Наср Элоқхон
(?-1012, Ўзган)
(999-1012)
Мовароуннаҳр илик хони. Қорахонийлардан. Ҳокимият тепасида расман ҳукмдор акаси Аҳмад ибн Али Арслонхон эди. 996 йилда қорахонийларнинг Мовароуннаҳрга ҳужум қилганида бошчилик қилган. Бухорони эгаллаш билан Мовароуннаҳрнинг босиб олинишини ниҳоясига етказган (999 йил октабр). Сомонийлар амири Абдумалик ибн Нуҳ ва унинг қариндош-уруғларини асир қилиб, Ўзгандаги зиндонга ташланган. Шу тариқа қудратли бўлган сомонийлар сулоласи қулаган. 1000-1005 йилларда илик Нуҳ ибн Али сомонийлар ҳокимиятини тиклашга ҳаракат қилган Мунтасирга қарши курашган ва ғалаба қилган. 1000 йил Маҳмуд Ғазнавий Нуҳ ибн Али билан ўз ерлари ўртасидаги чегараларни белгилаш тўғрисида битим тузган, унга кўра, Амударё асосий чегара қилиб белгиланган. Натижада сомонийлар давлати ўрнида иккита янги давлат ташкил топган: биринчиси – Қашқардан Амударёгача чўзилган, Шарқий Туркистоннинг бир қисмини, Еттисув, Шош, Фарғона ва қадимги Суғд ҳудудини ўз ичига олган қорахонийлар; иккинчиси – Шимолий Ҳиндистон чегарасидан тортиб Каспий денгизининг жанубий қирғоқларигача чўзилган, ҳозирги Афғонистон ва Шимоли-Шарқий Эрон вилоятларини ўз ичига олган Ғазнавийлар давлати. Бироқ Наср ибн Али Хуросонни босиб олиш ниятидан бутунлай воз кечмаган эди.
1006 йил ва 1008 йилларда қорахонийлар Хуросонга икки марта юриш қилганлар. 1006 йилдаги юриш чоғида Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндистонда эди. Қорахоний қўшинлари Балх, Тус ва Нишопурни босиб олганлар. Бироқ Маҳмуд Ҳиндистондан қайтиб келиб, уларни қувиб юборган. 1008 йилдаги Балх яқинидаги жангда Маҳмуд қўшинида 500 та фил бор эди. Наср ибн Али қўшини тор-мор этилиб, қорахонийларнинг Амударёнинг жанубидаги ҳудудларини эгаллаш йўлидаги ҳаракатлари шу тарзда тўхтатилган.
Наср ибн Али ниҳоятда жасур ва довюрак, имон, эътиқодли шахс бўлиб, у ҳақда кўплаб ривоятлар тўқилган. Жамол Қаршийнинг ёзишича, Наср ибн Али буюк номдор хоқон, жуда кўп фазилатлар соҳиби бўлган ва ҳижрий 402 йил (1011-1012)да Ўзганда вафот этиб, ўша ерда дафн этилган.