Ўрта Осиёда асрлар бўйи асл зотли тулпорлар етиштириш тажрибаси тўпланган. Қорабайир, аҳалтака, ва ёвмид отлари ҳақли равишда жаҳон йилқичилигининг гавҳари ҳисобланади. Хусусан, ўзбек қорабайирлари на тоғ, на даштни писанд қилади. Очлик ҳам, сувсизлик ҳам уларга пеш эмас. Аждодларимиз отларини ҳам ўз характерларига қараб тарбиялашган. Қорабайир арғумоқлар дадил, чаққон, чидамли, мағрур, жасур, учқур, зийрак, садоқатли, эгасининг ҳақиқий дўсти, одатда, оиланинг тенг аъзосидир.
Эндигина атак-чечак қилган, «имма-нанна»га тили айланиб улгурмаган гўдак ҳам отнинг фаҳмига боради. Уни бегона одам миниб кетаётган бўлса, йиғлаб тармашади. Чунки отга меҳр болакайга она қорнида юққан, балки ота қони билан ўтган мингйиллик савқи табиий сезгидир.
Бизнинг самовий тулпорларимизга кимларнинг кўзи ўйнамаган, дейсиз. Эрон подшолари, юнон-македон аслзодалари, Хитой императорлари…
Антик даврлардаёқ Хитой дунёга гегемонлик қилишга интилар, лекин хунларнинг кучли хоқонлигига барҳам бермай бунга эришиб бўлмасди. Туркий халқларнинг ёвқир аждодлари Чиннинг истаклари йўлига худди Буюк Хитой девори янглиғ тўсиқ, бўлишидан ташқари, вақти-вақти билан ҳужум қилиб турардики, императорлар шимолий қўшниларидан юрак олдириб қўйганди. Бугун жаҳон илм аҳли катта қизиқиш билдираётган, қувлик билан енгишга асосланган Хитой стратагемалари тизими мана шу, ўзидан жисмонан кучли хунлар, кейинчалик турклар ва уйғурлар билан минг йиллар давомида олиб борилган кураш асносида яратилган бўлса ажаб эмас. Милоддан аввалги II асрда император У-ди ғарбда кучли давлатлар борлигидан хабар топиб, «ёвни ёв қўли билан йўқ қилиш» стратагемасини қўлламоқчи бўлади. Ҳозирги Қозоғистон ҳудудида жойлашган Усун давлати (ўзбекнинг 92 уруғидан бири – уйшун), унинг жанубидаги Дайюан («катта бўстон» дегани, Фарғона водийси) давлати, уларнинг ғарбидаги Қанҳа (Тошкент атрофи) ва Улуғ юэчжи давлати Хитойнинг мақсадлари йўлида хизмат қилиши керак эди. Сариқ аждарнинг иштаҳаси очилиб, гегемонлик сиёсати авж олди, ҳатто Жанубий Туркистон ерларидаги Бақтрия подшолигини ҳам қўлга киритиб, уларни Хан империясининг чет эллардаги раиятига айлантиргиси келиб қолди…
«Дайюанда асл отлар кўп, – деб ёзади сайёҳ Жанг Чян ўз ҳисоботида. – Уларнинг ҳаммаси тулпор экан. Баданидан қизил тер томчилари ялтираб турар экан». Дайюан отлари жуда ҳам гўзал ва учқур эканини эшитган У-ди орзуга берилади. Қандайдир йўллар билан самовий тулпорларни қўлга киритган савдогарлар уларни императорга етказадилар. Ҳаяжонланиб кетган У-ди усун отларининг номини «узоқ ғарб оти» дея ўзгартиради, Фарғона отларини эса «тулпор» деб атай бошлайди.
Хитойшунос Н.Бичурин қадимий манбаларда қон терлайдиган осмоний отларнинг келиб чиқиши ҳақида ҳам маълумотлар борлигини таъкидлайди: «Даван (асли юқорида келтирилди. Рус адабиётларида фонетик нотўғри олинган) ўлкасида баланд тоғлар бор, ўша тоғларда ҳеч ким тутолмайдиган отлар бўларкан. Нима учундир беш хил рангли ола бияларни (бизнингча, беш хил рангдаги, яъни саман, кўк, тўриқ, оқ – бўз, жийрон биялар бўлиши керак) ўша тоғ этакларига қўйиб юборадилар. Улар тоғ айғирларидан қулунлайди. Ўша қулунларни самовий тулпорлар, деб атайдилар».
Хитойликлар Фарғона арғумоқларини «минг ли» деб ҳам тилга олишган. Бунинг маъноси шу эдики, Дайюан тулпори бир кунда минг ли, яъни тахминан беш юз километр йўл босар экан. Қизиқ, бу маълумот бугунгисидан ҳайратланарли даражада кескин фарқ қилади.
