Улуғбек Долимов. Жадидчиликнинг тамал тоши

http://n.ziyouz.com/images/jadid.jpg

Сўнгги асрларда ўлкамиздаги таълим-тарбия тизими дунё тараққиётидан бутунлай узилиб, турғунликка юз тутгани маълум. Уни ислоҳ қилишга, янгилашга қаратилган фикрлар узоқни кўрувчи зиёлилар, мутафаккирлар орасида XIX аср бошларида вужудга кела бошлаган эди. Ҳассос шоира, давлат арбоби Нодирабегим тарбиясини олган етук тарихчи олим, Ҳакимхон тўра Маъсумхон тўра ўғли Россиянинг Шамай (Семипалатинск), Омск, Оренбург, Астрахан шаҳрларида бўлгач, унда юртимиздаги давлат, таълим-тарбия, ўқитиш тизимига нисбатан муносабат кескин ўзгарди. Ўлканинг тараққиётдан нақадар орқада қолиб кетганлигини биринчилардан бўлиб тушуниб етди. Шарқ тиллари қаторида рус тилини ҳам мукаммал билган Ҳакимхон тўра Россия давлат бошқарув, таълим-тарбия тизими билан яқиндан танишди. У рус шаҳарларида ота-онасиз қолган етим-есирлар учун махсус тарбияхоналар очилгани, улар давлат ҳисобидан ўқитилиши Ҳакимхон тўра учун бутунлай янгилик эди. Бу ҳақда у “Мунтахаб ут-таворих” (“Сараланган тарихлар”) асарида қуйидагиларни ёзади: “Губирнатўр пиёда саллотлариға неча алвон таълим машқ берур эдики, ақл анга ҳайрон эрди. Ани кўрганда бизни(нг) сипоҳларимизнинг машқлари ёш гўдаклар ўйиниға ўхшар… Ул манзил мутасаддиси қаровсиз болалар тарбиятиға машғул бўлур ва ҳар шаҳарда Ўрусияда қаровсиз етим болалар учун иморатлар қилибдур. Либос, хўрокин подшоҳлиқдин бериб турарлар ва аларни ўқитмоқ учун муллалар таъйин айлабдур. Катта бўлғондин сўнгра мувофиқи дониш подшоҳлиғ машғул бўлурлар ва аларни подшоҳнинг ўғли дерлар”.

Ҳакимхон тўра 1826 йилда Туркия, Мисрда ҳам бўлади. Мисрда Муҳаммадали пошшо билан учрашиб, унинг ислоҳотчилик фаолияти билан яқиндан танишади. Муҳаммадали пошшо 40 турк йигитини етти йил давомида турли билимларни эгаллаш учун Европага ўқишга юбормоқчи бўлгани уни ҳайратга солади. Эътиборли жиҳати шундаки, бу қирқ йигитга бош бўлиб, уларни Европага олиб боришдек масъулиятли вазифани Ҳакимхон тўрага топшириш мувофиқ кўрилади. Аммо ватанига қайтишга тайёргарлик кўраётган тўра бу вазифани зиммасига олмайди.

Ҳакимхон тўра Муҳаммадали пошшо ташкил этган ва дунёвий илмлар ўқитиладиган янги мактаблар билан танишади. Бу ерда амалда бўлган турли соҳаларга талабалар танлаш, ўқитиладиган фанлар, айниқса, битирувчиларни иқтидорига яраша иш билан таъминлаш каби масалаларни пухта ўрганади: “Уларни ўқитишга ҳар хил илмдин муаллим ва котиб мавжуд. Зероки, бир тоифа арабий ўқурлар ва бир жамоа форсий ва бир жамоа туркий ва бир фавжи фаранги ва бир жамъи котиби хушхатлар – настаълиқ ва бир тоифа хатти-сулс машқ этарлар эди. Ва бу илмларға моҳир бўлғондин сўнг имтиёз ва имтиҳон қилурлар. Ҳар ойда қанча бўлса, Муҳаммадали пошшо хизматлариға олиб борур. Мувофиқи истеъдоди илми бир хизматға маъмур қилур. Бир тоифа ёш ўғлонларни ҳакимхонаға юборур, то илми тибдин баҳра олғай ва бир жамоани Фарангистонга юборур, токи ғарб илмларини билиб келғай ва оники илмдин баҳра топмабдур, то тарбият асар қилмабдур, ани жиҳодияға юборурлар, аскар бўлур. Ҳар ойни тамомида қоида шулдур. Фақир бу ҳолни кўруб, мутаҳайюр эрдим”.

Ҳакимхон тўра асарида баён этган ислоҳотчилик ҳақидаги орзуларини ўз ватанида амалга ошира олмаган бўлса-да, асар Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлигида зиёлиларга, маърифатпарварларга кучли таъсир кўрсатди. Бу ҳолни Ҳакимхон тўрага яқин замондош, ислоҳотпарвар Аҳмад Дониш ёзган “Наводир ул-вақое” асарида яққолроқ кузатиш мумкин. Аҳмад Дониш мазкур асарида амир Насрулло, амир Музаффар, амир Абдулаҳад даврларида ниҳоятда кучайган инқирозни таҳлил этади. Унинг замондоши Мирзамуҳаммад Абдулазим Сомий “Тарихи салотини манғитийя доруссалтанаи Бухоройи шариф” рисоласида ҳам шу ҳолатлар кенг баён этилган.

Аҳмад Дониш Бухородаги тартибсизликлар ҳақида сўзлар экан, давлат бу аҳволда узоқ яшай олмаслигини фаранг ҳокими тилидан аёвсиз фош қилади: “Подшоҳларнинг сақланишлари, уларнинг саломат туришлари, мамлакатнинг ободлиги, фуқаронинг тўқлиги сипоҳларнинг розилигига боғлиқдир. Сенинг гапингга қараганда, ерлар хароб, фуқаро оч, сипоҳлар муҳтож, амалдорлар, дафтардорлар золимдирлар. Бундай салтанат, бундай давлат ҳеч вақт узоқ яшай олмайди. Отаси яшаса ҳам болалари унинг ўрнига ўтира олмайдилар. Ҳукумат интизоми бутунлай бузилади… Бунга ўхшаш мамлакатни ҳукумат, давлат де-йиш тўғри эмас, уни гадолар подшоҳи, ожизлар ҳукумати десалар, тўғри айтган бўладилар”[1].

