Убайдуллахон

Убайдулла Султон, Убайдий

(1486 йил, Хоразмнинг Вазир шаҳри яқинидаги Тирсак мавзеси – 1540 йил 17-март, Бухоро)

(1533-1539)

Бухоро хони, шоир. Шайбонийлар сулоласидан. Муҳаммад Шайбонийхоннинг жияни, Маҳмуд Султоннинг ўғли. Тўлиқ исми Абулғозий Убайдуллоҳ Баҳодирхон ибн Маҳмуд Султон ибн Шоҳ Будоғ Султон ибн Абулхайрхон. Отасининг илтимосига кўра, унга Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ўз исмини берган. Тасаввуф бўйича дастлабки сабоқни отасининг пири Мавлоно Муҳаммад Јозидан олган. У.га ўз даврининг машҳур уламолари Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон, Махдуми Аъзам, Мавлоно Муҳаммад Азизон, Мавлоно Хожа Муҳаммад Садр ва бошқалар устозлик қилган. Хусусан, унга давлат арбоби ва саркарда амир Абдулла Яманий (Бухорода Мир Араб номи билан машҳур бўлган) ҳарбий санъатдан сабоқ берган ва ўзига мурид қилиб олган.

Хоразм ва Бухоро ҳокими бўлган отаси Маҳмуд Султон Қундузда вафот этгач (1504), унга Ўрусбек Дўрмон (1512 йилда Кўли Маликда бўлган жангда ўлдирилган) оталиқ қилиб тайинланган.

Убайдуллахон амакиси Шайбонийхоннинг Хоразм (1505), Балх (1506), Ҳирот ва Машҳад (1507)га қилган ҳарбий юришларида қатнашган.

Дастлаб сафавийлар қўшинининг Мовароуннаҳр ичкарисига бостириб киришидан чўчиган Убайдуллахон ва Муҳаммад Темур Султон (Шайбонийхоннинг ўғли) шоҳ Исмоил I билан элчилар алмашиб, сулҳ тузишга уринганлар. Шайбонийлар сулоласининг хони Кўчкунчихоннинг асосий ноиби (1510 йилдан) ва Бухоро ҳокими (1504 йилдан) сифатида Убайдуллахон душманга қарши курашга отланган. 1511 йилда бўлган жангда енгилган Убайдуллахон ва Кўчкунчихон, Самарқанд ҳокими Суюнчхўжахон, шунингдек, Муҳаммад Темур Султон ва Жонибек Султон ўз яқинлари билан Туркистон шаҳрига чекинадилар.

1512 йил 28-апрелда Кўли Малик жангида Убайдуллахон ғалаба қозониб, Бухоро ва Самарқандни эгаллайди. 1512 йил баҳорида Убайдуллахоннинг шижоати натижасида Мовароуннаҳр яна шайбонийлар қўлига ўтди. Бироқ Исмоил I юборган Нажми Соний бошчилигидаги 60 минг кишилик сафавийлар қўшинига суянган Бобур 1512 йил кузида Ғузор ва Қаршини эгаллайди. Нажми Соний қўшини Ғиждувонни қамал қилишга киришди. Убайдуллахон ва Жонибек Султон Карманага; Кўчкунчихон ва Темур Султон Миёнколга чекиниб, ҳал қилувчи жангга тайёргарлик кўришади. 1512 йил 24-ноябрдаги Ғиждувон жангида Убайдуллахон бошчилигидаги қўшин ғалаба қозонган.

1513 йил январда Убайдуллахон бошчилигидаги қўшин Хуросонга ҳарбий юришлар қилиб, сафавийларга кучли зарбалар берди. 1513 йил 11-мартда Убайдуллахон Марвни эгаллайди. Бу орада Убайдуллахон Хоразмни ҳам эгаллаб, ўғли Абдулазизхонни ҳоким қилиб тайинлайди. Узоқ давом этган ҳарбий тўқнашувлардан сўнг Машҳад, Ҳирот (1529) ва бошқа шаҳарлар эгалланди. Убайдуллахон Ҳиротдаги мураккаб вазиятни тартибга солиш (бу ерда шиаларнинг таъсири кучайиб кетган эди) ва унинг Бухоро билан алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратган. Кўчкунчихон вафот этгач, унинг ўғли Абу Саидхон даврида ҳам Убайдуллахон ноиблик вазифасида қолган.

1533 йилда Абу Саидхон вафотидан сўнг, туркий анъанага биноан султонлар ичида энг ёши улуғи Убайдуллахон Бухорода шайбонийлар сулоласининг хони қилиб кўтарилган. Пойтахт ҳам Самарқанддан Бухорога кўчирилиб, давлатнинг номи расмий равишда Бухоро хонлиги деб аталган. Убайдуллахон ҳукмронлиги даврида Бухоронинг сиёсий, иқтисодий ва маданий марказ сифатидаги мавқеи кучайди. Бухорода Мир Араб мадрасаси, Мирак Саид Ғиёс боғи, Кўҳак (Зарафшон) дарёси устида Меҳтар Қосим кўприги ва бошқа иншоотлар қурилди.

Убайдуллахон яссавия ва нақшбандия тариқатларига эътиқод қилиб, шайх сифатида муридлар ҳам тарбиялаган. Убайдуллахон «Убайдий», «Қул Убайдий», «Убайдуллоҳ» тахаллуслари билан ўзбек, форс ва араб тилларида ижод қилган. Унинг учала тилдаги девонларини ўз ичига олган куллиёти кейинчалик Мир Ҳусайн ал-Ҳусайний томонидан кўчирилган (1583). Убайдуллахоннинг туркий девонида 310 ғазал, 430 рубоий, 11 туюқ, 18 маснавий, 7 муаммо, 2 ёр-ёр мавжуд. Шунингдек, девондан диний-тасаввуфий ва ахлоқий-дидактик руҳдаги “Омонатнома”, “Шавқнома”, “Ғайратнома”, “Сабрнома” манзумалари ўрин олган. Форсий девонида эса 163 ғазал, 418 рубоий, 7 қитъа, 1 фард, 1 маснавий, 1 таржеъбанд ва 3 муаммо бор. Араб тилидаги мероси 35 га яқин ғазал, қитъа ва фардлардан иборат. Убайдуллахон Аҳмад Яссавий асос солган ҳикматнавислик анъанасини ривожлантирган. Ундан 1786 байтдан иборат 220 дан ортиқ ҳикмат этиб келган. Убайдуллахон ижодида диний-тасаввуфий ғоялар етакчилик қилади. Убайдуллахон ўзбек ва форс адабиётидаги йирик рубоийнавислардан ҳисобланади. Унинг бу 2 тилдаги рубоийлари 850 га яқин. Хусусан, ўзбек адабиётида рубоийнинг Бобурдан кейинги тараққиёти Убайдуллахон номи билан боғлиқ. Шоир шеърларида ўзбек тилининг бой имкониятларидан, ўзига хос хусусиятларидан маҳорат билан фойдаланган.

Убайдуллахон Бухоро яқинида жойлашган Баҳоуддин мажмуасидаги Дахмаи шоҳон (Шоҳлар дахмаси)даги шайбонийлар хилхонасида дафн этилган. Убайдуллахон куллиёти ягона нусхада Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида, «Девони Убайдуллохон» қўлёзмаси Туркиянинг Нури Усмония кутубхонасида, «Масоил ус-салот» номли терма баёзи Кўниёдаги Иззатқуюн хусусий кутубхонасида сақланади.