Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон

(?-1130)

(1102-1130)

Қорахонийлардан бўлган Мовароуннаҳр ҳукмдори. Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Сулаймон Довуд Кучтегин ибн Тамғачхон Иброҳим. Барқиёруқ вассали Сулаймонтегиннинг ўғли. 1102 йил Самарқанд тахтига Арслонхон унвони билан ўтқазилган. 12 минг мамлукдан иборат қўшин тузиб Дашти Қипчоққа бир неча бор ҳарбий юришлар қилган. Умрининг охирида фалаж бўлиб қолгани туфайли тахтни ўғиллари – дастлаб Наср, сўнг Аҳмад билан бошқарган.

Самарқанд салжуқийлар томонидан эгаллангач (1130 йил 13-март), Арслонхон Балхга жўнатилган ва ўша ерда кўп ўтмай вафот этган. У Марвдаги ўзи қурдирган мадрасага дафн этилган. Арслонхон даврида маданий ҳаёт бирмунча ривожланган. Бухоро ва унинг вилоятида кўплаб бинолар қурилган. Масалан, Жарқўрғон минораси ва Масжиди калон ёнидаги минора ҳозиргача сақланган.