Темур Ғиёсов. Ўзбек халқининг содиқ дўсти

http://n.ziyouz.com/images/javaharlal.jpg

Ўтган асрнинг машҳур давлат ва сиёсий арбоби Ж.Неру 1889 йилнинг 14 ноябрида Ҳиндистондаги Оллоҳобод шаҳрида дунёга келди. Унинг сермазмун ҳаёти истиқлолга эришган янги Ҳиндистонни юксалтиришга бағишланди. Жавоҳарлаъл Неру Бал Гангадҳар Тилак, Мохандас Кармчанд Ганди сингари Ҳиндистон халқ-озодлик ҳаракатининг раҳбарларидан бири эди. Унинг фаолияти миллий мустақилликка эришиш учун ҳал қилувчи курашлар кетаётган, ҳинд мустақил давлатининг ташкил топиши ва ривожланишидаги мураккаб давр, яъни Ҳиндистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсатига асос солинаётган пайт билан узвий боғлиқдир.

Ж.Нерунинг отаси Мўтилаъл Неру Ҳиндистоннинг таниқли ва нуфузли ҳуқуқшуносларидан бири бўлган. У мамлакатдаги энг йирик сиёсий партия – Ҳиндистон Миллий Конгресси (ҲМК) ишида фаол қатнашади. Жавоҳарлаъл 16 ёшида отасининг талаби ва қистови билан билимини такомиллаштириш мақсадида Англияга боради ва Харроу, Кембриж ўқув юртларида таълим олади. 1910 йилда Неру Кембриж университетини фахрий диплом билан битиради. Ватанига қайтган Неру ўз устози, Ҳиндистон халқ-озодлик ҳаракатининг раҳбари Махатма Гандининг яқин сафдоши сифатида мамлакат сиёсий майдонида иштирок қила бошлайди. 1916 йилда Неру Кашмир брахманининг қизи Камолага уйланади. 1921 йили инглиз мустамлака маъмурияти Жавоҳарлаъл Неруни отаси Мўтилаъл Неру билан бирга ҳибсга олади. Ж.Неру бир неча бор қамоққа ҳукм қилинганди, у 10 йил маҳбуслик жабрини тортди. 1923 йилда қамоқдан чиққандан сўнг Ҳиндистон Миллий Конгрессининг бош котиби этиб сайланди. 1927 йилда у Брюссель (Бельгия) шаҳридаги мазлум халқлар антиимпериалистик конгресси ишида қатнашиб, Европа, Осиё ва Африка халқлари миллий-озодлик, инқилобий ҳаракатларининг раҳбарлари билан учрашди. 1929 йилда Ж.Неру Ҳиндистон Миллий Конгресси раислигига сайланди.

1936 йилда Ж.Неру оғир жудоликка учрайди. Узоқ вақтдан бери бедаво дардга чалинган умр йўлдоши Камола Швейцарияда вафот этади. Самолётда Рим орқали ўз ватанига қайтаётган Неруни Италия фашизмининг асосчиларидан бири Муссолини ўз ҳузурига таклиф этади. Аммо Жавоҳарлаъл Гитлернинг бу яқин шериги билан учрашувни рад этади. Бу фашизмни кескин равишда қоралаган сиёсий арбобнинг жавоби эди. Ўша вақтларда Нерудан “энг ёмон кўрган одаминг ким?” – деб сўрашганда, “Гитлер”, деб айтган. Неру ўша вақтдаёқ халқаро майдонда тинчлик, адолат, демократия ва тараққиёт ғоялари учун изчил ва довюрак курашчи, фашизм ва милитаризмни кескин қораловчи сифатида танилган эди. 1938 йилда у Франко режимига қарши курашаётган Испанияга ҳамда япон истилочиларига қарши жанг қилаётган Хитойга бориб, фашизм ва милитаризмни ошкора қоралайди.

1939 йилда Ҳиндистон Англия томонидан Иккинчи жаҳон уруши гирдобига тортилди. ҲМК Англия томонида бўлса-да, Ж.Неру, М.Ганди ва уларнинг сафдошлари мамлакат мустақиллиги учун курашни давом эттирдилар.