XIX асрнинг 50-60-йилларидаёқ Аҳмад Дониш Бухоро мактаб ва мадрасаларидаги ўқиш-ўқитиш усулларини тубдан ислоҳ қилиш масаласини кун тартибига кескин қўйган эди.

ХХ аср Туркистон ўлкасида миллий уйғониш шабадаларини кучайтирди: ўлкада “Таржимон”, “Турк юрду”, “Вақт”, “Мулла Насриддин”, “Шўро” каби газета ва журналларнинг муштарийлари сони ошиб борди, улардаги ислоҳотчилик ҳаракатига бағишланган мақолалар ўлка педагогларини ўз фаолиятларига танқидий қарашга мажбур этди. Илк усули жадид мактаблари вужудга келди, она тили ва адабиёт, табиий фанларни ўқитиш масаласига эҳтиёж ва эътибор кучайди. Исмоилбей Гаспралининг “Хўжаи сибён” алифбо дарслиги, “Раҳбари муаллимин ёки муаллимларга йўлдош” услубий қўлланмаси жадид муаллимлари қўлида тез-тез кўрина бошлади. Бу ҳаракатнинг раҳбарлари, намояндалари чет элларда таълим олган ёки тараққий этган мамлакатларда бўлган, Шарқ ва Ғарб маърифати, маънавиятини эгаллаган, илмга чанқоқ ёшлар эдилар. Улар мустамлака, мутаассиблик исканжасида харобага айланиб бораётган она-Ватан жароҳатларига малҳам изладилар. Жадидлар, биринчи навбатда, маорифни, мактаб ва мадрасаларни, уларда ўқитиш усулларини тубдан ислоҳ қилиш, таълим-тарбия тизимини ўзгартириш, миллатни маънан уйғотиш учун кураш олиб бордилар. Улар ўзбек халқининг минг йилдан ортиқ тараққиёт тарихига эга бўлган тафаккур гулшанидан баҳра олдилар, умуминсоний қадриятларга асосландилар, шу билан бирга, турк дунёси халқларининг маънавий раҳбари Исмоилбей Гаспрали ўқиш-ўқитиш, мактаб ва мадраса ислоҳотига оид фикрлари таъсирида бўлдилар, озарбайжон халқининг ҳур фикрли улуғ демократлари Жалил Мамадқулизода, Алиакбар Тоҳирзода Собирлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатдилар. Бу ижодкорлар нашр этган “Мулла Насриддин” журнали, “Хўп-хўпнома” мажмуаси ўзбек зиёлилари ўртасида катта шуҳрат қозонди. Бу ҳол чор Россияси, генерал-губернаторлик сиёсий доираларини анча ташвишга сола бошлади. Мазкур ҳолат Россия ички ишлар вазирлигининг 1900 йил 31 декабрда Туркистон ўлкасига юборган 13444-рақамли “мутлақо махфий” фармойишида яққол кўзга ташланади. Унда ҳукумат губернаторларни огоҳ бўлишга даъват қилади: кейинги вақтларда татар адабиёти ва матбуотида 14 миллионли рус мусулмонларининг кўп асрли турмуш тарзини издан чиқариш хавфига сабаб бўлувчи руҳ пайдо бўлганлиги сезилмоқда. Бу руҳ татарлар ҳаётида катта бурилишга тайёргарлик жараёни кечаётгани ҳақида тахмин қилиш имконини беради. Вазирлик эътиборни Гаспрали фаолиятига, янги усулдаги мактабларга, унинг дарслиги асосида она тилини ўқитиш масаласига қаратади. Татарлар, дейилади фармойишда, исломийлик ва туркийлик заминида тараққиёт учун интилмоқда. Шунинг учун полиция департаменти бу ҳаракатни ҳар томонлама ўрганиб, шу соҳада фаолият кўрсатаётган муаллифлар, уларнинг мақолалари, “ёш турклар” билан алоқаси, чет эл марказларида, айниқса, Туркияда уларни кимлар рағбатлантираётгани, кимлар томонидан ва қаерда янги усул мактаблари очилгани, кимлар бундай мактабларда дарс бераётгани, кимлар бу мактабларга раҳбарлик қилаётгани каби масалалар ҳақида кенг маълумот сўраган.

Губернаторлик маъмурлари Туркистон ўлкасидаги маҳаллий зиёлилар фаолиятини, ўлкада кечаётган маданий, маърифий, сиёсий аҳволни Николай Остроумовдан кўра яхшироқ биладиган одамни топишлари амри маҳол эди. У Тошкентга келган 1879 йилдан бошлаб маҳаллий арбоблар, зиёлилар ҳақида (Туркистон, Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги бўйича) каттагина материал тўплаган эди. Шунга кўра, чор Россияси учун ниҳоятда муҳим бўлган бу вазифани Остроумовга топширганлар. У рус миссионерлари раҳнамоси Н.И. Ильминскийнинг шогирди ва энг содиқ сафдоши, маслакдоши эди. Ушбу фармойишга биноан у “сиёсий жиҳатдан ишончсиз” деб ҳисоблаган, жадид мактабларини тарғиб-ташвиқ қилувчи мақолалар ёзган, янги мактаблар очган ва уларда муаллимлик, мудирлик қилган Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сиддиқий-Ажзий, Абдуқодир Шакурий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний ва бошқалар ҳақида ички ишлар вазирлигига маълумотлар юбориб турган.

Ушбу фармойишга асосан Н. Остроумов генерал Жўрабек (собиқ Китоб ҳокими Жўрабек Қаландарқори ўғли) устидан ҳам махфий маълумотнома берган. Унда айтилишича, Жўрабек додхоҳ 1890 йилдан бошлаб Гаспрали билан яқиндан алоқа ўрнатган, “Таржимон” газетасининг доимий муштарийларидан бирига айланган: “Таржимон”нинг жонкуяр тарғиботчиси генерал-майор Жўрабекдир. У янги усул билан қизиқмоқда. Гаспрали Тошкентга келганда у билан учрашди”.

