Тутанхамон қандай ўлдирилган?

Яқинда археологлар уюшмаси – «Скотланд-Ярд»нинг собиқ хизматчиси Грехам Мелвин ва тиббиёт фанлари профессори, нев­ролог Ян Ишервуд Ғарб матбуотида шов-шувли мақола билан чиқишди, яъни, 1352 йил сирли тарзда тўсатдан вафот этган қадимги Мисрнинг ёш фиръавни Тутанхамоннинг қандай ва нима сабабдан ўлганлиги тўғрисидаги жумбоқни очишди.

Тутанхамон тахтга ўтирганда жуда ёш, бор-йўғи саккиз ёшда эди. Отасининг ўлимидан сўнг Тутанхамон фиръавн деб тан олинди. Бироқ ёш бўлгани учун ўз-ўзидан давлатни бошқара олмаган. Бу жиддий вазифани Тутанхамоннинг ўгай онаси, соҳибжамол Нефертити ва унинг саройдаги яқинлари бажаришган.

Археологлар томонидан топилган манбаларга қараганда, вояга етаётган Тутанхамон ва Нефертити ўртасида муносабатлар яхши бўлмаган. Шу боис, Нефертити учун ёш фиръавн билан алоқалар бузилишининг олдини оладиган бирдан-бир йўл қизи Анхесенамонни ёш фиръавнга никоҳлаб бериш эди ва шундагина у Тутанхамон устидан ҳокимиятни йўқотмасди.

Нефертити вафотидан сўнг ёш фиръавн ҳамда унинг мухолифлари вазир Эе ва талантли саркарда Хоремхеб ўртасидаги ҳокимият учун кураш янада кескинлашиб кетади. Тутанхамон эса айш-ишрат, ов каби кўнгилочар машғулотларга берилиб кетади. Эхнатон биринчи бўлиб яккахудоликка сиғиниш, яъни, Қуёш худосига итоат қилишни жорий этиб, кўп худоликни бекор қилган. Юзлаб ибодатхоналарни ёптирган ва бу ислоҳотига қарши бўлган жуда кўплаб дин пешволари ва ҳарбий саркардаларни қатл эттирган. Унинг душманлари Эхнатоннинг ўлимидан сўнг кўпхудоликни тиклашиб, унинг ўғлини отасининг диний қарашларидан воз кечишга мажбур этишган.

Бунинг оқибатида ёш ва тажрибасиз Тутанхамон руҳонийлар ҳокимиятини тиклайди.

Хуллас, Тутанхамон кутилмаганда вафот этди. Бу фактни ҳали унинг учун тайёрланмаган қабрдан ҳам билиш мумкин, чунки бундай эҳтиёткорликни ундан олдин шоҳлик қилган барча ҳукмдорлар бажаришар, яъни, ўлимларидан олдин қабр тайёрлаттириб қўяр эдилар. Шундай қилиб, дафн маросимлари янги фиръавн Эе бошчилигида ўтказилиб, унга Тутанхамондан нафақат тахт, шунингдек, унинг бева хотини ҳам мерос бўлиб қолади. Агар Тутанхамон узоқ муддат касалланиб ўлганида эди, у ўзи учун абадий ҳаётга кетишга ҳозирлик кўриб қўйган бўларди.

Шундай қилиб, Тутанхамоннинг ўлими қадимги Мисрда энг машҳур бўлган сулоланинг ҳукмронлигига нуқта қўйди. Шундан сўнг, диний келишмовчиликлар барҳам топди, аммо сарой ичидаги келишмовчиликлар ва қариндошчиликка асосланган никоҳлар янада кўпайди. Аммо инглиз изқувари Мелвин ва доктор Ишервуд бу фактларни инкор этадилар. Улар ўзлари олиб борган текширув ва ҳужжатларга асосан шундай қарорга келишди: ёш фиръавн сарой фитнасининг қурбони бўлган. Тутанхамон тўққиз йил ҳукмдорлик қилади. Ўлимидан бир йил олдин у уйланиб ўз бахтини топади. Текширувлар натижасида ундан ҳеч қандай касаллик аломатлари топилмайди ва қайд этилмайди. Унинг ўлими тўсатдан, ҳеч ким кутмаганда юз беради. Хўш, қандай қилиб?

Ишервуд томонидан олиб борилган рентген текшируви фотосуратлари шуни кўрсатдики, унинг бош мияси орқа томонига кучли зарб билан урилган, шу етказилган жароҳат натижасида Тутанхамон ҳаётдан кўз юмган. Унинг ўлимидан манфаатдор бўлиши мумкин шахслар бу вазир Эе ва ҳарбий саркарда Хоремхеб бўлган. Тарихдан маълумки, улар Тутанхамоннинг дунё юзини кўришига қарши бўлганлар. Чунки меросхўр иккала вазирни ҳам тахтга эга бўлишдан маҳрум этар эди. Шунинг учун Эе ва Хоремхеб фитна уюштиради. Негаки, улар тезда ҳукмдорни ўз йўлларидан олиб ташлаб, ҳокимиятни ўз қўлларига олишлари керак эди. Шундай ҳам бўлади.

Шу тариқа, Тутанхамон ўлимининг асл сабабини кўрсатишда олимлар энди икки хил тахминга таянишмоқда. Мелвин ва Ишервуд хулосаларига кўра, оғир гурзи билан унинг бош қисми орқа томонига зарба берилиб, бош чаноғи синдирилган бўлса, иккинчи вариант касаллик билан боғлиқ янги тахминда фитначилар фиръавнни кўмиш учун барча маросимларни аъло даражада ўтказганлари ҳамда унинг жасадини ерга чуқурроқ кўмиб, ҳеч ким топа олмайдиган тарзда яширганлари ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд. Сўнгра унинг барча, улар қаторида отаси фиръавн Эхнатон билан боғлиқ бўлган ибодатхоналарни ҳам йўқ қиладилар.

… Бугунги кунда энг ёш Миср ҳукмдорининг қабри бу заминдаги шоҳлар водийсидадир. Уни 1922 йилда Говард Картер топган.

Уйғун Жумаев тайёрлади.
“Маърифат”дан олинди.