб берди. У кўплаб русларни асир олиб, ҳар хил баҳода сотган экан.

Чўлларда йўлимизни давом эттирар эканмиз, унча катта бўлмаган овулга дуч келдик. Биз билан ҳамроҳ бўлиб кетаётган оқсоқол айрон ичишга таклиф этди, мен таклифни қабул қилдим. Овулга яқинлашганимизда итлар ҳужумига дуч келдик. Мен атайлаб, ўзимнинг кимлигимни яшириш мақсадида бошдан-оёқ қирғиз қизлари киядиган қирмизи халатга бурканиб олган эдим. Овулга кириб келганимизда йўлимизга бир қирғиз пешвоз чиқди. Биз отдан тушмадик, у кулбамга киринглар, деб зўрлади. Оқсоқолимиз, гўё мен унинг қизи ва қаергадир меҳмонга кетаётганимизни айтди. Аёллар кийимида эканим ва юзим ёпиқ бўлгани туфайли ёлғон гапиришга тўғри келди, Оқсоқол ичишга бирон нарса беришни сўради. Бир қизча иккита идишда айрон олиб келиб, бирини менга, иккинчисини оқсоқолга узатганида, бошимдаги ёпинчиқни олдим, Қизалоқ менинг эркак эканимни кўриб, онаси томон қичқирганча югуриб кетди. Ҳамма хахолаб кулиб юборди.

Кейин туркман элчиси Отаназар ташриф буюрган бир каттагина овулда бўлдик. Элчи кўримсиз, аммо эпчил одам эди. У хондан қилич ва олтин узук ҳадя олган, аҳоли ўртасида ўзининг ақллилиги билан машҳур бўлган эди. У ўзаро келишмовчиликда бўлган қирғизлар билан тинчлик ўрнатиш мақсадида туркманлардан вакил бўлиб келган эди. Бунга ишонтириш учун бир-бирларидан тортиб олинган асир ва молларни айирбош қилди. Элчи билан эронилар ўртасидаги жанглар тўғрисида кўп суҳбатлашдим. У менга бажону дил ҳикоя қилиб берди.

Чўллардан ўтаётиб, кўплаб ёввойи ҳайвонларни кўришга муяссар бўлдим. Ёввойи отлар, тоғ эчкилари (архарлар), сайғоқлар, бўрилар, тулкилар, бўрсиқларни қирғизлар милтиқ ёки қопқон билан овлар эканлар.

Улкан жийда дарахти ўсган овулга етиб келдик. Бу дарахтни муқаддас билиб, унга сажда қилишар экан. Ерликларнинг эътиқодлари бўйича, ногиронлар бундан шифо топар эмиш. Уни авлиё дарахт деб билишар, у масжид ўрнини ҳам босар экан. Кўз олдимда барча қирғизлар, ҳатто, бизнинг оқсоқол ҳам шу дарахтга бориб ибодат қилишди. Уларнинг урф-одатларини кўриш мақсадида бир гал мен ҳам бордим. Ибодат давомида ўтганлар руҳини йўқлаб тиловат ҳам қилинар экан.

Шундан сўнг кумуш устаси бўлган бир қирғиз заргарнинг овулида тунашга тўғри келди. У кумушдан ҳар хил нарсалар ясар экан. Мен бу ерда бир ёш мулла билан учрашдим. У менга тақво, Муҳаммад, Одам Ато ва Момо Ҳаво, Юсуф пайғамбар, унинг акалари томонидан сотиб юборилиши тўғрисида ҳикоя қилиб берди. Бу мулланинг шогирдлари кўп бўлиб, ўзи ўта ўқимишли одам эди. Яна бир овулга етиб келганимизда, у ерда фақат аёллар қолган бўлиб, юз ёшлик бир чолдан бошқа барча эркак ўч олиш учун бошқа овулга кетган экан. Қария қўйнинг курагида яхшигина фол очар экан, менга ҳам баъзи нарсаларни башорат қилиб берди.

Шундай қилиб, Хивадан қайтишимда қирғиз чўлларида саёҳат қилиб юрдим ва уларнинг овулларида савдо қилдим.

