Рисқулов Турор

(1894 йил 14 декабр, Еттисув (ҳоз. Олмаота) вилояти Верний уезди Шарқий Тўрғай волости – 1938 йил 10-феврал, Москва)

Туркистон халқининг таниқли давлат ва жамоат арбоби бўлган Т. Рисқулов камбағал қозоқ чорвадори оиласида туғилди. унинг отаси Рисқул Жилҳайдаров волост бошқарувчиси Учкемпировни ўлдиргани учун аввал Верний шаҳридаги қамоқхонагага ташланади, сўнгра Сибирга сургун қилинади (1904-05). Ёш Т. Рисқулов отасининг хоҳиши билан қамоқхонага кетади. У илк сабоқни турмадаги савод чиқариш мактабида олади. Сўнгра у Авлиё уезди Мерки шаҳридаги рус-тузем мактаби ва Бишкекдаги қишлоқ хўжалик ўқув юртини тугатади (1907-1914). Т. Рисқулов 1914 йили Тошкентга келади ва турли юмушларни бажаради. У 1916 йилда чор Россиясига қарши кўтарилган миллий-озодлик курашида фаол қатнашди. 1916-1917 йилда Тошкент ўқитувчилар институтида ўқиди.

1918-1924 йилларда Т. Рисқулов Туркистон Автоном Республикасида муҳимвазифаларни бажарди: Туркистон Соғлиқни сақлаш халқ комиссари (1918-19), Очарчиликка қарши кураш Марказий Комиссияси раиси (1918-19), РКП(б) ТКП Мусулмонлар бюроси (1919-20), Туркистон АССР МИК раиси (1920 йил январ-июл), Туркистон АССР ХКК раиси (1922 йил сентабр – 1924 йил январ) лавозимларида ишлади. Т. Рисқулов Туркистондаги очарчилик ва унинг даҳшатли оқибатларини тугатиш учун курашди, болшевикларнинг маҳаллий халқларнинг очликдан қирилишига бефарқ, менсимаслик муносабатини очиқ танқид қилди. Т. Рисқулов бошчилигидаги айрим миллий коммунистлар Марказнинг шовинистик сиёсатини, Туркбюро ва Турккомиссиянинг зўравонлик кирдикорларини, қизил аскарларнинг босқинчилик ва талончиликларини очиб ташладилар. Ўлка мусулмонлари Бюроси раиси сифатида у “Турк Республикаси” ва “Турк Компартияси” тузиш ҳақидаги масалани Марказ сиёсий раҳбарияти олдига қўяди. Бироқ Марказнинг топшириғи билан Турккомиссия Туркистон халқлари бирлашишига йўл қўймади. Аксинча, уларни ажратиш чора-тадбирларини кўради.

Туркистон халқларини бирлаштириш тарафдори бўлган Рисқулов лавозимидан бўшатилиб Марказга чақириб олинади. У Марказнинг назоратида: РСФСР Миллатлар иши халқ комиссарининг иккинчи ўринбосари, ушбу комиссарликнинг Озарбайжондаги Мухтор вакили лавозимларида ишлади (1920-1922). Бироқ, Туркистонда истиқлолчилик ҳаракати кучайиб, сиёсий вазият кескинлашгач, у Туркистонга яна қайтарилди. Т. Рисқулов исқтиқлолчилик ҳаракатига қарши курашга раҳбарлик қилган совет давлат арбобларидан бири бўлишга қарамасдан, у истиқлолчилар курашининг моҳиятини тўғри тушунган ва уларга хайрихоҳлик билан қараган эди.

Марказ 1924 йил бошидан Туркистон халқларини бўлиб ташлаш мақсадида Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегаралаш ўтказиш учун тайёргарлик ишларини бошлаб юборди. Туркистон халқларининг бирлиги, Турк Республикаси ташкил қилиш тарафдори бўлган Т. Рисқулов Туркистонда туришидан Марказ манфаатдор эмас эди. шунинг учун у 1924 йил февралда Марказга яна чақириб олинади. Т. Рисқулов Коминтерн Ижроия Қўмитасининг Ўрта Шарқ бўлимида ишлади, Мўғулистон Республикасида ўз тажрибасини ўртоқлашди (1924-1926), РСФСР Халқ Комиссарлари Кенгаши раисининг муовини (1926-1936) лавозимларида фаолият кўрсатди. У қайси лавозимда ишламасин, ҳар доим Ўрта Осиё республикалари, хусусан, Озбекистон ва Қозоғистон манфаатларини ҳимоя қилди.

Т. Рисқулов Туркистондаги 1916 йил қўзғолони ва истиқлолчилик ҳаракати тўғрисида ва бошқа мавзуларда бир қатор мақолалар, асарлар ёзди. Жумладан, унинг “Инқилоб ва Туркистоннинг туб аҳолиси” (1-қисм, Тошкент, 1925) асари ҳозирги кунда ҳам қимматлидир.

Т. Рисқулов 1937 йилда Москвада қамоққа олинади ва мустабид совет тузуми томонидан 1938 йилда отиб ташланади.