Тўрақулов Назир Тўрақулович

(1892 йил, октабр, Қўқон – 1937 йил 3-октабр)

Давлат, сиёсат арбоби, тилшунос олим ва дипломат. Ўзига тўқ қозоқ оиласида дунёга келган. Қўқондаги рус-тузем мактаби (1905), савдо билим юртини (1913) тугатган. Москва савдо институтининг иқтисод факултетида ўқиган (1913-16). 1-жаҳон уруши пайтида ғарбий фронт (Минск яқини)да Бутун Россия Земство иттифоқининг йўриқчиси (1916). “Эркин дала” яширин ташкилоти раҳбари (1916). Эсерлар партиясининг аъзоси (1918).

1918-19 йилларда Қўқондаги совет идораларида турли лавозимларда ишлади. Кейинчалик Туркистон АССР Маориф халқ комиссари (1920), Туркистон АССР МИК раиси (1920 йил сентабр – 1921 йил август), Туркистон КП МК масъул котиби (1921-22). Туркистон МИК ҳузуридаги Қирғиз (қозоқ) бўлими раиси (1921-22). Туркистон “Қўшчи” уюшмасининг ташкилотчиларидан бири. Н. Тўрақулов бу лавозимларда ишлаш жараёнида совет ҳокимияти ва болшевиклар партиясига садоқатини намойиш қилди. Т. Рисқулов ва унинг тарафдорлари бўлган миллий cоммунист раҳбарлар фикрларига қарши турди.

Туркистон мухторияти ҳукумати ва Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракатига тўғри баҳо бера олмади ва уларни йўқотиш тарафдори бўлди. Москвага чақириб олинди ва совет халқлари Марказий нашриёти раиси лавозимига (1922-28) тайинланади. У моҳир жоурналист ва публитсист ҳам эди. У ўз мақолаларида асосан совет турмуш тарзининг афзалликларини кўрсатишга ҳаракат қилди.

1928 йилда Н. Тўрақулов элчилик ишига жалб қилинади ва СССРнинг Ҳижоз давлатидаги (ҳозирги Саудия Арабистони) Бош консули ва Мухтор элчиси вазифаларида ишлади (1928-1936). У Шарқ халқлари тарихи ва маданиятини яхши билганлиги учун ислом оламида шухрат қозонди.

Н. Тўрақулов Москва ва Ленинграддаги Шарқ халқлари институти илмий ходими ва проректори (1936-37) бўлиб ҳам ишлади.

У қанчалик совет ҳукуматига, болшевиклар партиясига содиқ бўлмасин, мустабид тузумнинг қонли қатағонидан қутулиб қола олмади. 1937 йил 15-июнда қамоққа олинди ва отишга ҳукм қилинди (1937 йил 3-октабр). 1958 йилда оқланган.