Отсиз ибн Қутбиддин Муҳаммад ибн Ануштегин
(1097-1156)
(1128-1256)
Ануштегинийлар сулоласидан бўлган Хоразм ҳукмдори. Отаси вафотидан сўнг тахтга ўтирган, салжуқийлар султони Санжарнинг вассали бўлган. Лекин у Хоразмни мустақил давлатга айлантиришга интилган. Отсиз Санжарнинг рухсатисиз аввало Жанд ва Манғишлоқни эгаллаб ва Туркистоннинг ичкари туманларига юриш қилиш билан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олган. Шундан сўнг у ўзини мустақил деб эълон қилган, Бироқ 1138 йил Ҳазорасп яқинида Санжар қўшини томонидан мағлубиятга учраб, мамлакатдан қувғин қилинган. Санжар ўзининг жияни Сулаймон бин Муҳаммадни хоразмшоҳ этиб тайинлаган, лекин келаси йили Отсизни Хоразм аҳолиси чақириб олган, шаҳзода эса қувиб юборилган. 1141 йил майда Отсиз Санжарга тобелик изҳор этиб, умрбод унга садоқат билан хизмат қилишга қасам ичган, лекин бир неча ойдан сўнг Санжар қорахитойлардан енгилгач (1141 йил 9-сентабр), қасамини бузган. Отсиз ўша йили кузида кучли қўшин билан Хуросонга юриб Марвни эгаллаб олган; келаси йил баҳорида Нишопурни тобе этган, бироқ Санжар томонидан дарҳол қувиб юборилган.
1143-44 йилларда Санжар яна Хоразмга юриш қилган, Отсиз кучи озлиги туфайли унга тобелик изҳор қилган. Шундан сўнг бир оз вақт ўтгач, Отсиз 3-марта исён кўтарган ва Санжарнинг элчисини (шоир Адиб Собир) Амударёга ташлаб юборишни амр қилган.
1147 йил ноябрда Санжар 3-марта Хоразмга юриш уюштирган, 2 ойлик қамалдан сўнг Ҳазорасп шаҳрини олган ва Гурганжга яқинлашган, 1148 йил июнда султон билан шахсан учрашув чоғида гарчанд ўзини такаббурона, гердайган ҳолда тутган бўлса-да, Отсиз султонга тобелик билдиргач, ўз лавозимида қолдирилган. 1153 йил Санжар ўғузлар қўлига асир тушиб қолган. Отсиз бу сафар султоннинг содиқ хизматкори ва ҳимоячиси сифатида яна Хуросонга юриш қилишга шайланган ва ўзига Амул шаҳрини беришни талаб қилган, бироқ рад жавобини олган. 1156 йил у Нисога келиб асирликдан қочган Санжарга ўз садоқатини билдирган, лекин шу йилнинг 30-июлида Ҳабушон (ҳозирги Кучан)да 59 ёшида вафот этган.
Отсиз Каспий денгизи соҳилларидан то Сирдарёнинг ўрта оқимига қадар бўлган ерларда, кейинчалик буюк давлат сифатида шуҳрат топган Хоразмшоҳлар давлатининг пойдеворини барпо этган эди.