Дарҳақиқат, генерал Жўрабек рус армиясидан истеъфога чиққач, усули жадид мактабларини тарғиб қилиш ишларида фаол иштирок этган. Унинг бундай маорифпарварлик фаолияти ҳақида Исмоилбей Гаспрали кейинроқ унинг фожиали ўлдирилиши муносабати билан ёзган таъзияномасида шундай фикрларни билдирган эди: “Генерал Жўрабек авваллари Китоб шаҳрининг мустақил ҳукмдори бўлиб, Русиянинг душмани сифатида асир тушган ва Туркистон ишларида Русияга садоқат билан хизмат қилган. Марҳум туғма аскар бўлиш билан баробар илм ва маорифни ҳам жуда севган бир киши эди. “Таржимон”ни(нг) чиққан кунидан бери доимий ўқувчиларидан эди. Оллоҳ ундан ўз раҳматини дариғ тутмасин” .

Вазирликнинг юқоридаги фармойиши муносабати билан Олмаота (Верний) шаҳрида ўлка рус ва рус-тузем мактаблари муаллимларининг катта йиғини бўлиб ўтди. Унда мажлис қатнашчилари татар ўқитувчиларининг мактаб очиб ўқитувчилик қилишларига, татар зиёлиларининг Туркистон ўлкасида яшашларига, ҳатто жой сотиб олишларига рухсат бермасликни талаб қилдилар. Бу ҳақда Мўминжон Муҳаммаджонов қуйидагиларни ёзади: “Шул чоғда Татарис-тон, Озарбайжон турклари биздан бурун кўз очиб, бойларининг ҳиммати билан янги мактаблар, янги ўрта, юқори (олий) мадрасалар солиб, минг-минг халқ болаларини кўзларин Оврупо билимлари билан очмоқда эдилар. Уфа шаҳрида “Олия”, “Усмония”, Қозон шаҳрида “Муҳаммадия”, Оренбурғда “Ҳусайния”, Қафқазда биз отини билмаган яна қанча мактаблар, мадрасалар кўп эди. Бул янги мадрасаларни солмоқ учун юз минглаб, миллионлаб ақчалар кетган, Николайнинг тўралари, чиновниклари олдида неча дапқир сўроқлар берилган эди… Олмаота (Верний)да ўрус муллаларининг катта йиғини бўлди, шул йиғинда: «Татарлар қозоқлар билан сарт болаларини ўқитмасин! Ўқумушли татарларға Туркистон ўлкасида туриш учун йўл қўймаслик керак! Чунки улар сарт, қозоқларға билим тарқатиб, кўзларини ва фикрларини очадурлар, сўнгра бизга емак учун Туркистонда нон қолмайдур. Иккинчи, янги тартиб билан ўқитувчи-муаллимлар, пуроғрамлари, ўқитадурғон китобларини кимларнинг асари эканлигин “инеспектур”ларга ёзиб курсатмагунча, бола йиғиб ўқутолмайдурлар!» – деб қарор бердилар. Шунинг учун ҳукуматнинг ўрус ва мусулмон маъмурларидан ҳам имтиҳон кўриш баҳонаси билан келиб-кетиб турмоқда эдилар”[2].

Россия ҳукуматининг туркий халқларга нисбатан қўллаётган, уларни бирлаштириш эмас, аксинча, бир-биридан ажратиш, парчалаш сиёсати Исмоилбей Гаспралига ҳам кучли таъсир кўрсатди, у бу сиёсатга ўз муносабатини билдирди: “Русиядан келма мусулмонларинг Озиёи Вусто (Ўрта Осиё)да мулк олмасиндан Русия давлатининг фойдаси надур? Икки тараф бирлашмасун. Русияли мусулмонлар туркистонлилара раҳбар ўлмасун каби ғалат бир фикр вор эса беҳудадир, бесамардир. Мусулмонларнинг бирлиги бўйла қозиқлар ила айрилмаз, чунки бу бирлик динийдир, тарихийдир, жинсийдир. Бўйла қозиқларнинг ҳатто фойдаси-да вордир: мусулмонларнинг фикрини ишлатур, кўзларини очар, ҳиммата савқ эдар”[3].

Ёш Мунавварқори 1892 йилда Тошкентда юз берган “Вабо қўзғолони”ни ўз кўзи билан кўрди. Паншаха, кетмон, тош кўтарган халқ мустамлакачилар томонидан замонавий қуроллар билан қарши олинди, минглаб оломон Кайковус дарёсига ғарқ қилинди. 1898 йил Андижон қўзғолони қонга ботирилди, ўнлаб Мингтепа каби қишлоқлар тўпга тутилди, култепаларга айлантирилди. Мунавварқори қалбида мустамлакачиларига нисбатан нафрат туйғуси мавж урди. Аммо чор Россиясидек маккор, даҳшатли салтанатга ва унинг замонавий артиллерияларига қарши ночор, нодон оломонни қарши қўйиш мумкин эмаслигини Мунавварқори ва ҳаммаслаклари тушуниб етдилар. Бу масалада уларга Исмоилбей Гаспрали, Ризо Фахриддин, Садри Мақсудий, Фотиҳ Каримий қарашлари, Россия, Эрон, Ҳиндистон, Туркияда содир бўлаётган сиёсий ҳаракатлар кучли таъсир кўрсатди.

