2018 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари олдида чиқиш қилган Туркия Жумҳурияти президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатларимиз орасидаги тарихан шаклланган бирдамлик муносабатлари ҳақида эсларкан, шундай деганди: “Туркия тарихида муҳим роль ўйнаган Озодлик урушида ўзбеклар бизни доим қўллаб-қувватлаб турдилар. Ҳаж вазифасини адо этгандан кейин ўз юртига қайтаркан, Чукуровада “Қуввайи миллия”га қўшилган туркистонлик кўнгиллилар, Ҳожи Йўлдош ва дўстларининг хотираси қалбимизда абадий сақланажак”.
Турк миллати хотирасида қолган Ҳожи Йўлдош асли ким эди?
Ҳар бир миллат равнақи учун ақл-заковат, шу билан бирга шижоату матонат, жисмоний баркамол керак бўлади. Бу борада ўтган аждодларнинг ибратли ҳаётини, тарихини билиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки тарих улуғлар сўзи билан айтганда, “ўтганлар, яшаётганлар ва ҳали туғилмаганлар ўртасидаги иттифоқ”дир.
Марғилоннинг қадимдан ислом илмлари маркази сифатидаги шуҳрати барчага маълум. Бу ердан етишиб чиққан фақиҳлар, муҳаддислар, муфассирларнинг илмий салоҳияти нафақат минтақа ва Мовароуннаҳр миқёсида, балки бутун ислом оламида эътироф этилган. Қолаверса, ёзма манбаларда марғилонлик баҳодир жангчиларнинг таърифи ҳам баён этилган. Хусусан Мирзо Бобур “Бобурнома” асарида бундай ёзади: “Яна бири Марғинондур, Андижоннинг ғарбидадур, Андижондин етти ёғоч йўлдур. Яхши қасаба воқи бўлубтур… Эли сорттур ва муштзан ва пуршару шўр элдур. Жангарилик расми Моварауннаҳрда шойидур, Самарқанд ва Бухорода номдор жангарилар аксар Марғинонийдур”.
Ўтган XX асрда Марғилон заминидан етишиб чиқиб, душман қаршисида мардонавор тура олган Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Нурмуҳаммадбек сингари улуғ баҳодирлар Бобур Мирзо таърифлаган номдор жангчи Марғинонийларнинг авлоди бўлса не ажаб. Кейинги йилларда олиб борилган изланишлар шуни кўрсатмоқдаки, ўтган юз йилликда Марғилондан яна бошқа ўнлаб ана шундай жасур ўғлонлар етишиб чиққан. Ана шулардан бири Ҳожи Йўлдош Марғилонийдир.
Марғилонга ёндош Қумтепа қишлоғининг Ингичка ариқ мавзесида Бобоназарбой авлодлари ҳаёт кечирган. Бобоназарбойнинг Тошмуҳаммад ҳожи, Эшмуҳаммад ҳожи, Мир Усмон ҳожи исмли уч ўғли ва Ҳожи она исмли қизи бўлган. Учала ўғил Марғилонда савдо-сотиқ билан шуғулланган. Эшмуҳаммад ҳожининг Йўлдошбой, Алижон қори, Мулла Мираҳмад, Мулла Ўрунбой, Мулла Сотболди, Мулла Эргаш исмли ўғиллари ва Ҳамрохон, Ҳожиқиз исмли қизлари бўлган.
Марғилондан Маккаи мукаррамага
XX аср бошларида Эшмуҳаммад ҳожининг фарзандлари кетма-кет Ҳаж зиёратига борадилар. Йўлдошбой ҳам 1912 йилда Ҳажга бораётиб, Истанбулга келади. Истанбулнинг бир қанча мавзеларида Туркистондан келган зиёратчилар ва сайёҳларга бошпана бўлсин дея ўзбек такялари қурилган эди. Ҳажга отланган туркистонликлар ҳам йўл-йўлакай такяларга кириб ўтишарди. Бир муддат қолиб, бир жума намозида иштирок этишар, машҳур саҳоба Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг мақбарасини зиёрат қилишар, халифа қабулида бўлиб, сўнгра Маккаи мукаррама томон йўл олишар эди.