Фарғонага махсус элчилар юборилиб, уларга минг жинг (тахминан 600 килограмга яқин) олтин ва мисдан ишланган «зар от» ҳайкалларига самовий арғумоқларни сотиб олиш топширилади («зар от» ўрда ва ҳарам дарвозаларининг икки томонига безак учун қўйилган). Фарғона ҳукмдори от сотишдан бош тортади. Давлатининг қудратига ишонган элчилар сийини билмайди, ҳаддидан ошади. Анча босиқ хон уларни пойтахтдан табассум билан чиқариб юборади ва Ўзган ҳокими қўли билан йўқ қилади. Хитой томонига Фарғонага уруш очиш учун баҳона топилган эди. Аввалига Яв Дингхан каби элчилар 3000 аскар билан Фарғонани босиб олиб қўямиз, деб ўйлашган. Хан сулоласи ҳукмдори У-ди қайноғаси Ли Гуанглини бош қўмондон қилиб тайинлаб, милоддан аввалги 104 йили 6 минг суворий ва бир неча туман безориларидан иборат қўшинни Дайюанга йўллайди. Босқинчиларга қарши кураш Шарқий Туркистондаёқ бошланиб кетади. Оқибатда, кучсизланиб қолган қўшин Ўзгандан ортига қайтишга мажбур бўлади. Манбаларда ёзилишича, хитойликлар икки йиллик юришдан Дўнг Хуангга қайтиб борганда, лашкарнинг ўндан бир-икки қисмигина қолган эди. У-ди Буюк Хитой деворидан ичкари қадам босган оддий аскару бекларгача бошини сапчадек узишни буюради…
Мағлубият аламидан кўра сиёсий рақиблари олдидаги шармандалик императорга кўпроқ таъсир қилганди. Бутун Хитой оёққа турғизилди. Зиндондаги ашаддий жиноятчилар ҳам лашкарга олинди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас, яна 60 минг қўшин Фарғона томон йўлга чиқди. Қўшиннинг орқа томонидан хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Буюк Хитой девори ташқарисида бир неча ҳарбий ўрам(округ)лар тузилиб, 180 минг сонли чегара қўшини жалб қилинди. Лашкарбошилар ғалабадан сўнг асл тулпорларни саралашга икки нафар синчи олиб кетишни ҳам ёдларидан чиқармаганлар.
Дайюан пойтахти Эршига (яъни Ахсикент харобалари, Наманган вилоятида жойлашган) 30 минг лашкар етиб келади. Урушнинг ҳаққоний тасвири тарих қаърида муаррихларнинг манфаатлари орасида анча хира тортган. Лекин шуниси аниқки, катта сафарбарлик ва ҳайбат билан келган хитойликлар маҳаллий аҳоли билан сулҳга келишади. Бир неча ўн тулпор ва 3000 оддий отни ўлжа олиб ортга қайтади. Улардан нечтаси император саройига боргани номаълум. Лекин талафот аниқроқ кўрсатилган: Туркистонни тарк этиб, Юймен қоровултепасига бор-йўғи 10 минг одам (қўшиннинг ўндан бири) ва мингта жанг оти (ўттиздан бири) етиб борган.
Император шунисига ҳам шукур қилди. Уруш қатнашчиларини дабдабали равишда тақдирлади. Лашкарбошига «Хайши тўраси» унвони ва 8 минг хонадонли ер суюрғол қилинди. Уч киши вазирлик вазифасига, юздан зиёд одам йилига 2 минг қоп ғалла маош оладиган лавозимларга муносиб кўрилди… Хуллас, ҳеч ким қуруқ қўйилмади. Хитой шоирлари асл тулпорларни кўриб, илҳоми жўш уриб шеърлар ёзди:
Келди тулпор
Булоғи кўп жойлардан.
Йўлбарс мисол ёлининг ранги,
Мижози девлардек баайни…
У-дининг кўнгил майли деб икки марта Дайюан ўлкасига юриш қилинди. Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, биргина иккинчи урушга 300 мингдан зиёд аҳоли сафарбар этилиб, халққа қўшимча солиқ солинди. Оқибатда, империяда ҳаёт издан чиқди, ўзини тиклаб олиш учун эса анча вақт талаб этиларди. Милоддан аввалги 99 йили жойларда деҳқонлар қўзғолони бошланиб кетди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бир неча ўн чоғли арғумоқ учун мамлакатни шунчалик жар ёқасига келтириб қўйиш шартмиди? Шуни унутмаслик керакки, ўша вақтда самовий тулпорларга эга бўлиш бугун ядро қуроли соҳиби бўлиш билан баробар эди. Бу ҳақиқатни милоддан аввалги 97 йили Хитойнинг яхши қуролланган 210 минг қўшини 100 минг отлиқ хунлардан енгилиши ҳам исботлаб турибди.
Император У-дининг кўнгли самовий тулпорга эга бўлиб, афсонавий Авлиё онани зиёрат қилишни тусаган бўлса бордир. Лекин у яна бир ҳаётий мақсад сари интиларди. Шимолда Хитой учун жуда катта хавф солиб турган Хун хоқонлигини енгиш учун кучли армия ва душманларининг отларидан ҳам яхшироқ тулпорлар керак эди. Император арғумоқларга эга бўлди, аммо бу оламдан кўзи очиқ кетди. Туркийлар то отдан тушгунча, ҳарб майдонида суворийларнинг роли камайиб кетган даврларгача, Хитой доим ҳадиксираб яшашга мажбур бўлди. Коинотдан ҳам кўзга ташланиб турадиган ягона йирик иншоот, дунёнинг янги етти мўъжизасидан бири Садди Чиний ўшал ҳадигу саросимадан қутулиш, ўзига таскин бериш маҳсули эди, аслида…
* * *
ХI асрда яшаб ўтган аллома Умар Хайём бир ҳақиқатни топиб айтган эди: «Бугун ҳеч бир гуруҳ буни (отларни, уларнинг фазилат ва камчиликларини) турклардан яхшироқ билмайди, чунки улар кечаю кундуз от билан шуғулланадилар ва жаҳон уларнинг қўлидадир». Аждодларимиз отга минибдики, ғанимлари томонидан бир ҳақиқат бот-бот эсланади: «Туркийларни енгиш учун аввал уларни отдан туширмоқ керак!» Шундай, туркийлар отдан тушгач, кўрдик: бошларига не кунлар тушди… «Таланди самовий тулпор уюри, таланди зарлари, зебу забари…» (Шавкат Раҳмондан).
Фаррух Ҳасан ўғли
“Маърифат” газетасидан олинди.