Тарих сабоқлари: 23 ой ҳукм сурган мустақил давлат

Бу йил Озарбойжон тарихида муҳим сана – Озарбойжон Демократик Республикаси таъсис этилганининг 100 йиллиги кенг нишонланади.

Мамлакат раҳбари Илҳом Алиев фармонига кўра ушбу санага бағишлаб кўплаб тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. Зеро, мутахассислар Озарбойжон Демократик Республикаси ташкил этилганини нафақат озарбойжон халқи, балки бутун ислом оламидаги муҳим воқеа деб баҳолаганлар.

Русия империясининг парчаланиши мустамлака халқларига мустақил давлат тузиш имконини беради.

Озарбойжон зиёлилари ХХ асрнинг 20-йилларида Русия империясида кучайиб бораётган демократик ўзгаришлар ва фуқаролик ҳуқуқлари учун курашда фаол иштирок этди. 1918 йил 28 майда Мамед Эмин Расулзода бошчилигидаги Озарбойжон Миллий Кенгаши Озарбойжон Демократик Республикаси ташкил этилганини эълон қилди. Бу тарихий воқеа Тбилиси шаҳрида рўй берди. Мамлакат пойтахти Боку арман гуруҳлари ва большевиклар назорати остида экани боис янги давлатнинг муваққат пойтахти сифатида Ганжа шаҳри танланди. 1918 йил 16 июнда Озарбойжон ҳукумати Тбилисидан Ганжага кўчиб ўтди.

Давлатчилик мезонларига кўра, бу Шарқ халқлари орасида илк бор ташкил этилган парламент бошқарувига асосланган демократик республикалардан бири эди. (Бу ўринда 1917 йил ноябрда Туркистон халқлари Қўқон шаҳрида Мухторият эълон қилганини ҳам қайд этиш жоиз.)

Бу Озарбойжон давлатчилигининг қайта тикланиш куни эди. Зеро, мамлакат асрлар давомида Эрон, сўнгра Русия империяси бошқарувида бўлган.

Озарбойжон Демократик Республикасининг Вазирлар Маҳкамасини Москва давлат университети битирувчиси, Давлат Думаси собиқ депутати Фатали Хон Искандар ўғли бошқарди.

Озарбойжон тили давлат тили деб эълон қилинди. Айни чоқда, бошқа миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонунан ҳимоя қилинди.

Янги давлат сиёсий ва савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.

Аммо Демократик Республика олдида оғир синовлар турар эди.

1918 йил 12 июнда большевикларнинг Боку кенгашига қарашли қуролли кучлари Ганжага ҳужум бошлади. Озарбойжон ҳукумати  ҳарбий ёрдам сўраб Туркияга мурожаат қилади. Бирлашган турк-озарбойжон қўшини қизил армияни тор-мор этади. 1918 йил 15 сентябрда турк-озарбойжон армияси Бокуга киради. Шаҳар республика пойтахти деб эълон қилинади.

1918 йил 7 декабрда 97 аъзодан иборат Озарбойжон Демократик Республикаси парламенти иш бошлади. 1920 йил 11 январда Биринчи жаҳон урушининг ғолиблари бўлган иттифоқчи давлатлар кенгаши бир овоздан Озарбойжон мустақиллигини тан олади.

Англия, АҚШ, Франция, Италия, Швейцария ва Польша каби мамлакатларда мустақил давлатнинг дипломатик ваколатхоналарини очишга келишилди.

Тобора кучга тўлаётган қизил империя ёш демократик давлатни маҳв этиш учун пайт пойлаётган эди. 1920 йил апрелда қизил армия бўлинмалари Озарбойжонга бостириб кирди. 28 апрель куни пойтахт Боку ҳам қўлдан кетди.

Демократик Республика бор-йўғи 23 ой яшаган бўлса-да, бутун дунёга Озарбойжон халқининг эркка, ҳурликка ташналигини намоён этди. Совет Иттифоқи парчалангач, 1991 йилда Озарбойжон ўз мустақиллигини қайта эълон қилди. Замонавий Озарбойжон раҳбарияти 1918 йилда таъсис этилган Демократик Республиканинг давлат рамзларини қайта тиклади.

1992 йилдан бери Озарбойжонда 28 май Республика куни сифатида байрам қилинади. Ушбу сана бугун мамлакатнинг озодлик байрами сифатида кенг нишонланади.

С.Салим