Бир овулда чодиримизга оқсоқолнинг қизи онаси билан кириб келди. Қиз жуда гўзал бўлиб, ораста кийинган, кўринишидан довюрак ва муомалада дадил эди. У мендан яхши шол рўмол сўради. Мен ҳар хил рўмолларни кўрсатдим, лекин унга ҳеч қайсиси ёқмади – биронтасиниям танламади. Шундан сўнг у устимдан кулиб, рўмолларимни ерга уриб қўшиқ куйлади. Қўшиғининг маъноси тахминан шундай эди: “Эй, сен, рус одами, энг бўлмағур савдогарсан, бизнинг ерларда юриб ёмон мол сотасан, халқни алдаб ўз юртингга кетиб қоласан”.

Унинг бундай номаъқул муомаласини бежавоб қолдиргим келмай, мен ҳам қўшиқ билан жавоб бердим: “Тўғри айтасан, сен айтгандек ёмон савдогарман, яхши рўмолларим қолмади, сабаби, уларни Хивада чиройлик қизларга сотдим, сен ўзингга яхши шол рўмол сўрадинг, менимча, у сенга ярашмайди, чунки бўйнинг қозоннинг қурумидек қора”.

Бу ерда ҳозир бўлган қирғизлар ха-холаб кулиб юборишди. Унинг ўзи ҳам кулиб, “Эҳ, ёмон ўрус”, – деди.

Қирғизларнинг орасида кўрганларимдан энг эсда қоладигани, уларнинг сентябрь ойида нишонлаган Қурбон ҳайити эди. Бу байрамда бою камбағал қўй сўйиб, ундан таом тайёрлайди, бир-бириникига меҳмонга боради, ўтовдан-ўтовга ўтиб, ҳамма ерда бир-бирини қўй гўшти билан сийлайди, чўлларда сайиллар ўтказиб, турли хил миллий ўйинлар ўйнайдилар.

Қирғизлар жуда аҳил яшайди ва бир-бирини томирим, деб атайди. Уларнинг дўстлиги шу қадар кучлики, дўст учун ҳатто ўлимга ҳам боришга тайёр.

Уларнинг тирикчилиги асосан чорвачилик билан боғлиқ, лекин ғалла ҳам етиштиришади. Яна қайиқлари бўлиб, денгиз ва оқар сувларга бориб, балиқ ови билан ҳам шуғулланишади. Балиқни тепадан туриб санчқи билан уриб олишади. Ҳар бир қайиққа беш ёки олти кишидан ўтиришиб, овга чиқишади. Балиқни еб, ундан олинадиган елимни бизга ёки Хивага олиб бориб сотишади. Бундан ташқари денгизда ҳар хил қушларни овлашади. Уларнинг семирган пайтини-да яхши билишади. Овланадиган қушлар: қизил оққуш, қизил ғоз, ёввойи ўрдаклар, қашқалдоқлар.

Илгариги даврларда балиқчиларимиз қирғизлардан тез-тез талафот кўриб туришарди. Улар нафақат таланарди, балки асирга ҳам олинарди. Энди эса, бу онда-сондагина содир бўлиб туради. Бу иш уларнинг нонини ёки ортиқча кийимини тортиб олиш мақсадида қилинади. Юқорида номлари келтирилган Адай қирғизлари қадимдан қароқчиликда машҳур бўлишган.

Рус тилидан Омонуллоҳ Мутал таржимаси

 

