Юртимиз тарихи жуда бой. У кўп асрларни бағрига олиб, тарихий, бадиий китобларни безаб турибди. Биз Бўронтепа тарихини излаб, катта хазинага дуч келдик. Бу обида тарихининг бошланиши Пашанг, Вега, Афросиёб, Фирдавси-ю Бормонга бориб тақаляпти. “Ашкол ул-олам” китобининг муаллифи Абу Абдулло Муҳаммад бинни Аҳмад ал-Жайҳоний ғаройиб факт келтиради: “Ба Хоразм жуз аз қасаба ва Журжония шаҳрони дигар аст. Чун Даром, Ҳазорасф, Хева, Рахшимат, Содарзан, Замаҳшар, Навхост, Бартагин, Мадинат, Муродхахон”. Ал-Жайҳоний номларини келтирган бу шаҳарларнинг айримлари бузилиб кетган. Чунки улар Исломдан олдин қад кўтарган шаҳарлар бўлиб, Афросиёб, Пашанг, Сурха, Вега даврига тўғри келади. Рахшимат, Содарзан каби шаҳарларнинг фақат харобалари қолган эди. Ал-Жайҳоний даврида (IX–X асрларда) Хоразм шаҳри бор эди…
Фирдавсий “Шоҳнома” китобида тилга олган Бартагин шаҳри-чи? У нима маънони билдирар экан? Балки Бормондир. “Шоҳнома” китобига ёзилган луғатда: “Бормон, номи паҳлавони туроний, Писари Виса” деб шарҳ берилган.
“Шоҳнома”дан шу нарса аён бўлдики, Бирулон (Бормон, Пирон) Афросиёб ва унинг отаси подшоҳлиги даврида катта сиёсий мавқега эга шахс бўлган. Оддий аскарликдан бош вазир даржасигача кўтарилиш йўлини босиб ўтган асл жангчи бу замин ҳаққу ҳурмати учун бир умр хизмат қилган. Отаси Виса, укаси Пилсам ва аёли Гулшаҳр билан шу ватан, юрт ободлиги учун камарбаста бўлган.
Бўронтепа биздан жуда узоқ-узоқда турган ўта қадимий хилқат. Тепаликнинг тузилиши, қорамтир тупроғи, устида ўйнаб юрган шамолларнинг шивири кишини мафтун қилиши, шубҳасиз. Тепалик – бу қадимий шаҳарнинг истеҳкоми. Жануб томонда эса гузар, маҳалла, долонлар ўрни хоктепа бўлиб турибди.
Шаҳар вақтида қандай кўринишга эга бўлган?
Бўронтепа ҳақида рус археологи, жумладан, шундай ёзган: “Бўронтепа Варахша шаҳридан Хожа Ўббонга борар йўли устида, унинг шимолида жойлашган. Бу жойлашиш 12 километрни ташкил этади. Бўронтепа ўрта гуруҳга кирувчи шаҳарларнинг энг шимолдагиси ҳисобланади. Шаҳарча 2та квадрат қисмдан иборат. Эгаллаган майдони кичикроқ. Лекин шимоли-ғарбда жойлашган тепалардан баланд. Тепаликнинг биринчи қисми билан иккинчи қисми йўлак (долон) билан туташган. Бу ердаги сопол парчалари, кошин, ранглар Варахшадан топилган сопол парчаларига ўхшайди. Бўронтепа олдинги йиллари (қадимда) аҳоли яшаш жойи бўлган” (Василий Афанасович Шишкин. “Археологические работы 1937 г. В западной части Бухарского Оазиса”, Москва, 1969 г).
Бирулон кўп дизалар тиклаб, лашкарни у ерда жойлаштириб, ҳудудлар хавфсизлигини таъминлади. Укаси Пилсам, отаси Виса, аёли Гулшаҳр, катта қизи Жарира, яна иккита кичик қизининг ҳурмати учун ёз ойларида бехавотир дам олиб, овга чиқиш, наслли отларни кўпайтириш, ўз қўли билан боғ-роғ яратиш учун ана шу шаҳарчани тиклади.