Шундай вазиятда ҲМКнинг кўзга кўринган арбобларидан Субхас Чандра Бос бошқача йўл тутади. У Германиянинг иттифоқчиси Япониянинг ҳарбий кучига таяниб, Ҳиндистонни инглиз мустамлакачиларидан халос қилмоқчи бўлади.

Неру С.Ч.Боснинг бу хомхаёл режасини ёқламайди. 1941 йил январида Бос яширинча Ҳиндистонни тарк этиб, аввал Германияга, сўнг Бирмага бориб, япон қўшинлари билан мулоқотга киришади. Япон ҳарбийлари 1942 йилда Шарқи-Жанубий Осиёдаги бир қатор мамлакатлар, жумладан, Бирма, Таиланд, Вьетнам, Сингапур, Индонезияни босиб олгандилар. Бос шу мамлакатларда яшаётган 50 минг ҳиндларни тўплаб, “Ҳинд миллий армияси”ни тузади ва инглиз-америка қўшинларига қарши жанг олиб боради. Аммо муваффақиятсизликка учрайди. 1945 йилнинг августида Бос япон самолётида Вьетнамнинг Сайгон шаҳридан Токиога учади. Йўлда Тайбей (Тайвань)даги аэропортда тўхтаб ўтган самолёт номаълум сабабларга кўра ҳалокатга учрайди. Оғир ярадор бўлган Бос Япония касалхонасида вафот этади.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг инглиз мустамлакачилари Ҳиндистонда барпо этган тузум омманинг кураши тазйиқи остида инқирозга юз тутганлиги аён бўлди. Ўзларини Ҳиндистондан улоқтириб ташланишидан ташвишга тушган инглиз маъмурияти давлатни бошқаришни ҳиндларга топширди. 1947 йил 15 августда Ҳиндистон истиқлолни қўлга киритди. Ўша куни Жавоҳарлаъл Неру Деҳлидаги тарихий Қизил Қалъада Ҳиндистоннинг оқ, яшил ва зарғалдоқ рангли миллий байроғини тантанали равишда кўтарди.

Ҳиндистоннинг озод бўлиши бу мамлакатнинг энг сўнгги вице-қироли Маунтбэттен ҳукмронлиги вақтида содир бўлди. Маунтбэттен Англия мустамлака империясининг гуллаган давридаги қироличаси Викториянинг эвараси эди. Айнан шу қиролича 1876 йилда тантанали равишда Ҳиндистоннинг ҳукм-дори деб эълон қилинганди. Орадан 70 йил ўтгач, унинг эвараси “Британия империяси тожининг марвариди” бўлмиш Ҳиндистонни батамом ҳиндлар ихтиёрига ўтишида иштирок этди.

Истиқлолга эришган мамлакат олдида янги Ҳиндистонни барпо этишдек оғир ва мураккаб вазифа кўндаланг турарди. Буюк мутафаккир Неру мамлакатнинг келажак тараққиёти хусусида ўйлар экан, турли-туман ижтимоий қарашлар, ғоялар ва назарияларни ўрганди. Ғарб ”сиёсатчилари” Неруга Ҳиндистон аграр мамлакат, унинг иқтисоди азалдан қишлоқ хўжалигига мослашган, шунинг учун у фақат қишлоқ хўжалик секторига эътибор бериши керак, саноат маҳсулотларини эса ғарб давлатларидан харид қилиши мумкин деб ”маслаҳат” бердилар. Аммо Неру бундай ”таклиф” ва ”тавсиялар”ни қабул қилмади. Узоқни ўйлаб иш тутадиган Неру сиёсий мустақилликни иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлаш билан биргаликда олиб бориш зарурлигини тушунарди. Шу шароитда мамлакат чет давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги зарурлигини у яхши биларди. Пировардида, янги Ҳиндистонни барпо этишда Неру ҳинд халқининг менталитети, яъни унинг ўтмиш тарихи, миллий анъаналари, урф-одатлари, турмуш тарзи, кўпмиллатлилиги ва турли динларнинг мавжудлигидан келиб чиқиб, ўз номи билан аталган ”Неру курси”ни ҳаётга татбиқ қилди.