ТАРЖИМОНДАН

1995 йил августининг бошларида Хива шаҳрида хизмат сафарида эдим. Бомдод намозини машҳур Оллоқулихон қурдирган карвонсарой қаршисидаги масжидда жамоага қўшилиб ўқидим. Дуои фотиҳадан сўнг ўтирган жойимда масжиднинг ичини бир чеккадан кўздан кечира бошладим. Кўҳна бинонинг қурилиш услуби негадир кўпроқ овропача иморатларни эслатарди: деворлари ўта қалин бўлиб, хонақо ичига бир неча юз киши сиғса-да, бирорта устун ўрнатилмаган ва улкан қадимий қандил илиб қўйилган эди. Намозхонлар тарқалгандан сўнг ташқарига чиқиб, масжиднинг ташқи қисмига разм солдим. Бинонинг олдида баланд айвон, тўртта қарамон дарахтидан қилинган жимжимадор ўймакор нақшлар билан безатилган устун ўрнатилган. Масжиднинг биқинида шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб сервиқор минора бўй чўзиб турибди. Масжид пештоқидаги ёзувни ўқийман: “Саид Ниёз шоликор” жоме масжиди, 1835 йили қурилган…” Менинг ҳар бир нарсани диққат билан кузатаётганимни сезган масжид имом-хатиби Раҳматулла маъноли боқиб, бирор саволингиз борми, дегандек бўлди.

– “Саид Ниёз шоликор” масжиди деб аталишининг боиси нимада?

– Саид Ниёз деган бир улуғ зотнинг, Оллоҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин, маблағига қурилган экан.

– Исмидаги шоликор қўшимчаси-чи?

– Нақл қилишларича, у киши деҳқонлардан шоли олиб, гуруч қилиб сотаркан. Савдогарчилик қиларкан. Тахминан 1830 йилларда бўлса керак, Оренбургдан бошқа моллар билан бирга қора сақич ҳам олиб келган. Ўшанда Хивадан Оренбургга туя карвонлари қирқ икки кун деганда етиб бораркан. Сақич яхлит қопда бўлиб, майдалаб сотиларкан. Бир қопдаги сақичнинг ичидан олтин чиқибди. Дарров олтинларни беркитиб, Оренбургга нома йўллабди: “Эй, биродари азиз, менга сақич, деб берганингиз олтин экан, буни қайтариб олишингизни илтимос қиламан”. У ердан эса: “Мен Сиз муҳтарамга, Оллоҳнинг шоҳидлиги ва ҳамроҳларингиз гувоҳлигида сақич сотганман, ҳеч қанақа олтиндан хабарим йўқ, шунинг учун мени маъзур тутасиз…”, деган жавоб келибди. Шундан сўнг Саид Ниёз Оллоқулихонга(1825-1842 йиллар хон бўлган) учрабди.

– Охиратим куйиб кетмаса, деб қўрқаман. Менга сақич деб сотганлари олтин бўлиб чиқди, шуни хонлик хазинасига қабул қилишга ижозат бериб, мени ниҳоятда оғир ташвишдан халос этсангиз, – деб арз айтибди.

Хон шу ерда ҳозир бўлган Муҳаммад Юсуф меҳтарга (1803-1839 йиллар меҳтар, яъни бош вазир бўлиб, Авазбий, Элтузар, Муҳаммад Раҳим I ва Оллоқулихонлар даврида хонликнинг иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётида катта мавқега эга бўлган) савол назари билан қарабди. Меҳтар, хазиначига жавоб бер, дегандай бўлибди. Хазиначи, бир қопдаги олтинга, бир Саид Ниёзга қараб олиб:

– Мени кечирасиз-ку, хон олий жаноблари, бу олтин қандай йўл билан топилгани бизга қоронғу бўлса, келинг, бир халта олтин деб хонлик хазинасини булғамайлик, – деб жавоб берибди.

Шундан сўнг Саид Ниёз кўзда ёши билан қопни кўтариб чиқиб кетибди. Уч кундан сўнг хон уни чақиртириб: “Менинг уйқумда шу нарса аён бўлдики, бу олтинлар сен учун ҳалол экан, агар хоҳласанг масжид қуришинг мумкин, яна ўзинг биласан”, – дебди, Шундай қилиб ана шу масжид битиб қолган экан.

– Садағанг кетай, инбу мечит қурилишинда дим кўп одам қатнашған, – деб улаб кетди мутавалли Совур ота.

Хоннинг махсус фармони чиққан. Қурилиш бўладиган майдонда олти хонадон яшаётган экан. Саид Ниёз жой эгалари билан учрашиб, уларни рози қилиб, жойини сотиб олмоқчи бўлган. Улардан бири ёлғиз турадиган Бекажон момо экан.

