Шерали Турдиев. Меросимизнинг бир саҳифаси (1989)

Мамлакатимизда амалга оширилаётган қайта қуриш, демократия ва ошкоралик барча соҳалар каби маданий меросни ўрганиш соҳасида ҳам бизни янги изланишлар сари даъват этмоқда. Ўзбекистон ССР Ёзувчилар союзи ва А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти қошида тузилган Чўлпон, Фитрат ҳаёти ва ижодини ўрганиш комиссияси аъзолари айрим мақолалар, ёзувчилар асарлаларидан намуналар эълон қилмоқдалар. Айрим томликларни нашр этишни режалаштирмоқдалар. Лекин Ўзбекистонда Отажон Ҳошимов, Бўлат Солиев, Ғозиолим Юнусов. Е. Д. Поливанов, Ғулом Зафарий, А. Зоҳирий, Абдулла Алавий, Рафиқ Мўминов, Ғози Юнус, Тавалло, Элбек (Машриқ Юнусов), Вадуд Маҳмуд, Лутфулла Олимов, Насриддин Раҳимий, Юнус Латиф, Холид Саид каби фалсафа ҳамда тарих фани асосчилари, адиблар ҳаёти ва меросини ўрганишга киришилганича йўқ.

Миён Бузрук Солиҳов ҳам ана шундай, ҳали яхши ўрганилмаган маърифатпарварларимиздан биридир. У 1892 йили Тошкентнинг машҳур Қашқар маҳалласида ўқимишли киши — Солиҳ ака хонадонида дунёга келди. Дастлаб маҳалласидаги эски мактабда ўқиб, саводини чиқарган зеҳнли Миён Бузрук тез орада Дегрездаги мадрасага ўқишга ўтади. 1905 йилги биринчи рус инқилобидан кейин Туркистонда бошланган маориф, матбуот, адабиётга янгича ҳавас ёш Миён Бузрук қалбини ҳам забт этди.

У мадрасани битиргач, Европача янги адабиёт намуналарини, матбуот ва маориф янгиликларини қизиқиш билан ўқиди, айниқса, турк, озабойжон, татар матбуоти ва адабиёти билан мунтазам танишиб борди.

Улуғ Октябрь ғалабасидан сўнг у дастлаб маориф соҳасида ишлади, кейинроқ чет элга ўқишга жўнади. Аввал Афғонистон, кейин Ҳиндистонда бўлиб у ерлардаги маориф, маданият ютуқлари билан танишди, Туркияга бориб Истамбул университетига ўқишга кирди. Унинг ўғли, Ўзбекистон ССР халқ маорифи аълочиси, меҳнат ветерани Мазҳар Солиҳовнинг айтишича, Миён Бузрук 1927 йилда дорилфунунни битириб Одесса орқали Тошкентга қайтади. САГУнинг Шарқ факультетида ўзбек тили ва адабиётидан дарс беради. Шарқ факультетида таълим олаётган А. Боровков, М. Шайхзода, Мирзакалон Исмоилий каби бўлажак олим ва ёзувчиларга дарс бера бошлайди. Шу билан бирга 1931 йилдан Тошкентда очилган янги Тожикистон Давлат маориф институтида тожик тили ва адабиёти ўқитувчиси, 1932 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Маданий қурилиш илмий текшириш институти, сўнгра 1934 йилдан Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаш билан Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтида ўқитувчилик қила бошлайди. 1936 йилдан Бухоро Давлат педагогика институтининг доценти вазифасида ишлайди. У 1937 йил 7 августда репрессияга учраган, 1939 йил 17 декабрда вафот этади.

Миён Бузрук Солиҳов турли йилларда Иззат Султон, Ҳамид Сулаймон, Имомхон Ҳусанхўжаев. Мумтоз Муҳамедов, Шуҳрат каби ёшларга ўзбек ва Шарқ адабиёти тарихидан лекциялар ўқийди. Профессор Фитрат, Е. Д. Поливанов, Ғози Олим Юнусов, Абдулла Авлоний, илмий ходимлардан Қаюм Рамазон, Шорасул Зуннун, Улуғ Турсунов, таржимонлардан Л. Соцердотова ва бошқалар билан ҳамкорликда ишлайди, адабиёт, театримиз тарихи, фольклор ва этнография, ўзбек тили ва таржима муаммоларига бағишланган «Ўзбек», «Бедил» (1928 йил), «Меҳробдан чаён» ҳақида» (1929 йил), «Мақбаралар диний эксплуатация қуроли», «Ўрта Осиё ва ўзбек адабиёти тарихига умумий қараш» (1930 йил), «Октябргача бўлган ўзбек фольклори», «Сўфизода ва унинг ижоди ҳақида» (1934 йил), «Ўзбек театри тарихи учун материаллар» (1935 йил) каби асарлар эълон қилади.