Номини эса ўз исмига қўйди: “Бирулон”. Чунки у отаси Висанинг туғилган юрти Бартагинга бир неча марта борган. Қариндош-уруғларини кўрган. Бартагин шаҳрининг тузилишини томоша қилиб, кўнглида ана шундай шаҳарнинг такрорини ўзим ҳам қачондир тиклайман, деб ният қилган. Сабаби, Бартагин шаҳри ўхшаши бошқа кентларда йўқ эди. Ичида сув ариғи бор шаҳар гўзал, оқар сув ариғидан фойдаланган шаҳар аҳли соғлиги мустаҳкам, оташкада, сув тўла хумлар қатор туриши эса, ғаройиб кўринарди. Бартагиннинг қалин девори устидан деҳқонлар араваси юрарди. Даладан юборилган дон-дун, қовун, пичан каби энг зарур маҳсулотлар тўғри шаҳар марказига олиб келинган, шаҳар бозорчаларида савдога қўйилган. Хусусан, шинни тўла хумлар атрофида болариларнинг мазахўрак бўлиб учишлари хуш кўринарди. Шаҳар кўриниши жуда гўзал бўлиб, шинак, айланма девори учта эди.
Биринчи девор – хокрез, иккинчи девор – ясовул жойи, учинчи девор – зарба номлари билан аталар, хокрезнинг шундоқ ёни билан сув тўла хандак, хандак устидан туттарновли осма ариқ ўтиб, қалъага кирар, шаҳарнинг 80 гектарлик ҳудудини айланиб, яна уч девор оралаб осма ариқ орқали чиқиб, работ, карвонсарой, боғ-роғларга қуйиларди. Деворлар устидаги шинакларда чапдаст қоровуллар ўтириб, тўрт томонни кузатарди. Қоронғу тушар-тушмас Бартагин шаҳри дарвозалари ёпилар, осма кўприклар кўтарилар, осма тут тарновли ариқ ҳам бир чеккада дам оларди. Бормон Бартагинга ўхшаш кент қурганди.
Бирулон шаҳрининг асосини, шаҳарсозлик кўринишини куну тун ёниб турувчи оташкада белгилаб берарди. Ҳаммага қулай бўлсин деб оташкада шаҳар ўртасида қад кўтарган эди. Одамларнинг эрталаб-кечқурун олов чўғи олиб кетишлари учун махсус одамлар хизматда бўларди.
Бирулонда ички қабристон, бир чеккароғида муғхона, яна бир тарафида регистон майдони, шишапазлик, пухтапазлик хумдонлари бўлиб, ҳунармандлар, темирчилар, тери ошловчилар гузарлари алоҳида-алоҳида, асосий қайроқ йўлнинг ўртадан кесиб ўтиши ғаройиб эди. Ички ариқ лабида қурилган сув тегирмони ҳавонча, қўл тегирмонидан кўра яхшироқ ишлаб, қалъадагилар оғирини енгил қиларди.
Ёввойи кийик, архар, ғўрхарларни тутиб, хонакилаштириш учун ҳам тажриба, имконият мавжуд эди.
Истеҳкомнинг махфий йўли ҳам бўлиб, у ўзга қалъалар билан туташ эмас эди. Бирулон шаҳрига Афросиёб, Сиёвуш ташриф буюрганлар. Унинг меҳмонхоналарида (жамоатхона) Хутан, Шошкент, Хуросон, Ховарзамин, Харлон, Усурушана шаҳристонларидан келтирилган ноёб жиҳозлар турар, девору токчалари нақшинкор эди…
Жангу жадаллар, йиллар шамоли, ёмғиру қор Бирулон шаҳрини эгаси вафотидан кейин вайронага айлантирди.
Бугун қадимий кентдан фақат истеҳкомнинг устки чопони қолган, холос.
Аммо кунчиқар қаватида дам олиш маскани қад ростлаб турибди. Бу дам олиш жойи собиқ вилоят ҳокими Ўктам Барноевнинг ташаббуси билан тикланди. “Янги Бирулон” шаҳарчаси бағрига неча асрдан кейин сув келтирилди. Бухоронинг қадимий гужум кўчатлари ўтқазилди. Емакхона, музей, дам олиш масканлари бирин-кетин жой олди. Фақат кулхона, маъбад, оташкада йўқ, ўша ҳудуд бор. Сувлар келган ариқ изи бор. Қум, кул, деворлар гардини олиб кетган шамол ҳам ўша-ўша. Бирулонтепа йўқлик сари йўл олганига кўп йиллар бўлди. Истеҳком эса ҳамон тўрт эшиги борлигидан сир бой бергани йўқ.