Неру бош бўлган ҳукумат куч-ғайрат ва катта қатъият билан иқтисодий қолоқлик ва диний низолар натижасида бутун Ҳиндистонни қамраб олган даҳшатли хунрезликни бартараф этди. Мамлакатдаги 500 дан зиёд катта-кичик хонликларни бирлаштирди. 1950 йил январидан Ҳиндистон Республикасининг конституцияси кучга кирди. 1951-1952 йилларда дастлабки парламент сайловлари бўлиб ўтди.

1950 йилда Неру раислигида мамлакат халқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида бешйилликлар режалари комиссияси тузилди. Мамлакатда 11 та беш-йиллик режалари амалга оширилди. Умуман, иқтисодий ўсиш суръати борасида Ҳиндистон дунёда энг юқори поғоналардан бирини эгаллади.

Бугунги кунда Ҳиндистон гуруч, буғдой, чой, сут, шакар етиштиришда, ахборот технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлашда, мотоцикл, тамаки маҳсулотлари, кинофильмлар ишлаб чиқаришда дунёда биринчи ўринни, аҳоли сони, олимлар сони, цемент ишлаб чиқариш, текстиль саноати машиналарини ишлаб чиқариш, буғдой, гуруч, мева, сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда иккинчи ўринда турибди. Ҳиндистон АҚШдан кейин дунёда энг кўп дори-дармон ишлаб чиқарадиган заводларга эга. У автомобил экспорт қиладиган энг йирик давлатлардан бири ҳисобланади. Ҳиндистон компаниялари дунёнинг энг йирик сармоя киргизувчи компаниялари қаторида туради. АҚШдаги энг кўп чет эллик талабаларни ҳиндистонликлар ташкил қилади. Ҳиндистон дунёдаги энг узун темир йўлига эга. У дунёдаги учинчи энг йирик сармоя базасига эга. Ҳиндистон олий билимгоҳларини ҳар йили 3 миллионга яқин мутахассислар битириб чиқади. Шулардан ярим миллиони муҳандис ва ахборот технологиялари мутахассисларидир. Ҳиндистон АҚШ ва Япония қаторида суперкомпьютерни ихтиро қилган. Ҳиндистонлик ахборот технологиялари мутахассислари 175 давлатда ишлайдилар.

Айни пайтда бу мамлакатда ҳали ўз ечимини топмаган мураккаб муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, аҳолининг бир қисми ҳамон қашшоқ. Ишсизлик, уй-жой танқислиги, оилада туғилишни режалаштириш, диний жамоалар ўртасидаги келишмовчиликлар каби муаммоларни ҳал этиш мамлакат олдида кўндаланг бўлиб турибди.

Ички сиёсий масалаларни ҳал этишга Неру жуда катта ҳисса қўшди, айниқса, унинг халқаро муносабатлар соҳасидаги хизматлари беқиёсдир. Биринчи ҳукумат бошлиғи ва ташқи ишлар вазири сифатида у Ҳиндистон ташқи сиёсатининг асосий тамойилларини ишлаб чиқди, қўшилмаслик асосларини шакллантириш ва ҳаётга татбиқ этишда шахсан иштирок этди.

Қўшилмаслик сиёсати ва ҳаракатининг муҳим тамойиллари – бу суверенитет, чегараларнинг даҳлсизлиги, давлатлар ҳудудларининг бутунлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатлар ўртасида ҳамкорлик ва, албатта, ҳарбий уюшмаларга қўшилмасликдан иборат.

Неру турли минтақаларда рўй берган ҳарбий можароларни даф этишда фаол қатнашди. Жумладан, Жазоир, Корея (50-йилларнинг бошлари), Вьетнам, Лаос, Кампучия (1954 йил), Миср (1956 йил) ва бошқа бир қатор мамлакатлардаги қуролли тўқнашувларни бартараф этишда Неру Ҳиндистон раҳбари сифатида ўз ҳиссасини қўшди. Неру ва у бошлиқ ҳукумат давлатлар ўртасидаги урушларга чек қўйишда тинч, дипломатик усуллар, чунончи, ўзаро учрашувлар, музокаралар, воситачилик, келишиш, яраштириш, арбитраж йўлларидан кенг фойдаланди.

