«Зудлик билан юртимиздан даф бўлингиз — тўрт тарафингиз қибла! Талофатсиз чиқиб кетишларинг учун имкон яратиб бераман. Бундан ташқари отларингизни ем-ҳашак билан таъминлайман. Фақат тезроқ қорангиз ўчса бас!»
Иброҳимбек ўз аскарлари билан Душанба шаҳрини қамал қилиб, шаҳар ҳарбий қисмининг бошлиғига ўринсиз қон тўкилишига йўл қўймаслик учун 1921 йил 20 декабрда юборган талабномасидан (Марксизм-ленинизм институтининг Марказий фирқа ҳужжатгоҳи, 122-жамғарма, 1-сон рўйхат, 257-жилд, 115-бет).
* * *
Иброҳимбек, Иброҳимбек лақай, Мулла Муҳаммад Иброҳимбек Чақабой тўқсабо ўғли (1889, Душанба атрофидаги Кўктош қишлоғи — 1932.31.8, Тошкент) — Шўро хукуматига қарши кураш ҳаракати раҳбарларидан бири.
Иброҳимбек маҳаллий мадрасада сабоқ олган. 1919 йилда Ҳисор беги ҳузурида қилган хизматлари эвазига қоровулбеги, кейинчалик Бухоро амири томонидан девонбеги, тўпчибоши ва лашкарбоши лавозимларига кўтарилган. Собиқ амир Олимхон 1921 йил бошларида Иброҳимбекни бутун қўшинларига қўмондон қилиб тайинлаган. Бухоро қўрбошиларининг қурултойида (1921.17.09) Иброҳимбекка «Ислом лашкарбошиси» деган унвон берилган. У қисқа муддат ичида 10000 нафардан ортиқ аскар тўплаб, Кўлоб, Балжувон, Қоратегин, Дарвоз, Ҳисор вилоятларини қизил қўшиндан тозалаган.
1922 йил Душанбе шаҳрини босқинчилардан озод этишда қатнашган. 1923 йил баҳорда Иброҳимбек қўл остида фақат Шарқий Бухорода 47 та қўрбоши дасталари ҳаракат қилар, аскарларининг сони Ҳисорнинг ўзида 20000 киши эди. 1923 йил ёзида у Ҳисор водийси ва Панж дарёси атрофида қатор муваффақиятли ҳарбий ҳаракатларни ўтказди. 1925 йил январда Иброҳимбек Сурхон воҳасида, Шеробод — Бойсун атрофларида шўро қўшинларига қарши муваффақиятли кураш олиб борган.
Ўрта Осиё республикалари тузилгач, Иброҳимбек Тожикистон ва Ўзбекистоннинг, асосан, тоғлик вилоятларида курашни давом эттирган. 1926 йил 21 июнда кескин жанглардан сўнг Афғонистон ҳудудига ўтиб кетган. Иброҳимбек 1926 — 29 йилларда Кобул яқинидаги Қалъаи Фотуда — собиқ амир Саид Олимхоннинг қароргоҳида яшаган. Иброҳимбек бошчилигидаги муҳожирлар Афғонистондаги сиёсий курашга, ҳарбий можароларга қатнашишга мажбур бўлишган (1928—29). 1928 йилнинг охирларида Иброҳимбек Кобулдан Шимолий Афғонистонга келиб, ўз мавқеини мустаҳкамлади.
1929 йил 15 апрель — 31 майда совет қўшинлари Афғонистонга бостириб кирди. Совет қўшинлари 19 апрель Мозори Шарифни, 22 апрелда Тошқўрғон шаҳарларини босиб олишди.
1930 йил 24—25 майда қўрбошилар қурултойи чақирилиб, бўлғуси жанг ҳаракатлари ва чегаранинг турли нуқталаридан Тожикистон ССР ҳудудига ўтиш масалалари келишиб олинди. Иброҳимбек СССРга қарши ялпи ҳужум муддати қилиб 3 июль кунини белгилади. Бироқ жосуслар орқали бу режадан воқиф бўлган совет режими раҳбарлари зудлик билан қарши зарба уюштирдилар. 1930 йил 20 июнда 2-марта Афғонистонга бостириб киришди. Бир ҳафта давом этган жангларда Иброҳимбекнинг 839 жангчиси, шунингдек, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди. Кучлар тенг бўлмаган жангда Иброҳимбек мағлубиятга учраб, ўзининг яқин сафдоши Ўтанбек қўрбоши ва ҳарбий кучлари билан Қора Ботир тоғларига чекинди.
1931 йил бошларига келганда Иброҳимбек ўз ҳаракатини фаоллаштириб, муҳожирларнинг тарқоқ кучларини яна бирлаштирди. Иброҳимбек 1500 кишилик сараланган қўшини ва 8 та қўрбошиси билан 1931 йил 30 мартда Тожикистон Республикаси ҳудудига кирган. Иброҳимбек қўшини билан шўро аскарлари ўртасида апрель—июнь ойларида шиддатли жанглар бўлган. 12 июнда Оқбош тоғидаги сўнгги жангда Иброҳимбек яраланиб, мағлубиятга учраган. 1931 йил 23 июнда чекистлар томонидан қўлга олиниб, Тошкентга олиб келинган. 1932 йил март ойида Иброҳимбек суд қилиниб, 31 августда қатл қилинган.
Қаҳрамон Ражабов
Адабиётлар:
Насриддин Назаров. Муҳаммад Иброҳимбек Лақай. Тошкент, 2006.
Саййид Таваккалхон. Муҳаммад Иброҳимбек. Ҳужжатли қисса. Душанбе, 2009.
Амир Саййид Олимхон. Бухоро халқининг ҳасрати тарихи. Тошкент, 1991.
Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2-китоб, [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида]. Тошкент, 2000.
Туркестан в начале XX века: К истории истоков национальной независимости. Ташкент, 2000.
Ражабов Қ. Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш. Тошкент, 2002.