Бу даврда Усмонли турк султонлиги номи билан дунёга танилиб, ўрта асрларда жаҳондаги энг қудратли давлатга айланган сулола оғир даврларни бошидан кечираётган эди. Усмонли турк султонлигининг сўнгги ҳукмдорларидан Меҳмед V Рашид (1909-18) қўшинлари Болқон ярим оролида давом этаётган урушда катта талофатлар кўрар, қурбонлар сони кундан кунга ортиб борар эди. Йўлдошбой Истанбулнинг қай гўшасига бормасин, ўша жойда яқинларидан жудо бўлган мусибатзада хонадонларга дуч келади. Исломий тарбия олган Йўлдошбой уларнинг қайғусига шерик бўлади. Зеро, ҳукамолар айтганидек, офат ва мусибат етган кишиларнинг ёр-дўст, уруғ-аймоғи уларни қўлла туриши лозим. Оллоҳнинг йўлида яхшилик қилиш, бошқаларга фойда етказиб савобли ишларга қўл уришни ният қилган оддий деҳқон боласи Йўлдошбой бу юрт ва миллат тақдирига бефарқ қараб туролмаслигини англаб, аскарликка ёзилади. Можар олими Ҳерман Вамбери (1832-1913) таъбири билан айтганда: “…Ўзбек ўз ерининг ғамини ўзи ейди ва кимки далада ибтидоий омочни тортиб юрган оддий, ишини ҳалол бажарувчи қишлоқ одамини кўрса, бу деҳқонни Марказий Осиёни забт этувчи ва ҳақиқий хўжайини деб тасаввур қилиши қийин. Ва айнан шу одам бизнинг вақтгача Марказий Осиёнинг хўжайини бўлиб келди. Чунки, шу оддий, омоч тортиб юрган ўзбек керак бўлган пайтда отга ирғиб мина олади ва қўлига қурол олиб ўзини жанг майдонида кўрсатади”.
Дарҳақиқат, тарихнинг бурилиш нуқталарида туркий қавмлар орасидан фавқулодда қобилият соҳиблари майдонга чиққанлар. Улар мисли кўрилмаган қаҳрамонлик намуналарини намойиш этганлар. Жалолиддин Румий айтганидек:
Қайда мазлумлар чекар бўлса фиғон,
Шермардлар унда ҳозирдир ҳамон.
Етса мазлум доди, турмаслар қараб,
Раҳмати Ҳақдек чопарлар ул тараф.
Аскарлик учун бадал
Йўлдошбой Болқон ярим оролида 1912-13 йилларда бўлиб ўтган икки урушда кўнгилли аскар сифатида иштирок этади. Урушдан сўнг Ҳажга кетиб, зиёрат арконларини бажаради. Ҳожи Йўлдош ота-онасига олган ҳадялар билан Ҳаждан қайтар вақтида – 1914 йилда Биринчи жаҳон уруши бошланади. Усмонли турк султонлиги тасарруфидаги араб чўлларида французлар билан жанглар авжига чиқади. Душманга қарши ҳаракатларда арабларнинг сустлигини кўрган Ҳожи Йўлдошнинг ҳамияти, ғурури жўш уради. Болалигида Қўқон хонлигини босиб олишда Чор Русияси аскарлари кўрсатган шафқатсизликларни эшитиб улғайгани боис, келажакда юз беражак фожиаларни бошқалардан кўра яхшироқ тушуниб етган эди. Айниқса, 1898 йилда Андижонда Дукчи эшон қўзғолони туфайли аҳолининг қирғинбарот қилиниши Ҳожи Йўлдошдек эр йигитларни ҳуррият учун курашишга ундади. Ўша йиллари Ҳожи Йўлдош қаерда бўлганини аниқлай олмадик. Қўзғолон ва чор ҳукумати солдатларининг ваҳшийлиги оқибати – кўчаларни тўлдириб ётган минглаб отилган, осилган, калтаклаб ўлдирилган гуноҳсиз қурбонлар… Кўча-кўйларда ҳукумат аскаларининг ҳужуми остида тасвирлашга тил ожиз аҳволга келтирилган майитларнинг қонга булғаниб, этлари ёрилиб, узилиб, чўзилиб ётган манзараси, маҳаллий чор маъмуриятининг ваҳшийлиги туфайли дор остида юраги ёрилиб ўлган болалару катталар, гуноҳсиз одамларнинг ҳайвондан тубан ҳолда калтакланишлари… Бу машъум воқеа Ҳожи Йўлдошнинг кўнглида оғир туйғуларни уйғотган бўлиши аниқ.