Нима қилиш керак? Қора халқ онгини оқартириш, илм-маърифат сари етаклаш, уни илм, фан-техника янгиликларига ошно қилиш лозим. Бунга эса мактаб орқали, дастлаб ибтидоий мактаб орқали эришиш мумкин. Мана шундай ўта оғир таъқиб ва тазйиқлар остида Қримда бутун турк дунёсини тилда, ишда, фикрда бирликка чақирган Исмоилбей Гаспрали фаолиятини Мунав-варқори Абдурашидхонов Туркистонда давом эттирди. У 1901 йилда дастлаб Тошкентнинг Шайхованд Таҳур, кейинчалик шаҳарнинг бошқа даҳаларида биринчи “усули жадид” мактаблари очди. Бу мактаб 1893 йилда Самарқандда Исмоилбей Гаспрали бошчилигида очилган ва бир неча ойгина фаолият кўрсатган мактабдан кейинги ўзбеклар томонидан очилган усули жадид мактабларининг биринчиси эди. Туркистонда етишиб чиққан буюк ислоҳотчилардан бири бўлган Мунавварқори Гаспралининг ҳамма дарслик ва ўқув қўлланмалари, бадиий ва публицистик асарлари билан яқиндан таниш, сиёсий қарашлари таъсирида бўлди. У жадид мактаблари учун дарсликлар яратди, замонавий ўқитувчилар авлодини тарбиялаб етиштирди. Унинг бевосита таъсирида Маннон Уйғурдек буюк санъат арбоби, ака-ука Ҳусанхўжа ва Эшонхўжа Хонийлар, ака-ука Собиржон ва Шокиржон Раҳимийлар, Самеъқори, Салимхон Тиллахонов, Қаюм Рамазон, Шорасул Зуннун, Мажид Қодирий каби мураббийлар етишиб чиқдилар. Мунавварқори Тошкентда очилган жадид мактаблари учун ўзи тузган дастур ва дарсликларни жорий этди, улар асосида жамоат олдида очиқ дарслар ва имтиҳонлар ташкил қилди. Бундан асосий мақсад, биринчидан, усули жадид мактабларини бадном қилувчи мутаассиб қадимчиларнинг даъволари асоссиз эканлигини халқ олдида намойиш этиш бўлса, иккинчидан, халқ ўртасида илм-маърифатга, янги ўқитиш усулига, замонавий турмуш тарзига рағбат уйғотиш эди. Шунинг учун ҳам Мунавварқори имтиҳонларга ўқувчиларнинг ота-оналаридан тортиб, шариат-дин пешволаригача, ҳатто ўлкада катта эътибор қозонган олиму шоирларни, маърифатли бойларни ҳам таклиф қилган. Қўлимизда унинг Исҳоқхон Ибрат ва Ҳамза Ҳакимзодага юборган “Даъватнома”си мавжуд. Мана, улардан бири:

“Ҳурматлу Исҳоқхонҳожи жанобларина! 1907 йил май ойиндан Тошкендда Тарновбоши маҳалласинда “Хония” мактабинда талабаларнинг йиллик имтиҳони бошланур. Сиз ҳурматлудан рижо қилурмизки, тавобингизда бўлғон усули жадидия мактаблари мудирлари ила имтиҳон мажлисларина ташриф қилсангиз, муаллим ва шогирдлар Сиздан мамнун бўлур эдилар. Муҳибингиз Мунаввар Қори. 15 март 1907 йил”.

Мунавварқори Абдурашидхонов жадид мактабларининг кундалик ўқув-тарбия ишларидан тортиб, йиллик битирув имтиҳонларини уюштиришгача, “усули савтия” йўлини қобилиятли ёш ўқитувчиларга ўргатишдан тортиб, мактабларни замонавий дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминлашгача бўлган узлуксиз жараённи бошқарди. Унинг бу фаолияти даврининг улуғ мутафаккирлари томонидан қўллаб-қувватланди. Маҳмудхўжа Беҳбудийдек жадидчилик ҳаракатининг карвонбошиси унга мададкор бўлди. Беҳбудийнинг бу борадаги сўзларига эътибор беринг: “Туркистонда муаллим чиқармоқ учун дорилмуаллимин бўлмаса ҳам, ҳар шаҳарда усули таълимдан хабардор бир-икки нафар муаллим албатта бордур. Ана, муаллимликка толиб кишиларни аларнинг ҳузуриға юбориб, 3-4 ой зарфида усули таълимдан хабардор қилдурмоқ мумкиндур. Агар бояфарз, ушбу хизматни муаллимларимиз илтизом қилсалар, ул ҳолда муаллимликка ҳаваскор ёшларни бир оз заҳматлик бўлса ҳам, тўғридан-тўғри Тошкандда Мунаввар Қори жанобларининг мактабиға юбормоқ керакдурки, мушоран алайҳнинг мундай толибларни мамнуният ила қабул этмоқлариға аминдурмиз. Ишда, муҳтарам қариндошлар, миллатимизнинг тилаги ва энг зўр эҳтиёжи ушбу шайлар эдики, назари олийларингиза арзу тақдим этдук”[4].

Бундай тадбирлар жадид мактабларининг ўлка бўйлаб кенг тарқалишида муҳим аҳамият касб этди: 1903 йилда Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сиддиқий-Ажзий, Абдуқодир Шакурий, Саид Ализода, Қўқонда Абдулваҳоб Ибодий, Ашурали Зоҳирий, Ҳамза, Пўлатжон Қаюмий, Наманганда Исҳоқхон Ибрат, Сўфизода, Бухорода Абдулвоҳид Мунзим, Садриддин Айний, Хоразмда Ҳусайн Кушаев, Бобоохун Салимовлар бошчилигида усули жадид мактаблари тармоқлари кенгайиб борди.