– Она, уйингизни нархини айтсангиз, мен сизни рози қилсам, – деган Саид Ниёз.

– Болажоним, дунё тургунча тургайсан, завол кўрмагайсан, бахтинг ётмагай. Менга бир чақанг керакмиди, фақат бандаликни бажо келтиргач, мени шу ерга дафн этсанг бас, – деб жавоб берган кампир (Саид Ниёз ва Бекажон момо масжид ичига дафн этилган). Уй эгаларидан бири машҳур Ялманбой экан, у Саид Ниёзнинг: ”Жойингизни нархини айтинг”, – деган саволига: – Ёшулли, ўзингни мендан ҳам бой деб санайсанми? Эртага келсанг жойни бўшатиб қўйган бўламан, олтинингни масжидга ишлат, деган экан.

Қурилиш бошланишида тумонат одам йиғилибди. Шунда оқсоқоллардан бири халойиққа мурожаат қилибди:

– Ким ўн икки ёшдан намозга ўтган бўлиб, фарз амалларини бирор марта ҳам қазо қилмаган бўлса, биринчи ғиштни қўйиб берсин.

Буни қарангки, Саид Ниёздан бошқа ҳеч кимса ўтолмаган экан.

Мезбонлар ҳикояси менга шу қадар таъсир қилдики, ҳанузгача унутолмайман. Носоз тузум даврида бизга ғаразли мақсадда ўтмишдаги хонлар ва бойлар олтин-жавоҳир деб бир-бирларининг кўзларини ўйишган, ўлдиришган, уларда ҳеч қандай муқаддас нарсанинг ўзи йўқ эди, деб бизни ишонтирмоқчи бўлиб келишганидан ўкиндим. Балки бу ривоят одамлар томонидан тўқилган афсонадир, лекин айтувчилар уни шундай ишонч билан ҳикоя қилиб берардиларки, у ҳеч ёлғонга ўхшамасди.

Шу воқеани эшитгандан сўнг менинг тинчим йўқолди. Тошкентга қайтиб келганимдан бошлаб, бир неча кун Алишер Навоий номидаги кутубхонага қатнаб, Хива тарихи, айниқса, Оллоқулихон даврига тегишли адабиётлар билан танишдим. Уларнинг аксарияти XIX асрда, рус тилида ёзилган бўлиб, уларда ўша даврдаги мустамлакачилик, шовинистик руҳ яққол сезилиб турарди.

Адабиётлар ҳам ҳар хил савия ва мақсадда ёзилган бўлиб, уларда ички маданияти ўзларидан анча бой, қадим-қадимдан умум-башариятнинг маданий ҳаётининг ҳар томонлама ривожига ўта салмоқли ҳисса қўша олган ота-боболаримизни уялмай-нетмай “ярим ёввойи” деб ёзишади. Лекин ўқиганларимдан ўзим учун жумбоқ бўлиб келган кўп саволларга жавоб топгандай бўлдим. Ўтмишдошларимизнинг давлат тузилиши (1825 йилдаёқ Хивада Олий Кенгаш тузилган бўлиб, барча масалалар аҳамияти ва салмоғига қараб аҳолининг турли табақа вакиллари иштирокида кўриларкан), халқ хўжалигининг юритилиши, деҳқончилик ва сунъий суғориш иншоотларининг барпо этилиши, гўзалликда тенги йўқ шаҳарларнинг қурилиши, адабиёт ва санъатда бетакрор ижод қилинганлиги кўксимни тоғ қилди. Қизиғи шундаки, буларнинг ҳаммасини ўша бизни босиб олган халқнинг вакиллари ёзиб қолдирган адабиётлардан билиб олдим.

Хива тарихи билан қизиқиб юрганлигимни кутубхонанинг деярли барча ходимлари тез кунда билиб олишди ва қўлларидан келганича мени қизиқтирган мавзуга тегишли китоб, журнал ёки газета топиб беришди.”Савдогар Абросимовнинг Хивага қилган сафари тўғрисида ҳикояси ” нинг топилиши ҳам шундай бўлди. Бу – сафар хотиралари бўлиб, 1873 йилда Россия Академиясининг Санкт-Петербургда нашр этилган “Ежегодник”(Йилнома) да чоп этилган экан.