Алихонтўра Соғуний айтганидек, “Мўминлар ҳеч вақт ўлимдан қўрқмагайлар, урушда ўлиб, шаҳодат топган мўминлар Аллоҳнинг энг азиз меҳмонларидур. Бу уруш майдонларида сабр қилгайларким, бу ўринда баҳодирлик, қўрқмаслик керакдур. Чунки қўрқоқлик туганмас хорлик келтурур. Ботирлик узилмас давлатга еткирур. Қўрқоқ ўғиллар ота-боболарининг ҳурмат шарафларидан айрилиб, доимий қулликда қолгайлар. Ўз ватанида, ўз уйида туруғлик мусофир ғариб бўлгайлар. Энг охири душманлар қўлида хору зорликда юриб ўлгайлар”.
Мазлумларни душман тажовузидан ҳимоя қилишни муқаддас бурч деб билган Ҳожи Йўлдош Туркистондан келган бир неча ҳамроҳи билан аскарликка қўшилишни ният қиладилар. Бироқ бўлинма капитани аскар бўлиш учун ҳам бадал тўлаш кераклигини айтади. Шунда Тошпўлат ҳожи туркистонлик дўстлари учун ҳам бадал сифатида беш усмоний тилло танга тўлайди. Тез орада туркистонийларни жангларда кетма-кет кўрсатган жасоратларини кўрган ўша турк зобити улардан бадал сифатида олган пулларини эгаларига қайтариб беради. Ундан бунинг сабабини сўрашганида: “Мен арабларга нега сизлар кўнгилли бўлиб аскарликка ёзилмайсиз, нега номусингизни, аёлларингиз, фарзандларингиз, мол-давлат ва ватанингизни ҳимоя қилмайсизлар. Туркистондан келганлардан ибрат олмайсизларми?” деб сўраганимда, улар ”Туркистонийлар пулсизликдан, эҳтиёж туфайли аскарликка ёлланмоқдалар” деб жавоб берди. Шу сабабдан атайин мен сизларни синаш учун тўловдан сўз очган эдим. Билдимки, сизлар эҳтиёждан эмас, аксинча бурч туфайли аскар бўлган экансизлар” деб жавоб беради.
“Биз шу юртнинг сувини ичдик!”
Ҳожи Йўлдош ва унинг туркистонлик ҳамроҳлари Биринчи жаҳон урушида Сувайш каналида бўлган муҳоробаларда ҳам иштирок этадилар. Вақтинчалик тузилган сулҳ туфайли турк қўшинлари ортга чекинишга мажбур бўлади.
Тарихдан маълумки, Биринча жаҳон урушида Усмонлилар давлати Германия томонида туриб урушади. 1918 йилнинг 30 октябрида Туркия Антанта давлатларига таслим бўлади. Антанта давлатлари Туркияни ишғол қилади. Турк халқи орасида миллий озодлик ҳаракати бошланади. Туркияда Озодлик уруши (Kurtuluş Savaşı) деб аталган бу умуммиллий ҳаракатга Мустафо Камолпошо (Отатурк) бошчилик қилади.
Ҳожи Йўлдош ўша йиллари Адана шаҳри қайтади. Бир муддат тирикчилик ўтказиш учун Адана ва Тарсус йўлларида савдогарлик билан шуғулланади. У шу тарзда Марғилонга кетиш учун маблағ тўпламоққа киришади. Бироқ бу вақтларда французлар Чукуровани босиб олган, чор-атрофда француз ва арманлар томонидан тинч аҳолига кўрсатилаёган зулмлар кучайиб боради. Ёрбоши деган жойда тошкентлик Ҳожи Усмон, Абдураҳмон ва Иноятхон исмли туркистонлик ҳамроҳларининг ўлдирилиши оқибатида Ҳожи Йўлдош савдогарлик фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади.