Неру йирик давлат ва сиёсий арбоб, истеъдодли тарихчи, публицист, файласуф, иқтисодчи ва ҳуқуқшунос олим сифатида бутун дунёда танилган эди.

Британия мустамлакачиларининг ўзига тобе бўлган халқлар устидан ҳукмронлик қилишини Неру адолатсизлик ва шафқатсизлик деб қоралади. Ҳиндистоннинг озодлик учун олиб борган курашини эса табиий ҳаракат деб ҳисоблади. Унинг ”Таржимаи ҳолим”, ”Ҳиндистоннинг кашф этилиши”, ”Дунё тарихига бир назар”, ”Ҳиндистоннинг ташқи сиёсати” асарларидан ўзбек китобхони ҳам баҳраманд бўлди. Неру бу китобларни асосан қамоқхоналарда ётган чоғларида ёзган эди. Мазкур китобларда муаллиф ўтмишнинг маданий меросидан энг яхши томонларини ўзига қабул қилиб олиш ва унинг ёрдамида янги, дунёвий, демократик давлат барпо этиш ҳақида фикр-мулоҳазалар юритади. Нерунинг фақат танланган асарларининг ўзи тўққизта салмоқли жилддан иборат.

Неру ўзининг ҳам ижодий, ҳам амалий фаолиятида Ҳиндистоннинг қўшни ва дўст мамлакатлари халқларининг тарихи, жумладан, араблар ва афғонлар, Эрон, Хитой, Рим ва Юнонистон, Россия ва, табиийки, Ҳиндистон тарихи ҳақида сўз юритади. Шунингдек, у Ўзбекистон билан кўпқиррали муносабатларга алоҳида эътибор қаратади.

У “Ҳиндистонни кашф этилиши” асарида “буюк истилочи Темурнинг номи тилларда достон бўлди”, ”Темур вафотидан сўнг унинг ворислари кўпроқ ҳарбий ишларга эмас, балки санъатга ҳомийлик қилишга мойил эканликларини кўрсатдилар ва Ўрта Осиёда темурийлар даври бошланди”, – деб ёзади. Неру Ўзбекистон халқининг илмий ва маданий меросига юқори баҳо беради. Машҳур ўзбек алломалари Ал-Хоразмий, Абу Али Ибн Сино, Ал-Беруний, З.М.Бобур ва бошқа олимларнинг буюк хизматларини тақдирлайди. У буюк қомусчи олим Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон” асарини илмий ва тарихий аҳамиятини юксак баҳолайди, бу асарни ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олади. ”Беруний, – дейди Неру, – юнон фалсафасини мутолаа қилмоқ учун санскрит тилини ўрганади. Беруний ҳинд ва юнон фалсафасини бир-бирига солиштириб, уларда мавжуд бўлган умумийликни кўриб ҳайратда қолди. Берунийнинг китоби далилий маълумотларни қамраб олиш билан бирга, у уруш, талон-тарож, оммавий қирғин бўлишига қарамай, фан аҳллари ўз ишларини давом эттирганини кўрсатиб беради”.

Неру яна бир ватандошимиз Бобур ва унинг набираси Акбарни таърифлар экан: “Бобур дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган, у санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур қилишни яхши кўрарди. Унинг набираси Акбар яна ҳам дилбарроқ бўлиб, кўп яхши фазилатларга эга бўлган”.

1955 йил июнида Ж.Неру қизи Индира Ганди билан Ўзбекистонга келди. Меҳмондўст ўзбек халқи очиқкўнгиллик, бағрикенглик билан Ҳиндистон раҳбарларини олқишладилар. Неру ва И.Ганди ўлкамиздаги бир қатор маданий муассасаларга ташриф буюришди, республикамизнинг иқтисодиёт, илм-фан ва маданий соҳалардаги ютуқларидан хабардор бўлишди.

