Боқимуҳаммадхон

Боқимуҳаммад ибн Жонибек Султон

(? – 1605),

(1601-1605)

Аштархонийлардан бўлган Бухоро хони. Шайбонийлар сулоласининг сўнгги вакили Пирмуҳаммадхон (1598-1601) 1599 йилда Боқимуҳаммадни алоҳида хизматлари учун Самарқанд ҳокими этиб тайинлаган. Шундай бўлсада у тез орада ўз мавқеини мустаҳкамлаб олиб, Пирмуҳаммадхонга итоат этмай қўйган ва ҳатто унга қарши урушга ҳозирлик кўра бошлаган. 1601 йил уюнда Пирмуҳаммадхон Самарқанд яқинидаги Боғи Шамол деган жойда Боқимуҳаммад билан жанг қилиб, мағлубиятга учраган. Сўнг, Боқимуҳаммад Бухорога кириб, хонлик тахтини эгаллаган. Шу тариқа Бухорода янги сулола – “Аштархонийлар” ҳукмронлиги бошланган.

Боқимуҳаммад ўз ҳукмронлиги даврида хонлик ҳудуди яхлитлиги сақлаб қолиш ўзига қадар ўтган хонлар қўлидан чиқарган ерларни душмандан қайтариб олиш мақсадида кўплаб урушлар қилган. Абдуллахон II ўлимидан сўнг туркманлар ёрдамида Бухорога бўйсунмаслик йўлини тутган Хоразм масаласини Тинч йўл билан ҳал этди. Чунончи, Боқимуҳаммад Балх тахтига даъво қилиб исён кўтарган (1601 феврал) аштархоний шаҳзодалар – Аббос султон ва Раҳмонқули султонларни мағлуб этган (1602 йил баҳор) ва Балхга ўз укаси Валимуҳаммадни ҳоким этиб тайинлаган. Эрон шоҳи Аббос I Балхни босиб олиш, сўнгра Боқимуҳаммадни тахтдан ағдариб, унинг ўрнига Шайбонийлардан Муҳаммад Салим султонни ўтқазиш ва бу билан Бухоро хонлигида Аштархонийлар ҳукмронлигига чек қўйиш мақсадида катта қўшин билан юриш қилганда, Боқимуҳаммад Амударё бўйидаги Пули Хатаба деган жойда унга пешвоз чиқиб(1602 йил июл), Эрон қўшинини бутунлкай тор-мор келтирган. Шоҳ Аббос I эса қолган-қутган аскарлари билан аранг қочиб қутулган. 1603 йил 25-мартда Боқимуҳаммад темурийлардан Кобул ҳокими Муҳаммад Ҳаким бадиуззамон босиб олган Қундуз шаҳрини уч ой қамал қилгач, яна қайта қўлга киритган. Боқимуҳаммад эндиликда Хуросонда ҳам Бухоро ҳокимиятини Тиклаш мақсади йўлида ҳаракат қила бошлади. Хуросон юриши 1604 йилга мўлжалланган эди. Аммо, 1604 йилда Қозоқ хони Келдимуҳаммаднинг қўшинини бухоро ҳудудидан ҳайдаб чиқара олди. Бунинг учун эса анча вақт зарур бўлди. Бунинг устига Боқимуҳаммадхон 1605 йилда вафот этди.

Боқимуҳаммад мамлакатни идора қилиш тизими ва солиқларни тартибга солиш, қўшинни қайта ташкил қилиш каби қатор ислоҳатлар ўтказган, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, ободончилик ишларига катта эътибор берган.