Бундай мактаблар дастлабки вақтларда ҳукумат рухсатисиз очила бошлаган эди, кейин уларнинг очилиши, бутун фаолияти тўла губернаторлик назоратига ўтди. Жадид мактабларининг фаолияти энди ниҳоятда оғир кеча бошлади. Бир томондан, мутаассиб уламолар, «усули қадим» тарафдорлари «усули жадид» мактабларига қарши турли-туман бўҳтонлар уюштирдилар, муаллимларини эса ҳатто кофирликда айбладилар, халқ болаларини бундай мактаблардан қайтаришга ҳаракат қилдилар. Шу ўринда Самарқанднинг Улуғбек мадрасаси жомесида 5-6 минг намозхон ўртасида мутаассибларнинг шоир ва педагог Сиддиқий-Ажзий ва Абдуқодир Шакурийларни кофирга чиқаришларини, Мирмуҳсин Шермуҳамедов ва Сўфизодаларни сазойи қилиб, ўз Ватанидан қувғин қилишларини эсга олиш ўринлидир. Мутаассибларнинг бундай ҳатти-ҳаракатлари, иккинчи томондан, бундан ҳам даҳшатлироқ куч бўлмиш мустамлакачи маъмурларнинг таъқиб ва тазйиқларига катта йўл очиб берди. Мунавварқори Абдурашидхон ўғли сиёсий ташкилотларнинг узлуксиз сўровларига жавоб беришга, дўқ-пўписаларига, қамоқларига чидашга мажбур бўлди. Шунинг учун ҳам «усули жадид» мактабларининг тараққиёти ва кўламининг кенгайиши, айниқса, мустамлака Туркистон ўлкаси шароитида анча оғир кечди. Бу ҳақда Мунавварқорининг собиқ ўқувчиси, Анқара университетининг профессори Иброҳим Ёрқин (Иброҳим Орифхон ўғли – 1902-1993) хотираларида қуйидагиларни ёзади: “1913 йилда Эшонхўжа Хонийнинг мактабини битиргач, Мунавварқорининг икки синфли рушдий мактабида ўқиган йилларимизда Русия идораси ўқув инспекторлари мактабимизга тўсатдан келиб, фойдаланаётган китобларимизни текширарди. Уларнинг мақсадлари бизнинг мактабда мавжуд бўлган дарслик ва бошқа ўқув китобларининг Русия идораси нуқтаи назаридан зарарлими ёки йўқми, шуларни текшириш эди”[5].

Ҳар қандай таъқиб ва тазйиқларга, мутаассиб уламоларнинг дашномларига, бўҳтонларига қарамай, жадид мактаблари халқ эътиборини қозониши, айниқса, мусулмон қардошларнинг бу борадаги ҳамжиҳатликлари, ҳамкорликлари генерал-губернаторлик сиёсатдонлари, мафкурачилари фаолиятини янада кучайтирди. 1909 йилда Николай Остроумов «Туркестанские ведомости» газетасида «Что делать с новометодными мактабами?» номли мақоласини эълон қилди. Унда муаллиф қуйидагиларни ёзади: «Рус маъмуриятининг ерликлар эски мактабларига нисбатан қўллаган менсимаслик, назар-писанд қилмаслик сиёсати ўлкадаги ҳукмронлигимизнинг дастлабки ўн йиллигида ўзини оқлаган бўлиши мумкин. Аммо кейинги уч ўн йилликда бу сиёсат ўзини оқламаганини ҳеч нарса билан яшириб бўлмайди. Мана, чиндан ҳам пушаймон бўладиган воқеа содир бўлди. Биз ўлкада… катта қийинчиликлар билан бир неча рус-тузем мактаби очганимизда, бошқалар ташқаридан (Қримдан) катта ғайрат билан ўлка маорифи учун бошқа байроқ остида мустақил фаолият олиб борди. Бу янги усул мактаблари маъмуриятнинг ҳеч қандай рухсатисиз очила бошлади ва ажабланарли, йўл қўйиб бўлмайдиган томони шундаки, ҳозир ҳам бундай ҳолат област, уезд маъмуриятлари, ҳатто ҳукумат мактаблар инспекцияси назоратисиз давом этмоқда»[6].

Чор ҳукуматининг мустамлака ўлкаларда қўллаган мактаб соҳасидаги сиёсати шундай эдики, иложи борича, усули жадид мактабларини тақиқлаш, жуда бўлмаганда, уларнинг кенг тарқалишига тўсқинлик қилиш, шу йўл билан бундай мактаблар ривожланишининг олдини олиш эди. Туркистон ўлкасига нисбатан Татаристон, Бошқирдистон, Қрим ва Кавказ ўлкаларида анча илгари бундай жараён кечган ва уларга қарши курашда маъмурият катта тажриба орттирган эди. Бу ўлкаларда ҳам усули жадид мактабларига биринчи бўлиб мутаассиб уламолар, “қадимчи”лар қарши чиққан эдилар. Генерал губернаторлик маъмурияти усули жадид мактабдорларига оппозицияда бўлган маҳаллий мутаассиблар, “қадимчи”ларни қарши қўйди, бу курашда уларни рағбатлантирди, бу мактабларга, уларнинг ташкилотчиларига қарши турли бўҳтонлар, сиёсий айбномалар уюштирди. Бу билан губернаторлик маъмурияти, биринчидан, мустамлака халқларини асрий қолоқликда, мутеликда асрашдек қабиҳ ниятини амалга оширган бўлса, иккинчидан, ўзини мусулмон дини ҳимоячиси сифатида кўрсатди. Чор ҳукумати маъмурлари ўзбек зиёлиларини бир-бирига қарама-қарши икки қутбга ажратиб ташладилар, анъанавий маҳаллий масжид-мадрасаларнинг, эски мактабларнинг кўпайишига катта имконият яратдилар. Туркия, Боғчасарой, Уфа, Қозон, Тифлис, Оренбургдан келадиган нашрларнинг тарқалишини қаттиқ назорат остига олдилар. Бу билан губернаторлик маъмурлари мустамлакачилик мафкурасининг устунларидан бўлмиш миссионерлар раҳнамоси Н.Илминский кўрсатмаларига амал қилдилар. Губернаторлик маъмурлари маърифат фидойиларига қарши курашда, уларни халқ ўртасида бадном қилишда энг қабиҳ усуллардан ҳам қайтмаганлар. Кексаларнинг хабар беришига қараганда, 1908 йили Н.Остроумов Самарқандда Улуғбек мадрасаси жомесида бир неча минг номозхон ҳузурида усули жадид мактабларида ўқиётган ёшлар мусулмон дини аҳкомларига амал қилмай қўяётганликлари, бундай мактабларда ислом динига хилоф илмлар ўқитилаётгани ҳақида “куюниб” маъруза қилган. Қора халқ, мутаассиб уламолар унинг маърузасидан қаттиқ мутаассир бўлиб, “ғайридин бўлса ҳам бизга, динимизга қанчалар меҳрибон” деб, кўзларига ёш олиб, дуо қилган эканлар. Усули жадид мактабларида дунёвий фанлар билан баробар она тили ва миллий маънавиятнинг чуқур ўқитилиши губернаторлик маъмурларига ёқмас эди.