Ж.Неру ва И.Ганди қадимий ва навқирон Самарқандга ҳам боришади. Улар Самарқанд меъморчилигининг ажойиб намуналарини томоша қиладилар, ундаги тарихий обидалар – мақбара, масжидлар, Гўри Амир, Улуғбек расадхонасини зиёрат қиладилар. Неру шаҳардаги меъморчилик ёдгорликларидан бирини таъмирлаётган устага: “Шундай ёдгорликларни ҳозирда ҳам бажара оладиган мутахассислар борми?” – деб савол беради. Уста аввалига жавоб беришга шошиб қолади, сўнг у Неруни табассум билан қараб турган юзига кўзи тушиб, таржимонга: “Бизда бундан мураккаб ишларни бажарадиган моҳир усталар ҳозир ҳам мавжуд. Уларнинг касбидан замонавий биноларни бадиий жиҳатдан безашда кенг фойдаланишаяпти”, – деб жавоб беради. Неру жавобдан қониққанлигини юз ишораси билан тасдиқлайди.

Неру қаерда бўлмасин, халқ уни хурсандлик билан сидқидилдан кутиб олди. Бундай меҳмондўстлик энг аввало ўзбек халқининг Неруга ва у раҳбар бўлган ҳинд халқига кўрсатилган ҳурмат ва эҳтироми белгиси эди. Неру мамлакатимизга қилган сафаридан батамом мамнун эди. У ватанига қайтар экан, ўз миннатдорчилигини изҳор қилди: “Мен ўйлайманки, – деди у, – бу ердан бир вақтда ҳам бадавлатроқ, ҳам камбағалроқ бўлиб қайтаяпман, бунинг сабаби бизни самимий кутиб олганингиз борасида олий даражадаги таассуротлар билан бойидим. Мен бу заминда юрагимнинг бир бўлагини ташлаб кетаётганим боис ўзимни камбағалроқ ҳис қилаяпман…”

Мамлакатимизга бўлган кучли иштиёқ 1961 йили Ж.Неру ва И.Гандини яна Ўзбекистонга йўллади. Иккала сафар ҳам ниҳоятда самарали бўлиб, унинг натижасида ўзбек ва ҳинд халқларининг дўстлиги янада чуқур илдиз отди. Неру умрининг охиригача ўзбек халқининг содиқ дўсти бўлиб қолди.

Неру софдил, хушфеъл, камсуқум, аммо жуда ишчан, талабчан ва довюрак инсон эди. У шеърият, адабиёт ва санъатнинг чинакам ихлосманди бўлган. Неру билан учрашган кишиларда у чуқур таассурот қолдирарди. Неруда ҳинд халқининг донолиги, меҳнаткашлиги, оқкўнгиллиги мужассамлашганди. XX асрда Ҳиндистонда Махатма Гандини истисно қилганда, ҳеч ким ҳинд халқининг ҳаётига мазкур “Ҳиндистон бриллианти” (Жавоҳарлаълнинг маъноси “Қизил гавҳар”) каби таъсир кўрсатолмаган.

Неру чуқур қомусий билим соҳиби, кенг фалсафий мушоҳада кишиси, мутафаккир ва шоир ҳисобланади. У сиёсат билан шуғулланмаган тақдирда ҳам ўз илмий тадқиқотлари билан диққат ва эътиборга сазовор бўларди. Шарқ ва Ғарб маданиятини ўзида теран мужассамлаштирган буюк инсон Неру Европа, Осиё, Африка тарихига бир хилда ёндашди, уларни бир-биридан паст ёки юқори қўймади, кишилик тарихини барча инсоният учун баравар ва умумий деб ҳисоблаб, Ғарб билан Шарқни яқинликка даъват этди.

Инсоният тараққиёти ғояларига батамом содиқ қолган Жавоҳарлаъл Неру 1964 йилнинг 27 майида оламдан ўтди.

Неру XX асрнинг буюк даҳоларидан бири бўлиб, ҳозирги замон тарихида ўчмас из қолдирди.

Темур Ғиёсов,

тарих фанлари доктори, профессор

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил 11-сон.