Хонзода бегим Умар Шайх Мирзонинг (1456—1494) қизи, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзонинг опаси. У 1478 йилда Андижонда туғилган. Унинг онаси—Қутлуғ Нигор хоним Тошкент хони Юнусхоннинг қизи эди.
Тарихий манбаларнинг шоҳидлик беришича, Хонзода бегим дид-фаросатли, ўткир зеҳнли ва ақл-заковат соҳибаси бўлган. Хонзода бегим айни балоғат ёшига етганда отаси Умар Шайх Мирзо тасодифан жардан йиқилиб, оламдан ўтади. Ота тахтига ўтирган 12 ёшли Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзонинг қисматида дарбадарлик даври бошланади. Ёш Бобур Мирзода бобокалони Амир Темур тахтини эгаллаш ҳаваси уйғониб, Самарқандга бир неча ҳарбий юришлар қилади. Ниҳоят, 1501 йили Самарқандни қўлга киритишга муваффақ бўлади. Аммо кўп ўтмай Шайбонийхон қўшин тортиб келиб, Самарқандни қамал қилади. Қамал кўпга чўзилиб, шаҳарда даҳшатли очарчилик ва ўлим авжига чиқади. Бобур Мирзонинг кўпгина одамлари шаҳарни ташлаб қочадилар. Бобур Мирзо ниҳоят даражада кучсизланиб, ҳатто қамални ёриб чиқиб кетиш имкониятига қодир бўлмай қолади. Ана шундай оғир вазиятда Шайбонийхон Бобур Мирзога сулҳ таклиф қилади. Кейинчалик ана шу воқеани Бобур Мирзо ўзининг машҳур «Воқеанома» («Бобурнома») асарида қуйидагича тасвирлайди: «Бу маҳалда Шайбонийхон сулҳ сўзини арога солди. Агар бир тарафдин умидворлик бўлса эди, ё заҳира бўлса, сулҳ сўзига ким қулоқ солар эди. Зарурат бўлди, сулҳгина қилиб, кечадин икки паҳр бўла ёвушиб эдиким, Шайхзода дарвозасидан чиқилди. Волидам хонимни олиб чиқдим. Яна икки хотин киши чиқди: бири Бичка халифа эди, бири Минглик кўгалтош эди. Менинг эгачим Хонзода бегим ушбу чиққанда Шайбонийхоннинг илкига тушди».
Аммо бу воқеа аслида бошқачароқ бўлган. Шайбонийхон Бобур Мирзога сулҳ таклиф қилиши билан бирга, Хонзода бегимни ўзига хотинликка сўраган. Агар Бобур Мирзо шунга розилик берса, у ҳолда ўз ҳарамини Самарқанддан саломат олиб чиқиб кетишига имконият яратиб беражагини айттан.
Бу воқеани Бобур Мирзонинг қизи — Гулбадан бегим, ўзининг «Ҳумоюннома» номли асарида қуйидагича тасзирлайди: «Ана шундай вақтда Шоҳибек (Шайбонийхон)хон «агар ўз эгачингиз Хоизода бегимни менга хотинликка берсангиз, орамизда сулҳ тузилади ва ҳамжиҳатлик алоқалари ўрнатилади»,— деб айтгизиб юборди. Охир Хонзода бегимни ўша хонга бериб, ўзларининг қайтишларн зарур бўлди». Гулбадан бегимнинг бу фикрини «Тарихи Рашидий» асарининг муаллифи— Ҳайдар Мирзо ҳам тасдиқлаб, «унинг қаршилик кўрсатишга ҳеч чораси қолмай, Шайбонийхон билан сулҳ тузиб, ўз эгачиси Хонзода бегимни унга хотинликка берди»,— деб ёзади.
Шундай қилиб, Хонзода бегим Шайбонийхон никоҳига киради ва ундан бир ўғил кўради. Исмини Хуррамбек деб атайдилар,
Шайбонийхон қатлидан сўнг Хонзода бегим укаси Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳнинг саройи — Кобулга қайтиб келади. Кўп ўтмай ўғли Хуррамбек ҳам вафот этади. Хонзода бегим ўзининг ақл-идроклиги ва тадбиркорлиги натижаси ўлароқ, сарой маликалари орасида юксак эътиборга эга бўлади. Хонзода бегим Бобуршоҳ ва унинг тахт вориси Ҳумоюн шоҳ саройида маслаҳатчи вазифасини бажарган.
1544 йили Хонзода бегим Кобулҳақ деган жойда оламдан ўтади. Орадан уч ой ўтгач, унинг хокини Кобулга келтириб, Бобуршоҳ мақбарасига дафн қиладилар.
Турғун Файзиевнинг “Темурий маликалар” китобидан олинди.