Аржуманд бону тахминан 1594 йилда Машҳадда туғилган. У асли эронлик бўлиб, бобоси ва ота-онаси камбағаллик юзасидан Ҳиндистонга кўчиб келиб, Акбаршоҳ мулозиматига хизматга киради. 1611 йилда Аржуманд бонунинг аммаси Нуржаҳон (Меҳринисо) Жаҳонгиршоҳга турмушга чиққач, Аржуманд бонунинг бобоси Эътимод-уд Давла бош вазирлик мансабига, ютаси Эътиқодхон (Осафхон) эса сарой бошқарувчиси лавозимига кўтарилади. 1613 йили 19 ёшли Аржуманд бону 21 ёшли шаҳзода Хуррамга (Шоҳ Жаҳон) турмушга чиқади. Ўткир ақл-идрок ва дид-фаросат соҳибаси бўлган Аржуманд бону тез кунда тадбиркорлиги, нозик табиати, иффати ва тенгсиз ҳусн-латофати билан сарой аъёнлари ўртасида катта эътибор қозонади. Хусусан, Жаҳонгиршоҳ Аржуманд бонуни ниҳоятда эъзозларди. Чунки Жаҳонгиршоҳ билан шаҳзода Хуррам ораларида вужудга келган айрим келишмовчиликларни Аржуманд бону ҳал қилишга киришар ва бу ишнинг уддасидан чпқарди. Табиийки, бундай эзгу хизматлари эвазига ҳар икки томоннинг илтифотига сазовор бўлади. Шунинг учун бўлса керак, кўп ўтмай саройда Аржуманд бону — Мумтоз Маҳал бегим (саройнинг кўрки) дея атала бошланди. Аржуманд бонуга берилган ушбу ном унга шон-шуҳрат келтириб жаҳонга машҳур қилди ва номи тарих саҳифаларига кўчди.
1628 йил февралида эри Шоҳ Жаҳон тахтга ўтиргач, ёш малика Мумтоз Маҳал бегим салтанат ишларида унга ёрдамлашиб, режалик маслаҳатлари билан ҳукмдорни тўғри йўлга бошлади. Саройда у маслаҳатчи ва муҳрдорлик лавозимида эди.
Мумтоз Маҳал бегим яхши кунларда ҳам, оғир дамларда ҳам, ҳарбий сафарларда ҳам эрига вафодор ёр, содиқ ҳамроҳ ва жафокаш ҳамдард бўлди. У қисқа умри давомида 14 нафар фарзанд кўрди. «Тазкират ул-хавотин» асарида ёзилишича, Мумтоз Маҳал бегимнинг дунёда қолдирган фарзандлари саккиз нафар — тўрт қиз, тўрт ўғил бўлиб, қолган олти нафари ёшлигида нобуд бўлган. Унинг ўғиллари Доро Шукуҳ (1616—1659), Шоҳ Шужоъ (1617—1661), Аврангзеб (1618—1707), Мурод Бахш (1621 — 1658), қизлари — Жаҳон Оро бегим, Анжуман Оро бегим, Даҳр Оро бегим ва Кити Оро бегимдир.
Малика Мумтоз Маҳал бегим Шоҳ Жаҳон ҳукмронлигининг тўртинчи йили, яъни 1631 йил 17 июн чоршанба куни навбатдаги сафар чоғида, Бурҳонпурда 14-нчи фарзандини туғиш пайтида 38 ёшида вафот этди. Мумтоз Маҳал бегим ҳаёт билан видолашаркан, эри Шоҳ Жаҳондан фарзандларига меҳрибон бўлишни, бундан буён бошқа уйланмасликни ва ниҳоят, унга атаб, дунёда тенги йўқ улуғвор, ҳашаматли мақбара бунёд эттиришни илтимос қилди.
Мумтоз Маҳал бегим ўлим олдидан ўз болалари билан видолашаркан, Шоҳ Жаҳоннинг аҳволидан хабардор бўлиб, унга ғамхўрлик қилиб туришни ўзининғ катта қизи— Жаҳон Оро бегим зиммасига юклайди.
Шоҳ Жаҳон севикли рафиқаси Мумтоз Маҳал бегимнинг васиятларига тўла амал қилади. Зотан, у кейинги 36 йиллик умри давомида уйланмай ўтади. Мунис ва вафодор рафиқасининг номини абадийлаштириш мақсадида, унга атаб ялтироқ оқ мармардан ҳашаматли мақбара қурдиради. Агра шаҳридаги улкан мақбаранинг қурилишига йигирма минг мутахассис уста ва ишчилар жалб қилиниб, 18 йилда қуриб битказилди. Бу улуғвор обида — «севги ва вафо» қасрининг қурилишига 40 миллион рупия маблағ сарфланган.
Мақбара қуриб битказилгач, марҳума Мумтоз Маҳал бегимнинг хокини кўчириб келтириб дафн этишди. Ушбу улуғвор ҳашаматли мақбарани Мумтоз Маҳал бегим бошига кийдирилган тож рамзида «Тож Маҳал» деб атадилар.
Турғун Файзиевнинг “Темурий маликалар” китобидан олинди.