1905 йил воқеалари жадидчилик ҳаракатининг янги тараққиёт босқичига кўтарилишига ҳамда миллий матбуотнинг вужудга келишига туртки бўлди. Турк, татар, озарбайжон, бошқирд мутафаккирлари билан алоқалар янада мустаҳкамланди. Жадид мактаблари сони маҳаллий мактабдорлар, ҳур фикрли зиёлилар саъй-ҳаракати ҳисобига анча ортди. Бу ҳол мустамлакачиларнинг жадид мактабдорларига қарши курашини янада фаоллаштирди. Фарғона вилояти халқ ўқув юртлари инспектори О. Егоров 1909 йилда Туркистон ўлкасидаги рус-тузем мактабларининг аҳволига бағишланган махсус кенгашда куюниб шундай деган эди: “Яқин келажакда янги усулдаги маҳаллий мактабларнинг кенг ёйилиши ва уларга нисбатан маҳаллий аҳоли эътиборининг кескин ортиб бориши билан рус-тузем мактаблари батамом хароб бўлади”[7].

Усули жадид мактабларини бутунлай ёпиб қўйиш ёки тақиқлашдан губернаторлик маъмурияти қўрқар эди, чунки бу иш бундай мактабларни яширин равишда ташкил қилишга, айниқса, маҳаллий халқнинг қаттиқ норозилик ҳаракатига олиб келар, кўплаб ёшларнинг чет элга, биринчи навбатда, Тур-кияга бориб ўқишига йўл очилар эди. Шунинг учун маҳаллий педагогларнинг “усули савтия” (“товуш усули”) методига асосланган мактабларни очиши губернаторлик маъмурияти томонидан қаттиқ назорат остига олинди. Шу муносабат билан 1909 йилда Туркистон ўқув округи қошида махсус комиссия “Фармойиш” ишлаб чиқди. У шундай масалаларни ўз ичига олган эди:

1.Маҳаллий мактаблар губернаторлик маъмуриятининг махсус рухсатномаси билан очилади.

2.Маҳаллий мактабларни очиш ва унда ўқитиш сиёсий жиҳатдан тўла ишончли бўлган Россия фуқароларигагина рухсат этилади.

3.Маҳаллий мактаб қайси миллат болалари учун очиладиган бўлса, унинг ўқитувчилари ҳам ўша миллатга мансуб бўлиши шарт.

4.Маҳаллий мактабларда фақат Россия цензураси рухсати билан чоп этилган китобларгина ўқитилади.

5.Маъмурий полиция идораларида ишловчи масъул шахслар зиммасига барча маҳаллий мусулмон мактабларини аниқ рўйхатга олиб бориш ва рўйхатдан ўтмаган мактабларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўймаслик вазифаси юклатилади.

6.Махсус рухсатсиз мактаб очган шахслар мактаб очиш ва ўқитувчилик ишидан абадий маҳрум этилади.

7.Маҳаллий мактаблардаги ўқитиш ишлари ва уларда жорий этилган тартиб-қоидаларга риоя этилиши устидан назорат қилиб туриш маҳаллий маъмурларга ҳамда мактаб нозирларига юклатилади[8].

Фармойишнинг ҳамма моддаси янги мактаблар очишга қарши қаратилган катта тўсиқ эди. Учинчи моддадаги таъкидга кўра, ўқувчилар қайси миллатга мансуб бўлса, мактаб очувчи муаллим ҳам ўша миллатга мансуб бўлиши керак. Бу билан ички Россиядан келган татарлар томонидан очилган ва очилаётган “усули жадид” мактабларининг фаолияти тўхтатилди. Натижада, бундай мактабларининг сони кескин камайиб кетди.

Энди дунё юзини кўраётган “усули жадид” мактабларида қўллаш учун маҳаллий муаллифларнинг дарсликлари йўқ ёки етарли эмас эди. Атоқли маорифчи Саидрасул Саидазизовнинг “Устоди аввал” алифбо дарслиги ниҳоятда кам миқдорда нашр қилинган бўлиб, ҳатто рус-тузем мактаблари учун ҳам етишмас эди. “Усули жадид” мактабларида Мажид Қодирий томонидан яратилган ва 1910 йилда нашр этилган “Ҳисоб” дарслигига қадар Қозонда, Туркияда нашр қилинган математика бўйича турли дарсликлардан фойдаланилар эди. Бунинг устига, “Фармойиш”га биноан “усули жадид” мактабларида муваффақият билан ўқитилаётган ҳамда Туркияда нашр этилган дарсликлардан фойдаланиш манъ этилди. Бу ҳам жадид мактабларининг кенг кўламда фаолият кўрсатишига катта тўсиқ эди. Шунинг учун ҳам жадид педагогларидан Ҳожи Муин Шукруллаев кўплаб “усули жадид” мактабларининг ёпилиб қолаётганини маҳаллий ўқитувчиларнинг, биринчидан, “усули савтия” усулидан хабарсизликлари бўлса, иккинчидан, бундай мактаблар учун махсус дарсликларнинг йўқ даражада эканлигида, деб кўрсатади: “1901 йилдан эътиборан Қўқон ва Тошкентда, 1903 йилдан Самарқандда янги мактаблар очила бошлади. Бу мактаблар Туркистоннинг катта шаҳарларида сон жиҳатидан (тақлидий суратда) бир даража кўпайган бўлса ҳам, 4-5 йилдан кейин яна камайиб, фақат тузуклари давом этди. Бунинг биринчи сабаби китобсизлик бўлса, бошқа сабаби ўқитувчиларнинг усули таълимдан хабарсизликлари эди”[9].