У ватанга қайтаётган ҳожиларга ота-онасига олган ҳадяларини топшириб, омонатини етказишларини илтимос қилади. “Бизлар шу юртнинг тузини ичдик. Битта нонни ҳам бирга баҳам кўрдик. Энди ўзаро бирликда, иттифоқликда душманга қарши қўлимизга қурол олмасак, Қуръон ҳукмини бузиб динимизга хиёнат қилган бўламиз” деб шу ерда қолади ва умуммиллий ҳаракатга қўшилади.
Душманни қўрқитган “Автоматчи”
Ўша йилларда Ҳожи Йўлдош ва унинг дўстлари “Қуввайи миллия” деб аталувчи гуруҳ билан биргаликда душман бўлинмаларига яширинча қилинган ҳужумларда иштирок этади. Аммо бу ҳаракатлар Ҳожи Йўлдошни қониқтирмайди. Кунларнинг бирида у дўсти Ҳофиз Абдуллоҳга қўлидаги молларини топширади. Агар ҳалок бўлса ушбу молларини фақирларга тарқатишни васият қилади. Эрталаб Гучук жоме масжидида бомдод намозидан сўнг яқинлари билан видолашиб, Тўрўслар деган манзилга боради ва Эмин Пўлат исмли турк қўмондони қўл остида жанг қилади.
“Новое время” (1898 йил 24 июнь) газетаси “Разведчик” газетасидан кўчириб босилган мақолага эътибор қаратар экан, бундай ёзади: “Мақола муаллифи фикрича, биз Фарғонани босиб олгач, мусулмонлар бизга хавфли эмас, сартлар – қўрқоқ, деб ўз-ўзимизни алдадик. Аслида эса ундай эмас. Сартлар ниҳоятда жасур, туғма жангчилардир. Буни ҳозир, ўлимга маҳкум қилинганларнинг қаҳрамонона, заррача қўрқув аломатисиз жон бераётгани ҳам тасдиқлаяпти. Бундай ботирлар яхши қўмондон қўл остида мўьжизаларни амалга ошириши мумкин. Улар мағлубиятининг асосий сабаби мудом яхши қўмондонлик ва раҳбарларнинг йўқлигидир”.
Фавқулодда жасорат ва куч соҳиби бўлган Ҳожи Йўлдош тунлари бир ўзи ҳаракат қилиб, французларнинг кичик ҳарбий истеҳкомларига ҳужум уюштиради, душман аскарларини ўлдиради. Тарсусда эканида Мерсиндан Аданага йўл чиққан французларнинг ҳарбий поездига бир ўзи милтиқ билан ҳужум қилади. Саросимада қолган французлар поездни тўхтатишга мажбур бўладилар. Отишмада Ҳожи Йўлдош бир қанча душман аскарини ҳалок қилади. Қусун дарасида ҳам ёлғиз ўзи бир қанча душманни ер тишлатади. Француз аскарларидан тортиб олинган милтиқларни кейинги жангларда муваффақият билан ишлатади. Шу сабаб ҳам у минтақада “Автоматчи” лақаби билан шуҳрат қозонади.
Айтишларича, Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал Хўжастонийдан “Сен оддий эшак боқувчи эдинг, қандай қилиб Хуросон амири бўлдинг?” деб сўраганларида. У қуйидаги байтни ўқиб берган экан:
Меҳтарлик йиртқич шер оғзида бўлса,
Оғзидан тортиб ол, қўрқма, бардам бўл!
Ё иззат, улуғлик, шавкату шон топ,
Ё жангда юзма-юз мардлик билан ўл!”
Ҳожи Йўлдош ҳам ҳар гал майдонга шунчаки аскар эмас, балки Оллоҳ йўлида ўлимдан қўрқмайдиган жангчи сифатида чиқар эди. Ундаги шижоат, жасорат ва қувватни кўриб, душман зобитининг руҳи синарди.