2022 йилнинг бошида қадимий қалъа тарихини топишга муяссар бўлдик. Халқ тили билан Бўронтепа деб аталмиш қадимий шаҳристон сирини “Ғиёс-ул-луғот” очди. Бирулон – Афросиёб вазири. Сиёвуш ўлдирилгач, орадан кўп йиллар ўтмай, Афросиёбнинг Фарангиз исмли қизидан туғилган ўғли отаси хунини талаб қилиб келади. Афросиёб Ромтин қалъасига яширинади. Набира Афросиёбни таъқиб қилади. Афросиёбнинг енгилишини билган Пирон (Бирулон) душманнинг 700 нафар аскарини бир кечада ўлдиради. Ана шу хабар Бирулон исмли турк паҳлавонининг бу ёруғ дунёда кўп хайрли ишлар қилиб кетгани хабарининг калити бўлди.
2022 йил биз бу тепаликка келганимизда, бизга мазкур қадимий шаҳар қолдиқларини “Бўронтепа” деб таништирган эдилар. Гўёки бу шаҳар осмони ғаройиб иқлимга эга бўлиб, бир томонида қуёш чарақлаб турса, бошқа томонида шаррос ёмғир ёғиб турар экан. Шу боис ҳам унинг номи Бўронтепа эмиш. Баҳорда қадимий Бўронтепа қолдиқлари ёнига бориб, кўп кузатиб турдик.
Юқорида айтилганидек, ўша иқлимий ҳолат бўлгани йўқ. Қуёш чарақлаб турдию, лекин бўрон бўлганини кўрмадик. Хотирамизга “Ғиёс ул-луғот”нинг ушбу шарҳи тушди: “Бирулон – Афросиёбнинг хос вазири. У отасининг хунини сўраб лашкар тортиб келган Сиёвуш ўғлининг 700 нафар лашкарини бир кечада мағлуб этди. Хунталаб жангчиларни калласидан жудо этди”.
Ана шу хабар изидан бориб, тарих титдик. Наршахийдан қониқарли маълумотга эга бўлолмадик. Наршахийдан олдин яшаб, ижод этган назму тарих билимдони Абулқосим Фирдавсийга юзландик. “Шоҳнома” бизга энг яқин кўмакчи бўлди. Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асаридаги мана бу байт бизни ҳушёр торттирди.
Яке турк буд, ному ў Бормон,
Ҳаме хуфтаро гуфт: “Бедор мон!”
Таржимаси:
Бири турк эди, исми Бормон,
Ҳамма ухлаганга буюрди: Уйғон! Уйғон!
Биринчи тугун очилди. “Шоҳнома” китобига ёзилган шарҳ-луғатда: “Номи Паҳлавон Туроний, Писари Виса” деб ёзилгани иккинчи тугун очилганидан дарак берди. Шундай қилиб, Турон мамлакати учун бир умр фидойилик кўрсатган Афросиёб вазири — Бирулон достонлар ичидан чиқиб келаверди. “Паҳлавоннинг отаси ким?”, “Укалари кимлар?”, “Қизлари, аёли, Сиёвушга узатилган қизининг исми нима?” Ҳамма-ҳаммаси бирин-кетин маълум бўлаверди. Сиёвуш ясама қаҳрамон эмас, унинг Турон заминида қурган биринчи шаҳри қолдиқлари Варахша эканлиги ҳам аён бўлди. Турон бағри қадимий воқеаларга бой замин. Нега Муҳаммад Наршахий “Бухоро тарихи” китобини, Абулқосим Фирдавсий 35 йиллик умрини сарфлаб “Шоҳнома” асарини ёзганлари исботланди. Бу дунёнинг ғаройиблигини қарангки, оддий тепалик, қадимий шаҳар қолдиғи қаватларида бой тарих ўтмиш чангга беланиб ётгани кўнгилни оғритади. Нима бўлганда ҳам биз ўтмишда қаҳрамон бўлган Бирулонни топишга муяссар бўлдик. Шарҳу изоҳ, исботу таққослашлар орқали у билан юзма-юз турибмиз. Унинг жасорати, бунёдкорлигию элпарварлигидан ибрат дарсини ўқияпмиз. Мовароуннаҳрнинг шимол томонида жойлашиб, яшаб келаётган Харлукхон турклари авлоди бўлмиш Бирулондай жасоратли саркарда, бош вазир, қадрдон дўст ўтмиши – бугун кўзгудай ёруғ бўлгани бизнинг ютуғимиз, тарихпарастлигимиз нишонасидир.
Бирулон (Пирон, Бормон) вақтида ариқ қазиб, чўл томонга сув келтирган Пирмаст (Бирмас) ариғидан ҳали-ҳануз сув оқиб турибди. Унинг номи билан боғлиқ Бурқи сармаст хокжойида дуогўйлар қадами узилгани йўқ.