Юқорида тилга олинган фармойиш асосида Туркистон ўлкасидаги бир неча мактаблар ёпиб қўйилди, ўқитувчилари тинтув қилинди. Усули жадид мактаблари губернаторликнинг мана шундай оғир таъқиб ва тазйиқлари остида фаолият кўрсатишга мажбур бўлди. Жадид мутафаккирларига қарши олиб борилаётган бундай таъқиблар ҳақида Садри Мақсудий[10] 1912 йилда учинчи чақириқ Россия Давлат думаси минбаридан туриб қуйидагиларни баён қилган эди: “Ҳар бир миллатнинг ўзига хос муқаддас, қадрли одатлари мавжуд. Адолатли давлат халқларнинг бундай қадриятларига қарши ҳеч вақт дахл қилмайди. Булар миллатнинг тили, бадиияти, мактаби ва бошқалардир. Бизнинг ҳукуматимиз эса туркий миллатларнинг муқаддас одатларига қарши мунтазам равишда тажовуз қилиб туради: мактабларимиз, адабиётимиз, бадииятимиз таъқиб остига олинади. Фақат бир йил давомида 150 дан ортиқ энг эътиборли ўқитувчилар, муллаларнинг уйлари тинтув қилинди. Қўқон шаҳрида маҳаллий инспектор фармойиши билан 20 га яқин мактаб ёпилди ва ўқитувчилари ҳайдаб юборилди. Тошкентда Мунавварқорига мадраса қошида рус синфи очишга рухсат берилмади, Наманганда Ҳусаин Макаев ўқитувчилик ишидан четлаштирилди”[11].

Дарҳақиқат, жадид шоири Тўлаган Хўжамёров Тавалло илк ўзбек театри труппаси аъзоларига нисбатан “Кимни саҳнада кўрсанг, ани жасорати бу” деб ёзган сўзлари бевосита усули жадид мактаблари очган педагогларга ҳам тааллуқли бўлиб, бу иш чинакам жасорат ва фидойилик эди. Генерал-губернаторлик маъмурлари усули жадид мактабларининг кенг қулоч ёзишига қанчалик тўсиқлар қўймасин, табиий-тарихий жараённи тўхтата олмади.

Дунёда ўқитувчилик ишидан ҳам оғирроқ, шу билан бирга, шарафлироқ, ундан ҳам буюкроқ иш бўлмаса керак. Чунки ўқитувчи инсон фарзандини ҳақиқий камолот сари етаклайди. Ҳар қандай жамиятнинг инқирозию таназзули, равнақию истиқболи унинг мактабга, таълим-тарбияга ва биринчи нав-батда, ўқитувчига бўлган муносабат билан ўлчанади.

“Усули жадид” номини олган “усули савтия”га асосланган мактаблар моҳият эътибори билан “рус-тузем” мактабларига қарши вужудга келди. “Усули жадид” мактабларида миллий маънавияти юксак, миллат, Ватан истиқболи учун жон куйдирувчи ёшларни тарбиялаб етиштириш биринчи ўринда турган. Жадид педагогларининг буюк хизматлари шундаки, улар мактабларда она тилида таълим-тарбия беришга, миллий адабиёт, мусулмон дини ва маънавияти асосларини ўқитишга ҳал қилувчи масала сифатида қарадилар. Чунки улар миллатнинг ўзлигини сақловчи асосий восита она тили ва миллий адабиёт деб билдилар. Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романидаги Мирёқуб билан жадид Шарафиддинхўжаев ўртасида кечган суҳбатни эсланг.

1905 йилдан кейин ғайрируслар (туркий халқлар) маорифи муҳокамаси яна жиддий тус олди. Россия маориф вазирлигидаги корчалонлар мусулмонлар учун очилган ва очилаётган давлат тасарруфидаги мактабларида она тилини кирилл алифбосида ўқитиш масаласини кўтардилар. Бунга қарши «Таржимон» газетаси ёзади: «Эй гўспўдалар, ақла мурожаат этинг. Бизим ўз алифбомиз вор: ҳам динийдур, ҳам дунёвийдур. Русча ва франсузча ўқиймиз, лекин ўз алифбомизни ҳеч бир вақт, ҳеч бир ўринда тарк этмаймиз… Бу ишда мантиғсизлиғғами таажжуб эдалим ёки изҳор ўлинан ҳақоратами ҳайрон ўлалим?!»[12].

1909 йилда Россия Давлат думасида – «Ғайрирусларнинг давлат тасарруфидаги мактабларда таълим-тарбия қайси тилда олиб борилиши керак?» деган мавзу яна муҳокама этилади. Унга биноан «туркистонликларнинг адабий тили йўқлиги» сабабли таълим-тарбия фақат рус тилида олиб борилади, агар маҳаллий сўзларга эҳтиёж туғилган тақдирда эса араб ёзувида эмас, фақат кирилл ёзувида таълим берилади, деган фармойиш эълон қилинади. Бу фармойиш туркийзабон зиёлиларнинг, педагогларнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлди. Унга қарши «Таржимон» газетасида эълон қилинган «Чиғатой тили» сарлавҳали мақолада қуйидагиларни ўқиймиз: «Самарқанд, Фарғона, Сирдарё қитъаларининг шевалари эски чиғатой шевасидур. Бу шева адабий ўлдиғи бутун жаҳона маълумдур. Ҳатто турк шеваи адабияларининг энг қадими ва мабдаи ўлдуғи лисониюн (тилшунослар) олдида масдақ (тасдиқланган)дур. Тафтазонийлар, Аҳмад Яссавийлар, Али Қушчи, Алишер Навоий ва бошқалар вужуда келтирмиш Туркистон тили нечук «тилсиз», «адабиётсиз» от ўлинур?! Рус миллатининг лисони адабий ўлмадиғи замонда Ломўнўсуф, Пушкин каби рус адибларининг вужудидан уч ва тўрт юз сана муқаддам («Муҳокамат ул-луғатайн» рисоласина боқ!» – газета изоҳи – У.Д.) Чиғатой, яъни Туркистон тили форсийя фойиқ (ғолиб) бўлиндиғи даъво ўлинур-да, бугун Туркистон белисондур, дею насил (қандай) ҳукм ўлинур?! Киев ва Мўсқва балдаларинда рум ва лотин лисонинда бирор раҳбон (роҳиблар) шқоласи таъсис эдилмасдан муқаддам Бухоро ва Самарқандда илми тибб, ҳайъат, фалсафа, таърих, жуғрофия, хандаса ва соира дарс ва таҳсил эдилур. Улуғбеклар, Форобийлар, Ибн Синолар каби турк ҳукамоси етишур-да, буюкларнинг аҳфоди (авлоди) бу кун нечук тилсиз от ўлинур?!»[13]