Ҳожи Йўлдошнинг афсонавий жасоратлари чор атрофга тарқалади. Бундан хабар топган Тарсусда яшаётган 26 нафар туркистонлик ҳам ҳарбий бўлинма капитани Заки Болталига қошига келиб, ватандошлари Ҳожи Йўлдош сингари аскар бўлиш ниятини билдирадилар.
Тарихдан маълумки, қардош халқлар ўртасидаги муносабатлар Қўқон хонлиги тугатилиб, Бухоро амирлиги ва Хоразм хонлиги Чор Русияси исканжасига тушиб қолган даврларда ҳам давом этган. Русия истилоси даврида Туркистон хонликларига сиёсий ва техник ёрдам берган Туркия давлати мустамлакачиларига қарши курашаркан, туркистонлик қардошлар улар билан бир сафда жанг қилдилар. 1921 йили Анқара ҳукумати ва Мустафо Камолнинг топшириғи билан Туркистонга жўнатилган Исмоил Субҳибей Тошкентда Туркистон Миллий бирлигини ташкил этишга катта ҳисса қўшган эди. Туркиянинг бу каби ёрдамларига жавобан туркистонликлар ҳам Туркия миллий мужодаласига ёрдам сифатида Бухоро амирлигидан юз миллион рубл ҳисобида ёрдам пули жўнатганлар. Аммо бу маблағнинг фақат 11 миллиони Туркияга етиб келган. Қолгани руслар қўлига ўтиб кетган.
Ҳожи Йўлдош Қовоқлихон, Мурдкўса, Чангтепа, Чаноқтепа, Дудали қишлоқларини озод этишда мисли кўрилмаган қаҳрамонликлар кўрсатиб қўмондонлик даражасига эришади.
Ким бўлиб ўлганинг муҳим!
1920 йил 28 май куни Баллижа қишлоғи ёнида бўлган жангда Ҳожи Йўлдош оғир яраланади. Ғалабалари ва жасорати ила тилларда достон бўлган Ҳожи Йўлдош тонгга яқин жон беради. Унинг ўлими Тарсус аҳлини чуқур изтиробга солади. Ўша куни аскарлар худди қондош биродарлари шаҳид кетган каби кўзёш тўкадилар. Халқ орасида Ҳожи Йўлдошга атаб марсиялар тўқилади. “Ким бўлиб туғилганинг эмас, ким бўлиб ўлганинг муҳим” дейди аҳли дониш. Марғилоннинг оддий бир фарзанди Ҳожи Йўлдош ҳам Туркияда Озодлик урушида жасорат кўрсатиб турк ҳалқининг миллий қаҳрамонига айланди. Унинг номи дилларда муҳрланиб қолди. Шоир айтганидек:
Бўлса ҳамки қанча сафолик,
Ўткинчидир шахсий манфаат.
Лекин элга лаҳза фидолик,
Юраклардан ўчмайди абад.
1997 йил Тарсус ҳокимияти шаҳар қабристонида Ҳожи Йўлдош Марғилоний шарафига ёдгорлик ўрнатди. Туркияда чоп этиладиган “Истиқлол” газетасининг 2006 йил 23-сонида Кемал Дурунинг “Шаҳар қабристонидаги ёдгорлик кимга тегишли ёки Баллижада шаҳид бўлган Ҳожи Йўлдош” номли мақоласи эълон қилинди. Ҳожи Йўлдошнинг қаҳрамонликлари Тарсус ва Чукурова аҳли тилида ҳамон достон бўлиб келмоқда.
Туркияда Озодлик урушига бағишлаб олинган сериалда ҳам Ҳожи Йўлдош Марғилоний ва унинг сафдошлари кўрсатган қаҳрамонликлар ҳақида лавҳалар бор. Фильмда жасур туркистонликлар турк халқининг ифтихори бўлиб қолажаклари айтилган.
Нодиржон Абдулаҳатов,
Давронбек Тожиалиев