Ўзбекистон ССР ФА архиви материаллари маълумотларига кўра, Миён Бузрук тожик совет адабиётининг асосчиси Садриддин Айний ижоди бўйича ҳам тадқиқот олиб борган, «Дохунда» романини тожик тилидан ўзбек тилига таржима қилган. Роман 1932 йил Тошкентда нашр этилади.

1930 — 1936 йилларда унинг Қашқар маҳалласидаги ҳовлиси ҳужраларидан бирида А. Қодирийнинг «Меҳробдан чаён», «Обид кетмон» ва бошқа асарларини русчага таржима қилган таниқли шарқшунос Л. Соцердотова яшаган. Миён Бузрук у билан ўзбек ва Шарқ адабиёти, тили, этнографияси ва таржима маҳорати хусусида суҳбатлар қурган.

Миён Бузрук Солиҳов «Ўзбек театри тарихи учун материаллар» китобида ҳам умуман ўтмиш адабий-маданий мероси таркибий қисми бўлган театримизнинг тарихий манбалари, мавлавийлик, халқ театри ўйинлари, қўғирчоқ ўйинлари, качал полвон, чодирхаёл, халқ қизиқчилиги, Ўрта Осиё Россия составига қўшиб олингандан кейин, айниқса, 1905 йилги биринчи рус инқилобидан сўнгги даврдаги илғор рус, татар, озарбойжон театрлари анъаналарининг Туркистонга тарқалиши, Фурқат, Ҳамза, Авлоний ва бошқаларнинг бу концертлар ва театрларга муносабати илк бор кенг планда ёритилади. «Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари» (1933 йил) асарида эса гарчи у Чўлпон, Фитрат каби айрим ижодкорларнинг социализм ғалабаси таъсирида янги-янги ғоявий соғлом асарлар ҳам ёза бошлаганини тўғри эслатса-да, баъзи ўринларда (4, 58-бетларда) 20-30-йиллардаги адабиётшунослик ва танқидчиликда вульгар социологик ҳамда РАПП назариясининг зарарли таъсири остида, Ҳамза, С. Айний, Боту ижодидаги дастлабки айрим намуналарга асосланиб, уларни умуман ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари сифатида нотўғри баҳолайди. Шунга қарамасдан, унинг Мирза Абдулҳодир Бедил, Муҳаммад Шариф Сўфизода ҳаёти ва ижоди, ўзбек театри тарихи ҳамда фольклорига оид материалларни иложи борича кенг таҳлил этиб, китоб ҳолида биринчи бор нашр этиши ҳам 20—30-йилларда муҳим аҳамиятга эга эди. Шундан кейинги ўтган йиллар давомида шахсга сиғиниш оқибатида ўша даврнинг Фитрат, Отажон Ҳошимов, Ғози Олим Юнусов каби кўплаб таниқли адабиётшунос, тилшунос олимлари каби Миён Бузрук Солиҳовнинг ҳам илмий мероси ўрганилмай келинди. Фақат партия XX съездидан кейин ўша даврнинг салбий оқибатлари тугатила бошлагач, 1937 йилда бегуноҳ жабрланган кўплаб зиёлилар қатори Миён Бузрук Солиҳов ҳам оқланди.

Театршунос ва адабиётшунос олимлардан Ўзбекистон ССР ФА мухбир аъзоси М. Раҳмонов, профессорлар С. Алиев ва М. Қодиров улуғ Октябрь инқилобигача ва ундан кейинги даврдаги ўзбек театри, унинг тарихий илдизлари, фольклор манбалари, рус, татар, озарбойжон театрлари билан алоқаларга доир асарларида Миён Бузрук Солиҳовнинг номини ҳам қайта-қайта эслаб ўтадилар. Фольклоршунос олимларимиз Мансур Афзалов, Комилжон Имомов, Баҳодир Саримсоқов ва бошқалар кўп томли ўзбек фольклори нашрларида, айниқса эртакларга оид китобларида Миён Бузрук тўплаб, 1935 йилда нашр этган «Октябргача бўлган ўзбек фольклори» китобидаги айрим намуналардан бугунги кун фольклоршунослиги нуқтаи назаридан танқидий фойдаландилар. Филология фанлари кандидати Тўлқин Расулов Миён Бузрук Солиҳовнинг «Сўфизода ва унинг ижоди ҳақида»ги шеърлар тўпламини тўлдириб «Тароналар» (1969 йил) номи билан қайта нашр этди.

Бундан кейинги вазифа — Миён Бузрук Солиҳовнинг ҳаёти ва ижоди, илмий педагогик фаолияти, меросини тўплаб ўрганиш, уларни бир жойга йиғиш ва у ҳақдаги архив, матбуот материалларини топиш, замондошлари, фарзандлари, қариндошларининг хотираларини ёзиб олиш, бу қимматли материалларнинг бугунги адабиётшунослик, театршунослик ва фольклористика тарихидаги аҳамиятини объектив ёритиш, ўларнинг бугунги кун учун аҳамиятли бўлган энг яхши намуналарини илмий изоҳ ва сўзбошилар билан нашр этиб, халқимизга етказишдир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 3 март