Янглишмасам, шанба куни эди. Эрталаб кутубхонага кириб келганимда, кутубхоначи қизлардан бири:

– Мана буни бир кўрмайсизми? – деб қўлимга тутқазди.

Турган жойимда икки-уч варағини ўқиб қўйдим. Йўл таассуротлари XIX асрнинг ўрталарида чоп этилган бўлса-да, тили ўта равон ва тушунарли эди.

Маълум бўлишича, муаллиф йигирма ёшларда бўлиб, ўзбек ва қирғиз (ўша пайтларда Россияда қозоқларни қирғиз деб аташган) тилларини яхши билган.

Муаллиф ўзининг ёши ва Россиянинг Оренгбург губерниясидан эканлигини ёзса-да, ўзининг исми, қайси йили сафар қилгани ва Хиванинг қайси хони билан мулоқотда бўлганлигини ёзмайди. Ҳикоя 1873 йилда чоп этилган бўлса-да, унда баён этилган баъзи воқеаларга қараб, дастлаб бу тожирнинг сафари 1840-1842 йилларга тўғри келса керак, деган хулосага келдим. Бунга далил сифатида Абросимов хон билан қилган суҳбатларидан бирида, у: “Эшитишимча, рус асирларини озод қилиб юборганим учун подшоҳ (Николай I демоқчи) менга эмас, нимагадир Англияга миннатдорчилик билдирибди”, – дейди.

С.В Жуковский 1915 йилда чоп этилган китобида “1840 йилнинг ёзида Хива элчиси Отаниёз Хўжа 418 асир билан, уларнинг ичида зобит Аитов ҳам бор эди, Оренбургга етиб келди, уларнинг кетларидан ватанларига қайтишни ихтиёр этган 5 рус фуқароси ва 2 қалмоқ янги элчи бошчилигида тузилган махсус карвон билан жўнатилди”, деб ёзса, атоқли олим Б.Маннонов (Тарих сохтакорлари, Тошкент, “Фан”, 1983 йил): “Англиялик капитан Ричмонд Шекспирнинг Хивага келган вақти ана шу асирларининг ўз юртига жўнатиладиган пайтига тўғри келади. У бу ерда ўз зиммасига топширилган маълум вазифаларни бажаргач, Россия орқали қайтиш ниятини билдиради. Хон унга озод қилинган асирлар карвонига қўшилиб, Хива вакиллари қаторида Оренбургга етиб олишга рухсат беради. Бу тасодифдан ҳовлиқиб қолган Шекспир ўзини Хивадаги рус асирларини озод қилган яккаю ягона қаҳрамон сифатида реклама қилишга тушиб кетади”, – деб ёзади.

Бундан ташқари, Абрасимов ўз ҳикоясида россиялик савдогар З. тўғрисида ёзади. М.Иваниннинг ёзишича (“Описания зимнего похода в Хиву в 1839-1840”,СПБ, 1874), Оллоқулихон даврида савдогар Зайчиков 60 минг сўмлик мол юборган.

Абросимов ёш бўлишига қарамай, сафар чоғидаги ҳар бир нарса ва воқеани ўта синчковлик билан ўрганиб, ўқувчи учун қизиқарли ва тушунарли содда халқ тилида ҳикоя қилади. Бу ҳикояда ўша даврдаги ижтимоий ва сиёсий ҳаёт, турк қавмига мансуб ўзбек, қозоқ ва туркманларнинг урф-одатлари, яшаш тарзлари, ҳайвонот дунёси ва бошқа нарсалар тўғрисида қизиқарли маълумотлар берилган.

Абросимов хотиралари яна шуниси билан қимматлики, у кўрган нарсаларини борича қаламга олади. У йўлма-йўл ва Хивада учратган, у билан мулоқотда бўлган одамлар ҳақида, уларнинг миллати ва эътиқодидан қатъий назар, катта меҳр билан ёзади.

Омонуллоҳ Мутал, таржимон

Жаҳон адабиёти, 2013 йил, 8-сон