Россия империяси тасарруфидаги туркий халқларни руслаштиришга қаратилган Ильминский усулини Туркистон ўлкаси таълим-тарбия тизимига татбиқ қилар эканлар, уларни “усули қадим” тарафдорлари эмас, “усули жадид” ижодкорлари, тарафдорлари қаттиқ ташвишга солди. Бунинг сабабларини Ильминскийнинг ўзи шундай изоҳлайди: “Тараққиёт сари юз тутиб, ислоҳ бўлаётган мусулмонлик Ғарб маданияти келтириб чиқарган техник имкониятлардан фойдаланса, шу билан бирга, замонавий мактаблар очишга кучини сафарбар этса, у янги тарихий босқичга чиқади ва насронийлик учун жиддий хавф туғдиради. Шу сабабли Гаспринский илгари сураётган жадидчилик оқимига қарши чиқишга мажбурмиз. Рус ҳукумати ва зиёлилари жадид мактабларининг очилишига рухсат бериш билан ўзлари ўтирган дарахт шохини кесмоқдалар”[14].

Мана шундай оғир шароитда ўзбек жадид педагоглари она тили ҳамда миллий адабиётни ўқитишга миллатнинг ҳаёт ёки мамоти масаласи сифатида қарадилар, она тили ва адабиёт ўқитишнинг назарий ва амалий асосларини ишлаб чиқдилар. Бундай масалалар уларнинг дарсликларида ўз ифодасини топди. Миллийлик ва миллият масаласи Беҳбудий, Мунавварқори, Авлоний, Фитрат каби мутафаккирлар фаолиятида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бу ҳақдаги сўзларига эътибор беринг: “Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки, макотиб тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур. Ҳар миллат энг аввало макотиби ибтидоийсини замонча ислоҳ этиб кўпайтурмагунча, тараққий йўлиға кируб, маданиятдин фойдаланмас. Биноан алайҳ, ер юзидаги барча миллатлар ўз болаларини ибтидоий тарбиясиға ва мактабларининг ҳар жиҳатдан интизом ва акмолиға аҳамият бериб, болаларини миллий ва диний руҳда мукаммал суратда етушдурурлар. Анинг учундурки, ўзга миллатлар диний ва миллий ҳиссиётға молик бўлуб, ҳар ишда диёнат ва миллиятни муқаддам тутарлар”[15].

«Мана шундай миллий ва диний заминга қурилган “усули савтияи тадрижия» мактабларининг Россияда бонийи муассиси Исмоилбей ҳазратларидур”, дейди Беҳбудий. Туркистон ўлкасида эса Гаспрали ғояларининг янги шароитдаги давомчилари Мунавварқори ва Беҳбудийлар бўлди. Усули жадид мактабларининг худди шу миллий заминда вужудга келганлиги ҳам чор сиёсатдонлари мафкурасига бутунлай зид эди. Бундай мактаблар учун катта-катта тўсиқларнинг пайдо бўлиши ҳам унинг миллий замин асосига қурилганлиги учун эди. Чунки жадид мутафаккирлари томонидан очилган мактаблар ва уларнинг таълим-тарбия соҳасидаги фаолияти Россия империясидаги рус бўлмаган миллатларни руслаштириш сиёсатини амалда йўққа чиқарар эди.

Улуғбек Долимов, педагогика фанлари доктори

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 1-сон.

———————-

[1] Аҳмад Дониш. Наводир ул-вақое. «Фан», Т., 1964 йил. 274-бет.

[2] Мўминжон Муҳаммаджонов. Турмуш уринишлари. Тошкент, 1926 йил, 277-бет.

[3] Бухорода на кўрдим? «Таржимон», 1908 йил, 68-сон.

[4] М.Беҳбудий. Муҳтарам ёшларға мурожаат. «Ойна» жур., 1914 й., 41-сон.

[5] Турдиев Ш. Улар Германияда ўқиган эдилар. Т.: 2006, 225-бет.

[6] «Туркестанские ведомости», 1909 г, №1.

[7] Ўзбекистон Республикаси Давлат архиви, Д. 797, 75-бет.

[8] Ўзбекистон Республикаси Давлат архиви, 47-фонд, 926-д, 109-бет.

[9] Ҳожи Муин. Биринчи ўзбек алифболари. “Маориф ва ўқитғучи” журнали. 1926 й. 2-сон.

[10] Садри Мақсудий (Мақсудов Садриддин Низомиддинович-1880-1957) давлат ва жамоат арбоби, Россия Давлат думаси аъзоси, 1880 йилда Қозон уездининг Тошсув қишлоғида татар мулласи оиласида туғилган. Қозон мадрасасида, Боғчасаройда Исмоилбек Гаспрали мактабида, 1901-1906 йилларда Париж университетининг ҳуқуқшунослик факультетида ўқиган, ҳуқуқшунослик номзоди. 1917 йил октябрь инқилобини қабул қилмаган. 1919 йилда Парижда Тинчлик конференциясида иштирок этган ва туркий халқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга даъват этган. 1925 йилда Мустафо Отатурк таклифи билан Туркияга боради, кўп йиллар Истанбул ва Ан-қара университетларида дарс беради. У ҳаётининг 34 йилини Россияда, 11 йилини Францияда ва 32 йилини Туркияда ўтказди. Садри Мақсудий 1957 йил 20 февралда Туркияда вафот этди.

[11] Мусульманские депутаты Государственной думы России 1906-1917 гг. Уфа, «Китап», 1998, стр.178-179.

[12] Речь С.Максудова на Гос.Думе // «Таржимон», 1909, 10-сон.

[13] Чиғатой дили. // Таржимон, 1911, 4 март.

[14] Меҳмет Сарой. Турк дунёсида таълим ислоҳоти ва Гаспрали Исмоил. Анқара. 1987 йил., 30-бет.

[15] М.Беҳбудий. Муҳтарам ёшларға мурожаат. “Ойна” жур. 1914 й. 41-сон.