Бирулон олдин ўзи учун диза қурди. Бу диза Бухоро шаҳристони ичида эди. Кейинчалик Ромишметан, Туроншаҳардан кейин Бирулон шаҳрини тиклади. Туроншаҳарга яқин Бирулон шаҳри бўлакча дунё эди. Отаси Висадай, у ҳам кўм-кўк кенглик, суви ҳар баҳорда маст бўлар Руди Мосафни яхши кўрарди. Ховарзамин ҳудудига туташ ер, қалъаларда сувсизлик ҳукмини кўп ўтказганидан аҳоли қийналарди. Нима қилмоқ керак? У ярим кеча уйқусидан уйғониб кетди. Қулоғига Руди Мосафнинг шар-шар оқиши эшитилди. Хўш, у яшаётган Коҳгача Руди Мосафнинг серсув ирмоқлари келган. Нега бу ирмоқлар қанотини кенгайтириш, узайтириш мумкин эмас экан? Шу ўй-хаёллар билан эртаси эрталаб Афросиёбга бу фикрни айтади. Афросиёб мамлакатининг кунботар томонини кўрсатади: “Пирон, нимаики хоҳласанг қил. Қўлингдаги 100 мингдан ортиқ лашкар қийналмаса бўлгани”. Бу кўрсатма унинг дилу жонига айланди. Отаси Виса, укаси Пилсам билан маслаҳатлашиб, ариқ қазишга тушиб кетди.
Руди Мосафнинг Бухоро ҳудудидаги серсув ирмоғи ўша пайтда 300 километрдан ортиқ масофани ўз ичига олган сув маҳзани бўлиб, “минг шаҳар” аҳлини сувдан шодком қилган хазина эди. Бу оқар хазинани Бирулон Хоразмга туташ ҳудудларга олиб бориш учун кўплаб ишчи, жангчиларни жалб этди. Ҳар 100, 80, 90, 50, 60 километр оралиғида битта работ, коҳ, диза, метан ҳам тиклади. Шу тариқа сув ариғи қурилиши сабаб мустаҳкам яшаш манзили, кўплаб коҳлар қад ростлагани ҳақиқатдир.
Руди Мосафдан кунботар томондаги бу коҳни Бирулоннинг одамлари бунёд этдилар. Коҳ ўртаси аниқлангач, унинг баланд ва қалин девори тикланди. Юзтача ҳудудни ўз ичига олган коҳ ўртасида маъбад ҳам тикланди. Кейин бирин-кетин ҳовли-жойлар, боғ-боғчалар қад ростлади.
Маъбад (оташкада) икки вазифани бажарарди. Дижа аҳлини чўғ-олов билан таъминлаш ва саждагоҳ. Ҳар кечқурун, эрталаб дижа аҳли ўчоқлари учун ана шу ердан чўғ олиб кетиб, тирикчилик қилардилар. Сабаби, ҳаммада ҳам чақмоқтош йўқ эди.
Сув эса муаммо эмас, Коҳ(қалъа)нинг икки томонидан айланиб ўтиб, дуоба ҳосил қилиб, яна йўлини давом эттирган Бирмас ариғи бўйида қад кўтарган коҳлар сони ортиб борарди.
Ғазни Бирулонда бош вазир ўз ғазнасини жойлаштирди. Бирмас ариғини қазувчилар ана шу мустаҳкам қилиб тикланган масканда кечалари дам олиб, кундузлари иш билан банд бўлардилар. Бирмас ариғи устида осма кўприк қурилди.
Ғазни Бирулон коҳи тўрт томонида тўртта дарвоза ҳам тикланди. Кечалари дарвозалар ёпилгач, осмакўприк ҳам кўтариларди. Ғазни Бирулонга Афросиёб кўп марта меҳмон бўлиб, вазирнинг бундай бунёдкорлигидан шод бўлиб қайтган.
Йиллар, асрлар кетидан асрлар ўтиб коҳ номининг шакли ўзгарди. Ғазни Бирулон – Ғиждувон кўринишини олгани ҳам ғаройиб. Шундай қилиб, Ғазни Бирулон – Ғиждувондай катта туман пойостонасига Буюк Турон мамлакатининг шоҳи Афросиёбнинг бош вазири, жасур жангчи, оқил маслаҳатчи Бирулон асос солганига тарих гувоҳ.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 11-сон