Элбарсхон I

(?-1516),

(1511-1516)

Хоразмда ҳукмрон бўлган шайбонийлар сулоласи асосчиси ва хони, Берка Султоннинг ўғли Чингизхоннинг набираси Шайбон авлодидан. Отаси Берка султон Шайбонийхон томонидан қатл қилингандан сўнг (XV  асрнинг 80 йилларида), укаси Билбарс билан ўз улуси (Сирдарёнинг қуйи оқимида) истиқомат қилган. 1510 йилда сафавийлар ҳукмронлигига қарши Хоразмда Умар бошчилигида қўзғолон бошланади. Хоразмда ҳокимият тепасига янги сулола вакили келишини машҳур Сайидота аждоди уюштирди. Унинг ташабуси билан Шайбонийхон томонидан қатл этилган Берка Султоннинг ўғли Элбарсхон тахтга ўтказилади. 1511-1512 йилларда Элбарсхон бошчилигида Хоразм халқи Эрон қўшинларини мамлакатдан қувиб чиқаради. Шу тариқа 1511 йилда Хоразм мустақиллиги тикланди. Элбарсхон даврида мамлакат пойтахти Вазир шаҳридан Урганч шаҳрига кўчирилди. Элбарсхон Вазир шаҳрини Эрон қозилбош қўшинларидан озод этгач, бу ғалаба шарафига ўз ўғиллари номига “ғози” лақабини қўшиб айтишни буюрган. Орадан кўп вақт ўтмай, Элбарсхон Урганч, Хива, Ҳазорапс, Қиёт ва Тирсак шаҳарларидан сафавийларни қувиб чиқарди.

Элбарсхон давридаёқ хонликнинг сиёсий географияси шаклланиб бўлган. Чунончи, хонлик ғарбда Каспий денгизи, шимолда Орол денгизи, жанубда эса Атрек дарёси ва Сарахс атрофларигача бўлган ҳудудларни ўз ичига олган. Унинг давлати марказлашмаган, кучсиз бўлиб, майда улусларга тақсимланган ҳолда бошқарилган. Мазкур улуслар Элбарсхон ҳокимиятига тобе ҳисобланса-да, амалда мустақил идора қилинган. Элбарсхон даврида Дашти Қипчоқдан Хоразмга кўчманчи қабилларнинг кўчиб келиши янада кучайди. Натижада, хонлик ҳукмдорларининг ижтимоий таянчи мустаҳкамланди.